Ҳар гал қишлоққа борганимда мактаб ёнидан ўтаман. Қайтмас, бетакрор болалик хотиралари беихтиёр кўз олдимда жонланади.
Онамнинг айтишича, шаҳарда юравериб, “дийдам қотиб кетган”. Аммо қадрдон мактабимни кўрганимда ҳаяжонимни босолмайман. Қадамларим ўзимга итоат этмай, беихтиёр бўшашиб, секинлайман. Мактабга киргим келади. Аммо негадир кирмайман… киролмайман…
Бу гал қишлоққа оқшом чўкканида кириб бордим. Мактабга яқинлашганимда носқовоғини йўқотган бангидай каловланиб қолдим. Ниҳоят, ўша таниш бино ҳам ортда қолди. Шунда кўнглимда ғалати, кутилмаган бир истак уйғонди. Секин орқамга қайтдим. Мактаб ҳовлисида таниш қоровул чолга дуч келдим. Қуюқ саломлашдик. Ўғли билан синфдош эдик. Боёқиш қариб, сал букчайиб қолибди. У гулни ғунчалигида, мевани ғўрлигида узадиган болакайларни зириллатиб қувлайдиган кишига энди сира ўхшамасди.
Қоровул бемаврид ташрифимдан сал ажабланганини дарров пайқадим. Мактабга кирмоқчилигимни айтганимда янада ҳайратланди:
— Ичкарида ҳеч зоғ йўқ, ўғлим, — деди у юзимга қараб.
— Менга шуниси керак, тоға, — дедим унга хотиржам боқиб. — Мен шундоқ бир… кираману чиқаман.
— Қаерга кирмоқчисиз ўзи?
— Ўнинчи “Б”га, ҳў-вв, ўзимиз ўқиган синф бор эди-ку?
Қоровул индамай олдинга бошлади. Йўлак эшигини калит билан очгач, ўзи ташқарида қолди.
Ичкарига қадам қўйдиму таниш, қадрдон бир ҳисдан энтикиб кетдим. Димоғимга гўё мактаб ҳиди урилгандай бўлди. Мактаб ҳиди! Бундай ҳидни ҳеч қачон, ҳеч бир жойда туймаганман. Бу ҳид пол ва деворлар, парталардаги бўёқлар, оҳаклар ёки туваклардаги ранго-ранг гулларникимиди — билмайман. Сархуш бир кайфиятда ўнинчи “Б” ни қидираман. Эшиклардаги ёзувлар ўзгариб кетибди. Аммо мен янглишмай ўзим ўқиган синфни топдим. Ана, олдиндан учинчи қатор — дераза ёнидаги парта! Бу менинг жойим эди. Партага гавдам зўрға сиғди. Тирсакларимни «ёстиқча» қилиб, партага бош қўйдим. Назаримда, вақт ва макон тушунчаси бутунлай ўзгарган, мен ҳам гўёки болага айланиб қолгандекман. Орадан ўн беш йил эмас, ўн беш дақиқа ҳам ўтмаган. Фақат мен ширин бир туш кўрганману ҳозир қўнғироқ бўлса, қайта ҳушимга келаман.
Атрофга қоронғулик чўка бошлади. Деразадан хонага хирагина шуъла тушиб турибди. Чироқни ёқсаммикин, деб ўйладим. Шунда “ярқ” этиб хаёлимда ўша узоқ йиллар муқаддам бўлиб ўтган чироқ воқеаси жонланди.
Ўшанда олтинчими, еттинчими синфда ўқирдим. Мактабда ўқиш икки сменада олиб борилар, биз тушдан кейин қатнардик. Кунлар бир тутам бўлган қиш-қировда охирги дарслар лампа чироқ ёруғида ўқитиларди. Кўпинча чироқ менинг ёнимдаги дераза токчасига қўйиларди. Мен география дарсини яхши кўрардим. Робинзон Крузо, Геклберри Фин саргузаштлари тушларимга кириб чиқар, хаёлан уларнинг саёҳатларида ҳамроҳ бўлардим. Муаллим ҳам назаримда қизиқувчанлигимга хайрихоҳдай эди. Дарс тугагач, кимда қандай савол бор, дейилиши билан ҳамма менга ўгирилар, муаллим ҳам жилмайиб кутиб турар эди. Чунки одатда саволни мен берар, баъзан дарсга алоқаси бўлмаган, аммо ўзимни қизиқтирган нарсаларни ҳам эринмай сўраб-суриштирар эдим. Мабодо қўнғироқдан кейин савол берсам, кўпчилик менга ўқрайиб қарар, “бас қил” дея биқинимга турткилашар эди. Бироқ муаллим ўтган дарсни сўроқлашга ҳозирлик кўраётганда савол берсам, бу синфдошларимга мойдек ёқиб тушарди. Чунки муаллим савол-жавобга чалғиб,
вақт ўтганини пайқамай қолар, баъзан янги дарсни ўтишга зўрға улгурар эди.
Ўша куни муаллимнинг кўнгли нимадандир ғашроқ эди, дарсни ҳам у қадар иштиёқ билан ўтмади. Савол борми, деб сўрамагач, ноилож индамадим. Қўнғироқ бўлгач, ҳамма ғимирлаб қолди. Сумкалар очилиб ёпилди.
Столда турган глобусни ўқитувчилар хонасига одатда мен олиб бориб қўярдим. Сип-силлиқ, яшил-қўнғир глобус менга аллақандай сирли туюлар, тарвуздай келадиган юмалоқ бу шаклда қандай мўъжизалар, ҳикматлар яширинганини ўзимча тасаввур қилишга уринар эдим.
Хуллас, қўнғироқдан кейин глобусни қўлга олдим. Чироқни мўмин-қобил партадошим Асқар кўтарди. Синф эшиги тор эди. Муаллим эшикдан чиқиши билан “ур-сур” бошланди. Мен Асқарга йўл бердим. Бошқалар ҳам бир дақиқа ҳовуридан тушишди. Асқар энди остонага етганда орқадан яна “сур-сур” бошланди-ю, мен ўзимни тутолмай глобус билан бориб чироққа урилдим. Лампашиша чил-чил синди. Ҳамма тумтарақай қочиб қолди. Фақат Асқар иккимиз йўлакда серрайиб турардик. Шўрлик Асқарнинг тутқаноғи бор эди, ранги оқариб, қалтирай бошлади. Муаллим ҳам ҳали узоқлашмаган экан, дарров етиб келди.
— Нима бўлди? Ким синдирди?
— Глобус тегиб кетувди… Кейин… — дедим ерга қараб.
— Сен кетавер, — деди муаллим Асқарга қараб. Ўзи глобусни қўлимдан оларкан, буюрди. — Чироқни кўтариб, орқамдан юр.
Цинган чироқни кўтариб, муаллимга эргашдим. Мен айб иш содир бўлганини, бунинг учун кимдир жавоб бериши, жазоланиши лозимлигини билардим. Гарчи можарога дахлдор бўлсам-да, ўзимни гуноҳкор ҳисобламасдим. Тўғри-да! Ахир, чироқни ҳеч ким жўрттага синдирмади-ку! Унда ким бунга жавоб беради?
Муаллим мени тўппа-тўғри ўқитувчилар хонасига бошлаб кирди. Бурчакдаги катта чўян печкада саксовул ёнар, хонада керосин ва папирос ҳиди анқирди. Чироқни печка ёнидаги ёғоч курсига қўйдим. Охирги дарс эндигина тугаган, ўқитувчилар ҳали тарқалиб улгуришмаган эди.
Хонага директор кириб келди. Юрагим шув этиб, сесканиб кетдим. Мени бошлаб кирган муаллим ҳам негадир ўнғайсизланиб, бир зум тараддудда қолди. “Фалончини директор чақиртириб сўроқ қилибди”, деган гаплар одатда мактабга тезда ёйилиб кетар, салгина орияти бор ўқувчига бу катта иснод эди.
Директор — ўрта ёшлардаги, ўрта бўйли, хушбичим, қорамағиз одам. Унинг кулганини сира эслолмайман. У одамга шунчаки, жўн қараганда ҳам гўёки аччиқ киноя, заҳарханда қилиб турганга ўхшарди. Унинг бировга самимий қараганини ҳеч эслолмайман. У доимо бир оҳангда, салмоқ билан, аллалаб гапирар, аллалаб жонни олар, мактабда ҳамма ундан қўрқарди. Фақат директор бўлгани учун эмас, албатта.
Менинг бу ерда мунғайиб туришим муаллимларни ажаблантираётгани сезилиб турар, бундан баттар хижолат бўлар эдим. Чунки мен интизомли, яхши ўқийдиган ўқувчиман. Аммо директор мени кўриб, ажабланмади. Чамаси, директорнинг ҳар бир нарсада ўз ўлчови бор эди, пайти келганда буни алоҳида писанда қилгиси келарди.
— Ҳмм?! — деди директор мени кўргач, салмоқ билан томоқ қириб.
“Бошланди!” — даҳшат билан ўйладим. Тирноғимнинг учигача музлаб кетди. Чунки шу биргина “ҳмм?!”да ҳам сўроқ, ҳам таҳдид, ҳам мазах бор эди ва бу сўзни ҳеч ким у кишидай оҳангда айтолмасди.
— Шу… денг, домла, лампашиша синиб қопти, — дея изоҳ бера бошлади география муаллими. Директор шу бир оғиз гапдан ўзича ҳамма нарсани тушунди.
— Шунақа денг. Қизиқ, лампашиша ўз-ўзидан синиб қолаверса… жуда қизиқ.
— Ўз-ўзидан синмаган, домла, — дея муаллим мумкин қадар директорнинг жаҳлини чиқармасликка урингандай мулойимлашди. — Булар дарс тугагач, эшикдан чиқишаётиб … бола-да энди …
— Болами шулар? Шулар-а? Турган-битгани бало-ку! Бола эмиш. Биз булардақа вақтимизда катта бир оилани тебратардик. Бошланғич таълимдан кейин ўқиш учун шаҳарга қатнаганмиз, тўрвахалтани елкага оси-иб, қирқ чақиримлаб пиёда юриб. Емишимизнинг тайини йўқ, устимиз юпун.
Директор айтгандай, “бало”манми ёки боламанми, ҳар қалай, бутунлай фаросатсиз эмасдим. Бу гаплар менга аталган айбноманинг дебочаси эди. Аммо минг бош қотирсам ҳам бу заҳар-зуғумларнинг цинган чироққа, менга қанчалик алоқаси борлигига ақлим етмасди.
— Хўш, чироқни нега синдирдинг? — дея директор кўзимга тикилиб, исканжага олди.
— Мен синдирганим йўқ, — деганча нажот қидириб, атрофга илинж билан жовдирадим. Мени ҳеч ким ҳимоя қилмади. Қайтанга, ўқитувчилар текин томошадан мамнундай, можарога қизиқсиниб қарашар, гоҳо киноя билан луқма ташлаб қўйишарди.
— Бўлмаса, ким синдирди? Айт? Индамайсан, демак, сен синдиргансан. Биласанми, сенларнинг бир йиллик ўқишинг давлатга қанчага тушади?
Директорнинг фақат оғзи, жағи, лунжи қимирлар, аммо овозини эшитмасдим. Баъзан у чарчабми ёки раҳми келибми, мени сал ўз ҳолимга қўйиб, бошқалар билан андармон бўларди. Аммо мен яхши ўргатилган аскардай, бурчакда қимирламай туришга мажбур эдим. Фақат йиғлаб юбормаслик учун худодан сабру тоқат тилаб, илтижо қилардим.
Бир маҳал хонага мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган тоғам кириб келди. Азбаройи суюниб кетганимдан тилим айланмай қолди. Тоғам! Мана, у ҳозир директор билан бир оғиз гаплашади-ю, мени бу ердан олиб чиқиб кетади. Ахир, у тоғам-ку!
Тоғам мени кўриб, олдимга келди. Лабимни қаттиқ тишлаб олгандим. Томоғимдаги тошдай қаттиқ нарса ачиштира бошлади. География муаллими тоғамга шивирлаб, воқеани баён қилди. Шунда тоғам “э-ҳа” деди-ю, менга бир қараб, нари кетди.
Ажабо, ҳамма менга қарши тил бириктириб олганга ўхшарди. Айбим нима — билмайман. Барибир, чироқни мен синдирмадим-ку… Мен ҳушимни бир жойга тўплаб, соғлом, холис фикр юритишга уриндим.
Эҳтимол, лампашиша ростдан ҳам топилмайдиган, тақчил матоҳдир. Директор ҳам ҳар куни биттадан лампашиша синаверса, охири ўқувчилар қоронғуда билим ололмай қолишидан хавотирланаётгандир. Ундай бўлса, лампашишани ўрнига тиклаб қўйиш керак. Шу тобда янгисини топиш қийин, аммо пулини… Шошма, чўнтагимда онам укамга печене сотиб олиш учун берган озроқ пул бор эди шекилли. Рост, мана, турибди.
Мен чўнтагимдаги бор тангаларни чангаллаганча, санамай чироқ ёнига тўкиб, бирдан ташқарига отилдим. Кўчага чиққач, ўзимни тутолмай, йиғлаб юбордим. Елкамдан тоғ ағдарилганига, озод бўлганимга суюндим чоғи. Аммо чучварани хом санаган эканман. Орқамдан ҳаллослаб география муаллими етиб келиб, директор йўқлаётганини айтди. Ўлим ҳукми бекор қилиниб, яна қайта ҳукм ўқилганда маҳбус қандай аҳволга тушса, мен ҳам гўё шундай ҳолга тушдим. Гарчи таажжубланадиган ҳолатда бўлмасам-да, директорнинг мақсадини тушунолмай гаранг эдим. Ахир, чироқнинг пулини тўладим-ку, яна нима керак унга, дея ўзимча ич-этимни ердим. Шу тобда биров жаҳаннамга юр деса ҳам қайтмасдим. Аммо директорга қайта рўбарў бўлиш баридан оғир, баридан даҳшатли эди. На чора, бормай иложим қанча?
— Э-ҳа, келсинлар бойвачча, — деди директор остонадан ўтмасимданоқ. — Хайр-маъзурниям насия қилиб-а?! Пуллари кўпайиб қолдими? — Директор бирдан гап оҳангини ўзгартириб, кесиб-кесиб гапира бошлади. — Мактаб сенинг пулингга зор қолгани йўқ, билдингми? Сен олдин бурнингни артиб ол, тузукми?!
Аксига олиб, худди шу дақиқада бурнимни тортаётгандим. Дарров ўзимни босдим. Аммо ичдан келаётган оғир хўрсиниқни босиш қийин эди. Шунинг учун ҳам беихтиёр “ҳиқ-ҳиқ” деб турдим.
— Яна ҳиқиллаб, бизни қўрқитмоқчи бўлади-я. Э, сендақа муғомбирларнинг кўпини кўрганмиз. Омон бўлсак, яна кўрамиз.
Мен шунча кўргилик камлик қилгандай, “бойваччалик қилиб” баттар қовун туширганимни, кўпчилик олдида қаттиқ ўсал бўлганимни аччиқ алам билан кўнглимдан ўтказдим.
Директорнинг ҳар бир гапи қулоғимдан кириб, юрагимга қўрғошиндек ўрнашиб қолди. Фақат бир нарсани ҳамон тушунолмайман: нега ўшанда директор менга шу қадар шафқатсизлик қилди? Бу шунчаки ҳазилмиди ёки қаттиққўл тарбия усулимиди — билмайман. Назаримда, кўнглимда ўчмас доғ каби нохуш из қолдирган ўша воқеа оддий, жайдари мантиқ доирасига сиғмасди.
…Йўлакдан кимдир юриб келиб, эшик олдида тўхтади. Бошимни кўтарганимда синф қоп-қоронғи эди. Секин эшик очилиб, қоровул чолнинг бўғиқ овози эшитилди:
— Мизғиб қолмадингизми, ўғлим, олисдан чарчаб келгансиз?
— Хаёл сал элитибди, отахон, — дедим ўрнимдан турарканман.
— Мактаб ҳам табаррук жой, — деди қоровул. — Ҳаммаям сизга ўхшаб кўзи очилган жойни эслайвермайди.
Қоровул билан хайрлашиб, тупроқли кўчадан уйга жўнадим.
Мактаб… кўз очилган жой… Топиб айтди чол.
Эҳтимол, ўшанда чироқнинг цингани ҳам яхши бўлгандир…