Хуррам чўпоннинг ити – Олапар сурувнинг ортидан юра олмай қолди. Олапар ётоқлай бошлади. Кечга томон эгаси итини чайлага қамаб, яна қўйларини сойга ёйиб юборди.
Хуррам қишлоқ ва хўжаликнинг қўйларини боқиб юради. Унинг оёғини опалари ёшлигида бешикка нотўғри белаганлигидан қийшиқ қилиб қўйишган. Кейин бола оёқлагандагина оқсоқ эканлиги билиниб қолади.
Хуррам ўзининг чўлоқлигини унутиб қўйган. Мудом кулиб туради. Уни қишлоғида ва қўшни даҳадагилар ҳам бирдек Хуррам чўлоқ, дейди. Бироқ Хуррам бундан хафа бўлмайди.
У ёшлигидан ота касб – чўпонлик қилади. Қўйнинг тилини яхши билади. Сурувни Олапар ва Тўрткўз қўриқлайди. Хуррамнинг хотини – Ўғилой итларга ҳар куни уч маҳал атала пишириб беради.
Олапарнинг болалайдиган пайти келди… Чайлада Ўғилой унга қараб турибди. Ит эса оёқларини чўзганича узала тушиб ётарди.
Тўрткўзнинг бир ўзи Хуррамга ёрдам беряпти. Тўрткўз ақлли ит. Эгасининг нима демоқчилигини сезиб туради. Қўйларни ҳуда-беҳуда ҳуркитиб чопмайди.
Саҳарлаб қўйларни ётоқдан ҳайдаб чиқади. Тўрткўз бироз улар билан юради. Сўнг қирнинг устига чиқиб ётади. Тушга яқин у қир атрофидаги қўйларни қайтариб яна қўтонга опкелади. Йўлда сув ичишади. Сўнг ётоқда салкам уч соатча дам олишади. Яна қўйлар секин ўтлагани туриб кетишади. Бу сафар улар ярим кечагача даштда ўтлаб юришади.
Хуррамнинг ҳар кунги юриш-турмуши шундай бўлади. Тўрткўз ҳам шунга кўниккан. Энди у Олапарнинг ҳам ўрнига ишлаши зарур. Сурув ҳам Тўрткўзга кўниккан эди. У эгаси бўлмаса ҳам сурувини бемалол боқиб юравериши мумкин. Баъзида Хуррам сурувини ярим кун Тўрткўзга ташлаб кетмоқчи ҳам бўлади. Лекин қўшни чўпонлардан ҳадиксирайди. Негаки, сурувларни бир-бирига қўшиб юбориб, кейин ишни чувалаштириши мумкин…
Ортиқча ташвиш. Даҳмаза бўлади. Бурноғи йили Обрўй чўпон сурувини атай Олтибой чўпоннинг отарига қўшиб юбориб, бир кечада Олтибойнинг олтмишта қўйини йўққа чиқарган эди. Чўпон зотининг макри бир неча филга юк бўлади…
Тўрткўз эгасига ҳам, сурувига ҳам меҳрибон эди. Думини ликиллатиб, тилини осилтирганича Хуррамнинг олдида турар ёки сурувнинг атрофида айланиб юрарди. Уни теварак-атрофдаги чўпонлар ҳам яхши кўришарди…
Буни қарангки, Тўрткўз Олапарга ҳам меҳрибон экан. Қўтонга яқин қолганида Тўрткўз увлади. Унга жавобан Олапар ҳам увлади. Тўрткўз ирғишлай бошлади. У негадир хурсанд эди. Ётоққа етиб келишди. Ўғилой Хуррамнинг олдига дастурхон ёзиб, нон, чой ва овқатини қўйди. Сўнг Тўрткўзнинг ялоғига ҳам атала солди. Ит овқатини еб уяси томон кетди. Уясида бироз ётди. Сўнг чайлага – Олапар турган жойга келди. Улар бир-бирлари билан ҳидлашишди. Тўрткўз Олапарнинг оёқлари остига ётиб олди. Олапар ҳам унинг бўйнига бошини қўйиб узала тушди. Улар анча вақт шу тахлит ётишди.
Сурув азонлаб ётоқдан қўзғалди-ю, шитоб билан қудуқ томон келди. Сув ичиб яна сой бўйлаб ўтлаб кетишди. Хуррам оқсоқ эшагидан тушиб, арқонни қозиққа илди. Хуржунни тагига ташлаб, ёнбошлади. Унинг кўзи илинибди. Туриб қарасаки, қўйлар қирдан ошиб кетишган. Тўрткўз ҳам жойида йўқ. Оқсоқланиб эшагига минди. Қирнинг наридан сурувини қайтариб, ётоққа опкелди.
Тўрткўз уясининг олдида ётарди. Олапар эса уя ичида. Тўрткўз эгасини кўрди-ю, уялгандек думини ликиллатди. Кўзларини олиб қочди. Тумшуғини буриб, лаб-лунжини ялади. Икки ялоқда эса атала юқи лахта-лахта бўлиб турарди. Англадики, итларнинг иштаҳаси йўқ.
Тўрткўз Олапарга алағда бўлиб, бугун сурувнинг ортидан даштга чиқмади. Олапар ҳам чайладан чиқиб, ўз уясига келибди. Тўрткўз фавқулодда шиддаткор ва меҳрибонлигини кўрсатди. Олапар эса инжиқ бўлиб қопди…
Ялоқдаги аталадан тотинмоқчи бўлган ҳакка-ю олашақшақни Тўрткўз жон-жаҳди билан қувларди. Қушлар эса бепарво учиб кетишарди. Бундан итнинг жаҳли бадтар чиқарди. Унинг шеригига беминнат хизмат қилгиси ва харакатлари орқали муҳаббатини изҳор этмоқчи эканлиги билиниб турарди.
Олапар эса уни бамайлихотир кузатиб ётарди. У афтидан паришон, Тўрткўз эса жонсарак эди.
Тонг ёриша бошлагач, Хуррам ўрнидан турди. Сурув ҳам секингина оёқлана бошлабди. Тўрткўз уясининг устида оёқларига бошини қўйганича атрофни кузатиб турарди. У юз-қўлини ювиб уяга яқинроқ келди. Олапар жойидан қимирламасдан ирилларди.
Бўзтўрғайнинг овози эшитилди. Маҳлиё бўлди. Хўроз қичқирди. Моллар бўкирди. Уядан эса кучукваччаларнинг чийиллаган овози ҳам эшитилди. Шунда у билан итнинг кўзлари тўқнашди. Олапар қадалиб тикилди. Эгаси юзини бурди. Тўрткўз эса бу пайтда бепарвогина бўлиб эгасига тикилиб турарди. Ит айни лаҳзада бу дунёнинг синоатини кашф этаётгандек ёхуд недир масаланинг ечимини топа олгандек бемалол ва хотиржам эди.
Хуррам ортига қайрилиб, сурувининг кетидан эргашди. Ўғилой атала пишириб, икки ялоққа қўйди. Тўрткўз келиб улушини еди. Бироқ Олапар уясидан ҳам чиқмади. Шундан кейин Ўғилой атала тўла ялоқни Олапар ётган уянинг оғзигача опкелади-ю секин ичкарига силжитмоқчи бўлганида ит унга ташланади. Аёл жонҳолатда “вой-вой”лаб уйига қараб қочади. У итни қарғайди.
Ит эса болаларини ундан қизғанган эди. Олапарнинг иккита ўзига ўхшаган ва иккита худди Тўрткўзга ўхшаган қоп-қора, оёқлари катта кучукваччаси бор эди. Не ажабки, уларнинг ҳаммаси отлон эди. Улар то кўзи очилиб, сакраб юриб кетмагунларича Тўрткўз ҳам сурув ортидан даштга чиқмади. Кучукчалар йигирма кунликдан ошгач, Тўрткўз ҳар доимгидек сурувнинг ортидан адирга йўл олди. Олапар эса уясида қоларди.
Кучукчалар катта бўлишгач, Хуррам бирини шўрчалик Ражаб чўпонга, яна бирини эса Тоғошар деган чўпон жўраларига бериб юборди.
Қолган иккитаси эса Олапар билан Тўрткўзга эргашиб, сурув ортидан далада юрадиган бўлди. Уларга Тўрткўз раҳнамолик қиларди. Иккаласи ҳам бир-биридан зиёд кучук бўлди. Эндиликда улар сурувни тўрт томондан қўриқлаб юрарди.
Бир куни эрта тонгдан итларнинг авзойи бузилди. Улар безовта эди. Тўрткўз уёқдан буёққа чопарди. Олапар эса тумшуғини осмонга чўзиб увлайди. Болалари ҳам беҳаловат – ер тирнайди.
Улар адирда ҳам худди шундай – бесаранжом юришди. Тинмай увуллашди. Вовуллади. Хуррам оқсоқ итларининг бу ҳаракатидан недир синоат борлигини илғади. Хотинига ҳам буни айтди. Кечки овқатни еб бўлгач, эр-хотин болаларини ҳам ташқарига опчиқиб жой солди. Атрофига жун арқонни ташлади. Қўтондаги болали қўйларни ҳам ташқи ётоққа келтиришди. Ўчоқни, чироқни ўчириб, уйдан ҳам, қўйдан ҳам хотиржам бўлиб ўринга ётишди.Улар бемалол эди. Бироқ итлар хавотирда эди. Безовта вовуллашарди. Уёқдан-буёққа тинимсиз югуришарди… Итлар эгасига ниманидир тушунтирмоқчи бўларди. Бироқ эр-хотин бемалол, мириқиб ухлашарди…
Эрталаб итларнинг овози эшитилмасди. Хуррам сапчиб ўрнидан турди. Теваракка қаради. Ўзининг қулоқларидан тортиб, танини чимчилаб кўрди. Кўзини уқалади. Ҳаммаси рост эди.
Уй билан қўтон ер билан битта бўлиб ётарди…
Итлар эса сурувнинг тўрт томонида тик турарди…