Ниҳоят, ўғилни уйлайдиган бўлдик. Ўзига қолса ҳали-бери уйланиш хаёлига келмайди. Ҳозир қайси бола “Ота, менга хотин олиб беринг!”, дейди?
— Ўзидан ҳам бир оғиз сўрайлик, — деди хотин, — балки биронта кўз остига олгани бордир…
— Олдин уйланишга розими-йўқми — шуни билишимиз керак, — дедим хотинга шунгаям ақлинг етмайдими дегандек тик қараб. — Ҳозирги ёшлар жа-а бошқача бўп кетишган, айримлари хорижликларга ўхшаб қирққа кирмагунимча уйланмайман, деб гожлик қилишади.
— Қани йўқ деб кўрсин-чи! — деди хотин хезланиб, — бу ёқда укалари, сингиллари кетма-кет етилиб турибди. Оиланинг тўнғичи! Тезроқ бошини иккита қилиш керак!
Ўғилни кўндириш масаласини хотин зиммасига олди. Қарангки, бир гап билан кўндирди-қўйди. Эндиги асосий масала — ўғилга ёқадиган қиз топиш. Мен олдинига нима кўп — таниш-билиш, ошно-оғайни кўп, бу нозик масалани дарров ҳал қилиб ташлайман, деб чучварани хом санаб юрган эканман. Ўзимиз кўз остимизга олиб юрган таниш-билишларнинг қизларидан биронтаси ўғилга ёқмади. Агар номзод сал озғин бўлса, “Бу қилтириқни нима қиламан?”, деб бурнини жийиради. Номзод буғдойранг бўлса, “Бунингизнинг пардозига фалон пул кетади”, деб тихирлик қилади. Ноиложликдан узоқроқ бир қариндошимизнинг ўтириброқ қолган қизини кўрсатган эдик, учрашувдан кўзлари ола-кула бўлиб қайтиб келди: “Бўлмайди, каратист экан-ку! Музқаймоқ еётган эдик, шилқимлик қилмоқчи бўлган бир болани бир ҳамла билан сулайтириб қўйди. Менга ҳам ийй-я деб ташланиб қолса, додимни кимга айтаман?”
Таниш-билишлар олдида юзимиз шувут бўлиб қолди. Айримлари салом-аликни йиғиштириб қўйишди. Тавба, қизи ўғлимизга ёқмаса, бизда нима айб, дея хит бўламан.
Ўғилнинг эса парвойи палак. Худонинг берган куни хонасига қамалиб олиб компютерда ҳар хил ўйинлар ўйнайди, ёш болага ўхшаб соатлаб мултфилм томоша қилади. Бунақада дипломини қачон ёзади-ю ўқишини қандай битиради — ҳайронман. Ҳай майли, уйланса сал қуйилиб қолар, дейман. Аммо номзод масаласи чўзилиб кетаётганидан кўнглим ғаш.
— Бизнинг топганимиз ёқмаётган бўлса — ўзинг топ! — дедим бир куни ўғилни исканжага олиб. — Йигитмисан ўзи? Наҳотки шу пайтгача биронтаси билан юрмаган бўлсанг?
— Юрганман, ота, юрганман, — деди ўғил кўзларини лўқ қилиб, — ҳозирги қизлар юришга жа мос-да…
— Гапингга туз солиб гапир, тентак, — дейман ўғилнинг сурбетлигидан аччиқланиб. — Ота-боболаримиз қандай оила қуришганини биласанми? Мен ҳам онангни чимилдиққача фақат бир марта кўрганман, холос.
— Шунинг учун ҳам ойим билан кўп уришасиз-да!
— Ҳў-вв бола, кўп ҳаддингдан ошма!
Жаҳл билан ўрнимдан туриб, хонамга чиқиб кетаман. Тавба, дейман ўзимча хуноб бўлиб, бу замоннинг ёшлари, гоҳ қарасанг болага ўхшайди, гоҳ қарасанг… Бизнинг ўғил эса ҳалиям думбул. Ишонасизми, худди ана шу “фазилати” ахийри мушкулимизни осон қилди. Қанақасига дейсизми? Мана, эшитинг.
Бир куни ишхонамда телефон орқали номзод қидира-қидира обдон чарчаб, уйга қайтдиму овқатга ҳам ҳушим бўлмай, хонамга чиқиб, газетадаги оила қуриш ҳақида берилган ғаройиб эълонларни кўздан кечириб ўтиргандим, ўғил шумшайиб кириб келди.
— Ота, менга тўтиқуш олиб беринг! — деди у кутилмаганда, томдан тараша тушгандек.
— Тўтиқушни нима қиласан? — бу гапнинг ҳазил ё чин эканлигини билолмай куёвболага жиддийроқ разм солдим.
— Ўйнатаман-да, зерикиб кетяпман! — ўғилнинг гап оҳанги худди отасидан хўрозқандга пул ундирмоқчи бўлган тантиқ болакайни эслатарди. Бирдан жаҳлим чиқиб кетди: тавба мен нима ғамда-ю, у нима ғамда!
— Э бор-бор, кўп бошимни қотирма!
— Йўқ-йўқ! Олиб берасиз! Олиб бермасангиз уйланмайман, ўқишгаям бормайман, дипломниям ҳимоя қилмайман! Тамом-вассалом…
Башарасига тузукроқ разм солсам, ҳазиллашаётганга ўхшамайди, мутлақо жиддий туриб талаб қиляпти.
Шунда… шунда ичдан ҳуруж қилиб келган кулгуни тўхтатолмай, қаҳ-қаҳ уриб кулиб юбордим. Куёвбола эшикни тарақлатиб чиқиб кетди. Унинг хурмача қилиғи наша қилиб, кўзларимдан ёш чиққунча кулдим. Қаҳ-қаҳани эшитган хотиним хонамга ҳовлиқиб югуриб чиқди.
— Тинчликми, дадаси?
— Тинчлик, тинчлик, — дедим кулгидан ёшланган кўзларимни артиб. Кейин кулгининг сабабини айтиб бердим.
— Хўш, мана энди ўзинг айт-чи, шу болани, шунақа болани уйлаш керакми ўзи? Ўғлимиз ҳали ғирт думбул экан-ку! Кел, бошимизни қотириб юрмайлик. Ҳозирча тўтиқушини ўйнатиб юраверсин. Вақти-соати келганда уйлармиз.
— Вой, битта тўтиқушни деб умр савдосини пайсалга соласизми, дадаси!
— Вей, тўтиқушга ўхшаб, битта гапни такрорлайверасанми, — дедим бўғилиб. — Нега тушунмайсан?!
Хотиним ниманидир англагандай бўлиб, ўзича сал жилмайиб қўйди.