Тоғай Мурод. Юлдузлар мангу ёнади (қисса)

“Юлдузлар мангу ёнади” қиссаси илк марта “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилган. (“Шарқ юлдузи”, 1977, 10-сон.) 1980 йилда бу қисса Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида “АБК” – “Авторнинг биринчи китоби” серияси остида чоп этилади. Кейинчалик қисса қайта ишланиб, “Қўшиқ” китобига (1987) “Давра” номи билан киритилади (Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти). “Давра” ёзувчи томонидан яна қайта ишланади — энди “Юлдузлар мангу ёнади” номи билан “От кишнаган оқшом” қиссалар тўпламида чоп қилинади (“Шарқ” нашриёт-матбаа концерни Бош таҳририяти, 1994).

I

— Одамлар-у одамлар, тоғда битган бодомлар, эшитмадим деманглар! Бугун ҳа-а-амма Зулфиқор полвонникига суннат тўйига, ҳе-е-е-ей! Чу, жонивор!
Эгар қошига тўн солиб олмиш жарчи гузарма-гузар от ўйнатди. Хўжасоат қишлоғи аҳлини тўйга чорлади.
Хиёл ўтмади. Тўй бекаси отда эшикма-эшик юрди. Хонадонларни алоҳида-алоҳида айтди.
Хонадон бекалари:
— Қуруқ кетманг, — дея эгар қошига тўн илди. Тўй бекаси юзига фотиҳа тортди.
— Илойим, сизларнида тўйга етказсин, — дея тилак тилади.
Кейин, Зулфиқор полвон от минди.
Эл-юртни ўз номидан айтди.
Эл-юрт кўнгли нозик-да.
Тўй бекаси айтган бошқа, тўй хўжаси айтган бошқа.

II

Туш вақти аёллар бўғирсоқ, қатлама, ширгуруч кўтариб тўйлади. Эркаклар қўй, тана етаклаб тўйлади.
Том устида ёнбошлаб олмиш Наби оқсоқол тўйхонадаги воқеалардан кўз-қулоқ бўлди, тегишли йўл-йўриқлар берди.
Айниқса, келажак меҳмонларни эътибордан четда қолдирмади. Меҳмонлар кўча бошида қора бериши биланоқ, Наби оқсоқол овоз берди:
— Келинглар, меҳмонлар, кела беринглар! — деди. — Мингой байча , аёлларга пешвоз чиқиб, қўлларидан дастурхонни олинг! Қаранг, Зулфиқор полвоннинг ошнаси Турдибой эчки етаклаб келяпти! Анави қўй етаклаб келаётган куёви Қурбонмикин? Ҳа, шуякан! Ашурбой, қўйларни ушлаб, оғилхонага қаманг!
Тўйхонада ўйнаб юрмиш болалар эшик олдига чопиб келди.
Тўйловчи аёллар сочқилар сочди: ёнғоқ, писта, майиз…
Болалар қўлларини чўзиб-чўзиб сапчиди. Сочқиларни илиб-илиб олди. Ерга тушганларини талашиб-тортишиб қўйниларига солди.
Иккита бола юмалаб бораётган ёнғоқни қувиб кетди.
Болалар тўда-тўда бўлиб, ёнғоқ, ошиқ, шумшак, қулоқчўзма ўйнади. Дўл, ғирбойди, чиллак, зувиллатар ўйнади…

III

Холбой сурнайчи иккита доирачи билан мумтоз мусиқалар тарона этди.
Тўйхонада олти дошқозон қатор осилди.
Хизматкорлар қур бўлиб ўтириб сабзи тўғради.
Дошўчоқлардан самога қоп-қора тутун ўрлади.
Дошқозонлардан зиғир мойга қовурилаётган гўшт ҳиди кедди.
Бир отлиқ тақимига бошсиз улоқ босиб тўйхонадан чиқди.
— Одамлар, Оқжарда кўпкари бўлади! — деди Наби оқсоқол. — Ана, улоқни олиб кетди! Хоҳлаганлар борсин! Эсларингда бўлсин, кечаси олиш бўлади, эртага яна кўпкари! Пиёда кўпкарисида бор! Эртага пиёда пойгаям бўлади, ҳа!
Эркаклар кўпкаридан кунботарда келди. Қур бўлиб-қур бўлиб ўтирди.
Тобоқ-тобоқ палов сузилди.
Учовора бир тобоқ бўлди.

IV

Хуфтонда аёллар давра қуриб гулхан ёқди.
Даврада чирсиллаб ёнаётган шувоқдан буралиб-буралиб олов ўрлади. Шувоқ ҳиди димоғларни қитиқлади.
Болалар давра теварагида қувалашиб ўйнади.
Беш-олти бола жам бўлди. Бир уй ичида ерни айлана қилиб чизди. Айланани гир деб атади.
Болалар бир сонни белгилаб олди. Бирови болаларни уч айлантириб санади. Мўлжалдаги сонга тушмиш бола гирда қолди.
У гир ичида энгашди. Кўзларини қўллари билан яшириб турди.
Болалар ҳар тарафга сочилиб яширинди.
Гирда қолгани уларни излади. Гирданда огоҳ бўлди.
Кимда-ким унинг кўзини шамғалат қилиб, эпчиллик билан гирга чопиб кирса, шу ғолиб саналади.
У аёллар орасида бир бола мўралаб турганини сезиб қолди. Шу болани давра айлантириб қувди.
Бола гирга қараб қочиб, қўлга тушди.
Бу орада бошқа болалар гирга тўпланди.
Энди қўлга тушган бола гирда қолди. Болаларни излади.
Бу, яшинмачоқ ўйини бўлди.

V

Аёллар доирани елпиб-елпиб, ҳалқачаларни шилдиратиб-шиддиратиб оловга тоблади. Даврада чангқовуз бўзлади:
— Биёв-биёв-биёв!
Бир қиз олов гирдида бармоқларини қирсиллатиб-қирсиллатиб, чангқовуз нағмаларига хиром этди.
Даврада иккита гўзал эшилиб-эшилиб ўйнади, тўлғаниб-тўлғаниб ўйнади: бири олов бўлди, бири қиз бўлди!
Аёллар нағмаларга ҳамоҳанг чапак чалди. Жўшиб-жўшиб қийқирди:
— Киштала-киш, киштала-киш, ҳай-ҳа-а-а-ай!
— Ҳа, бўйингдан момонг айлансин, ўйнай бер, ўзим келин қиламан!
Ўйнаган ўйнаб, ўйнамаган тўн ёпди. Бўйдоқлар даврага ўғринча қараб, қайлиқ танлади.

VI

Тўйхона кунчиқаридаги қисирпояда болалар икки тараф бўлди.
Бир тараф тескари ўгирилиб, кўзларини чирт юмиб турди.
Иккинчи тарафдан қулочи каттароқ бола бир қаричча оппоқ мол суягини қулочкашлаб отиб юборди.
Суяк бориб тушмиш ердан чанг кўтарилди.
— Бўлди, бўлди! — деди.
Шундан кейин рақиблари ўгирилди. Ҳар тарафга ёйилди. Суяк излаб кетди.
Суяк отган болалар қаторлашиб ўтирди. Рақибларини қаради.
Болалар суякни излаб-излаб, охири топиб келди.
Борди-ю, тополмаса, суяк отган болаларнинг ўзлари топиб келади.Тағин суяк отади. Суяк ота бериб-суяк ота бериб, рақибларини сарсон қилади.
Энди суяк отиш гали уни топиб келганларда бўлди. Бу, оқсуяк ўйини бўлди.

VII

Тўйхона ёнидаги ҳовлида эркаклар давра қурди.
Бу даврада олиш бўлади.
Давра узра симчироқлар осилди.
Полвонлар оёғига зах ўтмасин учун даврага сомон сепилди.
Давра четида ёниб бўлмиш олов чўғи яшнади.
Полвонлар совуқ қотса, ана шу чўққа исинади.
Тун совуқ бўлди. Совуқдан қор ҳиди келди.
Давра жунжикиб-жунжикиб: — Уҳ-уҳ, қорнинг совуғи-я, — деди.
Дарҳақиқат, Керагатоққа биринчи қор тушди.
Қорли чўққилар ойдинда элас-элас оқариб кўринди. Тоғ ўнгирида телевизор станцияси чироғи ёнди. Адоғроқдаги тўда чироқлар — Тўхтамиш, Чуқуробшир, Чинор, Лўкка, Зардақул, Бодаво дея аталмиш Вахшиворнинг қишлоқлари бўлди.
Ой қишлоқ узра осилиб қолди.
Юлдузлар ғуж-ғуж ёнди.
Давра айланасига гилам тўшалди, кўрпача тўшалди.
Меҳмонлар ҳали келмади.
Тўрда ўтирган колхоз раиси:
— Қулмат-ай! — деди. — Қўшхоналарга бор-да, меҳмонларга хабар бер! Олиш бошланди, де! Чоп, зувиллаб бориб, зувиллаб кел!
Хиёл ўтмади, меҳмонларда келди.
Олам-жаҳон одам бўлди.
Давра лиқ тўлди.
Жойсиз қолмишлар тик турди. Давра сиртидаги машиналарга чиқиб ўтирди.
Даврага қараш учун бўйи етмовчи болалар дарахт шохлари айрисига чиқиб ўтирди, деворларга миниб ўтирди.
Колхоз раиси бош баковул бўлди.
Баковул олдида турли-туман рўмол, гилам, калиш, чопонлар бўлди.
Баковул кетида тўй хизматкорлари ғунажин, қўй, эчки ушлаб турди.
Булар совринлар бўлди.

VIII

Давра сукутда бўлди.
Бош баковул ўрнидан турди. Даврага мурожаат этди:
— Одамлар, узоқ-яқиндан келган азиз меҳмонлар! Мана, жамоа жам бўлди. Энди олишни бошласак бўла берар. Бугунги даврамизда воҳамизга донғи кетган Бўри полвон ўтирибди. Даврага баковуллик қилишни шу кишига топширсак, нима дейсизлар?
— Маъқул, полвон бованинг суяклари даврада қотган! — деди давра.
— Қани, полвон бова, даврага чиқинг!
Одамлар орасида ўтирган Бўри полвон ўрнидан турди. Қўлларини кўксига қўйди.
— Одамлар, шунчалик иззат қилдиларинг, қуллуқ! — деди. — Энди, биз қариб қолдик…
— Полвон бова, элнинг сўзини ташламанг!
— Эл атайлаб сизга юз солди-я! Бўри полвон чиқа бермади. Шунда, раис ўзи бориб олиб келди. Бўри полвонга Ҳотам полвон чиқди.
Улар бош баковул қаршисида чўккалаб ўтирди. Баковул соврин айтди:
— Сизларга энг яхши тўн қўйилди, омин, оллоҳу акбар!
Оқсоқол полвонлар гўё чиппа-чиндан олишиб, даврани бошлаб беришлари лозим.
Бўри полвон калишини ечди. Маҳсичан бўлди. Қора чопони ўнгирларини қайириб, белбоғига қистирди. Телпагини бостириброқ кийди.
Кенг ҳам дўнг пешонасини, туртиб чиққан ёноқларини силади. Така соқолини силади. Кафтларини туфлаб-туфлаб ҳўллади.
Давра айланди.
Ҳотам полвонга қараб қулочини узун очди. Ҳотам полвон ёқасидан ушлади. Бир-икки силкиди. Авайлаб чил берди.
— Ё, пирим! — деди.
Давра қарияларга қараб жўшиб кетди.
— Ҳа-ҳа, бўш келманг, полвон бова! — деди.
— Э, бўлди-е, чарчаб қолдиларингиз!
— Полвон бова, ундай чил берманг-э. Ҳотам полвонга танисоғлик керак!
Оқсоқоллар бир-бирини қўйиб юборди. Бош баковул олдига келди.
Баковул оқсоқоллар белига биттадан тўнлик беқасам бойлади.
— Бали, кучларингиз баробар экан! — деди. Оқсоқоллар бўш келмади.
— Эб-эй, нималар деяпсиз, раис бова? — деди Ҳотам полвон. — Ўнгимга келиб эди-ю, тағин, Бўри полвоннинг бирон ери лат емасин дедим-да!
— Нима-нима? — деди Бўри полвон. — Уккағар Ҳотам полвон-э! Сизга ўхшаганларни манави чиначоғим билан йиқитаман, ҳа!
Шундай қилиб, аждодлар удуми бажо келтирилди. Ёшларга йўл очилди. Оқ йўл, ёшлар!

IX

Бўри полвон давра айланди. Даврага мурожаат этди:
— Халойиқ! — деди. — Даврада ҳалол олишиб, элга томоша кўрсатайлик! Ҳақ-ноҳақни мен — ўзим ажрим қиламан! Айтганим айтган, деганим деган! Даврадаги Бўри полвон сўзим: тарафкашлик, ғирромлик, ошна-оғайнигарчиликка йўл қўймайман!
Бўри полвон теваракка аланглади. Бир бурчакда қунишиб ўтирмиш беш-олти ёшли болани кўриб қолди. Бола раиснинг ўғли бўлди. Бўри полвон атайин шу болани етаклаб келди.
— Отингиз нимайди, полвон? — деди.
— Шукуй!
— Э, яшанг, Шукур полвон! Болалар, манови Шукур полвон билан олишадиган мард бўлса ўртага чиқсин!
Телпаги қулоқларини тушириб олмиш бир бола чиқиб келди.
Кетидан отаси овоз берди:
— Полвон бова, манови Эрмат полвонни бир синаб кўринг!
Бўри полвон Эрматнингда қўлидан ушлади.
— Эрмат полвон, — деди, — сиз манови Шукуй… э, астағфирулло, Шукур полвон билан олишасизми? Ўзи, юрак уряптими? Э, бали, гап бундай бўпти-да! Қани, юринглар. Раис бова, манави полвонларга дуо беринг. Дўржироқ зот қўйинг, келбатидан икковиям катта полвонга ўхшаяпти!
Полвончалар бош баковул рўпарасига чўккалади. Баковул дуо берди:
— Сизларга ўзларингиз боп бир тўн, бир сўм пул қўйилди, оллоҳу акбар! Яхшироқ олишсаларинг, яна бир зот қўшамиз! Ечинмасдан олиша беринглар, кун совуқ!
Болалар давра айланди. Аммо… чаппа тарафдан айланди!
Давра гурр этиб кулиб юборди. Бўри полвон болаларни ушлади.
— Эб-эй, эб-эй! — деди. — Манови тарафдан айланинглар! Кулманг, халойиқ, полвонлар ғайратига чидай олмай, шошиб қолди, ҳа! Полвон шуйтиб-шуйтиб полвон бўлади-да!

X

Болалар даврани икки айланди. Қўл бериб кўришди.
Шукур полвон чопони ўнгирларини қайириб, белбоғига қистирди. Энкайиб, ўнг қўлини олдинга сермаб бора берди.
Эрмат полвон иштонини юқорига бир кўтариб қўйди. Уям қулочини сермаб кела берди.
— Ҳа, қулочгинангдан, полвончалар! — деди давра. Шукур ўнг қўли билан Эрматнинг ёқасидан ушлади, чап қўли билан билагидан ушлади. Икки оёғига қўшиб чил берди.
Шукур йиқитаётиб эди. Аммо ерга оғиш вақтида ўзини эплай олмади.
Оқибат, икковида баравар йиқилди.
— Бекор, ит йиқилиш бўлди. Бошқатдан олишинглар! — деди давра.
— Шукур полвон, қаттиқ-қаттиқ чил беринг! Ким айтади сизни раиснинг ули деб?
— Эрмат полвон, кўп шалпайманг, дадил бўлинг! Шукур йиқитдим, дея, бош баковул қошига ўтирди. Эрмат давра ўртасида чопонида илашмиш сомонларни қоқди. Шукурга, кейин, Бўри полвонга анграйиб қаради.
— Ғирром, мен йиқилмадим, — деди.
Бўри полвон Шукурнинг елкасига қўлини қўйди.
— Полвон, йиқитолмадингиз, бошқатдан олишинг! — деди. — Елкангизни кўп силтаманг. Ё, отангизга ишоняпсизми? Отангиз идорага раис! Даврага Бўри полвон раис! Туринг!
Шукур қобоқ-тумшуқ қилди. Отаси қабатига ўтиб ўтирди.
Бўри полвон Шукурни силаб-суйди. Чучук-чучук сўзлар айтди:
— Шайтонга ҳай беринг, полвон, чиқинг энди. Айланайин полвонимдан. Полвонимдан-да, полвонимдан-да…
Шукур ийиб кетди. Тағин даврага кирди. Бу сафар Эрмат энкайиб-энкайиб келди. Шукурнинг қўлтиқлари остидан кириб кўтармоқчи бўлди.
Шукур Эрматнинг бошини кўкраги остига қисди. Қўлларини қўлтиғидан ўтказиб ушлади. Ётиботарга олди: ўзи бирдан орқага ётиб қолиб, Эрматни устидан ошириб отмоқчи бўлди.
Аммо… ўзи остида қолди!
Бўлди кулги!
Шукурга алам қилди. Эрматга қўлини мушт қилиб кўрсатди.
— Сен билан янаги тўйда олишаман! — деди. Эрмат баковул рўпарасига ўтириши билан бир талай бола чопиб келиб ёнига чўккалади.
Шукурга тарафкаш болалар бир-бирига сўз бермай талашди, баковулга эланди:
— Бова, Эрмат полвон билан мени олиштиринг, у қалин ошнамни йиқитди!
— Йўқ, Эрмат полвон билан мен олишаман. Шукур холамнинг ули!
— Бова, Эрмат полвонга мени чиқаринг, Шукур бизнинг ҳамсоямиз!
Даврага тағин бир бола — Холёр келди. Холёр Шукурнинг бир ёш катта акаси бўлди. Ҳаяллаши боиси, у тут шохида ўтириб эди. Ерга тушиб, даврага киргунча вақт ўтди.
Масалани Бўри полвон ҳал этди.
— Раис бова, Холёр полвонга дуо беринг, укасининг ори учун олишсин! Минг қилсаям эмчакдош-да! — деди.

Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.