Қрим-татар халқининг етакчи ойдинларидан бири – Нўъмон Чалабижаҳоннинг сўнгги кунлари ҳақида қисса
Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни “ўликлар” деманг. Балки улар тирикдирлар, лекин сиз сезмассиз.
Қуръони Карим, Бақара сураси, 154-оят.
I
Нўъмон Чалабижаҳон охирги ҳафтани Буюк Сўноқдаги ота ҳовлисида, яқин ақраболари қуршовида ўтказди. Кўзларидаги аввалги чақинлар сўниб, сочларию мўйлабига оқ оралаб қолгани, ҳамиша тик гавдаси энди хиёл эгилиб, чеҳраси ҳам тундлашиб қолгани яқинлари назаридан четда қолмади.
Ҳаётининг энг долғали ва ҳал қилувчи сўнгги ойларида Нўъмон хасталаниб қолган падари бузруквори – атроф-депарага донғи кетган наслдор йилқилар эгаси Иброҳимбейни бир-икки дафъагина йўқлашга фурсат топа олган эди, холос. Оиланинг бутун жамғармаси сақланиб келган банк касодга учраши билан буткул хонавайрон бўлган Иброҳимбей ҳам бирдан кексайиб, чўкиб қолгандай кўринар, атрофдагиларнинг баридан, ҳатто мана шу суюкли фарзанди Нўъмондан ҳам кўнгли қолгандай эди.
Маслакдош биродарлари сафига путур етмаслигини ўйлаб, ўзи бутун умр орзу қилган ягона мақсад йўлидаги кураш бардавом бўлиши ҳаққи Нўъмон Қирим ҳукумати ва Қурултойдаги барча лавозимларидан истеъфо берганини уйидагилар “Миллет” газетасидаги билдирувдан аллақачон ўқиб билишган, аммо яқинлари бу мавзуда у билан сўз очмасликка уринишар, фақат ҳали билагида йигитлик қуввати жўш уриб турган Нўъмон энди қай бир юмуш этагини тутишини билолмай ҳалак бўлар эди.
Тўшакка михланиб қолган отаси Нўъмонга таънаи дашном тўла кўзлари билан қараб тургандек бўлаверар, отанинг нигоҳлари замирида қотган домангирлик учқунларини сезгани сайин бу учқунлар тўғри юрагига қадалаётган каби ичи ғашланиб, сиқилаверарди. Ахир отаки бор, ўз фарзанди аржумандининг ҳаловатини, ҳаловатли турмушга эш-қўш ривожу камолини ўйламасми? Кўп бора айтмабмиди ахир, эр кишига ярашиқли касб-кор пайидан бўл деб? Ана, тужжорликни тут, ҳам саёҳату ҳам тижорат деганларидек, дунё кезиб, оилаю рўзғорингга баракаи барор киритасан. Шифокор ёки адвокатлик ҳам бинойидек ҳунар. Буларнинг бирортаси кўнглингга ўтирмаса, ана, жиллақурса, ўзимга ўхшаб, йилқи кўпайтириб, ялло қилиб юрмайсанми? Йўқ, бу кишим, ўзбошимча бу жаноб сиёсатни танладилар, таниқли арбоб бўлиб, хаёлидаги орзулари етовида ҳайё-ҳуйт кетдилар! Мана, охири нима бўлди – худди биргина нобоп қарор туфайли касодга учраган банкир каби не қиларини билмай шумшайиб юрибди энди!
Айни маҳалда Абдулалимбей билан Абубакир Чалаби амакилари бўлса, Худо берган чинакам иқтидори – ёзувчилик маслагига яна қайтиши учун, асталик билан Нўъмонда рағбат уйғотишга уринишар, илло, дурустгина қалами бор жиянлари айни қобилияти барқ уриб, гўзал асарлар битиш ёшида эканини улар яхши англашар эди. Илк машқлариёқ Нўъмонни Қрим-татар ёшлари орасида машҳур қилиб улгурган, унинг “Кобелек” ва “Сариқ лола” каби ҳассос шеърларини ҳамон мактаб ўқувчилари ёд олиб юришганию, “Қалдирғочлар дуоси” ҳикоясини эса адабиёт дарсларида қизиқиб мутолаа қилишлари бежиз эмасди.
Нўъмоннинг хаёлоти яна қайта жўш уриб, кўнглида янгича мавзуларни қоғозга тушириш рағбати пайдо бўлиши учун амакилари уни олис юртларга – Ҳиндистону Чин-Мочин, Япония ва бошқа жозибадор ўлкаларга сафарга отлантиришга ҳам шай эдилар, бир вақтлар Истанбул ва Петербургдаги таҳсилини кўтарганлари каби бу гал ҳам суюкли жияннинг ижодий саёҳати сарф-ҳаражатларини ўз гарданига олишдан улар асло қочишмас эди. Фақат Нўъмоннинг ўзи бунга йўқ демаса, хориждан қайтиб келгач эса бири бошқасидан аъло янги асарлари билан, эҳтимолки, ҳали бирор қаламкаш қаламидан тўкилмаган салобатли романи билан, барча мухлислари қатори, саҳоватпеша амакилари дилларини ҳам хушнуд қилса бўлгани!
Кезлевлик бой савдогар Сеит Абду Ҳожи – Нўъмонниг қайнотаси ҳам худди шу фикрда, аммо унинг ҳам бир шарти бор эдики, саёҳатдан қайтган куёв ҳалитдан ҳамма орзиқиб кутаётган ўша бўлғуси китобининг ибтидою индаллосини айнан унинг чорбоғида – ҳали ҳукумат тадбири, ҳали Қурултой ишлари деб Боқчасарою Оқмачитга қатнайверганидан қизини қайтариб олиб келган Ҳожининг айнан ўша чорбоғида – яна қайта ўз завжаи муҳтарамасининг меҳрибон паноҳида қоғозга нақшламоғи вожиб эди. Қайнfтанинг бундай талаби замирида айрича маънолар ҳам бор эдики, оламшумул ғояларига муккасидан кетган Нўъмон хотинидан совий бошлагандек туюлар, бунга сайин бояқиш аёлнинг ичини тинмай итлар кемирарди: олағовур кентларда кўҳликкина бирор инқилобчи қиз билан илакишиб қолмадимикан, ишқилиб?
“Топган гапингни қара-ю, – дерди шунда отаси, – сендан бошқа бирортасига уйланиш нияти бўлса, Нўъмон аллақайси инқилобчи қизга эмас, майдалашиб ўтирмасдан биратўласи инқилобнинг ўзигаёқ уйланади!” Куёвининг эсли-ҳушлию, одоб-ахлоқли йигит эканини яхши билган Ҳожи шундай гаплар билан қизини кулдириб, ҳали яхши кунлар келишини айтиб, далда бериб турарди. Парижми ва ё Берлинда муҳожиротда юриб, пайдар-пай ишқий саргузаштлару айшу ишрат билан андармон ўрис инқилобчиларидан батамом фарқли ўлароқ, бу каби залолатни Нўъмон асло ўзига яқинлаштирмаслиги чин ҳақиқат эди.
Ушбу олис сафар режалари ҳеч қачон рўёбга чиқмаслигини билса-да, яқинлари кўнгли учун “хўп, ўйлаб кўраман” дерди-ю, айни талотўп дамларда ёлғизликда хаёлларини йиғиштириб олишни истаб, арқонини узгудек бўлиб ортидан кишнаган арғумоғига ҳам қарамасдан, даштнинг олис ичларига бош олиб кетарди.
Баъзан ташвишларнинг барига қўл силтаб, Ҳиндистону Чин тараф кетмаса ҳам, ҳартугул қадрдон уйида хонанишин кўмилиб олганича, юрагида йиғилиб қолган дардларини жиддийроқ бир асар шаклига солишни ҳам ўйлаб қоларди. Шундай қилса, биратўласи отасининг қошида бўлиб, унинг гиналарини ҳам аритармиди… Ҳайҳотдек уй ва унга ёндош боғ ҳам қаровсиз қолибди. Таҳсил пайтлари таътилга келганида худди шу боғда кўнгил чигилини ёзиб, эртадан-кечгача астойдил тер тўкишни севар, олма дарахтию ёнғоқ ниҳолларига шакл бериб, улар орасида турфа гуллар ўстирмоқчи эди. Атрофини қуршаган ҳайбати улуғ табиатнинг мўъжазгина шу бўлагида баравж ўсаётган дов-дарахтлару чечакларнинг турфа ранглари унинг қалбида дастлабки илҳом жозибасини уйғотиб, айни шу малоҳатли борлиққа битмас ошуфталик оҳангларини қоғозга муҳрлашига ундаган эмасмиди?..
Сариқ лола
Илк баҳордан мужда берган сариқ лола,
Кошки бундай сўлмасайдинг ҳеч бир тонг-ла.
Гўзал сулув ғунчанг ила андомингни
Ҳар кун севар, ўпар эдим эҳтиром-ла.
Кўнглимизни чоғлантирдинг, сариқ лола,
Мен-да сени қизғонамен бегонадан
Узоқлардан, еру кўкдан кўп севамен
Қуёшларнинг юлдузларнинг кўзи ёмон.
Сариқ лола, боқчамизни шонлантирдинг,
Оз бўлса-да, синиқ кўнглим чоғлантирдинг.
Эрта сен ҳам синдирилиб, тарк этилиб,
Кетар бўлсанг бу жаҳонга нечун келдинг?
Бу орада Нўъмон даштнинг мусаффо ҳаволаридан нафас олиб, тобора узоқлаб борарди. Ўз хаёллари билан бўлиб, бутун юзаси бўйлаб тарам-тарам қизғиш чизиқлар тортилган ҳаворанг харсангтош қаршисига келиб қолганини пайқамади. Оёқларида ҳорғинлик сезиб тош устига чўкди. Беихтиёр яна хаёлларининг давомини боғлади.
Охирги кунларда унинг хаёлини айнан бир хил фикр забт этгандики, “муҳтарам устод Исмоилбей унинг ўрнида қандай йўл тутган бўлар эди?”
Бундан тўрт сана аввал устод бу дунёга қўл силтаб, бақо юртига рихлат қилган маҳал замон бошқача эди. Унинг икки шогирди – Чалабижаҳон билан Сейдамет Исмоилбей ўгитларини кўнгилга жо қилиб, Қрим элининг қайта оёққа қалқиши чораларини эндигина пайпаслаб кўришмоқда эди.
Исмоилбей Ғаспирали бирон-бир юқори лавозимга ва шу мавқедан келажак ҳеч бир имтиёзларга заррача талпинган эмас. Қримга пайдар-пай юборилаётган келгинди амалдорларнинг баридан қобилияту салоҳияти ҳар қанча юқори бўлмасин, у пайтлар чор ҳукумати қрим-татарларини юқори рутбаларга асло яқинлаштирмас эди.
Ўшандан буён шугина қисқа вақт ичида кўп сувлар оқиб ўтибди-я, кўз очиб, юмгунча бутун бир давр алмашиб улгурибди. Февраль инқилоби содир бўлиб, унинг ортидан подшо ҳам тахтидан воз кечар экан, турли-туман демократу ҳар хил кадетлар илгари сурган шиорларга чин дилидан ишонган Чалабижаҳон ва унинг издошлари Қрим учун лоақал мухториятни қўлга киритиш замони келди, деб ўйлашган эди. Аммо йил охирлагунча қолаётган бир неча ой ичида вазият янада тез ўзгариб кетишини улар хаёлларига келтиришмаган ва мана, энди чинакам мустақиллик масаласини кун тартибига қўйиш масаласи пишиб етилган эди.
Ўша қисқа вақт ичида турли мажлисларда юзага чиққан кескин мунозаралар ва оташин нутқлар Қурултой фаолиятида парокандалик келтириб чиқармаслиги мумкин эмасди. Оқлар ва қизиллар, болшавой ва коммунистларнинг ҳар бир нишли сўзи қўрғошин ўқларга дўниб, Қурултой ва тетапоя Қрим ҳукуматининг кўксига келиб қадалмоқда эди.
Қиш-қировли кунларнинг сийрак туманлари қоплаган даштнинг олис узоқларига тикилган кўйи ўз ўйларига асир бўлиб Чалабижаҳон ўтирган харсангни гиламдек қалин йўсин қоплаб олган. Нўъмон бу тошни кўпдан буён ардоқли бир жисм деб билар, илло, совуқ кунлар бўлишига қарамасдан, харсанг замирида ҳамон сақланиб турган илиқ тафт унинг хаёлларини жамлаб, вазиятга тўғри баҳо беришига кўмакчи бўлаётгандай туюлар, қалбида масъум туйғулар қўзғатиш билан бирга, аллақандай синоатли тарзда, ижодий илҳом чечакларини ҳам уйғота бошлар эди.
Айнан шу жойда бир пайтлар унинг яна бир шеъри таваллуд топган, ўшанда қизил қанот дашт капалаги ортидан қалпоғини силтаб бораётган қизалоқ чеҳрасидаги сурурдан пайдо сатрлар табиий тарзда дафтарига муҳрланиб қолган эди:
Капалак
Бир капалак уча-қўна боқчаларда кезарди
Настаринлар, нилуфарлар бу малакдан безарди.
Очилган у олтин ипак қанотлари ғунчадек
лолаларга ўхшар нозик, инжа, ҳафиф шунчалик.
Бир ўқувчи қизча кўриб ичига ўт туташди,
– Энди сени тутаман, деб, қалпоғини ечиб чопди.
Кўп қувлади – етолмади, қалпоқ билан уролмади,
капалакни тутолмади, бошқа қайтиб кўролмади…
Чунки у бир ёш ғунчага ўпа-ўпа ёпишароқ,
Япроқларнинг кўлкасида кўринмасдан яшринганди…
II
Нўъмон хонанишинлигининг биринчи ҳафтаси охирларида биринчи қор ёғди. Тонг саҳар яхлаб улгурган ерга тараклаб урилиб, атрофларда садо бериб янграган туёқ товушини эшитиб, аввалига отхонадаги арғумоқ эрталабки сайрга жониқиб безовта бўляптими, деб ўйлади.
Нўъмоннинг ўзи бир пайтлар минг азоб билан базўр қўлга ўргатиб жиловлаб олган ва дарҳол Форий лақаби билан сийлаган бедов бу дўнон, соҳиби иккови ҳадемай бепоён дашт кенгликларида ҳур шамолларга йўлдош елажакларини бетоқат кутар, аммо Нўъмон унга эгар урмай дашт тарафга ёлғиз ўзи кетаётганини кўриб, домангир пишқириб, ер депсиниб қолаверар эди. Баъзан ҳожасининг бу ғирромларига кўнмасдан арқонини узиб, унинг ортидан чопиб келар, шунда ҳам кўнгли ёлғизликни тусаган Нўъмон ҳар сафар уни ортига қувиб солар эди. Ҳожаси каби қайсар Форий амри қатъийга истар-истамай кўнишга мажбур қоларди. Энг ёмони, кейинги пайтлар уни бричкага қўшиб, Жонкўй шифохонасига қатнайдиган бўлишди. Бунга сабаб эса тобора соғлиги ёмонлашиб бораётган катта соҳиб Иброҳимбейни табиблар кўригидан ўтказиб туриш лозимоти эди.
Аввалига узоқдан эшитилган туёқлар товуши тобора яқинлашар экан, Нўъмоннинг хавотири ошиб, эгнига пўстинни ташлади-да, ташқарига йўналди.
Сал наридаги қудуқ ёнида кичик жуссали, аммо тўладан келган бир одам отдан тушиб келди. Нўъмон аввалига уни танимади. Синчиклаб қараб, Жонкўй яқинидаги Оқсор масжиди имоми Воис Ҳожи эканини билди. Бир пайтлар бошқа толиби илмлар қатори ўзи ҳам шу имом қўлида шариат асосларидан таҳсил олган эди.
Бутун қиёфасидан зўр ташвиш аломатлари билиниб турган Воис Ҳожи салом-аликни ҳам унутиб, шоша-пиша сўзланди:
– Ҳазратим, ҳузурингизга нохуш хабар билан келганим учун маъзур тутинг… Қизил большавойлар Оқмачитни эгаллаб олишди… Маслакдошларингизни ҳибсга олиб, қатл этишмоқда… Мусулмон қўшинимиз мардона жанг қилишса ҳам уларга бас кела олишмади… Абобил қушлари қай бир йўлларда адашиб, мўъмин биродарларимизга мададга етиб кела олмаган кўринади.
Шум хабарни эшитиб, Чалабижаҳоннинг юзларидан қон қочди, пешонасидан реза-реза тер чиқиб, не жавоб қиларини билмай жим туриб қолди.
Шажараси қадим юнонийларга бориб тақалувчи Ҳожининг асл исми Барба бўлса-да, дини Ислом паноҳига ўтгач, Воис исми билан сийланган эди. Қаттиқ ҳаяжонланган пайтлари фикрини жўяли уқдиришга қийналар, шунда қрим-татарча сўзларни тополмай, юноний калималарни қўллай бошларди:
– Ҳаммани бирваракайига авахтага тиқишяпти. Жонкўй килсаси папазини ҳам куппа-кундузи ҳамманинг кўз ўнгида тутиб олиб кетишди. Бошимизга не кунлар келди-я?! Охири замон деганлари шу бўлсами?! – Нўъмоннинг нигоҳида қатъий бир қарор учқунларини сезиб, Воис Ҳожи сўзлашдан тўхтаб қолди.
Қримни талотўплардан асраш мақсадида Қурултой тарафидан тузилган мусулмон қўшини қолдиқлари ва оқ гвардиячиларни чекинишга мажбур қилиб, январь ойи бошларидаёқ большавойлар Кезлев билан Боқчасаройга яқинлашиб келишган бўлса-да, Қрим Республикасининг сўнгги истеҳкоми – Оқмачит бунчалар тез ишғол этилади деб ўйламаган эди Нўъмон.
– Мен дарҳол йўлга отланаман! – деди Чалабижаҳон ва уй томон юрди. – Ҳожим, кийиниб олгунимча сиз ҳам ичкарида исиниб олинг, лутфан.
– Нималар деяпсиз, ҳазратим?! У тарафларга ёлғиз боришингиз асло ақлдан эмас. – Нўъмоннинг ушбу қароридан Воизнинг хавотири чандон ошди. – Замон кўп нотинч, йўлларда ҳар турли қаланғи-қасанғи йўлтўсарлар урчиган пайт. Кўринганни қийратиб, учраганни жувонмарг қилишяпти… Келинг, ҳеч бўлмаса Жонкўйгача сизга ҳамроҳ бўлай, ундан нариси эса – Худога омонатдасиз.
Ҳожаси эгарга сакраб миниши қулайроқ бўлсин учун Форий-арғумоқ хиёл эгилди. Йўлга тушишлари билан эса имомнинг қари қирчанғиси олдида ўзини кўрсатиб қўйиш учунми, туёқларини намойишкорона такиллатиб шаҳдам илдамлай бошлади. Муфтий ортидан қолмасликка тиришаётган Воис Ҳожи шу дамда хатарларни писанд этмасдан тўғри Оқмачит сари юзланган Чалабижаҳоннинг қарори қатъий эканига амин бўлди.
“Шогирдим тушмагур зиғирча ўзгармабди, – хаёлидан ўтказди Ҳожи ифтихор туйиб, – ҳалиям ўшандай қайсару ўшандай қатъиятли!”
Оқчўра масжидига етгач, у ерда келгуси ишлар барори учун дуога қўллар очилди:
“Даима девлет, насибу дженнет, ханелерге берекет,
укюметимизге девлет, топракъларына берекет, аскерлерине
кьувет, барышыкь огьрунда мувафакъиет Алла насип эйлесин.
Амин!”
Дуолар ўқилиб, хайр-хўш олдидан Воис Ҳожи яна хавотирларини изҳор қилди:
– Манзилга эсон-омон етиб олармикансиз-а?.. Жонкўйда ит эгасини танимай қолган – жон қайғусида ҳар ёқдан қочиб келган қрим-татару оқ гвардиячилар билан тўлиб-тошган ҳозир. Ҳазратим, қарорингиз барибир қатъий бўлса, начора, не дердим, фақат арғумоғингизни каминага қолдириб, ўрнига менинг қирчанғимда йўлга отланинг. Дўнон отингиз кўркамлиги йўлтўсарнинг диққатини тортиши тайин. Хавотир олманг, Форийни ўзим Буюк Сўноққа элтиб қўяман. Қайтишингизни интиқ бўлиб кутади уйингизда. Менинг шарти кетиб-парти қолган қирчанғимдан айрилиш унчалар таассуфли эмас. Худо кўрсатмасин, аммо мабодо боши бузуқларга дуч келсангизу, отни тортиб олишмоқчи бўлса, зинҳор тараддудланмай қўшқўллаб топшираверинг, худойи садақа – жонингиз омон бўлса, бас!..
Шу пайт Нўъмон ўзига аён нохуш ўйларини хаёлидан ҳайдамоқчи бўлган каби елкасини учириб қўйди. Нигоҳларида яна аввалги чақинлар кўриниб, кўпдан бери илк бор лабларида табассум пайдо бўлди. Мадраса таҳсили дамларида айнан шу Воис Ҳожининг меҳрли нигоҳлари остида Қуръон сураларини қироат қилгани янглиғ шу дамда чеҳрасини ажиб нурлар чароғон этиб турар эди.
Видолашмоқ истаб, Чалабижаҳон арғумоқнинг қашқа пешонасига юзларини босган маҳал Форийнинг мунгли кўзларида маъюс ёшлар йилтираб кўринди.
Нўъмон Жонкўй тараф йўл солиб, кўздан ғойиб бўлгач, Форий ўз устидаги Ҳожини улоқтириб ташламоқчи бўлиб, бир жойда ер депсинганча узоқ кишнаб қолаверди. Ўз ҳожасидан айро тушган арғумоқ кўкка сапчийвериб, имомни майиб қилишига бир баҳя қолди, ҳожидўппига ўралган салласи ечилиб, ерга чувалашди. Бахайр, охири Буюк Сўноққа элтар сўқмоққа тушиб олингач, айрилиқ қисматига ночор кўнган бўлди бу асов от.
III
Яқин кунларгача осуда ва хотиржам шаҳар бўлган Жонкўйда энди баайни бир қиёмат қўпганди. Майдону хиёбонлар турли ашқол-дашқоллар ортилган фойтунлар билан тирбанд, от ўрнига қари-қартанглару бола-бақра қўшилган қўлбола аравалар бу тирбандликда йўлини тополмай саросар эдики, тумонат талотўпни кўрган одам бутун шаҳар бир жойга жамланиб, олашовур бозорга айланиб қолганми, деб ўйлар эди. Тобора зўрайиб бораётган қий-чув, бақир-чақирлар қулоқларни қоматга келтирган. Кимдир йўқолиб қолган, яна аллаким тиқилинчдан чиқа олмай ҳалак. Иморатлар атрофини мудофаа учун қум тўлатилган қоплар билан тўсаётгану йўл ёқасида ҳандақ қазиётган аскарлар ҳам атрофдаги ушбу бесаранжомликни баттар зўрайтиришади. Оқмачитдан чекиниб, энди эса Жонкўйда муваққат қароргоҳ қуриб, ўзини Бутун Россия халоскори дея эълон қилган барон Врангель қўшинларининг абгор ва ночор қолдиқлари эди бу аскарлар.
Жонкўй депарасига етиб боргач, Чалабижаҳон эгардан тушиб, қирчанғини жиловидан етаклаб олди. Йўлда учраган қочоқ оломон ҳайқириқларидан от ҳуркиб ўзини ҳар томонга ташлар, шунда Нўъмон уни бир амаллаб тинчлантириб олар эди.
Қочқинлар орасида қрим-татарлар ҳам кўп эди. Уларнинг айримлари Нўъмонни таниб, ортидан узоқ пайт қараб қолишар, баъзилари эса муфтийни кўришлари ҳамоно сўнгги умидлари ҳам сўниб бораётган кўзларини айбсиниб олиб қочишарди.
Чорасизлик гирдобида ҳориб-толган қочқинларнинг тартибсиз издиҳоми аро бир пайт ажабсиниш овози янгради:
– Кўзларимга ишонмайман, Чалабижаҳон, наҳот бу ўзингиз бўлсангиз?!
Нўъмон овоз келган тарафга қараб, Петроградда февраль инқилобидан сўнг қудратга келган Муваққат ҳукуматнинг губерния комиссари Богданов адъютантини базўр таниди – яқинда полковник унвонига ноил бўлган Ржешевский эгнидаги исқирт ва титилиб кетган мундири унинг юқори рутбасига асло ярашмас эди.
Полковник ёнгинасида ҳандақ қазиётган аскарга ўқталган қамчисини ортига яшириб, Нўъмонга савол йўллади:
– Қаёққа йўл олдингиз, тасаддуқ?
– Оқмачитга, – деди Чалабижаҳон хушламайгина.
– Ажалингиздан беш кун бурун ўлгингиз келиб қолдими дейман? – кесатди яна Ржешевский. – Маркс билан Ленин ҳаромзадалари қилаётган ишлардан хабарингиз бордир?! Ватанпарвар офицерларни оилалари билан қўшиб, қрим-татарларингизни ҳам, барини бирваракайига қатли ом қилиб ётишибди… Бу хунрезликлар бошида турган шайтоннинг урғочиси кимлигини ҳам биларсиз? Розалия Самойловна Залкинд деган бир қанжиқ! Бенасаб большавойлар удумига эргашиб, ота-бобосининг исми-шарифидан ҳам тониб, ўзини ўзи Землячка деган лақаб билан сийлаб олибди.
– Эшитганим бор… – деди Нўъмон манглайидан сизиб чиққан тер доналарини артатуриб. – Ҳаммаслак сафдошларим ҳузурига кетяпман…
– Миллатдошларингиз бари шу ерда, – деди бунга жавобан Ржешевский ёнларидан ўтиб турган бола-бақралар ўтирган араваларга ишора қилиб. – Шуларга қўшилиб олинг. Оломон қай тараф қочиб жон сақлашни яхши билади. Улар билан бирга кетсангиз, шоядки жонингиз омон қолса.
Ёши анча катта бўлгани учун ҳам полковник шундай бетакаллуф сўзлаётганини Нўъмон яхши тушуниб турарди. Қолаверса, Богданов ҳузуридаги сўроқ маҳали ушбу жангарининг феъл-атворини дурустгина тушуниб олган, шу боис унинг беписанд сўзларидан хафа бўлишни ўзига эп кўрмади.
Нўъмон жимиб қолганини кўриб, полковник ички хўрсиниқ билан сўзларига қўшимча қилди:
– Таассуфлар бўлсинки, ўшанда губернатор жаноблари ҳузурида сиз билан муросага кела олмадик. Баҳамжиҳат иттифоқ тузганимизда эди, қрим-татар қўшини билан биргаликда бу қизил маразларни Қора денгизга аллақачон чўктириб юборган бўлардик. Ай, қайсар жанобим-ай!..
– Ахир сизлар ўзингиз бизни тинглашни истамадингиз, қрим-татарларнинг орзу-умидлари билан ҳисоблашиш ўрнига мени ҳибсга олиб, зўравонлик йўлини тутдингиз!
– Аммо жабҳага мусулмон полкларингизни юборишни рад этиб, энг оғир дамларда Россияга ёрдам қўлини чўзишдан бош тортдингиз-ку! Мана энди бунинг оқибатларини ўзингиз кўриб турибсиз – Россия билан бирга Қримингиз ҳам ҳалокат ёқасига келиб қолди…
Шу гапларни айтиб, Ржешевский таассуф изҳори тарзида алам билан қўлларини ёйди.
Губернатор ҳузуридаги учрашувдан буён сочларига обдон оқ тушиб, озиб-тўзиб кетган полковник қиёфасида шу онда офицерларга хос салобату кўркамликдан асар ҳам қолмаган эди.
– Кечириб бўлмас хатога сиз йўл қўйдингиз, – деди яна полковник, – ҳарбий ҳолат қонунларига кўра Сизни қамоққа ташлашга мажбур бўлган бизлар эмас.
– Бу асло хатолик эмасди, – жавобга шайланди шу дамгача ўзини босиб турган Нўъмон. – Қурултойимизнинг тамойиллари аниқ-тиниқ эди, яъники, ўз мақсад-муродларимизга фақатгина тинч йўллар билан, куч ишлатмасдан эришдик. Ушбу тамойилларни осмондан олиб битганимиз йўқ, аксинча, тинчликпарвар миллатимиз зеҳниятининг асос инъикосидир бу. Бизлар турли найрангларга аралашишни истамаймиз, кимса қонини тўкишни ҳам қатъиян инкор этамиз. – Нўъмон ёнларидан ўтиб бораётган аравага эргашмоқчи бўлиб интилган қирчанғи жиловини кескин тортиб қўйди.
– Куч ишлатмаслик! Тинчликпарварлик! – Ржешевский киноя билан қаҳқаҳа отиб кулди. – Хонлар даврида-чи, ўшанда ҳам қўй оғзидан чўп олмаган беозормидингизлар? Биргина оғзаки шакаргуфторлигу дипломатик хушмуомала билан ҳудудларингизни кенгайтириб борганмидингизлар? Булар дарё-дарё қонлар эвазига бўлганини биз билмаймизми?..
Шовқин-сурон туфайли Нўъмон гоҳида овозини баландлатишга мажбур бўлар, шунда бу шаҳар ва бу юрт жар ёқасида турган бир пайтда булар иккови – чор қўшинлари офицери билан Қримнинг асил фарзанди – фожиа маконининг қоқ ўртасида туриб олганча ўзаро баҳслашаётганлари унга ғалати туюларди. Аммо Чалабижаҳон ўзи учун оғриқли мавзуни чала қолдириб кетиши мумкин эмасди.
– Хонлар даврида куч-қудратга тўлган, кўпчилик эркину озод эдик. Аммо, Ржешевский жаноблари, сиз қутқариб қолмоқчи бўлаётган Чор салтанати Қримни ишғол этиб, бу юртнинг эрксевар халқига кўп зулмлар ўтказдики, чорасизликда тентираб қолган миллатим тўрт тарафга тариқдек сочилиб кетди. Истилога қадар биз тўрт миллион эдик, энди-чи, энди юз мингнинг нари-бериси… Шу сабаб биз Қримни мустақил дея эълон этдикки, токи миллатимиз асос-таянчи сақланиб қолсин, бу дунёда беном-бенишон йўқолиб кетмасин…
Аскарлари ҳамон ҳандақ қазиш билан машғул бўлган полковник Нўъмоннинг сўзларини тинглаб бўлгач, қўлидаги қамчини билан иягини бир қашиб олди.
– Дарвоқе, – деди у Чалабижаҳонни яна калака қилгиси келиб, – биласизми, сизни кимга ўхшатаман? Сервантеснинг “Дон Кихот”ини ўқиган чиқарсиз?
– Бир эмас, икки тилда – туркчаси билан русчасини ўқиганман…
– Афандим Чалабижаҳон, сиз ҳам ўша савдойи рицарга ўхшаб манави қирчанғида шамол тегирмонлари билан олишувга чоғланган кўринасиз!
– Олишувга дейсизми? Адашяпсиз, мен кўр-кўрона олишувга ошиқмайман, ҳамиша вазиятга кўра иш тутаман. – Беҳуда баҳсдан энсаси қотган Нўъмон полковникка қўл силтаб, йўлида давом этмоқчи бўлганди, Ржешевский кутилмаганда чаккасига қўлини олиб бориб, Чалабижаҳонга ҳарбий эҳтиром ишорасини адо этди. Буни кўриб турган ҳандақдаги аскар ҳам Нўъмонни рутбаси улуғ жаноб деб билиб, бошлиғининг ҳаракатини такрорлаган кўйи қимир этмай туриб қолди.
Чалабижаҳон ўн қадамлар ҳам юрмасидан Ржешевский яна бир гапни айтиб қолгиси келди:
– Охирги хабардан сизни воқиф этиб қўймоқчиман. Рақибингиз Жаъфар Сейдамет барон Врангель ҳузурида бўлиб, муҳтарам Россия халоскоридан қрим-татарларини ўз ҳифзи-ҳимоясига олишини сўрабди. Бунинг эвазига оқлар ҳаракатига садоқатини намойиш этиб, татар эскадронларини ҳам қўмондон ихтиёрига топширибди… Пётр Николаевич, ўз навбатида, Сейдаметни барча миллатдошларингиз раҳнамоси сифатида эътироф қилиб, иттифоқдошлик битимига ризолик изҳор этибди. Қалай, бу янгилик сиз учун албатта қизиқарли бўлса керак?
– Яна адашдингиз, – деди Чалабижаҳон сўзамол полковникдан ниҳоят қутулиш истагида отига минар экан, – замирида тайинли бирор юки бўлмаган бу янгилик каминани мутлақо қизиқтирмайди!
IV
Оқмачитга Чалабижаҳон Воронцов боғи тарафидан кириб келди. Янги ҳожасига ҳалиям ўргана олмаётган қирчанғидан тушиб, жиловидан етаклаб юра бошлади.
Шаҳарнинг энг бой фуқароси саналган Қиримтоев чорбоғига туташиб кетган гулхона ушбу давлатманднинг чинакам фахру ифтихори бўлиб, унинг ҳеч кети узилмас меҳмонлари бу ерда жамланган ноёб чечаклару турфа шаклли ғунчалари барқ урган буталар малоҳатига ошуфта бўлиш илинжида албатта гулхонага ташриф буюришлари ўзгармас анъанага айланиб қолганди. Маҳаллий гулларга ёндош олис Япония ва Ҳиндистон, Чин-Мочин ва Африка саванналаридан келтирилган ажабтовур чечаклар ҳам бу жойни шаҳарда ягона мўъжизалар маконига айлантирган эди.
Боғнинг ўзи ҳам ажабтовурликда гулхонадан сира қолишмас, мармар ва хоротошлар билан атрофи иҳоталанган ҳар турли ажойибу ғаройиб дарахтлар гўзалликда ўзаро баҳс бойлашаётгандек кўринар, ҳар хил шаклларни ҳосил қилиб, буралиб-чирмашган таналарини кузатганча шу ернинг ўзида, ҳатто, ҳандаса илмидан сабоқ олиш ҳам мумкин эди.
Воронцов боғига яқин келиши билан ўткир тутун ҳиди димоғига урилди. Боғ томондан арранинг ғириллаган овозию болтанинг гурс-гурс садолари эшитилар, не-не кўзларни қувнатган асрий дарахтлар кесилиб, гулханларга ем қилинмоқда эди. Алвон тиллари осмонга ўрлаганча гуруллаб ёнаётган гулхан атрофида ўрнашиб олган қизил аскарлар оламни бошларига кўтариб, шовқин-сурон қилишарди. Йилда бир бора гуллайдиган нилуфар чечакларини томоша қилиб, завқланиш истагида бўлган шаҳар аҳлининг яқинларда ҳам қадами узилмас гулхонада энди ҳар ёқни пайҳон қилиб, қизил қўшин отлари кезинишар, танаси пажмурда этилган чечакларни ямламай ютишар эди.
Унинг ўзи ҳам бир неча бор меҳмон бўлган уч қаватли чорбоққа яшил девор оша мўралаб назар ташлаган Нўъмоннинг кўз ўнгида аянчли манзара намоён бўлди. Бир пайтлар қўли очиқ соҳибнинг саҳоватпешалиги тимсоли бўлган маҳобатли иморат қароқчи тўдалар томонидан хонавайрон этилган, бамисли ушбу муборак хонадон қўриқчилари каби бинонинг икки ёнида тек қотган эгизак арслон ҳайкали ҳам болта ва чўқмор билан чопилиб мажруҳ этилган, фавворанинг мармар жоми ҳам чил-чил синиб ётарди. Чилпарчин идишдан тўлиб-тошган фаввора сувлари бутун ҳовлини кўлмак билан тўлдирган.
Чорбоқ дарвозаси ёнида бир жуфт қуролли соқчи турганидан Нўъмон бу жой мусодара этилиб, энди янги ҳокимият қароргоҳига айлантирилганини англади.
Нўъмоннинг ҳали эсидан чиққани йўқ – бу хонадонга илк ташрифи чоғидаёқ Қиримтоев унинг барча ғояларини тўла қўллаб-қувватлаган, ҳаттоки қрим-татарча “Миллет” ва русийзабонлар учун нашр этиш режаланган “Голос татар” газеталарини молиялаштиришни ўз зиммасига олган эди. Булардан ташқари, саховатли Қиримтоев Чалабижаҳоннинг бошқа тадбирларига ҳам хайрихоҳ эдики, Қурултой ишида қатнашиш учун Қримнинг ҳар бўлгасидан келаётган вакилларнинг барча ҳаражатларини унинг ўзи бажонидил кўтарар эди. Сиёсатдан узоқроқ бўлишни истаса ҳам, Боқчасаройдаги хон саройида кечган қизғин баҳсларга шахсан шоҳид бўлиш учун етиб келганини ҳам яхши эслайди Нўъмон.
“Мен учун ҳам янги ҳаёт бошланиб кетса ажабмас, – дерди у Нўъмонга. – Аммо оёқларингдан ўт чақнатиб, оташин шу ғояларинг билан ўттиз йиллар аввал пайдо бўлганингда қани эди… Ўшандаёқ сенга эргашиб, тамоман бошқа йўлдан кетган бўлармидим…”
Нўъмон отдан тушиб, чорбоғни четлаб ўтмоқчи бўлганди, девор панасидан уч нафар қизил аскар рўпарасига чиқиб келишди.
– Ҳой татар, жойингдан жилма! – пўписали буйруқ янгради.
Аскарлар қирчанғи атрофида айланиб, сағрисига шапатилаб, ўзларича хомчўт қила бошлашди.
– Эти устихонига ёпишиб кетибди, – деди уларнинг бири таассуф билан. – Гўштга ярамайди… Лекин мурдаларни ҳандаққа ташишда асқотиб қолар… Буйруқни эшит, татар, инқилоб номи билан мазкур от мусодара этилади! – шу гапни айтиб ҳар эҳтимолга қарши Нўъмонга милтиғини ўқталди.
Қолган иккиси шу заҳоти Нўъмоннинг қўлидан жиловни тортиб олишди, нохушликни фаҳмлаган қирчанғи кишнаб, олд туёқларини даст кўтариб, осмонга сапчиди.
Йўлдаги қароқчилар ҳақида астойдил огоҳлантирган Воис Ҳожининг сўзларини эслаган Нўъмон отни зўрлик билан етаклаб кетаётганлар ортидан жимгина қараб қолаверди. Бу зўравонлар Ҳожи назарда тутганларидан кўра манфурроқ эдики, талончиликларини инқилоб номи билан, янги мафкура баҳонасида амалга оширишмоқда эди.
“Ҳечқиси йўқ, – деб ўйлади Нўъмон ҳовуридан тушишга ҳаракат қилиб, – сайёдлик ҳунарим ҳали эсимдан чиққани йўқ, насиб қилса ҳали чўлдан бедовларнинг энг зўрини тутиб бераман Ҳожига…” Айни пайтда истеҳзоли яна бир ўй хаёлига келдики, “қадрдон чўлларнинг бағрига ҳали эсон-омон қайтиб кела олармикансан?..” Бу йўсин мудҳиш ўйлар ва ҳадикли хаёлларидан чалғишни истаб, қаршисидаги мана шу чорбоғнинг меҳмондўст соҳиби – Қиримтоевни эслашга тутинди.
Олтмишни қоралаб қўйган бўлса-да, ҳали тетик ва фикр-хаёли турли режалар билан лиммо-лим Қиримтоев ўз насаби ҳақида кўп ҳам сўзлайвермас, азиз меҳмонлари даврасида суюкли фаранги коньягидан уриб олган пайтлари ҳам бу мавзуни доим четлаб ўтар эди. Ушбу сирнинг астойдил махфий тутилишидан ичи қизиган айримлар уни қорайимлардан деса, бошқа бировлар ушбу фаразга қўшилмасдан, Қиримтоевни армани ёки тоғли яҳуд – татларга мансуб кўришарди.
Нафсиламрини айтганда, шу тариқа бирваракайига бир неча миллатга раво кўрилаётган корчалоннинг донғи шу важдан ҳам ортиб борар, шундоқ ҳам қўли очиқ бу зотнинг уйи ҳар гал турфа хил меҳмонлар билан тобора гавжум бўлаверарди. Қиримтоевнинг шаддод табиати, шодон давралар учун борини тўкиб солиши барчани ўзига батамом ром қилган эди.
Ўшанда эндигина нашр этила бошлаган газеталар дуруст сотилаётганини кўрган қайнатаси Сеид Ҳожи ҳам Қиримтоев сингари ҳомийликка ўтган эди. Қрим инқилоби зафар қучиши ва бунинг ортидан бутун ярим оролнинг мустақил бўлиши иш одамлари учун ҳам, зотан, манфаатли эдики, азалдан силлаларини қуритаётган ҳадсиз солиқлар, божхонаю жандармларга қўшқўллаб узатишга мажбур бўлинаётган жарақ-жарақ пора пуллари ёнга қолиб, Москваю Петербург ва Қозонлик корчалонлар билан адолатсиз рақобат зулмидан қутулишлари, асосийси, мисқоллаб жамғарилган бойлик ва бутун мол-мулкнинг исталган пайтда ўзбошимча мусодара этилиш хатарларидан ҳам биратўла халос бўлишлари тайин эди шунда.
“Қиримтоев унинг бутун оила аъзолари қани? – деб ўйлади. – Чорбоғи инқилоб фойдасига мусодара этилибди, ўзини ҳам омон қўйишмагандир… Қай бир авахтада қисматини кутиб ётибди экан бояқиш?.. Э-воҳ, балки аллақачон отувга ҳукм этилгану, энди бўлса жасадини Воис Ҳожининг қирчанғисида ҳандаққа судрашаётган экан?!”
Шу каби мудҳиш хаёллар билан бўлиб, хатарларни ҳам унутган кўйи шаҳар кўчалари бўйлаб кетиб борарди Чалабижаҳон. Дафъатан аллақай томондан пулемётнинг тариллаши, сал ўтмай эса унга жавобан милтиқларнинг олатасири эшитилди… Бундан сергак тортиб, ўзини симёғоч панасига олди. Симёғочга елимланган бир эълонга кўзи тушди:
“Чор армияси ва оқ гвардиянинг барча собиқ ҳарбий хизматчилари, уларнинг оила аъзолари ҳамда Қурултойнинг қрим-татар фаоллари диққатига! Мазкур зикр этилганлар исм-шарифи, унвонлари ва яшаш манзиллари кўрсатилган ҳолда қайд этилиш учун район ревкомларига икки кундан кечикмай ташриф буюришлари шарт. Ушбу буйруқни инкор этганлар отувга ҳукм этилади. Большевиклар партияси МИК опервакиласи – Розалия Землячка. Большевиклар партияси Қрим губкоми раиси Юрий Гавен”.
“Уларга яшаш манзиллари керак, – деб ўйлади Нўъмон. – Одамларни ҳибсга олиш учун адашмай кириб бораверишади шунда”.
Чалабижаҳоннинг хаёлидан кечган ушбу фаразни тасдиқлаган каби шу дамнинг ўзидаёқ қўшни уйдан қўллари орқасига қайириб боғланган, кўзлари қўрқувдан ола-кула бир одамни туртиб-суртиб ташқарига олиб чиқишди. Икки қизил аскар милтиқ қўндоғи билан уриб, олдига солиб ҳайдар экан, бечора маҳбус соҳилга улоқтирилган балиқ каби оғзини каппа-каппа очар, шунда ҳам эмин-эркин нафас ололмай тинимсиз хириллар эди…
Кўчанинг бир томонида бор овозда “Байналмилал” қўшиғини куйлаганча қизил қўшин аскарлари саф-саф ўтиб боришарди. Қарши тарафни бўлса, интизомли бу аскарларни калака қилган каби ола-қуроқ либосларга бурканиб, кўксини пулемёт ленталари билан безаб олган казаклар тўдаси ишғол қилганди. Кўз очиб-юмгунча бутун Россияни ағдар-тўнтар қилиб юборган инқилобни “ётиб қолгунча, отиб қол” маъносида тушунган чўгирмали ушбу оломон “Батька Махнога шарафлар!” дея айюҳаннос солиб, аскарларнинг “Байналмилал”ини босиб ташламоқчи бўлишар эди.
Шу тобда кўз ўнгида содир бўлаётган тафовутли манзара – бир тарафдан темир интизомга бўйсунган аскарий қўшин, бошқа томондан эса ўзбошимчалик ва тизгинсиз бошбошдоқликни ўзларига аъмол билган жангари казаклар тўдаси орасидаги кескин беўхшовликдан Нўъмон учун барчаси аён бўлди. Балки, осмондаги жисмлар ҳаракатида содир бўлган фавқулодда силжиш, эҳтимол эса бир туркум сайёраларнинг яхлит чизиқда саф тортиб тизилиши – замоннинг одатий оқимини пароканда этиб, фазовий сокинликка путур етказган эди. Ўзининг табиий ўзанини тарк этган вақт ҳам энди қутуриб исён қилар ҳамда фавқулодда бу ҳолат ҳосиласи ўлароқ, замин юзасида исён кетидан қўзғалон, қонли савашлар кетидан яна миллионлар ёстиғини қуритаётган қонхўр урушларнинг ҳеч адоғи кўринмаётир эди. Эвоҳки, талотўпларнинг бари бир бўлиб, арзимаган тўрт-беш ой мобайнида бутун башариятнинг орзу-умидлари, истак ва интилишларини барбод этиб, орзиқиб кутилган янги асрни энди зимистон булутлари батамом ва беомон чулғаб олди!
Мустақил Қрим давлати барпо этишлари учун тарих Чалабижаҳон ва унинг издошларига айнан шундай қисқа фурсат тақдим этганди. Аммо, большавойлар қўшиғида куйланганидек, на шоҳ, на Худо ва на қаҳрамон бундай мухтасар вақтда улуғ бу ниятни рўёбга чиқара олмасди, илло, тизгинсиз вақт бетўхтов ўтиб бормоқда, токи унинг ўзи халқоб қонлар симириб, ташналигини батамом қондириб тинчланмагунча, жунбушга келган бу замонни ҳеч бир кимса жиловлай билмасдир…
Бир пайтлар шовқин-суронли шаҳар бозори девори ортида Чалабижаҳон қум ва ахлат билан билинар-билинмас кўмиб қўйилган жасадларни кўрди. Мурдалардан кўнгилни оздирувчи бадбўй ҳид таралар, Нўъмон худди шундай қўлансани Қиримтоев чорбоғига туташ Воронцов боғи атрофида ҳам туйган эди…
V
Бозорни тезроқ ортда қолдириш истагида қадамига чув солди, озроқ юриб, яқиндагина Халқ уйи деган ном билан машҳур бўлган бино қаршисига етиб келди. Охирги тўрт-беш ой миёнасида бу бино ёмғирдан кейинги қўзиқорин каби урчиган турфа сиёқли фирқаларга бошпана бўлган, кадетлару социал-демократлар, большавойлару ишчилар партияси айнан шу жойни қароргоҳ қилиб олишган эди. Маҳаллий шароитдан келиб чиқилган айрим жузъий фарқларни айтмаса, уларнинг дастурлари Петрограддаги шу номдаги партиялар ҳужжатлари билан айнан бир хил эди.
Энди эса Нўъмоннинг қаршисида шу кунларда кечган аёвсиз жанглардан сўнг вайрон этилган, деворларини ўқ ва снарядлар илма-тешик қилган хароба иморат намоён бўлди. Бинонинг ҳали бутун сақланиб қолган сўл қисми олдида қизил аскарлар соқчиликда сергак турар, бундан Оқмачит ревкоми шу ерга жойлашибди, дея чамалади Нўъмон.
Чалабижаҳон билан Жаъфар Сейдамет орасида кўпдан буён пинҳон тарзда чўғланиб турган низо айнан шу бино туфайли ниҳоят аланга олиб, ҳар иккисининг қарашлари ўртасидаги тафовутларни бир зумда яққол намойиш қилиб қўйган эди. Али Боданинский сингари зийрак Қурултой аъзолари ҳам, нафсиламри, ушбу низони аввалроқ сезмай доғда қолишганди. Нўъмон миллий ҳукумат раиси каби серғалваю сердолға вазифани зиммасига олар экан, айнан устод Али унга жўяли маслаҳатлар бериб, залворли юкининг оғирлигини сездирмай келар эди.
Ҳар нарсада манфаат масаласини устун қўйишга муккасидан кетган Сейдамет қулай фурсат етиб келмагунича ўй-қарашларини баралла айтиб, режаларини элданбурун ошкор этмайдиган дамдўз бир одам эди. Халқ уйига эгалик қилиш масаласи атрофида баҳсу мунозаралар айни қизиган кезлар Сейдамет аксар Қурултой иштирокчиларини ўз тарафига оғдириб олиш пайти етди, деб ҳамлага ўтди.
Нўъмонда сиёсий арбобнинг совуққон мулоҳазакорлиги билан ижодкорларга хос таъсирчанлик ва ҳиссиётларга қарамлик омухталашиб кетган эдики, кўп ҳолларда бу нарса исталмаган муаммоларга боис бўлиб қоларди. Худди шу тариқа, ҳукумат таъсис этилганидан сўнг Чалабижаҳон барча партияларни ҳайдаб чиқариб, Халқ уйига комиссариат аъзоларини жойлаштиришга қарор қилди. Ўз замонаси меъморчилигининг юксак кўринишларини ўзида намоён этиб, нозик дид билан барпо этилган ушбу иморат Нўъмоннинг наздида қрим-татар халқининг уйғониш даври тимсоли бўлиб кўринар, Боқчасаройда қад кўтарган хон саройи асрлар оша қудратли сулоланинг мустаҳкам барқарорлигини тамсил этгани каби, янги Қрим-татар ҳукумати айнан шу жойда ўрнашмоғи Чалабижаҳон учун шак-шубҳасиз бир зарурат эди.
Инқилоб долғаларида таваллуд топган турли-туман партияларга нисбатан асло тоқатли бўлмаган Сейдамет, кутилмаганда Чалабижаҳоннинг ушбу қарорига норозилик билдириб, уни кўппартиявийлик, эркин сайлов ҳамда фирқаларнинг ўзаро тенглиги кафолатланган Қрим Қомусини қўпол тарзда бузишда айблади. Сейдаметнинг яна таъкидлашича, Халқ уйининг тортиб олиниши, бошқалар наздида, “Миллий фирқа” ва Қурултойнинг ярим оролда яккаҳокимлик диктатураси ўрнатиш ҳаракатлари сифатида талқин этилар экан. Бунинг оқибати хатарлидир, деди ўшанда Сейдамет, чунки Чалабижаҳон ҳукуматини ғаним деб кўра бошлаган бошқа фирқалар Қурултойга қарши бирлашиб, фуқаролар урушини бошлаб юборишлари ҳам ҳеч гап эмас…
Чалабижаҳонни қароридан қайтаришга чоғланган Сейдамет, таассуфлар бўлсинки, узоқ йиллик дўстининг феъл-атворидаги шоирона қайсарликни, атрофидаги маслакдошларининг ҳам жўяли фикрларига қарамасдан, ўз мақсади томон ўжарлик билан илдамлаб бориш каби собитқадамлик хусусиятини инобатга олмади.
Жаъфарнинг инкорларига қасдма-қасд, Чалабижаҳон ҳам чекинишни асло хаёлига келтирмади. Халқ уйини Ҳукумат қароргоҳи дея узил-кесил эълон қилиш масаласи унинг учун иш кабинетларию ёзув столларига эгалик қилишдан кўра юксакроқ нарсани – ҳокимият тимсолини англатардики, ушбу тадбирнинг амалга ошиши – қрим-татарларнинг узоқ йиллик озодлик кураши ўз мантиқий якунини топгани билан баробар эди.
Сейдамет ва унинг тарафдорлари огоҳлантираётган фуқаролар уруши хатарларига жавобан, агар лозим бўлса, бўлғуси ҳукумат уйини қурол ёрдамида ҳимоя қилишга тайёр эканини баралла изҳор эта бошлади Нўъмон. Нафсиламри, бу йўсиндаги хатарнок фикрларнинг асил ташаббускори Қримнинг илк коммунисти – Фирдавс-большавой эдики, Москва ва Петроград инқилобчилари ревком эҳтиёжлари учун зарур иншоотларни ҳеч иккиланмай тортиб олаётганларини Чалабижаҳонга айнан шу фитнакор муттасил уқдириб келаётган эди. Қурултойдаги ўз тарафдорларини Чалабижаҳон марказчилари билан бирлаштиришни кўзлаган ушбу сўлқанотчи радикал, шу тариқа, большевикларнинг ишончли усулини – “аввал тўс-тўполон уюштиравер, қолгани бир гап бўлар” қабилидаги қабиҳ ўйинни қўллаётган эди. Фирдавс бу билан қўшимча вақт ютмоқчи эдики, Петроградда бошланган инқилоб тўфони ҳадемай Қримга ҳам етиб келажак ва шунда Чалабижаҳон тарафдорларию ғанимларини ҳам пўртана ичра биратўла жувонмарг этажак.
Нўъмоннинг барча уринишларига қарамасдан, Сейдамет ҳам ўз фикрида қатъий тураверди. Қурултой ичида, шунингдек, комиссарлар орасида ҳам унинг тарафдорлари сони ошиб бораётганини кўрган Нўъмон ушбу масалага кейинроқ, қулай фурсат топилганда қайтишни кўнглига тугиб қўйди.
Гоҳида ёшлиги туфайли хатоларга йўл қўйса-да, аммо ҳокимият учун курашни аввало ўз халқининг озодлиги учун кураш деб билган Чалабижаҳондан фарқли тарзда, аввалига билдирмасдан ими-жимида иш юритган мансабпараст Сейдамет ўз истаклари йўлидаги ҳаракатлари жиловини қўйиб юборди. Россияда шитоб билан содир бўлаётган воқеалар ривожи Қримда ҳокимиятни ўз қўлига олиши учун, кўп имтиёзларни ваъда этувчи ширин хаёллари рўёбини юзага чиқариши учун айни боп вазиятни пайдо қилган бўлиб кўринди унга…
Аммо ўзгаришлар илмидан сабоқ олган беқарор тарих, не ажабки, рўёбсиз ваъдалар бериб, орзу қилинган йўлдан тамоман ўзга тарафни ихтиёр этишга мойил тарих баайни калака қилаётгандек, бандалар орзу-ниятларини барбод этишга ҳамда саодатли кунлар умидини йўққа чиқаришга қодир эканлигини на Чалабижаҳон, на Сейдамет ва на улар икковининг сафдошлари ҳали билишмас эди.
Атрофда кун оша содир бўлаётган эврилишлар, вазият тақозосию Сейдаметнинг тарафдорлари билан кечган қизғин баҳс-мунозаралар боис Чалабижаҳон ҳам, Қурултой сафлари яхлитлигини сақлаб қолиш илинжида, қисқа фурсат ичида бир неча бор ўз ғоя ва шиорларини ўзгартиришга мажбур бўлди. У норозилар гуруҳи билан муроса йўлларини излар, умумий мақсад йўлида Халқ вакиллари иттифоқи аъзоларию маҳаллий миллат делегатларини ва ҳатто большавойларни ҳам ҳукумат таркибига киритишга рози эди.
Аммо энди саросима ичра қолиб, хато кетидан хатога йўл қўя бошлаган Чалабижаҳоннинг ҳар қандай таклифини кескин рад қилиш йўлига ўтиб олган Сейдамет тарафдорлари ушбу ғояни ҳам дастакламади.
Кўпчилик Қурултой аъзоларини ўз томонига оғдириб олган Сейдамет энди Чалабижаҳонни бутунлай яксон этишга қарор қилганди. Қарор қилар экан, ҳокимиятни қўлида сақлаб қолиш йўлида эски қадрдони Нўъмон қуруқ ваъдалар бериб, турли ғаламис ўйинларни ўзига эп кўрмаслигини ва шу боис ҳам иш осон кўчишини Сейдамет яхши англар эди. Худди шундай бўлиб чиқди ҳам – қрим-татар халқининг мустақиллик орзулари рўёби ҳаққи Чалабижаҳон барча вазифаларидан истеъфо берди ва барчасига қўл силтаб, суюкли Буюк Сўноққа – қадрдон даштларининг сукунатлари бағрига йўл олди…
Орадан ўн кун ҳам ўтар-ўтмас эса Севастополь денгизчилари кўмагида Фирдавс большевиклари Қурултой ва унга қўшиб Қрим ҳукуматини ҳам тарқатиб юборишди…
Мана энди, оёғи осмондан бўлиб, вайрону хароба этилган Оқмачитга қайтиб келди. Кўчалардан юриб, Спиро босмахонаси қаршисидан чиқди. 1881 йили Исмоилбей Ғаспирали қаламига мансуб ва туркийзабон зиёлилар орасида кўп машҳур бўлган “Россия мусулмонлари” рисоласини чоп этган мазкур нашриётда яқинларгача ҳам Қурултойнинг ҳар икки газетаси нашр қилиб келинарди.
Босмахона эшиги ёнида аёздан депсиниб турган соқчига кўзи тушди. Нарироқда кўпдан таниш маҳаллий қўриқчи Велижоннинг қорасини ҳам кўргандай бўлди. Бу жонкуяр ходим ишхонасидан хабар олгани келган, чоғи.
Чалабижаҳонни кўра солиб, Велижон унинг қаршисига ошиқди.
– Ҳазратим, не кунларга қолдик-а?! – дийдиё қила кетди кекса қўриқчи. – Манави келгинди мени ўз босмахонамдан ҳайдаб солди! – деди қизил аскарга ишора қилиб. – Ахир бу ерда неча йил ҳалол ризқ териб ишладим. Мана ўзингиз гувоҳсиз, газеталарингиздан бирор нусхани ҳеч ким кўзимни шамғалат қилиб олиб кетолмасди. Энди ҳаммаси битди, ҳаммаёқ турган-битгани зарар-завол!
Нўъмон йўлларда кўп уриниб қолганини энди сезиб, Велижон жимиб қолди.
– Рангингизда ранг қолмабди… Уйим узоқ эмас, азиз меҳмоним бўлинг. Худога минг қатла шукр, уйимни ҳали тортиб олишгани йўқ, хотиним ҳам, қизларим ҳам эсон-омон…
Бу талотўп кунларда қадрдон кимсани учратиб қолганидан ўзида йўқ шодланган Велижон Чалабижаҳонни қучоқлаб олди, сўнг иккови дарахтлари ўтин қилиб кесилган хиёбон оралаб унинг гўшаси томон юриб кетишди…
VI
Уйга келиб хонтахта атрофига ўтиришлари билан, Велижоннинг завжаси иссиқ қаҳва келтирди, бу қадар азиз меҳмон ташриф буюрганидан ийманаётган аёл, айни пайтда одамови бўлиб кўринмаслик учун, аста сўзланди:
– Ҳазратим, қизларимизни чекка қишлоққа, ақраболаримиз паноҳига жўнатиб юбордик…
– Замон нотинч… – деди Велижон ҳам суҳбатга қўшилган бўлиб. – Кўп нохуш хабарларни эшитяпмиз, ҳужжат текшириш баҳонасида аскарлар ёш қизларни тутиб, бадном қилишяпти экан. Шунга юрак олдириб қўйдик. Бундан ортиқ иснод борми ахир…
Велижон энди атрофга бир-бир аланглаб пичирлади:
– Хабарингиз борми-йўқми, Оқмачитни қизиллар босишидан сал олдин Жаъфар Сейдамет қочиб кетибди…
Чалабижаҳон ўзини хотиржам тутишга тиришиб, дарҳол сўради:
– Қаёққа кетибди, билармисиз?
– Буниси ёлғиз Худога аён. Ҳартугул, Туркия ёки Руминияга бўлса керак – бундан бошқа йўл ҳам йўқ. Аввалига кўпларимиз большавойлар бизни оқлардан муҳофаза қилишади деб ишонгандик. Энди бўлса, бу қизиллар Сейдаметни излаб юришибди, у ҳақида билганларни ўлим таҳдиди билан қўрқитишмоқда. Айтишларича, Фирдавснинг одамлари Жаъфарнинг бир неча яқинларини гаровда тутиб туришганмиш. Қочоқни топиб беришмаса, бечораларнинг куни битди энди. Ҳазратим, – дея Нўъмоннинг қўлларини дўстона қисиб қўйди, – сиз ҳам фурсат борида бехатар бирор ёқларга кетганингиз маъқул…
Сўнгги қултум қаҳвани ичиб, Нўъмон бир нафас ўйланиб қолди, сўнг уй соҳибига юзланди:
– Маслакдошларимни кулфатда ёлғиз ташлаб кета олмайман, бошимизга неки келса – биргалашиб кўраверамиз…
– Албатта, ҳазратим, сизни тушунаман, – бу сўзлардан маъюсланди Велижон. – Бу қарорингизда ҳам бир хайр бордир…
Сўнгги кунларнинг нохуш хотиралари кўз ўнгида жонланган Чалабижаҳон ушбу мавзуни ортиқ давом эттиргиси келмади. Меҳмоннинг кайфиятини сезган мезбон ҳам сукутда жим қолди. Орага чўккан сукунатни ногаҳон ташқаридан эшитилган овозлар бузди – кимдир дарвозани гурсиллатиб муштлаётган эди.
Ўтакаси ёрилаёзган Велижон хотинига “хабар ол!” маъносида ишора қилди…
Ҳаял ўтмай икки нафар қизил аскар ҳамроҳлигида жингалак соч бир одам кириб келди. Бу кимса асли Ўрта Қримлик эканини Нўъмон унинг лаҳжасидан дарров англади. Инқилобий урфга кўра, ҳожидўппи ўрнига фуражка кийиб олган одам, ичкаридаги бообрў кишини кўриши ҳамон фуражкасини беихтиёр ечиб, қўлида ғижимлаганча ҳаяллаб қолди. Кейин ҳижолати зўридан шоша-пиша алланарса деб бидирлади.
– Ҳой, татар, бидирлашингни қўйиб, одамга ўхшаб русча гапир! Сенларни бу тилингда балониям уқиб бўлмайди. – Аскарлардан бири ўзлари билан келган бу кишини жеркиб берди.
Бунга жавобан Нўъмоннинг жаҳли чиққандай бўлди:
– Бизда қонун бўйича икки тиллилик – қрим-татар ва рус тили…
– Инқилобий ҳукумат барча қонунларингни бекор қилди, – деб Чалабижаҳоннинг сўзини чўрт кесиб ташлади аскар.
Вакил бошқа бир оғиз сўз демасдан, Чалабижаҳонга бир мактуб тутқазди.
Нўъмон ҳам индамай хатни очиб, бу – Таврия губкоми бошлиғи Ю.П.Гавен ҳузурига – Севастополга сўроққа зудлик билан етиб бориши лозимлиги маълум қилинган чақирув эканини билди. “Бундан чиқдики, – деб ўйлади Нўъмон, – Жонкўйдан бери ортимдан кузатиб юришган экан-да…”
Ортиқча саволларга ўрин қолдирмасдан, мактуб келтирган учовлон ташқарига йўналишди.
– Сизни ёлғиз юбора олмайман, – деди Велижон нохуш бу ташриф Чалабижаҳонга зиғирча ҳам таъсир қилмаганидан ажабланиб.
– Ташвиш чекманг, ташқарида турганлар мени сира ёлғизлатиб қўйишмайди, – ҳазиллашган бўлди Нўъмон. – Бошингизни хатарга тиқманг, мени уйида яшириб юрган деб айблашмасин сизни. Янги ҳокимиятга ёқиш учун Фирдавсга ўхшаганлар ўз биродарларини сариқ чақага сотишга ҳам тайёр.
Нўъмонни олиб кетиш учун келган бояги қуроллилар кутиб туришгандир, деган чамада ташқарига чиқиб боқишсаки, кўчада ҳеч зоғ йўқ эди.
Иккови бу ҳолатга ҳайрон бўлиб турган пайт сал нарида пулемёт тариллаши, кетидан эса яраланган бировнинг жон аччиғида қичқиргани эшитилди. Афтидан, қўриқчилар ўша тарафга чопиб кетишган чиқар.
Нўъмон билан Велижон иккиси аскарларни кутиб, дарвоза қаршисида жим туриб қолишди. Ноқулай сукутни Велижон бузди:
– Ҳозир ит эгасини танимайди. Боягилар ўққа учишган бўлса қанийди… Ҳазратим, ҳалиям кеч эмас – Севастополни қўйиб, Туркияга кетинг. Худойимнинг ўзи йўлингизни очяпти, ахир!..
Қайсарлик қилиб, унинг ортидан терговга бориб юрмасин, деган ўйда ва ҳалиям соқчилардан дарак йўқлигидан ажабланиб, Велижонни тинчлантирган бўлди Нўъмон:
– Туркиями ёки Руминиягами кетишимни обдон ўйлаб кўрай, кейин албатта сизга хабар қиламан.
– Ўйланиб ўтирманг – албатта Туркияга йўл олинг! – астойдил кўндирмоқчи бўлди мезбон. – Барон Врангель бу қизил баттолларни Қримдан албатта қувиб солади. Ана ўшанда бехавотир қайтиб келаверасиз. Ҳаққингизга дуо қилиб, эсон-омон қайтишингизни интизор кутамиз…
VII
Велижон билан хайр-хўшлашгач, сал наридаги хиёбонга бориб, Нўъмон яна пича кутиб турди. Бояги қоровул-аскарлар ҳаллослаб қайтиб келишиб, Велижоннинг уйига яна бостириб киришлари, Чалабижаҳонни тополмагач эса уй эгасини айбдор қилишларидан хавотири бор эди.
Сўнгги ярим йил ичида Нўъмонни иккинчи бор Севастополга сўроққа чақиришмоқда, у ёққа борар йўлни шундан яхши эслаб қолганди. Яна бир оз кутиб, аскарлардан дарак бўлавермагач, шайтонга ҳай берди-да, Севастополга ўз ихтиёри билан, йўловчи уловларда етиб олишга қарор қилди.
Муваққат ҳукумат губерния комиссари Богданов ҳузурига чақирилган ўша июль ойида Қримдаги вазият ҳозиргидан бошқача, одамлар ўзларини бугунгидан кўра анча эркин сезишар, ҳадемай етиб келажак ҳурлик эпкинлари уларнинг асрий орзуларини шаксиз рўёбга чиқаражакдек умидли муҳит ҳукмрон эди. Уни Севастополга элтаётган ҳибс машинаси ортидан арғумоқларда елиб бораётган ўнлаб маслакдошлари чеҳрасини айнан шу ҳурлик шуълалари нурафшон этган, чавандозларга бошчилик қилган кимса эса Истанбулдаги толиблик давридан қиёматли дўсти Жаъфар Сейдамет эди.
Қўлларида Қрим Республикасининг кўк яловини ҳилпиратиб елаётган чавандозлар Нўъмонни асир олган қўриқчиларни мазах қилаётган каби уловни ҳар тарафдан исканжага олган кўйи, ўз раҳнамосини зинҳор ёлғизлатиб қўймасликларини изҳор этишар эди.
Оқмачит йўлида тасодифан дуч келган полковник Ржешевский Нўъмоннинг хаёлида ўша сафар хотираларини яна жонлантириб юборди. У пайтлари губернатор ёрдамчиси бўлган Ржешевский, дераза ортида отларини гижинглатиб хайқираётган тумонат оломонни кўриб, чакана хавотирга тушмаганди. Қурултой қарори билан ташкил этилган мусулмон полкларини Биринчи жаҳон уруши жанггоҳларига юборишга розилик бермаган Чалабижаҳон давлатга хиёнатда айбланаётган, муваққат ҳукуматнинг ушбу ҳаракатларидан кескин норози бўлган қримликлар эса, мана энди, ҳар қандай чоралар билан ўз етакчисини қутқариб олишга азму қарор қилишганди.
Юксак мансабига ярашмаган кўримсиз Богдановни дастлаб кўрган маҳалиёқ бу амалдорнинг зўрма-зўраки вазминлигию юзаки қаттиққўллиги фақат зарурат туфайли экани ва аслида унинг кўнглида Чалабижаҳонга нисбатан хайриҳоҳлик яширин эканини сезгандек бўлди. Богданов уни хиёнатдан тортиб, куракда турмайдиган бошқа гуноҳларда ҳам айблашига қўйиб беришга, сўнгра эса ўзи ҳамлага ўтишга қарор қилди.
Қирққа тўлар-тўлмас бир даста хасталикларни орттириб олган Богдановни хизматдошлари қатъиятли ва жасур киши тарзида таърифлашар, аслида эса кўнгилчанлик хислатлари табиатига бегона бўлмаган бу одам айни пайтда қрим-татарлар орасида ҳам яхши ном қозонишга интиларди. Унинг бу интилишларини яхши билган Чалабижаҳон губернатор қаршисида оддий одам эмас, балки маҳаллий халқнинг муҳтарам раҳнамоси ўтирганини кўрсатиб қўймоқчи бўлди.
Нафсиламбри, ҳозир, айни шу тобда қаршисида ўтирган бу одам турли илму билимлар ҳаддисини олган зиёли экани, устига устак, ўз халқини золимлар истибдодидан халос этиш йўлидаги орзуларидан асло воз кечмайдиган миллат етакчиси эканини Чалабижаҳон иши юзасидан йиғилган ҳужжатлардан Богдановнинг ўзи ҳам яхши билар эди.
– Татар полкларини мамлакат мудофаасига йўллашни рад этиб тўғри йўл тутдим, деб ўйлайсизми? Ахир Қрим ягона Россиянинг бир бўлаги эмасми ҳалиям? – дея дастлабки саволини берди мулозим, айни пайтда зийрак суҳбатдоши унинг овозидаги сохта оҳангларни сезиб қолишидан чўчинқираб.
Нўъмон шу қабилдаги мужмал саволларни кутганидан ўзини йўқотиб қўймади:
– Губернатор жаноблари, аввало масалага бир оз ойдинлик киритишга ижозат берсангиз. Оддий бир фуқаро эмас, балки Қурултой ва Қрим ҳукумати сайловларида иштирок этган кўпчилик аҳолини тамсил этаётган арбоб қаршингизда турганини яхши англаяпсиз, деб ўйлайман. Яъниким, Қрим халқининг етмиш фоиздан ортиғи ишонч билдирган бизлар жондан азиз фарзандларимизни, оталаримизу оға-иниларимизни империалистик қирғинбаротга юбормасликка қарор қилган эканмиз, демак, биз халқимизнинг иродасини адо этдик, холос. Ишончингиз комил бўлсинки, мен ва менинг сафдошларим бундан буён ҳам тинчликсевар халқимизнинг истак-иродасидан зиғирча ҳам оғишмасликка интиламиз, – деди Богдановнинг синчков кўзларига тик қараб Чалабижаҳон. Сўнгра, бу ерда янграётган ҳар бир сўзни оқизмай-томизмай ёзиб бораётган Ржешевский томон ўгирилди: – Менинг ушбу сўзларим асил маъносидан кўра ғайрича талқин этилмас, деб умид қиламан.
Богданов инқиллаб ўрнидан турди. Деворнинг қоқ ярмини эгаллаган Қрим харитаси ёнига келиб, қалам билан бир жойига белги қўйди. Сўнгра Чалабижаҳонга кескин бурилиб сўзлади:
– Аммо ўзингиз бир ўйлаб кўринг, уруш жабҳаларида ҳарбий маҳоратини ошириш ўрнига, казармадан чиқмай пароканда бўладиган уқувсиз қўшиннинг нима кераги бор?
– Февраль инқилоби ва бунинг ортидан подшонинг тахтдан воз кечиши биз қрим-татарларни руҳлантирибгина қолмасдан, бошқа кўламдор ўзгаришлар томон илҳомлантирди ҳам. Аммо, ўзингизга яхши маълумки, тузум ва ҳокимият алмашинуви жараёнида ҳеч бир қонун-қоидаларни эътироф этмайдиган турли бузғунчи кучлар ғимирлаб қолишади. Қримнинг ҳам бошига шундай кунлар келгач, билагида куч-қуввати бор азаматларни сафларимизга чорладикки, миллатидан қатъи назар барча фуқароларимизни талон-торож ва бошқа ҳар қандай жиноий ҳаракатлардан муҳофаза этсинлар.
Эътироз билдириш мушкул бу сўзларнинг самимийлигини ичида сўзсиз эътироф этиб ўтирган Богданов мансаби тақозоси юзасидангина яна Нўъмонга юзланди:
– Чор ҳукумати сизга нима ёмонлик қилганини барибир тушуна олмаяпман, ахир!
Губернатор сўзларида кўнгилчанлик оҳангларини илғади Нўъмон ва бундан руҳланиб, энди фикрларини яна ҳам очиқ-ойдин баён қила бошлади:
– Ўзингизни соддаликка солманг, жаноб. Битта менга эмас, бутун халқимга ёмонлик қилди. Бир юз қирқ йиллик истибдодга, асрий қатли омга сабр қилиб, исёну қўзғолонлар кўтармай, фақат Яратган марҳаматига умид билан чидаб яшадик… Майли, ҳиссиётларни йиғиштириб, Сизнинг чор ҳукуматингиз халқимга нисбатан қилган жиноятларини лўнда қилиб айтиб берай. Сўзларимнинг чинлигини чор охранкаси архивларидан текшириб олишингиз мумкин… Биринчи жиноят – исломий удумларимизни адо этганимиз туфайли бизни муттасил ҳибс ва жазоларга дучор этдингиз. Бундан мақсад қалбларимиздан муқаддас динимиз руҳини сидириб ташлаш эди. Иккинчи жиноят – марказ қарорларини бажаришга тўсқинлик қиляпти, ҳатто аҳолини исёнга чорламоқда, деган асоссиз айбловлар билан уламоларимизга зуғумлар қилинди. Уларнинг уйларида, мачит ва мадрасаларда таъқиқланган адабиётлар сақланмоқда деган баҳоналар билан ноқонуний тинтувлар ўтказилиши одатий ҳолга айланиб қолди. Учинчи жиноят – ҳар бир мусулмон учун фарз бўлган муборак ҳаж зиёратига ҳам таъқиқ қўйилди. Тўртинчи жиноят – мачит имомлари, мадраса мударрислари тайинловига, ҳатто муфтийлар сайловига ҳам сурбетларча аралаша бошладингизлар. Мақсадингиз – муфтийдан тортиб, токи олис қишлоқ мачитининг оддий бир имоми ҳам айнан сизнинг йўриғингиздан чиқмас одам бўлсин, умматнинг кайфиятларидан, одамлар орасида юрган гап-сўзлардан охранкани бохабар қилиб, ўз қавмдошлари орасида қабиҳона жосуслик қилсин… Бешинчи жиноят – турли баҳоналар билан Қурултой фаолиятига тўсқинлик қилдингиз, қрим-татарларнинг йиғилиш ва анжуманлари ўтказилмаслиги учун астойдил турли қутқулар уюштирдингиз. Зориққан ва йўқсил камбағалларга кўмак бериш мақсадида тузилган хайрия ташкилотларини ҳам тинч қўймадингиз, беозоргина бу жамиятларни ҳам қувғинга дучор қилдингиз… Халқнинг сабр-косаси тўлиб, чиркин бу салтанатнинг қўланса исканжасидан ажралиб чиқиш ягона мақсадига айланиши учун мен санаб ўтган шуларнинг ўзи кифоя эмасмиди?! – шуларни айтиб Чалабижаҳон ўрнидан даст турди.
– Давом этаверинг, – деди губернатор, – аммо бу ишларнинг барчасида ёлғиз каминани айбламасангиз дуруст бўларди. Мен халқингиз орзу-умидларини билишни ва қўлимдан келса, ишончини қозонишни истардим. Бўлар-бўлмас жазо чораларию таъқибга олишларни хушламайман. Ҳа, аёвсиз уруш давом этмоқда ва ўзингиз айтгандек, сохта ватанпарварлик айюҳаннослари оқибатида оддий одамларнинг осуда ҳаёти хатар остида қолиб, атрофда бузғунчию каллакесарларнинг куни туғиб қолди. Таассуфки, буларни жиловлашга қўлимиз калталик қиляпти…
Нўъмон яна жойига ўтириб, диққатини жамлаб, сўзларида давом қилди:
– Мабодо чор амалдорларининг кўрсатмаларига қулоқ солмасдан, уларнинг айтганларини бажаришмаса, уламоларни осонгина панисломизм ва пантуркизмда айблайвериш урфга кирди. Бу гапларга етарли асосларим бор, ўзим ҳам бир эмас – икки мадрасада таҳсил кўрганман… Бу ҳам майли, қрим-татар фарзандларининг келажагини ўйлаб, улар ҳам тараққий топиб бораётган дунё билан ҳамқадам бўлишсин, деган яхши ниятларда ташкил этмоқчи бўлинган янги услубдаги мактаблар фаолиятига ҳам муттасил тўсқинлик қилинди. Муаллимлар таъқибга олиниб, кўпларини ярим оролнинг овлоқ жойларига сургун қилинди. Не-не азоблар билан йўлга қўйганимиз – қрим-татар тилида чоп этила бошлаган нашрларимиз устидан ўрнатилган беаёв цензура ва бу газеталарнинг дам-бадам ёпиб қўйилиши-чи? Буларнинг бари халқимизни қолоқликда ушлаб туриш, жаҳон тамаддуни ютуқларидан бенасиб қолдириб, замонавий билимларга зинҳор яқинлаштирмаслик муддаосини кўзлаб қилинган манфур ҳаракатлар эди. Чоризм узоқ йиллар давомида юритиб келган сиёсатнинг моҳияти шудир. Ўз тарихимиз ва миллий ўзлигимизни зўрлаб унуттириш учун эса яна бир тадбир қўлландики, бундай муттаҳамликка маҳаллий ҳиндуларга қирон келтирилган ўша Амриқода ҳам дуч келмайсиз. Яъни, азалий қрим-татар шаҳар ва қишлоқлари, дарё ва кўлларининг номлари ёппасига русчаси билан алмаштирила бошланди… Яна такрор айтаман, мен куюниб гапираётган ушбу ҳолат кечагина бошлангани йўқ – чоризм истибдодининг бир юз ўттиз олти йили давомида бу маккор ўйинлар муттасил ва изчил қўллаб келинди…
Бу орада ташқарида тобора юқори пардаларга кўтарилаётган шовқин-сурон туфайли Нўъмон сўнгги жумласини баралла айтишга мажбур бўлди. Богданов ҳам ўрнидан қўзғолиб, деразадан кўз ташлади. Ташқарига қарадию Нўъмонни дарҳол озод этишларини талаб қилаётган отлиқ ва отсиз оломон ҳайқириғидан чўчиб, ўзини яна ичкарига олди.
– Одамларни тинчлантириб келсангиз бўларди, – деди юзларида саросима билан адъютантига қарата. – Олий қўмондонлик буйруғидан бўйин товлаганлиги учун Чалабижаҳон узоқ қамоқ жазосига лойиқ бўлса-да, аммо Қримда тинч-тотувликка раҳна солмаслик важҳидан, муҳтарам раҳнамоларини жавобгарликдан тўла озод қилиш қарорига келганимни уларга етказинг.
Вазият тобора таранглашаётганидан ўзининг ҳам тинчи йўқолган Ржешевский шоша-пиша ташқарига йўналиши ҳамон Чалабижаҳон яна Богданов рўпарасига келиб ўтирди:
– Бир бошга бир ўлим, мени ва сафдошларимни ўлимга ҳукм этсангизлар ҳам, биз энди ортиқ бундай яшамаймиз, истибдод зулмига энди бўйин эгмаймиз…
Бунга жавобан Богданов:
– Боя сиз айтган гапларни архив материалларидан чуқурроқ ўрганиб кўраман, – дея мужмалгина сўзлашдан бошқа чора тополмади.
Қўлида бир даста қоғозларни кўтариб талмовсираб қайтган Ржешевский не қиларини билмай, варақларни бошлиғи столига қўйди.
– Бу қоғозларда ўн беш минг одам имзоси йиғилибди, ҳаммаси бу жанобни зудлик билан озод этишимизни талаб этишяпти, – деди Ржешевский. – Ҳаммасининг авзойи бузуқ, бақир-чақир қилиб, бир оғиз гапиртиришмади. Хуллас, зуғум қилишяпти…
Ўз навбатида Богданов ҳам таажжубини яширолмай қолди:
– Бир зумда шунча имзо?.. Айтганингиздай, чиндан ҳам авзойилари чатоқ бўлса, қўзғолон кўтариб қолишлари ҳам ҳеч гапмас… Биласизми, Ржешевский, менинг вазифам қрим-татарлар билан илиқ муносабат ўрнатиб, уларнинг ишончини қозониш. Келгуси режаларимизни амалга оширишнинг бундан ўзга чораси йўқ. Ерли аҳолининг қўллаб-қувватловисиз қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Чалаби жанобларини миллатдошлари ҳузурига олиб чиқинг, Худонинг паноҳида бўлсин… – Шу дам ногаҳон Нўъмоннинг ўзига юзланди:
– Ўйлаган ниятларингиздан бир сония ҳам ортга чекинманг. Қирғинбарот урушлару исён ва қўзғолонлар, қизил ва оқларнинг ўзаро ғажишишлари замон суръатини тезлаштириб юборган кўринади. Халқингиз билан дўстлашиб, қўлимдан келганча кўмак кўрсата олишим учун қанча фурсатим қолганлиги ёлғиз Парвардигорга аён. Аммо айтганимдек, ҳеч бўшашманг, ишга яроқли ҳукумат барпо қилиб, сайловчиларингиз қўлловига чиндан ҳам сазовор эканингизга ишонч ҳосил қилсам, камина тамсил этаётган кадетлар партияси Қрим республикасининг чинакам мустақиллигини тан олиш масаласини Давлат думасига олиб чиқади, Худо ёрлақаса, бу ниятимни албатта амалга ошираман…
Ўзининг қиёматли дўстини ҳибсдан сақлаб қолиш мақсадида аҳолидан имзо йиғишда Жаъфар Сейдамет астойдил ҳаракат қилганини Нўъмон яхши биларди. Ҳар икковининг устоди Али Боданинский ҳам матбуотда шов-шув кўтариб, муфтий ҳазратни қамоққа ташлашга журъат этган, тахтдан воз кечмай турганида ҳатто оқ подшонинг ўзи ҳам ботинолмаган бедодликка қўл урган вақтли ҳукумат кирдикорларини аёвсиз очиб ташлагани ҳам унга яхши маълум эди…
Губернатор қароргоҳидан ташқарига чиқибоқ, ҳожасини сабрсизлик билан кутаётган Форий-арғумоғига кўзи тушди ўшанда. Нўъмонни албатта қўйиб юборишларига ишончи комил бўлган қишлоқдошларидан кимдир биров Буюк Сўноқдан шунча йўл босиб, садоқатли отини етаклаб келган эди.
Оломоннинг қувончли қий-чувлари остида Чалабижаҳон чапдастлик билан отига сакраб ўтирди-да, ортидан забардаст суворийларини эргаштириб, Боқчасарой томон шитоб от суриб кетди…
VIII
Мана, ярим йил ичида иккинчи маротаба Севастополга сўроққа чақирилаётган Чалабижаҳон Богданов ҳузурида мажбуран ҳозир бўлган ўша дамларни шу тариқа бир-бир хаёлидан ўтказди.
Боқчасарой ёки Кезлев сингари Қрим бағрида табиий тарзда униб-етилган ардоқли кентлардан фарқли ўлароқ, Севастополь Нўъмоннинг назарида бу юрт вужудида дафъатан пайдо бўлган ўсимта каби бегона ва хатарлари бисёр унсур бўлиб кўринар, даштларнинг ҳур кенгликларида вояга етган кимсани бу шаҳар кўчалари ҳар томондан исканжага олиб, эркин нафас олишига атай тўғаноқ бўлаётгандай туюларди.
Аввалги чақирувдагидан кўра Нўъмоннинг кўнглидаги ҳижил ва хавотирлари энди юз чандон ортиқ эди. Бунинг боиси, бирор кори-ҳол рўй бергудек бўлса, Сейдамет ва Али Боданинский ёки бошқа сафдошлари аввалгидек кўмакка етиб кела олмасликларида эмасди. Билъакс, бутун умри давомида ўзи қўл урган саъй-ҳаракатлар, эсини таниганидан буён ўзи интилиб келган орзу-умидлари шу тобда бир мушт ҳажмида кичрайиб, кўринмас муюлишларда уни кутиб турган ўз қисматига қарши бир руҳий ғалаёнга дўнди.
Велижон бир мунча вақт Чалабижаҳоннинг ўзига билдирмасдан орқасидан кузатиб келди. Муфтийни терговга чақиришгани ҳақида таниш-билишларни, афтидан, айнан Велижон эринмасдан огоҳ қилиб чиққанди, чунки Оқмачитни ортда қолдириши ҳамон бир неча азамат йигит Чалабижаҳонга тансоқчи сифатида сафарида ҳамроҳлик қилмоқчи бўлишди. Нўъмон эса улар ва яқинларининг хавфсизлигини ўйлаб, бу кўмакдан бош тортди… Қрим-татарларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати ҳокимиятга бўйсунмаслик ва янги тартибларга таҳдид дея баҳоланиши ҳеч гап эмасди, ахир.
Қрим-татарларининг меҳрини қозонишни кўнглига туккан ва шу мақсадда уларнинг тил ва удумларини ҳам ўрганишни ният қилган Богдановнинг “яқин ярим-бир йил ичида Қрим равнақи учун ўн йилларда қилинмаган ишларни уддалашга улгуриб қолмоқ керак, илло, замон ақл бовар қилмас суръатда тезлашиб кетмоқда” қабилидаги сўзлари башорат бўлиб чиқди. Чалабижаҳон билан иккиси ўртасида кечган ўша суҳбатдан ярим йил ўтар-ўтмас, декабрь ойи ўрталарида, сўзамол ташвиқотчи Юрий Гавен етакчилигидаги Севастополь матрослари ушбу кадетлар раҳнамосини Қримни ташлаб Болгарияга, ундан нари эса Парижга қочишга мажбур этишди.
Бу орада эса, ўзаро беаёв урушларини бас қилмаётган улкан салтанатлар орасида исканжада қолиб кетган мўъжазгина қрим-татар миллатининг икки етакчиси ҳам – Чалабижаҳон ва Сейдамет ҳам вазият тақозоси билан мағлубият шаробини тотишга мажбур бўлишди…
Учоқлар учмас, поездлар юрмас, уловлар ҳам қатнамас замон келди. Булар дафъатан ҳаракатга келсалар-да, аммо фақат қизиллару оқлар ўртасида кечаётган биродаркушлик уруши эҳтиёжлари учунгина ҳаракатга келаётган эди.
Чалабижаҳон йўлнинг бир қисмини пиёда босиб ўтди, баъзан омади чопиб бирор улов йўлида дуч келиб қолар, шунда ҳам ўз ташвишларию ўз ўйлари билан андармон бегона бу одамлар ораста кийинган янги ҳамроҳнинг кимлиги билан асло қизиқиб кўришмас ҳам эди.
Севастополь томон йўлда бораркан, бир гал хаёлига назмий илҳомдан пайдо, аммо ҳали шеърий мисраларга жойланиб улгурмаган сатрлар келгандек бўлди: “Вақт – улуғ ташаббускор, васвасалари чандон буюк алдоқчию масхарабоздир; қари қизларнинг ваъдалари бисёр жазманию, ушбу телбавор дунёни ислоҳ этмак истаганларни ҳар мақомга йўрғалатгувчи тенгсиз лўттибоздир бу замон…” Бу фикрларни қофияга солишга уриниб кўрди, аммо таассуфки, илҳомнинг чўлтоқ фариштаси этагини йиғиштириб, аллақайга ҳайё-ҳуйт учдию кетди. Аммо шу зумда Петербург дорилфунунида ёд бўлиб кетган Конфуцийнинг мана бу ҳикмати ёдига тушди: “Олийҳиммат киши омма манфаатини фирқа-гуруҳлар манфаатидан устун кўради; тубанлар эса, билъакс, фирқалар манфаатини омманикидан афзал билади…” Ҳар бир ишда аниқлик ва лўндаликни хуш кўрадиган Нўъмон Чин-Мочинлик файласуф сўзларини ўз ҳолича ислоҳ қилгандек бўлди: “Олийҳиммат киши – тўкис ва тугалдир, тубан кимса – нотўкис ва нотугал…”
Шу онда яна Муҳаммад саллолоҳи алайҳи васаллам ҳадиси хаёлида барқарор бўлди: “Чинда бўлса ҳам илм изла!..”
Севастополни кўзлаб шунча йўл юриб келгани – Кача деган балиқчилар қишлоғи бўлиб чиқдики, Нўъмон бу ҳолни ҳаддидан ошиб ўзанларидан тошаётган вақтнинг навбатдаги ҳийла-найрангига йўйди. Бу қишлоқдан Севастополга фақатгина денгиз орқали етиб олиш мумкин эди…
IX
Атрофлари катта-кичик тўрлар билан ўралган қишлоқ Қора денгиз соҳили бўйлаб сочилиб ётган шу каби балиқчилар манзилгоҳларидан биргинаси эди. Шу дамларда Севастополда жунбушга келган инқилобий жазава-ю эҳтиросли мунозаралар садоси ҳали бу ерларга етиб келмаган бўлса-да, ушбу долғаларни зукколик билан илғаган Ермолай-Ерошка исмли маҳаллий казак ўзини ушбу балиқчилар хўжалиги соҳиби дея эълон қилди. Ҳаммани бир ширкатга бирлаштириб, жаъми овнинг учдан бири тарзида ҳамқишлоқларига ўлпон жорий этиб ҳам улгурди.
Севастополдан ҳарбий бўлинмаларни пайдар-пай ташиётган баржаю катта-кичик кемалар серқатнов бўлиб қолганидан, балиқчилар соҳилдан унча узоқлаб кета олмас, шу сабаб овнинг чўғи ҳам кейинги пайтлар анча сусайиб қолган эди.
Охирги кунлари тўрларга нуқул қорни нотабиий тарзда кўпчиб шишган балиқлар илинар, бундан ҳайрати ошган балиқчилар ўлжа қорнини ёриб кўришса, мис тугмалар, кумуш ва тилла тишлар, баъзан эса бус-бутун ясама жағлару бўшаган гилзалар топилиб қолар эди. Ушбу ғаройиб денгиз туҳфалари ҳам, табиийки, ширакайф ширкат бошлиғи билан тенг тақсим қилинар эди.
Овлоқ балиқчилар қишлоғида кутилмаганда пайдо бўлган Чалабижаҳонга дастлаб биров эътибор ҳам қилмади. Бу ҳолат бирмунча ғалати эди, негаки, ораста ва пўрим кийинган келгинди қўлига нима тушса ўшанга ўраниб юришни одат қилган маҳаллий аҳолидан кескин фарқ қиларди. Ермолайнинг ўзи татар чўгирмасию қўй пўстинига ўраниб олган кўйи, бирор ўлик зобит оёғидан ечиб олинган хром этигини ғирчиллатиб, уззу-кун қишлоқ оралаб санғигани санғиган эди.
Нам тортиб қолган қумлоқни кечиб, Чалабижаҳон энг чеккадаги кулбага қараб юрди. Кулбанинг кирланган ойнаси ортида бировнинг шарпаси лип этиб кўринди. Бошини сочиқ билан танғиб олган кимса Чалабижаҳонга бир қараб қўйдию, ўзини яна ичкарига олди.
Хиёл ўтмай дераза ортида энди аёл кишининг боши пайдо бўлди, жувон бемаврид бу меҳмонни эслашга астойдил уринаётгандек Нўъмонга синчиклаб тикилар, унинг қиёфаси таниқли кимнидир ёдига солаётган эди.
Эр-хотин ҳар турли ҳужжатлар ва газета қирқимлари жамланган жавонни титкилаб, бир суратни топишди. Бир қўлларидаги суратга, бир эса ҳалиям дераза қаршисида депсиниб турган Нўъмонга қараб, охири ҳайратдан ёқа ушлашди: “Ахир бу муфтий ҳазратлари-ку!”
Уй соҳиби – унинг исми Мердон эди – аслида аҳолини Қурултой сайловига ташвиқ қилган маҳаллий фаоллардан бири эди, аммо шу тобда ҳеч кутилмаган бу ташрифдан каловланиб қолди.
Чалабижаҳон ўз ихтиёри билан истеъфога чиққанию, Сейдамет эса бошқа чора тополмай четга жуфтакни ростлаб қолгани ҳақида яқинда уйларига келган куёвидан эшитиб билгач, Мердоннинг ҳам ҳамма нарсадан кўнгли совиб, балиқ овлашга ҳам чиқмай қўйганди.
Мердон эшикни аста очиб, атрофга аланглаб олди-да, Нўъмонга сас берди:
– Ҳазратим, киринг, азиз меҳмоним бўлинг! – Меҳмонни ичкарига киритиб олгач, ҳаяжони зўридан бидирлади яна: – Сиз ҳеч хавотир олманг, бошингизни ортиқча саволлар билан оғритмайман. Истамасангиз, бу ерларга сизни қай бир ташвишлар ҳайдаб келганини ҳам сўраб ўтирмайман…
Бир дам ўтмай:
– Орзу! – дея хотинини чақирди.
Хўжайини овозига дарров етиб келган жувон столга тездагина дастурхон тузаб, ул-бул егулик билан қаҳва келтириб қўйди.
Нўъмон уй эгаси таклифига кўра столга келиб ўтирди-да, совуқ қотган қўлларида иссиққина қаҳвани тутиб, сукутда қолди. Орзу бўлса меҳмоннинг узун бармоқларига тикилиб, “довруғи оламга кетган одамнинг бармоқлари машшоқникидай намунча нозик бўлмаса!” деган ўйни хаёлидан ўтказди.
Яна бир нафас сукутдан сўнг Чалабижаҳон чўнтагидан соатини чиқариб қараб қўйди-да, ҳамон оғзини пойлаб турган мезбонларга юзланди:
– Мени Севастополга чақиришяпти…
Мердон илк бор Нўъмоннинг юзига ботиниб қаради:
– Севастополга етиб олишнинг ўзи бўладими ҳозир? Ҳамма ёқ алғов-далғов…
Қаҳвадан сўнг Нўъмоннинг ушук еган вужудига иссиқ киргандай бўлди. Сўнг яна бетоқатланиб соатига қаради.
– Ҳозир Качадан Севастополга ҳеч нарса қатнамай қўйган, – суҳбатга қўшилди Орзу. – Моторли бир қайиқ юриб турганди, униям матрослар мусодара қилишди. – Шуларни айтиб, эрига маъноли қараб қўйди.
– Ўзим сизни элтиб қўяман, ҳазратим, ташвиш тортманг, – деди Мердон ҳам хотини қарашларидаги “ҳазратга ёрдам берайлик” маъносини уқиб. – Соҳил бўйлаб қайиқда етиб оламиз.
Йўл олдидан дуойи фотиҳа қилиниб, иккиси бирин-кетин кулбадан чиқишди. Мердоннинг кўпдан бери қозиққа боғлаб қўйилган қайиғини итариб сувга туширишди. Балиқ ови билан рўзғорини бут қилишда кўп йиллар беминнат хизмат қилган эски қайиқда икковлон аста сузиб кетишди. Яхшики, денгиз бугун сокин эди, йўқса, алмисоқдан қолган бу тоғорада ҳоллари хароб бўлиши ҳеч гап эмасди.
Манзил томон бир маромда чайқалиб боришар экан, Нўъмоннинг кўз ўнгида намоён бўлган мудҳиш манзаралар дилига қайғу ва ғулу солар, дам-бадам сув бетига қалқиб чиқаётган ит-мушук, катта-кичик балиқлару денгиз қушлари мурдаларидан таралаётган қўланса ҳид Чалабижаҳон димоғига ўрнашиб, кўнглини алағда қилар эди.
Муфтий ҳазрат билан бир қайиқда сузиб бораётганига ҳалиям ишона олмаётган Мердон бўлса Нўъмонга ора-сира қараб қўяр, Қурултойда сўнгги бор кўришганларидан таниб бўлмас даражада ўзгариб кетганини ўзича хаёлидан ўтказиб борарди. Хотирига муҳрланиб қолган Нўъмоннинг тийрак кўзларидаги шижоатли чақинларни бошқа кўролмаётганидан балиқчи мунгли қайғуга чўмар эди.
Бир пайт хаёлларидан чалғиш учунми, эшаётган эшкагига ҳамоҳанг тарзда бир қўшиқ хиргойи қила бошлади Мердон:
Кельды дувурдан вапур, порткъа янашты,
Беклеп тургъан тувгъан – урув, зув-чув джылашты.
Биз вапургъа минген сонъ,копюрди денъиз.
Адымызни унутынъыз муаджир денъиз…
Ўз юртидан қувғин этилган қрим-татарлари асрлар давомида куйлаб келган маъюс бу сатрлар тобора Чалабижаҳоннинг ҳам дилини забт эта бошлади ва у ҳам беихтиёр хиргойига қўшилди.
Бир пайт ёнларидан шалоплаб ўтиб бораётган баржани кўриб, Мердон қўшиғидан тинди. Баржадаги одамлар қўлларида дурбин билан денгиз юзасини синчиклаб кузатишар, алланималарни илгак билан баржага тортиб чиқаришар эди. Навбатдаги ўлжадан ўзларида йўқ хохолаб кулаётган бу ғалати овчиларнинг ҳаракатлари Нўъмонни ҳам қизиқтириб қўйди. У ҳам Мердон каби қизиқсиниб ўрнидан турди. Тузукроқ разм солиб қарадию, кўзларига ишона олмай ҳайратдан донг қотди. Гап шунда эдики, баржадагилар сувга чўкиб кўпчиган одам мурдаларини тунашмоқда, уларнинг ўлжаси денгиз ҳайвонлари эмас, балки бўйнига тош бойланиб чўкдирилган одамлар эди!
Денгиз оқими қирғоқдан тобора узоқлаштириб кетаётган шўринг қургурларни аввало балиқлар обдон тановул қилишар, балиқлардан ортганини эса мана бу разил кимсалар шипшийдон қилишаётган эди. Жасадларнинг тилла тишларию соат ва кўзойнакларини, зобит бўлса – мундирининг мис тугмаси ва зарҳал погонларини юлиб-суғуриб, ўзларининг палид бисотларини қаппайтиришарди бу таловчилар.
Ушбу манфурликка гувоҳ бўлаётган Чалабижаҳон қалбида уйғонган ғалаённи сезиб, Мердон ҳам не қиларини билмай, юзини четга бурди.
Чалабижаҳон хаёлида ўз миллатдошларининг аччиқ қисмати жонланди: Туркиянинг омон-омон соҳилидан паноҳ излаб, ўз юртини ташлаб қочишга мустаҳиқ юртдошларининг қанчаси шу тарзда, денгиз пўртанасида жувонмарг кетган бўлса?..
Нўъмоннинг хаёлидан кечаётган ўйларни уққан каби, Мердон оҳиста сўзланди:
– Бизникилар балиқ овламай қўйишган. Худди ўз биродарларимиз этини егандек бўламиз. Бошимизга кулфат, зарар-заволлар келмасин-да ишқилиб…
X
Чалабижаҳон илк сўроққа доимги расмий либосида келганини кўриб, губерния комиссари Гавен таажжубда қолди. Редингот русумли қора костюм-у соат солишга мўлжалланган чўнтакчали камзул, костюмга мос тушган ингичка оқ ҳошияли шими бу жанобга жуда ярашиб турар, шунча йўл босиб келса ҳам бирор гард юқмаган тик ёқали, оппоқ қадама кўйлаги, капалак шаклли бўйинбоғи ҳам Нўъмоннинг ҳар ишда ҳафсалали эканидан дарак берарди.
Истанбул ва Петербургда таҳсил олган чоғларидан буён айнан шу зайл кийинишга ўрганган Чалабижаҳон бу одатини сира тарк этмаган эди.
Бутун қиёфасидан мағрурлик уфуриб турган бу одамнинг чеҳрасида ҳеч бир қўрқув аломати сезилмагани соқчи-матроснинг жаҳлини қўзғади. “Ҳой татар, қаерда турганингни билмаяпсанми?” деган пўписа билан Нўъмоннинг бошидан қалпоғини уриб туширмоқчи бўлганди, бошлиғи унинг шаштини қайтарди.
“Шахсан Гавеннинг ўзи сўроқ қилмоқчи, нуфузли одам шекилли…” – деб ўйлади матрос.
Латиш наслли Ян Эрнестович Дауман бошқа космополит-большевиклар қатори асил насабини ўзгартириб, Юрий Петрович Гавен деган ғалати исм-шарифни олган эди. Шу тобда Гавен столи тортмасидан Чалабижаҳон устидан йиғилган ҳужжатларни олиб, совуққон тарзда қатъийлик билан сўроқни бошламоқчи бўлди, аммо алғов-далғов замонда ҳам ҳатто кийиниш одатини тарк этмаган қаршисидаги кимсанинг хотиржамлигини кўриб, нима деярини билмай, каловланиб қолди.
Қонли жангларда неча бор мардонавор қатнашган Юрий Петрович ўзига юклатилган вазифаси тақозосига кўра шафқатсиз бўлишга мажбур эди. Устига устак, Землячка унинг ҳар бир қадамини хуфёна кузатиб тургандек бўлар, “Севастополь шаҳар большавойлари етакчиси Гавен инқилобий шижоатини бой бериб қўймадими?” қабилида ғойибона тергаб тургандек туюлар эди.
Землячка Қримга охирги марта ташрифи чоғида ёт унсурлар устидан олиб борилган тергов протоколлари ва чиқарилган ҳукмларни тафтишдан ўтказиб, Гавенни ландовурлик ва буржуазияга хос чиркин бағрикенгликда айблагани, охирида эса уни барча вазифаларидан бўшатиб, фронтга юбориш билан таҳдид қилгани Юрий Петровичнинг ҳали эсидан чиққан эмас. Ҳайриятки, уч ойлик синов муддати билан уни ўз ишида қолдирди. Кетар пайтида “Аблаҳ унсурларга ўқлар исроф этилмасин, ҳаммасини бирваракай денгизга чўктирилсин!” дея қатъий буйруғини эълон этди.
Чалабижаҳонга бермоқчи бўлган дастлабки саволини барибир хаёлида пишита олмаган Гавен, бошқа муҳим ишларини рўкач қилиб, матросга “ушбу жанобни ҳозирча тергов изоляторига жойлаб” туришини буюрди. Ўзи эса “мусулмон муфтийсига озроқ бўлса ҳам ҳурмат кўрсатган маъқул” дея хаёлидан ўтказди.
Чалабижаҳон устидан турли манбалар ёрдамида йиғилган маълумотлар – зимдан кузатув ҳисоботлари, ғанимларининг чақуви ҳамда Қурултой мажлисларида сўзлаган нутқларини ўрганиб, Гавен Қримда зўравонликларга чек қўйиш каби айрим масалаларда иккови якдил эканларини англади.
Тамаки бурқситиб хордиқ чиқараётган қизил аскарлар орасидан Чалабижаҳонни ҳибсхонага олиб бораётиб, матрос барибир ўзини тутиб туролмади – маҳбуснинг бошидаги чўгирмани жаҳл билан уриб туширди. Коридор бўйлаб ўтирган аскарларга қилган ишидан мамнун бўлиб қаради. Аммо шу пайт Нўъмоннинг амрона овозидан қалқиб тушди:
– Ҳозироқ ердан ол!
Маҳбусдан бундай журъатни асло кутмаган матрос шошиб қолди, тамаки тутатаётган аскарларга кўмак сўрагандай тикилди.
– Ердан ол, дедим сенга!
– Рудольф! – деб матросга юзланди аскарлар. – Қалпоқни бизга улоқтир, кулдон қилиб ишлатворамиз.
Ёзув машинкасида бир нималарни ёзиб ўтирган Гавеннинг ёрдамчиси коридорга мўралади. Бошлиқнинг хаёлини чалғитяпсанлар, дегандек матросга қараб, зўраки йўталиб қўйди. Ёрдамчининг норози қараши матросни ердаги чўгирмани олишга мажбур қилди, шунда ҳам, паканалиги панд бериб, иккинчи уринишда зўрға қалпоқни олиб Нўъмонга узатди. Бошқа аскарлар олдида калака бўлганидан бу матрос Чалабижаҳон билан бирга унинг қалпоғини ҳам ёмон кўриб қолди, “агар бошида чўгирмаси бўлмаса, лаънати бу татар ўзини бу қадар мағрур тутмас эди” деб ўйлади ўзича…
XI
Қоровулга Чалабижаҳондан зинҳор кўз узмаслигини тайинлаб, Рудольф милтиғини негадир бошқача меҳр билан силаб, ортига қайтди. Қоровул Нўъмонни камерага туртиб киргизди-да, устидан эшикни қулфлади. Ичкарига қадам қўйгани заҳоти Нўъмоннинг димоғига зах қўланса ҳиди урилди.
Қулоч ёйсанг, икки деворига қўл теккулик тор хонада салгина бўлса ҳам исиниб олиш илинжида у ёқдан бу ёққа бориб келар, ўзидан аввал бу ерда қаро қисматини кутиб ётган аллақайси бояқишлар деворларни тимдалаб, қатра қони билан битган ёзувларни бирма-бир ўқир эди: “Азиз Ватаним учун жон фидо қилмоқдаман”, “Подшо ҳазрати олийлари учун жоним қурбон бўлсин”, “Леокадия Петровна, онаси, мени кечиргин, болаларни асра”, “Маркс-Лениннинг рус қонини қийратган харомзодаси – Землячкадан интиқом олингиз!” Русча бу битиклар орасида қрим-татар тилида ҳам бир ёзув бор эди: “Жисми инсан бир фенердир, Акибет бир кунь сенердир”.
Қонунлар билимдони бўлган Чалабижаҳон “оқловчи беришармикан?”, деб хаёлидан ўтказдию, бу фикрининг бемаънилигини англаб, ўзича кулиб қўйди.
Камера бурчагидаги бир туйнукдан эшитилган шитир-шитир овоздан хаёли бўлинди – дам ўтмай тешикдан бир каламушнинг тумшуғи кўринди. Ўзи каби мўйловдор янги ҳамхонасини калака қилаётгандек каламуш ҳам икки томон диккайган тукларини қимирлатди. Бу каламуш сурбетроқ чиқиб қолди ёки Нўъмонгача ҳам бу ерда хонанишин бўлган одамлар, ўз тақдирига тан бериб, митти бу жониворга озор етказишни ўзларига эп кўрмаганиданми, эҳтимол эса урвоқлар билан сийлаб ўргатиб қўйишганмиди, ҳар тугул каламуш ҳеч бир ҳадиксиз янги қўноқ атрофида айланиб, орқа оёқчаларида турганча ҳавони обдон ҳидлаб кўрди. Ўзи кутган нарса содир бўлавермагач, яъни жониворга биров егулик узатмагач, зиқна бу одамдан ҳафсаласи сўндию, ғижинган кўйи шошилмай инига кириб кетди.
Чалабижаҳон шу заҳоти эгнидаги пиджакни ечиб, тешикни беркитиб қўйди, ичкаридан каламушнинг домангир чийиллагани эшитилди.
Баланддаги панжарали деразадан на ҳовли, на кўча кўринар, ташқи оламнинг на бир товуши қулоққа зинҳор эшитилмас… Дилгир бу гўшада ҳимоянг учун на бир оқловчи, мадори қуриган жисминг учун на бир бурда нону ва на бир қултум сув, ҳориган вужудни уйқу билан сийлашга на бир тўшакдан хомтама бўлинмас. Абгор бу шароитга кўникишдан ўзга чора йўқ эди – Нўъмон муздек ерга узала тушиб ётиб олақолди. Ётган заҳотиёқ толиққан танаси шунчалар оғирлашиб кетдики, худди бу зах ерга бутун борлиғи билан чирмашиб бораётгандай туюлди. Аммо туйнукка қистирилган кийимини талашиб-тортишиб кемиришни бошлаган каламушлар овозидан барибир ухлай олмади. Бу кийимнинг бояги зиқна эгаси ҳали тирикмикан, деган савол шу тобда каламушлар хаёлидан ўтаётган бўлса ажаб эмас.
Кўпдан бери туз тотмаган Нўъмоннинг қорни таталаб кетган бўлса ҳам, эшикни гурсиллатиб егулигу ичгулик зўрашни ғурури зўридан ўйлаб ҳам кўрмади.
Шу тарзда ётаркан, болалигида кечган айрим воқеалар ёди Истанбул бағрида ўтган ёшлик чоғлари хотиралари билан пайдар-пай алмашиниб, хаёлида дам-бадам жонланар эди. Мана, хаёлининг аллақайси олис пучмоқларидан дорилфунун мударриси Али Амир афандининг закий сиймоси сизиб чиқди. Мана, эски китоблар бозорида юраркан, мударрис Маҳмуд Қошғарий қаламига мансуб арабий “Девони луғотут-турк” қўлёзмасига тасодифан дуч келиб қолади. Рисоланинг кўҳна саҳифаларини меҳр ва қизиқиш билан варақлаётган кекса устознинг ёш боладек қувонганини бир кўрсангиз эди!
Али Амир афанди иқтидорли шогирди бўлган айнан Нўъмонга ушбу қўлёзмани усмонли туркчасига баҳамжиҳат ўгиришни таклиф этган, китобни чоп этиш масаласини Рифат Билга исмли арабшунос-ношир билан пишитиб ҳам қўйган эди…
Бу иш охирига етмай қолди, чунки бу дамда Чалабижаҳоннинг бутун хаёли Петербургда, мавжуд тартибларга қарши оёққа қалққан Петербург талабалари билан бирга эди…
Нўъмоннинг хаёли олис Истанбул ва Петербургдан яна тор ва совуқ бу ҳибсхонага қайтди. Маҳбусни бир бурда нону бир қултум сувга зор қилиб, очофат каламушлар билан ёлғиз қолдириш – аслида пухта ўйланган руҳий босим экани, дилгир бундай шароитга дош бера олмаган маҳбуснинг иродаси кўп ўтмай завол топиши тайин экани ҳақида ўйлади. Кўп ошиқма, – деди Нўъмон яна ўзига ўзи, – азоб-уқубатлар энди бошланаётир…
XII
Матрос Рудольф Чалабижаҳонни навбатдаги сўроқ-савол учун бошлиқ хонасига олиб кириши билан, маҳбуснинг бутун қиёфасидан алланечук кўринмас тўлқинлар таралаётгандек, Гавен бу гал ҳам қатъиятини йўқотиб, каловланиб қолди.
Уни муттасил хуфя назоратда тутиб тургувчи Розалия Землячканинг доимо уқдирадиган “собиқларнинг барчаси тарих чиқиндисидир, уларга зинҳор раҳм-шафқат раво кўрилмасин” қабилидаги сўзлари ёдига тушиб, Юрий Петрович ўзини дарҳол ростлаб олди.
Борлиғидан ҳамиша қатъият ёғилиб турадиган латиш командири мана бу маҳбус олдида тараддудда қолганини ёрдамчиси ҳам яққол сезди.
Гавен стол устидаги делони варақлай бошлади. “Ўзингни жиддий иш билан машғул кўрсатиб, делони титаверганинг билан – бари беҳуда, – деб хаёлидан кечирди ёрдамчиси ўзича ижирғаниб. – Бу татар барибир тарихнинг яна бир чиқиндиси, холос…”
Гавен Чалабижаҳонга жой кўрсатиб, сўроқни бошлаймиз дегандай ёрдамчисига ишора қилди.
– Исм-шарифингиз?
– Нўъмон Чалабижаҳон.
– Касб-корингиз?
– Қрим, Украина, Литва ва Польша мусулмонлари муфтийсиман, – деди Нўъмон ичидан жўшиб келаётган титроқни сездирмасликка тиришиб.
– Талабалик даврингиздаёқ аксилдавлат фаолиятини бошлагансиз. Жаъфар Сейдамет билан ўзаро тил бириктириб, “Қрим-татар талаба ёшлари жамияти”га асос солгансиз… Дарвоқе, Сейдамет ҳозир қаерда бўлса? Дўсту биродарлар орасида сир бўлмаса керак? Қиёматли дўстингиз қаерга қочиб кетгани сизга маълум-ку, тўғрими?
– Бундан хабарим йўқ, – деди Нўъмон чўрт кесиб. – У қочиб кетганида мен Қримнинг бошқа тарафида эдим.
– Агар буни билсангиз, бизга айтган бўлармидингиз? – муғомбирлик билан савол ташлади Гавен. – Тергов билан ҳамкорлик қилиш айбни енгиллаштириши, баъзи ҳолларда эса бутунлай авф этилишга сабаб бўлиши сизга яхши маълум, деб ўйлайман…
– Бу масалада “агар”, “мабодо” деган нарсалар кетмайди. Агар ерга метеорит қулаганида эди, башарият тарихи мутлақо ўзга ўзандан кетган бўлар эди, деган каби кулгули сизнинг гапларингиз. Шунда турли инқилоб ва қўзғолонларга ҳам ҳожат қолмас эди, демоқчи бўляпсиз.
Нўъмоннинг ҳар бир сўзини машинкасида чиққиллатиб ёзиб ўтирган котиб “жудаям ақлли экан, ярамас” дея хаёлидан ўтказиб қўйди.
Гавен навбатдаги саволини ўйлаб, тек туриб қолди.
– Майли, – деди у ниҳоят, – ундай бўлса, ўша қочоқ дўстингизнинг қариношларини танирсиз, ахир? Сейдамет билан оилавий борди-келдингиз бор эди. Яна бир яхшилаб ўйлаб кўринг – биз билан ҳамкорлик қилсангиз, ўзингизга яхши бўлади…
– Тергов билан келишувга бориш даражасида ўзимни айбдор деб билмайман! – кескин сўзланди Нўъмон. – Шу пайтга қадар неки қилган бўлсам, барчасини халқимнинг хоҳиш-иродаси билан амалга оширдим…
Қаршисида ўтирган қайсар Чалабижаҳон билан иккови ўртасидаги бу каби сўроқ-саволдан аслида ҳеч бир маъно ва наф чиқмаслигини Гавен яхши англаб турар, Землячканинг қатъий талаби бўлмаса эди, Нўъмонни аллақачон қўйиб юборган бўларди.
– Дарвоқе, фаолиятингизнинг яна айрим жиҳатларига эътибор қаратайлик, – деди Гавен истамайгина. – Миллатчи Сейдаметга қарши тура олиш мақсадида сиз ўртоқ Фирдавс етакчилигидаги коммунистлар билан ўзаро иттифоқ тузишни ҳам кўзлаган эдингиз. Сиёсий ғўрлигингиз сабабиданми ва ёки беқарор табиатингиз таъсиридами, ҳарқалай, сиз ҳамиша бир лагердан бошқасига сакраб юрдингиз. – Гавен бу сафар Нўъмонга синчиклаб қаради ва у биргина камзулда юпун ўтирганига энди эътибор қилди. Маҳбус қимматли костюмини каламушлар зиёфатига қолдирганидан у бехабар эди. – Сизнинг бўлгинчи-ҳамкорларингиз – Халил Чапчакчи, Амет-афанди Ўзенбошли, Сеит-Жалол Ҳаттотов ва энг муҳими, сиз кўп ардоқлаган Али Боданинский ҳам бизнинг сафларимизга келиб қўшилишди. Мен номларини зикр қилиб ўтган ушбу тарихчи олимлар, шоиру маърифатпарварлар, бир сўз билан айтганда, Қрим-татар жамиятининг энг сара намоёндалари фақат ва фақат большевикларгина Қирим учун ёрқин келажак барпо эта олишларини, мазлум ва йўқсиллар учун чинакам ҳурлик ва фаровонлик эшикларини айнан ленинчи-коммунистлар очажакларини англаб етдилар…
Гавенни тинглар экан, Қрим тақдирини ҳал этиш учун бу ерга юборилган аввалги амалдорлардан фарқли тарзда, у Қурултой фаоллари исмларини маҳаллий туркий талаффузда бирма-бир тиниқ санаб ўтаётганига эътибор қилди.
Ўз навбатида Нўъмон ҳам комиссарга ичидагини очиқ-ойдин сўзлади:
– Сиз большевиклар Қримга тинчлик ва дўстлик ниятида ташриф буюрасизлар, деб ўйлагандик дастлабида. Аммо, таассуфки, сизлар бегуноҳ қрим-татар, рус, украин ва грекларни қатли ом қилиб, юртимизга у бахтиқаролар жасадлари оша кириб келдингиз. Собиқ маслакдош-дўстларимга келсак, сизлар билан ҳамкорлик қилишга ундаган сабаблар фақат уларнинг ўзига аён. Сиз айтгандек, ҳали ёш ва ғўр бўлишимга қарамай, камина англаб етганимдек, ушбу қарорлар хато эканини улар ҳам тез орада тушуниб олишади.
– Ғўр бўлсам ҳам шоирона савқи табиий ёрдамида англаб етдим буни, демоқчисиз-да? – кесатди Гавен. – Аммо бир масалада бизга барибир ёрдам беришингизга тўғри келади. Сизга хиёнат қилган Жаъфар Сейдаметга тааллуқли масалада…
Шундагина Чалабижаҳонга ҳаммаси ойдинлашди. Ҳали Оқмачитда эканидаёқ Велижон сўзлаб берган Сейдаметнинг ақраболари ҳақида сўз бормоқда эди…
– Сизга бу масалада ҳам ёрдам бера олмайман, – деди Нўъмон бир нафас сукутдан сўнг.
Гавен Нўъмоннинг самимий ва айни пайтда қароридан зинҳор қайтмаслиги англашилиб турган сўзларини тинглаётиб, “Бу жанобни озод қилиб юборсам бўлмасмикан-а?” деб ўйлади. Аммо Чалабижаҳон Землячканинг қора рўйхатида эканини эслаб, хаёлидан кечган фикридан қўрқиб кетди.
– Дунёни ўзгартиришни ният қилганларнинг қисмати не кечиши ҳеч кимга аён эмас, – деди ўзига ўзи сўйлаётган каби Гавен.
Гавен яна нимадир демоқчи эди, аммо эшик ортида соқчиликда турган матрос Рудольфнинг ҳайқириғи уни зумда сергак торттирди: “Бой-баба тачанкада елиб келмоқда!” Аскарлар орасида шу лақаб билан машҳур Землячка ташриф буюрганини англаган Гавеннинг юзларидан қони қочиб, Чалабижаҳоннинг беайб экани ҳақида ҳозиргина ўйлаб турган хатарли фикрларини ҳайдаб солди…
XIII
Камерасига қайтиб келган Чалабижаҳон зах ерга увадаси чиқиб кетган эски матрас ташлаб қўйилганини кўрди. Бутун вужудида яна қайта билинган чарчоқ зўридан матрасга чўзилди-ю, бегона одамларнинг ачиқимтил ҳидидан кўнгли алағда бўлди.
Ҳибсхонанинг дилгир сукунатини девор ортидан эшитилаётган саслар бузди. Аввалига каламушлар яна тўполонини бошладими, деб ўйлади. Тешикка тиқилган пиджакини олиб, диққат билан қулоқ тутди. Афтидан, бошқа маҳбусларни кузатиш билан овора каламушлар оғзи очилган туйнукдан бу томонга чиқиб келишмади. Нариги тарафдан кимдир яна деворни қитирлатди. Қўшни камерадан ўз она тилида узуқ-юлуқ сўзлар эшитилиб турар, аммо Нўъмон гап нима ҳақида эканини илғай олмади. Фақат она алласидай қулоғига хуш ёқаётган ўз забонининг қадрдон талаффузидан дили ёришиб, ухлаб қолганини сезмади.
Камера эшигининг кутилмаганда шарақлаб очилишидан уйғониб кетди. Қарашларида нафрат билан нохуш бир қувлик яққол билиниб турган матрос Чалабижаҳонни қўшни хонага етаклади.
Нимқоронғу камерада Гавен билан яна бир аёл бор эди. У ёқдан бу ёққа бориб келаётган бу аёлнинг чўзинчоқ юзлари, орқага силлиқ таралган сочларию нафрат чақинлари муҳрланган кўзларида аёлларга хос жозиба сезилмас, асабий тарзда қийшайиб қолган лабларидан эса ҳар сонияда энг палид сўзлар отилиб чиқишини кутса бўларди.
– Розалия Самойловна, – деди Гавен аёлга Чалабижаҳонни кўрсатиб, – мана бу маҳбус уларни таниб бера олади.
– Яхши, ажойиб! – деди Землячка Нўъмонга калондимоғ назар ташлаб. – Унда юзлаштирувни бошлаймиз.
Гавен энди Нўъмонга мурожаат қилди:
– Қаршингизда турган мана бу татарларни танияпсизми? Улар Жаъфар Сейдаметнинг қариндошлари, тўғрими? Аввалги айтганларимни яна эслатиб қўймоқчиман – агар биз билан ҳамкорлик қилиб, буларнинг Сейдамет яқинлари эканини тасдиқлаб берсангиз, сизни жазодан озод этишимиз мумкин…
Нўъмон қаршисида титраб-қақшаб турган қария билан унинг қизига тикилиб қолди. Қонталаш юзларию мадорсизликдан базўр оёқда турганларидан аёвсиз қийноққа тутилганлари билиниб турган икков миллатдошининг аҳволини кўриб, ичида бир ғалаён қўзғолди. Ҳа, Нўъмон буларни яхши танийди. Бир пайтлар Сейдаметнинг қишлоғида Хидирлиз байрамини нишонлаш учун барча яқинлари жамулжам бўлган катта давра шу онда хаёлида жонланди. Ўшанда бу икков бояқишни ҳам Нўъмонга таништиришган, булар Жаъфарнинг Буюк Онлар деган қишлоқда яшовчи хешлари эканини айтишганди.
Бир-бирларига унсиз тикилиб қолган миллатдошларнинг бу алфоз туриши негадир Рудольфнинг ғазабини қўзғотди. У чол билан жувон бошидан дўпписини бир уриб туширди-да:
– Мана энди бир-бирини танишлари осонроқ бўлади, – деди тиржайиб.
Ҳа, Нўъмон ҳар иккисини танийди, улар Сейдаметнинг ақраболари эканини ҳам билади. Аммо мана бу аблаҳларга бу ҳақида зинҳор оғиз очмас!
– Булар сиз ўйлаётган одамлар эмас, Сейдаметга мутлақо бегона, – деди зарда билан.
Бунга жавобан Землячканинг буйруғи янгради:
– Ҳой татар, ундай бўлса, ўнг қўлингни бир оз юқори кўтаргин-чи!
Нўъмон қўлини кўтариши ҳамон Землячка маузеридан ўқ узди.
– Эндиям эсламай кўр-чи!
Ўқ теккан қўлидан бошланган чидамсиз оғриқ зўридан Нўъмон букчайиб қолди. Соқчи-матрос кела солиб, унинг елкасидан даст кўтариб турғазди-да, туртиб-суртиб камерасига олиб кетди.
Ортидан эшик яна шарақлаб ёпилгач, Нўъмон кўйлагини ечиб, мажоли етгунча қўлини маҳкам қисиб боғладию, кўз олди қоронғулашиб, ўрнига чўзилиб қолди. Бир пайт қўшни камера томондан туйнук орқали бояги чолнинг саси эшитилди:
– Ҳазратим, ва-Ллаху ҳойрун ҳафизав ва-ҳувва арҳаму р-роҳимийн!
Нўъмон ўрнидан қўзғолиб ўтирди ва девордаги битикларга тикилди. Биринчи кун кўзи тушган ёзув шу тобда азобларда қолган юрагига малҳам бўлиб ўрнашди: “Жисми инсан бир фенердир, Акибет бир кунь сенердир!”
Сиқиб боғланганига қарамасдан ярасидан тинмай оқаётган қон ҳамма ёқни қизилга бўяди. Чалабижаҳон қонталаш бармоғи билан бояги ёзув остига шу онда хаёлида қофиялашган сатрларни бита бошлади:
Ант эткенмен, миллетимнинъ ярасыны сармагьа,
Насыл болсун бу заваллы къардашларым чюрюсин?
Онлар ичюн окюнмесем, къайгьурмасам, яшасам,
Юрегимде къара къанлар къайнамасын, къурусын!
Ант эткенмен, шу къарангъы юрткъа шавле серпмеге,
Насыл болсун ики къардаш бир-бирини корьмесин?
Буны корип бувсанмасам, мугъаймасам, янмасам,
Козьлеримден акъкъан яшлар дерья – денъиз къан болсун!
Ант эткенмен, сёз бергенмен миллет ичюн ольмеге,
Билип, корип миллетимнинъ козьяшыны сильмеге.
Бильмий, корьмий бинъ яшасам, Къурултайлы хан болсам,
Йине бир кунь мезарджылар келир мени коммеге.
Қонли сатрлар шу заҳотининг ўзида девор юзасида қотиб қолар, келгуси авлодлар сари йўналган ушбу қасамёд сўзлари миллат ҳурлиги учун шаҳид кетган барча фидойи ойдинларнинг сўнгги ва қатъий аҳди бўлиб мангуга муҳрланар эди.
XIV
Қиш оёқлаб, табиатда баҳорнинг илк дараклари билина бошлаган февраль ойининг 23-куни кутилмаганда қуёш чарақлаб чиқди. Қуёшнинг қийрахон нурлари сийрак булутлар бағрини тилка-пора қилиб ўзига шаҳдам йўл очар, қора кўланкаларни тафти билан беомон эритиб, атрофда ёруғ кунларни батамом барқарор этмоқчи бўлиб тиришар эди. Қора қишнинг зимистон кунларидан руҳи толиқиб, мана энди, ниҳоят, ёруғликка чиқа бошлаган ҳар қандай кимса қалбини шоду хуррам этиши лозим бўлган шукуҳли бу тонг, билъакс, негадир Землячканинг дилига ғулу солиб, миясида чидамсиз оғриқ уйғотган эди. Инқилобий бурчини кундузлари ошиғич адо этиб, айблию айбсиз не-не бандаларнинг ёстиғини қуритишга муккасидан кетган, юз-у кўзларидан аёллик жозибасининг урвоғини ҳам топиш амримаҳол бўлган бу хотин тунлари базўр бир зумгина мизғиб олар, шунда ҳам бедор шуури навбатдаги инқилобий режалар хаёли билан муттасил машғул бўлар эди.
Тунов куни Демьян Бедний имзоси остида газетада чоп этилгану айнан шу хонимга аталган мадҳия ашъор ҳам тошбағир Землячка дардларини аритиб, лабларида табассум пайдо қила олмади:
“От канцелярщины и спячки,
Что б оградить себя вполне,
Портрет товарища Землячки повесь,
приятель, на стене…
Бродя потом по кабинету,
Молись, что ты пока узнал
Землячку только по портрету:
Сто раз грозней оригинал…
Газетани бурчакка улоқтириб, даст ўрнидан туриб кетди. Боя айтганимиздек, аёллик хусусиятларини тамоман йўқотиб бўлган бу кимса кўпдан бери ўзига оро бермас, бошқа ҳамжинслари каби лабларига бўёқ суртиш тугул исми-расмига бўлса ҳам атир-упа ишлатишни мутлақо инкор этарди. Парваришдан мосуво юз-қўллари дағаллашиб қорайган, умр бўйи оғир меҳнатдан бўшамаган қишлоқи жувонларники каби қўллари ҳам чатнаб ёрилиб кетганди.
Сартарошларга ишонмаганидан сочини ҳам ўзи қайчилаб турар, нотекис калталанган сочларини орқага силлиқ тараб юришни одат қилганди. Ҳар қандай бидъатларни инкор этувчи даҳрийлар фирқасининг фаол аъзоси бўлишига қарамасдан, Землячканинг жуда ғалати одати бор эди. Кесилган сочларини у ҳеч қачон улоқтириб юбормас, аксинча, бир қутига авайлаб тахларди-да, комиссар сумкасига солиб, доимо ёнида олиб юрарди. Аслида қарама-қарши икки хил эътиқод унинг қалбига шу тариқа қувват бағишлар, бунинг бири улуғ инқилобнинг поклантирувчи қудрати бўлса, бошқаси – соҳибасини кулфатлардан асрагувчи ўз сочларининг фусункор қуввати.
Ташқарида қўзғолган шамол пулемёт ўрнатилган дераза тавақаларини шитоб билан очиб юборди. Бинонинг ташқарию ичкарисида саф-саф қўриқчилари бўлишига қарамасдан, озгина шовқин эшитилиши билан Землячка дарҳол мана шу пулемётга ошиқар, худди атрофини душманлар қуршаб олаётгандек, бешафқат олишувга бир зумда шайланиб олар эди. Пулемётга энгашиб турган шу ҳолатида бу комиссар хотин ажалэлтар қуролга бутун вужуди билан чирмашиб кетган каби кўринар эди.
Бу сафар кўча тарафдан машина моторининг овози эшитилди. Инқилобчи матросларнинг жанговар кўригида ҳозир бўлиши учун уни олиб кетгани Гавен келаётганини тусмоллади.
Бир оздан сўнг машинага ўтираётиб, Гавенга савол ташлади:
– Татарлар нима бўлди, бир-бирини танишдими охири?
– Йўқ, улардан ҳеч вақо суғуриб ололмадик… – деди Гавен ва комиссар хотиннинг серзарда нигоҳларидан кўзларини олиб қочди.
– Ҳаммасини гумдон қил! Ҳозироқ!
Кўрикдан қайтиб келган Гавен оғир ўйлар исканжасида қолди. “Учовиниям ҳибсдан озод қилиб юборсам нима бўлади?..” деган ўй келди яна хаёлига. Аммо яна нечанчи бор бу фикрни яна ҳайдаб солди: “Унда ўзинг ҳам омон қолмайсан!”
Шу пайт эшик очилиб, Рудольфнинг такаббур башараси кўринди.
– Татарларни гумдон қиламизми? “Бой-баба” буйруқ бердими? – сўради матрос астойдил умидвор бўлиб.
– Ҳа, шундай буйруқ бўлди… – дедию Гавен кўнглида кечаётган ғалаённи сездирмаслик учун дераза томонга юзини бурди.
XV
Чалабижаҳоннинг тайинлаганига қарамасдан, қайиқчи Мердон уч кун унинг йўлини пойлади. Кутувнинг учинчи куни бирин-кетин уч кишини – Нўъмон билан Сейдаметнинг қариндошларини соҳил яқинида турган баржага туртиб-суртиб олиб чиқишаётганини кўрди. Бир матрос (худди ўша Рудольф) бечораларнинг бўйнига осилган оғир тошларни бирма-бир силтаб текшириб кўрди. Сўнгра баржадан лангар кўтарилиб, очиқ денгиз томон оҳиста сузиб кетди.
Соҳилдан бирор чақирим олислаган кема сузишдан тўхтади. Кўп ўтмай матрос маҳкумларни яна бирин-кетин денгизга улоқтира бошлади…
Дарров денгизга ғарқ бўлмасдан, сув юзасида қалқиб турган Чалабижаҳон ва қария билан қизининг сўнгги нафасда жон талашишлари матроснинг қаҳрини қўзғотди ва у ҳукмни тўла-тўкис ижро этиш ишқида маузерини қўлига олиб, ажал билан олишаётган бечораларни мўлжаллаганча, уч карра ўқ узди. Вазифасини маромига етказиб адо этган Рудольф соҳил томон қайтишга буйруқ берди.
Баржа нари сузиб кетиши билан Мердон ҳам шитоб билан қайиғига ўтириб, жонҳолатда эшкак эша бошлади. Ҳозиргина одамлар чўкдирилган жойга етиб келиб, бирортаси тирик қолдимикан, деган умидда сув тубларига талваса ичра тикилди, тикилаверди. Аммо, не кулфатки, бахтиқаро миллатдошларининг бирортаси омон қолмаган, қон ҳидини туйган ўлаксахўр балиқларгина сув юзасида ғужғон ўйнашар эди.
Қалбини адоқсиз ғам-ғусса чулғаган Мердон ноилож қирғоққа қайтди. Қумлоқ соҳилга бемадор юзтубан қуладию юрагидан, юрагининг туб ичларидан Яратганга илтижо отилиб чиқди:
– Ё Оллоҳим, сендан биргина сўрорим бор. Золимлар дастида завол топган шаҳид бандаларинг жойини жаннат боқчаларингдан айлагил!..
2015 йил
Рус тилидан Шарифжон Аҳмад таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 7-сон