Шодиёр Ҳазрат Исмат. Завқ (ҳикоя)

Уни ота-онаси жуда кўп кутишди… Унга атаб бешик, туваку сумакдан тортиб бошқа анжомларгача ният билан олишади ҳам.
Аммо у кечикаётган эди. Онаси ҳижолат бўлди. Отаси ҳам ўзини айбдордек ҳис қилди. Боболари ҳам у билан теварак-атрофдагиларнинг олдида ғурурлангиси, мақтангиси келарди…
Бироқ у ҳануз кечикаётган эди…
Ота-онаси эскича-ю янгичасига даволанишди. Табиб-мулла- дўхтирларга беармон қатнаб юришди. Чиқмаган жондан умид…
Унинг тезроқ келишини яратгандан нола қилиб сўрашди. Ваъдалар беришди. Оҳлари уззу кун кўкка ўрлайверди.
Ниҳоят у келадиган бўлди. Энди уни кутиб олишга тадорик кўрила бошланди.
Ота-онасининг умидлари ушаладиган бўлди. Алҳол, шайтонгина ноумид. Умиднинг сўнмагани қанчалар яхши… Ахир барча аъмоллар ҳам ниятга қараб бажо этилади-ку!
Яратган эгам ота-онага уни ато этди.
Оталик бахти…
Оналик завқи…
Болалик завқи…
Айни завқдан баҳраманд бўлганларнинг сони қанчалар экан… Уларнинг хаёлларида не кечар эди. Кўнгиллар ғурурга тўлди.
Хеш-ақраболар йиғилади. У эса йўргакда бемалол ётарди. Унинг олдига ҳамманинг ҳам киришга рухсат этилмасди.
Дастлаб уни чўмилтиришди. Сўнг артиб-суртиб яна йўргаклашди. Унинг келиши оилада байрам бўлди. У ўзидан олдин ҳам бир гўдакнинг келганлигини ва у ҳам кўп турмасдан яна дарров қайтиб кетганлигини умуман билмасди. У шифтга тикилганича бепарво ва бехавотир ётарди. Акасининг дарров кетиб қолганлиги ота-онасини ва бошқа қариндошларни эсанкиратиб қўйганди. Шу сабаб бўлса керак, ҳамма “Илойим, умри билан берган бўлсин,” дея юзларига дуои фотиҳа тортишарди.
Бобо унинг қулоғига азон айтди. Ва сўнг унга – Пўлат деб исм қўйишди. Ҳаёти пўлатдек мустаҳкам бўлсин, дея ният этишганди – да.
Онаси ўчоқ бошда чироқ ёқди. Уни бувиси бешикка белади.
Энди унга ҳамма меҳрибон. Эркалаб ёноқларини қитиқлашади. Бошини силайдилар. Бешик ёнида ўтиришиб, болакайнинг келажаги ҳақида ширин орзуларни хаёл қилишади. Унинг обрўли, бахтли, тахтли бўлишини чин дилдан ният этишади.
Болакай бешикда жимгина ётарди. У вассажуфтли шифтга қараганда ненидир кашф этишга шайланарди. У шифтдаги симни ва бу симга илдирилган мойчироқнинг ёниб ўчишини билиб улгурганди. Дераза ва эшикларни ҳам ва улар орқали келадиган ёруғлик ҳамда чўкадиган қоронғуликни ҳам англай бошлаган эди. Эндиликда у ўзининг бешиги олдига келиб, ўзи билан муомила қиладиган одамларнинг аксариятини таниб ҳам бўлганди. Аммаси, холаси, тоғаси, амакиси, бобоси, бувиси – буларни у секинлик билан бир-биридан ажратиб оларди. Улар турли тоифа эди.
Ҳаттоки, у ўзининг бешикдан олиб, ташқари ҳовлида сайр қиладиган вақтларигача билиб олди. Агар уйдагилар уни олишда кечикадиган бўлишса, у дарров хархаша қиладиган бўлди. Энди уни атак-чечак юргизадиган қилишди.
Пўлат бешикни тарк этди. Энди у ҳовлининг одами. Иш бўлса-ю бўлмаса-да ҳамма қатори кўчада куймаланиб юради. Ўзича қайсидир ишни дўндиргандек бўлади. Сув, тупроқ билан ўйнаб уст-бошини кир қилади. Ўчоқдаги чўғни олмоқчи бўлиб, кулни титкилайди. Олапарнинг бошини силайди, сўнг устига чиқиб миниб ўтиради. Ит ҳам уни тушунади. Устидаги болага бир қарайди-ю ҳомуза тортиб яна тилини осилтирганича атрофни кузата бошлайди.
Пўлатнинг барча ҳаракатлари оила аъзоларининг назорати остида бўларди. Ҳовлидаги ҳамма юмушларни бобоси деразадан кузатиб турарди. Пўлатнинг энди имо-ишорадан сўзга ўтиш лаҳзалари кела бошлади. Унинг овозида энг биринчи бўлиб – “она” сўзи янгради. Сўнгра унинг энг луғатида яна бир – “ота” каломи пайдо бўлди.
Кейинроқ, у бобо ва буви деган сўзларни ҳам айтиб мурожаат қила бошлади.
Пўлатнинг тарбияси асосан бобоси билан бувисининг измида эди. Улар болакайнинг ота-онасини ҳам Пўлатга қўшиб тарбиялашаётган эди. Оилани бобо бошқарар эди. Унинг соқол-мўйлаблари оппоқ эди. Бошида доим салла бўларди. Пўлат бир куни бобонинг соч юваётганини кўрди. Сочлари ҳам соқолдек оппоқ эди. Шунда у бобосидан оқлик сабабларини сўрай бошлайди.
Бобо эса бошидан ўтганларини гапира кетади…
Тарих… тақдир… қарилик… умрнинг ўтиши…
Бобонинг ўтмиши алоҳида бир мавзу эди…
У невараси – Пўлатни қанчалар кутганлигини ҳам айтди. Уни сўраб парвардигорга нималар деб илтижо қилганлигини ҳам гапириб берди. Энди беармон оёқ узатиб ётиши мумкин эканлигини, Пўлатнинг оила шаънини ҳимоя қилишга тайёргарлик кўриши лозимлигини айтди.    
Пўлат бешикдан тушгандан сўнг ҳар куни ниманидир кашф этиб борарди. Сўрайвериб ҳаммани безор қиларди.
Момолар айтар эдиким, бола ҳали туғилмасданоқ, у ўзининг ота-онасини танийди. Бу гапларга чиппа-чин ишонасан. Негаки, бу гапнинг ҳақ-рост эканлигини болангнинг кўзларидан сезасан.
Кўзлар… кўзлар…
Кўздан ҳис қилиш мумкин.
Кўздан сезиш мумкин.
Дунёда боладек беғубор ҳилқат йўқ. Унинг кўзларидаги завқни ҳис эта олиш ҳаммага ҳам насиб этсин экан.
Боланинг кўзи алдамайди.
Болани алдаш мумкин, лекин бола ҳеч кимни алдамайди.
Ҳовлига кириб келаётган отанинг олдига пешвоз чиқаётган болакайни кузатганмисиз?
Болакайдаги ҳаяжон, ундаги самимийлик, кўзларидаги беғуборлик…
Унинг қўлларини олдига ёзиб, отаси томон талпинишини ёдга олсангиз, кўнгил равшанлашди. Яна оламдан умидвор бўласиз.
Эҳ, дейсан. Сен ўзинг ҳам бир пайтлар отангга шундай талпингансан.
Мана бугунга келиб фарзандинг ҳам сенга талпиняпти…
Чархпалак… фалакнинг гардиши…
Болангни кўксингга босасан-да, уни эркалайсан. Қувончингдан энтикасан, юрагинг ҳапқиради. Ўғлинг бўйнингдан қучоқлайди. Сен уни аста опичлайсан. Болалик завқи оталик меҳрингни ийитиб юборади.
Шунда танингдаги ҳар неки бор ҳорғинликни унутасан. Елкангдаги ташвишлар эсдан чиқади.
Болакайнинг қўлларини даст кўтарасан-да елкангга миндирасан.
Елкангда фаришталар ўтиради.
Бу ишдан улар ҳам хурсанд.
Негаки, сен елкангда учинчи фариштани кўтариб боряпсан.