…Бугун илк қор ёғди. Қишнинг беғубор нафаси кенг-мўл хоналарига, ораста йўлакларига хасталарнинг кўнгли каби оғир сукунат чўккан шифохонага ҳам бостириб кирди. Шундоқ ҳам қордек оппоқ кийим кийиб юрадиган ҳамширалар шифохона деразалари атрофида чуғурлашиб, бир-бирларини суюнчилашди. Уларнинг кайфияти беморларга ҳам кўчди. Ким бош ҳакимга қорхат ёзиб, уйга бориб-келиш учун бир кунга ижозат сўраган, ким ҳамширадан аччиқ дорилар ўрнига ширин сўзлар ўтинган… Фақат Шоир ётган учинчи палатада жонланиш сезилмайди.
Хонада тун бўйи навбатчилик қилган Нафиса дугоналарининг шовқини ўйларига халал берган каби қошларини чимириб, деразага қаради. Ўйнаб-ўйнаб ёғаётган лайлакқорни кўриб, чеҳрасига шодлик югурди. Ёш боладек сапчиб туриб, деразага яқинлашди. Деразани очиб қор ўйнагиси келди. Бироқ юзининг ранги қордан фарқ этмай қолган Шоирга кўзи тушди-ю, тағин маъюс тортди. Шоир бу йилги қорни кўраманми, йўқми, дея армон қилган эди. Уни уйғотгиси, “дунёнинг қилвирликларига гўё қасдма-қасд” (Шоир жаҳли чиққанда доим шундай дер эди) ёғаётган қорни кўрсатиб суюнтиргиси келди. Лекин…
…“– Кузни яхши кўрасизми?
– Нега бундай деб ўйладингиз?
– Куз ҳақидаги шеърларингиз анча-мунча экан…
– Эҳтимол… лекин булутли ҳавони, майин ёққан ёмғирни яхши кўришим аниқ. Яна… биринчи қорни яхши кўраман. Бу йилги илк қорни кўрсам, армоним йўқ эди…”
Шоир шу сўнгги жумлани айта туриб, Нафисага аллақандай ғалати, худди энг яқин одамига қарагандек тикилган эди. Бу нигоҳларда айтилмаган узрлар, сўзга кўчмаган изҳорлар, ўлим шарпасини ҳис қилиб турган чорасиз инсоннинг маъюс илтижоси, Нафиса таърифини келтиришга ожиз бўлган, камдан-кам одамлар нигоҳида учрайдиган аллақандай мунг бор эди. Нафиса бир неча кун олдин Шоир ҳушига келган дамда бўлиб ўтган бу суҳбатни эслади-ю, хаёлига келган, аммо тилига кўчиб улгурмаган фикридан уялиб, ўзини ноқулай ҳис қилди. Икки ойдан бери “на тузалиши, на тақдирга тан бериши аниқ бўлмай, шифохонанинг дардисарига айланган” Шоир акасининг шундоқ ҳам нозик бўлиб қолган кўнгли биринчи қор хабаридан шод бўлармикан? Ахир у Нафисанинг хушхабарини эшитиб, “Мана, Нафисахон синглим, биринчи қорни ҳам кўрдим, сўнгги орзуим ҳам ушалди, энди беармон ўлаверсам ҳам бўлади”, демайдими? Одамнинг бегонаси бўлмайди. Ҳар ҳолда, Нафиса шундай деб ўйлайди. Дугоналарининг ғалати қарашларию писандаларидан қатъи назар, ширин сўзу табассумга муҳтож беморларнинг бирини ака, бирини опа, бирини ука, бирини сингил дея меҳрибончилик қилишни бурч деб билади.
Аммо Шоир бутунлай бошқача. Бир қараса, ундан мулойим, ундан сергап одам йўқ. Бироқ жаҳли чиққанда унинг нигоҳига дош бериш, ундан биргина сўз эшитиш машаққат. Нафиса унинг баъзан оддийгина нарсадан ҳайратга тушиб ҳаяжонланиб кетишига, баъзида ҳатто энг даҳшатли хабарни бамайлихотир эшитиб, “Ҳа…”, деб қўйишига бир неча марта гувоҳ бўлган. “Мавҳум одам, – деган эди бир кун бош ҳаким Шоирнинг бу феълига ишора қилиб. – Бунақаларга яшаш жуда оғир бўлса керак…”
Шоирга оғир эканлигини Нафиса ҳам билади. Аммо буни бош ҳаким талқин қилганчалик ваҳимали тасаввур қилмайди. Бир пайтлар мактабдаги адабиёт муаллими “Яхши ижодкорлар ёзганларига жуда-жуда ўхшайдилар”, деган эди. Нафиса Шоирнинг шеърларини касалхонага тушмасдан аввал ҳам ўқиган. Муаллимнинг гапига Шоирнинг ўзини кўргач ишонч ҳосил қилди. Шоир касалхонага кузнинг илиқ қуёши каби жилмайиб кириб келган эди. Кўричагидаги оғриқ зўрайиб, жарроҳлик хонасига олиб кирилаётганда ҳам, ҳамшираларга “гап отиб”, гўё уларга далда берган эди. Лекин сўнгги бир ярим ойдан бери Шоирнинг ҳаёти ҳам, кайфияти ҳам куз тўзонига ўхшаб қолди. Нафиса энди Шоирни бандидан узилай-узилай деб турган кузги япроққа ўхшатар, у гўё ўз шеърларидаги зорларини айтиб адо қилолмаган заъфарон япроққа айланаётган эди. Ҳозир эса…
Бир неча кундан бери гоҳ ҳушидан кетиб, гоҳ ҳушига келиб, озурда жони борлиқ ва йўқлик орасида ярадор қушдек ожиз талпинаётган Шоир шу топда ҳуши ўзидами-йўқми, аввалига англолмади. Ўнг биқини ва юрагида оғриқ сезгач, ҳушига келганини билди. Сўнгги йиллардаги зерикарли машғулоти – ўй суриш, оғир ўйлар гирдобида жон талашишга тағин ўзини маҳкум этгиси келмай, хаёлан шеър ўқишга тутинди. Шу билан гўё ёзганларини сарҳисоб қилмоқчи, тинчгина кўз юмишга ҳақи борми-йўқми, аниқламоқчи бўлди. Таассуфки, минг машаққат билан хаёлида тикланган мисралар уни аввалгидан ҳам оғирроқ ўйлар гирдобига улоқтириб ташлади.
Уфф… Аслида шу ўйлар эмасми шеър ёздирган?! Шу шеърлар эмасми одамови қилиб қўйган?!
Дунё кенгми? Унда нима учун совуқ башарасини кўрсатмасликни Яратгандан тавалло қилиб сўраганинг аблаҳ кимсаларга истасанг-истамасанг ҳар дамда дуч келаверасан?! Дунё торми? Унда не сабаб юрагингга жон қадар яқин олганинг, дийдорига муштоқ бўлганинг, тақдир тақозоси билан йўлдами, сафардами, қишлоқдами, шаҳардами танишиб, меҳр қўйганинг инсонларнинг дийдори қиёматга қолаверади?!… Шоир бу ҳақда жуда кўп ўйлайди. Эҳтимол, дунёнинг ишлари у ўйлаганчалик чигал эмасдир. Эҳтимол, у умрнинг ҳар кунидан маъни излаб яшашга одатлангани учун тириклик дунё билан муросадан иборат эканлигини унутиб қўйгандир…
Ишга энди келган пайтлари ўзига бино қўйган ёши каттароқ бир олифтани “Сизнинг фикр тарзингиз ўн гектарлик ишхона ҳудудидан ташқари чиқолмайди”, – дея тахтадек “михлаб қўйганди”. Эҳтимол, озми-кўпми улғайиб, ўзи ҳам тор ўйлайдиган бўлиб қолгандир. “Торга тор дунё, кенгга кенг дунё”, дейдилар-ку, ахир. Ҳамкасблари унинг далли-девона феъли боис давраларга осонликча киришиб кетолмаслигини кўп кўришган. Шу боис улар Шоирнинг баъзан меҳри товланиб кетиб, айтган ширин сўзларини ҳам ёлғонга, аниқроғи, пичингга йўйишади.
Аслида кўпчилик Шоирнинг йиғласа юрагини парчалаб йиғлаши-ю, кулса қуёшдек беминнат кулишини билмайди. Яна ким билади, дейсиз? Бани одам ичра шеър ёзмаса ҳам, шоирни тушунадиганлар озми-кўпми бор. Шоир мактаб сабоғидан сўнг қўли китоб кўрмаган, аммо дунё ҳақида алломайи давронлардан салмоқлироқ фикр айта оладиган одамларни кўрган. Инсон кўнгли ҳақидаги анча-мунча китобларни титкилаган-у, аммо вазият тақозо қилганда, “одамларнинг юрагига оёқ қўйиб девор ошадиган” гапдонларни кўравериб кўзи қотгани рост. Бироқ кўнгил ҳақидаги баландпарвоз машваратлардан “қочгани” сабаб танбеҳ эшитган, аслида ҳеч бир кенгашсиз умрини ўзгалар юзига табассум индириш, одамлар кўнглини обод қилиш учун сарф этишга ҳозир бўлган инсонларга ҳам аҳён-аҳён дуч келган.
Нега аҳён-аҳён? Дунёни бутун кўриш абадий армонми?! Балки дунё ҳақиқатан ҳам тордир? Унда не сабаб яхшилик қилиш учун узалган қўл ҳавода муаллақ қолаверади? Эҳтимол, дунёни кенг деганлар донишмандроқдирлар? Унда не сабаб улар бир қарич ер учун бош ёргувчиларга, омонат обрў таъма қилиб ёвлашгувчиларга бу ҳақиқатни исботлаб беролмайдилар? Ёмонликдан қайтиш шунчалик машаққатми? Яхшиликдан юз буриш шунчалик осонми? Яхшилик ва ёмонлик орасидаги масофа қаерда ўзи?
Шу топда устозларидан бирининг “Аслида яхшилик билан ёмонлик орасидаги масофа жуда қисқа. Бировга ёмонлик қилсанг, уни ўзига яқин олувчиларни ранжитган бўласан. Бировга яхшилик қилсанг, уни ёмон кўрадиган одамларнинг пайтавасига қурт тушади”, дея истеҳзо ила бош чайқаб қўйгани тағин эсига тушди. Эҳтимол, бу фикр кўпни кўрган одамнинг йиллар давомида синовдан ўтган ҳаётий хулосасидир. Аммо Шоир ҳар галгидек бу сафар ҳам устознинг бу хулосаси билан муроса қила олмади. Илло, ёвуз хаёллари рўёбига боис-баҳона излаб юрганлар камми? Уларга бу гапни шивирлаб айтиб кўринг-чи. Устознинг тириклик ҳақидаги дардли армони ўлароқ айтилган бу хулосани мутлақ ҳақиқат дея қабул қилувчилар, гапи ўтадиган давраларда бошқаларга шу тарзда фатво берувчилар чиқиб қолмайдими? Бир қўлда асал тутиб табассум қилиш, бир қўлда заҳар тутиб фурсат пойлаш… Уҳ… Ай, ғофил, бундайлар йўқ дейсанми? Аслида устознинг фикрига қўшиласанми-йўқми, дунё шафқатсиз ҳукмини ўқийверади. Уйда еган асалинг бекатга етар-етмас заҳарга айланаверади… Кимдир дастлаб юрагингга аёвсиз пичоқ санчиб, сўнгра ўзинг билан қўшилиб йиғлайверади… Пўртанаси минг йиллик уммонларга туташиб кетган бу асов оқимга қарши сузиш мумкинми?
Сиқилиб кетди. Ўзига ўзи ваҳимачи бўлиб кўринди. Дунёда фақат ёмон одамлар яшамайди-ку, ахир. Ойнинг ўн беши қоронғи бўлгани билан дунё тугаб қолармиди?! Шу қоронғи тунлар арази деб олдинда кутаётган ёруғ тунлар умидини ўлдириш, ёруғ кунлар қувончини ерга қориш мумкинми?!
Ёки дунёда яхши яшаш учун бефарқроқ бўлиш керак, дегувчилар ҳақ эканми? Йўқ, асло! Оқни ҳам, қорани ҳам бир тарозига солгувчилардан, баландни ҳам, пастни ҳам бир мезонда баҳолагувчилардан, хуллас, нафратини муҳаббатидан, муҳаббатини нафратидан фарқлаб бўлмайдиганлардан бадбахтроқ одам йўқ. Шодлигию хуррамлигидан ташқари, дарду кулфати билан-да гўзал инсонлар йўқми дунёда?
Шу топда собиқ хонадошларини эслади. Зеро, улар қай жиҳатлари биландир Шоирнинг юрагига ўрнашиб қолишган эди…
* * *
…У жарроҳлик хонасида кўп қолиб кетмади. “Кўричак нима бўлибди? Ўн беш минутда есть қиламиз-да, Шоир ака”, – деган ёш жарроҳ йигит “ваъда”сининг устидан чиқди. Дорилар таъсирида оғриқ сезмай жимгина ётган Шоирни икки-уч ҳамшира шўхлигу эркалик билан палатага ўтказишди. Шоир хонадошларига тузукроқ разм солиб улгурмай, уйқуга кетди. Эрта тонгда оғриқ зўридан безовта бўлиб, инграб уйғонганида, боши устида унга хавотирли нигоҳини тикиб турган эллик ёшлардаги одамни кўрди.
– Оғриқ безовта қиляптими, биродар?.. Ҳечқиси йўқ, бир-икки кунда оёққа туриб кетасиз! Мана, қайноққина чой ичиб олинг.
– Раҳмат сизга, – дард соя солган юзи ёришиб бош ирғади Шоир. – Раҳмат…
Кейинги кун Шоир анча ўзига келди. Хонадошлари билан яқинроқ танишиб олди. Кеча унга меҳрибонлик қилган киши хонадошларнинг энг ёши улуғи, ҳунарманд уста эди. Шу боис уни Уста дея ҳурматлашар экан. Танасига оғриқ чанг солаётган бўлса-да, беш вақт намозини канда қилмаётган ўрта ёшлардаги кишини Мулла дея эъзозлашар экан. Шоир Мулла билан тенгдош учинчи хонадошни ким деб аташларини аниқлай олмади. У кўримсизгина кийинган, соч-соқоли бетартиб ўсган, кун бўйи шифтга термилиб ётишдан ўзга ташвиши йўқдек ҳеч ким билан гаплашмас ҳам эди. Илло, бир неча кун давомида уни сўраб келадиган киши ҳам бўлмади.
Шоир унинг ёлғиз яшашини, яқинларидан узилганини, дунё шодликларидан маҳрум бўлиб қолганлигини тушунди. Уни ўзича Мосуво дея атайдиган бўлди. Албатта, бу номни тилига чиқаришни хаёлига ҳам келтиргани йўқ. Аммо бу топилмаси ҳазин кайфиятига мос келганидан уни унутиб ҳам юбормади.
Шоир шифохонага келиб бир ҳақиқатни англади: бу ердагиларни фақат танасининг дарди эмас, қалбининг дарди ҳам бирлаштириб турар экан. Эҳтимол, дунёнинг ўзи шу мантиққа қурилган-у, Шоир буни энди, дардмандлар бир жойга тўпланиб қолганда англагандир? Шифохона ҳам дарсхона экан-да…
Бу дунёда бедард одам бор эканми?! Тан дарди-ку, баҳарнав. Ҳарҳолда, унча-мунча эмас, шаҳарнинг биринчи даражали шифохонаси – шошилинч тиббий ёрдам клиникасида ётишибди. Оппоқ халати ўзига ярашиб, у ёқдан-бу ёқа югурган дўхтирларга ҳукуматнинг ақчасини оқламоқ ҳам фарз. Аммо тан дарди баҳарнав, кўнгил дардига даво бормикин? Дил дардига дори бормикин?
Оғир ўйга ботган Шоир, кейинги ўн беш куннинг нари-берисида иккинчи марта касалхона замбилига ётган Уста, дўпписини бурни аралаш кўзига қўндириб мудраётган Мулла, каравотни ғижирлатиб, у ёқдан-бу ёққа тўлғонаётган, сассиз-садосиз шифтга қадалиб ётган Мосуво – ҳамма-ҳаммасининг ўз дарду ғами бор…
Ўз фарзандининг, биродарларининг ёмон одам бўлишини истайдиган ота-она, оға-ини йўқ дунёда. Шоир ўз адлу диёнати билан кўпчилик орасида обрў-эътибор қозонган ва ўз жигарпоралари, қондошларининг ҳам диёнатли бўлишини истаган кишилар хонадонида униб-ўсди. Уларнинг оиласи муҳташам саройда истиқомат қилмаса-да, бениҳоя катта эди. Шу даражага етган эдики, бирор жиддийроқ сабаб туфайли барча қавму қариндошлар жамланса, кичикроқ бир қишлоққа сиғиши мушкул эди. Қишлоқ кексаларининг кўпчилик ошкора ҳавас билан боқадиган бу оилани илдизлари тарвақайлаб кетган чинорга ўхшатишлари сабабини Шоир кейинроқ – анча улғайиб қолганида тушуниб етди. Бинобарин, уларнинг фақатгина чинорнинг томирларини эмас, балки виқор билан қўр тўкиб турган шохларини ҳам назарда тутишганига шубҳа йўқ. Оила чинорининг савлатдор шохлари шоирнинг тақводор бобо-бувилари, ота-онаси, ака-опалари, мамлакат бўйлаб ёйилиб кетган қавму қариндошлари эдилар. Табиийки, улар оила шаънини барча нарсадан устун қўйишар, халқнинг эътиборидан қолиш улар учун ҳалокатга тенг эди. Табиийки, ўз хатти-ҳаракатларини бекаму кўст баҳолай олиш лаёқатига эга бўлган оила катталарининг фикру зикри оиланинг “бебош”, ўйинқароқ болалари тарбияси билан банд эди.
Гўдаклар томирларига қон билан оқиб кирган эзгулик нури оила катталарининг жонкуярликлари боис соат сайин теранлашиб борар эди. Опа-акаларнинг тергашлари, аччиқ танбеҳлари болалар кўнглига оғир ботмас, аксинча, мурғак қалбларида илдиз отаётган эзгу ҳислар уларга ажиб фароғат бахш этар эди. Атрофдагиларнинг бошқача назар билан қарашлари, катталарга хос мулоҳазаларини эшитиб, жилмайиб қўйишлари хуш ёқарди, уларга.
Гўдакларнинг ўйинлари, жажжиларга хос машғулотлари ҳам оила руҳиятига мос эди. Ўртанча ака ўргатган “Яхши ва ёмон бола” ўйини, айниқса, болаларнинг асосий вақтини банд қиларди. Ўйин талабига мувофиқ улар яхши ва ёмон болалар сифатида икки гуруҳга бўлинишар, гуруҳлар тўлгач ортиб қолган болаларга қози ҳамда аъёнлар, миршаблар вазифасини ўташ топширилар эди. Ўйин жуда қизиқарли, шунинг баробарида, қатъий қоидага ҳам бўйсунар эдики, гуруҳларга бўлиниш жараёнида чекига ёмон бола бўлиш тушиб қолган иштирокчилар жўрабошига очиқ-ошкора норозилик баён қилишар, бу ажримга хайрихоҳ эмасликларини яшириб ўтиришмасди. Ўйин учун ёлғондакам бўлса-да, ёмон бола бўлгиси келмасди уларнинг…
Катталарнинг унга муносабати бошқаларга нисбатан ўзгачароқмиди ёки болалик хотираси қатларига меҳрга тўла кунлари манзараси теранроқ муҳрланганми, ҳарҳолда, Шоир ўша кунларни энтикиш билан эсларди. Аслида оила катталарининг ундаги қизиқишлар билан ҳисоблашишгани, баъзида эринмай энг майда икир-чикирлар учун-да бесаранжом бўлишдан оғринмаганликлари бежиз эмас эди. Улар бу мурғак қалбнинг ўй-фикрларида, фавқулодда катта режаларида унинг эртасини кўришган эди. Ўртанча ака унга китоб ташишдан эринмади, ота-она рўзғорнинг ўру қиридан чегириб, айтганларини муҳайё қилишни одатга айлантиришди. Шоир яхши фарзанд, яхши ука, яхши ўқувчи, яхши талаба бўлишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилди. Кейинроқ яхши ходим, яхши ота бўлиш машаққатларига рўбарў келди. У буларнинг барчасига улгураётганлигидан, барчасини уддалаётганлигидан ҳайратга тушар, қувончи ичига сиғмас эди.
Замонасининг олими давронлари фаннинг алламбало муаммолари ҳақида бош қотиришга киришган, дунёни ўзгартириб юборадиган кашфиётни мана мен қиламан, дея кўкракларига уриб юрган пайтда Шоир ҳаётнинг икир-чикирларини муҳокама қилиб, ўй суриш билан банд бўлди. Биродарлари “Дунёни бунча тору тақир қиласан. Сендан бошқалар ҳам бордир унинг ташвишини ўйлайдиган”, дейишдан чарчашса-чарчашди, аммо Шоир мушоҳадаларига эрк бериб, пешона тириштиришдан чарчамади. Бошига булут қўнган касбдошлари уни маҳмадона дея “алқашди”, ҳазилга ўч биродарлари донишманд, дея “елкасига қоқишди”. Бироқ у далли, девона деган ном орттирса орттирдики, ортига қайтмади…
Аммо дунёни англаш учун озми-кўпми яшаб кўриш керак экан. Ёши улғайиб, тирикликнинг қоронғи сўқмоқларига бош ургани сари аввалги шахди сўнаверди. Яхшилик ва ёмонлик орасидаги чегарани аниқлай олмай боши қотгани сари, озми-кўпми қилган хайрли ишлари эвазига гоҳ танбеҳ, гоҳ пичинг, гоҳ ошкор ғазаб шаклу шамойилида “мукофот” олгани сари, дарёга солинган яхшиликларини бир ямламай ютган наҳанг балиқ кўзларини лўқ қилганча қўлини ғажишдан умидвор эканлигини англагани сари шубҳаси ортаверди. Энди у эзгулик ҳақидаги баландпарвоз нутқларни заҳарханда билан эшитадиган бўлди. Илло, бундай суҳбату нутқлардан самимият тополмай ҳафсаласи пир, кайфияти хуфтон бўлажагини англагани боис радио ёки телевизорга ҳафсаласизлик билан қарайдиган, газета-журналдан ижирғанадиган бўлди.
“Яхши одам, қўй оғзидан чўп олмаган инсон”, деган номга муносиб бўлиш учун жисму жонидан кечишга тайёр бўлган кекса отаси, донишмандлик фаслига қадам қўйган акалари унга танбеҳ беравериб чарчашди: “Ёмонликдан ёмони, яхшиликдан яхшиси йўқ, болам!” “Ёмонлик қилиб ким фойда топибди, ука?!” Шоир бу танбеҳларга пинак бузмай чидаб берар, аммо фикрини ўзгартириш, оиланинг минг йиллик анъаналарига қайта бағир очишга ўзида куч топа олмас эди. Йўқ, у қалбидан юз бургани, жисмию руҳига она алласи билан сингган эзгу ҳиссиётни кўксидан юлиб отгани йўқ. Аммо шубҳаларга чап беришга, ақалли ўн йил олдинги ҳолатига қайтиш учун куч топишга қийналар эди.
“Мен қаерда хато қилдим ўзи?” Бу саволни яна неча марта бериб юрагини қиймалайди? Андишанинг отини қўрқоқ дегувчилар ҳамма замонларда топилади. Наҳотки, дўсти ғариблари унинг-да андишасини қўрқоқликка йўйишган бўлса? Бошқача талқин қилишлари мумкин эдими, ўзи? Аслида у ўз қўрқоқлигини андиша баҳонаси ила ниқобламадими? Анча муддат ана шу қусури жабрини тортмадими? Чегарани бузмасликка онт ичган эди. Аммо инсоний муносабатларда, тирикликнинг ўнқир-чўнқир сўқмоқларида чегаралар борлигини ҳамма билармикин? Илло, билган тақдирда нечта одам бу чегара қонуниятлари билан ҳисоблашади?.. Ахир, у қачонгача қийналиб яшайди? Бу янглиғ аросат азобига яна қанча чидаб бериши керак? Наҳотки, яхши одам бўлиш орзуси армонга айланиб бўлди? Наҳот, қалби яхшилик қилиб ҳаловат топиш бахтидан абадулабад маҳрум бўлган бўлса?!…
Оғир уф тортди. Деворга ўгирилиб олди, уни анчадан бери кузатиб ётган Мосуво ҳам хаёлга толган эди. Шифохона ҳаётининг ҳам ўз қонунияти бор, шекилли. Келганига ҳали беш кун бўлмаган эса-да, хонадошлари билан қадрдонлашиб қолганини ҳис қилди. Ёлғизликда одамнинг қадри билинар экан, беш кундан бери ҳаётига мазмун кириб қолгандек. Ака-укалари ҳам Устага, Муллага, Шоирга ўхшашса қанийди. Хаёлан Шоирнинг ҳозирги ҳолати сабабини аниқлашга уринди. Шоирларни ўйчан бўлишади, доимо дунёнинг ташвишини қилиб юришади, деб эшитган эди. Шоир бу гапларнинг нотўғри эканлигини исботламоқчидек доимо кулиб, ҳазиллашиб юради. Аммо ҳамсуҳбат бўлган одам уни қандайдир ички дард эзиб турганлигини ҳис этмай қолмайди. У, айниқса, ором соатларини жуда эзилиб, азоб билан ўтказади. Тин олиш ўрнига нуқул ўйлар гирдобида тўлғонади, ич-ичидан хўрсиниб қўяди. Шоирга телевизорда бир-икки марта кўзи тушган, шеърларини эшитган Мосуво унинг бу ердаги шўхлигу ҳазилларини кўриб, ёзганлари табиатига мос эмас экан-да, дея ўйлаган эди. Йўқ, Шоир ёзганларига жуда-жуда ўхшар экан. Фақат тунд кайфиятини бошқаларга юқтирмаслик учун кулиб, ҳазиллашиб юришга уринар экан.
Шоир билан дилдан суҳбатлашгиси, унга тасалли бергиси келди. Аммо бунга журъат қилолмади. Илло, ўзининг кайфияти ҳам уникидан яхши эмас эди…
Одам нима учун ичади? Ҳаётдан кўнгли совисами? Умридан мазмун топмаса, мақсад-маслагини йўқотсами? Баъзиларга ичиш учун баҳона керак, дейдилар. Аслида ичишга баҳона қидирадиганлар, ичмаса туролмайдиганлар сафар ибтидосида йўлни йўқотганлари учун, энди ҳаммаси барибирлиги учун ичишга баҳона изласалар, ажаб эмас. Дарвоқе, йўл. Мосуво йўлини қачон йўқотган эди? Чуқур хўрсинди. Ёш бўлиб кўзида акс этган дарди суратини яшириш учун деворга ўгирилиб олди.
“Мен ўшанда ўлишим керак эди. Ўшанда Азроил жонимни олса, бунча кўргиликлар қайда эди! Ўшанда итга ит ўлими қисмат эканлигини исботласам, бугун Худодан ўлим сўраб изиллашларга не ҳожат бор эди?!”
Ўшанда… Ҳар доимгидек улфатлари билан чўнтагидаги энг сўнгги чақаларигача эзиб-сиқиб ичишган, чайқалиб-туртиниб уйга келганида, икки норасида қизчаси изғиринда қолган мушук болаларидек бир бурчакда кўзлари жавдираб ўтирар, рўзғорнинг енгини елкасига ёпиштира олмай гангиган хотини унинг бугун яна қандай томоша кўрсатишини ўйлаб, бош чангаллаганча ҳиқилларди. Кўзига ёмон кўриниб кетди шу топда бу нотавон заифа. “Ношукр!” (худди рўзғорда ҳеч бир кемтик йўғ-у, хотини атайлаб ғишғиша қилаётгандек) ўйлади у. Ўйи тилига кўчди:
– Ношукр!
Шундай дегани баробар хотинининг биқинига тепди. Кутилмаган зарбадан ҳушдан кетаёзган “бу алвасти” лўлилик қиляпти, деб ўйлади-ю, баттар ғазабга минди. Шалвираган “қоп”ни ҳолдан тойгунча тепди… Қизларининг ваҳима аралаш аччиқ фарёдидан сергак тортиб ўзига келганида, хотини қора қонига беланиб, оёғи остида зўрға нафас оларди… Бошқасини эслолмайди. Чошгоҳда – биқинидан совуқ ўтиб, жони қақшагач уйғонганида, хотини икки норасидасини ўраб-чирмаб отасининг уйига қочиб улгурган эди… Шўрлик жуда юрак олдирган эканми, ҳафта ўтса ҳам, қорасини кўрсатмади. Бу орада чеккан азобини ўзи билади-ю, Худо. Уй дегани ювилмаган идишу йиғилмаган кўрпа-тўшакдан ивирсиб, лўлининг капасидан фарқ этмай қолди…
Ниҳоят, сабри тугади. Белдан ураётган лайлакқорни, тун зулматини писанд қилмай, велосипедини етаклаганча йўлга тушди. Йўл-йўлакай совуқ ва қўрқувни енгар, дея бир шиша ароқни ҳам қўйнига солиб олди. Шу тахлит минг азоб билан қор кечиб, ароқ ичиб, қорни газак қилиб, ярим йўлни босиб ўтди. Босиб ўтди-ю… оёқ-қўли ўзига бўйсунмай, кўзи тиниб, йўл четига қулади. Қанча ётганини билмайди. Кўзини очиб, дастлаб нима учун бу ерда ётганини тушунмади. Тун зулматида қай ёқдан келаётгани-ю, қай ёққа кетаётганини билолмай гангиди. Тағин қор ейишга тушди.
Юзи, бўйни ва тобора алангаланаётган оташ ичида қоврилаётган кўксига қор суртиб, фикри равшанлашди. Типирчилаётган жонига хотиржамлик инди. Бўшаган шишани номаълум ёққа улоқтириб, велосипедини етаклаганча йўлга тушди. Лекин қаёққа?.. Ҳушсиз ётган пайтида тағин кучайган қор изларни кўмиб юборган. Тун ярмида бу овлоқ йўлдан на машина, на бир йўловчи ўтар, учга бўлинган йўлнинг қай тармоғи қайнотасининг уйига бориши номаълум, ўзи қай томондан келгани-да мавҳум эди. Ҳамма ёқ оқ… оппоқ… Туйқус юрак-юрагини ўртаб юборган фикрдан тилигача музлаб, ночор-нотавон тиз чўкди: “Энди нима қиламан?! Музлаган жасадим мана шу овлоқда хор бўладими?! Ширин қизларимнинг майин қўлчалари, иссиқ нафаслари тафтидан бебаҳра, кимсасиз, қувғинди махлуққа ўхшаб жон бераманми?!” Ўзини забун, ҳамма нарсадан маҳрум, ҳақоратланган ҳис қилди. Хўрлиги келиб, уввос солиб йиғлади. Бетартиб ўсган соқол-мўйловида музлай бошлаган қору қиров кўзёшлари тафтида эриб, кўкрагини шалаббо қилди. Айтиб-айтиб, тўлиб-тўлиб йиғлади (кимдан ҳам андиша қилсин?!) Куйган кунларию куяжак кунлари учун. Чеккан ғамларию чекажак аламлари учун. Ҳаммаси тугаганию ҳаммаси барибирлиги учун…
Узоқ йили тракторчи қўшнисининг бир тўйда кўпроқ ичиб, уйга етолмай йўл четида уйқу элитганини, қони музлаб ўлиб қолганини эшитган эди. Шу машъум воқеа ёдига тушиб, кўксида совуқ алланима ўрмалагандек бўлди. Тун зулмати зил-замбил қўллари билан елкасидан босиб, ваҳимаси ортди. Шуурида уйғонган ўжар ҳиссиётга бўйсуниб, номаълум томонга юра бошлади. Кўнглида умид уйғонди. Ҳеч йўқса, кун ёришгунча музлаб қолмаслик тадбирини ўйлаб, бир чақиримча масофа оралиғида изиллаганча такрор-такрор югуришдан ор қилмади. Югураверди, югураверди… Тирик қолса бўлди! Музлаб қолмаса бўлгани!…
Афсус… нотавон жисмини изғирин чангалидан халос этгани чора топганидан бир кун келиб пушаймон қилажагини билса, нақд бўлиб турган имкониятни қўлдан чиқарармиди?.. Тун зулмати чекиниб, ғира-шира тонг отганида, ўзининг ожизлигию лақмалигига лаънат ўқиди. Қаҳратон даҳшатидан эсанкираб, қайнотасининг уйи томон кетадиган йўлнинг бир чақирими орасида такрор-такрор югураверибди, югураверибди… Шу лаҳза қайнота уйидан қадами ўша машъум тундаёқ узилганлигини тушунди…
Беозор мусичадек қимтиниб, пастак уй деразасидан мўлтираб боққан қизалоқларини бағрига олган ҳовли дарвозасини қоқиш фойда бермади. Қўшни ҳовлидан югуриб чиққан икки қайноғаси ёғдирган калтаклар, жонсўз ҳақоратлар олдида тунда чеккан азоблари ҳеч нарса бўлмай қолди. Бир замонлар қўлига тушиб қолган китобда ўқиган эди: Одам ким эмас, нима! Жаҳолат нима эмас, ким!.. Дарвоза ғазаб билан ёпилди, унинг учун бир умрга очилмайдиган бўлиб ёпилди гўё.
Одам нима учун ичади? Мақсаду маслаги ноаёнлиги, умрининг мазмунини йўқотганлиги учунми? Ҳеч кимга керак эмаслигини, уни деб қайғуришга кўзи учиб турган меҳрибону мушфиқи йўқлигини англагани учунми? Ўзини азобли ўйлар гирдобига боғлаб турган тириклик ришталарининг узилишини тезлаштириш учунми? Барча-барчаси учун! Ҳамма нарса барибир бўлиб қолган одам учун ичишга баҳона излашнинг ҳожати йўқ.
Мосуво ҳам ичди. Ҳожати бўлса, бўлмаса. Кўнгли тортса, тортмаса. Бир шиша вино таъмаида кун бўйи мардикорлик қилишлар. Йиллаб супурилмай ивирсиб ётган каталакдек хонада қон-қусга ағанаб тонг орттиришлар. Шу йилларда орттирилган жигар хасталиги… Йўл бошида адашган бадбахт кимга ҳам керак?! На оила, на касб-кордан тинмаган дардисарга кимнинг ҳам кўзи учарди? Ака-укалари, опа-сингиллари “исқирт пияниста”дан юз ўгиришди. Уни кўрган ёр-дўстлари кўзини олиб қочадиган, кўчанинг нариги тарафига ўтиб кетадиган бўлишди… Одам ким эмас, нима! Разолат нима эмас, ким! Ичишга баҳона излаш шартми? Шунча кулфат “шукронаси учун” ичмаслик инсофданми?!..
“Ай, ўзига ботган нораволар! Ай, шўрлик ниқоб бандалари! Ёмғирдан қўрққан тошбақага ўхшаб бўйнингизни ичкари тортавериб толиб кетмадингизми, шўрманглайгиналар?! Мен-чи, мен? Сизлардан қолишармидим? Бир ношуд, аянчли махлуқ. Ҳеч ким кирмайдиган уй, ҳеч ким қадам босмайдиган кўча… Ўшанда нега ўлмадим?! Зулмни одат қилган бенаводан ўлим ҳам ҳазар қилдими? Калтагу ҳақоратларга бундан-да баттарроқ бадбахтликларга юзма-юз бўлиш учун чидаб берган эдимми?!”
Бўғзига тиқилган фарёд йўлини тўсишга куч топа олмади. Жон ҳолатда оғзини ёстиққа босди. Аммо алам ва ҳаяжондан силкинаётган елкаларини яширишга имкон тополмади. Уни боядан бери зимдан кузатаётган Шоир ортиқ чидаб туролмади. Ўрнидан секин қўзғалиб, Мосуво ётган каравот олдига борди:
– Қаттиқ оғрияптими?
Мосуво дастлаб сўз тополмай тараддудланди. Сўнгра синиқ жилмайиб бош силкиди:
– Ҳа…
Шоир унга қандай кўмак беришни, қай тариқа тасалли беришни билмай шошиб қолди. Ногаҳон, бола ёшида хотирасига муҳрланган бир воқеа эсига тушиб, сергак тортди…
Ўшанда қишнинг сўнгги кунлари эди. Қор-қировли кунлар нафаси чекиниб улгурмаган, бир тўп синфдош қунишганча бир-бирининг пинжига тиқилиб, мактабдан қайтишаётган эди. Ногоҳ йўлга туташ ташландиқ зовур томондан мушукчанинг ожиз миёвлаши эшитилди. Болалар совуқни унутишди, жилдларини бир чеккага қўйиб, уни қувлай кетишди. Хатардан қочиш тажрибаси шаклланиб улгурмаган жониворни тутиш қийин бўлмади.
– Ў-ў… урғочи-ку. Бекорга ташлаб кетишмаган экан-да, – билағонлик қилди синфдоши Азиз.
– Бу ёққа бер-чи, – мушукчага чанг солди синфдошлар ичида зўравонлиги билан ном қозонган Шавкат. – Урғочи мушук касофат келтиради, уни мана бундай қилиб…
У шундай дея мушукчани боши узра бир неча марта айлантирди-да, қулочкашлаб ерга урди. Мушукча бир-икки типирчилади-ю, тинчиб қолди. Синфдошлар бепарво қўл силтаганча ундан узоқлашишди. Бола (у пайтларда шоир бўлиб улгурмаган эди) йиғлаб юборди. Гавдаси шалвираб қолган мушукчани ердан кўтарар экан, қўлидан ҳеч нарса келмаслигини ўйлаб, хўрлиги келди. Унинг жажжи бошчасини, кўкракчасини силаб, кўзларини юмганча алланималарни шивирлай бошлади. Шу тахлит қанча ўтирганини билмайди. Ногаҳон, кафтида жонланиш сезиб, кўзини очди. Унинг силаб-сийпалашларию илтижолари сабаб бўлдими, ҳушига келдими, мушукча унга кўзлари жавдираб қараб турарди. Бола мушукчани авайлаб қўйнига солди…
Уйдагилар унинг мушукчани асраб олиш ҳақидаги илтимосини рад этишолмади. Шундан кейин у менда аллақандай илоҳий қувват бўлса керак, дея ўйлади. Бирор ери безовта қилган ота-онасини, ака-укаларини шу тариқа ўзича “даволаб” юрди. Аммо ёши улғайгач, одамларга кулги бўлмай дея бу “эрмак”дан ўзини тиядиган, ҳатто бу қилиғи ўзига кулгили туюладиган бўлди.
Ҳозир эса… бироз тараддудланиб турди-да, каравот четига эҳтиёткорлик билан ўтирди. Кафтини Мосувонинг кўксига қўйиб, кўзларини юмганча алланималарни пичирлай бошлади. Четдан қараган кишига бу ҳолат эриш туюлиши муқаррар эди. Аммо Шоир комил ишонч ила бошлаган ишида давом этар, Мосуво танасига титроқ югурганини, енгил тортаётганини сезиб, лол бўлиб қолган эди…
Тундан сўнг Устанинг аҳволи оғирлашди. Қон босими ошиб, бошида кучли оғриқ турди. У ҳамширалар ҳар қанча огоҳлантиришмасин, бош ҳаким ҳар қанча таъкидламасин, ўйлар гирдобидан қутулолмаган эди…
Одам боласи мунофиқ бўлиб туғиладими? Бундай деса… Уста Шогирднинг отасини яхши билади. Бир неча йилдан бери шу маҳаллада яшаб, бу одам ҳақида ёмон гап эшитгани йўқ. Ёки мунофиқлик одамзод табиатига кейинчалик атрофдагилар таъсирида ўрнашиб оладими? Ундай бўлса, Уста айбни ўзидан қидириши керак экан-да? Бандасининг айби Яратганнинг ўзига аён. Уста ўзини кўпроқ савоб амалларга дахлдор ҳисобласа-да, ундан ҳам ўтган айб-хатолар йўқ эмас. Аммо баъзиларнинг қаттоллиги-ю мунофиқлиги олдида унинг айблари нима бўлибди? Наҳот дунё яхши-ёмонни ажратмай бир калтакда савалайверса?! Наҳот нодон абадулабад айшини суриб, доно абадулабад жабрини тортаверса?
Отаси Устанинг ҳузурига етаклаб келганида, Шогирд ҳали ўн олти ёшга тўлмаган эди.
– Ҳунари бор хор бўлмас, дейдилар, Уста. Мана, ўзингиздан қиёс. Маҳаллада обрў-эътиборга эгасиз. Шу десангиз, ўғлимизнинг сизнинг касб-корингизга ишқи тушиб қолган. Қўлига тушган ёғочдан нимадир ясай, дейди. Устоз кўрмаган шогирд ҳам мақомга йўрғалар, деганларидек, бирор тузукроқ нарса ясаганини кўрганим йўғ-у, тарбия қилса, бир иш чиқиб қолар…
Уста қариянинг гапини ерда қолдирмади. Илло, биров ҳунар ўрганаман деб келса, юзига эшик ёпиш усталар одати эмас. Ўғиллари бошқа соҳани танлашга иштиёқманд бўлиб турганда, ўзидан кейин ишини давом эттирадиган мард топилганига қувонди.
Шогирд анча уқувли чиқди. Бир неча кун Устанинг ишини кузатгач, ўзича ёғоч йўниб юрган пайтларидаги ғўрлиги сабабларини англаб етди. Синчковлиги, қизиқувчанлиги билан Устанинг кўнглига йўл топди. Унинг одамлар билан муомала-муносабати ҳам Устага маъқул бўлди: у катта-кичикни ўзининг ширин сўзига маҳлиё қилар олар, битмаган ишни битиришу ечилмаган чигални ечишда унга тенг келадигани йўқ эди. Уч-тўрт йил ўтиб, Шогирднинг сабоғи якунига етиб қолди.
Уста Шогирднинг отасини маслаҳатга чақириб, икковлон уста оши беришга келишиб олишди. Кичик бир маърака тусида ўтиши зарур бўлган уста оши катта тўйга айланиб кетди. Уста бироз оғринди. Уста оши Шогирднинг дабдабага ўчлигини ошкор қилиб қўйганди… Аммо Устанинг гинаси чўзилмади. Бир йилдан сўнг Шогирд унинг қизига совчи қўйганда гиналар аллақачон унутилган эди. Устанинг назарида қизига Шогирддан-да муносиброқ жуфт йўқ эди. Тўй уста ошидан-да дабдабали ўтди. Ўйлаб кўрса, Устанинг ўзида ҳам дабдабага майл йўқ эмас экан. Қудасининг ўша кунги “эркаликлари”, меҳрибончиликлари унга жуда-жуда ёқди…
Шогирд устахона очиб, мустақил иш бошлади. Устадан ўрганганларию Худо берган иқтидорини ишга солиб, бир неча кун тер тўкди. Бир-биридан чиройли, салобати ақлни шоширадиган эшик, дераза, бешик, сандиқлар ясаб, устахона бурчагига териб қўяверди.
У ясаган жиҳозларини устахона ташқарисига, намойишга олиб чиққан куни маҳалладошлари бир-бирини суюнчилаб, томошага оқиб келишди. Кекса-ёш, хотин-қиз Шогирд яратган мўъжизалар атрофида лолу ҳайрон кезарди. У ясаган буюмлар, дарҳақиқат, бекаму кўст. Уларни кўрган Уста ҳам лол қолиши аниқ эди. Кексалар Шогирдни узоқ дуо қилишди, бир-икки одамни айтмаса, ҳамма уйига хуш-хурсанд, Шогирд ясаган буюмлардан қай бирини харид қилишни кўнглига тугиб қайтди.
Ҳафсаласи пир бўлганлар Шогирднинг омадига ҳасад қилишгани йўқ, унинг Уста ҳақидаги бўлмағур гапини эшитиб қолишгани учун ранжишган эди. Шогирд устахона олдида ўралашиб юрган уч-тўрт гумаштасини ёнига чақириб, “Буларни Уста кўрса, юраги ёрилиб ўлса керак. Унинг ясаганлари булар олдида нима бўлибди”, дея беҳаёларча кулган эди. Бора-бора у бу гапни устахонага кирган дуч келган одамга айтадиган бўлди.
Уста бу гапларга парво қилмади. Шогирднинг гапларини ёшлик тантиқлигига йўйиб қўя қолди.
Шогирд ясаган буюмларимни намойиш қилсам, ишдан қўлим бўшамай қолса керак, бутун маҳалла буюртма учун устахонамга оқиб келса керак, деб ўйлаган эди. Аммо бундай бўлмади. Шогирднинг Уста ҳақидаги ножўя гапи қулоғига етган, шекилли, қишлоқ кексалари устахонадан оёқ узишди. Иморату тўй ташвишида юрганлар Шогирднинг устахонасига қиё ҳам боқмай, олисроқ бўлишига қарамай, Устанинг уйига эшик қоқиб боришарди. “Устоз ота ўрнида ота эмасми? Отасини иззат қилмаган одамнинг қўлидан чиққан буюмда шарофат бўлармиди?” ўйлашарди улар.
Шогирд ғазаблангандан ғазабланди. Ўз мағлубиятини Устадан кўрди. “У одамларни менга қарши қайраяпти. Алмисоқдан қолган услублари билан одамларнинг кўзини мойлаб юрибди. Кўзбўямачи. Эски тос, эски ҳаммом!” – бетоқат тўлғонар эди у. Аламини Устанинг қизидан – хотинидан олди. Аввалига тилига эрк берди, сўнгра қўлини, оёғини ишга солди. Кундузида фароғат, уйқусида ҳаловат қолмади. Охири, Устанинг нақ юрагига ханжар уришга аҳд қилди.
Ўша куни Шогирд хотинини етаклаб келди-да, Устанинг юзига тик қараб заҳар сочди:
– Мен сизнинг оталигингизга ҳам, оталиғингизга ҳам муҳтож эмасман!
Шундай деди-ю, нафрат билан “чирт” тупуриб чиқиб кетди.
Устага шунинг ўзи кифоя эди. Бошини буровга олган оғриқ зўридан беҳуш қулади…
Уста жойлашган шифохона бош ҳакими тўрт-беш кунлик муолажадан сўнг уйга рухсат берар экан, ҳуда-беҳуда асабийлашмаслик, ҳаяжонланмасликни тайинлади. Ташқарида уни мунғайиб қолган хотини, кўзлари ёшдан қизарган қизи кутиб туришарди. Уста бир неча кун умидланиб юрди. Шогирд хатосини тушунар, муросага келар, деб ўйлади. Кеча-кундуз дарвозага умид билан тикилиб, хушхабар кутди…
Шогирд иккинчи зарбани берди. Эшик қоққан нотаниш йигит алланималарни минғирлаб, дарвоза рўпарасида турган юк машинасига ишора қилди. Машинага қизининг юклари ортилган эди. Устанинг юраги чилпарчин бўлди. У Шогирднинг бундай қабиҳ ишга қўл уришини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Бошини чангаллаганча остонага чўкди. Отаси киравермагач, хавотир олиб дарвозадан мўралаган, машина устидаги юкларини кўриб йиғлаб юборган қизининг фарёдини элас-элас эшитар экан, тағин ҳушидан кетди.
Шифохонада ҳушига келган Уста боши устида унга норизо қараб турган бош ҳакимни кўрди. Уста синиқ жилмайди, ҳаким бош чайқади:
– Мен сизга айтувдим, ахир. Икки ҳафта ичида икки марта бундай ҳолга тушиш… Қон босими билан ҳазиллашманг. Ўзингизни эҳтиёт қилишингиз керак. Бўлмаса, мен ҳам ҳеч қандай ёрдам беролмайман…
“Ўзингизни эҳтиёт қилинг, дейди-я. Ҳамширалар ҳам шу гапни такрорлашгани такрорлашган. Ахир, бошимга тушган бу кўргиликларни ўйламай бўладими? Мен-ку, дунёйи дуннинг аччиқ-чучугини озми-кўпми татидим. Фарзанд, невара кўрдим. Қизгинам, кенжа гулгинам ҳали нима кўрди?”
Бегонанинг ханжари оғритмас, дейдилар. Шогирди кўксига қадаган ханжар азобига қандай чидасин?! Фарзанд озори ўлдиради, дейдилар. Шогирд фарзанд эмасми?! У учинчи зарбани қачон беради? Бу зарбага дош бера олармикинман? Яна қандай ғайирликни ўйлаётган бўлса у…”
Хўрлиги келди. Кўзёшларини яширолмади. Ҳамширалар чиқиб кетишини кутиб, боядан бери фурсат пойлаётган Шоир Устага яқинлашди:
– Ўзингизни сиқманг, Уста. Ҳаммаси яхши бўлади.
Уста индамади. Шу топда кўнглига гап сиғмас эди. Шоир бироз тараддудланиб турди-да, Устанинг елкасига кафтини қўйди. Кўзини юмганча нималарнидир пичирлай бошлади. Уста танасига югурган ажиб илиқликни ҳис этиб, енгил тортди. Бошидаги оғриқ чекингандай бўлди. Бунга Шоирнинг меҳри сабаб бўлдими, қўлида аллақандай шифобахш қувват бор эканми, англаёлмади…
Икки кундан кейин Уста бош ҳакимга ўзини жуда тетик ҳис қилаётганлигини айтиб, уйга бориб келиш учун ярим кунга рухсат сўради. Бош ҳаким аввалига буни хасталик инжиқлигига йўйиб, қош чимириб қўйди. Тушдан сўнг Устани қайта кўрикдан ўтказиб, қон босими мўътадил эканлигини аниқлагач, ноилож ижозат берди:
– Янгамнинг туғилган кунлари экан-да, а? Мен сизга ишонганим учун рухсат беряпман. Тағин ёру дўстнинг қўлини қайтаролмай… Ўзингизни хароб қиласиз, билиб қўйинг.
Уста маҳзун жилмайди. Ичкилик кўнглига сиғармиди. Аслида у туғилган кун баҳона йўқлаб келадиган ўғил-қизларимни, невараларимни кўриб, кўнглим бироз ёзиларми, дея умид қилганди.
Уста кетгач, бироз мудраб ётган Мосуво бирор шумлик ўйладими, Муллага кўз қисиб, ташқарига имлади. Шоир уларга ҳайрон тикилди. Мосуво “Ҳозир, ҳозир”, деганча Муллани етаклаб, оёқ учида йўлакка чиқди. Улар кўп ўтмай юзларига жиддий тус берганча хонага қайтишди. Мулла юзидаги жиддиятни тағин ошириб, Мосувога гўё норози тикилди:
– Ўйлаб айтяпсизми гапингизни? Ахир, энди-энди оёққа туриб, тузала бошладингиз…
– Қизиқмисиз, бир қултум билан одам ўлиб қолармиди. Бирга борасизми, ё ўзим бориб-келаверайми?
– Мен… шариат ҳаром қилган нарсалардан ҳазар қиламан. Сизга ҳамроҳ бўлмасам, хафа бўлиб қоласизми, деган андишам ҳам йўқ эмас. Лекин хомтама бўлманг, сизга улфат бўлолмайман.
– Ваҳима қилманг-ей, Мулла ака. Бир амаллаб олиб келсак, бўлди. Қанча бўлса, мендан ортмайди.
Мулла “Билганингиздан қолмадингиз-да”, дегандай қўл силтаб, истар-истамас Мосувога эргашди.
Шоир уларнинг суҳбатидан аввалига ҳеч нарса англаёлмади. Кейин Мосувонинг “бир қултум”, “мендан ортмайди” деган луқмалари ёдига тушди-ю, кўнглига ваҳима оралади. “У нима қилмоқчи ўзи? Жигар хасталиги жонини буровга олиб, шифохонага қон қусиб кириб келган бемор ҳали шифохона эшигидан чиқиб улгурмай ичиш ҳақида ўйлаши мумкинми? Мосувоки, бу ишдан қайтмаётган экан, демак, дунёйи дундан этак силкиб улгурибди-да. Эсиз…”
Кўзига дунё қоронғи кўриниб кетди. Жарроҳ муолажасидан кейинги жароҳати тузалмаётганини, кундан-кун кайфияти хиралашаётганини ўйлаб тағин хуноб бўлди.
“Ўзим-ўзимга тушунмаяпман-у, одамларни қандай тушуна олардим. Ўзим нечоғлиқ ҳақманки, бировга ноҳақсан, дея маломат қилардим. Ўзимни, кўнглимни даволашга уриниб кўрдимми? Бировдан буни талаб қилишга қанчалик ҳақим бор?”
Бетоқат бўлиб дераза олдига борди. Касалхона ҳовлисидаги йўлакдан Мосуво ва Мулла суҳбатлашганча келишарди. Уларнинг қўлида ҳеч нарса йўқлигини кўриб, тинчлангандай бўлди. Бироқ Мосувонинг қўйнида алланарсани авайлаб олиб келаётганини кўргач, ҳафсаласи пир бўлди. Хонадан чиқиб кетгиси келди, уларнинг “муроди ҳосил бўлгунча” қаватдаги ором хонасида вақт ўтказсамми, дея хаёлланди. Тағин ўзига маломат қила бошлади. “Бировларнинг фожиасига қачонгача томошабин бўламан? Уларнинг хато ва адашувларини қачонгача четдан туриб кузатаман? Қандай яшаган маъқул? Бировларга халақит бермай, “яхши одам” бўлибми, ёки ҳамманинг ишига аралашавериб, “ёмон одам” бўлибми?..”
Бир қарорга келолмай боши қотди. Чиқиб кетиш учун тараддудланиб турганда, эшик секин очилиб, Мосуво ва Мулла кириб келишди. Чиқиб кетиш ноқулай эди. Шоир норози оҳангда ғудранганча жойига чўзилди.
Мулла хона ўртасидаги столга дастурхон ёзди. Тўшаги ёнидаги кичик столда турган меваларни, қанд-қурс, пишириқларни дид билан ликопчаларга териб, дастурхон тузашга киришди. Мосуво эса Шоирнинг столидан нарса таший бошлади. Илло, унинг ўзида бу имконият йўқ, ул-бул олиб келадиган меҳрибондан-да умидини узган эди.
Шу боис Уста ҳам, Мулла ҳам, Шоир ҳам уни ўзларига тенг шерик санашни бурч билишар, меҳрга муштоқ Мосувонинг кўнгли бу эҳтиромдан тоғ бўйи ўсар эди. У газак учун помидор ва бодринг парраклар, “Ичига олов тушгур ароқ дегани бунақа газак билан келишиб қўяди-да”, дер, ўзига “ҳамроҳлик қилмаётган” Мулланинг елкасига “туртиб” қўяр эди. Сас-садосиз дастурхон тузаётган Мулла бу “танбеҳ”дан ҳушёр тортгандек, “Шуни айтмайсизми, биродар, шуни айтмайсизми”, дер, тағин “Астағфируллоҳ, ўзинг кечиргайсан, Худойим”, дейишни-да унутмас эди.
Ниҳоят, дастурхон тайёр бўлди. Мосуво Мулланинг уйидан янгигина келган овқатни дастурхонга тортар экан, Шоирга “келинг, қани” дегандек им қоқди. Қўйнидаги нарсага қараб, “Ҳозир, ҳозир, сизни ҳам дастурхонга оламиз”, дея “эркалик” қилди.
Шоирнинг бардоши тугади. Мажолсиз қўзғалиб, эшикка йўналди. Хонадан чиқишга чоғланар экан, ортига илкис қараб, “Садқаи одам кетинг-ей”, дегандек Мосувога қаттиқ тикилди. Мулла тиззасига урганча афсус билан бош чайқади. Мосувога таъна қилди:
– Бўлди-да, энди!.. Енгилтаклик ҳам эви билан-да…
Мосуво бундай бўлишини кутмаган эди. Кўзида изтиробу қувонч, ҳайрату миннатдорлик аралаш аллақандай ифода акс этганча, Шоирга яқинлашди. Йўл-йўлакай қўйнида дўппайиб турган нарсани қўлига олди. Бу чиройли муқовали қалингина янги ён дафтар ва қимматбаҳо ручка эди. Буларни Мулла иккаласи ёнларида бор пулни ўртага қўйиб, Шоир учун сотиб олишган эди. Ҳаяжони бўғзига тиқилиб, кўзёшлари юзини юваётган Мосуво Шоирга қўлидагиларни узатар экан, худди яқин биродари билан бағирлашаётгандек унинг бўйнига осилиб, уввос солиб юборди. Унинг-да бардоши тугаган эди…
Шоир аввалига ҳайрон бўлиб турди. Кейин нима бўлаётганини англаб, кўксини кўзёши билан ҳўл қилаётган Мосувонинг елкасига титроқ қўлини қўйди. Аммо унга тасалли берадиган ҳеч бир сўз айтолмади, илло, бундай сўзни топиш ҳам мушкул эди. Мосуво елкалари титраганча нола қилди:
– Шоиржон, бизни кечиринг. Аслида сизни хурсанд қилмоқчи эдик… Илтимос, бизни унутиб юборманг. Биз билан ўтказган кунларингизни китоб қилинг, Шоиржон, китоб қилинг… Қизларимни соғиндим, Шоиржон. Уларни бир мартагина кўрсайдим, Шоиржон!
Ҳамманинг кўнгли хуфтон бўлди. Аслида хурсандчиликка боис бўлиши кўзланган бу “саҳна”нинг бу қадар жиддий якун топишини ҳеч ким кутмаган эди. Ясатиғлиқ дастурхон музтарлигича қолди. Шоир Мосувони авайлаб ўрнига ётқизар экан, Муллага қаради. У бошини чангаллаганича ўйга толган эди.
Шоир Мулланинг ҳам недир ўй гирдобида жон талашиб юрганини сезган эди. Юзини панжалари орасига яширганча мук тушиб ўтирган Мулланинг шу топда ҳам ўша ўйлари боис эзилаётганлигига шубҳа қилмади…
Одамзод танига бир тикан ҳам бесабаб кирмайди, дейдилар. Иссиқ жонга чанг солган дардни одамзод билиб-билмай қилган қайбир гуноҳ учун жазо, дейдилар. Мулла шифохонада дард деганининг маълуму номаълум саноқсиз хилини кўриб, одамзоднинг бардошига лол қолди. Шифохонага оғриқ азобидан паноҳ излаб келган дардмандлар сафига қўшилар экан, аввалига жазога мустаҳиқлар сафига тасодифан тушиб қолган маҳкумдек ўнғайсизланди. Бу шафқатсиз ажримга рози бўлгиси келмади. “Наҳотки, бу одамларнинг ҳаммаси жазога лойиқ бўлса? Ҳатто мана бу тиши чиқиб улгурмаган болакайлар ҳамми? Улар дунёга келиб, қандай гуноҳ қилиб қўйишибдики, жонлари исканжага тушиб азоб чекадилар? Ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар ёнади, дейдилар. Наҳот дунё тарозуси ҳаммани бир мезонда ўлчайверса?..”
Шифохона одамни мўмин-қобил қилиб қўяр экан. Бу ерда шифтга қараб ўй суришу ҳаётингни сарҳисоб қилишга фурсатинг кўп бўлади. Мулла ҳам кўп ўйлади. Оқибат, “Бу ердаги ўнта одам жазога муносиб бўлса, биттаси менман, агар битта одам муносиб бўлса, ўша менман”, деган хулосага келди. Хонадошлари унинг камгаплиги сабабини суриштиришга истиҳола қилишарди. Суҳбату кулгиларга қўшилмай, уларни ноқулай аҳволга солиб қўяётганини ўзи ҳам сезарди. Бироқ ҳарчанд уринмасин, қалбини пора-пора қилган, ҳаловатидан айирган ўйлар гирдобидан қутулиш чорасини тополмаётган эди. Шу топда бир-бирига суяниб, ғам-андуҳини баҳам кўраётган икки хонадошига қараб, яраси янгиланди. Шоирга дардини айтгиси, енгил тортгиси келди. Аммо нима десин? “Менинг ҳам меҳрибон дўстим бор эди. У мени ер-кўкка ишонмай авайлар, кулфату шодлигимга шерик эди. Лекин мен унга хиёнат қилдим, уни арзон пулладим, кўксига пичоқ санчдим”, – десинми? Шоир бу гапларни эшитиб, “Суф сиздай одамга, сизга ўхшаганларга муллалик ҳайф”, – демайдими?!
Хонадошлари уни беш вақт намози сабаб Мулла ака дея эъзозлашади, холос. Аслида у ўзини савдонинг пири санар, дарҳақиқат, у бозорни ипидан игнасигача биладиган савдогар эди. Намозхонликни эса ёши қирқдан ошиб, дунё ҳақидаги фикри анча-мунча ўзгаргач одат қилганди. Шифохонага тушгач, гуноҳларини ювиш учун намозлари камлик қилишини тушуниб етди…
Бировнинг кўнглини обод қилишдан улуғроқ савоб, бировнинг кўнглини оғритишдан оғирроқ гуноҳ борми дунёда?! Ахир, у инсон кўнглини бир буюм янглиғ бозорга солмадими? Одам қалбини худди қўлида тилла занжир ўйнагандек ўйнамадими? Бунинг жабрини бегона одам тортса, эҳтимол, вақт ўтиб ҳаммаси унутиларди… Уни балою қазолардан асраб қолиш учун ўзини ўтга уришга тайёр турган Дўстининг қалбига оёқ қўйганини Худо кечирармикин?
Дунё кўзига тор бўлди. Бир неча кундан бери кўз олдига келди дегунча, ўзини бошқа ишга андармон қилиб чалғитишга беҳуда уриниб юргани манзара тағин хаёлидан ўтаверди.
– Биласанми, ҳозир ҳамқишлоқларинг учун сен ҳимоя қилаётган ҳақиқатдан кўра қишдан омон-эсон чиқиб олиш муҳимроқ.
– Қишлоқликлар қишни биринчи марта кўришаётгани йўқ, не-не қаттол қишларни енгмади бу одамлар. Йўқ, аслида бу улардан чиққан фикр эмас. Сен айнитяпсан уларни. Қишлоққа газ ўтказилса, жаннатда юргандай роҳат қилиб яшайсизлар, деб сен қутқу соляпсан уларнинг кўнглига.
– Адашяпсан, биродар. Бу фақат менинг фикрим эмас. Қишлоқ кексалари ҳам шу гапни айтишяпти. Қариганда бир фароғат топайлик, дейишади-да боёқишлар. Юришсинми сенинг қош-қовоғингга қараб?
– Мен ҳеч кимни қош-қовоғимга қарашга мажбур қилган эмасман. Раисман деб керилганимни ҳам биров эслолмайди. Тартиб бўлмаган жойда ишнинг унуми ҳам бўлмайди. Ҳали биздан олдинги икки қишлоққа ҳам газ келгани йўқ. Хўжаликдаги ҳамма қишлоқларда келгуси қишгача газлаштиришни якунлаш режалаштирилган. Мен сенинг мақсадингни биламан. Ахир, сен савдонинг одамисан. Ўзингга фойда унмайдиган иш учун бунчалик ёниб-куйишинг бесабаб эмасдир…
Дўст яна нималардир демоқчи эди-ю, аммо уни аяди. Савдогар буни қўрқувга йўйди. Тағин авж олди:
– Мен нимаики қилаётган бўлсам, бошқаларни ўйлаб қиляпман, ўзимни эмас. Хўжаликнинг иши ўз йўлига. Ҳозир тадбиркорликка кенг йўл очилган. Ким қандай хоҳласа, шундай иш битиради…
Дўст чидаб туролмади. Илло, биродари андишани йиғиштириб қўйиб, ўз қабиҳ кирдикорлари учун фатво тўқиётган эди:
– Нима, бошқаларни ўйлаб? Ким у бошқалар? Сенинг ҳамтовоқларингми? Молини кўтарасига пуллаб қолиш учун фурсат пойлаб ётган ўша худбинларми сен айтган бошқалар? Қўшни қишлоқдагиларни чув тушириб, иш битирганларингни билмайди деб ўйлайсанми? Чўлдаги ташландиқ овулдан олиб келинган, ўн-ўн беш йил ишлаб, хизматини ўтаб бўлган эски қувурларни мойлаб, одамларга сотганларингдан бошқалар бехабар дейсанми? Неча йил ишлайди ўша қувурларинг? Энди ўз ҳамқишлоқларингга хиёнат қилмоқчимисан? Вақти келиб қинғирликларинг фош бўлса, қандай бош кўтариб юрасан бу ерда? Кўзингни каттароқ оч, биродар. Кўза кунда эмас, кунида синади. Ёки бир галгидек осон қутулиб кетаман, деб ўйлаяпсанми?
Савдогар қизариб кетди. Дўстга ғазаб билан тик қаради. Унинг юзидаги аламзада ифодани кўриб, заҳарханда билан гап бошлади. Бу унинг рақибига зарба берадиган энг ишончли қуроли эди:
– О, валинеъматим… Ўшанда қилган яхшиликларини юзимга солиш учун фурсат пойлаб юрган эканлар-да. Мен бечора ўшанда сен бўлмаганингда нима қилардим-а? Қуллуқ, раис бова, қуллуқ. Бу яхшилигингизни тирик бўлсак унутмасмиз…
Дўст унинг бошига бир неча йил бурун – қишлоқдаги дўконда ишлаб юрган пайтларида тушган кўргиликларни эсга олаётган эди. Ўшанда дўконга “ўғри тушган”, агар Дўст орага тушиб, тегишли идораларнинг ишни якунига етказмаганига қўймаганида, Савдогарни жавобгар қилишлари тайин эди. Дўст буни шу пайтга қадар эсга олмаган, эслашни ҳам истамасди. Ғазабини жиловлай олмай, тилига эрк бергани учун ўзини койиди. Афсус билан бош чайқаб, йўлнинг нариги тарафига ўтиб кетди.
Савдогарга алам қилди. Ўзини ҳақоратланган ҳис қилиб, ғазабга минди. “Қилиқларимни юзимга солиб, тағин “сен ҳам одаммисан”, дегандай қўл силтаб кетди-я, номард. Ў, хомкалла, анқов ҳақиқатпараст. Ахир, бугун одамлар сувни пуллаяпти-ку. Бошқалар бир сўм бўлса ҳам пул ишлаб қолай, деб югуриб юрганда, ҳақиқатга бало борми. Нима, мен қишлоқдошларимни мажбурлабманми? Ўзлари эмасми “Қўшни қишлоққа қарашдингиз, бизни ҳам унутманг-да”, – деган. Савдо одами харидорнинг ўзи ўламан саттор бу йўлимдан қайтмайман, деб турганда эсини ебдими унинг йўлини тўсиб? Энди раис мени тинч қўймайди. Жўрачилигимизни андиша қиладиганга ҳам ўхшамайди. Ундан олдинроқ отни қамчиламасам, панд еб қоламан, шекилли…”
У Дўстдан олдинроқ от қамчилади. Гумашталарига айттириб, бутун қишлоққа “раис қишлоқни газлаштиришга қарши экан. Тумандаги мажлисда мен яшайдиган қишлоқни газлаштиришга ҳозирча эҳтиёж йўқ, деб айтибди”, қабилида гап тарқатди. Қишлоқ кексалари раиснинг йўлини пойлаб, унга таъна-маломат ёғдиришди. Унинг бироз сабр қилишларини сўраб қилган илтимосини эшитишни ҳам истамай, “Ўзингнинг қўлингдан келмас экан, ҳеч бўлмаса бошқаларнинг йўлини тўсма”, дейишгача боришди. Раис уларга гап тушунтириш бефойда эканлигини англагач, қўл силтаб қўяқолди.
Бироқ шу билан иш бита қолса, қанийди. Ҳисобот-сайлов куни яқинлашаётганини билган Савдогар қишлоқдошлари кўнглига тағин ўт қалаб, “Мен-ку, сизларга ёрдам беришга тайёрман. Лекин раисларинг ҳали ҳам йўлимга тўғаноқ бўлишдан қайтмаган бўлса, мен нима қила олардим”, дея ўзини жабрдийда кўрсатишни одат қилди. Бу гап қишлоқдошларига таъсир қилмай қўймади. Ҳисобот-сайлов йиғини куни хўжалик клубининг олд қаторига ўрнашиб олган қишлоқ кексалари раиснинг икки гапидан бирига луқма қўшавериб, савол ёғдиравериб, маърузанинг маза-матрасини қочиришди. Раис тумандан келган вакиллар олдида изза бўлди. “Халқ билан ишлаш керак, ўртоқ Ҳамроев. Халқнинг дардини эшитиш керак. Ўзлари имконият қидиришаётган экан, нима қиласиз халал бериб”, – дея таънаю писанда қилишди улар.
Савдогарга шунинг ўзи етарли эди. Ўша куниёқ гумашталарига буюриб, қишлоққа қувур ташиттирди. Арзон-гаров мардикорларни ёллаб, иш бошлаб юборди. Чоғроққина қишлоқни газлаштириш учун кўп вақт керак бўлмади. Кексалар уни дуо қилиб, кўнглини чоғлашди. Ёшлар бойбова дея ҳурмат қиладиган бўлишди. Савдогар бир ёндан мўмайгина даромад, бир ёндан текин обрў орттирганига хурсанд бўлиб юраверди.
Бироқ қувончининг умри қисқа экан. Қишлоққа газ келганига йил тўлар-тўлмас Савдогар қувур етказиб берган қўшни қишлоқ аҳолиси ғимирлаб қолди. Икки-уч йиллик қор-ёмғирда бўёғи кўчиб, тағин юпқалашган эски қувурлар бебош болалар осилавергач, дарз кетган, ичидаги занги кўриниб, эскилиги билиниб қолган эди.
У қувурларнинг бунчалик тез ишдан чиқишини кутмаган эди. Ичида сирни ошкор қилиб қўйган бебош болаларни сўкди. Кейинги йили ўз қишлоғидаги қувурларнинг ҳам “миси чиқди”. Савдогар талвасага тушиб қолди. “Ифлослар, мени ҳам чув туширишган экан. Мен уларга янги қувурлар учун пул тўлаганман”, – дея қутулиб қолмоқчи бўлди. Қишлоқдошлари ундан юз буришди. “Садқаи одам кет”, – дея қўл силташди. Анчадан бери кўнглига хавотир солиб юрган, ўйлаганида кўз олдини қоронғи парда тўсадиган ҳолга тушиб улгурган эди. Ич-этини еб, кунни тунга, тунни кунга улайдиган бўлди:
“Тангри таолонинг инсонни жонзотлар аро азиз қилиб яратгани рост. Аммо инсон жонзотлар аро энг жоҳили, энг ёвузи ҳамдир. Йўқса, инсон боласининг ўз хатоларини англаши учун, ўз гуноҳларини тан олиши учун йиллар зарур бўларми эди? Тўфонлар, кўчкилар, зилзилалар – табиат ҳодисаларими ёки инсон ўз гуноҳлари учун фоний дунёда тўлайдиган тўловларми? Бевақт ажал, хасталик, ногаҳоний айрилиқ, ишдаги омадсизлик, халқнинг лаънати – инсон қисматидаги ёзуқларми ёки унинг билиб-билмай қилган ёвузликлари учун берилган жазоми? Наҳотки инсон ҳидоятга қайтиш учун бошига кулфат тушишини кутиши керак? Наҳот инсон халқнинг назаридан қолиш ўлим билан баробар эканлигини ўзи халқ назаридан қолганда англаб етиши керак? Мен Дўстимни ёмонотлиқ қилиб нимага эришдим? Бир даста қоғоз пулгами? Ҳаром-ҳариш пул эвазига ёзилган дастурхону икки соатлик маишатгами? Ҳақиқатнинг тиғи бунчалар ўткир бўлмаса? Кеча менга қўшилиб Дўстни ёмонлаган одамлар бугун менинг гўримга ғишт қалашга тайёр туришибди. Дўст-ку, ҳеч кимнинг кечиримига муҳтож эмас, аммо одамлар мени кечиришармикин? Ҳамма дардни вақт даволайди, дейдилар. Энди кўршапалакка ўхшаб тунда кўча кезиб, кундузи хонанишин бўлиб умр ўтказаманми? Гуноҳимга тирик гувоҳ одамларнинг ўлимини пойлаб кун санайманми?!”
Ниҳоят, ўйлаб-ўйлаб, намозхонликни одат қилди. Маъракаларда пойгакда ўтиришдан, тўйларда чой ташишдан орланмади. Қишлоқдошларининг унга муносабати мавҳум эди. “Ўғри қариса мулла бўлар экан-да”, – деганлар кўп бўлди. “Хато қилмаган банда бор эканми? Худо имон бергани рост бўлсин”, – дея уни кечиришга мойиллигини сездирганлар-да йўқ эмас эди.
Аммо у ўзини кечира олармикин? Дўст қалбида қайта меҳр уйғота олармикин? Илло, ўшанда қилган ғайирликларини қай тарозига солиб, қай тариқа ўлчаш мумкин?
Ўшанда Дўстга яна қандай зарба бериш мумкинлигини ўйлаб соатлаб бош қотирганини, режалар тузганини хаёлидан ўтказиб, ўзининг нечоғлиқ паст кетганлигини тан олди. Ётиб қолгунча отиб қол қабилида иш тутганини, ўнгу терсига қарамай, гуноҳ устига гуноҳ қилиб, охиратини азобга қўйганини ўйлаб, эти жунжикди. “Бир-икки турткилаб, кўзини очиб қўймасам, босар-тусарини биладиганга ўхшамайди бу овсар”, дея ўзининг ҳақлигини исботлашга беҳуда уринганини, аслида қўрқоқ олдин мушт кўтарар қабилида йўл тутганини эслаб, ўзидан нафратланиб кетди.
“Бу гапларни Шоирга қандай қилиб айтаман. Парвардигорнинг карами кенг. Аммо Унинг даргоҳида мендайин нотавонларга жой бормикин? Яхшилик эвазига заҳар, меҳр эвазига қаҳр тутгувчи мендай адашганларга раҳм қилармикин У?”
Кўксида ўрмалаган совуқ ҳисдан тилигача музлаб кетди. Девор тарафга ўгирилиб, юзидаги аянчли ифодани яширишга уринди. Инсон зотининг тақдири азал олдида жуда-жуда заиф, жуда-жуда кучсиз эканлигини алам ва қўрқув ичра эътироф этар экан, бўғзига қадалган фарёд йўлини тўсишга куч топа олмади. Мосувога андармон бўлиб қолган Шоир илкис унга қараб, гап нимадалигини фаҳмлади. Шоша-пиша унинг бошига келиб, елкасига қўл узатди. Бироқ аллақандай куч ўзини орқага силтаб ташлаганини ҳис қилиб, дарҳол қўлини тортиб олди. Мулла буни сезди. Баттар хўрлиги келиб, очиқ-ошкор ҳиқиллай бошлади. Ўз дарди билан бўлиб ётган Мосуво ҳам ўрнидан туриб, унинг бошига келди. Хонага аза сукунати, мотам кайфияти бостириб киргандек эди…
* * *
…Бош ҳаким Уста, Мулла ва Мосувога бирданига жавоб берадиган бўлиб қолди. Аслида дарди енгилроқ бўлгани учун улардан-да олдинроқ кетиши керак бўлган Шоир бундан бироз хавотирга тушган эди. Бир томондан, қадрдон бўлиб қолган биродарларидан узоқлашаётганини, иккинчи томондан, жароҳатининг тузалмаётганини ўйлаб, кўнгли бузилди. Хонадошлари билан бағирлашиб хайрлашар экан, уларни қайта кўриш насиб этмаслиги мумкинлиги кўнглидан кечиб, баттар эзилди. Илло, у жисмига аллақандай шафқатсиз дард ўз ҳукмини ўтказаётганлигини сезган эди.
Ўша кун Шоирни бошқа бўлимга кўчиришди. Танасида қанд миқдори ошиб кетган, жароҳати тузалиш ўрнига, жисму жонига хатар солаётган эди…
* * *
– …Илтимос, пардани туширманг, қорни кўрмоқчиман.
Нафиса бир сапчиб тушди. Шоирга ялт этиб қарар экан, унинг юзида тириклик ифодасини кўриб, суюнганидан йиғлаб юбораёзди. Боядан бери кўнглини ўртаётган ўй тилига кўчди:
– Табиат исён кўтаряпти, табиат яшашга даъват этяпти. Наҳотки сиз жим ўтираверасиз? Наҳот сиз бунга куч топа олмайсиз?
Шоир гапиришга ожиз эди. Нафиса унинг кўзида акс этган мунгни кўриб, тағин умидсизланди. Танаси дарддан бегона одамнинг бемор кўнглидан кечаётган ҳиссиётни англаши қийин бўлганидек, беморнинг соғлом одам кўнглидаги ҳисларга бўйин эгиши ҳам мушкул савдо. Ҳозир ҳам шундай бўлди. Шоир Нафисанинг қувончига шерик бўлишдан кўра, ўз ҳиссиётига бўйсуниб, ўй суришда давом этди. Начора, ўзига қолса ўйнаб-кулмасмиди? Танасида озгина бўлса-да мадори бор экан, ўйлаб олсин: “Қор ҳам одамга ўхшаб кетади. Қор ёққанда унга мана бу жойга қўн, бу ер покиза, мана бу жойга қўнма, бу ер нотоза, деб бўлмаганидек, туғилажак одамга ҳам қаерда нашъу намо топишни буюриш мушкул. Қор ўз хоҳишига қарши ўлароқ, ҳар доим ҳам покиза жойга қўна олмаганидек, инсон боласи ҳам қай макону замондан ўрин олишига қозилик қила олмайди. Кимдир фазилатлари билан кўпчилик эътиборини қозонган инсонлар кафтига қўнса, яна кимдир нафрати-да, самимияти-да ноаён кишилар либосига илашишга маҳкум бўлади. Илло, тоғ чўққисига қўнган қор яна қайта осмону фалакка парвоз қилишдан умидвор бўлганидек, оёқ остига қўнган қор парчалари тупроққа қоришиб кетишдан ўзга қисматни орзу қилишлари мушкул. Инсон бир ёғиб, бир эриса майли эди-я. Наҳот унинг умри ёғишлару эришлардан иборат бўлса. Эртага қай эзгу инсоннинг кафтию елкасига ёғиш насиб этаркин, қай ёвузнинг оёқлари остида эзиларкинман, дея юрак ҳовучлаб яшаш одам боласига қисмат эканми? Наҳотки инсон бу аччиқ қисматга бош эгиб яшашга мажбур?! Наҳотки у бу азалий қисматдан қочиб қутула олмайди?”
Шоир тағин ишхонасини эслади. Ўзини бир иссиқ кафт, бир меҳрибон елка топа олмай сарсон бўлган қор парчалари каби чорасиз ҳис қилди. Энди у собиқ хонадошларини эсга олди. Ўзини тоғ чўққисига қўнган қор каби ҳис қилди, енгил тортди. Уларга омонлик тилади. Уларга мададкор бўлишни сўраб Яратганга илтижо қилди.
Тушдан сўнг Муниса келди. Ўжар феъли боис бошида синган калтакларга шерик бўлавериб, қирққа кириб улгурмай сочига оқ, юзига ажин тушган аёлига қараб кўнгли бузилди. “Унга менсиз қийин бўлади. Уйда болаларни, бу ерда мени аягани учун кўзёшларини яширишга мажбур, шўрлик. Унга нима қилиб бердим ўзи? Бир умр қовоғимга қараб яшади. Шеърим боис бошимга ёғилган маломатларга индамай елка тутди, дўст бўлиб душманнинг ишини қилганлар, қавмдош бўлиб ёвнинг йўлини тутганлар ичирган заҳарга тенг шерик бўлди, тириклик саҳросидаги бесамар жангу жадаллар ҳолдан тойдириб, ерга қулатганида, қайта оёққа турғазди. Нима қилиб беролмадим унга? Ака-укаларим ўжар феълимдан озорланиб, қўл силтаб қўйишганига анча бўлди. Мунисанинг яқинлари ҳам шундай. Мендан кейин қай тахлит умр кечиради Мунисгинам?!” – қорачиқларини куйдирган оғриққа чидай олмай кўзларини юмиб олди.
Муниса унинг кўзёшларини артар экан, кафти билан оғзини тўсиб йиғлаб юборди. Шоир мажоли қуриб энтикди. Бўғзидаги фарёдни ичига ютиб аста шивирлади:
– Болаларни эҳтиёт қил, Мунис! Сизларни Худога топширдим…
Муниса унинг қўлларига юзини босди. Бир неча кундан бери жисму жонини ўртаётган ҳасратини тўкиб-сочишга шайлангандек, кўз олдини қоплаган ёш пардасини кафти билан сидирганча Шоирга тикилди. Аммо Шоир унинг гапларини эшитадиган аҳволда эмас, яна ҳушидан кетган эди…
Шоирнинг ўнгланишига умид қолмаган эди. Эртаси куни бош ҳаким Нафисани ёнига чақириб, уни уйига жўнатиб юборишдан бошқа чора қолмаганлигини айтди. Нафиса хонадан йиғлаб чиқиб кетди. Бош ҳаким деразадан мўралаётган қиш қуёшининг заиф нурларига тикилганча хўрсиниб қўйди…
* * *
…Юрагига майин титроқ солган аллақандай ҳаётий қувватни ҳис қилиб ҳушига келган Шоир кўкси устида мулойим сирпанаётган қўлларга кўзи тушар экан, ҳайратдан лол қолганча қўл эгаларини излаб юқорига қаради. Боши устида ўн чоғли одам турар, улар Шоирнинг кўксига қўлларини қўйганча кўзларини юмиб, алланималар дея пичирлашар эди. Шоир улардан учтасини – Уста, Мулла ва Мосувони таниди.
Кўзи қувончдан яшнаб, Устанинг қўлини ушлади. Уста майин жилмайиб, ёнидаги йигит ва қизни бағрига тортди.
– Бу – Шогирдим, буниси – қизим!
Кўзлари қувончдан порлаб кетган Мулла ёнидаги кишининг елкасига қўлини қўйди:
– Бу – Дўстим!
Ораста кийинган, юзларига ранг кириб, кўзлари маъно касб этиб қолган Мосуво ёнидаги – жажжи қўлчалари Шоир амакисининг кўксини сийпалаётган икки қизалоқнинг бошини силади:
– Булар – қизларим!
“Йўқ, йўқ! У энди Мосуво эмас, Бахтиёр, – ўйлади Шоир.– Сўзсиз, Бахтиёр! Уларнинг ҳаммаси БАХТИЁР!”
Меҳрибонларининг кайфияти Шоирга ҳам кўчди. Танасига мадор кирганини, руҳи енгил тортиб қолганини сезиб, кўзи ёшланди…
Хонада туйқус авжига чиққан қувноқ қаҳқаҳа ва шўх-шодон қийқириқларни эшитиб фиғони фалакка чиққан бош ҳаким ва ҳамширалар кўз очиб-юмгунча фурсат ўтмай, эшик олдида пайдо бўлишди. Нимқоронғи хона гўё ёришиб, кенгайиб қолган, унга бош ҳакимдан яшириқча кириб олган ўн чоғли одам хавотир сезмас, хона ўртасида ғуж бўлиб, қаҳқаҳаю аскияни авжига чиқарар, улар чеҳраси ёришиб, юзига ранг кириб қолган, курсига сипогина ўтириб, қаҳқаҳага жўр бўлаётган Шоирни ўраб олишган эди…
“Шарқ юлдузи” журнали, 2017 йил, 3-сон