— Недин не тату?
— Суу тату.( – Оламда энг тотли нарса нима? – Сув.)
Олтой топишмоғи
Н. вилоятидаги «Дружба» деган совхозда расм чизиб, бўёқчилик ҳам қилардим. Тирикчилик-да, ака. Қишлоқнинг бир четида музей бор эди: хўжаликнинг тарихи, яъни ютуқлари акс эттирилган. Ўшанинг бир ҳужрасида ётиб турардим. Манзара яхши, лекин ёнимизда бир хавфли тепалик бор, унинг бир ёни куйиб кетган — ўт ўсмас эди. Тепаликнинг у ёғида даҳшатли бир кўл ястаниб ётибди. Қадимда Кўк кўл дейилган, ҳозир эса Қора кўл дейишади. Тоғ этагидаги кимё заводидан чиққан оқава-ювинди сувлар қўйиб юборилган: кўлда сув эмас, эритилган қора мум бордек ялтираб ётарди. Ўлай агар, устидан шундоқ юриб кетиш мумкиндай. Қайсидир йили ёғин кўп бўлиб кўл тошганда, бир ариқ сув оқиб чиққан-у ҳалиги ёнбағирдан пастга энган. Ўшанинг ўрнидан гиёҳ унмас эди: куйиб кетган-да! Кейин тупроғини ҳар қанча қиртишлаб ташласалар ҳам ўнгланмаган. Ҳе, ўша кезлар кўп моллар ҳам қирилиб кетган экан…
Хуллас, бир куни хўжалик директори чақириб қолди. Идорасига. Яхши одам эди бечора. Кейин синиқибгина: «Ука, гап шундай-шундай…» деди.
Қишлоқда бошқа миллат вакиллариям кўп эди-да: ўрис, армани, карес…
Директорнинг айтишича, ўттиз тўққиз миллат вакили яшарди. Нимагаки, ҳар йили бир миллат вакилига кўпайтириш плани бор экан… Кулманг, биласиз-ку!
Ўша киши илтимос қилди-да: «Ука, сиз жаҳонгашта одамсиз. Гаплашишни биласиз… Бизда бир миллат вакили йўқ экан: олтойлик. Бир амаллаб биттасини опкелмасангиз, буёғи чатоқ бўлади. Мана, пул… Ваъдани қуюқ қилинг: уй дейдими, иш дейдими — бор денг. Оиласи биланми, ёлғизми — фарқи йўқ…»
«Йўқ» деёлмадим. Бунинг устига, Олтой — ҳарқалай, бош боболаримиз яшаган юртлардан.
Йўлга чиқлим.
Барнаулга бордим. Ҳе, ўзимизнинг шаҳарлардан фарқ қилмайди. Уни қандайдир ўрмон ичида, деб… Қайда! Хуллас, ака, кўчаларида қанча кезганим, кимларнинг мендан ҳайиқиб қочганларини айтиб ўтиришим ортиқча. Қайси бирига: «Паедиш к нам в Узбекистан?» десам, жиннига қарагандай тикилади. Биттаси мени ким-нима деб ўйлади, урмоқчиям бўлди. Бир-иккитаси кулиб қўйди. Энди, тўсатдан сўрасанг, ҳайрон бўлар экан-да. Ўз ихтиёри билан келса, бошқа гап: ана, ҳар қаёкдан келиб ётипти.
Қисқаси, ўзидан қолган биронта дарвиши-пиёнистаси бўлсаям опкетаман деб бир кечаси кўчага чиқдим. Етти қават-тўққиз қаватли иморатлар орасида юрган эдим, бир иморатнинг ертўласидан чиқиб келаётган ёшгина — ўн бир-ўн икки яшар болани кўриб қолдим. Иккита бўш шишани бағрига босиб олган. Мени кўрди-ю, қочиб қолди. Аста зинапоя бошига бордим. Пастдан нур кўринди. Биласиз-ку, катта шаҳарларда, ўзимиздаям шундай биноларнинг ертўласини ҳар хил қаланғи-қасанғи бангилар макон қилган… Шояд биронта ёввопгага йўлиқаманми деб секин зиналардан пастлай бошладим. Пастдан ғудир-ғудир овоз келяпти. Бир ёқдан қўрқаман денг: чиқиб, айлантириб солиб қолса…
Охирги пиллапоядан мундай саҳнчага тушдим. Ертўла эшиги шу ерга очилади. Эшик абгор, тирқишларидан нур тушаётган экан. Аста очдим. Пастга яна уч-тўртта зина кетган, уёғи — кенг майдончадай жой.
Шу майдончанинг ўнг томонида ўтиришган экан: уч-тўртта бола тагларига қути қўйиб, кимнингдир сўзини тинглаяпти. Сўзлаётган киши кўринмасди. Ўртада шам ёниқ… Энди денг, ёмонам бадбўй жой экан.
Шунда болалар бирдан мени кўриб қолишди-да, сапчиб-сапчиб туриб кетишди.
— Ассалом алайкум! — дея зинадан тушдим. Шунда сўзлаётган кишини кўрдим. Эгнида қора-исқирт пахталик, бошяланг, сийрак соқоли ўсиқ, ёшини билиб бўлмас эди.
— Ў-ў, к нам кўнак пожаловал! — деб у ўрнидан турди-да, калта ҳассасига суяниб четга чиқди.
— Да, я қўнақ, қўнақ, — дедим. — Из Узбекистан!
— Ў-ў, озбек? — деди у. — Какими судьбами?
— Сейчас скажу, — дедим. Бориб, у билан кўришдим. Қўли тошдек. Ҳалиги ҳид унгаям ўрнаб қолган экан. Кейин у менга ўгиргани жой кўрсатди, яъни, ўзи ўтирган ёточ катга ишора қилди. Каравотга эски тўшак солинган, устидан ёпилган чойшабга қараб бўлмас эди. Қутилардан бирига ўтириб, фотиҳа ўқидим. — Ўтиринглар сизлар ҳам, — дедим болаларга.
— Отур, отур, — деди у кипгаям. — Озбек-да турк…— Кейин ўзиям жойига чўкиб, шам қошидаги ёрлиқсиз шишасини четга суриб қўйди.
— Гап шундай, — дедим. — Ўзбекистонга бормайсизми?
У гангиб қолди. Кейин:
— А почему? Что я вам делал? — деди.
Гапини қаранг.
— Вн мне ничего ни делали. Вм понравились мне, — дедим. Ўрисчани эплолмайман, буёғини ўзбекча қилдим: — Гап шундаки, оға, биз ўзбеклар меҳмондўст халқмиз. Бизга бошқа миллат вакиллари қанча кўп борса, шунча хурсанд бўламиз!
— Не ушун? — деб сўради у ёнидан узун трубка олиб.
Кечирасиз, мен «трубка» дедим. Олтойчада «қангза» дейишаркан муштукни.
— Дружба, дўстликни яхши кўрамиз-да! — деб уқтирдим. — Мана, давлатимиз ҳам шуни талаб қилади… Бизнинг совхознинг номиям — «Дружба», у ерда ўрислар…
— Понятно, — деди у. — А почему именно я…
— Э, менга барибир! — дедим. — Борасизми? Рози бўлсангиз, ҳозир вокзалга чиқамиз.
— Интересно.
— Интересно эмас… Я прошу, сапхоз просит… Тушуняпсизми?
— Ҳа-я, мен тушунят, — деди у. Кейин ҳалиги винони олиб, оғзидан қулқиллатиб ичди-да, тиржайиб сўради: — Арақи бор по?
— Бор, бор! — дедим. — Хоҳлаганча ичасиз! Текинга, ҳа, текинга!
— Вот так просто?
— Ҳа-да!
— Ну-у. — У муштларини тиззасига тираб, бошини сарак-сарак қилди. — А квартира?… Ўчак, ўчак?
— Ҳе, квартира сизни кутиб турипти!
— Ў-ў, тенгерим! — деб у шифтга қаради. — Бу кижи кам, каманлайт.
Бу гапи — «Бу кипш шаман, мени шаманлаяпти», яъни, авраяпти дегани экан.
— Ишонмаяпсизми?
У киши ўйга толиб қолди-да, кейин болаларга ни-мадир деганди, биттаси катнинг бош томонидан балдоқли пиёла олиб берди. Киши винодан пиёлага қуйди ва чайқалиб ўрнидан турди. Сўнг ҳассасини биқинига тираб қўйиб, кир бармоқларини ичимликка тикди, сўнгра рўпарасига қаратиб чертди.
— Кўк тегреиме! — Кейин яна бармоқларини ҳўллаб ўнг томонига чертди, яъни, вино юқини сачратди. — Суу тенгериме! — Кейин чап томони ва орқасига қаратиб чертди. — Туу тенгериме, Чол тенгериме! — Сўнгра винони ичиб қўйди.
«Туу»» дегани — тоғ, «чол» дегани — йўл экан. Уларнинг назарида, буларнинг, шу — осмон, сув, йўл ёки тоғнинг ҳам тангриси бўларкан.
Балки шуларнинг ўзини — тангри деб ўйлашар? Аниқ айтолмайман, тарихни яхши билмайман.
Лекин шу ишларни қилаётганида болалар ҳаяжонга тушиб, у қараган томонга ялт этиб қарашар, қиёфаларидан қандайдир илоҳиётга бўлган ҳурмат-эҳтиромлари шундоққина билиниб турарди.
Тўғриси, мени ҳам қандайдир ҳаяжон чулғаб олганди.
Киши, ниҳоят, пиёлага яна қуйиб, менга тутди.
— Кечирасиз, мен ичмайман, — дедим. — Раҳмат, ўзингиз олаверинг.
У ўйчан бош ирғаб:
— Так, значит… мен сизлара кўнак бўлам? — деди.
— Э, яшайсиз! — дедим мен. — Бир умр яшайсиз! Кечирасиз, бола-чақа борми?
У бирдан бошини эгди.
— Пала йок, хатун йок, — деб ғулдиради-да, инқиллаб юборди. — Йўрт йок!
Ҳозироқ айтсам тузук: у кишининг хотиниям, қизиям бор экан. Аниқроғи, бўлган экан. Хотинининг исми — Тарлоон, қизининг оти — Сирг(ғ)а экан.
Ўзи… Олтой муаллимлар тайёрлов институтида — дорилмуаллиминда ўқитувчи, халқ оғзаки ижодидан дарс бераркан. Олтмишинчи йилларнинг бошида, умуман, Олтой ўлкасида ерли халқ мактабларидаям дарслар ўрис тилига кўчирилади ва Умрзоқ ака (у кишининг исмлари шундай) Масковга арзномалар ёза бошлайди. Жавоб келавермагач, аламини «арақи»дан олишга тушади. Шундай кунларнинг бирида битта ўрис йигит билан айтишиб қолиб қамалади. Иши судга оши-рилгач, унга ғалати айблар қўйилади: «Миллатчи… Никомпетентний… хулиган» ва ҳоказо.
Нима дейсизки, домла ўн йилга кесилади. Қамоқдан чиққач, табиий, уни ишга қабул қилмайдилар. Ва, энг ёмони… уйига — ўз уйига ҳам «прописка» бўла олмайди: буниям тақикдаб қўйишган бўладилар…
Хотини Тарлоон ва қизи Сирг(ғ)а билан хўшлашиб, шаҳар четидаги маҳаллада (квартирада, аниқроғи, («кўй»да) фаррошлик қила бошлайди.
Бу вақтда, энди, у одамгарчиликдан чиққан бўлади: мақсад — кун ўтказиш ва кўнгил яраларига «арақи»дан малҳам қўйиш, аниқроғи, бу дунёни унутиш…
Бироқ, у бир нарсага содиқ қоладики, уни кейинроқ айтаман.
Шундай қилиб, унинг «Пала йок, йўрт йок» деганидан кейин мен:
— Э, бизнинг юрт ҳам сизнинг юртингиз-ку! — дедим. — Борайлик, бола-чақаям бўлади, уй-жой ҳам!
У бир нафас анграйиб қолди-да, кейин менга қўл узатди.
— Умрзак Иван Иванович.
— Йўлчибой, — деб унинг қўлини олдим… Ким билади, тилимга шу ном келди-да. Кейин сўрадим: — Нимага «Иван Иванович?» Ота-боболарингизни ўрисга яқинлиги борми?
— Ай! — деб қўл силтади у. — Йок. Биз — шаман, кам… Алтай. Турк… Но бизим кижилар аз… Всего шестьдесять тнсяча остались! Ў-ў! И то они ўрус тилинда сўзлаят… Биз йок оламиз. Мн вьгмираюший народ…
Мен бу томонларини билмас эдим. Кўнглим бузилиб:
— Йўқ, — дедим. — Сиз ўлмайсиз! Бизнинг юрт — сизнинг-да юртингиз!
Умрзоқ ака ғамгин жилмайиб, шишани кўтарди, тағин оғзидан бир-икки қултум ичди. Сўнг менга синовчан тикилиб қолиб, қутиларда кўзларини лўқ қилиб ўтирган болакайларга бир нима деганди, улардан бири менга қараб:
— Ачу, ачу, не ачу? — деди.
Ғира-шира тушундим: бизнинг ўлкада «аччиқ» сўзи шевада албатта: «Ачув» деб талаффуз қилинади. Шуни аниқлаштириб олмоқчийдим, Умрзоқ ака ўзи англатди:
— Что горько в жизни?
Мен елка қисдим. Болалар бўлса қувонишиб-кулишиб:
— Ў(о)лум, ўлум, ўлум, — дейишди.
Шунда менга топишмоқ берганини фаҳмладим-да:
— Биздаям топишмоқ айтишади, — дедим. — Тс пишмоқ кўп. Борсангиз эшитасиз.
Умрзоқ ака бу гапимдан қаноатланиб ва чамаси илҳомланиб, болаларга тағин бир нималар деганди, улардан яна бири чулдиради:
— Эртен тура — тўрт бутту, туште — эки бутту, энгирде — уч бутту. Бу не, тап?
Этларим жимирлашиб кетди.
— «Бут» — оёқми? — деб сўрадим.
— О, да! — деб хитоб қилди ертўла соҳиби.
— Одам, — дедим.
Болалар «одам» сўзини тушунмади, Умрзоқ ака эса:
— Тапту! — деди. — Ҳи-я, кижи, кижи.
Илгариям эшитиб юрардим-у, бу ерда яна ишон-
димки, олтойликлар тилида араб, форс сўзлари жуда-жуда оз экан. Ислом у ерларга етмаган, тожик билан алоқаси йўқ. Биласиз-ку?.. Сўнгра улар «япти,. ётир» деган қўшимчаларниям қўллашмас экан.
Ана шунда мен Умрзоқ акадан бир амаллаб сўрадим:
— Нега менга топишмоқ айтяпсиз? Ёш бола бўлмасам… Тушунолмадим?
Умрзоқ ака менинг саволимга жавобан бутун бошли бир маъруза ўқиди.
Унинг айтишича, топишмоқ, яъни, «табьшжак» — Олтой халқ оғзаки ижодининг «калити» экан. Чунки топишмоқларда Олтой элининг, яъни, қадимдан то яқин-яқинларгача овчилик ва чорвачилик билан шуғулланиб келган элнинг энг ибтидоий — «яширин тили» тўла-тўкис акс этаркан. Илло, олтойликлар атроф-муҳит — ўрмон, сув, ҳайвонлар ва паррандаларнинг шубҳасиз Руҳи бор, лекин Руҳлар кўзга кўринмайди, уларни сира-сира ғазаблантирмаслик керак. Руҳлар ранжиса — халқ оч қолади, яъни, ов барор олмайди, рўзғордан— «ўчоқ»дан файз-барака кўтарилади деб ишонишар экан. Ана шунинг учун улар қадим-қадимдан табиат бобида «эзоп тили»га ўхшаш — яширин лаҳжада гапиришиб келишар экан, бунинг маъноси шулки, биронта жониворниям асл номи билан аташмас экан… Масалан, «илон-йилон»ни — «қамчи, қайиш», «бўри-бору»ни — «кўк ит, узун қуйруқ», дейишаркан.
Умрзоқ ака шундай мисолларни айтар экан, менинг юрагим гурс-гурс уриб, жуда тўлқинланиб кетдим: ҳе, ёшлигимизни эслайман.
«Бўри»ни — «жондор» деб аташарди бизда. «Илон» — «арғамчи», «айиқ»ни — «полвон»…
Айниқса, тунлари булардан бирининг ҳам номи тилга олинмас эди.
Топишмоқларнинг, умуман, топишмоқ айтиш ва топишнинг бошқа буюк ҳикматлариям айтилди: жумладан, топишмоқни топиш — нақ зукколик, донолик белгиси саналажаги, айрим ҳолларда, дейлик, қонли жангларнинг ҳам олди олинажаги. Эсланг-е, бор-ку, яна: пошшо учта топишмоқ айтипти. Ким топса, ўшанга қизини берармиш… Ёки бўлмасам…
Эсладим: куёвларнинг ҳам ақл-фаросатини шу тариқа синовдан ўтказишаркан…
Дарвоқе, Олтойда яқингача келинлар куёвдан тортиб, унинг қариндош-уруғларигача — бирини ҳам номи билан чақирмас экан…
Вой, улар билан ўзимизнинг орамизда қандай яқинлик-қариндошлик бор-а!
Туркий деганлариям шудир.
Хуллас, Умрзоқ аканинг маърузасидан кейин шундай фикрга келдим: бу одамнинг менга топишмоқ бердиришдан муроди — мени синаб кўриш, пироварди, ўзимиз томонни оз бўлса-да билиш экан. Шундан сўнг ўзим ҳам унга олтойликлар табишкаги билан балки уйғун келадиган ўзбек топишмоқларидан ҳам айтдим.
Оқибат, у киши:
— Мен борам, — деб винодан тағин хўплади-да, ғилтиллаган кўзларини менга тикди. — Сизда кок кол бар по?
Кўз олдимга қишлоқ устидаги тепалик, унинг ортидаги — ҳалиги кўл келди.
— Бор, бор! — деб юбордим. — А, нимайди?
— Очунда уч кол бар! — деди кўзлари қандайдир жовдираб. — Оқ кол, Қора кол, Кўк кол… Тоес: тенгис, тенгис. Понял? Белое море, Черное море, Синее море.
Қаердадир ўқиганимни эслаб қолдим: қадимда Орол денгизини — Кўк денгиз ёки Кўк кўл деб аташган… Шунчалар зилол бўлган у!
— Рост айтасиз, оға, — дедим. — Ўша Кўк денгиз ҳам биз томонда.
У болаларга шодон чулдираб бир нималарни тушунтирди. Сўнг:
— Кок кол-да учта! — деб хитоб қилди. — Бири бизда олган… — Умрзоқ ака тағин ғамгин тортиб қолди. — Ул талай, талай, — деди. — Талай-да — кол, тенгис… Ондаги ўртолнқде, тоес в острове жил один шаман. Старий-старий! Сууда бальж коп ўлган. Улус, курсак тўк… Народ жил хорошо! Кетин ўрус… ну, Алтай албати Россияга кирген тужунда… Ну, когда Россия завоевал нашу родину, шаман видит сон. Сон это — кижининг уйқудаги ўйи… Он видит, что в озере не осталось бальнс. Осталось! Но очень мало и им нечего есть.
— Хўш? — дедим.
— Сонра ул шаман ўзини сууге берген.
— Тушида?
— Да, во сне! Уйқуда… Потом он ушёл от этих мест! В Улусай! И дествительно сейчас Кўк кол мёртв. Балмк аз. Шаман йок. Бу улусчун олум…
Мен унинг фожиасини, халқининг фожиасини тушундим-да, кўнглини кўтаргим келди.
Бироқ қандай қилиб?
Қангзасини тутатиб, бир муддат ўйланиб қолган Умрзоқ ака бирдан:
— Нукерларим! — деб, кўзлари ола-кула бўлиб турган болаларга қаради. — Мен кетят… Озбекистана! — Кейинги гапларидан англадимки, «У ёқда Кўк кўл бор! У ўлкада — ўз юртимиз! Мен у кўлнинг бўйида шаман бўлиб яшайман!..» деди.
Шунда болалар тағин чулдирашиб қолишди. Биттаси кўзига ёш ҳам олди.
Бу орада ертўлага тағин бир бола — чамамда, боя мени кўриб қочиб кетган бола тушиб келди. Қўлтиғида бир шиша «Чашма» бор экан, Умрзоқ акага берди.
Сўнгра болалар уни ўзларининг ҳаяжонли гап-сўзларига тортишди.
Умрзоқ ака эса, энди бу шишани очиб ва оз-оздан ютиб, мени ҳайрон қолдирган баъзи бир саволларга жавоб берди: анави боланинг мендан қочишига сабаб— мени ҳалигидай маҳкаманинг одами деб ўйлаган экан…
Қолаверса, бу ердаги бошқа болакайлар ҳам, ҳатто Умрзоқ аканинг ўзиям мени «ўшанақа» деб ўйлапти олдин. Умуман, бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Қандайдир бир исқирт, пиёниста, қамоқдан чиққан кимса яшайдиган сассиқ ертўлага ким ҳам ўз фарзандининг кириб, ўша сондан чиққан, демак, ишончсиз-хавфли одам билан ўтириши, унинг маза-бемаза гапларини эшитишга қараб турарди?
Бунинг устига, ўша кимса миршаблар ҳисобида туришини маҳалла-кўйдаги ота-оналар яхши билишса: ахир, улар Умрзоқ акага фаррошлиги ва қоровуллиги учун ойига бир сўмдан йиғиб беришаркан. Демак, уларнинг баъзилари «шундоқ-шундоқ иш» бўлаётганидан кўйдаги соқчибошисини огоҳ қилган бўлиши керак.
Мен «бўлиши керак» дедим. Аслида, бўлган экан: ҳа, айрим ота-оналар ҳатто болаларини излаб, бадбўй ертўлага ҳам тушишган ва фаррошга яхшигина танбеҳ бериб ҳам чиқишган экан.
На иложки, болалар Умрзоқ аканинг гурунгига ўрга-иб қолишган экан.
Энди, «гурунг» — Умрзоқ аканинг «маза-бемаза» гапларига келсак, у гаплар болаларга айтиладиган қадим Олтой ривоятлари, эртаклари ва… топишмоқлари бўлиб, хусусан, топишмоқ биринчи ўринда экан.
Мен пастроқ пардада айтдим бу гапни. Аслида, бу машғулот — ёшларга олис тарихдан сўзлаб бериш, юртга, элга боғлиқ томирларини мустаҳкамлаш, бу нарсани ўйин-айтишувлар орқали-да сингдириш собиқ олимнинг умр ғояси экан десам бўлади.
Шуниси ҳам борки, менинг назаримда, Умрзоқ аканинг ўзиям ўша олис-топталган ўтмиш билан яшарди: бугунги кун ҳақида бирон-бир мулоҳазасини эшитмадим…
Рухсат этсангиз, шу ўринда мен бир мулоҳаза айтсам: Умрзоқ ака мен билан жўнади — қангзаси, муқоваланган қандайдир қўлёзмаси (унингча, бичик), битта чўлтоқ қалами (карандаш-қара таш), беш тийинлик уч қути тамаки ва игна (ийне), ип ҳамда бир-икки ҳовуч кедр ёнғоғи (мёштинг тобогоси) солинган халтасини (қапини) кўтариб жиларкан, «нукерларим, нукерларим», дея кўзи ёшланганини кўриб: «Демак, бу одамни ҳалиги машғулотидан ҳам кўпроқ ўзига тортди-да биз томон, — деб ўйладим. — У Кўк кўлмикан?» Ундай десам, бу машғулот унинг умр тоясидай эди.
Балки бизда ҳам ўз қондошларининг яшаши қизиқтиргандир? Балки, балки у айтмиш… «квартира — ўчак» ва одамлар ҳисобига кириб, одамга ўхшаб яшаш…
Хуллас, вокзалга жўнадик.
Поездда Умрзоқ аканинг қилган хархашаларини айтиб ўтирмайман.
Шиша… унга гўдакнинг сўрғичидай бўп қолган экан.
Вино сассиқ, тамакининг бадбўй ҳидигаям тоқатим йўқ… «Жиндак ичманг, дам олинг» десам, қовоғини солиб қолади. Бир гал қаттиқ маст бўлганда: «Алтайга кетем!» деб туриб олди. Ялинаман-алдайман. Мени тағин хижолат қилгани — бир-икки марта йўлакка чиқариб қўйилган бўш шишаларни териб юргани бўлди.
Бир амаллаб туманимиз марказига етказиб келдим. Поезддан тушибоқ кийимлар дўконига опкирдим. Ўзи танлаган костюм-шим, пойабзал харид қилдим. Арзимаган нарсалар… Соқолини олдириб, газакхонадан ярим стакан ичирдим-да, бир таксини ёллаб «Дружба»га ҳайдатдим.
У кишининг кайфи чоғ, йўл четида пахта тераётганларга ғурур билан қарар:
— Ў-ў, белое золото! — деб қўярди. Кейин пахта ҳақида гап кетди: унинг меҳнати оғирлиги — экиш, бегона ўтлардан тозалаш ва ҳоказолар ҳақида сўзлаётгандим, у қизиқ бир гапни айтиб қолди. Маъноси шуки, Олтойда «бегона ўт»ларни «ернинг ўлон»лари дейишаркан. «Ёввойи ҳайвонлар»ни ҳам — «ердинг (ерлик) тьтдулар», уй ҳайвонларини эса «асранда» деб аташар экан.
Менимча, улар ҳақ.
Умрзоқ ака соқол олдираётгандаёқ мен «Дружба»га қўнғироқ қилиб, «қирқинчи вакил»ни олиб бораётганимни ва Иван Ивановичнинг феъл-атворидан тор-тиб касб-коригача сал-пал ахборот бергандим. Директор хурсанд бўлиб, томорқали уйлар тушаётган янги маҳаллага опкелишни айтган эди.
Тўғри ўша жойга бордик.
…Шу ўзбекларимиз қизиқ-да: ўзи емай меҳмонга тутади, деганиям рост. Уйида аза бўлсаям меҳмонга билдирмайди, деган гапдаям жон бор.
Ўзингиздан қолар гап йўқ, уй-жой масаласи тупканнинг тубидаги қишлоқдаям муаммо…
Меҳмонлар эса тайёр уйларга бепўшт-пўшт…
Тўғри, ўша вақтларда шундоқ эди, яъни, уйидан ҳайдаб чиқарсанг ҳам, «раҳмат» дейишга мажбур эди.
Хуллас, борсак… эҳ-ҳе, яқинда пардоздан чиққан уч хонали алоҳида иморат қошида талай одам. Болалар ҳам бор (Ҳалигидай ўн бир-ўн икки яшар болалар). Ҳамманинг лабида кулги. Фақат карнай-сурнай етишмайди…
Уф, уялиб кетасан киши.
Директор бизга пешвоз чиқди. Тантана билан машинадан тушдик. Кейин жиндак йиғин бўлди.
Директор — мени Олтойга юбораётганда ўшандоқ гапларни мажруҳлик билан айтган одам:
— Дўстлар! Мана, бу киши ҳақиқий Олтой фарзанди Иван Иванович Умрзоқ ака бўладилар! — деб гўёки терисига сиғмай шодумонлик билан сўз бошлади. — Элга эл қўшилса, бойлик дейдилар: бизнинг бойлигимиз — дўстликда! Умрзоқ ака, хуш келибсиз! Мана, шу уй сизники!..
Ва ҳоказо…
Шуни айтишим керакки, бу «иш»лар комедия эканини шу ердаги ҳар бир одам билиб турарди. Лекин буни билдиришмас, мийиғларидаги истеҳзоли табассум ҳам самимият ниқоби остида эди. Тағин уларнинг қарсак чалиб юборганлари…
Одам сийраклашгач, уйга кириб, хоналарни кўздан кечирдик: жиҳозлариям бинойи.
Ошхонада — икки оташхонали газ-плита ёнида бир қути сабзи, пиёз, картошка, карам ҳам бор экан. Умр-зоқ ака гангиб-гарангсиб қайтиб чиқаркан:
— О, маркоп, картоп, капуста! — деди. Сўнгра бизга қараб тушунтирди: Олтойга ўрислар билан бирга кириб келган емакми, нарса-предметми борки, улар ўз номи билан аталаркан. Масалан, «соат»ниям — «час», «жухарини»ям — «кукуруза» дейишаркан… Шу қути бошида унинг нима иш қилажагиям тайин бўлди.
Умрзоқ ака қути ёнида ётган янги супургига тикилиб қолди-да, бирдан уни олиб:
— Сибирги, сибирги! — деди қадрдонини топгандек. Кейин директорга муддаосини айтди: — Я буду сторожом! Карауул… — Кейин тахтаполни супургандек қилиб, қаддини кўтарди-да, энди директор бобони синамоқчидек: — Юз қўйди пир чивикла кажирдим. Бу не, тап? — деди. Сўнг топишмоғини ўрисчага ағдарди.
Директор хўрсинди.
— Шу қишлоқни бердим, ўзинг айт.
Умрзоқ ака бу гапни эшитиб, шундай роҳатланиб кулдики, охири кўксовдек йўталиб қолди. Сўнгра Олтойда ҳам топишмоқни тополмаган киши «шаҳар бериши»ни ёхуд кулгили бир лақаб билан аталишга рози бўлишини айтди. Сўнг супургини салмоқлаб, тепага кўтарди.
— Сибирги!
Биз тушундик.
Иморатнинг атрофида талай қари дарахтлар бор, тақир ерда уларнинг япроқлари тўшалиб ётар, теварак ҳали бирон тўсиқ билан ўраб олинмаган эди.
Ҳув узоқ-яқиндаги айрим уйларга одамлар кўчиб киришган, табиий, ўзларининг уйлари олдини супуриб-сидиришар, демоқчиманки, бу янги маҳаллада фаррош учун иш йўқ ҳисоби эди: чунки хонадон эгалари асосан ўзбеклар ва тожиклар эдики, ўзингиз биласиз, супуриш-сидириш уларнинг келинларидан ҳам ортмайди.
Шу боисдан, директор кетаётганида шу тўғрида гап очгандим, у киши бу масалани биз келгунча ҳал этиб қўйгандай тупроқ йўл туташган асфальт кўчанинг нариги бетидаги беш қаватли иморатларни кўрсатди.
— Тушундим, — дедим.
Кейин директор Умрзоқ ака билан хўшлашди.
— Ҳозирча хайр, ўртоқ Иван Иванович… Бизнинг идора ҳув жилғанинг бўйида. Томига қаранг, қизил байроғи бор. Агар бирон гап чиқиб қолса, марҳамат! — Кейин кулиб, меҳмоннинг қўлини сиқди… — Биз сизни уйлантириш масаласиниям ўйлаб кўрамиз… Хўш, нима бўлсаям ўзимиздан, ҳим, қавмларимиз юртидан келгансиз… Лекин энди Ўзбекистон ҳам сизнинг юртингиз бўлди. Ҳа-ҳа, яшасин дружба! Ҳинди русу бхай-бхай…
Кейин менга қишлоқнинг у ёқ-бу ёғини кўрсатишни, ичкилик зарил бўлса «Ҳабиб бупитчи»га айтиб қўйганини тайинлаб:
— Пахта теримига ҳуши бўлса, унгаям хўп, — деди.
Мен Умрзоқ акани эргаштириб, ўша иморатлар томонга бошладим. Уч-тўртта болакай нари-берида туришган эди, улар ҳам изимиздан тушди. Кўнглимдан ҳар хил ўй ўтади денг: болаларни чақириб, топишмоқ айтсамми? Уни қувонтирган «белое золото»ни териш, о, ярим соатда уни белдан қолдиришини тушунтирсамми?
Шунда Умрзоқ ака бирдан тўхтаб, бетон ариққа энгашди. Ариқнинг ифлос сувидан ҳўл бир каламуш чиқиб қочди. Шунга энгашдими десам, у бўйни чиқиб турган бир шишани оляпти. Шартта қўлидан тортдим.
— Қўйинг уни! Бўлди энди… Бу ер сизга Барнаул эмас! Аитдим-ку, бу ерда ароқ ҳам текин!
У дам хўрсиниб, дам тамшаниб, бироз жим-паришон юрди-да, тағин бирдан тўхтаб, йўл четини кўрсатди.
— Ура! Ура!
Ҳайрон бўлдим: «Нимага «ура!» деяпти?» Эътибор қилсам, битта иморатнинг ертўласига ишора қиляпти.
— Ҳ-а, подвал эсга тушдими?
— Аа-да! — деди у кўзлари ўйнаб. — Ура у.
— Э-э, ўра… йўқ, — дедим. — Сизнинг уйингиз бор, Умрзоқ оға. Ўчақ бор… Энди бошқача яшайсиз. Тушуняпсизми? Одамга ўхшаб…
У киши худди ароғини олиб қўйганимдек қовоғини солиб олди. Сўнг атрофга боқиб чуқур хўрсинди-да, болаларга кўзи тушиб, бирдан тиржайди.
— Кел, кел, — деди уларни имлаб. Ва бемалол чўнқайиб, тағин ертўлани қўли билан кўрсатди. Болалар ҳам югуришиб келиб, ертўлада бир нарса бордек тикилишди. Сўнг Умрзоқ ака менга жилмайиб қўйиб: — Кўлонқози йок қара ат. Бу не, тап? — деди. Кейин болаларга бир-бир кўз тикиб, ўрнидан турди.
— Рассом амаки, бу қозоқ нима деяпти? — деб сўради болалардан бири.
— Топишмоқ айтди, — дедим. — Кўланкаси йўқ қора от. Нима? Топинглар!
— Вей, шунақа от ҳам бўладими?
Бўғинларим бўшашиб кетди: билардим, бизнинг ҳозирги болалар бунақа топишмоқ-мопишмоқларга қизиқишмайди… Нимага, ака? Бунга эҳтиёж сезишмайдими? Ёки муаллимлар, мактаб… Ҳа-ҳа, биз табиатдан узоқлашиб кетганмиз… Лекин Барнаулдаги болакайлар билишади-ку? Ҳолбуки, улар ҳам она табиатларидан… Ана бу гапингиз маъқул, Умрзоқ акадай…
Топишмоқнинг жавобини… мен ҳам билмасдим. Ана, раҳмат. Сиз ҳам билмайсиз.
Умрзоқ ака ниҳоят:
— Ўра, о-ора, — деди. — Ертола… — Кейин менга таъна назари билан боқди.
Ҳабибнинг «бупити» бу иморатларнинг адоғида эди. Бизни кўрибоқ пештахта олдига чиқди. Бир қўлини ортидан олмай, бирини кўксига босиб салом берди. Кейин:
— Дод! — деб хитоб қилди. — Приезжайте к нам в Узбекистан! — Сўнг анави қўлида бир шиша «Русская водка» бор экан, Умрзоқ акага дангал узатди. — Прошу, не откажи, атес! Яна нима хизмат бор, рассом ака?
Умрзоқ ака кўзларига ишонмагандек бирпас тек қотди-да, кейин Ҳабибга иршайиб:
— Уни яраш ул не, тап? — деди.
Ҳабиб менга қошини учирди.
— Топишмоқ айтди. Ичи тўлиб кетган топишмоққа, — дедим. Кейин Умрзоқ акадан «табишкакти» ўрисчага ағдариб айтишини сўрадим. У ҳозиржавоблик қилди:
— С прекрасньш голосом юноша-красавец!
Олтойликнинг ҳавосини ола бошлаган эдим.
— Уни… яъни, товуши ярашган… ўзига ярашган ул, яъни ўғил, — деб шарҳладим.
Шунда Умрзоқ ака шишани кўрсатди.
— Бу не?
— Арақ, — деди Ҳабиб.
— Шу.
Ҳабиб кулиб юборди.
— Ў-ў, алкаш!
Мен толиққан эдим. Йўлдангина эмас, шу одам билан мулоқотдан ҳам: дам ғашинг келади, дам раҳминг. Ҳурмат ҳам қиласан, силтаб кетгинг ҳам келади.
Бундан ташқари, менинг ишларим ўлда-жўлда қолиб кетган эди: тирикчилик…
Умрзоқ акани уйига киритдим-да, хайрлашдим. Тез-тез келиб туришимни айтдим, у фаррошлик қиладиган жойни эслатдим, жуда зарил бўлиб қолсам, директордан сўрайсиз, дедим.
Буюртмалар ҳам кўпайиб қолган экан. Байрам яқин. Кўп шиорлар қайтадан ёзилиши керак.
Хуллас, орадан ўн кунлар ўтди. Қўшни қишлоқда эдим, почтага чақириб қолишди. Телефонга. Дастакни олсам — директор:
— Ҳе, ука, бу меҳмонингиз ҳеч ўхшамаяпти. Бу бошқачаси экан. Одам хижолат бўляпти… — деди.
Мен гап нимадалигини ўзимча тахмин қилдим. Ва ҳақиқатан шундай бўлиб чиқди: уйига келсам, эшик берк, калит тутқичига боғлаб қўйилган.
Ҳалиги иморатлар орасидан ҳар ёққа… ертўлаларга-да… ҳа, кечаси… подвалларга кўз солиб боравердим. «Ўра» деганимга етганда тўхтаб, зинапоя бошига бордим. Шу-шу: пастдан чироқ шуъласи кўринди.
Директор бекорга шу ерларни супуриб-сидириб юрсин демаганди. Айниқса, ўрис биродарлар яшайдиган уйларнинг атрофига қараб бўлмайди. Билмадим, боғ-роғ, экин-текинга қизиқмайдими булар… Хуллас, бу ертўланинг олдида Барнаулдаги «ўра»нинг «ўлса ўлиги» ортиқ эди.
Шам тополмаганми — пахта мойли шишанинг оғзини лойлаб, пилик эшиб солинган: милтиллаб ёняпти. Ҳар хил қутиларни бир-бирига тақаб қўйиб, ётса бўладиган кат ясабди. Кат устида эшакка жул бўлмайдиган бир тўшак. Ўтирипти Умрзоқ ака. Соқоли яна ўсиб кетган. Эгнида… Ўша исқирт пахталик. Қўлида қангзаси, бутлари орасида бир шиша «Чашма».
Мени кўриб Умрзоқ аканинг кичкина кўзлари каттариб кетди. Ҳассасини олмаёқ ликонглаб қолди… Сасиб-бижиб кетган, қандайдир шишган.
Қучоқлаб ўпмоқчи бўлаётганди, бир амаллаб жойига ўтқаздим. Ўзим ҳам бир қутини опқўйиб ўтирдим.
— Хўш, Олтойга қайтасизми? — деб сўрадим даб-дурустдан.
Унинг кўзлари ялтиллаб кетди-ю:
— О-о, йок… Кўк колга опор, — деди. — Сен яхши кижи. Директор-да яхши кижи…
— Болалар-чи? — дедим. — Кеп туришадими?
У чуқур хўрсиниб:
— Олар табишкак билмаят… Оларди атази, энези қўймаят… Я не могу жить. Вот всё! — деди. — Покажи мне Кок кўл. Прошу тебя. Здесь никто не знает…
Ҳақиқатан ҳам, ул қадимда Кўк кўл дейилгандир. Лекин бунинг мақсадини билганлар ҳам оборишга эрингандир… Қолаверса, у ерга бориш таъқиқланган: шунинг учун кўлнинг бутун атрофи тиканли симдевор билан ўраб қўйилган эди.
«Э, мендан нима кетади?»
— Юринг, Умрзоқ ака!
У қопи билан ҳассасини олиб, менга эргашди. Чироқни ўчириб, гугурт чақиб, тепага чиқиб олдик. Ҳаво совуб қолган эди. Тупроқ йўлга тушиб, кейин кўчаларни кесиб ўтиб, музейга чиқиб бордик.
Тасаввур қиласизми, бу одам хурсанд эди! Ўз тилида бижиллаб бир нималар дер, сўнгра «тенгерим, тенгерим» деб қўярди. Топишмоқ ҳам айтувди, ўзимни эшитмаганга олдим. Хафа эдим-да, ака. Дунёнинг бадкорликларидан кўнглим абгор эди: бу одам ўз юртида, ўша… Улусойга кетиб қолган камшаман ҳам ўша Кўк кўлдаги оролда яшаб қолавериши мумкин эди-ку?
Ҳа-ҳа… Бу одамнинг ахир хизмат жойи, уйи-ўчоғи, хотини Тарлоон, қизи Сирға…
Кечаси у икки-уч марта туриб сув ичди. Мен буклама каравотда эдим, у ерда ётган бўлсаям билинди. Хурракниям отар экан. Саҳарлаб яна уйғотди.
— Янгмар яаадм!
Ташқарига чиқсам, чиндан ҳам ёмғир савалаяпти.
Умрзоқ ака яна халтасини кўтариб олди: худди бу ерга қайтмайдигандай!
Ҳалиги — кўл суви оқиб чиққан жойга етганимизда яна топишмоқ айтиб қолди-ку:
— Қизиқ элик ятган ердин ўлон чипшас! Тап!.. Ну, там, где лежала красная косуля, трава не растет.
— Не знаю, — дедим.
— Кўк колди бердинг?
— Кўк денгизниям бердим.
У таққа тўхтаб қолди-да, ҳассаси билан халтасини кўтариб бир айланди. Кейин:
— Это же «след от пожара!» — деди. — «Орттинг орнн!.. вот, смотри, здесь же бил пожар, да?
— Ҳа, — дедим. — Рост айтасиз… Ўлмасак кўрамиз, бу қишлоқдаям бир куни пожар бўлади.
Симтўсиқнинг майишиб қолган жойидан ўтиб олдик. Ўркачга чиққач, этакда кўл кўринди: қоп-қора, ялтирайди, пойабзалга суртадиган қора мойнинг ўзи…
— Мана, Кўккўл!
У турган ерида шилқ этиб ўтириб қолди. Кейин нари-берига думалай бошлади. Сўнгра атрофимда ўрмалаб:
— Чиндик сўзинг по? — деди.
— Чин сўзим, — дедим.
Шунда у бўридай увлаб юборса бўладими! Тахта бўлиб қолдим. Тағин жаврагани:
— Ўлум, ўлум, ўлум…
— Рост, оға.
— Э, тенгерим! — У бошига муштлай бошлади. — Кол йок, йўрт йок, чол йок…
Мениям кўзимга ёш келиб ўтириб олдим. Лекин кўл учун у… мендан юз чандон ортиқ куймоқда эди.
Ана шунда ишондимки, бу одам ҳақиқатан ҳам… аввало, шу кўл учун келган экан, шуни деб таклифимга унаган экан. Демак, уни уй-жой, хотин, ҳатто текин арақ ҳам унчалик тортмаган экан… Балки бу кўл унга истиқбол чироғи бўлиб кўрингандир?
«Чашма»сидан уч-тўрт қултум олгач, бир маҳал ўзига келди. Мен уни чалғитиш учун сўрадим:
— Сизлар олдин ҳам ароқ ичармидинглар?
— О, да! — деди у. — Биянинг судидан арақи қилят… «Арақи» — биизди сўз. Турк сўзи — Кейин: — Эй, яхши кижи, — дея халтасини кавлаб балдокди пиёласини чиқарди, унга винодан қуйиб, менга узатди. — Ал аяқти. Ич. Мен тамада… — Сўнг қувнабгина тушунтирди: — Тамада — тама-ада. Тамаа — тамақ, атдазн — атаси. Тамақ ата — тамада.
Барибир ичолмадим.
У мийиғида кулимсираб, тоғ бағридаги завод томонга — оқ-совуқ тутунга боқиб қолди.
— Бу йўрт Озбекистон по?
— Албатта, — дедим.
— Йок, — деди у кулимсирашини қўймай. — Бу йўрт — Дружба… — Сўнг ҳиқиллаб пичирлай бошлади: — Бизим Олтойда «дружба-дружба» деб йок олду…
— Биз ундай бўлмаймиз, — дедим. — Чунки халқимиз ҳамма нарсани тушуниб турипти.
— Ҳўў нукерим.
Узр, биргина изоҳ: асл олтойлик оддий одамниям «нукер», яъни «навкар» деб атар экан, нега бундайлигини ўйласанг, хаёлинг мозийларга оғади…
Кейин Умрзоқ ака бўшаган шишани Қора кўлга отиб юборди. Шиша «сув»га ботди-ю, қорайиб ёнбошлаб қолди. Айтмасам бўлмас: бу кўл ҳам жуда сассиқ, шунинг учунми дейман, устидан қушлар ҳам учиб ўтмас эди.
— Мен Кўк тенгисе кетиям! — Умрзоқ ака туйқус шундай деб ўрнидан турди.
— Ў-ў, у денгиз жуда йирокда! — дедим. Кейин Қолганиниям айтдим: — У Орол кўли-ку?
У ҳорғин бош ирғади.
— Ҳи-я, ҳи-я… Но, Кўк тенгиз — моя мечта! — деб хитоб қилди кейин.
— А, вм знаете её состояние? — сўрадим ундан. — Кўк тенгис қурият. Балик йок.
Бар! — деди у жаҳл билан. — Кўк тенгис пака тири! Онда орталктар бар… Там буду жить и шаманит, ака Алтайский шаман! Бальгктар ач олса, озумни берем!
Мен, ҳар қалай, совхоз директорининг олдидан ўтиш лозимлигини айтдим. Аммо…
…У келмади.
Эртаси эшитсак, Умрзоқ акани «Н» вокзалида кўришибди танишлар. Эгнида «қап»и, ликонглаб юрганмиш. Кейин «Тошкент-Қўнғирот» поездига ўтириб кетибди.
1991