Шукур Холмирзаев. Соғинч (ҳикоя)

Азим табиатан кўнгли бўш, таъсирчан йигит. Лекин, беш йил шаҳарда яшаб қолди: шаҳар одамларига хос ишчанлик, вақтини тежаш, совуққонлик ва бир қадар такаббурлик пайдо бўлди унда.
Азим ҳар йили қишлоққа борганида, изидан Исмат етиб келар, у, албатта, қучоқ очиб талпинар, Азим эса ҳар гал буни унутиб, қўл узатаётганида бирдан усталик билан қўлларини кенгайтириб юборар ва йигитни бағрига олиб, ичида кулимсирар эди.
Ота-она даврасига ўтиришгач, улар Азимни соғинганларини, Исматнинг ҳам ўзларидан кам ичикмаганини айтишар, шунда Исмат содда, оташин бир муҳаббат билан Азимга тикилар, Азим эса яна кулимсираш билан чекланар эди.
Азим ота-онасига ҳам кам хат ёзар, Исматнинг эса ўнта хатига битта жавоб қайтарарди, бироқ, Исмат шунга ҳам рози: қувончидан боладек ўйноқлаб, мактубни хотинига кўрсатар, таниш-билишларига мақтар эди…
Улар қачон бир-бирига яқин бўлган, Исмат Азимни қачон севиб қолган — буни уларнинг болалигидан сўраш керак: Азим мактаб директори оиласидан, Исмат мактаб қоровули оиласидан; Азим гоҳо дарсдан кейин юмшоқ кулимсираганича Исматларникига бориб, уни овга таклиф этар, ов деганда оёғи куйгандек типирчилаб қоладиган Исмат унга жон-жон деб рози бўлар ва иккаласи тоққа чиқиб кетар эди.
Такдир ғалати экан: Азим таниқли раҳбар бўлиб, шаҳарда қолиб кетди. Исмат оддий хизматчи бўлиб, қишлоқда қолди.
Улар энди йилига бир марта учрашар эди — Азимнинг истироҳат ойида ёхуд у иш юзасидан қишлоққа келганида…
Лекин, энди Азим Исматларникига эмас, Исмат Азимларникига келади; энди у овга таклиф этади. Азим бу таклифни қайтармайди. Улар тонг қоронғисида тоққа кетадилар… Энди Азим илгаригидек овлай олмайди, нишонга олган ўлжасига ўқни тегизолмайди, баланд чўққиларга ҳам чопиб чиқолмайди. Тезда чар-чаб, бирон қоягами, дарахт тўнкасигами — ўтиради, атрофни томоша қилади. Исмат бўлса, ҳамон қадимгидай: эпчил, чаққон, мерган… Ўлжа тақсимотида ҳам ўзгариш бўлган: энди овни асосан Исмат қилади-ю, ўлжалар асосан Азимники бўлади. Азим эса, бунинг ҳақига ўзи ҳам бир нарса беришни истаб, Исмат шанига бир неча калима мақтов сўз айтади: «Ҳалиям жуда зўрсиз, Исматжон»… «Шаҳар бизни уриб ташлапти-да, Исматжон». Исмат ҳақиқатан ҳам катта бир мукофот олгандек, боши осмонга етади.
Азим шаҳарга кетиши билан Исматни изсиз унутади; у ерга бориб кундалик юмушлари, оиласи, ўзга биродарлари даврасига шўнғийди.
Азим бултур иш юзасидан апрель ойида қишлоққа келди. Дарахтлар куртак чиқарган, кўчаларда ёқимли совуқ шабада эсар, баҳор нафаси келар эди. У уйга етмасдан ортидан Исмат етиб келди. Қучоқлашдилар. Утирдилар. Гаплашдилар ва индини тонг маҳали овга чиқиб кетдилар.
Таниш адирлар қор қўйнида жим ётар, арчазор тоғдан буғдек туман оқиб келар эди. Тушгача юриб, ҳеч нарса отолмадилар, тўғрироғи, ўқ бўшатмадилар: на каклик, на қуён учрамади. Тушдан кейин қайтдилар.
Сўнгра адирлардан бирига чиққан ерда туман орқада девордек тўхтаб қолди ва улар қори юпқалашиб, тагидан кўм-кўк ажириқлари кўриниб турган бетдан туша бошладилар.
Шунда Азим қор ичидан намозшомгулнинг сўла-бошлаган гулидек бўртиб чиқиб турган бойчечакларни кўриб қолди!
— Бойчечак! — У бир нечасини узиб олди. Гул тепасидаги қорлар тезда эриб тушди… Азим гулнинг совуққина бандидан ушлаб унга тикилиб турар экан, дили завқу шавққа тўлиб тошди. Гул фавқулодда нозик ва иффатли эди! Унинг ҳалигина қор ичидан чиқиб туриши шу қадар хаёлий, ажиб ва гўзал эди! Азимнинг дилида фавқулодда болалиги уйғонди, у фавқулодда шаҳардан келганини унутди: шаҳар берган янги хислатлар ҳам уни бир дам тарк этди… Сўнг у бирдан буларнинг ҳаммасини эслади ва йиғлагиси келиб кетди!
Унга кулимсираб қараб турган Исмат:
— Терайлик бўлмасам, терайлик! — дедию чопқиллаб бойчечаклардан тера бошлади; бир даста қилиб келтириб берди. Лекин, бандини калта узган экан, Азим унинг ҳурмати учун бир оз олиб юрди-да, сўнг сездирмай ташлаб юборди.
Қор тугаб, кўкаламзор бошланди.
— Азимжон, Азимжон, каклик! — деб, Исмат чўнқайиб, олисни кўрсатди. Азим ҳам чўнқайди. Олисдаги бир уюм, ҳўл, малла тошлар орқасидан битта каклик чиқиб, бўйнини чўзганича наридаги тош уюми томон чопиб борар эди.
— Отинг, Азимжон!
Азим кўзлаб отди, ўқ тегмади. Бунинг устига, у ерда қочқоқ какликнинг шериклари ҳам бор экан, чуғурлашганича дув кўтарилиб, этак томонга пастлаб кетдилар.
— Борасизми, Азимжон?
— Чарчадим.
Исматнинг ўзи тийғона-тийғона какликлар орқа-сидан кетди. Азим ҳалигина каклик қочиб чиққан-жойда ўтириб, атрофни томоша қила бошлади. Ярим соатлардан кейин устма-уст ўқ овозлари эшитилди ва Исмат иккита ўлжанинг қанотидан ушлаб, ҳаллослаб қайтиб келди.
— Мана!
Азим олиб томоша қилди, какликлар ҳали иссиқ-қина эди. Кейин қайтариб узатганди, Исмат уни Азимнинг белбоғига осиб қўйди.
— Э, Исматжон, — деди Азим. — Сиз ҳали-ҳамон ўша Исматсиз. Бизни шаҳар уриб ташлапти…
Исмат ачиниб, меҳр тўла кўзлари билан дўстининг маъюс чеҳрасига бокди.
Уч кундан кейин Азим шаҳарга кетди.
Бу йил Азим истироҳат ойини хотин, бола-чақаси билан Иссиқкўлда ўтказди, қишлоққа боролмади.
Эрта апрель кунларининг бирида Азим ишдан келган эди, хотини унга телеграмма кўрсатди, унда: «Приглашаетесь на разговор с…» дейилган эди. Яна «17.00» ёзилган. Демак, Тошкент вақти билан соат 8да бориши керак почтага (шундоқ раҳбар бўлгани билан уйига телефон олиб келолмаган, бунга зилзила катта тўға-ноқ бўлган эди).
— Кимдан экан бу?
— Билмадим, — деди хотини.
— Онамданмикан?
— Онангиздан яқинда хат келган эди.
— Шу… жавоб ёзиш керак эди-да.
— Балки укангиздандир?
— Эҳтимол.
Азим иссиқ уйдан чиқиб, почтага боришга эринди, оқшомги газетани ўқишга тутинди, ўқиркан, «Ким бўлсаям… кутади-кутади, кетади-да, кейин… вақти йўқ экан… деб ўйлайди».
Бироқ, соат етги яримлар чамаси ўтгач, хотини унинг хонасига кирди:
— Менга қаранг. Бориб келинг. Шу ярим соат вақтингиз уларнинг кутишига арзимайди, — деди.
— Тўғри, — деб газетани столга ташлади.
Почтага борди.
Навбати етди…
Қишлоқ почтасининг навбатчиси: «Гаплашинг!» де-дию Азим олисдан келаётган таниш, титроқ овозни эшитди:
— Азимжон, Азимжон!.. — деб чақирар эди Исмат. — Сизми бу?
— Мен, — деди ҳайрон бўлган Азим. — Мен.
— Соғмисиз, Азимжон, саломатмисиз?
— Раҳмат, ўзингиз яхшимисиз? — деди Азим энсаси қотиб.
— Азимжон!.. Сизни… соғиндим! Эшитяпсизми?
— Ҳимм… Мен ҳам, — деди Азим ичида кулимсираб.
— Қачон келасиз энди? Нимага келмадингиз?
— Вақт бўлмади, Исматжон… Бораман насиб бўлса.
Азим уйга қайтиб келиб, чақирган Исмат эканини,
соғинганини айтди. Эр-хотин ёш болага жилмайгандай бир-бирига жилмайди…
Азим шу кеча ухлаш олдидан чеккани ҳовлига чиққан эди, эти тотли жунжикиб кетди. Атрофга гангиб қараб, юмшоқ шабада эсаётгани, кўклам нафаси ке-лаётганини сезди ва ҳали энсаси қотгани учун эсламаган нарсасини эслади: Исматни, овни… Унинг кўзи олдига бултур шундоқ кунда овга чиққанлари келди: туманли кун, қор босган адирлар… Бойчечаклар… Бой-чечак!!! Азим бирдан тек қолди: бойчечак, совуқбандли бойчечак шундоқ рўпарасида тургандек, уни ушлаб кўргандек бўлди!!! У шу қадар гўзал, иффатли ва хаёлий… Азимнинг кўнглида яна ўша ҳис — болалиги уйғонди, у энди шаҳарда турганини унутди: беихтиёр йиғлагиси келаётганини сезди!!!
Кейин, бирдан жиддий тортди ва Исматнинг атайлабдан шундоқ кунда телефонга чақирганини тахмин қилди, кейин бирдан ўзини қишлоқ билан, болалиги, ов билан, ёқимли, маъюс туйғулар билан боғлаб турган нарса, унга Исмат бўлиб туюлди… ва энди Исматдан ҳеч қачон, ҳеч ерда ажралолмслигини ҳис қилди!!!
Шу ҳис таъсиридами, унга хат ёзиш кераклигини, уни соғиниши кераклигини ўйлади.
1965