Шодиёр Ҳазрат Исмат. Қўмсаш (ҳикоя)

Кеч куз эди. Адирдаги ўтлар худди баҳордагидек ям-яшил. Янтоқ ва карракнинг димиққан ҳидини сезиш қийин эмас. Айниқса, бурганнинг буйи уни ўзига жалб этди. Бурган унга отасини эслатарди…
У сой ёқалаб ортидан болаларини эргаштирганича тоғ томон юра бошлади. Ҳаво ҳам яхшигина эди. Қўй-қўзи, от, сигирлар адирда ўтлаб юришарди. Жониворлар ундан ҳуркмасди ҳам.
У бир пайтлар мана шу йўллардан кўп қатнаган. Эшак миниб тоғдан, адирдан уйга тезак, ўт-ўлан, хасу хашак ташиган эди.
Ерни босар экан, чимнинг юмшоқлигини, ўтнинг майинлиги ҳам унга эш бўлаётганини сезди. Тоғнинг энг баланд чўққисига чиққанида ўзида чарчоқ сезди. Болалари эса қичқириб ўйнашарди. Нафасини ростлаб олиш учун ерга ўтириб олди. Танида роҳат сезди. Димоғига алланечук таниш ҳид урилгандек бўлди. Кўнгли ўртанди. Атрофида улоқчалар диконглаб ўйнаб турибди. Нарироқда сигирлар кавш қайтариб, уни кузатарди. Бу ердан теварак-атроф – бутун қишлоқни жуда яхши бўлмаса-да, ҳарҳолда равонроқ кўриш мумкин эди. У хурсанд, кайфиятининг яхшилигидан майсанинг устига чалқанча ётиб олди. Осмонни кузатди. У кўм-кўк эди. Сийрак булутлар у ер – бу ерда кичкина холдек турарди. У самони яйраб кузатаётганди. Болалари ҳам гўёки уни тушунгандай, унга яқин йўламасди.
Муллатўрғай учмай қолди. Тоғдаги барча қушларнинг ўйноқи сайрашлари ҳам тўхтади. Уларда қандайдир жонсараклик бошланди. Ажабтовур овозлар чиқариб, бир-бирларини хавфдан огоҳ қила бошлади. Қушлар ўз уяларига яшириниб олишди.
У осмонда тўрт-бешта қушнинг қанотларини кенг ёйиб, секин айланаётганини кўрди. Дарҳол, фикр қилди: “Бургут” Ҳақиқатдан ҳам йиртқич қушлар бемалол қанотини ёйиб, сузиб юришарди. Гоҳ – гоҳо қанотларини силкиб-силкиб қўйишарди.
Бургут унга отасини эслатди. У бир пайтлар мана шу тоғларнинг устида ўт ўриб, бурган, юлғун юлиб пичан ғамларди. Қорни оч бўлса, белбоғидаги нонни сувга ботириб ерди. Ўша кезларда отаси унга бургут ҳақида гапириб берганди.
“Исҳоқ, ўғлим, бургутнинг кўзи уясидан бошини чиқариб ўтирган юмронқозиқни ўн-ўн беш чақирим наридан кўради. Бўри ҳам ундан ҳайиқади. Кучи кўп, Абжир. Оёғи билан тепиб отнинг белини ҳам бемалол чиқариб ёки синдириб қўйиши мумкин. Тумшуғида ҳам, панжаларида ҳам куч кўп. Яна бир одати бор, Исҳоқ, сен буни ҳечам унутма. Доим эсингда тут. Бургут ўз болалари ичида нимжонроғи бўлса, уни ўзи осмонга олиб чиқиб ерга ташлаб юборар экан…”
Шунда Исҳоқ отасига савол беради.
“Ахир у ўзининг боласи-ку!? Ичи ачимайдими? Балки, кейинчалик ўзи тутиб олар?..”
“Йўқ.”
Мана шу жавоб бўларди. Отаси бу гапни айтаётганида қатъий турардики, гўёки унинг ўзи ҳам ҳозир бургутдек туюларди. Йўқ, отаси гурунг сўнгида бўшашарди. Ўғлига бургут ҳақидаги ривоятни юмшатиброқ айтарди.
“ – Исҳоқ, уларнинг ҳаёти бизникидан кескин фарқ қилади. Қушларнинг кушандаси кўп, шу сабабли улар бир-бирларига шафқат қилишмайди. Улар ҳаётида бир марта қийналишни афзал билишади. Умрининг охиригача қийналиб юришни ҳоҳламайдилар. Эсингдами, Хуррам чўпоннинг қопқонида ўз оёғини қолдириб кетган бўри бўларди. Ана шу бўри ҳозир ҳам тоғларда юради. Хуррам чўлоқнинг айтишича, ана шу бўри ўзининг оёғини ўзи ғажиб ташлаб, қопқондан чиқиб кетган экан. Биласанми, улар мағрур бўлади, эркни яхши кўради. Мудом қийналиб юришдан қочади. Бир мартагина ҳақиқатнинг аччиқ шаробидан тотиб кўришади, тамом. Сўнг қийналиб юришмайди. Яна айтадиган бўлсам, Исҳоқ, улар дангалроқ болам. Бўриларнинг ҳаёти менга ёқади. Таъмиз қилиб улардан кўп нарсаларни ўрганиш мумкин. Улар ҳаётлари учун керакли нарсаларни ўзлари топади. Бошқалардан мурувват кутмайди. Тўдасидан хоин ёки сотқин чиққудек бўлса, унинг жазосини бериб, тўдасидан чиқариб юборади…”
Исҳоқ отасидан эшитган бу сўзларни яна бошқатдан хотирасида тиклади. Отасининг оламдан ўтганига ҳам мана қирқ йилга яқинлашибди. Унинг наздида ота-бола худди мана шу тоғнинг устида тунов куни бургуту бўри ҳақида обдон суҳбат қургандек эди. Исҳоқ ўйлаб кўрса, отаси унга недир рамзий ва тагдор маъноли гапларни айтгану лекин ўзининг ҳам янада фикрлаб, хулосалар чиқаришига имкон берган экан.
У ўрнидан туриб, бурганларни юлиб келди-да тагига тушади. Болалари ҳам унга ёллашди. Исҳоқ бурганнинг ҳидига тўйиб-тўйиб олиш учун болалари юлиб келган алаф қучоқлаб юзига буркади. Исҳоқ танида ва руҳида недир орзиқиш тўйди. Қизиғи шундаки, бурган ҳам унга отасини эслатарди.
Бир замонлар ота-бола от аравада тоғ бағрига келди. Ўшанда ҳам кеч куз эди. Каррак, кўзғалоқ, туяқорин ва бошқа хашакларни жарлардан олиб, аравага юклашди. Отаси сойдан бурган ўриб, араванинг устига ташларди ва Исҳоқни ҳам унинг устига ўтиргизарди. Ўғли аравада, ўзи эса уловда уйга қайтарди. Бурганнинг ҳиди қўлларида қоларди. Кийимларига уннаб кетарди.
Улар бурганни тандир ва ўчоққа тутантириқ қилиб ишлатарди. Опалари ва сингиллари эса ҳатто ҳовлини тозалашда супурги қилиб ҳам фойдаланишарди.
Исҳоқ жўралари билан адирда қўй боқиб юрган маҳалларида бурганни ёқиб атрофида исиниб ўтиришарди. Чўғига эса пиёз, картошка кўмиб ейишар эдики, уларнинг таъми ҳали ҳам оғзидан кетмаган.
Бурган ёнаётганида ҳам ўзидан нафис ва хушбўй таратиб, чирсиллаб алангалар эди.
Бир йили дўсти – Мардон бурган ёқиб балиқ пиширмоқчи бўлади. Балиқни сойдан тутишади. Сўнг гулханга ташлайди. Балиқ жизғанак бўлиб қотиб қолади. Олов эса кучаяди. Болалар шошиб қолишади. Қўлларидаги хивични ташлаб, устиларидаги кийимларини ечиб, оловни ўчиришга тушадилар. Бироқ бефойда эди. Ёнғин бадтар кучайиб кетадию шамол оловни адир бўйлаб ёярди. Осмонни қора тутун қоплади. Болалар нима қиларини билмасдан, қўлларида кийимларини ушлаганича, жавдираб турардилар. Бу пайтда эса қишлоқ томондан одамлар ёпирилиб кела бошлади. Улар оловни тўрт тарафдан қуршаб, қўлларидаги тол ва терак хивичлар билан савалаб қайтаришди. Мешкобларда сув олиб келиб, сепишди. Адирнинг ярмидан кўпи ёниб кетди. Шунда ҳамма йиғилиб олиб, айбдорнинг ким эканлигини, унга танбеҳ бериш лозимлигини айтишади. Бироқ айбдор – Мардон йўқолиб қолди. У одамлар айни оловни ўчириш билан андармон бўлган пайтда уйига қочиб кетади. Кейин эса ҳамма одамлар йиғилиб олиб Исҳоққа насиҳат қилишади. Дўқ уради.
“Энди сен билан Мардон иккаланг молларимизга ем-хашакни ғамлаб берасизлар”
Исҳоқ жим туради. Уни қоп-қора бўлиб тутаётган адир ўйлантираётган эди. Ҳамма уй-уйига тарқайди.
Исҳоқ уйга келганида отаси уни койимади. “ Ер ҳам нафас олиши керак, ўғитлантирилмаса у ҳам чарчаб қолади”, дея қўшниларгаям далда берди. Ўша йили Исҳоқ ғамлаб қўйган бурганларини жодида кесиб молларига берди.
Адир келгуси йил эрта баҳорда яна ям-яшил бўлди. Энг биринчи бўлиб бойчечак чиқди. Сўнг қўзигул, сариқгуллар чиқдики, ҳеч ким бу ерлар ўтган йили ёнган жойлар деб ўйламасди. Сой-у адирда ҳаёт жонланганди.
Исҳоқ тоғнинг тепасида туриб отасини эслаб қолди…
Отаси ҳикоя қилиб берган бургутни яна кўриш учун осмонга тикилди. Бургут эса қанотларини ёйганича кўкда парвоз қиларди.
Чўлоқ бўрини эслади. Бўрилар бу ерларга қишда келишади. Ҳозир ҳам унинг авлодлари шу тоғларда юрса керак, ҳойнаҳой.
Ана пастдаги адирда бурган шунчалик бўй таратаяптики, ўзининг аравада уни тагига тўшаб кетганини эсламасдан иложи йўқ эди.
Исҳоқ эслаш мумкин бўлган кўп нарсаларни хотирлади. Кўз олдига келтирди.
Бироқ мана шу тобда у отасини эсладики, кўзидан ёш келди…
Исҳоқ отасининг ҳовлида, уйда, тўй-ю маъракаларда юришини эслади…
Умрнинг ўтиб кетишини қарангки, мана ўзи ҳам отаси юрган йўлларидан юрди. Кўп билан ош-қатиқ бўлди. Фикр қилди. Зикр қилди. Гоҳида хурсанд, гоҳида хафа…
Исҳоқ ўрнидан турди. Уст-бошини қоқди. Бурганларни йиғиб, бир қучоқ қилиб кўтариб олди. Болаларини ёнига чорлади. Осмондаги бургутга қаради. Узоқ тикилди. Сўнг болаларини ортидан эргаштириб уйига йўл олди.
Исҳоқ йўл-йўлакай болаларига бургут, бўри ва бурган ҳақида ҳикоя қилиб берди…