Менинг бир достоним бор, ҳар куни, ҳар пайтда айтилавермайди. Ичимда яралади, ичимда куйланади. Уни фақат бир ўзим тинглайман, гап қўшмайман, гапини бўлмайман. Жимгина тинглайман холос.
Тўқсон биринчи йилнинг октябрида акамдан навбатдаги хат келди. Ундан хат келиши бизнинг байрамлари кўп бўлмаган уйимизда қувончли воқеа бўларди ҳамиша. Ўша — акамнинг босма ҳарфдай, дона-дона ҳуснихати. Хат сентябрнинг иккинчи санасида ёзилган бўлиб, бир ойдан кўпроқ “йўл босибди”. Акам Тайга ўрмонларида ҳарбий хизматда эди. Унинг ёзишича, фақат ер, осмон ва ўрмондан бошқа нарса кўринмайдиган бу жойда биргина бизнинг тумандан йигирма тўрт йигит хизмат қилар экан. Онам шундан хурсанд бўларди доим.
Битай деб қолган ўрмак устида ўтирган опам ҳам, олтиндай товланиб супани тўлдирган жўхоридан қўғирчоқ ўйнаётган синглим ҳам, идиш ортилган эшакда сувга жўнаётган мен ҳам, чит кўйлаги кузак елида юрагидай ҳилпиллаб турган кўзлари маюс онам ҳам — барчамиз айвон устунига елкасини бериб хатни ўқиётган иккинчи опам — Турдихолнинг шеърга мойил овозидан сеҳрланиб жим турардик. Хатни энг аввал шу опам ўқирди, далли-ғулли, ўқимишли эди у.
…У ёқларда юпқагина қор тушибди, дарёлар кечалари музлай бошлабди. Яна акам боғларда беҳи пишдими, менга ҳам олиб қўйинглар, деб ҳазил ҳам қилибди. Шу ерга келганда, биз кулдик, онам эса “ғилқ” этиб ютинди. Ва “Сендан айлансин шу беҳилар, жонинг омон бўлсин”, деди. Онамга қарадик, унинг кўзлари ғилтиллаб, ёноғида икки томчи ёш жимирлаб кетди. Опам хатни ўқишдан тўхтаб, онамга пўписа қилиб қўйди: “Узоқдаги кишининг ортидан йиғламанг, деб неча марта айтаман, сизга. Улингиз тўйга кетган йўқ-ку, хоҳлаган пайт қайтиб келса. Йигитлик бурчини бажараяпти”. Онам “хўп-хўп, ўқийвер”, деб қўйди. Акамнинг ёзишича, улар Ўзбекистоннинг мустақиллик эълон қилганини, байрам тантаналарини, Президентнинг қасамёдини ётоғида телевизордан кўришибди. Ўзбекистонлик аскарлар бир-бирини табриклаб, ўзларича байрам ҳам қилибдилар.
Хат сўнгида одатдагидек Миша (командирлари уни шундай аташар ва акам доим хатларига шундай деб ёзарди) деб эмас, Маматқул Саломов, мустақил Ўзбекистон фуқароси, деб ёзилган ва имзо қўйилган эди. Биз яна кулишиб олдик. Онам яна ҳиқиллаб қўйди: “Жоним сенгинанинг ичингда, болам. Фуқаро бўлиб юргинда шу совуқларда…”, опам яна унинг гапини бўлди. “Эна, давлат бор, ҳукумат бор, сизнинг болангиздан бошқанинг боласиям юрибди. Яна палаж бўп қолсангиз, биз нима қиламиз. Икки ой ҳам ўтади-кетади”. Онам опамнинг гапларига эътибор қилмай унинг қўлидаги хатни олди-да аста кўзига суриб, ҳидлади. Бўйларингдан-да сенинг, аскарим, деб секин шивирлаб қўйди. Биз ҳаммамиз алланечук маюс бўлиб, унинг атрофида ғуж бўлдик. Онам акамни жунун бўлиб соғинган эди. Намозшомда симёғочга қўниб сайраётган бойўғлига ҳақ сўйла жонивор, деб ун гардлаганида ҳам, кўрган тушини нондай ушатиб тонгларга улашганида ҳам, кичик опам иккимиз пайкалда акам келса опчиқамиз, деб яшириб қўйган қишки қовунни ҳеч кимга айтмаймиз, деб бехос онамга айтиб қўйганимизда ҳам, кино кўрганда ҳам ҳамма жойда онам ва акам бор эди, йўқ, бир қутлуғ ҳис—соғинч ва меҳр бор эди. Бир муддат ўтгач, онамнинг чеҳраси ёришди, опамнинг гапларидан ўзини анча тутиб олди шекилли, ҳа шулда, келади-да, мустақил давлатнинг фуқароси, дебди-ку, дея кулган бўлди. Унинг қувончи бизга юқиб ҳаммамиз бирпасда хурсанд бўлиб қолдик. Шу воқеадан сўнг бир ойча аввал телевизорда расман эълон қилинган давлат мустақиллиги, бўлаётган ўзгаришлар менинг ўн ёшли шууримга ўзгача маъно берди. Қутлуғлик, азизлик касб этди. Ҳар бир экранда берилаётган нарсани акам ҳам кўраяпти, деган туйғу бошимни гангитар эди. Мактабда, уйда, йўлда, футболдан енгилганда ҳамма жойда акамнинг бир жумла гапи ичимда юрарди: Мустақил давлатнинг фуқароси! Айтиб, ўйлаб чарчамас эдим. Қизиқ бир аҳволда эдим. Акамнинг ўша мактуби менинг хаёлга тўлиқ кўнглимга, кунларимга бир оҳанг бериб кетган эди.
Уйимиз тепаликда бўлиб, пастроқда, томорқа яқинида яна бир уй солгулик қулай жой бор эди. Онам эрталаблари баъзан ўша жойга борар ва ёнида ким бўлса, насиб бўлса, Маматқулбойга шу ердан ватан қиламиз, деб шошилинч, кутилмаган шашт билан уқтира кетарди.
Шу ердан акамга Ватан қиламиз!
Уйли, жойли, том-тоши тайин кишига нисбатан, ҳа фалончиям соясини остига олди, Ватани бор, дейишади, бизнинг одамлар. Ўпкадан чиқиб, ундовларга суяниб турадиган “Ватан”дан нақадар чин ва қадимийдир бизнинг одамлар таърифидаги Ватан ва бу сўзга жам бўлган мазмунлар. Ўйлайманки, уй-жойга нисбатан Ватан сўзининг бундай қўлланилиши тор мазмунда эмас, балки рамзий ва ҳаққонийроқ маъно ташийди, менимча.
Акам ўзи ёзганидек икки ойда эмас, эртароқ—ноябрда келди. Хўжақул бухгалтернинг қизил “Жигули”cи уй олдига тўхтаганда, машина кўзимга бир бутун оловдек кўринди. Онам у кишига юз сўм суюнчи берди, отам қўй бўғизлади. Одамлар келишди, бағримиз тўлиб қолди.
Ўша кунлардан кўнглимда муҳрланиб қолган ҳисларни кейин ҳам бир неча марта бошдан кечирдим. Лекин бу кечинмаларнинг номини тополмас эдим у вақтларда.
Тўқсон тўққизинчи йил феврал воқеаларида бир ғалати ҳолга тушдим. Одамлар қандайдир ҳурпайган, асабий. То телевизорда Президент кўрингунича одамлар елкасида оғир бир нимани биргалашиб кўтариб тургандай аҳволда эди, сўнг бирдан чуқур хўрсиниқлар, бобомнинг “Азиз-авлиёлар қўлласин-да. Шу тинч кунларни кўролмайдиганлар ҳам бор эканда”, деган салобатли хитоби келди қулоғимга. Одамларда биз ҳар куни газеталарда ёзадиганимиз “бир тану бир жон” деган қиёс ўшанда чин маъноси, ҳайбати билан бўй кўрсатган эди. Бу туйғуларнинг рукни йўқ, сарлавҳаси ҳали топилмаган. Бу ҳисларга ном қўйиб бўлмас балки. Йўқса, сири кетади, сеҳри тўкилади. Бу сўз кўнгилда, кўнгилнинг туб-тубидагина эркин бўлади, яшнайди.
Кейин Абдулла Тангриев олимпия ўйинларида кўксига кумуш медал таққанида шундай бўлди. Қибрайда эдим. Уй эгаси ва меҳмонларнинг қарийб барчаси мадҳияни телевизор билан баравар куйлашди, қадаҳ уриштиришди. Абдулланинг ўрнига ўзлари курашгандай бири олиб бири гапиради, изоҳ беради, шарҳлайди. Уларни шундай бир куч яқин қилиб юбордики, кўриб кишининг вужуди жимирлаб кетади.
Яна бир шундай воқеа бўлганди. Ўтган йил ёзда Жанубий Кореядан таътилга келган юртдош укамизнинг илтимоси билан Бойсунга борган эдик. У Шоберди бахши (Болтаев)дан “Алпомиш” достони ёзилган кассеталарни олиб ўзи билан обкетмоқчи эди. Эшитган, кўрган кишиларнинг кўпчилигига бизнинг бу ҳаракатимиз эриш туюлди. Ҳозир ҳам эриш туюлса керак. Лекин айримлари эса хорижда ўқиётган йигитга, ниятини билгач ўзгача, қандайдир жуда бошқача одам деб қарашди. Ўша олис манзилда бошини тебратиб дўмбира тинглашнинг маънисини, ўша вақтда кўнгилга ўзи туғилиб ўсган юртининг ўркач-ўркач қирларини жо этиб, соғинч ва меҳр туйиб хумори босиладиган бу йигитнинг дилидаги гапларнинг юкини тарозилаб бўладими?
Гўдаклар ва жониворларнинг кўзлари доимо жиддий ва самимий боқади. Уйни, қўраларни айланиб туни билан безовта бўлиб чиқадиган манов сариқ итнинг кўзларидаги туйғу шарҳланмайди, тушунилади. Конфет бераман, десангиз ҳам ўзини онасига — ватанига яширадиган гўдак кўзларининг ҳам изоҳи йўқ. Шаҳидлар хиёбонидаги музейда Чўлпоннинг бир расми бор. Сўнгги кунларида олинган шекилли. Ўша манзилнинг, юртнинг бугунги сарватини кўрай, деб ғамдай қавариб, илтижодан, иложсизликдан, мунгдан қорайиб кетган бу кўзларга ўзбекман, деган одам хотиржам боқолмайди. Шу кўзлар шомнинг қирғоғида акамни кутаётган онамнинг, онасига талпинаётган гўдакнинг кўзлари билан бирдай тоза, қаварган, кутган, хотиржам бўлолмаётган, ўкинчу севинч ўртасида чақнаб турган содиқ нигоҳлардир. Бир онанинг бир дамлик нигоҳи ўзи бир қўшиқдир асли. Шунинг учун она-Ватан, деб қўшиқ айтса керак-да санъаткорлар.
…Кейин ўша жойдан акамга уй тушди, уйланди, сўнг ажралиб чиқди. Шу ерда яшаяпти.
Ўтган шу вақт ичида айтиб ўтилган айрим воқеалар сабабидан кўнглимда омон келаётган бир ҳис ҳар қалқиб юзага чиққанда танимни жимирлатиб кетади. Буни бошдан кечириш завқли, лекин оғир. Бойсунда достон айтишдай қийин, акамни кутишдай тотли, онамнинг соғинчидай абадий. Чўлпоннинг кўзларидай жим, собит, умидли.
Шу менинг достоним, эртагим. Кўнгилни сеҳрга ўраб, юракка куч бериб турган бу туйғу ростдан ҳам достон. Айтилаверади, тинмайди. Ватан ҳақидами, юрт ҳақидами, одамлар хусусидадир балки, ҳарҳолда сеҳри тугамайди.