Атеистлар жамиятига раис этиб тайинланган Мирзо бугун оқшом тошлоқ кўчадан уйи томон юраркан, йўл ёқасидаги ёлғиз қабрга биринчи марта эътибор қилди ва унга тикилиб қолди.
Шунда орқасидан бульдозерини ҳайдаб, ўзидан синф кейин ўнинчини битирган механизатор Ғолиб келиб қолди.
— Ҳа, Аҳад ака? Чиқинг машинага! — деди у.
— Э, машинагаям чиқармиз, — деди Аҳад Мирзо — Манави қабр қизиқтиряпти мени. Кимники экан?
— Битта паймонаси тўлганникидир-да, ака, — Ғолиб. — Нима, ёқмаяптими сизга?
— Гап ёқиш-ёқмаслигидами! — ғижинди Мирзо. — Гап унинг халққа қиладиган таъсирнда, масала!
— Э, халққа нима таъсир қилар эди! — деди Ғолиб. — Турибди-да. Эски қабр. Мен ялангоёқ юр пайтлардаям бор эди бу. Ўзингиз-чи, ўзингиз билмайсизми?
— Ўзим-ку биламан. Лекин нима учундир эътибор қилмаганман-да! — деди Аҳад Мирзо. — Ҳар ҳолда бу қабрнинг бу ерда ёлғиз туриши яхши эмас… биласизми, ука, бу бекорга тиккайиб турибди деб ўйлайсизми? Қаранг, атрофи девор билан ўралган. Туғиям бор, туғи! Ҳозир текширамиз. Қани, тушинг сиз ҳам пастга… Мана, мана муни кўринг! Бу тошни кўринг. Устига ёғ тўкилган, мана, гугурт чўплари, бу ерда чироқ ёқилган… Вот масала!
— Хўш, нима қилиш керак энди? — сўради Ғолиб энсаси қотиб.
— Нима бўларди, буни бу ердан кўтариш керак!
— Йўғ-э, қўйинг-э!
— Э, қаршимисиз, Ғолиббой?! Менга маслаҳат бериш ўрнига бу қабрнинг ёнини оласизми? Ким билади, балки бу бир шайхнинг мозоридир? Балки бир эшоннинг, мулланинг қабридир? Бўлиши мумкинми. Жуда мумкин-да! Шунақа…
— Бўпти, мен бетараф! — деди Ғолиб ва бульдозерини жилдирди.
Бироқ Аҳад Мирзо бўш келмай, унинг йўли тўсди:
— Тўхта!
— Нима?
— Туш пастга?
— Гапираверинг, ишим зарил. Овқатланганим йўқ, чўлга кетаман.
— Туш деяпман. Нимага мажбур қиласан кишини?
— Э, мен нима қилдим сизга?
— Тушмайсанми?
— Э…
Ғолиб тушиб, унга рўпара бўлди.
— Ўчир аравангнинг овозини, ўчир, гапни кўпайтирма!
— Уф…
— Бу ёққа ке!
— Қулоғим сизда.
— Бу қабр кимники?
— Эсингиз жойидами, мен қаердан билай! Битта-синики бордир-да… Бир йилда ҳам кўзим тушмайди бунга.
— Ёлғон айтасан, ёлғон! Кўзингдан билиб турибман… Бўлмасам, бузамиз деганимда, нимага хўп демадинг? Йўқ, ука, чучварани хом санама… Мен нимагадир эътибор қилмаганман-а! Лекин сен… сен эмас, энанг ҳам, отанг ҳам, бобонг ҳам биласизлар бунинг тарихини! Бундаги чироқни энанг ёқмаганига мени қандай қилиб ишонтироласан? Ёки бўлмасам, шу ердан отанг ўтаётганда, фотиҳа ўқимаганига кимни кафил қилоласан?! А? Ана шундай! Мени алдай олмайсан!
Ғолиб ёлғон тўқиди:
— Кечирасиз, ака. Сизнинг гапларингиз рост… Ота-онанг бу ерга келиб, илми-амал қилади деганингиз, лекин ёлғон! Шу гапни отам эшитса, сизни ёмон хафа қилади. У фронтовик, пенсионер! Ўзлари пионерларга муллаларни, эшонларни ёмонлаб юради. Биларсиз. Энам ҳам шунинг бири. У овқатни еб, дастурхонга фотиҳа ўқишни ҳам билмайди… Билмайди! Буни ўзиям исботлаб беради. Хоҳлаган жойингизга чақиртиринг! Майли.. Лекин битта гапингиз рост, биз буни кимнинг қабри эканлигини биламиз. — Ғолиб тилига келган гапни қайтармади: — Битта мусофир ўтган вақтида. Афғоними, эронми бўлган. Уни одамлар сазойи қилган, шу ерда ўлган, шу ерга кўмишган уни! — Ғолиб шунақа бир муҳожирни инқилоб арафасида тошбўрон қилингани ҳақидаги ҳикояни отасидан эшитган эди. Ҳозир уни айтар экан, ўша мусофирнинг қабри шу эканига энди ўзи ҳам гумон қилмаи давом этди: — бечоранинг нима учун сазойи қилингани ҳам маълум ака. Битта Нарзи деган кампир бўлар экан-да, кими йўқ, бировларнинг кирини ювиб бериб, тирикчилик қиларкан. Ўша афғони ҳам уст-бошини ювдираркан. Буни бир эшон билиб қопти, қараса, кечқурун хорижий одам Нарзи холанинг уйидан чиқиб келяпти. Эшон ўлгур айюҳаннос солибди: «О, мусулмонлар, нас чикди, нас! Юзини кўрманглар!» деб. Кейин, одамларни биласиз, кўр бўлган у вақтлар, дарров ёпирилиб келиб, бечорани тош билан ура кетибди. Шу, ака! — Шунда Ғолиб, бу ўжар йигит суриштириб кетса, сўзи ёлғон чиқмасин учун яна бир ҳикоя айтди: — Лекин, Аҳад ака, яна бир гап ҳам эшитганман, қизил аскарнинг гўри дейишади буни. Ишонмайсизми? Ўзингиз биласиз… Ана, анави тоғнинг тили бўлса гапирсин… Қишлоқни қизиллар эгаллаб олганда, отларига емиш топишолмаган. Шунда бировдан Етим чўққи остида буғдой бор, босмачи кўмиб қўйибди, деган гапни эшитишган. Кейин, боришган. Лекин бундан босмачилар хабар топган экан, тоғнинг орқасига ўтиб, тепадан келишган. Ў, биласизми, тепанинг орқасида қор қалин! Босмачилар у ёқдаги чорвадорларнинг ерга тўшаб қўйган кигизи борми, гилами борми, ҳаммасини олиб, қорга тўшаб, кейин шунинг устидан юриб келишган. Кейин қизилларни отиб ташлаган. Шунда улардан биттаси аравани олиб қочган дейишади. Шу ерга етганда, босмачи орқадан етиб келиб, отиб ташлаган. Ишонмаяпсизми? Биласизми, мен ҳам бу гапларга унча ишонмайман, Аҳад ака. Хўп, энди мен кетай!..
— Кетмайсан!
— Нима?
— Кетмайсан деяпман!
— Хўш, энди нима дейин? — Ғолибнинг жаҳли чикди. — А, ака, ўзи одаммисиз! Мен нима
Яна нечта баҳона тўқий! Ким билади, бу кимнинг қаери! Лекин… бир кампир шу ерда ис чиқарганини кўрганман.
— Ким? Ким у? Қайси кампир? Қаерда?
— Э, Зиннат момо бор-ку… Унинг гапи тўғри эди: Зиннат кампир шу қабр бошига гоҳо келиб ис чиқариб, чироқ ёқиб кетарди.
— Яхши, — деди Аҳад Мирзо.
У эрталабоқ нонуштани қилиб-қилмай, кампирнинг ҳовлисига борди. Кампир ўтган йили қазо қилган опасининг чироғини ёқиб ўтирарди, бир неча товуғи, бир лайча ити, алмисокдан қолган чархи, урчуғи ва опадан мерос қолган икки уй, бир айвонли иморатдан бўлак нарсаси йўқ… унинг… ўзидан бўлак кишиси ҳам йўқ эди. Айтишларича, вақтида кўп серфарзанд бўлган, сўнг уларни бир кечада босмачилар сўйиб кетган. Опа-сингил оҳ-воҳ деб қолишган.
Кампир тандир устидаги супада урчуқ йигириб ўтирарди.
— Салом, момо!
— Салом. Ким бу?.. Э, э, Сафар Мирзонинг ўғлимисиз, болам?!
— Худди шу. Аҳад Мирзоман! — деди атеистлар жамиятининг раиси. — Ит тишламайдими?
— Йўқ, болам. Ҳурган билан олмайди, менга ўхшаб қолган. Келинг, ўтиринг. Ҳа, баҳай?
— Момо, вақтим зиқ, сиздан бир нарса сўрай деб келдим.
— Вой, болам, ахир мундай ўтиринг! Қани, сўранг, ўзимам зерикиб ўтирибман. Қаригандан кейин одамларга ёқмай қолар экансан…
Аҳад Мирзо ерда ётган тўнкага ўтирди. Кампир урчуғини кўрпачага қўйиб, бўғинлари кўпчиб чиққан қўлларини фотиҳага очди:
— Яхшилик кунлар бўлсин, тўйлар бўлсин! Бемаҳал ўлим, қуруқ туҳматдан асрасин, омин!..
Аҳад Мирзо кампирга ўқрайиб, худди бир сирнинг тагига етгандек шодланиб кетди:
— Кампир, саволим шундан иборатки, — деб гап бошлади. — Авваласи, айтинг, сиз шу жамият тарафдоримисиз?
Кампир тушунмади.
— Бу нима деганингиз, болам?
Савол Аҳаднинг ўзига ҳам ёқмади:
— Кампир, сиз эшонлар, муфтилар, муллаларга қандай қарайсиз? — деди ва иштиёқ билан қўлларини тиззасига тираб олди.
— Улар… ҳа, бу нима учун сизга керак бўлди, болам? Бир гап борми. Ҳе, бир замонлар шундай гаплар бўлгич эди. А?
Кампир, ўсмоқчиламанг, мен сизга конкрет савол беряпман.
— Уф… болам, — чуқур хўрсинди Зиннат буви. Ахир, қаранг энди, қанча йиллар ўтиб кетди. Су азон айтадиган мезананинг бузилганида мен келинчак эдим.
— Бўлмасам, сизга бошқа савол бераман. Худога ишонасизми?
— Худогами? Худога.. Ў, болам, биз энди соп бўлганмиз. Киши қаригандан кейин бошқача бўлиб қолар экан. Худони сўккан маҳалларим ҳам бўлган. Ахир мени: бола-чақам, эрим, қариндошларимдан айирган ким, болам? Босмачилар! Сизлар билмайсизлар-да. Холиқбой эшон уларнинг каттаси эди, эшитгандирсиз? Шунинг фатвоси билан уруғ-аймоғим сўйилиб кетган. Сиз менга яна эшон, мулладан гапирасиз, жоним!
— Ҳозир-чи, ҳозир худога ҳам ишонасизми, ўша дин пешволаригаям. А?
— Э, болам! Мени чиқартириб отмайсанми? Мен дунёни кўрганман! Ўликниям, тирикниям, қонниям кўрганман. Бу умр фойдага қолган, чироғим! Саволингни қаранг!
— Демак, жавоб беришни истамайсиз. Хўп, буни эътиборга оламиз. Энди… сизга бошқа бир савол: анави йўлда бир қабр бор-ку, устида туғиям бор. Ўшаниг нима учун вақт-бевақт зиёрат қилиб келасиз? А?
Кампир хаёлга толди.
— А? Уними, — деди-да, кўзига ёш олди: — Шуниям кўп кўрдингизми, болам? — бирдан овозини кўтарди: — Ахир, мен нима қилай? Кимга сиғинай,” кимга топинай? Мен билан опамни олиб кетишгандан кейин ўликларни кўмишган экан. Биз ўзимизни билмай қолганмиз! Шунда отиш, тутишнинг ҳисоби йўқ эди. Қаерга кўмган, ким билади! Сўраб-суриштириб ҳам биололмадик… Кейин, бир одам сен айтган қабрни кўрсатди… Мен ҳам ноилож шунга бордим. Шундан бери ҳар сешанба чироқ ёқиб келаман, арвоҳлари шод бўлсин дейман-да.
— Арвоҳлар… Арвоҳгаям ишонасизми-а?
— Болам, мен айтдим-ку, чиқартириб оттирмайсанми қўлингдан келса! Тўхта, нимага мени сўроқ қиласан? Ким бўлдинг сен ўзи? Э, одам деганниям мунча қийнайдими! Бор-э, нима…
— Яхши! Сизга сўнгги савол, — деди Аҳад Мирзо. — Демак, сиз қабрда ким ётганини умуман билмайсиз? А?
— Энди у.. ким бўлсаям, — кампир бўғилди, — ким бўлсаям… менинг жигарларим!
— Йўқ, бу ерда аниқлик киритиш керак!
Кампир бирдан итини чақириб, бақира бошлади:
— Ол! Ол манавини! Ол-э, берган тузим кўр қилсин! Ол, тишла, деяпман!
— Кампир, бақирманг! Яхшимас!
Аҳад Мирзо бу масала билан тўрт кун шуғулланиб, бирор натижа чиқара олмади: биров қабрда ётганни босмачи деди, биров қизил аскар деди, бошқаси уни мусофирга чиқарди, яна бири шаҳид, деб туриб олди…
Охири Аҳад Мирзо шу хулосага келди. Агар бу ерда қизил аскар ёхуд бизнинг одамлардан биронтаси ётганида эди, қабр бу аҳволда бўлмас, унга бошқача тус берилган бўлар эди. Аҳад Мирзо қишлоқ четидаги қабристонда минг-минг ўликларнинг ҳам гўри шу гўрдан фарқ қилмаслигини билса ҳам шу фикрда туриб олди… «Яхши эмас, бунинг тарбиявий ишимизга зарари бор!» деб, уни буздириб, текислатишга қарор қилди.
Сўнг ўйлаб-ўйлаб Ғолибнинг ўзига буздирмоқчи бўлди.
— Бузмайман! — деди Ғолиб.
— Бузмай ҳам кўр! Туш бульдозердан бўлмасам!
— Тушмайман, буни сиз берганингиз йўқ… Хўп, мана тушаман! Бузсангиз ўзингиз бузинг, мен бузмайман. Ҳой, инсон, бунинг нима зарари бор сизга? Бу ерда ётган ахир… одам. Ким билади энди у… ким бўлган. Бу билан нима топасиз?
— Бу билан биз кўп нарсага эришамиз! — кўтарилиб кетди Аҳад Мирзо. — Мен учун жуда катта проблема туғилди, укам! Мен бутун қишлоқни айланиб шундай қабрларни топишга аҳд қилдим! Барини текислатаман! Токи, булар ҳақида ҳар хил афсоналар юрмасин ҳамда ҳеч ким келиб, чироқ ёқмасин, сиғинмасин, билдингизми?! Яна янги замон одами бу… Биляпсизми, бу ишнинг қанчалик катта аҳамияти бор! Биз шу билан халқнинг, яъни баъзи бирларнинг онгида сақланган энг сўнгги… эскилик, дин қолдиқларини ҳам чиқариб — супуриб ташлаймиз!
— Билганингни қил-эй! — ўдағайлади Ғолиб сенсираб. — Тирик юрасанми шу қишлоқда?
Э, ҳали менга қарши турадиган кишилар ҳам борми?
— Йўқ, ҳеч ким қаршилик қилмайди, — сўзлади Ғолиб. — Лекин буз-чи, бирон шикастга учрайсан!
Аҳад Мирзо қаҳ-қаҳ уриб кулди-да, қўлларини белига тираб туриб, деди:
— Туш пастга! Кўзингнинг олдида ўзим бузаман!.. Биламан буни юргизишни, биламан. Қани, туш!
Ғолиб бир нафас ўйлаб турди-да, пастга сакраб тушди. Аҳад Мирзо рулга ўтириб, бульдозерни бир амаллаб юргизди, унинг сургичини ҳам бир амаллаб туширди ва қабрга қаратиб ҳайдади. Уни бузиб-суриб ўтаркан, алланечук бир титради ҳам, лекин буни билдирмай, яна орқага қайтмоқчи бўлди, эплолмади. Қабрнинг лаҳади очилиб қолди.
— Марҳамат! Ол машинангни! Кўрдингми?
— Кўрдим, лекин сизни бир бало қилади шу, қабр! — деди Ғолиб.
— Қилган куни менга салом берасан. Келишдикми?
— Келишдик… — Ғолиб ўкинч билан қабр бошига келди, чўнқайиб тикилди ва унда ҳеч қандай инсон суягини кўрмади. Ҳайрон бўлиб, пастроққа ҳам тушди, ҳеч нарса йўқ эди. «Ҳар ҳолда яхши иш бўлмади», деб йўлга чикди.
Шу кеча бу бузилган қабр бошидан Зиннат кампирнинг увлаган овозини бутун маҳалла-кўй эшитди. Уч кундан кейин унинг уйига таъзия билдиргани бо-ришди. Кампирни қишлоқнинг шимолидаги катта қабристонга қўйишди.
Аҳад Мирзо бу маросимни ҳам кузатиб юриб, яна хийла проблемалар топди: нимага кампирнинг тобутини кўтаргани шунча одам талпинади? Нега улар гўрга тупроқ ташлагани шошади? А, одамларда диннинг таъсири зўр экан… Вот масала қаерда! Қабр бошида фотиҳа ўқишди-я? Оббо… Анави ўқитувчи ҳам бор эди, агроном ҳам! Гаплашамиз, гаплашиб қўямиз ҳали улар билан… Шу савия билан мактабда дарс беради-я! Бири халққа бошчилик қилади! Кўрамиз… Райкомга кираман! Яна бир оз факт тўплай!
Бир куни Аҳад Мирзо ҳаваскорлар концертидан кеч чикди. Одам жуда гавжум эди. Кўчани кесиб ўтиб, чойхонага кирди. Чолларнинг суҳбатига қулоқ солиб ўтирди. Сўнг уйига йўл олди. Аҳад Мирзо Ғолиб билан бўлиб ўтган ўша суҳбатдан кейин, уни эслаганда кулса ҳам, барибир қабрни бузаётган маҳалида сескангандек сесканиб кетар, буни бировга асло билдиргиси келмас эди.
Ой сутдек ёритиб турар, ўйиқ қабр ортидаги да-рахтзордан бойқуш овози келар эди. Аҳад Мирзо бир-бир босиб, бир куйни хиргойи қилиб кетаверди. Қабр ёнидан ўтаётганда, овозига яна кимдир жўр бўлгандек туюлди. У кулимсираб тўхтади-да, қаттиқ йўталиб олди. Баландроқ хиргойи қилиб, илдамлади. Шунда ёнига бир кесак тушди. Аҳад Мирзо гир айланиб қараган эди, қабрни кўрди. Унинг оғзи қорайиб турар, нари-берида ётган ёғочлари оқиш бўлиб кўринар эди. У яна йўлига равона бўлди-ю, ингичка аёл овозини эшитди:
— Аҳаджон!
— А? — Аҳад Мирзо кескин ўгирилди.
Гўрдан оппоқ кафан ёпинган бир махлуқ чиқиб келар эди.
— Аҳаджон, қўрқма, — деди у.
Аҳад Мирзо ютинди, йўлига қаради-ю, хириллаб юборди:
— Энажон! — Ўзини олдинга отди, йиқилди, ўрмалади…
Аҳад Мирзо шу кетишда дарвоза олдига етиб йиқилди. Уни кўтариб ҳовлига олиб кирган хотинига қайнанаси бақирди:
— Нима бало, ичибдими? Мундоқ одати йўқ эди-ку!
Чироқ ёруғида Аҳад Мирзонинг мурданикидек оқариб кетган юзи, қийшайиб қолган оғзи кўринди. Қайнана бирдан бармоғини чаккасига босди. Хотин ўкиниб юбориб, чўнқайди.
Орадан уч ой ўтгач, Аҳад Мирзо одам қаторига кирди. Болалиги ўтган тошлоқ кўчани қолдириб, айланма йўл билан райкомга борди. Райком секретарига бор гапни оқизмай-томизмай айтиб берди.
Секретарь диққат билан қулоқ солгач, кулди:
— Хўш, нима қилмоқчисиз энди?
— Энди ишламасам деган эдим, — деди Аҳад Мирзо.
— Ихтиёр ўзингизда, — деди секретарь.
— Менда?!
— Ҳа. Биз нима ҳам дея оламиз.
— Ахир… Лекин мен ҳам охирги сўзимни айтай, — Аавом этди Аҳад Мирзо. — Худо бор экан, эшон, мулла, муфтиларда гап кўп экан, ўртоқ…
— Сиз айнабсиз, — деди секретарь.
Бир кун маҳаллада тўй бўлди. Аҳад Мирзо борди. У чопон кийиб олган эди. Унга ичкилик тутишди, у ичмади. Бир маҳал давра тарқай бошлади. Ҳамма эшик оғзига етганда тўрдаги сўзана ёр қаққайган Ғолиб Аҳад Мирзони чақирди:
— Аҳаджо-н!
Аҳад Мирзо таниш ингичка овозни эслаб, кескин бурилган эди, Ғолиб Аҳад Мирзонинг овозида:
— Энажо-он! — деб ўзини деразага урди.
Аҳад Мирзо шу кеча Ғолибни қўлида пичоқни хўп излади. Сўнг йиғлади: райкомга борайми, мозоргами?