Ташқарида илк баҳорнинг ёмғир исли совуққина ели кирланиб қолган қорларни ялаб, тарновларни тилга соларди. Кун совуққина бўлса-да, офтобли, баҳорнинг келгани энди рост, булутлар ҳам шаштидан қайтган ёвдай аллақандай майинлашган. Уй ичида, икки қават кўрпача устида Норқул домла “Тафаккур” журналининг эски сонларидан бирини мук тушганча ўқиб, печка ёнида ўтирибди. Хонада ўзидан бўлак ҳеч ким йўқ: бола-бақра мол-ҳолга қараб, келин неваралар ҳам ташқарида ўз юмушлари билан андармон юришибди.
Домла, “ҳмм, ана, халқ, ана ватанпарварлик” деб овоз чиқариб ўз-ўзига гапиринди. Табиийки, унинг бу мулоҳазаси жавобсиз қолди. У кўксини кўтариб чуқур тин олди-да, кўкрак чўнтагидан халтани олиб тил тагига нос ташлади. Бу ҳаракатларни ҳам журналдан кўз узмай бажараркан, мириқиб хўрсиниб қўйди. Ва деразага боқиб кеч кира бошлаганини тусмол қилди. Ойнадан кўзини олиб, тағин ўз хаёли билан бўлди. Журналдан ўқигани, Ҳасан Бўриев деган олимнинг Жанубий Кореяга қилган сафарию у ёқлардаги таълим тизими ривожи, шу соҳанинг тарихи ҳақида эди. Урушдан сўнг пачаваси чиқиб, иккига бўлиб юборилган, қарзга ботган бир мамлакат. На ер ости, на ер усти бирор ресурсининг тайини йўқ. Бугунга келиб жаҳондаги энг ўзига тўқ, интеллекти баланд марказлардан бирига қандай айланди-я бу юрт? Ўша оғир вазиятдаги қўли узунроқ одамларнинг ўз уйидан мактабу лицей ўқувчилари учун жой бергани, бошқалари эса тилла тақинчоғи борми, жамғарган пули борми, маорифга ихтиёрий тарзда топширгани, бор куч-қудратни таълимга, ўқитувчиларга ажрим қилиб, уларнинг шароитини кўтаргани… ва йигирма-ўттиз йил деганда илмли, диёнатли икки авлод кадрлар етишиб чиқиб, мамлакатни батамом ислоҳ қилгани… бу энди оламшумул гап-да. Кейин бу ишларнинг бошида турган яхши раҳбарлар ва муҳими ўзлигини, ўзининг диёрини бениҳоя қадрлайдиган одамлар, халқ… “Халқ денгиздир” деб ким айтган эди? Ҳа, Чўлпон айтган.
Норқул муаллим шу тахлит ўй суриб ўтираркан, уй сиртидан кимдир чақираётгандай туюлди унга. Неваралардирда, деб хаёл қилди муаллим. Аммо шу пайт эшик қия очилиб кенжасининг ўғилчаси кўринди ва болакай:
— Жовли бобом сизни майлисга чақираяпти, — деди бобосига. Бобоси ажабланиб болага қаради-да “Ҳозир” деб қўйди.
Қирқ йилга яқин мактабда адабиётдан дарс бериб, пенсияга чиққан одамнинг бир жойда ўтириши қийин. Қиш кунида зиқланиб кетади, у-бу нарса ўқийди, тенгқурлари билан оз-моз гурунглашиб келади, жума намозга чиқади. Ўзи айтгандай, аёлининг Изергил кампирнинг эртагидай ўшагига қулоқ осади. Хуллас, баъзан зерикади. Шу сабабдан ҳам бирор бир йиғин бўлса, аввал баҳор етиб боради. Жовли дегани эса уч уй наридаги қўшни, мол дўхтир. Эл оралаб юради. Кимнинг ити қутурган, кимнинг келини кетиб қолган, кимнинг моли йўқолган — бари яхши-ёмон гапни шундан олаверасиз. Қуюндай гап, ҳовлиқиб гапираверади. Лекин кўнглида кири йўқ, дал йигит.
Чол маҳсичан айвонга чиқди ва Жовли билан кўришди.
— Ассалом-алайкум, домла бова.
— Келинг қани, духтир, алейкум.
— Домла бова, вақт йўқ, тегирмоннинг олдида майлис бўлаяпти. Бориш керак, тез бўлинг.
— Нима майлис?
— Мактаб ремонтга тушибди. Майда синф ўқувчилари уйларга бўлиб юборилаётган экан, у ёқ бизга узоқ. Шул ўртадан бир уйни белгилаб, директорни кўндириш керак. Бўлинг! — Жовлининг гап оҳанги “домла бова” хўп деб мажлисга борса, директорни ўзи кўндирадигандай алпозда эди. Домла унинг хулқини билганидан мийиғида кулиб қўйди: тўғри ўсган теракдай самимий, муғомбирликни билмайди!
Бир пасдан сўнг дўхтир билан домла йўлга тушдилар. Жовли гап уқтириб, Норқул домла эса “Ҳмм-ҳмм” деб тегирмон олдида тўпланиб турган йигирма-ўттиз чоғли одамларга бориб қўшилди. Ҳаммаси шу даҳанинг одамлари, баъзилари тегирмон девори ёнида шамолдан паналаб ўтиришибди. Холиқ ака — даҳа оқсоқоли, ўртада.
Гап шуки, мактаб таъмирдан чиқиб, газлашгунича (ҳокимлик мактабни газлаштираётганини Норқул домла ўша ерга боргач билди ва ичида “раҳмат-е шу ҳукуматга” деб қўйди) бешинчи синфгача бўлган ўқувчилар каттароқ, имконияти бор хонадонларга тарқатиб ўқитилади. Бу даҳанинг болалари Соатмурод фермернинг уйига тақсимланибди. Фермернинг уйи эса мактабнинг қаватида. Катта синфлар қўшни мактабга қатнаб турар экан. “Нима, Соатнинг уйича уй йўқми бизнинг қишлоқда. Мана, Қосимнинг уйи саккиз хонали — типовой қилиб солинган. Эртага директор майлис қилади. Бир кун бўлсаям, болалар пайи чўзилиб юрмай яқинроққа қатнасин. Уйга эртароқ келади, буёғи лойгарчилик, баҳорнинг тумови дегандай. Қирқ-эллик ўқувчи узоққа қатнамайди-да, уч-тўрт малими шу ерга келади. Унинг ҳам иккови ўзимиздан экан. Шу гапга нима дейсиз, домла бова?” Холиқ оқсоқол шундай деркан Норқул домлага юзланди. Оқсоқолнинг ёнида Қосим исмли ота-онадан ёлғиз ўғил бўлган ҳали уйи тилга олинган йигит ҳам индамай, қўлини қорнига қўйиб, кўз ости билан домлага қараб турарди. Домла эса атай қилгандай, уйида ҳозиргина ўқиган нарсасидан таъсирланиб, қолаверса, бундай гапнинг устидан чиқиб тургани учун бироз ҳаяжон билан гапира бошлади:
— Нима ҳам дер эдик, маъқул-да. Жуда маъқул ўйлабсизлар. Яхши гап. Лекин Қосимбойнинг ўзи нима дейди бунга?
Йиғилганлар энди Қосимнинг оғзига қарашди. Қосим бўйнини қашлади, сўнг нафас етишмаётгандай димоғи билан ҳавони сўриб, у ёқ-бу ёққа қараб олди. Сўнгра,
— Мен… домла бова… — деб чайналиброқ гап бошлади. Унинг “йўқ” дейишидан, битаётган ишнинг бекор бўлишидан чўчибми ҳамма сергакланди ва кимдир,
— Гапиринг, Қосим ака, — деди.
— Печкангнинг кўмирини обберамиз, — деди Нурали отли ўрта яшар киракаш.
— Томорқангни бепул ҳайдаб бераман, — деб юборди Саттор тракторчи. Бу гапга биров-ярим ёш-яланг кулиб юборди.
— Нимага куласилар, тўғри-да. Бунинг ҳам ватани, отамерос уйи. Икки-уч ойга болаларга жой берса, кимнинг фойдаси — ўзимизнинг.
— Холиқ оқсоқолнинг бу гапидан сўнг ҳамманинг лаб-лунжи йиғилди. Қосим одамларнинг кўзига иккиланаётгандай, уйини ёш болалар ивирситиб ташласа, нима қиламан, деётгандай туюлди. Сўнг бироз жим тургач, тағин у ёқ-бу ёққа қараб олди-да, кутилмаганда,
— Мен розиман, — деб юборди, — фақат…
— Хўш-хўш? Фақат…
— Фақат айтганларингизни, берган ваъдаларингизни қилингизлар, — деди Қосим энди кулимсираб.
— Ай, кўзингдан, Қосимтой. Бул-да гап, — Холиқ ака унинг елкасига қўл ташлади.
Шу вақт Нурали киракаш ташаббусни қўлга олди.
— Ваъдани бажарамиз! Қани Холиқ ака, ҳаммага айтинг. Уй боши икки минг сўмдан йиғсин — кўмирга. Йўл пулиси мендан, мошинам билан Бойсундан ўзим етказиб бериб тураман, — деди киракаш.
— Уй боши эмас-е? — деди Амин махсум, — бир хилнинг боласи бу ерда ўқимайди, ёши катта. Баъзи уйларда умуман ўқувчи йўқ.
Бўлаётган гапларни тинглаб турган Холиқ оқсоқол гапга аралашди:
— Махсумнинг айтганиям тўғри, — деди у босиқлик билан, — гап мундай: ҳар бир ўқувчига минг сўмдан. Рўйхатниям, пулниям Нуралибойнинг ўзи ёзиб, йиғиб олади. Маъқулми?
Ҳамма бараварига “Маъқул-маъқул” дейишди. Бири иккинчи синфда, бириси тўртда ўқийдиган икки невараси учун Норқул домла икки минг пулни шу ернинг ўзида Нуралига тутқазди. Нурали ҳам шу орада қоғоз-қаламни қаердан топди, бирдан рўйхатга олди ва домлани намуна қилиб ҳазилу чин гап айтиб кетди.
— Э, маладес, домла бова. Ҳамма шу устоздай бўлсин! Охирида болаларга бир кун дарс ҳам ўтиб берасиз энди.
Домла ҳам паст келмади:
— Ўтсам ўтаман-да. Қирқ йил дарс берганда бир кун нима бўпти. Ҳаммангни ўзим ўқитган бўлсам.
Шундай қилиб, даҳа одамлари “Эртага соат ўндаги мажлисга ҳамма борсин, ҳеч ким қолиб кетмасин!” дейишиб тарқалишди.
* * *
Эрталаб Норқул ака оёғи сирқираб оғриб уйғонди. Булутли кунларда вақт-бевақт шундай бўлиб туради. Қайси бир йили Термизга бориб кўриниб ҳам келганди. Полиартрит дейишди, касалнинг ҳам тури кўпайган-да.
Ўшанда домла врачга:
— Мунинг ўзбекчаси нима, тушунтириб айт. Ота мерос касал бўлса, қора оқсоқ бўлади, — деганида, врач кулиб
— Ҳа, шундай десаям бўлади, лекин айтилган муолажани олиб туриш керак, домла, — деди.
Кейин врачга бошқа бормади. Қумга тушди. Қақшаб кетаверса, баъзан, суғур мой суриб қўяди, зирк ичади. Ва “Мана, оврисанг”, дейди-да юраверади. Аммо бугун мактабнинг мажлиси борлиги сабаб, симиллаб турган оғриқ кайфиятини туширди. Зўрға таҳоратга чиқиб келди. Одатича моллардан хабарлашишга ҳам ҳафсала қилмади.
Нонуштадан сўнг Жовли ака келди. Ўзига хос шалойимлик билан домланинг жиғига тегмоқчи бўлди у:
— Эй, Норқул ака. Йигит одамга оёқ овривиям гап бўлдими-ей. Шундай кунда юрмайсизми, гурсиллаб.
— Сен одамнинг касалини қаёқдан биласан, молингни бил, бурноч, — домланинг бу гапига Жовли ака бақириб кулиб юборди.
Мажлисга Жовли ака домланинг кичик ўғли билан бирга кетди.
* * *
Домла уйнинг офторўя ёнбошида пешинга таҳорат олаётган эди. Темир дарвоза ғийқиллаб, Жовли аканинг қораси кўринди, изидан эса домланинг ўғли кирди.
Жовли ака домлага яқинлашиб салом берди. Ўғли келиб домланинг узатилган қўлидан тортди.
— Ассалом-алейкум, — негадир Жовлининг қовоғи солиқ, юзи тундроқдай кўринди.
— Валейкум-ассалом, келинг дўхтир, — Норқул домла унинг юзига син солиб қараркан, қўлининг сирти билан кўришди.
— Уйга тортинг қани, нима янгиликлар дунёда?
— Йўғ-ей, Норқул ака, қайтаман.
— А, гап беринг. Борасиз-да, шу томи қийшиқ уйингизга, — домла Жовлининг рафторидаги ўзгаришни энди очиқ кўрди-да, уни тирсагидан олиб, шу томонга оғирини ташлаб юраркан, дўхтирни ичкарига бошлади.
Домланинг рўпарасида кўрпачага тиззалаб, алланечук елка қисиб ўтирган Жовли дўхтир секин гап бошлади.
— Оёқ қандай, оврув пасайдими?
— Пасаймаса менга нима. Сендан қўрқаманми энди, дедим-да, сизлар кетгали бери беш-олти дарахтни қайчиладим. Ҳа, майлис нима бўлди?
— Майлис ҳам… яхши бўлди. Мен яхши танимас эканман, қўшни хўжаликдан келган йигит экан, директор.
— Сенинг ҳам танимаганинг бор экан-да, Жовли, — деди домла кулиб.
— Э, гапни бўлманг. Хўш… би-ир маънили, гапиям, ўзиям босиқ йигит экан. Гапни ўзи бошлади, ҳаммани мактабнинг, маҳалланинг газлашаётгани билан табриклади. Янгилик-да бизнинг қишлоғимиз учун. “Мана, бизнинг Кетмон маҳалламиз ҳам газлашадиган бўлди. Мактаб тўлиқ реконструксия қилинаяпти. Шунинг учун ҳамманинг хабари бор, бошланғич синф ўқувчиларини вақтинча уйларга бўлиб ўқишни давом эттирамиз…” Директор шу ерга келганда Холиқ акани нима жин урди, жойидан ирғиб туриб унинг гапини бўлди-қўйди-да. “Ҳў, ўртоқ Қобилов, биз ўзимизнинг болаларга жой топдик. Кенгиш, саккиз хонали уй, ана Қосимбойнинг уйи. Шунга домлаларингизни жалб қилиб беришингизни сўраймиз…” Бошқа қишлоқлардан ҳам одамлар бор денг, зал тўла. Директорнинг қовоғи уйилди. Оқсоқолнинг гапининг маънисидан ҳам кўра ўзининг гапи бўлингани алам қилди унга. Лекин шундаям оғирлик қилди. Холиқ акага қараб “бўлдими?” дегандай қаради-да, гапини давом эттирди. “Оқсоқол, жойингизга ўтиринг. Биз сизларнинг таклифларингизниям ҳисобга оламиз. Тўғри, Қосим аканинг уйи сиз айтгандай, талабга жавоб беради. Лекин биз аввал Соатмурод фермернинг уйини сизнинг даҳангиздан қатнайдиган ўқувчиларга мўлжал қилган эдик. Сўнг домлалар билан, тумандаги катталаримиз билан маслаҳат қилиб, Нормурод буғалтирнинг уйини белгиладик. Унга икки даҳанинг ўқувчилари қатнайди. Ўқитувчиларимизга ҳам қулай. Чунки синф-синф қилиб ўқитгани яхши, муҳими — ўрталиқ. Сизларнинг ҳам, ундан беридаги қишлоқнинг ҳам ўқувчиси бир жойга келади. Қосим аканинг уйи бу қишлоқдагиларга узоқ. Бу ишлар вақтинча, биласизлар. Нари борса икки ярим ой. Ҳамма билиб олсин-да: ўқувчини вақтинча тарқатиш, дегани мактабни тарқатиш, дегани эмас! Тўғри тушунингизлар, буни мен ўйлаб топганим йўқ. Райондан одам келди, ўқувчи контингентини, ўқитувчи сонини, амбулаториянинг яқинлигини катта йўлни ҳисобга олдик. Қосим аканинг уйи олдида катта канал бор. Ўқувчиларнинг жавобгарлиги менинг бўйнимда, оқсоқол. Уларга уйда ота-онаси эга бўлса, мактабда, дарс маҳалида увол-савобига биз жавоб айтамиз”. Эй, Норқул ака, маъқул гап — маъқул-да. Бўлди ғовур-ғувур. Ҳамма, Холиқ акаям “маъқул”лаб қолди. Ўйлаб кўрсам, тўғри гапиряпти-да. Қисқача гап шу. Лекин майлис тамом бўлгач, Холиқ ака билан икковимиз кўчада қолиб кетдик. Қосимнинг қовоғи осилиб, бизни ташлаб кетиб қопти. Ҳе йўқ-бе йўқ, кетиб қопти. Мошинасида борган эдик. Оқсоқол ҳам, мен ҳам ҳайрон. Нурилланинг “Дамас”ига тиқилишиб келиб олдик-ку, лекин Холиқ ака хафа бўлди-да…
— Қосим кечаги ўзимизнинг йиғиндан кейин уялгандир-да? — деди Норқул муаллим.
— Уялиб нимасига уялади. Кўпчиликнинг иши-да бу. Хўп энди, домла мен борай…
Жовли ака шундай деди-да ўрнидан турди.
* * *
Орадан беш кун ўтгач Норқул домла қўшни Миршоди маҳалладаги бир худойига борадиган бўлди.
Қайтишда йўл четида турган эди. Бир оппоқ машина келиб шундоқ бекатнинг ёнида оҳиста тўхтади. Ичкаридан рулдаги кишининг ён ойнани тушириб “Чиқинг устоз”, деган товуши келди.
Домла энкайиб қаради: мактаб директори Қобилов экан. Норқул ака машина ўнг келганидан алланечук қувониб қўйди ва “Ё, бисмилло” деб ўриндиққа чўкди. Домла директор билан сўрашиб ундан-бундан гаплашаркан, сер солиб унинг юзига қараб-қараб олди.
Бир муддат шу зайл юришгач, директор гапни, аниқроғи Норқул домла кутаётган гапни бошлаб қолди.
— Ўтган куни йиғилишда кўринмадингиз, устоз?
— Ўша куни сал мазам бўмади, ука. Шу эски касал бор бизнинг, оёқ зирқиллаб қолади. Укангиз Термизга оббориб бир-икки марта қумгаям тушириб келди. Шуйтиб… яхши ўтдими йиғилиш ишқилиб?
— Яхши ўтишга-ку яхши ўтди-да… Холиқ ака бошида одамни ҳайрон қилди. Лекин охирида-ку ўзиям тўғри тушунди.
— Ҳа, домиллажон, кўп билан ишлагандан кейин, оз-моз шундай гаплар ҳам бўлади-да.
Директор устознинг бу гапидан унинг мажлис ҳақида эшитганини англади ва йўлдан кўзини узмай бораркан, бир маромда гапириб кетди.
— Энди, устоз, мана ўзингиз ҳам бир умр таълимнинг нонини еб, шундан пенсияга чиқдингиз. Биласиз. Одамларимиз ҳам қизиқ-да, давлат мактабни газлаштиряпти, стол-стулдан тортиб, компютергача янгиланяпти. Тўлиқ ремонт бошладик. Ўқувчи икки-уч ой сизнинг уйингизда туриб ўқиди нима, менинг уйимга қатнаб турди нима. Талаб бор, қонун-қоида бор, болаларнинг жавобгарлиги дегандай. Ҳар бир вақтинча фойдаланилган уй учун ойига юз эллик минг тўлов тўланади. Молия билан, ғазначилик билан талашиб-тортишиб шунисигача ҳал қилдик. Буниям мен ўйлаб чиқарганим йўқ…
Норқул муаллим директорнинг сўнгги сўзларини эшитаркан, беихтиёр Жовли дўхтирнинг гап-сўзлари эсига тушди. “Ҳа, гап бу ёқда экан-да. Ҳей, сенларни пул есин, ўзингнинг боланг учун ҳам…” Домланинг кўнгли оғриди, аммо буни директорга сездирмасликка ҳаракат қилди.
Манзилга етгач Қобилов билан хўшлашиб йўл четига тушди. Пул узатган эди, директор қўлини қайтарди:
— Э, одамни уялтирманг-ей. Бир дуо қилинг, устоз, бошлаган ишларимиз ривож топсин.
Домла дуо қилди, директор кетди. Домла сўнг… Холиқ оқсоқолнинг уйига қараб йўлини бурди.
…Ҳа, мактабни бизнинг уйга тортайлик, деб, оқсоқолга Қосимнинг ўзи айтган экан. Даҳанинг мажлисида иккилангандай бўлиб турган бу хумса муваққат мактаб учун тўлов борлигини Холиқ акагаям билдирмабди. Оқсоқол эса буни Норқул муаллимдан эшитиб қаттиқ мулзам бўлди. “Эй, отангнинг жилигига Қосим ёлғиз-ей…” деб одатича сўкиниб юборди. Бу ҳол Норқул домлани тағин асабийлаштирди. Одамлар нега бундай-ей? Мана бу даҳа оқсоқолининг ҳам хабари йўқ, ҳатто ора йўлда бетининг пардаси йиртилгани қолибди.
Норқул домла шу ўйлар билан уйига қайтди. Эшик ҳатлаб ҳовлига кираркан қўлида шамол паррак тутиб, ўйнаб юрган неварасига кўзи тушди ва бирдан тутақиб кетди. Неваранинг қўлидаги боз барак ўтган кунги ўзи ўқиган журналнинг ялтироқ муқовасидан тайёрланган эди. Домла беихтёр Холиқ оқсоқолга ўхшаб сўкиниб юборди: “Ҳе, отангнинг жилигига…”
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 9-сон