Шукур Холмирзаев. Зов остида адашув (ҳикоя)

(Дўстимнинг ўғлига айтганлари)

Ўшанда етти ёшларда эдим. Тоғда яшардик. Отам чўпон, онам сут соғувчи. Битта синглим ҳам бор. Ўтовимиз Зовбошидан беш-олти чақирим наридаги кунгай бетда эди. Биз бу ерга ёзнинг бошларида чиқиб келардик: кўчларимиз аравага ортилган, онам, синглим ва мен юклар устида ўтирардик. Отамиз аравага қўшилган отни етаклаб борарди. У аравани бизда от арава дейдилар, кейин билсам, бошқа номи — қўқон арава экан… Шундай қилиб, кўнгай бетда кузнинг бошигача яшардик. Отамнинг чўпон-чўлиқлари ҳам бор эди, отам шулар билан икки сурув қўйни боқишар, онам қўйларни соғиб, сутини сепаратордан ўгказар, қатиқ қилар, мен бўлсам, қўзичоқларнинг кетидан чопқиллаб юриб, онасига эмдириш пайти келганда кўмаклашар, кейин уларни икки қозиққа учларидан боғланган ипдаги ҳалқаларга бошини солиб, яъни кўганлаб юрардим. Отам ҳам, онам ҳам менга кўз-қулоқ бўлишар, айниқса Зовбоши томонга бораман десам, асло йўл қўйишмас эди. Чунки Зовбоши хавфли жой, ҳар хил ёввойи ҳайвонлари бор, чангалзорлари мўл. Мен буни уйимиздаги гаплардан кўп эшитган эдим. Гоҳо биронта эчкининг ортидан бир-иккита қўй эргашиб зовостига тушиб кетган бўлса, чўлиқлар уни изламаёқ қўл силтаб қўйишар эди. Чунки у ерда бўрилар ҳам кўп бўлар эмиш. Бир куни отам: «Зов остига икки полвон тушиб кетди», деганини ҳам эшитганман. Полвон дегани айиқ дегани. Битта чўпон: «Арғамчиям бор экан, кўп чириллади», деганди. Арғамчи — илон дегани. Нима учундир тоғда кўп ҳайвонларни, жониворларни ўз номлари билан аташмайди. Масалан, бўрини ҳам жондор дейишади. Хуллас, Зовбошига боришимни тақиқлаб қўйишганди уйдагилар. Одам дегани қизиқ бўларкан: нимани тақиқлашса, шуни кўргинг келар экан. Мен ҳам Зовбошини кўргим келар, лекин одобли бола бўлганимдан, ота-онамнинг гапидан чиқмас эдим. Бунинг устига, отам — орден олган чўпон. Шундай одамнинг ўғли бебошлик қилса яхшимас-да!
Лекин куз кунларининг бирида ўз ихтиёрим билан эмас, шароитнинг тақозоси билан, беиҳтиёр, Зовостига кириб қолдим. Нақ бир кеча-кундуз у ерда адашиб юрдим. Шуни сизга ҳикоя қилиб бермоқчиман.
Куз кириб, тоғ чўққиларини қор босди. Уёқдан эсган совуқ шамол ўтовимиз чанғароғидаги кигизни ҳилпиратар, шунда ўтов зир-зир титрар, шамол керагалар орасидан ичкарига кирса, уй ўртасида яшнаб турган чўғимизни ҳам ялаб ўчириб кетарди. Ўтовни кўрган бўлсангиз, у шундай бўлади: тепаси очиқ, туйнук мисоли. Шу туйнукка чанғароқ ўрнатилган. Чанғароқ дегани — гумбаз шаклида қилиб ходалардан ясалган панжара. Шу панжаранинг устини бир парча кигиз ёпиб туради. У кигизнинг бир учига чилвир боғланган бўлиб, чилвирнинг иккинчи учи эшикнинг бирон ерига ўраб қўйилади. Ҳаво очиқ кунлари ва уй ўртасидаги ўчоққа ўт ёқилганда, ана ўша ипнинг ёрдамида туйнук очилади. Ўтовни кўтариб турган қийшиқ, ёввойи тол шохларини увуқ дейишади. Шу увуқлар керагага маҳкамланган бўлади. Керага дегани — бир-бир ярим метр баланддикдаги шахматнусха қилиб ясалган ўтовнинг пойдеворидир. Керагаларнинг учлари бир-бирига яқинлашган жой — эшик. Бу маълумотларни айтишимга сабаб шуки, кўп шаҳарликлар буларни билишмайди. Ахир, билгани яхши-да.
Қисқасини айтганда, тоғдан бизга қишнинг яқинлашганидан хабар берувчи шамол эса бошлади. Бир кечаси севалаб ёмғир ёғиб ўтди. Эрталаб отамиз:
— Кампир, уйни буз, кўчамиз чўлга! — дедилар онамга.
Шуни ҳам айтишим керакки, ўтовни тиклаш ва бузиш фақат аёлларга тан, қадим-қадим замонлардан шундай. Улар бу ишнинг пири бўлиб келган, жуда ўринлатишади.
Лекин шошилиш керак эди, чўпон-чўлиқлар ҳам ёрдамга келди, мен ҳам қараб турмадим. Бирпасда ўтовни ўраган кигизларни туширдик, уйнинг ёғочдан тикланган танаси қаққайиб қолди. Кейин уларнинг ҳам чандилган ипларини ечиб, айириб ола бошладик. Тушга қолмай, юкимиз от аравага ортилди. Бир пиёладан чой, бир косадан қатиқ ичдик-да, йўлга тушдик. Чўпон-чўлиқлар молларни олдин ҳайдашди. Биз орқада — ҳар галгидай бу гал ҳам мен, синглим, онам юклар устида ўтирибмиз. Отам пиёда, отнинг югани учига боғланган тизимчадан ушлаб кетяпти. Текис жойлар келганда, отга миниб ҳам оладилар.
Хайр, тоғ! Хайр, юртимиз. Ўрмонлар, хайр! Қўзи боқиб, ирғишлаб юрган ўтлоқларим, хайр! Янаги ёзгача хайр сизларга!
Нима учун чўлга кетяпмиз? Шунинг учунки, чўлда ҳозир ҳаво илиқ, қишнинг ярмигача ҳам ўт бўлади. Бу пайтга келиб, тоғни қалин қор қоплаб олади. Чўлда ҳам юртимиз бор. Юртимизга яқин ерда совхознинг атрофи чипта девор билан ўраб қўйилган қўтонлари кўп.
Қуёш чиқиб турган бўлса ҳам, нури ожиз эди. Елкамизни иситмас, лекин ёқимли эди. Ўрмон ичидан кетган йўлда боряпмиз. Бу — аралаш ўрмон, яъни турли-туман мевали ва мевасиз дарахтлари кўп бўлган ўрмон. Арча ҳам сероб. Қаранг, ҳақиқатан ҳам куз тушиб қолган. Ўрикларнинг япроғи қизил, қонталаш. Худди биров улар шохига бир сатил қизил бўёқни сепиб ташлагандай. Пастга эгилган япроқлари сариқ ипакдай майин. Кўзга шундай жозибали кўринадики, узиб-узиб, ғарч-ғурч тишлагинг келади. Онда-сонда, гоҳ ўнг, гоҳ сўл томонимиздан каклик сайраб қолади. Унга қўшилиб ёнимдаги қафасда турган каклигимиз ҳам сайрайди. Мен қувонаман, какликка тақлид қилгим келади. Ҳаккалар кўп, улар дарахтларнинг чакалак шохлари орасида типирчилаб, япроқларни учириб юришади. Худди бизни изма-из таъқиб этиб бораётгандай, гоҳо шошиб чиқиб, ғоқ-ғоқ деганича учади. Тоғда яшаганингдан кейин табиатнинг кўп сирларини билиб оларкансан… Ҳозироқ сизга айтиб қўяй, агар у сирлардан бехабар бўлганимда, ким билади, Зовостидан қайтиб чиқолмай, анави йўқолган қўйларнинг аҳволига тушармидим! Масалан, ҳаккани бизда айғоқчи қуш дейилар. У бошқа жондорларни хавф келаётганидан хабардор қилиб туради. Лекин, биз хавфли душман эмасмиз, шундай бўлса ҳам, у овозини баланд қўйиб учгани-учган. Нима ҳам дейсиз? Қуш. У бизнинг кўнглимизни қаердан билсин? Какликларга қирон келтирувчи овчилар деб ўйлаяпти-да. Майли, ўйлайверсин, унинг иши.
Бу ўрмондан чиқиб, жар ёқалаб кета бошладик. Оёғимиз остида дарз кетган малларанг товалар. Арава тақир-туқур қилади. Йўлда донлаб юрган малла тўрғайлар чилдираб учади. Ўнг томонимизда ўрмон чўзилган. Чап томонимиз… чап томонимиз бир-икки терак бўйи пастлик. Уёққа қарамасликка ҳаракат қиламан. Қарасам, бошим айланиб, думалаб кетадигандай бўламан. Лекин бари бир кўз қиримни ташладим. Шунда пастликдаги енгил туман босиб ётган ўрмонларни кўрдим, ўрмонлар адоғи жуда узокда, уёқдаги тоғ этагига туташган, тоғ эса қуйидаги жарликни отнинг тақасидек ўраб олган. Шунда бирдан Зовбошида кетаётганимизни пайқадим. Зовбоши… бу сўз ҳам тоғликларга хос сўздир. Зов дегани — худди биз юриб бораётган йўл бўлса керак. Зовости-чи? Анави кўз зўрға илғайдиган пастлик, ундаги чангалзорлар бўлса керак.
— Ота, ота! Зовбоши шуми? — деб бақирдим.
Онам нимагадир менинг тиззамга туртиб қўйди.
Синглим ҳам:
— Қани? Шуми? Вий, мунча чуқур! — деди.
Отам жуда гавдали, оғир, камгап одам. Эгнида чакмон, оёғида кирза этик. Чакмоннинг устидан иккита белбоғ боғлаб олган. Бошида телпак. Ёзда ҳам, қишда ҳам телпакни ечмайдилар, иссиқ кийиниб юрадилар… Отам гапимни эшитди: елкаси оша бир қаради-да:
— Ҳа! — деб тўнғиллаб қўйди, сўнг отни Зовдан четлатиб ҳайдай бошлади.
Йўл нишоб эди. Тушиб кетяпмиз. Гоҳо отнинг туёғи силлиқ тошда сирғалиб кетади. Отам тўнғиллаб, уни тўғри йўлга солади. Онам бир қўли билан синглимнинг, бир қўли билан менинг билагимдан маҳкам ушлаб олган.
Зовбоши… биз пастга тушганимиз сари зов ҳам пасая бошлади.

* * *

Этакка тушиб, яна ялпи арчазор оралаб кетдик. Бу ерлар жуда ҳам нам экан. Чамамда, Зовбошида ёққан ёмғир суви шу қадар тиниқ, унинг хушбўй ҳиди шу қадар анқийдики, энтикиб кетасан киши! Йўқ, мен бунақанги кузни илгари кўрмаганман. Кўрган бўлсам ҳам, қадрига етмаганман, чунки ёш бўлганман-да. Ҳозир мактаб ёшидаги боламан. Демак, эслиман! Бу ўрмоннинг ҳам этак тарафини туман қоплаб олган экан. Қаердан пайдо бўлган бу туман? Билмайман. Балки Зовостидан оқиб келгандир. Туманга кирдик, бунинг ҳам ўз гашти бўлар экан. Худди тушдаги, эртакдаги бир маконга кириб бораётгандек сезасан ўзингни. Оқиш туман елкаларингни, бошингни силаб ўтади. Ҳайратланасан. Яна нимагадир қўрқасан.
— Ўраниб ўтиринглар, нам тортасиз, — деди отам.
Бу гап ҳам мен учун янгилик бўлди, демак, туманда киши нам тортар экан. Чопонимга ўраниб, қалпоғимни бостириб олдим. Онам синглимни бағрига тортди. Жуда баланд арчалар орасидан чиқиб, резги арчалар орасидан юраётганимизда, бир ариққа дуч келдик. Бу ариқ ҳам эмас, сув уриб кетган арна эди. Отам отни уёққа ҳайдади, буёққа ҳайдади. Йўл йўқ. Арнаси тушмагур йўлимизни нақ кўндаланг кесиб ўтган. Охири арна қирғоқлари пасайган жойни топдилар-да, отни шитоб билан ҳайдадилар. От типирчилаб пастга тушди ва унинг олдинги оёқлари тиззасигача лойга ботиб кетганини кўрдим. Отам, чамамда, отни тислантирмоқчи бўлиб, юганни силкитдилар. Лекин от буни тушунмадими, олға сакради. Яна сакради ва нариги бетга чиқиб олди-ю, аравани одам бўйи ғилдираклари лойга ботиб қолди. От жонивор кучаниб олға интилади. Арава силкинади. Ғилдирак жилган бўлади-ю, яна чуқурроқ ботади. Отам эгарга чиқиб, у бетга сакраб ўтиб олдилар. Кейин юганни тортиб:
— Ҳай! Чў, чў! — деб ҳайқира бошладилар.
Қани арава жилса! От зўриқиб интилади, унинг кўкрагидан ўтқазилиб, арава биқинларига боғланган айили узилгудек бўлади. Охири отам ғазаб билан лойга тушдилар. Араванинг бир ғилдирагига елкаларини тираб, отга мадад бериб, яна:
— Чў! Чў, жонивор! Ҳа! — дея бошладилар.
Охири бундан ҳам натижа чиқмаслиги маълум бўлди. Онам:
— Қўйинг, отаси. Ўзингизни кўп уринтирманг! Биз тушайлик, арава енгил бўлади, — дедилар.
Онам бир амаллаб тушиб олдилар. Кейин отам мен билан синглимни кўтариб, соҳилга опчиқиб қўйдилар. Аравага бир бало бўлганми? Шундан кейин ҳам чиқмаса бўладими!
— Юкларниям туширайлик! — дедилар онам.
— Э, тушириб ўтирамизми, — деди отам. — Мен пича шох-шабба кесиб келай, ғилдирак остига ташласак, шояд чиқиб кетса!
Шундай деб отам аравадан белкурак билан болтани суғуриб олдилар. Белкуракни ерга санчиб қўйиб, болтани кўтарганча ўрмонга кириб кетдилар. Биз соҳилда жунжикиб қолдик. Бу ерда какликларнинг ҳам овози эшитилмас, ўзимизнинг каклик ҳам қафасда ҳурпайиб олган эди. Менимча, намгарчиликда каклик сайрамаса керак. Орадан сал вақт ўтмай, туман қоплаган ўрмондан болтанинг гуп-гуп овози эшитила бошлади.
— Эна, мен ҳам борай, қарашаман, — дедим.
— Йўқ, жилма! Бу ерда адашиб кетасан, — дедилар онам.
Мен нари-берига юриб, ғилдиракларига қарайман. Нақ ярми ботиб кеттан-а! От жонивор зўриққанидан кўзларини олайтириб пишқириб қўяди, кўкрагидан ва сонидан айланиб ўтган тасмалар таги тер бўлибди. Пишқиради, чуқур-чуқур нафас олади. Синглим қўрқоқ, онамнинг билагидан ушлаб олган.
— Эна, қоп кетсак-а? — дейди.
— Нафасингни ўчир! — дейди онам.
Мен, ота-онам ишлаётганда тек туриб ўрганмагандим. Албатта отамга ёрдамга боришим керак, деб аҳд қилдим. Қандай ёрдам бераман? Ҳозир излари билан бораман… Шоҳ кўтаришиб келаман… Кейин, йўлда отам мени мақтайди, онам ҳам елкамни силаб қўяди. Ҳаммавақт шундай бўлган.
— Хўп, бормасам бормадим! — дедим-да, бир муддат чўнқайиб ўтирдим. Туман қоплаган ўрмон сокин, шундай сирли эдики, гўё ўн қадам юрсам, бу тумандан чиқаман-у, бунинг сирини ҳам билиб оламан. — Уф, — деб турдим-да, юра бошладим.
Кейин отамнинг изига тушдим ва бирдан чопган эдим, онам бақирди. У киши қувади, ушлаб олади, деб чапга бурилдим, кейин ўнгга бурилдим, кейин тўғрига қараб югурдим ва битта резги арчанинг қошига етиб тўхтадим. Қарасам, онам йўқ… Ҳа, зўрман! Қутулиб кетибман, деб ўйладим. Хўш, отам қаерда? Тек туриб қулоқ солдим. Шундоқ ёнгинамдан болтанинг тақ-туқ овози келарди. Жўнаб қолдим. Новча арча остидан ўтдим. Каттакон қоя думалаб ётган экан, уни ҳам айланиб ўтдим. Кичкина ялангликка чикдим. Отам қани? Э. болтанинг товуши мана буёқдан келяпти-ку? Шу ёққа қараб юрдим Аралаш бўлиб ўсган дарахтзорга кирдим…
Нима қилайки, мен шу ерда адашдим. Кейин билсам, болтанинг овози мени алдаган экан. У ўрмонда акс садо бериб, ҳар тарафдан эшитилаётган экан. Мен гангиб юравериб, чопавериб, нақ Зовостига кирадиган ерга бориб қолган эканман.

* * *

Энди болтанинг овозини ҳам эшитмасдим. Ота-онам, синглим ва аравамизни ҳам излай-излай чарчаган, адашганимга иқрор бўлиб, уларнинг кетиб қолишганига ҳам ишонар эдим… Нима қилишим керак? Атрофга қарайман. Ёнгинамда икки одам бўйи қоя турибди. Унинг тепасидан сув сизиб тушяпти. Ўша ерда митти булоқ бўлса керакки, сувнинг йўлида майсалар ўсган. Одатда шундай бўлади: ҳамиша сув оқиб турадиган ариқдаги тошларни ҳам зулуксимон майсалар қоплаб олади. Унда тошларга оёқ қўйиш ҳам хавфли, сирғалиб кетади киши. Нима қилиш керак? Аланглайман. Сал нарида айри арча ўсган, танаси битта-ю, бир қарич кўтарилгач, бўлиниб кетган. Унинг чакалаклари шу қадар тиғизки, қуш ҳам учиб кира олмаса керак. Қизиқ: арчанинг қуйи шохларида биттаям япроқ йўқ, ҳаммаси тўкилиб кетган. Ана, тагида кўрпа бўлиб ётибди. У ерга боргим келди, лекин юрагим дов бермади. Мен, ҳамон ота-онам билан кўришишга умид қилар, улар мени излаб топишларига кўз тутар эдим. Шунинг учун уларни чақира-чақира хириллаб қолган томоғимни яна ишга солмоқчи бўлдим. Бироқ энди нимадандир қўркдим. Овозимни чиқармаслигим керак деб ўйладим.
Шуниси қизиқки, биз ҳали Зовбошидан ўтган бўлсак ҳам, мен ҳозир нақ шунинг оғзида турганимни ўйламас, ўзимни ўрмонда адашган, унинг қаеридадир қаққайиб қолган деб ўйлар эдим.
Нима қилиш керак? Жим ўтираверсам ўтиравераман. Йиғлагандан ҳам фойда йўқ. Ақлни ишлатиш керак. Хўш, нима қилдим энди? Нима қилиб бўлса ҳам одам юрган сўқмоқни топишим керак. Сўқмоқни топиб, шу йўл билан кетсам, албатта бир «юрт»га бориб қоламан. Тоғда «юрт» деганда чўпонлар қўнадиган, ўтов тикадиган ерни ҳам тушунишади.
Эҳтиёткорлик билан атрофимни кўздан кечирдим, ерга тикилиб, нари-бери юрдим. Ўз изларимни кўрдим. Йўқ, бу излардан кетмайман… Менга сўқмоқ керак!
Қоянинг тагидан ўтган эдим, не кўз билан кўрайки, рўпарамда узунгина ёлғизоёқ сўқмоқ чўзилиб ётибди! Ирғиб шу йўлга тушиб олдим. Қизиқ, тупроғи оқ бўлсаям лой экан-а. Нега бунинг тупроғи оқ? Ҳа-а, сўқмоқ ёқалаб кетган қояларнинг таги оқ экан, шундан уваланиб тўкилган. Қанийди бирон одамнинг изини кўрсам, шунда бу сўқмоқдан одам юрганига ишонардим. Ахир, бу ҳайвонлар юрадиган сўқмоқ бўлиши ҳам мумкин-да! Ажабо! Омад деганлари шу-да! Беш-олти қадам босган эдим, сўқмоқнинг нишабига сирғалиб тушган каттакон этик изини кўрдим. Ў! Маза! Бу ердан одам ўтган, ким бўлсаям одам ўтган! Нега унинг изи нишабда қолган? Нима бало, у нишабга тушиб кетганми? Йўқ, нишабга тушмаган бўлса керак: шу йўлдан кетган-у, бундаги изларини уваланиб тушган тупроқ бекитган бўлса керак… Шунга қарамай, мен нишабликни кўздан кечирдим. Сўнг яна уч-тўрт қадам қўйган эдим, яна нишабга сирпанган изни кўрдим. Бўлди! Овчи юрган. Ўшанда сўқмоқ нам бўлган. Шунинг учун оёғи сирпанган! Буёқдаги изини уваланган тупроқ бекитган, нишабдаги излари қолган.
Юряпман-у, нотаниш одамнинг қаёққа боргани мени қизиқтираверди. Агар овчи бўлса, бирон камарга боради. Камарлар одатда тоғнинг белида, шамолдан пана, атроф яхши кўринадиган ерда бўлади. Агар «юрт»га борган бўлса, бўлди! Тоғда отамни танимайдиган одам йўқ. «Олломурод чўпоннинг боласиман!» десам, бас. Дарров бир ҳамроҳга қўшиб, отга мингазади. Қарабсизки, чўлга кетиб боряпмиз-да!
Бир маҳал йўл кенгайиб кетди. Шунда тепага қараб, дўппим тушгудек бўлдим. Мен ёқалаб келаётган қоялар жуда баландга кўтарилиб кетгандай эди. Шунда қандайдир даранинг соҳили остидан кетаётганимни пайқадим. «Зовбоши!» деган сўз ёдимга тушди-ю, бунга ишонгим келмади. Бу сўзни тезроқ миямдан чиқариб ташлаб, яна орқага қайтмоқчи бўлдим. Бироқ, қарасам, пастни қоплаб ётган туман қорайгандай. Осмонга қарадим: оч-тунд рангда.
Оббо! Кеч тушиб қолибди-ку? Ахир, уйдан чиққанимизда пешиндан ўтган эди. Нима қилдим? Қоронғига қолмай, одамларга етай! Энди сўқмоқдан чопқиллаб кета бошладим. Сезиб қолдимки, сўқмоқ пастлаб боряпти. Бу пастлагани сари дара соҳили ҳам кўтарилиб кетяпти… Юрагимга бирдан ваҳима кирди-ю, дарров ўзимни тўхтатиб олдим. Севиниб кетдим, ахир, «юрт» дегани ҳам сувдан узоқда бўладими? Сув-чи? Сув пастликда бўлади-да! Э, каллаварам!.. Энди чопа бошладим.

* * *

Қош қорайди шекилли… Ёруғдан чиққанимда, балки ҳозир атроф қоронғи бўлиб кўринармиди? Сўқмоқ бирдан иккига бўлинди-ю, бири соҳил ёқалаб кетганини, бири пакар арчаларни айланиб ўтиб, пастликка кетганини кўрдим. Ҳаялламай иккинчи сўқмоққа тушдим.
Бир оз юрган эдим, баданим жунжика бошлади. Ҳа-а, сувга яқинлашяпман-да шунинг учун совқотяпман. Сув уриб кетган жойдан ўтиб, шохлари кесилган арчага дуч келдим — қувониб кетдим. Демак, буни одамлар кесган. Шу ерда уй бор!
Шунда қулоғимга сувнинг шариллаб тўкилаётгани эшитилди. Ҳў, иш дегани мундоқ бўпти-да! Чопонимнинг барини белбоғимга қистириб олиб, ўн қадамча босган эдим, қарасам, жилдираб сув оқаётган ариқ бўйига етибман. Унинг нариги бетида кичкина бир уйча турибди! Уйчанинг айвони ҳам бор, супаси ҳам.
— Ҳов, амаки! — деб чақирганимни билмай қолдим. Бирдан тисланиб, бояги шохи кесилган арчага етдим, тирмашиб белига чиқиб олдим.
Сиз чўпонларнинг итини биласизми? «Эшакдай ити бор экан», дейишади бизда. Ана шундай кўппаклар чўпонда бўлади! Уларнинг қўриқчилари шу-да! Бўриларнинг жазосини берадиган азроиллари ҳам шу! Чўпон учун оламда итдан қадрли маҳлуқ бўлмаса керак! Кези келганда ўзлари емай, овқатини шу итига беради. Мен бегонаман! Ҳозир чопиб чиқса нима қиламан! Ғажиб ташлайди мени! Арчанинг шохида ўрнашиб олиб, яна чақирдим:
— Ҳов, юрт эгаси! Ҳо, бой бобо! Амаки!
Ит ҳам ҳуриб чиқмади, уй эгаси ҳам кўринмади. Ҳайрон бўлдим; бирон ёққа кетишганми? Э калла! Ҳозир тоғда чўпон қолдими ахир? Кўчган-да чўл қаердасан деб!
Арчадан секингина пастга тушдим. Иккиланиб ариқ бўйига етдим. Ариқ суви каттагина харсангдан бурилиб тушаётган экан. Шу жойи шариллаяпти. Гангиб уйга қарайман, сувга қарайман, орқамга қарайман. Хўрсиниб, чўнқайдиму сув шариллаб тўкилаётган чуқурга қараб, ундаги сув устини ўргимчак тўрлари ўраб олганини кўрдим. Этларим жимирлаб кетди. Сувнинг юзини ўргимчак ўраб олибдими, демак бу ердан мол-пол сув ичмаган яқин орада.
Мен нуқул чўпонлар ўтовда, капада яшайди дердим. Рост. Лекин ҳаммавақт бир хил яйловда келадиган чўпонлар баъзан мана шундай уйчалар ҳам ясаб қўйишади. Сув яқин, лой қилиш осон. Яйловда бундай уйларни учратиш маҳол. Кейин, бундай уйларнинг бир ҳикмати бор: чўпон ўтовини бузганда, «юрт»да ҳеч нарса қолдирмайди. Бундай уйдан кўчганда, ошиқча нарсаларини ташлаб кетаверади… Мен ўғрилик деган гапни кейинчалик эшитганман: тоғда тулки кўп, шу ҳақда айтишар эди: «Анави холанинг хўрозини ўғирлаб кетибди. Капасига кириб, чўпқаймоғини ўғирлаб кетибди!»

* * *

Ариқдан ҳатлаб уйга яқин бордим. Шунда яна қўрқиб тўхтадим: бу кимсасиз уй, унинг биқинида ёки такхонасида нима йўқ дейсиз? Лекин қарашимда одамлар яшаган уйнинг туриши менга мадад бўлди: ҳар ҳолда бу кимсасиз, ёввойи, ўрмонли дарада бундай қўноқнинг бўлиши кўп яхши-да!.. Ҳар эҳтимолга қарши деб, ерни тимирскиладим. Катта бир тош қўлимга илинди. Уни олиб, супага сакраб чиққан эдим, ўчоқ бошида менга ўқрайиб қараб турган қоп-қора, жунлари ҳурпайган махлуққа кўзим тушди. Нима бу? У баттар ҳурпайди ва «м-ияв», деб овоз чиқарди. Сўнг дик-дик сакраб, супа лабига етди-да, ўзини пастга ташлаб ғойиб бўлди… Ёпирай! Бундай катта мушукни биринчи кўришим эди. Ўтган йили яйловга келаётганда, йўлда бир чўпоннинг карвонига етган эдик. Шунда битта сариқ мушукни кўрган эдим, жуни нақ ерга тегиб турарди. Нимага бундай деб сўрасам, «отаси тулки, онаси мушук» дейишганди. Кейин бунинг сирини билиб олгандим, гоҳо чўпонлар ўзлари ошиқча деб билган мушукларини ва молга яроқсиз бўлиб қолган итларини ташлаб кетишади. Шунда агар мушукни бирон жондор еб кетмаса, у ўз қавмига яқин бирон ҳайвон билан топишади. Мунақа сариқ мушуклар ўшалардан тарқалади.
Хуллас, қора бароқ мушук ғойиб бўлди. Мен бу мушукни одатдаги мушуклардан эмаслигини билдим ва ўзимга «эҳтиёткор бўл» деб, бир-икки қадам босдим. Тошни пастга ташлаб, оёғимнинг лойини супа четига қоқдим…»

* * *

Қоронғи тушиб қолган, йигирма қадам наридаги қора нарсанинг нималагини кўра олмас эдим. Бироқ, унга тикилиб, қорамолнинг тапписи — гўнг эканини фаҳмладим. Сўнг ўзим тушиб келган сўқмоққа қарадим, унинг шохи кесилган яланғоч арчагача бўлган бўлагини кўрдим, холос. Қарасам, томнинг тепасидан оппоқ туман мени ўраб оладигандай тушиб келяпти. У худди булутга ўхшайди. Жуда чиройли эди! Ҳатто хурсанд ҳам бўлдим. Бироқ шу оннинг ўзида мени яна ваҳима босди ва руҳим тушди: ана холос! Одамлар йўқ, бу ташландиқ кулба!.. Энди нима қиламан? Шу ҳақда ўйлаб, нима қилиб бўлса ҳам бу тунни шу ерда ўтказишдан бошқа чорам йўқлигига ақлим етди. Эрта нима бўлади? Уни эртанги кун кўрсатади! Наҳотки эртагаям дарани туман босиб ётса… Дара, дедиму, этим жимирлаб, кўнглим бу жойнинг Зовости эканини айтиб турар, лекин мен бу фикрга ўзимни кўниктиргим келмас эди.
Хўш, иш бошладим бўлмасам!

* * *

Бундай маҳалда қиладиган биринчи ишинг — ўт ёқиш бўлади. Нима учун? Билмайман… Ҳозир кун совуқ эмас. Терлаганимданми, баданим ҳам иссиққина эди. Лекин нуқул ўт ёққим келар эди. Бунинг сабаби шунга ўрганганимда бўлса керак. Чунки оқшом тушдими, бас, ўтовимиз ёнидаги катта ўчокда ўт ловиллар, гоҳо унинг чўғи уйга киритилиб, ўртадаги ерўчоққа тўкилар, биз унинг атрофида қур тутиб ўтиришардик… Айтмоқчи, биламан-ку: оламда инсондан зўр нарса йўқ! Ҳамма жониворлар инсондан қўрқади. Мен ҳам инсонман. Бундан ташқари, инсоннинг қўлидан ўт ёқиш келади. Ҳайвонлар эса ўтдан қочади. Демак, тезда ўт ёқсам, хавф-хатардан ҳам қутуламан. Ана гап қаерда!.. Мен шоша-пиша чўп-чўпчак излашга тушдим. Айвонда хас ҳам йўқ эди. Супадан сакраб тушгандим, эшиги очиқ такхонада қаланиб ётган шувоққа кўзим тушди. Апил-тапил ичкарига кирдим-у, бир қўлтиқ шувоқни кўтариб қочиб чикдим. Гўё такхонада бир ҳайвон, ҳеч бўлмаса, анави ярим мушук пусиб ётибди, орқамдан човут солади!
Супага чиқиб, шувоқни ўчоқ бошига элтиб қўйдим. Хўш, энди ёндириш керак. Э, гугурт қани! Бу уйда яшаган одамлардан айлансанг арзийди! Шундоқ девордаги михга санчиб қўйилган гугуртни кўрдим. Ола солиб, бир шувоқни оёғимда топтадим, кейин уни ўчоққа тиқиб, тагидан олов бердим-у, гарангсиб қолдим. Бунинг фойдасини сезмадим. Агар ўчоқ устида чойдиш бўлса, бошқа гап эди. Э, лапашанг! Уйга қарамайманми? Эшикка бурилдим. Эшик занжирланган, тақа қулф илинган. Оббо! Секин дераза ёнига бордим. Итаргандим, очилмади. Ромнинг четидан ушлаб бир тортдим, очилиб кетди. Шунда бировнинг уйига сўроқсиз кираётганим учун сал-пал хижолат ҳам тортдим. Лекин нима қилай? Бир нарсасини камайтириб қўймайман-ку? Эртага яхшилаб бекитиб кетман. Бу ерда бир кеча қўнганимни билган дара ҳайвонлари ҳам бир-икки кун бу хонадонга яқинлашмайди!
Секин ичкарига қадам босдим. Димоғимга туршак, майиз ҳиди урилди. Ҳа-а, демак, бу мевалардан ҳам бор экан-да. Оз-мозгина олиб еймиз. Уй эгасига ғойибона раҳмат айтамиз. Хафа бўлмас, ахир, одам қимматми, мевами? Онам бечора нуқул гап орасида: «Одам топилмайди, нарса топилади!» дейдилар. Бечора онагинам! Ҳозир унинг аҳволи қандай экан?.. Эҳ, онажон! Гапингизга кўнмадим-да, ўзбошимчалик қилдим! Лекин мен сизларга, ўзимизга яхшилик қилмоқчи эдим-ку?! Ҳай, майли. Бўлган иш бўлди энди… Уй жуда ҳам қоронғи экан. Гугурт чаққандим, кўзим тўрдаги ёғоч сандиққа тушди. Унинг устида учта кўрпа тахлаб қўйилган, тагида битта кигиз ҳам кўринар эди. «Ҳа, шулардан биттасини олиб ётаман!» деб ўйладим. Яна гугурт чақиб, пойгакка қарадим. Бир қоп тиралиб турибди, ичида нима бор, ким билади дейсиз. Чойдишни тополмадим. Кейин, ўзлари билан чўлга олиб кетган, деган қарорга келдим. Қозон бор экан, лекин унда нима пишираман. Қолаверса, бу ташвишларнинг нима кераги бор: мен чойга жуда ҳам хумори эмасман, бир ўзимга овқат пиширишнинг ҳам ҳожати йўқ… Жиндек нон топсам, ҳа-ҳа, нон топсам, бас! Анави ариқнинг сувига ботириб ейман-қўяман. Агар бир коса қатиқ ёки бир-икки бўлак гўшт бўлгандами! Афсус! Борига қаноат қилиш керак. Мен ўз уйимда эмасман.
Қопнинг орқасидан бир рўмолга тугиб қўйилган қоқнон топдим, аллақанчасини ўнгиримга солиб, ташқарига чиқдим. Жийда, майиз излашга ҳам ҳафсалам бўлмади…
Ўчоқда ёнаётган ўтнинг сўнишини томоша қилиб ўтирарканман: «Нима қиламан бу ерда? Уйга кирсам-чи? Ўзимнинг борлигимни кўрсатиб нима қиламан?!» деб ўйладим. Ўт сўнгач, супа пастини қоплаб олган туманга қарадим-да, уйга кириб, деразани беркитдим. Гугурт чақиб, хонани яна кўздан кечирдим. Сўнг пайпаслаб тахмондан кўрпа билан кигизни туширдим. Кигизни ёзиб, кўрпани солдим. Сўнг бир оз иккиланиб туриб бошқа кўрпани устимга ёпдим.

* * *

Дераза тагида ётибман. Чарчаган эканман, кўзим илиняпти. Лекин қўрқяпманми, ухлагиси келмаган одамдай кўзимни очаман. Деразага тикиламан, ташқарига қулоқ соламан. Бир маҳал айвонда нимадир гурс этди. Бошимни кўтариб қарадим. Устун тагида кўзи бинафшаранг бўлиб, оқшомги мушук турибди. «Ҳа, уйга кириб бўпсан!» дедим. Деразани тортиб қўйиб, бошимни ёстиққа қўйдим. Кечаси икки марта уйғондим. Баданимни нимадир талади, бургамикин, деб ўйладим. Лекин уйқу зўрлик қилди, қотиб қолибман.

* * *

Одатдагича саҳар вақтида уйғониб кетдим. Қаерда ётганимни анча вақт эслолмадим. Сўнг ирғиб туриб, деразадан қарадим. Туман йўқ, чап томондаги дара соҳилини қуёш нурлари ёритиб турар эди. Кайфим чоғ бўлиб кетди. Деразани ланг очгандим, тағин ўша мушукни кўрдим. Нима бало? У шу ерга ўрганиб қолганми? Ёки бир вақт бу уйнинг хонаки мушуги бўлганми? Ўчоқ томонда экан, тағин «мияв» деди-да, супадан тушиб кетди. Деразадан ҳатлаб, тағин изимга қайтдим. Кўрпа-тўшакни йиғиштириб, сандиқ устига тахлаб қўйдим. Ташқарига чиққан еримда яна қайтдим. Қоп орқасидан яна пича қоқнон олиб, қўйнимга солдим. Сўнг ҳар эҳтимолга қарши деб пичоқ изладим. Лекин тополмадим.
Супадан тушган еримда, яна такхонага қарагим келди: харилар орасидан узун ҳасса топдим. Суяниб, булоқ бошига бордим. Атрофни томоша қилдим. Чамамда, бу ер кичкина қишлоқча эди. Яна тўртта мана шунақа кулба қаққайиб турибди. Ҳар бирининг такхонаси бор. Яна, олдида кенггина майдон, майдон адоғида гўнг, қий уюми. Томоша билан бўлиб, нима қилишим кераклигини унутган эканман. Бирдан эслаб қолдим-у, йиғлагим келди. Бироқ отамнинг: «Йиғидан фойда йўқ, ўғил бола йиғламайди», деб айтган гапларини эсладим. Тўғри-да, йиғлаб ўтирсам, биров мени йўлга солиб қўяди-ю, мен ота-онамни топиб оламанми? Йўқ, албатта. Ҳаракат қилиш керак.

* * *

Беихтиёр ариқдан ҳатлаб, кеча тушиб келган сўқмоғимга чиқиб олдим. Ана шунда мен Зовостида эканимни билдим. Ишондим ва оёқларим титрай бошлади. Тезгина бу ердан кетишга, тезгина анави соҳил остидаги сўқмоққа чиқиб олишга интилдим. Ҳар ҳолда жар тагида бўлганингдан кўра, унинг тепароғида бўлганинг яхши-да!
Кейин бирдан-бир йўл Зовнинг бошига чиқиб олиш. Ўша ерга чиқиб олсам, марра меники! Кечаги аравамиз изини ҳам топарман. Сўнгра, у ердан тоғнинг этаклари кўзга яққол кўринади. Чўлнинг қаёқда эканини билиб оламан-да, ўрмоннинг холи жойлари билан юриб, бу ерлардан чиқаман. Нарёғида йўл топиш осон. Хўш, тепага қандай чиқиб олсам бўлади? Бу саволга жавобни тезгина топдим: мана, рўпарамда соҳилни ёқалаб сўқмоқ йўл кетган. Ҳар ҳолда бу овчиларнинг йўли бўлиши керак. Бундай йўл албатта тепага чиқади. Тоғда кўп юрганман, кўп юрганман бундай йўллардан.
Йўл тепага чиқмаганда ҳам, тепанинг биронта бузилган еридан ўтади-ку! Ўша бузуқ жойлардан юриб, мен ҳам тепага чиқиб оламан-да!

* * *

Сўқмоқ тобора пастдаги ўрмондан ажралиб, тепага кўтарилиб борар, бу мени хурсанд қилар эдим. Лекин нимагадир сув ичгим кела бошлади. Шу мени ташвишга солди. Нима қилай? Сув ичайин деб пастга тушаманми? Йўқ, чидайман. Тушсам, яна қайтиб чиқишим керак. Чиққунимгача яна чанқаб қолишим мумкин. Кунбўйи пастга тушиб, тепага чиқиб юравераманми? Чидайман… Эҳ-ҳе, пастнинг манзараси антиқа экан.
Мен ариқ деб ўйлаганим кичкина сой экан. Соҳилларини қамиш босиб кетган. Улар сап-сариқ. Лекин ичида чўчқа бор. Тоғда ёввойи чўчқадан кўпи йўқ. Буни тоғда юрган киши яхши билади. Бироқ чўчқадан қутулишни биладиган киши учун у хавфсиз. Қутулишни билмасанг, унда ҳолинг хароб. Мен йўлимда бир гала чўчқага дуч келиб, улардан эсон-омон қутулдим. Буни кейин айтиб бераман… Сойнинг соҳилини қоплаган қамишлардан сал нарида ва сал берида чакалакзор, арчазорлар. Айниқса нариги соҳиддаги арча шу қадар зички, устидан бемалол юриш мумкиндек туюлади. Кўм-кўк ўтлоқнинг ўзи-я!.. Муюлишга етиб тўхтадим. Сўқмоқнинг адоғини кўрай деб қарагандим, рўпарамда уфқни қиялаб ўтган тақасимон тоғ кўринди. Донг қотиб қолдим. Мен Зовостида эдим, тўғрироғи, Зовости билан Зовбошининг орасида, тоғликлар тили билан айтганда, «қат»дан ўтган сўқмоқда эдим. Бир томондан буни билганим ҳам яхши бўлди. Нимага десангиз, ўзимни бир оз босиб олдим: демак, яна ҳам эҳтиёткор бўламан энди… Бироқ хўпам йўл тутган эканман-да! Тепага чиқиш қийин деб сой ёқалаб кетсам бормиди? Нима балоларга йўлиқар эдим.

* * *

Зов бетининг манзараси ҳам чиройли эди, буни тан олмай бўлмайди. Бу метиндек тик деворнинг кўпдан-кўп жойлари дарз кетган. Ана шу дарз кетган жойлардан кичкина бўлиб ўрик, ёввойи бодом ва наъматаклар ўсган. Уларнинг бундай ёввойи, кимсасиз жойда ўсиши нима учундир кишида раҳм-шафқат уйғотар экан. Худди азиз бир нарсанг бу ёввойи жойларда адашиб қолиб кетгайдай. Уларнинг мевасидан ҳам инсон зоти фойда топмайди. Қушлар, калхатларга ем бўлиб кетади… Лекин ҳозир, ёшим бир ерга етиб ўйлайман: ана ўшанақа жойларнинг бўлгани ҳам яхши, дўстлар! Улар бизга Ватанимиз тупроғи қадим-қадим замонларда қай аҳволда, қай ёввойи кўринишга эга бўлганини яққол кўрсатиб туради. Энди ўйлаб қарасам, менинг ўша вақтда адашиб, ўзимга-ўзим йўл топиб, ҳаётга интилишим ҳам кўп завқли бўлиб туюлади. Ахир, ўзингиз ўйлаб кўринг, бизнинг олис аждодларимиз ўзларига ўзлари шундай қилиб йўл очган эмасми? Шу йўл билан тажриба орттириб, ақлларини пешлаган эмасми? Шу йўл билан инсон сифатида тараққий қилган эмасми?..

* * *

Мен тағин ҳам юқорилаб кетиб борардим, Зовости кўз илғамас пастликда қолиб кетарди. Шунинг учун энди пастга қарамас эдим. Қарасам, бошим айланади. Бу ердан тушган одам пастга етолмаса керак… Бир пайт сезиб қолдимки, тепага қараш ҳам кишининг бошини айлантиради: юрагинг «шув» этади-да, еру осмон чирпирак бўлади, кўнглинг айнаб, тек қотиб қоласан. Мен бу аҳволда узоққа бора олмаслигимни сездим. Нимага десангиз, бир муюлишга етганда, юриб келаётган йўлимга қарадим-у, осмон узилиб, оёғим остига тушганда ҳам изимга қайтолмаслигимни сездим. Бу ерга қандай етиб қолдим? Ҳайрон бўлдим. Энди бирдан-бир йўл — тепага чиқиб олиш, йўлни давом эттириш! Шундай экан, ўзимни бу йўлга кўниктиришим керак. Шундай кўникайки, асло иккиланмай! Лекин қандай қилиб?.. Э, ахир, бу сўқмоқдан одам юрган-ку, деб ўйладим мен. Одам бўлганда ҳам мендақанги кичкина одам эмас, каттакон овчи юрган. У шу тор сўқмоққа сиғибди. Мен сиғмайманми? Бу йўл мен учун тор кўчадай гап-ку аслида! Шундай, дўстим Бердимурод! Олға! Олға!
Навбатдаги муюлишдан ўтиш қийин бўлди, йўл нишаб эди. Ўйлаб-ўйлаб ўтишга қасд қилдим. Ўтиб олдим. Бироқ сўқмоқнинг кичрайиб қолганини кўриб, капалигим учиб кетди… Шу йил баҳорда ўтовда эшитган бир ҳикоям ёдимга тушди, анави, қор босган тоғ бағирларида ҳам мана шунақанги «қат»дан ўтган сўқмоқлар кўп бўлар экан. Шундай сўқмоқларнинг бири тоғнинг тепасида жойлашган бир қишлоққа олиб борар экан. У қишлоқ аҳли бир замонлар ёвдан қочиб, тоғ устига чиқиб кетган экан. Шу сўқмоқдан фақат бир киши юра олар экан, юрганда ҳам елкасини девордан узмай юрар экан, деб ҳикоя қилган эди отамнинг ошнаси. Агар икки киши бир-бирига рўпара бўлиб қолса-чи? Унда чек ташлар экан. Қайсиниси ютса, шу ерда қолар экан. Ютқазгани ўзини пастга ташлар экан… Мен ўшанда бу ҳикояни эшитиб, кўп ўйлаган эдим: одамлар мард бўлар экан-да, а? Масалан, ютқазган киши пастга ташлагиси келмаса, ёки у, ютган кишидан кучлироқ бўлса, унда шеригини бир мушт билан жарга қулатиб, ўтиб кетса бўлмайдими? Йўқ, бўлмас экан… Чунки лафз бор экан уларда. Ҳозир у қишлоққа олиб борадиган сўқмоқ кенгайган, дейишади. Ўша сўқмоқ деворини тешиб, қозиқ қоқиб чиқибдилар. Қозиқнинг устига шох-шабба босилган эмиш, энди у йўлдан эшак ҳам бемалол ўтар экан… Шу ҳикоя ёдимга тушиб, назаримда рўпарамдан биров келаётгандек бўлаверди. Овчи бўлса, мени кўтариб олади, деб ўйладим. Ёки мен унинг оёқлари орасидан ҳам нариёққа ўтиб оламан… Айтмоқчи, учрасин, учрасин овчи! Одам учрасин! Менга одам керак-ку?! Лекин ҳайвон учрамасин, ҳеч-ҳеч! Унда ҳолим хароб бўлади… Унда, онажоним, хайр! Отажоним, хайр! Кичкина синглим, ўтовимиз, молимиз, каклигимиз, хайр!

* * *

Бузуқ жойга етдим. Бунинг кўриниши ғалати-я! Тошлари қизил, қум тошми дейман. Бўйим баравар антиқа чўққилар шўппайиб турибди. Катта бир қоя ёнидан ўтган эдим, оёғим остидан чириллаб бир села чил кўтарилди… Чил дегани какликдан кичикроқ бўлади. Лекин гўшти какликнинг гўштидан мазали дейишади. У ҳаммавақт шунақа бузуқ жойларда яшайди. «Села» деб каклик ва чиллар галасига айтишади. Мен бир нафас тўхтаб қолдим-да, яна жилган эдим, тағин битта чил ортимдан кўтарилди ва унга қарайман деб донг қотиб қолдим… Бояги, йўқ, кечаги қора бароқ мушук менга эргашиб келаётган экан. У сакраб чилни ҳавода тутиб олди; бир оз тисланди-да, панжаларида босиб туриб, менга «мияв» деб қаради. Мен унинг кўзларида қандайдир ғамгинликни кўрдим. «Бу ёввойи, мени емоқчи», деб ўйлаган ўйим бошимдан учди. «Бу одамларнинг уйида яшаган мушук-ку? — деб ўйладим. — Одамлар эса, буни ташлаб кетишган… Албатта ташлаб кетаётганда, кўзини боғлаб ташлаб кетишган. Бўлмаса эгасини қоралаб топиб боради-да! Энди бу бечора одамларни соғинган чамамда! У-ў, фалокат! Чилни ейди-я?» Лекин бари бир ундан қўрқдим. Орқамга қарай-қарай қаршимдаги бошқа қоядан айланиб ўтдим. Яна қарагандим, оёғим тойиб кетди… Тошга ёпишдим. Айтмадимми, бундай жойларда эҳтиёт бўлиш керак деб. Ўпқонга тушиб кетишимга сал қолди-я!

* * *

Ана шу ўйиқнинг охирига етиб, бир тўда ёввойи чўчқага дуч келдим. Улар ҳайрон бўлгандек таққа тўхтаб, қозондек бошларини кўтариб қарашди. Мен ҳам серрайиб туриб қолибман. Шунда четда турган кичикроқ бир чўчқа «ҳуқ» этиб овоз чиқарди-да, сузмоқчи бўлган новвосдек бошини эгиб олиб менга югурди. Мен ҳангу манг бўлиб қолдим ва жонҳолатда ёнбошимдаги харсангга тирмашдим. У харсангга етиб келганида, мен тепада эдим. У харсангни айлана бошлади. Тўзғиб қолган бошқа чўчқалар ҳам тўхтаб менга қараб туришарди… Агар шу чўчқанинг ўрнида ўртача бир ит бўлганда ҳам харсангга сакраб чиқар, ҳатто улоқ ҳам бу харсангда бемалол ўйнаб юрган бўларди. Лекин у чиқа олмади. Чиқа олмайди ҳам! Чунки у тўғрига юрадиган ҳайвон! Унга тўғрима-тўғри келган кишининг ҳолига вой! Тумшуғидан чиқиб турган оппоқ тишлари билан ёриб кетади. Шунинг учун ҳам тоғликлар чўчқага дуч келган-да, унга чап беришни яхши билишади. Сал чап бердинг-ми, бўлди, у ўтиб кетади. Изига қайтиб келгунча сен холироқ жойга бориб оласан!.. Ана шундай! Ҳайвонларнинг хулқ-атворини билиш керак. Чўчқалар айланиб, айланиб, худди мен келган сўқмоққа ўтишди. Мен бўлсам, вақтни бой бермай, харсангдан сакраб тушиб, олға жилдим. Тепага чиқиб олдим. Қатқалокдек ёрилган харсанглар устида турар эканман, этак томондан мушукнинг миявлагани эшитилди. Нима бўлди унга? Чўчқалар билан кутилмаганда учрашиб қолдими? Чўчқаларнинг у билан нима иши бор? Ё бошқа фалокат рўй бердими? Ёки ўзларининг ҳафсаласи пир бўлиб қолиб кетишдими? Қайта кўрмадим уларни.

* * *

Шундай қилиб, мен Зовостидек даҳшатли жойдан осонликча қутулдим. Агар илгарироқ табиат сирларига қизиқмаган, ҳайвонлар, атрофимизни ўраб турган шароит ҳақида ҳеч нарса билмаганимда, ким билади, мен у ердан қандай қилиб чиқолардим?.. Лекин кейинчалик ҳам Зовостига бўлган қизиқишим сусаймади. Мана, ҳозир зоологман, ҳайвонларни ўрганувчиман. Яқинда Зовбошига бораман. Унинг сирларини очаман, илм билан, тажрибаларимга асосланиб у ерга бемалол кираман… Энди ўйлайман: ҳар ҳолда қизиқувчанлик бўлгани яхши экан, дўстлар!

* * *

Айтмоқчи, энди ҳикоянинг давомини ҳам айтиб берайин: буни қарангки, мен Зовбошининг биз аравада юрган томонидан эмас, нари томонидан чиққан эканман. Шунинг учун соҳилни, ўша тақасимон тоғлар тизмасини айланиб, аравамиз қолдирган изларга тушгунимча кун кеч бўлди. Мен шу қадар очикдим, ҳолдан тойдимки, кўз олдим қоронғилашиб, гандираклаб борардим. Лекин одамларга интилардим! Битта инсон қорасини кўрсам, дер эдим… Ниҳоят, ундай инсон ҳам кўринди.
Тоғдан кечикиб кўчган бир чўпоннинг қўйларини кўриб, унинг ити менга ташланишини ҳам ўйламай, охирги кучимни йиғиб чопдим. Унга етдим, кейин нима бўлганини билмайман… Чўлдаги типовой қилиб қурилган уйимизда кўзимни очдим… Отам мени топиб олган экан. От чоптириб бориб қолибди. Чўпон мени чакмони билан бекитиб: «Суюнчисига нима берасиз?» деб сўрабди. Отам бир қўй ваъда қилибди. Кейин чўпон кулиб, мени унга кўрсатибди… Ўша куни уйимизда катта зиёфат бўлди. Бошқа чўпонлар ҳам отлиқ бўлиб, мени излагани кетишган экан, келишди… Отам мени уришмади. Фақат: «Болам, турмушда ҳам шундай қилиб, ақл-фаросат билан йўл топсанг бўлгани. Бу адашув сенга сабоқ бўлсин!» дедилар. Онам ҳам, гапимга қулоқ солмадинг, деб таъна қилмадилар.
1971

Ҳикояни MP3 форматда тингланг.