Шукур Холмирзаев. Нимадир йўқ бўлди (ҳикоя)

Эр — Қисматулла таъсирчан, шўх эди. Хотин — Ҳикматой совуққон, хотиржам ҳам андак қўполроқ эди. Лекин улар бир-бирини яхши кўрар, шунинг учун табиатларидаги бу ҳар хилликни сезмас эдилар, гўё улар шундоқ туғилганлару шундоқ бўлишлари лозим эди.
Бир куни булар бир зиёфатда бўлиб, бир эру хотиннинг ўзаро ва ўзгаларга муомаласига гувоҳ бўлишди. Улар бир-бирига шу қадар ярашган, шу қадар одобли, ҳаракатларию сўзлари шу қадар дилбар ва ўзларию ўзгаларга шундай ажиб дилдорликлар кўрсатар эдиларки, беихтиёр шу базм қаҳрамонларига айланиб қолишди…
Базм тугагач, бу антиқа жуфт ҳақида ҳар ким ҳар хил фикрда кетди. Қисматулла билан Ҳикматой ҳам.
«Эр анча оғир… лекин хотини чучмал экан», деб ўйлади Ҳикматой.
«Ҳа, эри культурний, лекин хотини…» — Қисматулланинг ўйи ўзга, нотаниш чизиқдан кетди: у беихтиёр «қаҳрамон хотин»ни ўзининг Ҳикматойи билан қиёслади ва наздида, хотини ундан гўзалроқ туюлди, аммо таққос муомала-муносабат масаласига етганда Қисматулланинг кўнгли алланечук орзиқишга тўлиб, бир зум хаёлга толди: Ҳикматойдан шу маҳалгача бирон-бир илиқ сўз ё ёқимли бир дилдорлик кўрганини эслолмади.
— Кўрдингми у эр-хотинни муомаласини? — сўради у чидолмай.
— Кўрдим, — лоқайд жаоб берди Ҳикматой. — Эри дуруст, лекин хотини кўп кислий экан.
Қисматулла ёнгудек бўлиб кетди.
— Сенга шундай туюлгандир-да, — деди дағаллик билан.
Хотини эридаги янгиликни сезди, бу унинг ҳамия-тига тегди.
— Бўлмасам, шунақасидан топа қолинг, — деди-да, жадаллаб кетиб қолди.
Улар бошқа бир масала хусусида тортишиб, Ҳикматой шундоқ кетиб қолганда Қисматулла унинг изидан бориб узр сўраб, сўнг унга тегажаклик қилиб, шўхлик қилиб, кўнглини олар эди — шу билан ўртадаги иноқлик тикланар эди. Шуниси қизиқки, эрининг бу одатини Ҳикматой ҳам яхши билар ва йўлакай унинг етиб келишини кутар, сўнг бир оз инжиқланиб, ён берар — шу билан иноқлик барқарор бўлишига ҳисса қўшар эди.
Қисматулла хотинининг ортидан қараб турар экан: «Нима учун энди ҳамиша мен гапиришим керак?» деб ўйлади бирдан ва ўзига ўзи уқтирди: «Бу сафар ўз» гапирсин!»
Улар уйларига етгунча бир-бирига гап қотишмади. Хонага кириб, креслога чўкишди ва шунда нозик бир ҳолат майдонга келди: улар беихтиёр бир-бирига, қарашди.
Илгари мабодо бирон масала хусусида шунга ўхшаш вазият содир бўлиб, сўнг фавқулодда бир-бирига қарашганда Қисматулла… кулиб юборар, сўнг Ҳикматой ҳам ўзига хос зўрға табассум қилар эди. Шунинг билан яраш-яраш…
Қисматулланинг кўзи хотинига тушди-ю, ичидан томоғи томон бир кулги отилиб чиқиб келаёттанини пайқади, аммо: «Йўқ, бу гал у кулсин!» деб ўйлади. Хотини эса тескари қаради.
Қисматулла шу кеча беихтиёр тарзда ўзинйнг таъб-табиати ҳақида хаёл суриб қолди ва унга бирдан шундай туюлдики, ўзи шўх, таъсирчан, хотинига тегажак бўлгани учун хотини шундоқ: совуққон, хотиржам, ҳатто қўполроқ.
Қисматулла аҳд қилди: энди бунинг тескариси бўлиши керак, энди ўзи совуққону хотиржам бўлиши керак, шунда хотини ўзи каби… бўлади.
Одатда, эрталаб Қисматулла чойга уннар, Ҳикматой тўшакларни йиғар эди. Бу кун Қисматулла чойсиз жўнаворди ишга… Ҳикматойнинг ҳам аччиғи келди ва тўшагини йиғмаёқ кийинишга тутинди. У тахминан эрининг кўнглидагини сезган, шунинг учун ундан ўч олишга аҳд қилган бўлса ҳам ажаб эмас.
Бир ҳафта ўтди. Эр-хотин бегоналар каби яшашди. Қисматулла қийналди, ўртанди: ўрганган кўнгил ўртанса қўймас. Шубҳасиз, Ҳикматой ҳам азоб чеккан бўлса керак: ахир у ҳам Қисматуллага ўрганган…
Кейинги ҳафтада хотин истироҳат ойига чикди ва Венгрияга турист йўлланмаси олиб келди. Кийим-кечакларини чамадонга солар экан, эрига эшитиларли қилиб:
— Эрта кетаман, группамиз бошлиғи билетниям олибди, — деди.
Қисматулла унга ялт этиб қаради. Нимадир де-йишни бурчи деб билди.
— Яхши. Мен ҳам кетаман… Сен келгандан кейин, — деди.
Тамом. Бу ёшлар ёш зиёли эр-хотинлар ўртасидаги расм бўла бошлаган бир одатни — ёшликда дунёни кўриб келиш учун хорижга чиқишни ўзларига қабул қилган, мана уч йилдирки улар гоҳ ёлғиз, гоҳ бирликда четга чиқишар эди.
Мабодо бирининг қолиб, бирининг кетишига тўғри келса, ўша куни уйларида уйқу ҳам кам бўлар эди… Лекин бу тун энг ширин ва лаззатли тун сифатида ёдларида қолар эди.
Бу тун ҳам улар кам ухлашди. Аммо гапсиз, сўзсиз. Шундоқ дақиқалар бўлдики, Қисматулланинг бирданига эҳтирос билан «бўлди!» деб Ҳикматойни бағрига олишига, Ҳикматойнинг ҳам бунга жуда тайёр турганига бир баҳя қолди.
Эртаси Ҳикматой «пасадка» эълон қилинган самолёт майдони томон бораётганида ҳам нозик ҳоллардан бири содир бўлди…
Одатда, бундай маҳалда Қисматулла хотинига ҳазил гаплар айтар, кулар эди. Ҳикматой ҳам ичида беҳад завқланар, хурсанд бўлар эди…
— Хайр, — деди Қисматулла.
Қисматулла учун бу биринчи ёлғизлик кечаси ҳам азоб келтирди. Гарчи у шу кунларда хотини билан бегоналардек яшаган бўлса-да, бари бир у қалбининг муҳим бир гўшасини табиий ҳолда тўлдириб турган экан. Чамаси, Ҳикматой ҳам Москва меҳмонхонасида роҳат қилиб дам олмади.
Орадан ҳафта ўтиб, Қисматулла аҳволига кўника бошлади. Хотини қайтиб келадиган кундагина у таниш, олис безовталик ичида қолди, интизорлик билан тонг оттирди, ҳаяжон билан уни кутгани чикди.
Ҳикматой ҳам чамаси шу алфозда етиб келди ва эрининг қаршисига пешвоз югурди.
— Салом, — деди Қисматулла.
— Салом, — деди Ҳикматой.
Уларнинг қўллари туташди, лекин шунда: «Ҳозир ўзига тортади», деб ўйлади Ҳикматой. Қисматулла эса у томон чўзилаётган қўлини зўрға тутиб: «Йўқ… ўзи-ўзи», деб ўйлади. Бир неча дақиқа ўтди ва қўллар ажралишди. Шунда Ҳикматой кулимсираган бўлди. Қисматулла ҳам гўё одоб юзасидан унга жавобан жилмайган бўлди.
Сўнг, ҳайрон бўлишган каби автобус бекати томон жилишди.
Уй, тун, тўшак…
— Ҳалиям… ўзи… ўзгармадими одатингиз? — деди Қисматулла.
— Сизники-чи? — деди Ҳикматой.
Шунда улар туриб ўтиришди, бир-бирига бир вақтнинг ўзида эгилишди ва бир-бирини қучишди, аммо улар кутганига қарши, шундай туюлдики, эгилишмаса ҳам, қучишмаса ҳам бўлади…
Буни англаб, бирдан ажралишди ва бир-бирига қарашди: тушундиларки, ораларидан нимадир… нимадир йўқ бўлган!
1965