Шукур Холмирзаев. «Ўзбекнинг соддаси» (ҳикоя)

Ўшанда саккиз ёшларда эдим. Иккинчи синфда ўқиётган бўлсам ҳам зеҳним ўткир эканми, саводим чиқиб қолган, яъни отам айтиб турса, мен фактурасини ёзиб борардим. Отам район матлубот жамиятида магазинчими, бир нима бўлиб ишлар эди. У киши шундай катта ишда турсалар ҳам, жуссалари мендақанинг ўнтасига тенг келса ҳам, саводдари ҳалигидақа эди. Лекин отамни маҳалла аҳли ҳурмат қилар, у киши билан «Полвон бобо» деб сўрашишар, бир қариянинг: «Бечора кўп содда, мард одам. Ўзбекнинг соддаси шуёв», деганини ҳам эшитганман.
Биз ёз оқшомлари аллапаллагача гурунглашиб ўтирардик. Отамнинг ошналари келганда, мук тушиб, достон ўқишар, навбат билан дўмбира чертишар, момом ҳам қозон бошидан жилмасди. Эсимда: бизникилар айниқса, «Алпомиш» достонини севишар эди. Юсуф деган бир танишимиз бўларди, уйга келдими, лўлаболишни ўмровига тортиб, шу достонни ўқишга бошлар эди. Мен жиддий қулоқ солиб ўтирар, кейин ухлаб қолганимни билмас эдим, эрталаб супа пастидаги ёғоч каравотда кўрардим ўзимни.
Ўша кеча уйимизда меҳмон ҳам йўқ эди. Отам ҳам қаёққадир кетиб, келавермади…
Мен зерикиб, каравотимга чиқиб ётдим. Бир маҳал уйқу аралаш пайқаб қолдим: супада ғўдир-ғўдир гап бўляпти. Айниқса, энамнинг овози баланд-баланд чиқарди. Отам босиқ, лекин у ҳам баъзан «Э! Э!» деб қўярди, мен шунда беихтиёр ҳушёр бўлиб кетдим. Отамнинг одатлари қизиқ-да: мени ҳеч вақт «Тўрабой, ке!» деб чақирмайди, шунчаки, «Тўрабой!» деб қўя қолади, демак, бу — бери ке, деганлари ҳам бўлади. «Улим!» деб қўярдилар, вассалом, мен югуриб боришим керак. Отам сингилларимни ҳам «улим» деб чақирарди… У кишининг «Э!» деганини кўп эшитганман. Даштда бир сигиримизни чўпон ўзиники қилиб, «бўри еди»га чиқарган экан. Шунда энам чўпондан сигиримизни ундириш ҳақида кўп гапирган. Отам: «Э!Э!» деб туриб, қўл силтаган эди. Шундан кейин энам отамга гап кор қилмаслигини билиб, чўпонни қарғай-қарғай тинчиган эди.
— Э! — деди отам бирдан бақириб. — Шу пул билан бири икки бўлармиди, кампир?
— Сиз шундай дейсиз-да, ҳой! — деди энам. — Даштдаги мол ҳам саноқли қолган, биз уни қайтиб тўлаймиз! Ўйлайсизми?
— Мол сизларга, — деб тўнғиллади отам. — Мен энди манглайда борини кўраман, кампир! Э, гапирма! — отам қизишиб кетди: — Нима қилай? Сельпо раиси ўғирлик қилди, саводим йўқ, мени гўл билиб, шунча пулга туширди, ёрдам қилинглар, деб арзга борайми? — Э, мен бу ишти қилолмайман! Инсофи бўлса, ўйлаб кўради, кампир! Олти болам бор, кўриб турибди ўзи. Нокаслик қилмас.
— О, шўр бошим, шўргина бошим! — деди энам куйиниб ва идишлар тарақлаб кетди: — Сиз арз қилмасангиз, мен қиламан! Эрталаб милисага бораман, текшириб кўринглар, бу одам сельподан ҳеч маҳал мунча пул олгани йўқ, фактураям тузгани йўқ. Тузган бўлса, копияси ўзида бўларди-да!.. Бу одамни ўсал қилиб, ўзлари падлўк дакумит тузган, шунча пулни бунинг бўйнига урган! Текшириб кўринглар. Бунинг пактураларини ўғлим ёзиб берарди, униям келтириб сўроқ қилинглар, дейман!
Отам жимиди. Мен бу гапларнинг маъносига тушунмас эдим. Бироқ кимдир отамни алдагани, унинг бошида хавф борлигини сездим. Биз болалар тайёрга айёр бўлиб ўсар эдик: оилада пайдо бўладиган қийинчилик, камчиликни ота-онамиз тузатар, тўлдирар эди. Бизга ўйин бўлса, ёнбошлаб ётиб достон эшитиш бўлса ёки пистага пул бўлса бўлди эди.
Мен отамга фактура ёзиб берганларимни эслаб, ичимда хурсанд бўлиб, кўрпага ўралдим. Салқин тушиб қолган эдими, тўшакдан туришни хаёлимга ҳам келтирмадим. Фақат бошимни кўтариб, нима ейишаётган экан деб қарардим. Қовурдоқ ўртада бўлса, мен ҳам дилдираб, илжайиб борар эдим.
Отамнинг охирги сўзи шу бўлди:
— Э, кампир, бошимни қотирма. Мен айтдим айтгичимни унга. Номард экансан, ука. Майли, шу ўтирик пулди деб кет, лекин биринг икки бўлмасин. Бир куни сени болаларинг ҳам ота деб қолсин, дедим. Бўлди шу гап, кампир. Юракти бўшатдим. Агар ҳайвон эмас, одам наслидан бўлса, келади у — уккиғар!
Ўртоқларим билан сўкишиб юрганларимни эсладим, отам: «Ўзбекнинг гапи бир бўлади», дегич эди. Мен яна, ҳаммавақт бир сўзли бўлишни ўйладим. Сўнг нима учундир шу тобда отамнинг тутган йўлини тўғри деб билдим ва кейин ухлаб қолдим.
Ёпирай! Жуда нотинч бўлди-да, бу кеча!
Яна уйғониб кетдим: супада ғўдир-ғўдир гап-сўзлар қулоғимга етмасидан қозонда жиз-биз бўлаётган гўштнинг ҳиди димоғимга етди. Ҳайрон бўлиб, бошимни кўтардим. Даштдан отамнинг ошналари кепти деб ўйлаган эдим. Йўқ, лампа ёритиб турган дастурхоннинг бир томонида матлубот жамиятининг раиси чўкка тушиб ўтирар, у отам билан кулишар эди. Энам ўчоқ бошида.
Мен бу одамни яхши танир эдим, қачон отамга эргашиб унинг омборига борсам, шу кишини ҳам кўрардим, у бурчак-бурчакда уюлиб ётган ёнғоқ, олмақоқи ва олчақоқилардан ҳовучлаб олиб ҳидлар, сўнг сочиб ташлаб, кафтларини бир-бирига уриб қоқар, кета туриб, менга қошини учириб қўяр эди. Лекин уйимизга ҳеч келмаган эди.
Қовурдоқнинг ҳидидан унинг ҳали етилиб пишмаганини сездим. Уйда меҳмон борида дастурхондан четда тур, ҳадеб ўртага қўл узатаверма, бир ишора қил, ўзим бераман, хоҳлаган нарсангни, дер эди энам. Мен ўзимнинг уйғоқ эканимни энамга қандай билдирсам деб ўйлаб турган эдим, улар яна кулиб юборишди. Шунда отамнинг оқшомги кайфиятини эслабг иши ўнгидан келгани — тутган йўли тўғри чиққанига ишондим ва хурсанд бўлиб кетдим. Энамга тикиламан, ҳаракатларидан у кишининг ҳам кайфи чоғ экани билиниб турибди.
Лекин бари бир туришга журъат этолмадим.
— Ҳа, Полвон ака, менга ёмон таъсир қилди гапингиз, — деди раис. — Мен шунча ёшга кириб, бундай гапни эшитмаган эдим. Яширмайман, мард одамсиз, тушунасиз… Бундай ишлар аввал ҳам бўлган. Лекин бирови ҳам ўзимга ҳавола қилиб кетмаган эди. Одамга таъсир қилар экан, мен ҳам одам боласиман… Ана, фактура, дела! Янгамга беринг, ёқиб юборсинлар. Ўтган ишга саловат, Полвон ака.
Мен каравотдан секин тушиб, ўчоқ бошига чопдим.
— Сув ичаман, сув — дедим энамга.
— Гўшт-чи, емайсанми, болам? — деди энам.
Мен тиржайиб, чўнқайдим. Шунда раис мени чақириб, қошини чимирди. Мен ўрнимдан туриб салом бердим.
— Берман ке, улим, берман ке! — деди отам.
Бундай вақтда боришим керак. Энам ҳам елкамга қокди. Отам ёнига ўтқазиб:
— Шер улим! — деди. — Ухламадингми?.. Энди гўштдан ейсизу кириб ухлайсиз. Хавотир олма, болам! Мард одамнинг садағаси кетсанг арзийди. Мана, амакинг ҳам мард чиқиб қолдилар…
Улар кулишди. Шундай қилиб, бу нотинч кеча ўтди.
Ҳозир мен ўша кеча, ўша суҳбатлардан йигирма беш йил беридаман. Уларни тушдагидек эслайман.
Мен — энди ўзгариб кетган, саводим ҳам ростакамига чиқиб, «Алпомиш»ни ҳам ўзим ўқийдиган, ҳамда отамнинг мардлик ва арз қилиш тўғрисидаги ақидаларига аллақачон қўшилмай қолган эсам-да, бу кексайиб қолган отам — «ўзбекнинг соддаси»га ҳавасим келиб кетди.
1972