Қуёш кўкда жилва қилади. Баҳор чиндан борлиқни яшнатиб юборган эди. Муамбар шамол чунон дилтортар, ҳам нилуфар само ҳузурбахш, ҳам борлиқ чексиз ва шаксиз гўзал эди. Кун пешиндан ўтиб, асрга қараб оғди. Акам иккимиз шаҳардан қишлоққа қараб йўл солдик. Юким йўқ ҳисоб, ичи ширинликларга лиқ тўла ихчамгина бир жомадон, холос. Онам каттанг билан энангга, деб мазали пишириқлар солган эди.
Текис йўл тугаб, тошлоқ йўлга дуч келдик. Машина гўё тайсаллаб қолганди. Мен эса тезроқ энамнинг ҳузурига етишни орзулайман. Тоғ бағрига кириб борганимизда, қуёш олис-олис тоғлар ортига эринибгина яширина бошлади. Бу ўлка ўзи ажойиб! Биз виқор билан мағрур қад кўтарган тоғлар томон тобора яқинлашиб боряпмиз. Яшил барқут ёпинган қир-адирларга, бодом, жийда буталари билан қопланган зангор-қизғиш қояларга ҳали инсон қадами етмаган кўринади. Ҳам гардсиз, мусаффо тоғ ҳавоси, ҳам дилтортар, сўлим шамол, ҳам феруза осмон – барчаси борлиққа шаксиз бир ажойиб манзара бахш этган.
Ёмғиру сел ўпириб кетган жарликлар кўзга ташланади, ҳув нарида эса дара тагидан жилолари тош қучоқлаган сой тиним билмай оқмоқда…
Биз машинада асрлар билан юзлашган сервиқор тоғнинг тагига етиб келдик.
– Ҳа, савил қолгур! – Акамнинг юзи тундлашди.
– Нима бўлди? – Хавотирланиб сўрадим.
– Машинанинг мотори қизиб кетди.
– Энди нима бўлади?
– Нима бўларди, – акам тормоз берди, машина тўхтади.- Пича кутамиз. Озгина совисин.
Биз кимсасиз тоғнинг шундоқ пойида тўхтадик.
Олисда отлиқ бир кимсага кўзим тушди: отга арава қўшилган эди, у тобора яқинлашиб, ниҳоят бизнинг ёнимизда тўхтади. Унинг устида чопон, бошида кийилавериб эскириб кетган телпак. Гарчи ўлкага баҳор кириб келган бўлса-да, атрофда тоғ изғирини кезиниб юрарди. Шу сабаб нотаниш киши қалин уст-бош кийиб олганди. Тоғ ҳавоси ўзгача, шаҳар иқлимидан кескин фарқ қилади, ҳатто саратон чилласида ҳам саҳар чоғи ва кечки пайтдаги салқин ва намиққан ҳаво киши вужудини бехос жунжиктиради.
Совуқ, бироқ ажойиб, ҳузурбахш ҳовур тарқалганди, аммо атроф сокин, кўк гумбази ҳам осуда, кишининг баҳри дилини очар эди. Борлиқ кўркамлашган. Табиат қонуннининг тезкор, ҳамда кўз илғамас мўъжизаларига тўла эканлигига таҳсин ўқийсан. Отлиқ киши отдан тушди.
Мен бошимни қимирлатиб:
– Ассалому алайкум – дедим.
У менинг саломимга индамай бош силкиб алик олди.
Акам у билан қўл бериб кўришди.
У қорачадан келган, офтоб сингган юзи тоғ ҳавоси билан кўпдан ошно эканлигидан дарак эди.
– Афтидан шаҳарга отланибсиз шекилли?- Унга гап қотди акам.
-Шундай, бироқ кечроқ йўлга чиқувдим, тезроқ ҳаракатимни кўрмасам, қоронғуга қолиб кетаман. Ўзларинг нима қилиб турибсизлар?
– Отарга йўл солгандик. Савил қолгур машинанинг мотори қизиб кетди, денг. Мана энди совушини кутиб турибман.
– Ҳа.
Улар тамаки тутатишди. Ҳамма ўз ўйи билан овуниб, жимиб қолганди.
У акам билан хайрлашди, сўнг отига қамчи солиб, биздан узоқлашиб кетди. Биз эса машинанинг совушини кутиб пича турдик.
Қуёш энкайиб уфқдан тавоф олмоқда эди. Уфқ бунда тутаб ёнган гулханни муаллақ кўтариб турарди. Машъала лаҳза сайин фаромуш сўна бошлади-ю, гўё дами ичига қайтиб, буткул ўчиб қолди. Ажабо, қуёш ботиб улгурмасидан тун бостириб кирди. Тоғ манзараси бир бошқача, ҳайратли. Тоғ тепасида ва ёнбағирларида қор эримаганлиги боис борлиқ қоронғу эмас.
Ниҳоят энамникига етиб келдик. Машина тўхтаганини эшитган энам бизга пешвоз чиқди:
– Айланай сизлардан, мошин овозини эшитиб, ким экан дейман.
– Бизмиз-да,- дедим қувончимни ичимга сиғдиролмай.
– Биз, деган тилингдан ўргулиб кетай.
У ҳар иккимизнинг пешонамиздан ўпиб, сўнг ичкарига чорлади.
Уй ичи кенг, саранжом-саришта, ҳар бир жиҳоз гўё айнан шу хона учун мўлжаллангандек.
Хона тўрида Отам (мен уни Катта дейман) биз билан кўришиш учун ўрнидан турди.
У қорачадан келган, елкадор, истараси иссиқ, дилкаш ва ажойиб инсон.
Энамни айтмайсизми, бизнинг келишимиз уни чиндан суюнтириб юборганди! У ҳам барча қишлоқликларга хос содда ва самимий, меҳмон келса, ўзини қўярга жой тополмай қоладиган, ниҳоятда меҳмондўст аёл эди. Айни бу чоғ у суюнганидан кўзига ёш олиб, тинмай айланиб-ўргилмоқда эди. У нуқул “келиб жа яхши қилдинглар-да, ўргулиб кетайлар” дея сўйланарди.
– Аянг келмадими?
– Ишидан рухсат ололмади.-дедим.
– Даданг, укаларинг омонми?
– Тузук, сўрашиб қолди.
– Ўқишдан, Тошкандан қачон келдинг?
– Уч-тўрт кун бўпқолди.
– Ҳа яхши. Ўзиям соғиниб турувдим. Кеганларинг яхши бўлди.
Энам ҳаял ўтмай ўртага дастурхон солди. Зум ўтмай дастурхон эндигина тандирдан узилган хушбўй нон, ширинликлар, жийда, бодом, яна денг мен суйиб ейдиган майиз мураббоси билан тўлди. Жомадон тўла пишириқларни мақтай-мақтай, дастурхонга қўйди. Орада ўчоқда қовурма пишириб келганини сезмай қолдим. У суяги енгил, чаққон, қўли ширин аёл: нима таом пиширмасин, тотли ва мазали бўлиб туюлаверади.
Таомланиб бўлгач, Отам ёстиққа ёнбошлаб, акам билан гурунглашди. Биз эса пичирлашамиз.
Вақт алламаҳал бўлгач, тўшакка узала тушиб, ухлаб қолганимни сезмай қолдим.
Саҳар чоғи ишига кечикмаслик учун акам машинасида шаҳарга қайтиб кетди. Мен эса уч-тўрт кун қоладиган бўлдим. Нонуштадан сўнг энам Отамга айтиб қолди:
– Каттаси, қўзичоқларнинг семизини танлаб сўйинг, неварагинамга бир ширбозкабоб пишириб берай.
Отам пичоғини қайраб қинига солди, сўнг қўзичоқлар қамалган қўра томон кетди.
Болалигимдан тоғни, унинг гардсиз, мусаффо ҳавосини, менинг тасаввуримда одамийликнинг гўзал, айни пайтда баркамол намунаси бўлган қишлоқликларни қадрлайман. Атроф бир зарб билан тинчлантирилган-у, бунда баҳор қуёши саҳовати-ла ўлкага заррин нурларини беминнат сочаётган эди. Ҳаво очиқ, атроф янада кўркамлашган, гўё борлиқ туйқус нурга ғарқ бўлгандек, ярқираб турибди. Баайни биров тирсагингга учли таёқ билан туртган мисол, вужудинг оний турткидан жимирлаб кетгандек. Кўнглинг тобора равшанлашади, қуёшнинг шу биргина жилоси қорачиққа қуйилиб оқиб, қалбда ажойиб таассурот уйғотади.
Мен қирга қараб йўл солдим. Артоф сокин, шу қадар жимжитки, баногоҳ от кишнаб қолса, тоғ-тошларга акс садоси урилиб қайтади.
Ўнг томонда дара, берида яшил барқут ёпинчиқ ёпинган яланглик қуёш нурида ажойиб товланиб, атрофга ўзидан зангори яшиллик тарқатмоқда эди. Кўркам ва азамат тоғлар… Қуйида қир-адирлар ястаниб ётарди. Ҳам пойимда тизза бўйи майсалар ичида бош кўтарган такасоқол… Барчаси шаксиз, беқиёс гўзал… Томирларимга бир жило қуйилади. Бу жило энг сўнгги муаззам томиримга омон етиб боргач, мен чандон тетиклашаман. Бу шундай бир ҳис эдики, шаҳар кўчаларида улоқиб, димиқиб кетгган, сўнг тоғ қўйнига тушиб қолгач, бу мусаффо ҳаводан тўйиб, симириб нафас олаётган оний лаҳзаларда бунинг қадрига яна-да теранроқ ета бошлайсан. Бу катта-ю кичик инсонга хос бўлган бир ажойиб ҳиски, кимса айнан шу муаззам сезгиси билан бошқа ҳилқатлардан ажралиб туради. Замини зангор майсаларга ўранган адирлар қўйнида болакай каби беташвиш ва беғубор бўлиб қолгандим. Тоғлар ва даралар иси анқиган ҳаётбаш ҳаводан нафас олишга не етсин!
Қир-адирдан ўтиб, тоққа яқинлаша бордим. Тоғга етиб келгач, ҳолсирай бошладим – чўкка тушиб ўтириб қолдим, ғир-ғир эсган шамол жонимга оро кириб, бир йўла узала тушиб ётдим. Кўкда қаймоқранг булутлар худди осилиб тургандек, муздек ҳузурбахш ҳаводан тўйиб сипқордим. Энамни ҳам, Отамни ҳам буткул эсдан чиқариб, ташвишдан холи анча ётдим. Оромбахш ва беқиёс дилтортар тоғ ҳавоси мени шу қадар жодулаган эдики, ўшанда мен бу ажойиб ўлкада бир умрга қолмоқни орзулаганим рост эди.
Бир маҳал аллақандай ёқимли садодан ўзимга келиб, атрофга қулоқ солдим. Куй янада жаранглаб эшитила бошлади. Ўрнимдан туриб, куй таралаётган томонга қараб юрдим. Мен турган тоғ деярли баланд эмас, пастга разм солиб қарагандим, ажойиб манзарага кўзим тушди. Тоғ тепасидан қараган чоғим, пастлик кўзимга бир бошқача кўриниб кетди. Майсалар оралаб сурувлар ўтлашарди. Куйни эса сурувларнинг эгаси чалаётган эди. Беҳисоб сурувлар бунда гўё дўмбира садосига маҳлиё бўлиб, мароқ билан ўтлашарди. Чўпон дўмбирани шу қадар берилиб, моҳирона чалмоқда эди-ки, буни эшитган кимса, беихтиёр ўша тўлқин ичида оқар эди. Тоат-ибодат маҳали инсон қалби нақадар сокин бўлса, мен турган тоғ ҳам, беҳудуд осмон ҳам, бепоён замин, ястаниб ётган пастлик ҳам шу қадар осойишта эди. Бутун борлиқ фаромуш тушиб, дўмбира садолари таъсирида лол қолганди. Атрофда муамбар шамоллар сочимни елпиб, юзимни беозор силаб ўтади, сўнг чўпон бобо отининг ёлларини оҳиста тарай бошлайди.
У мароқ ва иштиёқ билан дўмбира чаларди. Назаримда ўзи чалаётган куйнинг тўлқинига ўзи қўшилиб оқарди. Ниҳоят бироз ҳирқироқ, аммо одамга хуш ёқувчи, бағоят ҳузурбахш товушда куйлай бошлади у:
Сокин тоғлар қўйнида,
Қир-адирнинг бўйнида,
Нола қилгин дўмбирам,
Битсин кўнгилда ярам,
Куйла-куйла дўмбирам,
Етсин Худога нолам!
У шу қадар берилиб, мафтункор ва ширали овозда санъаткорона куйламоқда эди-ки, этим туйқус жимирлаб, оҳанг танам ичра кезиниб етти мучамни алқаб, томирларим ичида оқди. Бу жило сўнгги муаззам томиримга етиб борганида, мен ҳушёр тортдим…
Коса-коса бўз ичиб,
Бўзлаб кетган болам-а!
Дунё ташвишдан кечиб,
Тузлаб кетган болам-а,
Нола қилгин дўмбирам,
Битсин қалбдаги ярам,
Куйла-куйла дўмбирам,
Етсин Худога нолам.
Новча бўйли, хиёл эгилган, елкали ва басавлат, ёши эса етмишга оғиб қолган бу кишининг кўркам гавдаси, бир пайтлар навқирон йигит бўлганлигидан далолат бериб турарди. Мен яна қулоқ сола бошлайман.
Оҳ десам-ов, оҳ десам,
Оҳим Худога етмас,
Қўлим кўкларга чўзсам,
Олис осмонга етмас,
Ғам-андуҳим битмас,
Куйла-куйла дўмбирам,
Битсин қалбдаги ярам,
Етсин Худога нолам.
Унинг ноласи беқиёс ғамгин ва мунгга тўлиқ эди. У катта-катта кўзларини олисларга тикиб куйлайверарди. Аминманки, у ён атрофига қарамасди, ҳеч бир зоғни кўрмасди, фақат куйлар эди. Берилиб куйлар эди. Унинг хониши мени ҳайратга солди. Бу хонишда недир яширин эди.Чиндан унинг қайғуси мислсиз эди.
У куйламоқдан тўхтаб, туйқус ҳўнг-ҳўнг йиғлай бошлади. Кўнглим бузилди. Бу дилгирликдан қаддим хиёл букилиб, елкам қисилиб қолди. Умримда бундан кўра қайғулироқ ва мотамсаро ҳолни кўрган эмасман. У чўкка тушиб, дўмбирасини даст кўтариб кўксига босди. Гўё ўзининг буд-шудини шу тилсиз оғочга бераётгандек, қалтироқ қўллари билан дўмбирани тағин маҳкамроқ қучоқлади, сўнг кулфатини ичига сиғдира олмай яна йиғлади. Кўнглим тағин бузилди. У шу қадар мискин, шу қадар тушкун, шу қадар маъюс эдики, қаъримда бир оташзабаржон жўш мени сергаклантириб қўйди.
Қалбининг қат-қаъридан отилиб чиқаётган оташли йиғи кўксини ёриб юборгудек шиддатли ва асов эди. Басавлат кўринган кимса бир зумда кўз ўнгимда ёш болага айланиб қолди. Унинг қайғуси мислсиз, қаъридан отилиб чиқаётган йиғи эса тўхтатиб бўлмас сел тошқини каби эди.
Шунда сурувлар ичидан чиқиб келган ит, эгасининг ғам-андуҳга тўла юзига тикилди. Кейин бир умрлик қадрдон дўстининг оёғига тумшуғини босиб, искаланди. Бир дақиқа жимлик чўкди. Чол йиғидан тўхтади, менинг кўнглим тағин бузилди. Чўпон дўмбирасини ёнига қўйди. Унинг ранги бўз сингари оқариб кетганди. Қўллари дағ-дағ титради. Ити бўлса безовта, бир жойда икки-уч бор айланиб, сўнг эгасининг ёнида тўхтади. Думини қисиб, бошини осилтирганча, эгасига термулиб турди. Бечора чол туйқус нимадир ёдига тушган каби ўрнидан турди. Ўзидан анча илгарилаб кетган сурувларига қаради. Унинг бу туришида адоқсиз дард ва аянчли қайғу мужассам эди. Ниҳоят дўмбирасини қўлига олиб, сурувлари томон қайрилди…
Бу дилгирликдан ўзимга келолмай, қаддим дол туриб қолгандим. Сурувларни ҳайдаб чўпон бобо ҳам олислар томон кета бошлади. Мана, ниҳоят, энг сўнгги нуқта ҳам кўздан ғойиб кетди. Кўз ўнгимда фақатгина бепоён замин, беҳудуд осмон, сервиқор тоғ нақш эди. Қуйида қирлар бора-бора, тобора пастга эниб, бепоён дашт яланглигига туташиб кетганди.
Мен эса ҳафсаласиз, эзгин ва тушкун қиёфада энам ва отамнинг ёнига қайтдим.
– Вой болам-эй! Қаерларда юрибсан?- Сўради энам.
– Айланиб келдим.
– Отанг ширбози сўйди, тандир кабоб ҳам пишди, сендан бўлса дарак йўқ. Энди излашга тушаман, деб турувдим.
– Ие-е бу нимаси! -дейман энамга қараб. У бўлса:
– Ҳа-да, қарайман, ҳа деганда сендан дарак йўқ, жоним чиқиб кетди-ёв, дейман. Ичимга ғулу тушиб қолса, адашиб нетиб қолдингми, деб ўйладим.
– Йўғ-е, ваҳима қиманг, бу ерлар менга отнинг қашқасидай…
– Билиб бўлами.
Шундай қилиб дастурхонга тандиркабоб тортилди.
Бироқ қулоғим остида чўпон бобо ҳалиям дўмбира чертмоқда эди. У чалган куй, у куйлаган қўшиқ ҳамон атрофимда тарала бошлади.
Энам чой дамлагани чиқиб кетди. Мен отамга қарайман: у ширбоз кабобни ҳафсала билан чайнаб ютди, кейин ўзига тикилиб турганимни кўриб:
– Ҳа, овқатдан олмайсанми? Шу десанг, ўзи ширбоз сенга атаб сўйилди. Мазаси менинг оғзимда қолди. Қани ол! – деди мени ейишга ундаб.
– Мана еяпман.
– Қани еганинг?
Мен кабоб ейишга тушдим.
– Катта,- дедим бироз ўтгач, – шу атрофда дўмбирачи чўпон борми?
У менга қаради. Гўштни еб бўлгач, суягини дастурхон четига қўяркан:
– Ҳа, Сатторбойни айтяпсанми?-деди
-Отини билмадим-у, лекин жа яхши куйларкан-да.-дейман.- Боя айланиб олисларга кетиб қопман денг. Унинг айтганларини эшитсангиз…
– Эшитганман, эшитганман.
– Бундан чиқди уни таниркансиз-да,- сўрадим, бироз кўнглим ёришиб. Чунки мунгли қўшиқ эгаси ҳақида нимадир билгим келмоқда эди.
-Нега танимай, жа танийман-да.
У шундай деди-ю, ёғли қўлларини ялаб бўлгач, бошини қуйи эгиб, хаёл суриб қолди.
-Нега танимай, танийман, танийман..- дея такрорлади яна.
Очиғи мен ундан бирор қизиқарли ҳангома эшитишни ҳоҳлардим. Бу истак шу қадар кучли эдики, менда бир ажойиб умид туғдирди. Орада энам чой олиб кирди. Пиёлаларга чой қуйилгач, бирин-кетин чой узатилди. Отам чойдан ҳўплаб:
– Ҳа қизим-а, кўпдан унут бўлган бир воқеани ёдимга солдинг-да, – деди.
– Мен сенга айтсам, – у пиёласидаги сўнгги қултум чойни ҳўплади, сўнг бўш идишни дастурхон четига тўнтарди ва бир ҳикоя айтмоққа чоғланди. – У пайтларда мен анча тетик эдим. Баҳор бўй-бастини кўрсатиб, кунлар ҳам исий бошлади. Энанг шаҳарга отланиб қолди.
Ҳалиям бу кимсасиз дала-даштда бир ўзи ёрилиб кетмайдиям, борса-бора қолсин, деб энангни шаҳарга жўнатдим.
Чой ичгим келди, чойдишга сув солиб, ялангликда қайнатдим. Ўртада ўт чарсиллаб ёнади. Бирпас ўтиб чойдишим вақар-вуқур қайнай бошлади. Мен чой дамлаб, дастурхон ёздим, нон, туршак, новвот олиб келдим. Шундай қилиб, ялангликда тушлик қилгач, дастурхонни йиғиштирмай, эриниб чўзилдим. Ҳаво ҳам ёқимли, атроф эса жим-жит. Офтоб сингган тупроқ иси димоғимга урилади. Қишдан безган кезларим ўзимга далда берганим эсимга тушди. Ҳа Раҳматбой, шўрингга шўрва қуйиладиган бўлди. Қорли, изғирин кунда дала –даштда, қўйларни боқаман деб, музлаб қолмасанг гўрга. Кейин ўзимга далда бўлиб, ҳа пича чида, бу совуқ кунлар ўтар кетар, деб қўяман. Шуларни эслаб, баҳор келганига шукур, дейман ичимда. Борлиқ бошқача, осмон тиниқ, атроф эса жим-жит. Яна нима керак сенга дейман ўзимга ўзим. Кенг далага қараб кўнглим яйрайди. Бир ойдин булоқдан сув ичгим келиб қолди. Бир тўлғама ҳаво учади, иси хуш ёқиб, димоғимда қолади. Олисда кеккайган қоялар бир-бирига елка тутган. Устида худди олмосдай кўзимни қамаштириб, қорлар ярқираб турибди.
Отим кишнади. Унинг бу кишнови тоғ-тошга акс-садо бериб атрофга қайтди. Шамол эса унинг ёлларнини ва думини тарай бошлаганди. Тоғ чўққилари тепасида кезинаётган булутлар бўз парчалари каби атрофга тарқала бошлади. Бир пайт машина овози эшитилди. Ўрнимдан туриб қарасам, уйим томонга қараб келаётган қандайдир уловга кўзим тушди. Ниҳоят отарга-туёқларга озуқа ортилган машина келиб тўхтади.
Машинадан ферма мудири, унинг кетидан басавлат бир киши тушиб келди. Мен мудир билан кўришгач, унинг ёнида турган киши билан сўрашгани қўл чўздим.
– Раҳмат ака, сизга шерик, ёрдамчи чўпон олиб келдим. Бир ўзингиз қийналаётувдингиз, мана энди биргалашиб боқасизлар.- деди мудир менга қараб.
Мени Сатторбой, деган чўпон билан таништирди.
Сатторбой оқ-сариқдан келган, басавлат, сочлари малла-ю, лекин кўзлари қора, кенг елкали, чайир бир киши эди. Юзининг чап томонида холи ҳам бор.
Мен ёрдамчи чўпон келганидан суюниб кетгандим.Чунки мана икки йилдирки, шу тоғ қўйнидаги кимсасиз даштда бир ўзим чўпонлик қиламан. Мен унга қараб:
– Ҳали Худо хохласа, оға-инилардай бўлиб кетамиз, -дедим.
– Раҳмат ака, Худо хохласа шундай бўлади, – деди уям суюниб.
Мудир менга қараб айтди:
– Ем-хашакни туширсангиз.
Мен молларга олиб келинган озуқани қўрага босдим.
– Қани, ичкарига киринглар, бўлинглар,- дейишимга қарамай, мудир ҳайдовчисини шошилтирди:
– Қани тезроқ бўл, мошинни тикка бошқармага ҳайда, мажлисга етиб боришим керак.
Мен Сатторбойни уйга чорладим. Оиласи учун икки хона ва даҳлизни ажратиб бердим.
Эртасига у оиласи ва жами кўч-кўрони билан кўчиб келди. Жуда ажойиб киши эди бояқиш. Мен сенга айтсам, – деб отам менга қараб олди, кейин яна ҳикоясида давом этди.- Лекин феъли бир хийли эди. Шу десанг, эртадан кечгача лом–мим демай, индамай юради. Баъзан бир гапга тушиб кетса борми, уни ҳеч тўхтатиб бўлмайди. Мард, чўрткесар, азамат киши эди.
– Сиз у билан кўп бирга қўй боқдингизми?- сўрадим қизиқсиниб.
– Етти йил бирга боқдик. Ўғли ўлгандан кейин бошқа отарга ўтиб кетди.
– Ўғли, ўғли нега ўлди?
– Ҳа, пешонасида биттагина ўғли бор эди, шўрликнинг…
Отам уҳ тортиб яна гапирди.
– Ўша пайтларни ҳеч эсимдан чиқаролмайман. Ўғли тушмагур Сатторбойнинг бошига кўп ташвишни ортиб кетди, раҳматлик.
– Яхши бўлмапти. Нима бўлганди ўзи?
– Ҳозир айтиб бераман.Унинг турмушга чиққан эсли ва чаққонгина бир қиз-у, бир ўғли бор эди. Қизини Гавҳарой деб чақирарди. Ўғлининг оти Шавкат эди. Шу ўғли хўп ажойиб бола эди-да, йигити тушмагур, хўп аломат эди. Сатторбой иккимиз уни жуда-а эркалатиб юборгандик. У шундай зийрак, шундай абжир эди-ки, кўркамлигига таҳсин ўқийсан.
– Рости мени қизиқтириб қўйдингиз. Ҳалиги ўша Шавкат деганларига…
– Ҳа, ўзиям аломат бола эди-да. У ҳам худди отасидай хушбичим, баланд бўйли, келишган қадди қоматли йигит эди. Кенг елкаси кўчманчи чўпонларда учрайдиган, қийинчиликларга бардош бера олишидан дарак бериб турарди. Офтоб нури сингиб кетган кенг пешонасида малла сочлари тушиб турарди. Яна юрганда шахдам, тетик қадам ташлаб, ўзига ишониб юради, бу унинг бошлаган ишини охирига етказа олишига бир ишора эди. Аслида ҳам шундай эди. Эҳ, унинг жилмайганини бир кўрсанг, болалардай беғубор жилмаяди де. Худди отасидай сочлари малла, лекин қош-кўзи қоп-қора. Кўзлари бознаб турган чўғдай порлаб турарди. Бу унинг жўшқинлигидан далолат эди. Бу чарақлаш қизларни ўзига мафтун этарди. У чиндан кўркам, басавлат йигит эди.
Бир кун де, қўрадан бир серкани олиб келиб, ялангликка қўйиб юборса… Қани буёғи нима бўларкан деб турибмиз. Шунда у отнинг устига чиқиб, йўрттириб кетди… От устида чапдастлик билан ялангликда қочаётган серкани, яна де, чап қўлида орқа оёғидан ушлаб ўзига қарата тортди-ю, сўнг уни кўксига маҳкам босди.
Мен қойил қолдим.
– Асл чавандоз, чапдаст бўлади, яша Шавкат ўғлим, – дедим.
У бизга қараб, кулиб турарди.
-Ҳей Сатторбой, келинга айт, ўғлингининг кўйлагига кўзмунчоқ қадаб қўйсин,- дедим.
У гапимни маъқуллади. Шу пайт биз томонга яқинлашиб келаётган бир отлиққа кўзимиз тушди. Одил чўпоннинг ўзи келиб бизни қишлоққа тўйга айтиб кетди. Тўнғичини уйлантираётган эмиш.
Эртасига биз тўйга отландик. Овулда у пайтлар тўй кундузи бўларди. Бизни мезбонлар хуш кайфиятда кутиб олишди. Мен билан Сатторбойни сийлаб тўрга ўтқазишди. “Женг-женг, олингис-олингис“ бошланиб кетди. Катта лалитовоқда билқиллаган бешбармоқ, яна де хамири уч-тўрт дона, лекин усти қазига тўла.
Одилнинг ўғли катта шаҳарда ўқиган эмасми, куёв жўраларининг кўпи Сармарқанддан келган.
– Қани, куёв жўралар
Омад, омадат гардам,
Қадди қоматат гардам,-дан бошланглар-чи, дея тегишади катталар.
Йигити тушмагурлар бўлса бўш келмайди.
-Чол бовалар, тек турсанглар-чи:
Олди, хушимни олди,
Журагимга ўт солди – дан бошлаймиз дейди. Гуриллаган кулгу кўтарилади.
Ўйин-кулги бошланиб кетди. Қариндош-уруғлар келин-куёвга туёна улашди. Бўза ичдик.
Кейин чавандозлик бошланди. Ютганларга сарпо улашилди. Бизнинг Шавкат ғолиб эди.
Кейин ёшлар базми бошланди. Қўлдош бахши дутор чалиб, хониш этди.
Ҳеч эсимдан чиқмайди: қизлар бир томон, ўғиллар бир томон бўлиб ашула, лапар айтишди. Оппоқ, икки ёноғи қип-қизил, бир сулув қиз бизнинг Шавкатнинг ёнига келиб, қўшиқ айтиб қолса бўладими. Қизи тушмагур берилиб ашула айтди. Кайфим бормасми, у айтган қўшиқнинг маъносини англаёлмайман. Шавкат азбаройи уялганидан, бурнининг учига довур қизариб кетди. Мен унга қараб тегишдим.
– Хўш қалай экан? – пичирладим қулоғига.
– Сулув экан.
Ҳа, қизи тушмагур бағоят чиройли эди. Баланд бўйли, кўзлари бахмалдай қоп-қора, нигоҳлари ўтли. Оҳуникидек ҳайратли. Шавкат ундан кўзини узмай тикилиб қолганди. Қиз ҳам орада ашула айтаётиб унга қараб қўяди. Кейин у дугоналари ичига кириб кетди. Азаматга қарайман, у хаёллар ичида сузарди. Анчагача шу тахлид жимиб қолди.
Тўйдан хуш кайфиятда манзилу маконимизга қараб йўл солдик. Тоғ ҳавоси бир бошқача, биласан. Кундузи қуёш нурини аямайди, ер кўпчийди. Кеч киргач, салқин, муздай ҳаво одамни жунжиктиради. Биз йўлга чиққанимизда шом тушай деб қолганди. Лекин мағриб томонга энган ой чароғон эди. Беҳудуд осмон денгизида митти юлдузчалар чамандай бознайди. Чароғон ой, ҳам порлоқ юлдузлар қор қопланган тоғлар устини шуълалантириб, қизартиргандай. Ҳа кучингдан, дейман ўзимча. Олисда жарликлар бироз қорайиб кўринаётир. Атрофимиздаги рутубат ўнқир-чўнқир қояларга илашиб-туташиб, сингиб кетяпти. Яна де, енгил эсган шамол отларимизнинг ёлларини тараб, елпийди. Отлар эса зўрға қирга чиқмоқда эди.
Тўйдан хуш кайфиятда қайтаётганимиз учун, бўза таъсиридами, томиримда бир жўш қайнаётгандек, шунданми вақтим хуш эди. Шавкат ҳуштак билан “Мустаҳзод”ни чалиб қолса.
– Ҳа, кучингдан-эй!- дедим.
У менга бир қараб қўйиб, яна хуштак чалиб кетди. Эҳтимол унинг хуштак чалиши, болаларга хосдир, лекин ташвишлардан холи, кенг ва бепоён, бунинг устига жим-жит она табиат қўйнида болага айланиш табиий-да, аслида.
Пастликка эниб тушдик. Димоғимга муздек ҳовур урилди. Отимнинг жиловини маҳкам ушлаб, сўнгги бор унга қамчи солдим. Узоқдан отар кўзимга худди дўппидек кўринди. Йўлимиз калта бўлсин учун, ўртадан кесиб ўтадиган сўқмоқ йўлдан от сурдик.
Манзилга етиб келгандик.
Беаёв калтакланган кимсадай, сулайиб ухлаб қолгандим.
– Кейин-чи, чўпон бобонинг ўғлига нима қилди? – сўрадим мен. Мен воқеанинг пироварди нима билан тугаганини тезроқ билгим келарди.
-Ҳа ҳозир, пича сабр қиласан энди. Бир кун уларнинг уйига калла суқдим. Шавкат белига камар боғлаб, бир ёққа кетмоқчи бўлиб турган экан. Кўзлари сўник, чеҳраси ҳам ғамгин, ҳам аламзада кайфиятда.
Мени кўриб:
-Саломалайкум Раҳмат бова, киринг ичкарига,- деди.
-Валайкум, валайкўм…Ҳа, йўл бўлсин ўғлим. Қайга отланиб турибсан?
-Ўзим,- деди у ва жимиб қолди.
Афтидан у менга ичини ёргиси йўқ эди. Ҳа, йўқ бўлса, йўқ-да, дейман ичимда.
-Отанг қани?
-Отам, опам иккови Гавҳар опани кўргани кетишди. Гавҳар опам ўғил кўрди.
– Э,э, унда жиян қуллиқ бўсин!
-Раҳмат.
-Қачон хабарини эшиттинглар?
– Кеча кечқурун эшитдик. Тонгни зўрға оттиришди, денг, саҳар чоғи жўнашган.
– Ўзинг-чи, ўзинг, қаерга отландинг?
У менга тикилиб қолди. Кейин индамай ерга қараб хаёл сурди. Жиндай ҳижолат чекканнамо:
– Қишлоққа. Шу денг, – у дудуқланиб. – ишим бор-да, –дейди.
-Биламан, биламан, – дейман унга тегишиб.- Тўйга бориб келганингдан буён ҳаловатинг йўқолган. Ҳаммасини биламан.
У менга ялт этиб қаради-ю, бироқ бир сўз демади. Мен эса яна ҳужумга ўтаман.
– Хаёлингнинг ўғриси кимнинг қизи экан? Бундай оғиз солиб борай десам, қайси уйга калла суқишни билмай ҳалакман. Кимнинг қизи ўзи?
У нигоҳини олиб қочиб, шаҳд билан уйдан ташқарига отилди. Мен ҳам унинг ортидан ташқарига чиқдим. У отини йўрттириб, олисларга йўл солганди.
Мен турган яланглик бағоят кенг, бу яланглик Нурота тоғ тизмаларига довур чўзилган. Берида қир-адирлар атрофни ўраб олганди. Мен таёғимни олдим-да, сурувларни яйловга ҳайдадим.
Тушга яқин чанқай бошладим. Хуржундан бидонни олиб сув ичдим, сўнг отимнинг ипакдай майин ёлларини силаб қўйдим. Атрофда гармсел юзимга урилади. Ниҳоят саксовулзорга етганда тушлик қилишга тараддуд кўрдим. Хуржундан энанг солган егуликни олиб тушлик қилдим. Бир пайт от дупури қулоғимга эшитилди. Қарасам Шавкати тушмагур, мен томонга от чоптириб, елдай учиб келяпти, де.”Ҳа бачағар-ей, умр келгур” дейман ичимда.
У етиб келгач, отдан тушиб, уни саксовулга боғлаб, ёнимга келди.
Унинг кайфи чоғ эди.
-Ҳа, ўғлим, бу дейман димоғинг чоққа ўхшайдими?
-Димоғим чоғ бова, сулувим билан гаплашиб қайтдим.
-Ие, шундай де, гапнинг олдисини айтмайсанми…
-Шундай, олдисини айтай деб турипман бова.
-Қани бўмаса, сен дутор чалиб куйла. Мен тинглай.
– Шундай қилайлик бова, димоғим чоғлигида ичимни ёрсам ёрипман-да сизга.
-Оти нима экан, кимди қизи ўзи?
– Оти Дилбар. Мавлон зоотехникнинг қизи.
-Э-э, лекин отиданам ўзи дилбарроқми дейман. Тўхта, отасини Мавлон зоотехник дедингми?
-Ҳа,
-Унда яхши одамнинг қизини танлабсан, шоввоз. Ҳа, кучингдан,- дедим унга тегишиб.
У миннатдор бўлгандек, менга қараб, жилмайиб турар эди.
Бир маҳал биздан анча илгарилаб кетган сурувлар тумтарақай қоча бошлади. Юрагимга ғулу тушди.
-Оббо, бўри ҳамла қилдимикан?- дейман хавотирим ошиб.
-Шунақага ўхшайди.
-Унда шошмасак бўмайди.
Шавкат эпчиллик билан отига минди. Мен ҳам от сурдим. Мен энкайиб, от устида кетяпман. Биз саксовулзор орасига шўнғиб кетдик. Саксовул шохлари кийимимни дабдала қилгандай. Отимга тасанно ўқийман. У кўкрак кериб, саксовулзорни ёриб ўтди. У арраланган саксовул кундасига етиб келганда, кўкрак кериб, кундадан сакраб ўтди. Мен Шавкатнинг кетидан сурувлар томон етиб келгандим. Бўри бир нимжонроқ қўйга ҳамла қилган экан. Шавкат эса, қинидан пичоғини суғуриб, нақ бўрининг бўғзига отди. Бўри тил тортмай, жон таслим этди. Қўй эса жон ташвишида иҳрамоқда эди. Шавкат қўйнинг ёнига борди.
-Бова, қўйни ҳалолламасак бўлмайди.Тирик қолиши гумон.
Мен шартта қўйни бўғизладим.
Орадан пича кун ўтди. Сатторбой негадир кўринмади. Мен унинг уйига калла суқдим.Унинг кўзлари безовта эди: негадир уҳ тортди, кейин у ёқдан бу ёққа бориб келди.
-Тинчликми?
– Раҳмат ака, кўнглимга қил сиғмайди, шу чоққача Шавкатдан дарак йўқ. Тоқатим тоқ бўлиб, бўларим-бўлди. – Сатторбой чиндан беҳаловат эди. Кўзлари бежо, ранггида ранг қолмаган, бўз каби оқариб кетган эди.
– Қаерга кетганди ўзи?
– Қишлоққа.
-Ҳаҳ, боласи тушмагур-ей.
-Ҳей бола, бўлар-бўмасга овулга қараб отланаверма, ўпкангни бос дейман, хўп деб кўзни шамғалат қилиб қишлоққа жўнаб қолади.
-Хавотирланма. Ука, ўзи ёшликда шундай бўлади. Ўзинг йигит бўмагандай гапирасан. Ҳа энди йил -ўн икки ой дала-даштда, бир тупчак уйда болани қамаб ўтирасанми?
– Бу гапингизам тўғри. Лекин ичим ғаш.
Биз ташқарига чиқдик.
Анчагача дўнгликдаги ҳарсанг устида индамай ўтирдик. Бир пайт отлиқ бир кишига кўзим тушди. Бир нуқтага тикилиб қолган Сатторбойга қараб дедим.
-Қара-чи, сенинг кўзинг ўткирроқ, кўзим илғамай турипти, келаётган ким экан?
Хаёлларга кўмилиб турган Сатторбой атрофга ялт этиб қаради.
– Э, Олим-ку! –у ўрнидан турди.
-Шом чоғи қайси шамол уни биз томонга учирди экан?
– Шуни айтаман-да, – деди у хавотири ошиб.
Отлиқ бизнинг ёнимизга етиб келди. Олим биз билан саломлашди. Кейин шоша-пиша Сатторбой шўрликка совуқ хабар етказди.
Олим аравада саксовул арралаб келаётган экан, йўлда Шавкатни учратади. Шавкати тушмагур жононининг олдидан хуш кайфиятда, хаёллар ёбонида чайқалиб келаётиб, фалокатга учраган. Жарликнинг ёнидан ўтаётиб, пастга қулаб тушган. Бу тақдир ўйиними, тасодифми, ҳар тугул, отнинг туёқлари сирғалиб, аввалига жарнинг четига осилиб қолади, кейин бир йўла пастга Шавкат иккиси қулаб тушади.
-Бир хийли бўлиб турувдим. Бекорга эмас экан,- деди Сатторбой куйиниб.
-Саттор ака, шошмасак бўмайди, жардан уни олиб чиқайлик, бир ўзим уддасидан чиқолмаслигимни билиб, бу ёққа келдим.-деди Олим.
Биз шошиб, овулхонадан отларимизни олиб чиқдик. Сўнг Шавкат қулаган жарлик томон от сурдик.
Инграган овоз эшитилди. Юрак-бағрим қон бўлиб кетди. Сатторбойни-ку айтмай қўя қолай. Шавкатни уччовлашиб жардан олиб чиқдик.
Шавкатнинг моматалоқ бўлиб кетган юзига қарар эканман, юрак бағрим эзилиб, бир хийли бўлиб кетдим.
-Кейин-чи, кейин нима бўлди?
-Уни Нурота касалхонасига олиб бордик.
Мен беихтиёр уҳ тортдим.
-Оқибати жуда ёмон бўлди.- деди отам бир аҳволда.
Мен уни тушуниб турардим, шунинг учун бошқа савол қотмоққа ботинолмадим.
-Ҳамма ёғи илма-тешик бўлиб кетган эди.- Отам хўрсинди. Кейин гапида давом қилди.-Эсласам ўзимни қўярга жой тополмайман, ҳалиям Сатторбой шўрлик қуруқ савлатини кўтариб юрибдиям, Худоям сабр-қаноат бериб қўяркан мундайларга.
– Вой Худойим-эй! Шавкат ўлдими?
– Ҳа, – яна уф тортди отам. Ўлди, жувонмарг кетди, бола шўрлик, ўн гулидан бир гули очилмай ўлиб кетди.-Отам йиғлаб юборди. Менинг ҳам кўзларим шаффоф сув ичида қалқиб қолди. Сўнг маржон ёшлар юзимни ювди.
– Жуда қийналиб ўлди бола шўрлик. Сатторбой иккимиз касалхонада сарғайиб қолдик. Дўхтирлар зир-зир югуришади. Барибир ҳаётини сақлаб қолиша олмади. Унинг хушига келиши қийин бўлди. Отаси, онаси бир йўла сўниб қолди. Биз унинг бошида бир қадам ҳам жилмай ўтирдик. Ниҳоят учинчи кун деганда, у зўрға кўзини очди.
-Дилбар, Дилбар дея чақирди.
Кейин ёнида муштипар онасига кўзи тушгач,
-Опажон! – деди ҳазин ва мунгли товушда.
– Дардингни олай, опанг ўргулсин сендан, шу ердаман. Ёнингдаман – деди онаси.
-Опа, мен ўламан.
-Ундай дема, тузалиб кетасан!
Шавкат ҳолдан тойиб индамай кўзини юмди.
У кун бўйи алаҳлаб ётди. Нима деганини тушуниб бўлмайди. Сатторбой билан хотини бошларини қуйи эгиб, унинг алаҳлаганини индамай эшитарди. Шавкат азоб ичида инграган чоғ, Сатторбой бошини икки кафти билаш ушлаган кўйи унсиз йиғлаб оларди. Шавкатнинг онаси чидай олмай ўрнидан туриб, хонанинг бу четидан нариги четига бориб кела бошлади. У бу дардни кўтара олмади. Ҳушидан кетиб, полга йиқилди. Биз Сатторбой иккимиз суяб турғиздик уни, ҳамширалар бояқишни бошқа хонага олиб чиқиб кетишди.
Шавкатнинг алаҳлаши тўхтамади. Эти суягига ёпишиб, ранги чунон синиқиб кетди. Нафас олиши баттар оғирлашди. У кимнидир тинмай чақирарди, тинмай қайғурарди. Эҳ, у шундай бошқача, шудай ўзгардики, уни таниб бўлмай қолдик. Ҳамширалар унинг жароҳатига малҳам қўйиб, янги дока билан ўраб қўйишди. Сатторбой иккимиз мижжа қоққанимиз йўқ.
-Сатторбой, иним, бориб жиндай дамингни ол, ука! Шавкатнинг олдида мен тураман.
– Йўқ,-дейди у.
– Унда бирор нима еб ол.
-Раҳмат ака шу топда томоғимдан ҳеч нима ўтмайди. –дейди у кўзлари ёшланиб.
– Бир қултум бўлсаям, маставадан ичиб ол.
У тағин боши билан йўқ ишорасини қилади.
Шавкат нуқул ингранади.
-Эй Худо! – нола қилди Сатторбой.-Ўғлимнинг дардига шифо, ожиз танига қувват бер. Паноҳингда асрагин Художон!
Бир пайт Шавкат талвасага тушиб қолди. Бу ўлим талвасаси эди. Бу гал у онаизорини чақира бошлади. Бироқ шўр пешонасига онаси ҳам бехуш ётарди.
Сатторбой у ётган каравот ёнига чўкка тушиб, ўғлига термулиб ўтирар эди. Ҳамширалар онаси ҳушига келганини ай тишди.
Шўрлик она ўғлининг ёнига тиз чўкиб, узоқ йиғлади. У ўғлини эркалатган мисол, ёстиғини силади, суйди, ўғлининг тобора совуб бораётган лабларига қалтироқ қўлларнини олиб бориб силади. Кейин ўша қалтироқ қўллари билан ўғлини қучди. Кейин яна уни эркалатиб тинмай сўйланди. Ё Раббим! У ақлдан озган эди.
-Шавкат-чи у ўлдими?
– Ўлди, жувонмарг кетди.
Бир маҳал уни ташналик қийнай бошлади. Сатторбойнинг бардошига қойил қолдим. Хотини шўрлик ўғлининг дардига дош беролмай ақлдан озди. Азамат эса ўлим талвасасида. У отасининг қулидан қултум сув ичиб, жимиб қолди.
Шу бўйи бошқа нафас олмай қўйди. Унинг жони узилган эди.
Унинг ўлими онасига қаттиқ таъсир қилди. Кўп ўтмай оламдан ўтди. Сатторбой ва опаси Гавҳар эса, бир аҳволда юришди. Кейин Худойим уларга сабр-тоқатдан қўш қўллаб узатди. Орадан бир йил ўтгач, Сатторбой бошқа отарга ўтиб кетди. Шу-шу бу ерга келмай қўйди. Бу ер унга ўғлини эслатади, чамамда.
Отам шу тариқа ҳикоясини тугатди. Уни ўй босган, ғамгин ва сўлғин бўлиб қолганди. У чуқур ва оғир нафас олди. Буни хўрсиниш деса бўлар эди.
Ташқарида қуёш лутф билан тепа кўтарилган, унинг майин нурлари деразадан биз томон мўралаб, деворда ўз аксини топди. Қалбим бу ғамгин, кишини мислсиз изтиробга солувчи ҳикоядан ларзага тушган эди.
Ғам нима ўзи? Қувонч-чи? Нега баъзан бир-бирини қувлаб ўтади? Чўпон бобо қулоғим тагида ҳалиям мунгли қўшиғини куйлаётган эди. Мен ташқарига отилиб чиқдим. Қуёш тик кўтарилган, унинг нури атрофимда жавлон уриб ўсаётган бир туп буғдойиқнинг устига тушиб турар, шамол эса унинг ҳидини димоғимга ҳовучлаб пуркарди. Мен гиёҳдан кўзимни узолмай узоқ туриб қолдим. Олисда ҳалиям қўшиқ куйланаётганди. Қулоқ тутаман… Томирларимда нотаниш бир жўш кезинмоқда эди. Бу жўш чунон вужудимни ларзага солди-ки, мен худди бу ўтни тўхтатмоқчидай, пастки лабимни қаттиқ тишладим. Бироқ оғриқ азобидан азият чекканим қолди. Атрофда эсаётган тоғнинг салқин, айни пайтда ҳузурбахш, шошқин шамоллари олов ичра ёниб турган бошимни совутиб елди.
2004 йил, март.