Ҳоким ўзи туғилиб ўсган қишлоқдан отлиқ сипоҳлари билан ўтиб бора туриб, таъзимга эгилган деҳқонлар орасида ёшлигида, йигитлик даврларида бирга бўлган оғайнисини кўрди ва уни ёнига чақириб, ҳол-аҳволини суриштирди:
— Ҳолинг қалай, қийналганинг йўқми?
— Ҳолимни кўриб турибсан, тўн минг ямоқ, меҳнатга тоқатим йўқ, бола-чақаликман, деҳқонлар орасида ҳурматим яхши эмас!..
— Ундай бўлса, мен билан кет, ўзингга яраша кичикроқ амал бераман, жой бераман, от миндириб қўяман!
Ҳокимнинг оғайниси бу таклифни бош чайқаб рад этди ва ҳокимнинг қулоғига ўз истагини изҳор қилди:
— Йигитлик даврларимни сен билан кечалари ўғрилик, йўлтўсарлик-қароқчиликда ўтказиб, сен ишингни боплаб кетдингу, мен қишлоқда «ўғри» номи билан танилиб, халқ назаридан узоқда қимтиниб ҳаёт кечириш билан кексайдим, тўйда ҳам, азада ҳам доим пойгада қоламан!..
Буни эшитган ҳоким, ҳамон таъзимга эгилганча турган деҳқонларга ғазаб билан кўз ташлаб, оғайнисига аста мурожаат қилди:
— Сени «ўғри!» деб қишлоқда камситаётганлардан бир-иккисининг номини айт? Мен ҳозир уларнинг таъзирини бериб қўяман!..
Ҳокимнинг оғайниси кулимсираб, яна бош чайқади:
— Йигитлик чоғларингда ҳам ҳовлиқма, ўпкаси йўқ, ғўрроқ эдинг, кексайсанг ҳам бу қилиғинг қолмабди! Бир-иккисининг таъзирини бериб, сен жўнаб кетасану, мен тағин шу одамлар билан қоламан! Ана ундан кейин кўр! Ўғрилик доғи камлик қилгандай, ундан кейин чақимчи ҳам бўламан!
Менинг сендан илтимосим шу! Ҳар ўтганингда мени йўқла, ёнингга келганимда елкамга уриб, қулоғимга ёшликдаги сўкишларинг билан сўк, сўнг ўз йўлингга кетабер! Бу томонини ўзим биламан!
Ҳоким кулиб, оғайнисининг елкасига қоқди ва эски сўкишларини унинг қулоғига такрорлади-ю, отига қамчи босиб жўнади, деҳқонлар ҳокимнинг оғайнисини ўртага олиб, сўрадилар.
— Ҳоким елкангизга қоқиб, қулоғингизга нималар деди?
У яна бошини чайқаб, кафтини тизига уриб, оҳ тортди ва деди:
— Унга кўринмасам ҳам бўлар экан! Кексайган вақтимда ҳоли жонимга қўймай, «деҳқонлар яширинча ер, ҳовли-жой сотса, солиқни вақтида тўламаса ёки менинг тўғримда иғволар юргизса, менга хабар қилиб турасан!» деб, топшириқ бериб кетди!..
Буни эшитган деҳқонлар ундан ҳайиқиб, усиз ер савдоси, тўйлар, йиғинлар ўтказмайдиган, қўй сотсалар ҳам унга ширинкомани узатадиган бўлиб қолдилар.