I
У жуда ориқ, ўзи сариқ бўлгани учун сийраклашиб қолган сочлариям сарғиш. Қачонлардир яхшигина шеърлар ёзиб, энди расмий ишлар гирдобига тушиб, назмий туйғулари сўниб қолган. Сал энгашиб, оҳиста-оҳиста, нималарнидир ўйлаб, хафақон касали билан оғриб юради. Хафақон касалига йўлиққандан буён ичмайди, чекмайди. Сўзлаганда овози оғир касалларникидай нимжон, хаста чиқиб, диққат қилмаган одам яқинида бўлсаям эшитмайди. Кулганда тишлари кўринмаслиги учун лабларини лабларига шундай қаттиқ босадики, қўй кўзлари юмилай-юмилай деб, юзлари қизариб кетади…
У журналларга обуна бўлишни яхши кўради. Ҳар йили кўплаб хорижий ва ўзимизнинг журналларга обуна бўлади. Уйида журналлардаги расмларни, Рембрандт, Рафаел, Боттичеллининг нодир асарларини томоша қилиб ўтиради. У яна қушлар, уларнинг сайрашиниям яхши кўради. Ишлаб чарчаганида ўзи директор ўринбосари бўлиб ишлаётган шаҳар истироҳат боғининг хилват жойига ўтириб, Шишкиннинг расмларини томоша қилади, қушларнинг сайрашини кутади. Айниқса, Шишкиннинг «Буғдойзор»ига узоқ тикилиб қолади. У ўзича икки тоифадаги одамларга ачинади. Бири — Шишкиннинг расмлари олдидан бепарво ўтган одамга, иккинчиси — қушлар сайраётганда сўзлашган одамга. Шу одамларни тўхтатиб, дегиси келади:
«Биродар, тўхтанг, кўряпсизми Шишкиннинг қайинларини: ҳаёт гўзал, шунақа…»
«Биродар, эшитяпсизми, тоғ чумчуғи сайраяпти. Бу оҳангни Бетховен ҳам билмаса керак. Афсус, бу оҳангларнинг номи йўқ. Эшитинг, қушларни эшитинг…»
Шу пайт дарахт шохларида қўниб турган қушларнинг турли нағмадаги сайрашлари эшитилади. У «Муножот»ни тинглаётгандай бошини маъюс эгиб, эшитади. Юзларига табассум югуради. Ўрнидан туриб, қўлларини кўксига қўяди-да, қушларга таъзим қилади:
— Офарин, биродар, офарин. Қуллуқ!..
Хаёлан қушлар овози қанотида узоқларга — оппоқ булутлар оламига учиб кетади…
У:
«Ай, биродарлар, сизлар учун ёғочдан уя ясадим, шунақа. Тоғлардаги биродарларимизгаям айтинг, боғимизга келсинлар. Мен уларгаям уя қуриб бераман, шунақа…»
У хушвақт жилмаяди…
II
У кекса ота-онасини кўриш учун қишлоққа бориб, тез қайтди. Машина баланд довондан сойга тушиб, шовуллаб оқаётан кўм-кўк сувдан ўтди. Чапга бурилиб, сув ёқасида тўхтади. У машинадан тушиб, костюмининг тугмаларини ўтказди. Теваракка қаради: йўлни икки томонидан ҳайбатли тоғ чўққилари ўраб турибди. Ботаётган қуёш тоғ чўққиси учида осилиб қолгандай… Тоғдан оқиб тушаётган сувнинг шовуллаши эшитилиб, сув оқаётган сойдан салқинлик уфуриб турибди. Тоғ қушларининг нағмалари… Бир гала ёввойи каптарлар чўққилар узра учиб юрибди. Каптарлар қўнганда, чап қўлини пешонаси устига соябон қилиб қаради. Кўрмади. Сайр учун каптарлар қўнган тарафга юрди. Катта тош остида бир нарсанинг питирлаётганини кўрди. Тўхтаб, ўша ёққа юрди. Икки тош орасидаги қизил тупроқ устида турган инни кўрди. Яқинроқ борди. Хас-хашакдан усталик билан ясалган инда қуш боласи, юмшоқ тупроқда эса яна бири… Ердагиси типирчилаб инга чиқмоқчи бўлар, аммо чиқолмас, индагиси эса
бўйинларини қисиб, пусиб ётарди. У ин яқинидаги сариқ тошга ўтириб, уларни узоқ томоша қилди. Мусича болаларининг онаси йўқ… Ё улар онасизмикин?
Қуёш ботиб тоғларга оқшом чўкди. Мусичаларнинг онаси ҳамон йўқ. У кетмоқчи бўлди. Шунда, мусичалар бўйинларини чўзиб, бирам ғалати чийилладики… Унинг юраги увушиб кетди. Мусичаларни олиб уларнинг ҳўл баданини тўлиқ ёпмаган жунларини силай-силай пастга тушди. «Энг беозор қуш. Булар одамларга фақат яхшилик тилайди. Кукулашлари, таъзимлари… шунақа», деди у ўзича. Рўмолчасини машина ўтирғичига ёйиб, устига мусича болаларини қўйди. Идорага келганларида у мусича болаларини диванга қўйиб, жунини силади. Уларни ҳовлига — дарахтлар остига қўйиб юбормоқчиям бўлди. Тоғдагидай бу ерда ҳам ўз тирикчилигини ўзи қилар, деб ўйлади. Авайлаб, ҳовлига олиб чиқди. Кўм-кўк ўтлар устига қўйиб бирпас кузатиб турди. Улар жойидан қимирлайвермагач, мендан ҳайиқяпти, деб ўйлаб, хонасига қайтиб кирди. Бирпас янги журналларни титкилаб ўтириб, деразадан қаради. Мусича болалари дарахт ёнида бошларини бир-бирига тегизиб, мудраб, мунғайиб турардилар!.. У шошиб бориб, ул
арни олиб келди. Ҳеч қаёққа чиқармасликка аҳд қилди. Уларга жой қидира бошлади. Қоровулхона қулайдай. Айниқса бурчақтса турган шкаф тепаси. У ҳовлидан ранги кўчиб кетган эски мис товоқча топиб, унда сув олиб келди. Ер, емаса турар, деган хаёлда бозордан ярим кило тариқ олиб келди-да, бир сиқимини мусичалар олдига сепиб, уйига кетди.
Мусичалар ўз умри билан туғилган экан. Катта бўлиб қолишди.
III
Совет — Япон шартномаси имзоланиб, алоҳида моддаси бир давлатдан иккинчи давлатга учиб ўтган қушларга озор бермаслик, уларни авайлаш ҳақида эди. У газетадаги шу моддага тикилиб тўймайди. Қувончини боғ қоровулига изҳор этади:
— Эшитдиларми, отахон. Ҳукуматимиз кўп танти ҳукумат, қушлар тўғрисидаям ғамхўрлик қиляпти, шунақа. Раҳмат, ҳукумат, раҳмат. Айтгандай, қушларга уя ясанг, деб эдим, тайёр бўп қолдими?
— Энди иккита бўлди.
— Э, тезлатинг-да, отахон, мен қушларга ваъда берганман, биродарларимизни олиб келинглар деб.
Ҳали-замон келадилар, шунақа…
У қоровулхонага кирди. Мусичалар энди учадиган, хонада йўрғалаб юрадиган, бир-бирларини қувалаб столлар остига кириб кетадиган бўлган эдилар. Сарғиш жунлари қорайиб, тумшуқлари бигиздай… Чиройли! Узун қанотларининг усти сал қорайган, ости эса оппоқ. Бирининг қанотлари худди каптарларникидай ола. У пояндоз устида йўрғалаб юрган мусичаларга қараб завқланиб:
— Э-э, жуда гўзал бўпсизлар-ку, биродарлар. Яхши эмас, кўз тегиши мумкин, шунақа, — деди.
Тариқ олиб келгани бозорга борди. Сотувчи чолга:
— Илтимос, яхшироғидан беринг, яқинда мусичаларим кукулайди, шунақа, — деди.
Чиндан ҳам мусичалар оқшомда илк бор… илк бор ёнма-ён туриб, вазмин, самимий таъзимлар билан салом қилдилар:
— Ку-ку-ку-ку…
IV
У мусичалар кетиб қолмаслиги учун деразаларни ёпиб қўйди. Хонада мусичалар қўниб-учиб турадиган жой қилмоқчи бўлди. Ҳовлидаги ўрикнинг кичкина шохчасини синдириб олди-да, деворга суяб қўйди. Мусичалар қўнишига бу ноқулайдай туюлди. Идора супуриш учун ишлатиладиган пақирларнинг бирига пича лой олиб келди-да, ўрик шохчасини лойга суқиб қўйди. Пақир атрофига дон сочиб, кичкина мис идишда сув олиб келди. Мусичалар хона ичида айланиб учиб, стол устига қўндилар-да, бараварига бошларини эгиб, таъ-зим қилдилар:
— Ку-ку-ку-ку…
У ўзида йўқ қувониб, бош ирғади:
— Бали, бали…
V
.. У эрталаб ўзини ёмон сезиб, валерянка ичди. Ёнбошлаб ётганида қоровул телефон қилиб, директор курортдан қайтиб, идорага келганини айтди. У кийиниб, уйидан зўрға чиқди. Сочсиз боши юзларидай қип-қизил, қоп-қора кўзлари чиройли, лаблари гўдакларникидай жуда юпқа, қошлари сийрак директор бир сохта табассум қилди-да, яна аслига қайтди:
— Жа, янгилик кўп-у. Бизнинг ақлимиз етмабди-да шуларга. Буни қаранг-а…
Кутилмаганда директор кўзларининг оқи кўпайиб, қорачиклари қаёққадир йўқолиб қолгандай бўлди.
— Бу маданият боғи! Бу ерда паррандалар эмас, халқ ҳордиқ чиқариши керак! Тавба, ҳамма дарахтларга уя қўндириб чиқибди-я. Ҳаммаёқ мусича тезаги… Нима,бу зоопаркми?..
— Ўртоқ директор, қушлар ҳам халқ…
— Сиз раҳбарми ё каптарбоз октябрятми? Марҳамат, ёзинг ариза. Акли кириб қолар, болалигини ташлар, деб шунча сабр қилдим, етар…
У директор суриб қўйган қоғозни олди-да, ўз хонасига чиқиб, ариза ёзди. Ариза ёзганида юраги ёмонлашди. Шунда зўр соғиниш билан мусичаларини кўргиси, улар билан мулоқотда бўлгиси келди. Қоровулхонага бориб аланглаб, туриб қолди. Мусичалар йўқ. У стол, шқаф тагларини, дераза пардалари орқасини қаради. Йўқ. Қоровул ҳам йўқ. Директорнинг эшиги олдига келиб энтикиб:
— Мусичаларимни кўрмадингизми? — деди.
— Ана ҳовлида. Ўзларидан кўрсин, ҳайдадим, кет-мади… — деди директор бошини кўтармай.
У шошиб ҳовлига чиқди. Чиқиндилар қутисида му-сичалар бошлари орқасига қайрилиб ётарди… Унинг юзлари оқариб, лаблари пирпиради. Боши ғувиллаб, бутун фикру хаёллари тумандай хиралашиб, кўзлари ҳеч нарсани кўрмай қолди. Энтикиб, чуқур нафас олмоқчи бўлди-ю, аммо нафаси етмади. Юрагини худди бир махлуқ панжалари тирноқларини ботириб чангаллагандай, кейин эса бирдан… ғижимлагандай бўлди. Кўкрагини ушлаб инграб, синиқ овоз билан: а-а-а-а-а-а… деди-да, скамейкага ўтириб қолди.
У ўзига келиб, бошида унга термулиб турган қоро-вул билан директорни кўрди. Директор жилмайди:
— Айёрлик қилманг-э, қўрқитвордингиз. Ариза ёз, деб шунчаки айтдим-да…
У ёруғ оламга қаради… Худди Шишкиннинг расмларини томоша қилаётгандай ҳаётга суқланиб-суқланиб термилди. Шунда, олча шохига қўниб турган мусичага кўзлари тушди. Унинг мусичаларига жуда ўхшаркан. Мусича бир нағмада ку-кулади:
— Ку-ку-ку…
Табассум! Унинг оппоқ юзларида маъюс табассум…
1970 йил