Ҳовлимиздан оқиб ўтадиган ариқ лабидаги бу дарахт қишлоғимизда ягона ҳисобланарди. Дарахтнинг бўйи уйимиз томи билан тенг эди. У энига унча тарвақайлаб кетмаган, худди буталгандай қадди тик, танаси ва шохлари эса раҳматли бобомнинг ҳассасидай сипсиллиқ эди. Дарахтнинг кишини ҳайратга соладиган бир жиҳати бор эди. У йилда икки марта баҳор билан куз бошларида гуллар, бироқ мева тугмас эди.
Баҳорда дарахтнинг бикаранг ғуж-ғуж ғунчалари ҳовлимизга ўзгача файз бахш этар, унинг шохидан қушлар аримас эди.
Кузнинг бошларида гуллаши чиндан ҳам ҳайратомуз эди, одамлар бундай пайтда унинг атрофида ўралашиб «наҳотки, дарахт ҳам кузда гулласа», дея кўзларига ишонмай, қўллари билан нафис ғунчаларни ушлаб-ушлаб кўришар эди.
Яна шуниси қизиқки, ҳеч ким, ҳатто отам ҳам унинг қанақа дарахт эканини билмас эди. Биз болалар унинг энсиз кичик баргларига, текис шохларига қараб гилосга ўхшатардик ва ўзимизча уни гилос деб атардик. Аслида гилос эмаслигини билардик… Дарахт отамга бобо мерос ёдгорлик ҳисобланар, шу сабабли уни ниҳоятда авайларди. Ва биздан ҳам шуни қаттиқ талаб қиларди.
Ёзнинг ўрталари эди. Онам синглим ва акамни эргаштириб қўшни қишлоқда яшовчи бобомникига меҳмонга кетишди. Уйда отам билан мен ёлғиз қолдик. Супада ёнбошлаб ётган отам ботаётган қуёшнинг алвон шафақларида товланиб турган дарахтимизга хаёлга чўмганча тикилиб турарди. Шунда мен:
— Ота, нега дарахтимиз ҳеч мева тугмайди?— деб сўрадим. Саволимдан отам ажабландилар, шекилли, анча вақт худди нимадир қидиргандай юзимга тикилиб қолдилар, сўнг, «Мевами? Тугади, ўглим. Мана мен, сен, онанг, синглинг ва аканг шу дарахтнинг меваларимиз… »
Табиийки, мен отамнинг гапларини унчалик тушунмадим, буни ўзи ҳам сезди шекилли, қўли билан бошимни силаб, ««Бу гапларнинг маъносини катта бўлганингда тушуниб оларсан», деди ва бошқа бу ҳақда оғиз очмади.
Отам нафақат ёлғиз бу дарахтни, умуман яшилликни севар эди.
Эшак аравадай имиллаб кетаётган эски поезднинг олд вагонларидан бири жазо мудатини ўтаб қайтаётган маҳбуслар билан тўла эди. Вагонда шундай бир ғайри-табиий жимлик чўккан эдики, улар бир-бир билан паст овозда шивирлашиб гаплашишар, кўплари эса деразадан ташқарига қараганча чуқур хаёлга чўмиб боришар эди. Вагоннинг олдинги томонида соч-соқоли ўсиб кетган, гавдали бир маҳбус ўнг тирсагини дераза рахига қўниб, ташқаридан кўз узмай борарди. Поезднинг имиллаб юриши жон-жонидан ўтиб кетган, «Тезроқ манзилга ета қолсайдик… » деган ўй ичини тирнайди. У толиқди чоғи, деразадан сурилиб тахта ўриндиққа ўтирди-да, нонушта қила бошлади.
Тамадди қилиб олгач, у яна вагон деразаси қаршисига келди, ойнадан бошини елкасигача чиқариб, олдинга қаради, чамаси, беш юз метрлар нарида шундоқ темир йўл лабида нимадир қорайиб кўрингондай бўлди. Ниҳоят, ўша нарса аниқ-тиниқ кўринди:у яқинда қийғос барг ёзган дарахт экан. Ҳалиги киши ўзини босолмай, бонгани шоша-пиша ичкарига олди-да, кўзларини чақнатиб вагондагиларга ҳайқирди: «Оғайнилар, яшиллик! Олдинда қийғос барг ёзган дарахт», дея у ўзини эшикка урди.
Бир зумда вагон тўс-тўполон бўлиб кетди, ҳайқириқдан жонланган кишилар бир-бирларини итариб-туртиб, шовқин кўтарганча эшик томонга отилишди… Поезд йўл бўйидаги дарахт қаршисидан ўтишига ўн-йигирма метрлар қолганда боя дарахтни биринчи бўлиб кўрган киши ўзини поезддан ерга ташлади, унинг ортидан қолганлар… Улар Ҳизрга йўлиққандай, дарахт шохларига осилишар, узоқ қамоқ йилларида дилларида тугиб юрган энг эзгу сўзларини айтишиб, дарахт баргларини кўзларига тавоб айлашар, юзларига кўзларидан тинимсиз оқаётган шукроналик ёшига ювишар эди…
Онамнинг айтишича, ўша вагон деразасидан туриб дарахтни биринчи бўлиб кўрган киши – менинг отам экан. У йигитлик пайтида туҳматдан олти йилга қамалган экан…
Бизнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ягона ёдгорлик, отамнинг айтишича, ҳовлимиздаги мана шу йилда икки марта гуллайдиган дарахт эқан. Бобомнинг бобосими, балким унинг ҳам бобосими, хуллас, кунлардан бир кун шом маҳали қўлидаги ҳассасини ариқ лабига суқиб, ўзи таҳорат олгани ўтирибди. Бобом таҳоратни олиб, ҳассага қўл узатмоқчи экан, шу пайт мўъжиза юз берганини кўриб, ҳайратдан ёқа ушлаб қолибди ариқ лабига суқилган ҳасса ниш отиб кўкараётган эмиш… Шу заҳотиёқ бобом «Эй, жонивор, сенинг танингда намлик бор экан-у, мен шунча вақт гуноҳга ботиб сени судраб юрибман… Майли, униб-ўсгин», дея ҳассасини шу ерда қолдирибди. Шу-шу то дунёдан кўз юмгунча ҳассага эҳтиёж сезмабди. Ўлим тўшагида ётганда эса ўғилларига «Менинг ҳассамдан кўкарган ана у дарахт кўп хосиятли. Уни сизларга қолдираман, кўз қорачуғларингдагг асранглар… Кулоқларингда бўлсин кимки бу дарахтни хор қилса, ўзи ҳам дунёдан хор-зор бўлиб ўтади», деб васият қилиб, оқ фотиҳа берган экан.
Дарахтимизнинг ўтмиши ҳақидаги бу гаплар биз болаларга, худди эртакка ўхшаб туюлар, унга ишониш-ишонмаслигимизни билмасдик.
Бир куни отамга: «Нега дарахтимиз бошқа дарахтларга ўхшаб томиридан кўпаймайди? Агар кўпайганда кўчатларини ковлаб олиб, ҳовлимизнинг бошқа ерларита ҳам ўтқазар эдик», дедим.
— Кўпаймаганига сабаб, — деди отам, — бу дарахтнинг томири бошқа дарахтлар цингари ёнбошга эмас, ер қаърига тик ўсади… Бунинг яна бир ажойиб хуссияти – бошқа дарахт илдизлари билан чатишмайди ҳамда ўзига керақли озуқани ўзи топиб, ер устидаги танасини тоза ва мустаҳкам сақлайди… .
Отам дарахтга болта ё қайчи уришга сира-сира рухсат бермас, буни у оғир гуноҳ, шафқатсизлик, деб билар эди. Биздан сал узоқроқда яшайдиган, доимо соябонли кепка кийиб юрадиган Муҳожир лақабли киши билан отам ўртасида нифоқ ана шу дарахт туфайли келиб чиқди. Муҳожир қишлоғимизга четдан келиб қолган, унинг насл-насабини, кимлигини, юртини қишлоқда биров билмас, бу ҳақда ўзи ҳам гапирмас эди. Муҳожир деган номни унга қишлоқдагилар қўйганди. Балки бир пайтлар бу ном унга оғир ботгандир, лекин кейин у бунга шу қадар ўрганиб кетгандики, худи ота-онаси қўйиб кетган исмдан ардоқли бўлиб қолганди.
Шу Муҳожир бир куни ҳовлимизга қайчи кўтариб кириб келди-да, отамдан «Ана шу дарахтингиздан пайвандлик берсангиз?» деб сўради.
— Пайванд солганингиз билан, барибир, уни кўкартиролмайсиз, — деди отам уни хушламай.
— Сиз пайвандлик бераверинг, у ёғи ўзимнинг ишим, — деди Муҳожир билағонлик билан.
— Пайванд қилишдан мақсад нима? Ахир бу дарахт мева бермаса… — деди отам дарахтга тиғ урдиргиси келмай.
— Шунчаки бир ҳавас-да… Нима, бизнинг ҳовлида ҳам битта шунақа дарахт ўсса ёмон-ми?— деди Муҳожир.
— Бу сизга, — деди отам жаҳл билан, — ҳавасга ўстирадиган дарахт эмас! Ундан кейин овора бўлманг, барибир, пайвандлик бермайман!
Шундай дея отам индамай нари кетди.
Муҳожирнинг ғайрилпги қўзиди, лекин ҳеч нарса демай кўзларини айёрона қисди-да, бир отамга, бир дарахтга қараганча ҳовлимиздан чиқиб кетди. Уша куни борлиқ тун кўрпасига буркангунча отам дарахт ёнидан кетмади, шундан сўнг икки-уч кун таъби хира тортиб юрди. Муҳожир билан эса бутунлай гаплашмай кўйди.
Ердан қор ва зах кетиб, ўрнига қуёшнинг ҳовури энди инаётган пайт борлиқда узилиш, ўлик давр ҳукм суради. Чор-атроф қипялангоч, шолдай руҳсиз. Бундай пайтда одамда бепарволик, ланжлик пайдо бўлади. Ана шундай беҳаловат кунларда отам «Болаларим, яна йигирма кунча зерикасиз, сўнг дарахтимиз барг ёзиб колади», деб далда берарди. Шундай кунларнинг бирида оқшомга яқин ҳовлимизга шаҳарда ўқийдиган катта опам кириб келди. Дафъатан уни таниёлмай қолдик у тақимига урадиган тим қора сочларини елкасидан кестириб-ди, эгнида бели бўғма, баданига ёпишиб турган, тиззадан келадиган оқ матодан кўйлак. Опам, ўзига ҳайрон қотиб тикилиб турганимизни сезди-ю бироқ сир бой бермай олдингидай шарақлаб кулганича отамнинг қучоғига ташланди. Отам уни хушламайгина пешонасидан ўпиб қўйди. Одатдагидай навбат менга келди, опам ўнг юзимдан «чўлп» этиб бир ўпди-да, қўлимга тилларанг қоғозга ўроғлиқ конфетни тутқазди. Отамга ўғринча бир қараб, опамнинг совғасини олдим.
Тунда эса ҳамма ухлаб қолганидан сўнг отам билан онамнинг опам тўғрисидаги гаплари қулоғпмга чалинди:
— Қизимиз ҳам сочини кестирибди… — деди онам паст овозда.
— Кўрдим… Ҳамма айб ўзимизда, тарбиясини тўгри беролмабмиз, — деди отам «уф» тортиб.
Отам бетобланиб қолганда дарахтимизнинг куртак ёзишига ўн кунлар қолганди. Шомга яқин кетмонни кўтариб даладан қайтган отам «этим увишиб кетаяпти», дея кўрпага ўраниб олди. Кундузи иш жойида нам ерга ётиб бироз мизғиган экан.
Онамнинг «врач чақирайлик» деганига сира кўнмади. «Эрталабгача ўтиб кетар, устимга кўрпаларни қалинроқ ёпинглар», деди у. Лекин туни билан «оҳ-воҳ» қилиб, эрталаб белида ҳуруж қилаётган огриқнинг зўридан бутунлай ўрнидан туролмай қолди.
Онам врач чақирди ва отамни касалхонага ётқизадиган бўлишди. Уни ҳовлимиздан олиб чиқаётганда «дарахтга кўз-қулоқ бўлинглар», дея у қайта-қайта тайинлади.
Бу гапдан биз болалар қандайдир ҳушёр тортиб қолдик.
Баъзан кун ора, баъзан ҳар куни оиламиздан кимлар касалхонага борарди. Табиийки, отам энг аввал келган кишидан дарахт ҳақида сўрарди. Орадан ҳафта ўтди, лекин отамнинг касали тузалай демас, касалхонага қандай келтирилган бўлса, шу алфозда ўрнидан қимирлай олмасдан, шифтга термулиб ётарди. Отамнннг ҳисоби бўйича шу кунларда дарахт куртак чиқариши керак эди. Лекин унинг танасида бирон жонланиш бўлганини кўрмадик, у қишда қандай яланғоч ҳолда бўлса, шундайлигича қаққайиб турарди. Биз учун энг оғири касалхонага бориш ва отамнинг илинж тўла кўзларига қараш эди.
Баҳор яримлай деб қолганда ҳам дарахтимизда жонланиш сезилмади. Энди отам ҳам у ҳақда сўрамай қўйди, фақат врачларга «тузалмасам ҳам уйимга кетаман», деб ёш боладай хархаша қила бошлади.
Мен бу гапни мактабдан уйга қайтаётганимда Муҳожирнинг қизидан эшитдим.
— Энди бизнинг ҳам сизларннвг ҳовлида ўсадиган дарахтга ўхшаш ўз дарахтимиз бўлади, — деди Муҳожирнинг қизи мақтаниш учун лабларини чўччайтириб.
— Ҳеч-да, — дедим қовоғимни уйиб, — бизнинг дарахтимиз бошқа ҳеч қаерда ўсмайди…
— Ие, ҳали хабаринг йўқми?— деди Муҳожирнинг қизи чиндан ажабланиб. — Отам, ана у дароз аканг бор-ку, ўшангга занжири узун эски чўнтак соатини берган эди, у эвазига дарахтларингни шохидан бир эмас, учта кесиб келтириб берди. Отам аллақачонлар пайванд қилиб қўйганлар…
Унинг гапларидан жаҳлим чиқди ва сездирмай биқинига тирноқларимни ботириб, қаттиқ чимчилаб олдиму, шу заҳоти уйга томон чопдим. Муҳожирнинг қизи чинқириб йиғлаганича қолди.
Упкам огзимга тиқилгудек бўлиб ҳовлимизга кириб келдим ва дарахтимиз остига тўшалган ўринда ҳушсиз кишидай ётган отамга кўзим тушиб бир зум ўзимни йўқотиб қўйдим, сўнг Муҳожирнинг қизидан эшитганларимни унга оқизмай-томизмай айтдим.
Отамнинг кўнгли баттар хира тортди, у тирсакларига суяниб ёстиқдан бошини кўтарди ва қон тўлган кўзлари билан ҳовли юзасидан акамни излади. Акам ҳовлимизга кираверишда бир оёғи синиқ курсида бошини қуйи эгиб ўтирар эди.
— Шу гаплар ростми?— деди отам унга хириллаган овозда.
Онам, синглим ва мен нафасимизни ичимизга ютганимизча акамнинг оғзини пойлар эдик. Акам қўрқаписа бошини кўтариб отамга бир қаради-да, сўнг яна қуйи эгди…
— Демак, рост!— деди отам қаҳр билан, сўнг дона-дона оҳангда, — иккинчи бу ҳовлида қорангни кўрмай.
– Йўқол! – деб ҳансираганича бошини ёстиққа ташлади.
Ҳовлидан акамнинг қандай чиқиб кетганини кўрмай қолибман, онам билан синглимнинг унсиз йиғлаётганидан англадимки, акам кетибди…
Буни отам ҳам сезди, лекин унинг юзида бир қаҳр қотиб қолганди.
— Ўғлим! — деди отам менга, — дарахтнинг устига чиқиб, кесилган шохларига қарачи…
Мен кўз очиб юмгунча дарахтга чиқиб олдим ростдан дарахтнинг учта шохчаси кесилган экан. Кайчи ўтмас бўлганидан шохлар тишлаб тортилгандай, ғажиб тагаланган эди.
— Топдингми? — деди отам, — унда яхшплаб размсолчи, намлик боряга?..
Шохлар қуриб қолган эди. Мен отамдан кўзларимни олиб қочдим…
— Энди пастга туш, — деди отам ва болта келтиришимни буюрди.
Мен ўтинхондан болта келтирдим.
— Дарахт танасини озроқ тилчи!— деди отам. Дарахт танасидан бир пайраҳа ўрнича чамаси кесдим. Отам яна тирсакларига суяниб ёстиқдан ўмганини кўтарди ва ўткир нигоҳини дарахтнинг кесилган жойига қадади… Унинг юзи аввал хом суридай бўзардп, кейин боши «шилқ» этиб ёстиққа тушди.
— Белкуракни олиб кел, энди дарахтнинг остини кавла!— деди у шивирлаб.
Мен дарахт остидан бир белкурак тупроқ ковлаб олган эдим, димоғимга қандайдир бадбўй ҳид урилди, энгашиб тупроққа яхшироқ разм ташладим унга қандайдир сарғиш нарса сингиб кетган эди. Отам минг азоб билан, типирчилай-типирчилай ўрнидан қўзғалди ва қалтироқ қўлларини чўзиб мен ковлаган тупроқдан бир сиқим олиб, кўзига яқин келтирди-да
— Остига дори сепишган экан, ваҳшийлар! – деди у илондай вишиллаб ва дарахт пойига судралиб келди-да, тупроқни сидириб, томирларини ушлаб кўрди. Томирларни дарахларнинг тириклик белгиси — намлик буткул тарк этмаган эди…
Отамнинг юзида умид шуълаланди…
— Оз бўлса-да, ҳали вақт бор экан. Энди оёққа туришим керак, — деб пичнрлади у дарахт томирларига қараб…