Шукур Холмирзаев. Дарвеш (ҳикоя)

Биз ғор ичида ўтирардик. Аслида бу ғор эмас, ўз номи ўзи билан — Гўрдара, унинг усти яссилик бўлиб, пастда қандайдир бўшлиқ борлигини энсизгина арна кўрсатиб турар, у арнадан бемалол сакраб ўтиш мумкин, агар тўхтаб пастга қулоқ тутилса, сувнинг шилдираши эшитилар, гоҳо гала-гала ёввойи каптарлар ғувиллаб учиб чиқишар эди.
Гўрдаранинг боши — Санжар тоғларида, адоғи Пода қишлоғи устида очилиб-ёйилиб кетар, шу ердан ҳам дарага кириб, анча йўл босиш мумкин эди; кейин сув емириб-силлиқлаб қўйган тик тарновларга дуч келинар, табиийки, тепага нарвон қўйиб чиқиш мумкин эди, холос. Дара дафъатан нимқоронғи кўрингани билан соҳилларида сангтоклар ўсиб, ўз бошига пишиб, турли қушларга ем бўлиб ётар, баъзи бурилишларда ёввойи хурмо ҳам учрарди.
Ана шу даранинг қоқ белидан ўйиб очилган жойда, сув бўйидаги харсанг тошларда ўтирардик. Ҳайкалтарош Азамат билан иккимиз ёнма-ён, дўстимиз Даврон эса рўпарамизда, кафтдек силлиқ девор остидаги қўлбола супада оёқларини осилтириб, девдек бўлиб ўтирарди. Супа четида бир уюм жанда-жундадек эски тақир гилам, пахтаси чиқиб қолган кўрпа-кўрпача ва аскарча шинел билан қулоқсимон бош кийим ётар, бир жуфт калиш билан қўнжи кесиб ташланган кирза этик ҳам бор эди.
Бизнинг орқа тарафимизда — бир тегирмонча сувнинг нари бетида анча-мунча қий сочилиб ётар, тош деворга тақаб ясалган узун охур ҳам бор, улардан четда эса хумдонсимон бир тандирча ўчоқ, қийшиқ декча билан қора қумғон ҳам турарди. Тағин бир-икки қўлтиқ арча ўтин, яшил карсон, буларнинг атрофига бўлса лойдан ясалган қўғирчоқ ва ҳуштаклар синиғи сочилган, боз: оқиш кул, қизғиш тупроқ ҳам уюб қўйилган эди.
Ғорнинг ўйиб очилган жойидан мўл-кўл ёруғлик тушиб турар, биз бир-биримизнинг юз ифодаларимизни ҳам аниқ кўрар эдик. Даврон бошини қуйи солиб ўтирди-ўтирди-да, бирдан кетмон сопидек қўлини узатиб, тик-силлиқ деворни кўрсатди. — Ҳайкал шу деворга ўйилиши керак, — деди. Кейин ўз одатича бидиллай кетди. — Ҳайкал ҳам эмас, шакл. Мундай чизиб, кейин ўйилса, бас. Сурати, ҳозир, мана… — У шишгандек қабариб турган кўкрагини пайпаслаб, очиқ киссасидан иккита сурат олди. Танлаб бирини бизга узатди.
Мен олиб, кўзойнагимни тақиб тикилдим. Оқ сурп желак ва оқ дўппи кийган, соқолчаси ҳам оқ, таниш бир чол чаккасини деворга суяб, нақ эшик тепасига боқиб турар, кўзлари очиқ, аммо унда ҳаёт асари йўқ эди.
— Ким бу? Таниш-ку? — дедим Давронга, суратни Азаматга бериб. — Ўлган шекилли?
— Ўлди, ўлдириб кетишди, — деб йирик гавдасига ярашмаган бир пиқиллаш билан бош ирғади Даврон. — Аблаҳ, ёвуз… Лекин, — унинг кўзи ғилқ ёшга тўлди. — Мен ундан ҳам баттарман, дўстим. Ўзимни ҳеч кечиролмайман…
— Нима бўлди ўзи?
— Майли айтиб бераман. Лекин мендан жирканманг… Шу, қандай тушунтирсам экан… Шукуржон, биласиз, мен табиатан унақа ёмон одам эмасман. Бировга ёмонлигим тегмасин, деб юраман. Мана, мустақиллик бўлиб, фирма очиб, ошхона сотиб олиб, анча-мунча кишини иш билан таъминладим. Улар хурсанд. Лекин… Уф-ф… Балки ташқарида гурунг қилармиз. Фирмага борайлик. Овқат ҳам тайёр бўлгандир. Арчанинг тагида ўтирамиз…
— Майли, кейин борамиз, — дедим. — Сиз айтиб беринг-чи… Бу чол марказдаги бозор дарвозаси оғзида ўтирмасмиди?
— Ўша-ўша. Ўтирарди-да! — мамнун бўлгандай гапимни тасдиқлади Даврон. — Лойдан ясаган қўғирчоқларини сотиб… Ана, хумдони-тандири. Ана, ўйинчоқларининг синиғи… Кўпинча бракка чиқарарди. Ў, у санъаткор эди. Анави шаҳардаги керамика заводигаям таклиф қилишган — бормаган эди. «Нега бормайсиз?» десам, «Шу ернинг чўжуқларини хурсанд қилиб юрсам, бас», деганди. Бечора… Ўйинчоқларига ҳақ сўрамасди. Нима берсангиз оларди. Яна дуо қиларди. Уфф… шу одам яшамади. Етмишга кирди-ю, кун кўрмади, менимча…
— У билан яқинмидингиз?
— Э, ота-боладек эдик. Бозорга қачон йўлим тушса, унинг ёнида тўхтаб, супачасида ўтириб, вақтим бўлса, бир чойнак чой ичиб ўтардим. Бечоранинг боши осмонга етарди. Баъзан кўрпачаси қатига беш-тўрт сўм тиқиб ҳам кетардим. Кулибгина қўярди… Чойхонадан чиққан қотган-қутган нонлар билан кунини ўтказарди-да. — Даврон иттифоқо кулиб қўйди. — Бир марта тахсимчада қўйган нонига зеҳн солсам, бўлканинг парчаси ҳам бор, ёпган ноннинг ҳам, кўпканнинг ҳам, тағин қандайдир юпқанинг бўлаклари… «Олинг, тақсир», дейди. “Ноннинг ушоғи ҳам — нон». Едим! Чойга ботириб едим!
— Унинг ҳеч кими йўқмиди? — деб сўради ҳайкалтарош. — Лекин қиёфаси менга жуда ёқди. Ўлган вақтда суратга туширилган бўлса керак?
— Ҳа, — деб хўрсинди Даврон. — Мелисанинг суратчиси олган, экспертизадан-да… Кейин саволни эслаб жавоб берди: — Йўқ эди ҳеч кими… Шукур, сиз у билан ҳамгап бўлмагансиз-а?
— Йўқ. Ўзининг бу ерда пайдо бўлганигаям ўн йиллар бўлганмиди?
— Ўн бир йил! — қандайдир қувониб деди фермач-бойвачча. — Менга қисман айтиб бериб эди ўз тарихини…
— Хўш?
— Туркистон тарафдан келган эди. Асли Қўқон томондан экан! — шундай деб Давроннинг кўзлари дўлайиб кетди. Ёшлигидан менга таниш ҳаяжон билан дудуқланиб: — Эй, Қўқон мухторияти аслида Туркистон мухторияти бўлган экан-да?! — деди. — Бўларди-ку, тарихдан ўтгандик. Аксилинқилобий ҳаракат, деб?… Э, сиз билишингиз керак у тарихни. Ҳозир ҳамма нарса очилиб қолди-ку!
— Ҳа, оз-моз биламан, — дедим. — Ленин билан Сталин, умуман, болшевик лидерлари Туркистон халқини алдаганлар… Азамат, сиз тарихга кўпам қизиқмайсиз. Билиб қўйинг: Ўктабр тўнтаришидан кейин РСФСР ҳукуматининг «Шарқ халқларига мурожаатномаси» чиққан эди. Унда отнинг калласидек ҳарфлар билан «собиқ мустамлакалар Русия таркибидан ажралиб, суверен давлат тузишга ҳақлидирлар», деб ёзилган эди. — Мен ҳайкалтарошликдан бошқа соҳаларга деярли қизиқмайдиган шеригимга тушунтира бошладим. — Бизда Туркистон ўзининг Қурултойини ўтказиб, мамлакат мустақилдир, деб эълон қилинди. Ҳатто ҳукумат таркиби ҳам тасдиқланди. Кейин, кейин доҳийлар баҳона тўқиб: «Туркистон мустақил бўлса, ўзини эплолмайди. Давлатни бошқаролмайди!» деб эълон қилишади. Туркистон ҳукумати буни рад этгач, ҳукумат аъзолари ҳибсга олина бошлайди. Омон қолганлари Қўқонга қочишади. У ёққа дарҳол қизил армия қисмлари етиб боришади-да, асрий орзуйимизга етишдик, деб турган аҳолини қира бошлайди. Қўқон ўшанда уч кун ёнади, ўн минг киши ўлдирилади. Қолганлари тоғ-тошларга чиқиб кетишади, яъни, босмачи-фидойиларга айланишади. Бир қисми бошига кафан илиб, шаҳарни тарк этади. Саудия Арабистонигача кетворишади.
Оғзини очиб-анқайиб турган Даврон:
— Шу-шу-шу! — деди. — Яссабой акаям мана шунга яқин гапларни айтар эди… Ўшанда Яссабой аканинг оталари ўн иккими-ўн учми ёшда эканлар. Оналари унга қиз боланинг кийимини кийдириб қўйган экан…
— У кишининг исми Яссабоймиди? — дедим.
— Ҳа, Яссада туғилган эканлар. — Даврон яна жимиб қолди-да: — Давом этайми? — деб сўради.
— Албатта.
— Хў-ўш, ўша тарихлардан гапириб ўтирарди шўрлик. — Кейин яна авж олди. — Мустақилликни жуд-да кутган экан! Ана шу нарсаям унинг издан чиқишига сабаб бўлган… Мени тўғри тушунинг, дўстим. У кишининг бузилиши Гарбачов СССРни тарқатган кундан бошланган. Хурсандлигидан ичаверган… Хотин халқини биласиз… Уйда жанжал. Ўзларинининг топишлари ҳаминқадар… Шукуржон, у одам, сизга ёлғон, худога чин, Москвада Олий адабиёт курсини битирган экан! Шоир ҳам эди! Бир-иккита китоблари ҳам чиққан экан. Болаларга шеър ёзаркан. Кейин, у китобларини куйдирипти.
— Нега?
Шу, динга берилган одам эди-да. Кўргансиз-ку… Қисқаси, бир кун яна маст ҳолда уйга келиб, анча-мунча чинни идишларини уриб синдиради. Синдирар экан-да: «Ёруғлик, ёруғлик!» деб бақирар экан. Хотини мелиса чақириб, бериворади… Иш терговга ўтади. Яссабой акага уч йил беришади. Аммо «волни паселения»га деб, шу туманимизга жўнатишади.
— А-а, шунда кеп қолган?
— Ҳа. Ижроқўм раиси Ғолиб ака яхши одам эди, биласиз… Ўша Яссабой акани таниб қолиб, кутубхонага жойлаштирган эди. Бир йил ишладими-йўқми райкомнинг идеология бўлим мудираси… ўша Шарофат хоним ҳайдатди. «Туремшик, шунақа статья билан қамалган киши ёшларга нимани ўргатади?» деб. — Даврон нафасини ростлаб, «МалиБоро» сигаретидан тутатиб олди. — Шундан кейин кулоллик қила бошлади. Бу у кишига отакасб экан…
— Кечирасиз, у қайтиб юртига бормапти-да, демак?
— Ҳа-ҳа! — деди бизнесчи яна ҳовлиқиб. — Сроги битгандан кейин шу ерда қолди. Хотинидан кечди. Бир қизи бор экан, ундан ҳам совуб кетган экан… Хотини судда нима депти денг? «Бу шоирман дейди-ю, уйга пул опкелмайди. Яшириб юради. Ичади…» Қизи ҳам кекса отанинг ёнини олмаган. Бир кун келиб, ўзларига юк бўлишини ўйлашган-да. Йўқчилик одамни бузар экан, дўстим!
— Рост.
— Ҳе-е, кунини бир амаллаб ўтказарди-да, — деди Даврон паришонҳол. Кейин ўйланиб: — Шу. Энди асосий воқеага ўтайми? — деб сўради.
— Ҳа-да, — деди Азамат.
— Айтинг, — дедим мен. — Фақат ҳеч нарсани яширманг, Даврон. У қизиқ одам экан.
— Уф, ёзсангиз ҳам менга барибир, — деди-да, яна юраги сиқилиб фирмага, арча остига таклиф этди.
Мен айтилажак фожеани шу ердаги шароитда эшитишни маъқул кўриб:
— Бу ер салқин экан, Давронжон, — дедим.
— Майли, майли. Арвоҳиям эшитади, — деб бошлади. Марказдаги ошхонани сотиб олдим. Гўзал қилиб таъмирдан чиқардим. Энди денг, меню масаласи, овқат муаммосини ҳал қилишим керак эди. Туманимиз йўл устида: ҳар куни юзлаб мошина ўтади. Йўловчилар овқатланади. Овқат, демак, ҳам ейишли, ҳам арзонроқ бўлиши керак. Ўйлаб-ўйлаб: «Чўзма лағмонни ташкил қиламан», дедим. Иккита шаввозни Тошкентга жўнатдим. «Уйғурлардан ўрганасан — дедим. — Мана, шунча пул! Устозингга шунчаси, ўзингга бунчаси. Етмаса, сўрайсан».
Улар икки ой деганда, чўзма лағмонни ўрганиб келишди. Дарров афиша чиқариб илдирдим. Кейин элнинг олдидан ўтай деб, катталарни ҳам бир хурсанд қилай, деб таклиф қилдим. Э, бир-икки юз кишини таклиф қилдим. Ҳоким ҳам бор, начайлик милисаям, суд раиси, прокурор. Санъатчилар!.. Тағин атроф маҳаллалардан қарияларни чақирдим. Ён-веримдаги дўкон борми, сартарошхона борми, бозор борми — таниш хизматчиларни айтдим.
Ўтириш кетаяпти. Катталар иккинчи қаватда — айвонда. Пастда хиёбонга ҳам жой қилинган. Ҳовли тарафда — овқат пишаяпти. Созандалар созини чалиб, хонандалар ашулани олишяпти. Ҳалиги жонивордан ҳам кетаяпти. Чойнакларда келиб турипти.
Шундай айвон панжараси ёнига бориб, тубанга қарасам, Яссабой ака ҳам оппоққина узун яхтаги, оқ-арабий дўпписини кийиб, пилдираб келаяпти. Бирдан эсладим: шу одам, назаримда, айтувсиз қолган эди. Укалардан бирини чақириб:
— Яссабой ака айтилибмиди? — дедим.
— Ўзим айтиб эдим-а, акажон, — деди у. — Ишонмасангиз, сўраб кўринг.
— Бор. Энг катта чинни косада лағмон беришсин. Йўқ, ўзинг обориб қўй. «Хуш кепсиз», де. Чолни хурсанд қил. У фариштадай одам.
Дўстим, у инсон худди айтганимдек эди. Доимо озода юради денг. Беш вақт намозни канда қилмайди. Шу, дарвозанинг ёнидаги супачада ўтириб, ўтган-қайтганга салом беради. Биров алик олади, биров — йўқ. Унинг парвойига келмайди. Эҳ, олдида ёғоч сандиқчаси. Сандиқча устида ўйинчоқлар тизиб қўйилган… Биласиз, бозорнинг иккита дарвозаси бор. Бири кунчиқар тарафда, бири кунботарда. Баҳор, куз ойларида, ёғин-сочин маҳалларида жойни ўзгартириб турарди чол. Тушгача кунчиқардаги дарвоза ёнида, тушдан кейин кунботардаги дарвоза биқинида ўтирарди… Гоҳо эски китобларни варақлаб ўтирарди. Араб ёзувидаям ўқий оларди! Айтмоқчи, қозоқчаниям, қирғизчаниям, туркманчаниям биларди. Ўрисчани-ку, сув қилиб ичган эди… Саводли эди, жуда!
— Хўш, жиянингиз лағмонни обориб қўйди? — бетоқатланиб сўради Азамат.
Даврон, афтидан, чол ҳақида кўпроқ гапиришни истар, назаримда, ўзи учун ҳам сўзлаётганга ўхшар, шунинг учун ўйланиб-мунгланиб қолар, чалғиб кетиб, тағин илгариги изга қайтар эди.
— Ҳа-ҳа, лағмонни обориб қўйди! — деди бизнесчи яна ҳаяжонлана бошлаб.
Айвондан қараб турибман. Чол қўлини фотиҳага очиб, узоқ дуо ўқиди. Чорпоядаги тенгқурлари ҳам фотиҳа ўқишди… Умуман, бу қарияни тумандаги энг ғийбатчи чоллар ҳам ҳурмат қиларди. Мачитнинг имоми ҳам. Суҳбатга чақириб тураркан… Айтмоқчи, у кейинги вақтда ўзини «Дарвеш» деб атай бошлаган эди. «Бу нима деганингиз?» десам, э-э, «дарвеш» дегани «ё оллоҳу ё олло!» деб жанда кийиб юрадиганларгинамас экан! Бу сўфийлик йўлида бир поғона, тариқатга интилаётган кишиларга нисбатан айтилар экан… Яссабой ака билан гурунг баҳонасида дўстингиз ҳам диниятдан унча-мунча нарсани билиб олди.
— У киши қачондан бошлаб бу йўлга тушган эди? — деб сўрадим.
— Аниқ билмайман, дўстим, — қийналиб деди Даврон. — Менимча, хотини, фарзандидан совуб кетгач, худо йўлини тутган эди. Лекин Яссада ҳам руҳоният билан қизиқаркан. Аҳмад Яссавий мақбарасини етти марта зиёрат қилган экан! О, кўп тақводор эди… Уни шу ҳолида биларди одамлар! У ёқдаги қамалиш тарихини жуда кам киши биларди. Шоир сифатида… наҳот сиз билмасангиз?
— Билмайман. Шошманг, китобларини нима учун ёндирган экан? Динга берилган эди, дедингиз, холос.
— Шу, айтар эди-да: «Қуръондан бўлак китоб йўқ», дер эди. Ҳадисларни ўқирди яна. Лекин, — Даврон бош чайқаб кулди, — газеталарни ҳам кўздан кечирарди…
— Қизиқ. Давом этинг.
— Шундай қилиб, хў-ў, а-аа, лағмонга қошиқни ботирди. Аниқ эсимда! Ана шунда, — унинг овози титрай бошлади, — мен ўлгур чолга яна бир яхшилик қилмоқчи бўлдим. Ёнимдаги сепоядан микрофонни шундай олдим-у: «Ҳў, халойиқ! Тумандошлар! — деб бақирдим. Озгина кайфим ҳам бор. Ҳамма менга қаради. Ўлай агар, йўлдан ўтаётган ўткинчилар ҳам. — Бугундан бошлаб Яссабой акага ҳар куни бир коса лағмон текин берилади! Ошпазлар ҳам эшитиб қўйсин! Қачон келсалар, лағмон тайёр!» — Кейин пастга энгашиб бақирдим: — Отахон, хурсандмисиз?
— Шундай дедингизми? — деб сўрадим. Этим жимирлашиб кетган эди. Даврон гангиб қолиб:
— Ҳа, — деди. — Балки шу гапим хато бўлган… Хато бўлганми, а, Шукур, сиз айтинг.
— Хўш, кейин нима бўлди?
— Кейин, — дея бўшашиб қолди, Даврон. Кейин менга мўлтираб давом этди: — Кейин чоли тушмагур қошиқни шундай косада қолдирди-да, дастурхонга фотиҳа ўқиди. Кўриб турибман! Ёнидаги қариялар унга алланарсалар деди. Яссабой ака қўлини кўксига қўйди-да, чорпоядан тушди. Биласиз, ҳаяжонга берилиб кетаман. «Ҳўв, йўл бўлсин, Яссабой ака?», деб яна бақирдим. У менга бурилиб, таъзим қилди-да, қандайдир ҳаракатлар билан «Қорним тўйди», дегандай бўлди. Кейин кўприкчадан ўтиб кетди. Мен яна бир бақирдим-у, сўлжайиб қолдим. Ҳамма менга тикилади денг. Ер ёрилмайдики, кириб кетсам! Ахир, у менинг овқатимни емай кетди. Тўғрими? — Кейин Даврон кучаниб-қизариб уқтирди. — Мени… Туманда иккита миллионер бўлса, биттаси менман, дўстим. Яшириб нима қиламан? Бойман, вассалом… Ўғирлик қилганим йўқ, мафиоз эмасман. Амалим ҳам ўртача… Хўп, энди, раҳматли отамдан эллик-олтмиш бош ушоқ мол қолган эди. Бироз пул… Шуларни бир-бирига уриштириб дегандай… Омадим ҳам келди шекилли. Ҳоким қариндошим бўлади. Милиса бошлиғи — жонажон жўрам. Хасис эмасман…
— Биламан, Даврон.
— Шундай қилиб, ўсал бўлиб, изза бўлиб қолавердим. Ҳеч нарса татимади. Подвалга тушиб, битта ароқни уриб олиб, кабинетимда ухлаб қолибман. Чиқсам, кеч бўлган, меҳмонлар тарқаб кетган. Бошим оғрияпти…
— Кейин чолнинг кулбасига бордингиз?
— Ҳа, — деди у зўрға. Кейин энтикиб олди. — Дастлаб боргим келмади. Алам мени бўғар эди! Даврам бузилди! Обрўйимгаям путур етди. Кимларгадир кулги бўлдим… Ҳа, роса кулги бўлган эканман! Дарвешнинг бўлса обрўси кўтарилиб кетган экан. Тавба! Лекин нима бўлганини, асл маъносини билсам, ўлай…
Кейин ақлни пешлаб, бозорни айланган киши бўлиб бордим. Дарвоза оғзида йўқ. Ичкарига кирдим. Нариги дарвозадан чиқиб, торкўчалар билан Жугутгузарга етдим. Унинг ҳовличаси бир парча, нуқул жухари билан картишка экарди. Райҳон ҳам бор. Орқа тарафи ахлатхона эди. Ўша ердан чиққан занглаган каравотнинг оёғи дейсизми, арматура, эски тунука — шунга ўхшаш нарсалар билан уйча орқасини четандақа қилиб тўсиб олган эди. Ўша ерга бориб, деворнинг бир четини очдимда, аста у ёққа ўтдим…
— Уйда эканми? — сўради Азамат.
Даврон ҳорғин бош ирғади.
— Ҳа, карсонда лой ийлаётган экан. Эшигидан энкайиб кирдим. Уф, биз одатда кулишиб-ҳазиллашиб кўришар эдик. Ўшаларни эслаб: «Салом бердик, кулол бобо», дедим. Ўтирган ерида бурилиб, қўлини кўксига қўйган бўлди. «Хуш кўрдик, Давронбек. Марҳамат ўтирсинлар», деб девор ёқалатиб қўйилган катни кўрсатди. Ўтирдим. Менга уй торлик қиларди. Дарров сиқилдим. Шундоқ ўрнимдан турсам, бошим шифтга тегади. Бу — даромад гап… Лекин унинг на чеҳрасида, на товушида илгариги шўхлик, самимиятни сезмадим. Қуруққина сўрашди, ўтиришга таклиф этди, холос.
— Кейин ташқарига чиқдинглар?
— Ҳа. «Очиқ ҳавога чиқайлик, гап бор», дедим-у, ўзим чиқиб, қўлбола скамейкага ўтирдим. Ароқ опкелмаганимга пушаймон эдим. Отиб олганим бир пиёланинг кучи тамом бўлаёзди. Чол чиқиб, айвончадан тушиб, қўлини чайди. Ўша ердаги қозонча тепасига ўрнатилган чироқни ёқди… Бу чироқни шу кўчага серқатнов нашаванд болалар тушириб берган эди. Ҳа, бу торкўчада асосан нашаванд, гиёҳванд, қиморбозлар бўларди. Чолдеворлар кўп… Яссабобо эса улардан ҳазар қилмас, гарчи давраларига кирмаса ҳам, қай бирини кўрмасин, олдин салом берар, табассум қилар, бирон ҳазил гап айтар эди. Эй, қизиқ одам эди!
Ниҳоят, ёнимга тушиб, пастаккина тўнкага ўтирди. Қаршимизда садарайҳонлар ҳид таратиб турибди. Бўйчан маккалар ҳам бир чиройли. «Аслида-ку шу одамга маза», деб ўйладим. Бизнес билан шуғулланмаса… Бундай дейишимнинг сабаби шулки, Шукуржон, пулдор одам қўрқоқ ҳам бўларкан. Ўйлайсанда бисотингни… Бундан ташқари, бизнес шундай соҳа эканки, сен рақибингни туширмасанг, у сени тушираркан. Баъзи бойваччалар борки, ўз оғаларини синдиришди! Бизнес иши шафқат билмас экан… Демоқчиманки, бу соҳага кириб, мен ҳам унча-мунчани туширдим. Балки йиғлатгандирман. Ўшанинг бола-чақаси бор, ўшаларгаям жавр бўлди-да… Буям гуноҳ-да, дўстим. Лекин пайғамбаримиз ҳам тижорат билан шуғулланганлари, Хадича онамизнинг бойлигига бойлик қўшганларини эсласанг, кўнглинг тасалли топади… Бу чолнинг эса бунақа дардлари йўқ. Боши очиқ хотиндай: ўзига хон, ўзига бек…
— Лекин қўғирчоқларни яхши ясарди, а?
— Эҳ, сўраманг! Мен битта сирини айтай, илтимос… Мана, булбулча ясади. Рангини ҳам ўхшатади: кулранг, думи маллатоб. Ичига сув соласиз. Тепасидан. Тешиги бор. Кейин думининг остидан пуфлайсиз. Оддий чуррак овози чиқадими?… Демак, олиб кўрмагансиз, дўстим. Булбулникига ўхшаш товуш чиқади. Зарғалдоқни ясаган бўлса, ундан ўшанинг овози чиқади. Чумчуқдан чумчуқнинг… Эй, бу қанақа санъат-а?
— Мен ҳам биринчи эшитишим.
— Одамни ҳам ясармиди? — деб сўради Азамат.
— Йўқ. Кўрганим йўқ. Аммо кулбасидаги токчада Будданинг ҳайкалига ўхшаш ҳайкалчага кўзим тушган…
— О-о!
— «Ўзингиз қилдингизми? Кўкраги мунча катта?» деб сўраганимда, мана шу, шу Гўрдаранинг нариги ёнидан сариқ қумтупроқ олаётганда чиқиб қолганини айтган эди… Мунча қизиқиб қолдингиз, Азаматжон?
— У ҳайкалчалар ноёб, топилмас-да! Балки эрамизнинг бошларида ясалгандир. Умуман, биздаги ҳайкалтарошликнинг тарихи ўша асрларга боради.
— Ну-у! Кулолчилик, демак…
— Энг қадимги касб… Кечирасиз, ҳикоянгизни давом эттиринг. Иккалангиз ўтирибсиз?
— Бу нима қилиқ, Яссабой ака? — дедим.
— Нима қилибман? — деди хотиржамгина. Қаранг, худди ҳеч нарса бўлмагандай.
— Ахир, мени расво қилдингиз-ку! — дедим. — Нега лағмонни емадингиз? Чақирсам, қарамайсиз?.. Нима бўлди ўзи? Нима, ўша гапим ёқмадими?
Яссабой ака мўлтирабгина елкасини қисди.
— Билмайман. Егим келмади.
— Нега? Сиз ҳамма нарсани биласиз. Сиз доно одамсиз, оға! Айтинг, биронтаси шунақа қил, дедими?
Чол менга чақчайиб қараб, ёқасини ушлади.
— Тепада Худо бор. Ким мени сизга қарши гапиртира олади, Давронбек? Бизнинг ота-боладай эканимизни жумла мўъмин биларди. Кейин мен кимманки, сизга қарши қўйишар экан? Бундай гумонларга борманг, иним. Гумон иймондан айиради.
— Хўп, яхши гап айтдингиз, — дедим. — Лекин сиз нима учун ўшандай қилганингизни айтмай турибсиз. Демак, менинг ҳар хил гумонларга боришга ҳаққим борми?
— Мен бу саволингизга жавоб беролмайман, — деди қария ерга тикилиб. — Менинг кўнглим тортмай қолди ўша таомни. Ўзи кечирсин. Сабабини аниқ айтиб беролмайман… Сизнинг жар солиб айтган гапингизни эшитгач, музлаб кетдим. Мадорим қуриб, иштаҳам бўғилди. Ўша ерда бир сония ҳам ўтиролмаслигимни сездим. Шунинг учун туриб кетдим.
— Тавба, ўша гапимнинг нимаси ёмон экан? — Жаҳлим чиқа бошлади. — Мен сизга фақат яхшиликни истадим, Яссабой ака. Тинглаб олинг… Ишонасизми, ўша гапимдан кейин юқорида чапак бўлиб кетди!
Ҳа, дўстим, қарсак бўлиб кетган, «қойил, офарин»лар ҳам қулоғимга кирган эди. Ахир, ўйлаб кўринг, жуда кам одам унақа жойларда овқатланадиган бўлган!..
— Рост айтасиз, — дедим Давронга.
— Мен у чолга бутун бошли маош тайинлаган эдим ўша ҳаракатим билан! Бир ой — ўттиз кунми? Ўттиз карра эллик қанча бўлади? Бир минг беш юз сўм… Бунинг устига мен: «Мен шу ерда ошхонанинг хўжайини бўлиб турар эканман, сиз учун эшигимиз очиқ! Хоҳлаган пайтда кирасиз!» дедим… Ҳа, шундай ҳам дедим. Ҳали айтиш ёдимга келмапти.
— Хўш, кейин гапларинг нима билан тугади?
Даврон елкасини учирди.
— Ҳозир ҳамма гапни эслолмайман, — деди. — Ҳа, «мендан бирон қўполлик ўтган бўлса, маъзур тутасиз, — дедим. — Эртадан бошлаб лағмонингизни еб келаверинг… Яхши бўларди туш маҳали борсангиз. Одамлар кўрса…»
— Нега энди шундай дедингиз?
— Ахир, акс ҳолда ноқулай-да, дўстим. Ошхонанинг пристежигаям яхши гап бўлмайди… Қолаверса, чол туриб кетишига сабаб қилиб бир баҳонани кўрсатиши мумкин эди…
— Хўш, бу гапниям айтдингизми?
— Назаримда, айтдим… ҳа, айтдим! «Ота-боладекмиз. Бегоналар кулмасин», дедим.
— У-чи?
— Ҳмм, ярамас чол… «Биз ҳамма вақт ота-боладек бўлиб қолаверамиз. Аммо овқатингизни ейолмайман», деди. Шундай деди. «Емайсизми, ейолмайсизми?» дедим. Чол кўксини уқалаб: «Ўтмайди, — деди. — Бир нарса тугилиб қолди, иним». Мен ҳайрон бўлиб унга тикилдим: шунақаям бўлар эканми? Ўзи бир фақир-ҳақир, қашшоқ. Пишириб ейдиган овқати картишка билан жухари… Ҳа, худойи-пудойига бориб турарди.
— Шундай қилиб…
— Мен чиқиб кетдим. Уф, яна ошхонага бордим. Юрагим ёнади денг. Шу дарвеш менинг сўзимни қайтарди-я! Мен ким бўлдим энди? Демак, бошқалар ҳам мени оёқ учида кўрсатиши мумкин. Фақат пулим учун ҳурмат қилишади. Бу чол бўлса пулни… эсидан чиқарган. Дарвеш, тиланчи!
— Тиланчи?
— Кечирасиз, оғзимдан чиқиб кетди… Энди чойхонадан чиққан қотган-қутган нонларни олдинлари одамлар молига олиб бориб беришса, энди бу мол… Уф! Айнияпман, Шукуржон! Ташқарига чиқайлик! Эй, шу гапларнинг нима кераги бор ўзи?! Ҳикояни тамом қилай, илтимос. Сиз ука, шу деворга унинг, ана шу суратдаги шаклини чизиш пайида бўлинг. Неча кун вақтингиз кетсаям… Мен сизни хурсанд қиламан. Ана олтита бир ярим хонали коттежим бор. Учтаси банд. Иккисини икковингизга бераман. Истаган таомларинг тайёр туради… Шукуржон — менинг қадрдоним. Шаҳарга кепти, деб эшитиб, борган эдим. Сиз билан келганини билиб, бағримга шамол тегди! Худди орзуйимни рўёбга чиқарадиган кишининг устидан чиқиб қолдим-да. Омадим бор экан.
— Йўқ, ака, — деди Азамат. — Ҳайкал ясаш учун ҳам ўша одамни билиш керак, ўрганиш керак. Унинг энг характерли томонини пайқаб олиш керак…
— Ҳалиям пайқаб олмадингизми?
— Йўқ. Мен бу воқеанинг тагига етишим керак… Ахир, ўзингиз ҳаммасини айтиб бераман дедингиз-ку? Чол ўлган экан. Э, уни ўлдиришган экан…
— Ҳа-ҳа, — сўлғин бош чайқади Даврон. — Шу ерда, мана шу супада бошига бир уриб тамом қилишган. Бошининг тепаси, ҳалиги ўрамаса қотмаган экан… Шунақаям бўлар экан-да? Ўшанга уришган. Кўкариб турибди.
— Демак, уни билган киши бу ишни қилган? Айтмоқчи, — Азамат энди ҳаяжонланиб кетди. — Шу ерда ўлган бўлса… Шу ерлар, бу дараям сизнинг фирмангизга қараса керак, а?
— Ҳа-ҳа, албатта, — деди Даврон. — Бу, бу ғорниям истиқболда туристлар томоша қиладиган жойга айлантираман. Бу — антиқа ғор! Сиз ҳали шугина жойини кўриб турибсиз. Бу — энг ибтидоий…
— Даврон, — дедим мен. — Ҳикояни давом эттиринг… Чекишингиздан беринг, меники тугади… Раҳмат.
— Кечирасизлар, ул-бул опкелтирсам-чи?.. Чолнинг ўлганига уч ойдан ошиб кетди…
— Кейин, — дедим. — Арчанинг тагида кўраверамиз. Ўзим ҳам тоғни соғиниб келганман. Бу ғорга икки марта кириб чиққан эдим.
— Биламан. Шахсан менга мақтаб эдингиз… Биринчи марта отган каклигингиз арнадан пастга тушиб кетган-а? Худди шундай. Уни излаб, тавба, худди мана шу очиқ жойдаги тешикдан киргансиз. Тўғрими?
— Ҳмм, ўшанда бу ерниям кўз остига олган экансиз-да?
— Энди, бизнес сири бу, — деб синиққина кулди Даврон. Кейин бирдан қовоғини солиб, сувга тикилди…