Устимда нимадир юргандай бўлди. Тиззамни, сўнгра оёғим учларини босиб турди. Кўзим юмуқ ҳолимда, мушук деб ўйладим. Онамнинг товуши келди: тушир анови етимчани, Чиннихол. Опамнинг кулгуга тўлиқ овози эшитилди: “Эна, сийиб юборди”. Онам ҳам кулди ва мен сари талпинди чоғи кўзимни очдим. Уйқум очилмай анқайиб, менга ажабланиб қараб турган қўзичоқни кўрдим. Кўзлари қоп-қора, момиқ жунлари ҳўлдай жимирлаб кўринади, киндиги узун, қуримаган. Онам уни кўтариб печка томонга олиб кетди. Қўзичоқ мен ёпиниб ётган кўрпанинг устига… қўйиб юборибди, ярамас. Бу унинг ёруғ дунёдаги биринчи иши эди. Туриб ўтирдим. Уй тўрида гўшт супра ёйилган, отам дўқиллатиб ёнғоқ тўнкада гўшт тўғраётир.
Қўзичоқ туғилибди, аниқроғи боши катталик қилиб, совлиқни ёриб боласини олишибди. Кечанинг бир вақтида отам билан акам шу ишни қилибдилар. Эртачи совлиқлар қўзилай бошлабди-да. Тийрамоҳнинг изғиринли, сўнгги кунлари қонталош баргларни зирқиратиб ўтади, мактаб йўлида сумкадан нон олиб, ковшаниб қайтаётган болаларнинг эгнига бултирги либосларини илади бу кунлар. Тонглар совуб, чўпон-чўлиқнинг қўл ва лаблари баайни совуқ очган кўсакдай ёрилади. Аввал ёмғир, кейин қор…
Кичик опам бурчакда пахта чигитлаб ўтирибди. Онам эса қозон осилган печкага куймаланади. Акам гўшт тўғраётган отамга қарашаяпти. Отам ҳар замонда уни уришиб қўяди. Онам менга:
— Калтабой, тур энди. Қор тушди,— деди.
— Қор?
— Ҳа, энди томнинг устидан этигингни об тушасан.
* * *
Қўлимга уч-тўрт бўлак нон тугилган шойи белбоғни кўтариб чопончамнинг олдини бир қўлим билан ёпиб кетаяпман. Бобом (отамнинг акаси — амакимни бобо деймиз) оғилнинг устида қор кураяпти. “Ғарч-ғурч” қилиб боряпман. Бобом менга қараб-қараб қўяди, мен ундан кўз узмайман. Уйларнинг мўрисидан ўрлаётган тутун “Кетдик мактабга!” деётган қўшни қизлардай бир-бирига қўл силкийди, сўнг ер бағирлаб кетади.
— Уйга оббор, Калтабой,— дейди бобом менга. У бизнинг уйимиз ёнбошида эрталаб нон синдирганимизни том устидан кўрган эди.
— Итларингиз бор,— дейман опам ўргатгандай.
— Ҳа, опке бўлмаса. Даргайига қабул қилсин!
Куракни ерга тираб, том устидан узалади бобом. Мен оёқ учида тугунчани узатаман ва яна опам ўргатган гапни айтаман:
— Белқарс сизларники экан.
Тугунчани беришим билан бурилиб югура бошлайман. Бобом ниманидир сезгандай бир рўмолга, бир менга қараб, ҳарнечук тугунни еча бошлайди. Мен тезлашаман. Оғзидан чиқаётган буғ мошгуруч, болта соқолига қўшилиб басавлат бобомни афсонавий паҳлавондай кўрсатади. Энди катталашиб, секинлаётган қор унинг қулоқли аскарча телпагини оқартириб юборган. Бу телпакни ўғли ҳарбийдан опкелган.
— Ҳў, Калтабой тўхта, ярамас. Тўхта, — ортимдан бобомнинг дўлвор овози келади. Бурилиб қарайман. У куракка таяниб ерга “гурс” этиб сакраб тушди. Кулдим ва уйга қараб югурдим. Уй ёнида отам, онам, опаларим туришибди. Худди пойгада келаётган отга ишқибозлик қилаётгандай менга қараб “чоп-чоп” дейишади. Кенжамиз Манзура эса деразадан қараб турибди, унга “гул” чиққан. Бобомнинг мени етишига гап кўп, туяжун чақмони ўзи бир отга юк. Қийқириб чопаман, чопонимнинг олди очиқ этаги икки ёнга бориб келаверади. Менга қараб итимиз югурди. Бобомнинг чакмони ярим йўлда ечилиб қолди. Лекин шундай бўлса-да мени ача жойгача “тўхта-тўхта”лаб қувиб келди. Етолмаслигига кўзи етди чоғи “қўлга тушираман ҳали” деб, изига қайта бошлади. У кишининг саводи йўқ. Аммо онам Чўпон ота ҳақига, деб қўшниларга улашган нонга қўшиб берилган қорхатнинг нималигини билади. Бу нарса ҳар йили бор.
* * *
— Қайнатма шўрва, тарвуз… кейинчи? — аллақачон мактаб кийимини кийиб олган катта опам ёзаяпти, ҳаммамиз унга ўргатиб турибмиз.
— Палов.
— Қат патир.
— Чувиллашма-е, — онам бизни жеркиган бўлади.
…Ва кечқурун аёз забтига олиб тийра қуёш шомга яқинлай бошлаганда бобомнинг кичик ўғли келади. Мен соғин сигирларга ем қориб туриб унинг онамга айтаётган гапини эшитаман. “Ҳаммаларингиз бизникига бораркансизлар.” Қувониб, алланечук мағрурланиб қўяман.
* * *
Бобомнинг уйида бизнинг оиладан бошқа амакимлар ҳам йиғилишган. Эркаклар юқорида, аёллар пастда. Бола-бақранинг овози гапни гапга қўшмайди. Кичкина Муқаддас бешикдан қўлини чўзиб инжиқланиб ингиллайди. Ташқаридан енглари шимарилган бобом чопонини эгнига ташлаб, таҳорат олиб киради, қўлида белбоғи. У бешикдаги неварасига энкайиб эркалаган бўлади-да:
— Бу қизни кўп йиғлатманглар-е, қалини камайиб кетади,— дейди.
Бобомнинг товушини эшитиб кичик амаким ва бобомнинг тўнғичи сергакланади. Улар иккови бобом ташқарилаганда пайтдан фойдаланиб ўзлари чойнакка солиб олган ароқни уриб олишган. Сўзамол, юзлари бўғриқиб ўтиришибди.
— Нурман тоғанинг отини бугун Кўчар минганда бировга улоқ бермайди экан-да, ўзи.
— Кўчарнинг қўли синган экан-да.
— Ҳа, шундаймикан?
Бобом уларнинг бугун бўлиб ўтган кўпкари ҳақдаги суҳбатига эътибор қилмай иккисига ҳам сер солиб тўрга-жойига ўтаверади-да, сезади шекилли, кичик амакимга:
— Гапингиз кўпайиб қоптима, раис? — деб қўяди. Амаким индамайди.
Тўкин дастурхондан ҳамма таом тановул қилаяпти. Ўнгдан-чапдан турли гурунг. Зиёфат сўнггида бобом дуога қўл очади:
— Омийн! Илойим, шу қор билан бошланган йилимиз қут-баракали йил бўлсин!…
* * *
Биринчи қор — Яратганнинг бандаларига мактуби!
Биринчи қор — табиатнинг самимий таскини.
Биринчи қор — болаликнинг қўл билан ушласа бўладиган ҳайратлари рангида бўлади.
Биринчи қор — юраклардан эланиб ўтиб келган, дилнинг бир пок манзилида ётган туйғуларнинг дунёга термулиши (худди деразадан қараб турган Манзурадай).
Биринчи қор — муҳаббатнинг сирли тортиғини бировга айтмаса бўлмайдиган қутлуғ хабар.
Биринчи қор — қорхатдай учаётган қушларнинг кўзларида оламнинг беадоқ акси.
Биринчи қор — кўнгли кенгайган дунёнинг оромли хўрсиниғи.
Биринчи қор…