Бир замонлар шаҳарнинг чеккароқ маҳалласида яшовчи боғдор Мустафоқул исмли мулла киши ёши қайтгандан кейин бирданига ўзини шоир эълон қилиб, Ҳангомий тахаллуси билан пойма-пой ғазаллар тўқий бошлади.
Боғда кетмон чопиб ёки токни хомток қилиб турганда илҳом келиб қолар, кетмонни у ёққа, ток қайчини бу ёққа улоқтириб супадаги қалам-даввотга югурар, дам шоша-шоша ёзар, дам хаёл дарёсига ғарқ бўлиб, осмонга қараганча туриб қолар, дам диққату, дам данак топиб олган жиннидек оғзи қулоғида.
Эрининг бу кайфиятидан фиғони чиққан хотин, эрининг чала қолдирган ишини давом эттириб туриб, ғудиллайди:
— Шаерлигингиз қурсин! На меҳнатингизда барака ва на овқатингизда маза!.. Қариганда шаерликка бало бормиди! Кошки бундай одам эшитганда ҳузур қилиб, қулоқ соладиган шиғир бўлса!.. Бошдан-оёқ чалама-чакки гаплар!..
Хотинининг ғудиллашидан энсаси қотган Ҳангомий, қаламни зарда билан хонтахтага ташлаб, уни койий бошлайди:
— Ҳой, эси паст!.. Жаврай бериб, илҳом парисини қочириб юбординг-ку!.. Тушунмаганингдан кейин жимгина юра бермайсанми?.. Астағфирулло!
Битта ғазални охирига етказгандан кейин, уни ўқиб бериб, ҳордиғини чиқариш учун «заршунос» шинаванда истаб, гузарга йўрғалаб қолади. Ҳангомийдан юрак олдириб қолган ҳаммаҳалла ношинавандалар бир-бирларини туртиб, «Ҳангомий шеър олиб келяпти!..» дейишиб қўйишар ва тезроқ тарқалиш тадорикини мўлжаллашарди.
Бу ўтирганлар орасидан ҳазил-мутойибага ўч, шумроқлари ҳам топилиб қолар, у одам Ҳангомийга чой узатиб, дафъатан шеърдан сўз бошлар эди:
— Домла Ҳангомий, бугун кечикиб қолдингизми?.. Янгиларидан борми, тақсир?.. Шинавандалар тўпланишиб, чиқишингизни кута-кута, йўлингизга кўзларимиз тўрт бўлди!..
Ҳангомий бу сўзга чиппа-чин ишонар, пиёлани кигизга қўйиб, ёнидан ғазални олишга шошилар, бир қўлида чўққи соқолини тутамлаб туриб, чўкка тушиб олиб, ўэига хос оҳангда ўқишга бошлар:
«Камоли жилвагоҳинг ар-арий сарви суман пайдо,
Даҳони кавсарингга шар-шарий васфи чаман шайдо.
Тамоми анбиёлар маркаби васфинг суворидир,
Тамоми ағниёлар шуҳратинг қошида вовайло.
Қудуминг шарпасидан сурмагардир ҳуру ғулмонлар,
Улуминг супрасидан гар насибдир луқмаи ҳалво.
Жунун бозорида кездим сани истарда Ҳангомий,
Қади ёқут, юзи ар-ар, кўзи ой, сўзлари шаҳло!..»
Ҳангомий унисини буклаб ёнига солди, иккинчи чўнтакдан бунисини олаётганда одамлар аста-секин туриб, тарқала бошладилар. Бу аҳволдан хуноби ошган Ҳангомий уйига жўнади ва уйига етгунча жавраб, койиниб, бўғилиб борди:
— Сенларни одам деб, ғазалхонлик бошласаму, сенлар вужудни қулоқ қилиб тинглаб, ҳузур қилиш ўрнига, боз устига мендек катта шоирнинг юзи хотиримни қилмай, жўнаб қолсанглар!.. Аҳ!.. Эсизгина шеър лаззати-ю, менинг қиймат вақтим!..
Ҳаммаҳаллаларидан аразлаган Ҳангомий кўчага чиқишни тарк қилиб, хотини нон ёпаётган бўлса тандир бошида, кир юваётган бўлса, тоғора ёнида чўнқайиб, бирин-кетин шеър ўқир, аммо хотини тушмагур бир бор бўлса ҳам эрининг кўнгли учун таъсирланиб, бошини қимирлатмас, аксинча, койиб, бундай деб ғўлдирар эди:
«— Шу шеърхонлик ўрнига менга қарашиб юборсангиз-ку, тезроқ бўлиб олар эдим! Биласизки, мен шеърга тушунмайман, бунга ҳушим ҳам йўқ! Унинг устига-устак, нима ҳақида ёзганингизни англаб бўлмайди!..
Хотиндан шеър тўғрисида уч-тўрт бор дакки еган Ҳангомий юрагини бўшатиб қайтиш ниятида бир кекса шоир-боғдор оғайниси ёнига жўнади. Кириб борса, кекса шоирнинг боғида кекса-ю, ёшлар гавжум, ёшлар хизмат қилмоқдалар, кексалар ўтириб, тебраниб, тиззаларига уриб шоирдан шеър тингламоқдалар.
Шеърхонлик тугаб, шинаванда одамлар тарқалгандан кейин Ҳангомий кекса шоир оғайнисидан сўради:
— Сизнинг ҳаммаҳаллаларингиз шеърга тушунадиган одамлар бўлса керак, а?!
— Мен, оддий, ҳаммаҳаллаларим тушунадиган шеър ёзаман, содда тил билан муҳаббатни, меҳнатни улуғлайман, уни эшитиб кетиш учун мени йўқлаб ўзлари кириб келадилар, мен уларни истаб юрмайман!..
Ҳангомийга бу ҳаққоний сўзлар мақтанчоқликка ўхшаб туюлди, юраги кўтармай, тезроқ жўнади, уйига етгунча яна ғўлдираб борди:
— Ҳамма ҳам тушуна берса, орасида тумтароқ иборалари бўлмаса, содда тилда, осон иборалар билан ёзилган бўлса, шеър бўптими? Шеър деган қийин, одамларни ҳайратда қолдирадиган бўлиши керак!..
Шеърга тушунмайдиган, авом ҳаммаҳаллалари, қолаберса ўз хотинидан куйган Ҳангомий аламини ичига юта-юта, касал бўлиб ётиб қолди, бундан хабар топган ҳаммаҳаллалар табиб бошлаб кирдилар, табиб узоқ томир кўриб, дардни аниқлай олмагандан кейин, ётиб қолиш сабабларини билишга қизиқди, суриштирди, аниқлади, одамларни чиқариб юбориб, домла Ҳангомийга илтимос қила бошлади:
— Камина ўзим табиб бўлсам ҳам, шеър шинавандасиман! Жанобингизнинг шоирлик довруғингизни кўпдан эшитиб юрган бўлсам ҳам, келиб суҳбатингизни топиш, шеърларингизни эшитиб, баҳраманд бўлиш менга кўпдан муяссар бўлмас эди! Мумкин бўлса, шеър ўқиб берсангиз…
Бу гапни эшитган Ҳангомийнинг дарди енгиллашди, кўзлари ярқ этиб очилиб, ёстиқ остидаги шеърга қўл югуртирди ва уни ётган ерида ўқий бошлади, табиб гўё бутун вужудини қулоқ қилиб жони дили билан тинглашга тушди, бошини тинимсиз ликанглатиб, беихтиёр тиззасига урди ва баъзан оҳ тортиб, енг учида кўз ёшини артган бўлди, баъзи сатрларни такрор ўқишга шаирни мажбур қилди, сўнг соатига қараб, бундай деди:
— Менга қолса, кечгача ёнингиздан жилмай шеър тинглар эдиму, соат тўртда бир оғир касалга боришим ўртага тушиб қолди. Саломатлик суҳбат боқи, эртага яна келаман!..
Табиб эртаси келиб, Ҳангомийни кўрпа устида эмас, эшик олдида қўлида бир даста қоғоз билан, муштоқликда кутаётган ҳолда учратди. У кириб, яна шеър тинглади, кетар пайтида табиб ўз фикру мулоҳазаларини айтди:
— Сизнинг касалингиз учун дори-дармон керак эмас, фақат сиз шеър ўқиганингизда рўпарангизда доим чайқалиб, ликанглаб шеърингизни маъқуллаб турадиган биттагина бекорчи бош керак! Аммо бу бош одам боши ёки бошқа бош бўлишининг аҳамияти йўқ, номига бош бўлса бўлди! Сиз шеър ўқиганингизда у доим ликанглаб тура берса, иншоолло, сизда ҳеч қандай носоғликдан асар қолмайди!..
Ҳангомийга табибнинг ҳозиқона, оқилона маслаҳати жуда манзур бўлиб, эртасига қандай бўлмасин, бир қимирлаб турадиган бошни исташга тушди. Бундай қимирлаб, тасдиқлаб турадиган бошни маҳалладан топишга ақли бовар қилмагандан кейин, Ҳангомий шаҳардан четроққа чиқиб истади, юра-юра, баногоҳ бир чакалакзорда боғлиқ турган қўтир эчкига кўзи тушди.
Эчки боғланган ерида типпа-тик анқайганча, узоқдан кўрикиб турган пастқам эшикка қараб, тинимсиз бош қимирлатиб турар эди. Чунки бу кекса қўтир эчки бир касалманд, асабий кампирнинг эчкиси бўлиб, эчки ҳам ўзидек асабий!..
Ҳангомийга унинг тинимсиз бош ликанглатиши жуда ёқди, эчкининг қаршисида чўкка тушиб ўтириб олиб, ҳамма шеърларни бир бошдан ўқишга киришди, эчки ҳам бир оҳангда бош қимирлатиб, шеърларни жуда маъқуллар эди ва гоҳ-гоҳ пашша қўнган туёғини ерга қаттиқ уриб қўяр, унинг бу туёқ қоқиши худди табибнинг тиззасига уриб, такрор ўқилишини илтимос қилганига ўхшаб кетиб, Ҳангомий ўша сатрни қайтиб ўқир эди.
Ҳангомийнинг тинкаси қуриб, бўғзи қуруқшади, ариқдан сув ичиб, белидаги нондан синдириб кавшанди ва бир бурдасини эчкига берди. Ўшанда ҳам эчки тўхтовсиз бош қимирлатар эди.
«Шинаванда» эчкининг бу қадар шеърга «ўч», «заршунос»лигидан қувониб кетган Ҳангомий унинг жунларидан силаб туриб бундай деди:
— Тасанно, мавлоно эчкий!.. Менинг шеър ўқишим сенга шунчалик зўр таъсир кўрсатгани шундан маълумки, ҳатто мен ўқишни тўхтатсам ҳам сенинг бош қимирлатишинг тўхтамаяпти! Шундан маълумки, шеърхонликни ҳар куни давом эттирсак ҳам сенга малол келмайди!..