Саратоннинг сариқ чилласида сарғайиб, кафтдек сояга, бир қултум зилол сувга ташна бўлиб бир киши йўл босарди. Йўл тугамайдигандек, осмонга тикилади. Қуш учиб ўтармикин? Қуш… ҳа, қуш бор жойда сув бўлади. Унинг қалбини шу ожизгина истак, милт этган шуъла, бир қатимгина нур олға интилишга ундарди. Йўл қанча оғир бўлмасин, уни босиб ўтиш керак. Кўзлари тўлгунча тикилади. Кўз косалари саробу ҳалқобдан тўлгунча термулиб йўл босади. Унинг кўзлари ҳам негадир ташна, ненидир қидиради, аммо, ўша кутгани, излагани ҳамон олисда, жудаям олисда бир сароб бўлиб кўринаверади. Бироқ у ортга қайтмайди. Йўл босиш керак. Қимирлаган қир ошар… бир қадам бўлса-да, олдга қадам босади. Ҳеч қандай куч, ҳеч қандай ташналик ё мағлубият унинг дунёдай кенг, тоғдай улкан, осмондек чексиз иродасию орзуларини енга олмайди. Уни етаклаётган куч нима, қандай сир-синоати бор унинг… Аммо у бутун умрини шунга бағишлаган? Бунда қандайдир кўриб, қўл билан тутиб бўлмайдиган, фақат юрак англаб ҳис қиладиган туйғугина бор. У буни билади. -Шунинг учун ҳам у йўлида собит. Манзил эса олис… етармикан?…
* * *
Қаҳратоннинг қари қиздек мумсик, кўрбигиз аёзида, бутун вужудини чимчилаётган изғиринга парво қилмай, яна бир йўловчи бормоқда. Йўлида учраган ҳар неки бор — ҳайрат билан тикилади. Аёзни қарсиллатиб, қаёққа кетаяпти бу одам? Йўл юрган совқотмайди. Буни йўлчи билади. Билгани сари жадаллайди. Мақсад бор, манзил бор, лекин қачон етиб боради, манзилгача умри етармикин? У ҳозир буни ўйлагани йўқ. Кўзига сиққунча олдинга тикилади. Бир қадам бўлса ҳам юриб қолгани унга куч беради. Юриш керак. Манзилга етмоқ керак. Эгни юпун — тўши яланг. Қор одамдек кўринади олисдан: оппоқ. Бўрон аралаш ёғаётган қор унга ўчакишгандек, унинг юзига совуқ шапалоқ тортади. Ҳар шапалоқ тушганида у яна-да олға қадам босиб бораверади. Бунга сайин тезлашаётган кимсани кўрган совуқ изғиринга айланади, бўронга дўнади. Аммо… У йўлидан бир қадам бўлсин тўхтамай, олдинга илгарилайверади. Бу йўловчи ҳам манзилига етармикан?…
* * *
Бесабаб қуш-да қанот қоқмайди. Ҳар бир ҳаракат замирида яшаш иштиёқи бор. Боғимизнинг ўртасида тут дарахтига ҳар йили мусича ин қўяди. Бола очади. Кичкина полопонлар қанот қоқиши билан шохдан шохга учирма бўлади.
Бир куни майна беозор мусичага ташланиб қолди. Она мусича қанотлари орасига боласини беркитганча нажот кутарди. Табиатнинг ўзгармас қонуни-да: кучли кучсизга кун бермас эмиш… Аммо, мусича боласи учун жонини хатарга қўйиб бўлса-да, майнага ташланди. Майна бундай бўлишини кутмаганидан саросималанди, сариқ тумшуғини очиб қочиб қолди. Инсон-ку инсон, жонзотнинг-да эрки билан ўйнашиб бўлмайди. Эрк, эркинлик онгли ҳаётнинг асл моҳиятидир.
…Қадим замонда икки мамлакат ўртасида низо чиқибди. Уларнинг бири енгилмас, аскарлари кўп ва қудратли экан. Иккинчисининг имконияти уникидан камроқ бўлиб, унга бож тўлаб кун кўрар экан. Бир ёмон кунларда довул қоқилиб, жанг куни белгиланибди. Ҳарбий жиҳатдан заифроқ бўлган томон эсанкираб, нима қиларини билмай қолибди. Шунда биринчи мамлакат подшоси унга чопар юборибди.
— Эшитдик, чиройда тенгсиз аёлинг бор экан. Уни менга берсанг, аскарларимни майдондан олиб кетаман. Олдин келишганимиздек бож-хирож тўлаб турсанг бўлди, — дебди.
Шоҳ чуқур ўйга ботибди. Бир томонда севимли ёри, бир томонда ватан. Амалдорлари билан маслаҳатлашибди.
— Не қисматки, қайси бармоғимни тишламайин, оғрийди.
Амалдорлардан жўяли маслаҳат чиқмабди. Подшоҳ хотинини беришга мажбур бўлибди. Барча ҳайратда. Бутун мамлакат шоҳни қоралабди. Ваъдага мувофиқ ғолиб подшоҳ маликани олиб кетибди. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, яна қўшин тортиб келибди. Бу сафар подшоҳдан шаҳзодани беришини, икки мамлакат ўртасида шундан кейин уруш чиқмаслигини айтибди. Подшоҳ бунга ҳам кўнибди. Бу талаб ва ижролар бир неча бор такрорланибди. Душман тараф яна қўшин тортибди. Бу галги шарт шундай бўлибди: икки мамлакат ўртасидаги чегарада сув чиқмайдиган, гиёҳ ўсмайдиган кенг яйлов бор экан. Шуни беришни сўрашибди. Подшоҳ қароримни эртага айтаман, деб хобгоҳга кириб кетибди. “Подшоҳимиз шунча нарсадан воз кечди. Уларнинг олдида бу яйлов ҳеч нарса эмас,” деб ўйлабди аъёнлари. Аммо, эрталаб подшоҳнинг қароридан ҳайратга тушибдилар.
— Маликадан, шаҳзодадан кечдингиз. Нега энди янтоқдан бошқа нарса ўсмайдиган саҳрони бергингиз келмайди, — дебди подшоҳга аъёнлари.
— Тўғри, хотиним қалбимнинг гултожи эди. Сиз айтаётган ҳар бир нарса ҳаётимнинг мазмуни эди. Улар, менинг мулким, менинг ҳаётимнинг бир бўлаклари эди. Аммо ватан ёлғиз меники эмас. Ҳа, бу ватан, бу тупроқ, сиз айтаётган ўша саҳро барчамизнинг манзил-маконимиз. Эртага болаларимиз улғаяди. Уларга жой, ватан керак. Эҳтимол авлодларимиз ўша ташландиқ ерларни бўстонга айлантирар. Агар биз ҳозир ўша ерни ҳам берсак, бизда нима қолади? Эртага авлодларга қайси юз билан қараймиз? Улар бизни кечирадими? Йўқ, мен энди уларга ҳеч нарса бермайман. Йўқотадиган ҳеч нимам қолмади. Ўлим мен учун қўрқинчли эмас. Эй, халқим кимки қўлида қилич тутолса жангга! Ё ҳаёт ё мамот!
Ўша жангда улар ғалаба қилиб ҳамма нарсасини қайтариб олишган экан. Инсон ҳар қандай хўрликларга чидаши мумкин. Ҳар қандай азобга дош бериши мумкин. Аммо, ҳеч қачон унинг эркинлигига таҳдид солаётганни, унинг озод нафас олишига чанг солаётганларни кечирмайди, шафқат ҳам қилмайди.
Бу ривоят ёши улуғ инсонлар учун янгилик эмас. Улар буни илгарилари ҳам эшитган, ўқиган, биладилар. Лекин Ватан қадр-қиммати ҳақидаги бу мардона қўшиқ мен тенги ёшлар учун янги ривоят. Ҳар қандай ривоят куч-қудрат касб этиши учун ёш авлод қалбида қайта уйғониши керак. Бу энди менинг, мен тенгиларнинг ривояти. Бу энди менинг ҳаётим, бизнинг ҳаётимиз.
* * *
Болалик… акам бу йил мактабга боради. Кеча отам олиб келган костюм-шимини кийгани-кийган. Хурсанд. Тонг саҳардан туриб олган. У энди “катта бола”. Отам шундай дедилар. Бир маҳал ичкариги уйда радио эшитиб ўтирган отам биров қувгандек ташқарига отилиб чиқди ва… туйқус йиғлаб юборди. Барчамиз қотиб қолдик. Онамнинг қўлидаги сувли челак ерга тушди. Мактаб кийимидаги акам ҳам анграйиб қолди. Отамнинг бу ҳолати онамни ҳам, бизни ҳам гангитиб қўйганди. Ўртоқларимга қаҳрамон деб мақтаб юрган одамимнинг кўз ўнгимда йиғлаши… йўқ буни шарҳлаб бўлмасди. Алпомишга тенглаштирганим, Равшандек бирор қийинчиликка дуч келсам, Ҳасанхондек йўқлагувчим… Ахир, мен Бобомни Гўрўғли, отамни Авазхон ёки Ҳасанхон, ўзимни Равшанми, Нуралими деб юрардим-да. Отимиз нега ғиркўк эмас деб бобомга ҳам, отамга ҳам неча марталаб хархаша қилганман. Менинг назаримда, улар зўр, енгилмас одам эди, ҳеч қачон йиғлаган эмасди. Бугун… отам йиғлаб турибди. Оталар ҳам йиғлар экан-да. Бола ақлим, мурғак тасаввурим остун-устун бўлиб кетди. Бобомга айтаман. Шу хаёл билан икки қадам ташлагандим-ки, отам акам иккимизни чақирди. Югурдик. Бағрига босди. Овози қалтираб шу сўзларни айтди:
— Сизлар мустақил Ўзбекистон ўқувчиларисиз. Ўзбекистон мустақил бўлди. Ҳа-ҳа, биз озодликка эришдик, болаларим. Бу кун қанча йиғласам, қанча қувонсам оз, полвонларим.
Мен ҳамон ҳеч нарсага тушунмасдим. Акам ҳам менга ўхшаб карахт эди. Фақат онам ҳаяжонини қандай ифодалашни билмай, “Вой ўлмасам” дея ўтириб қолди. Ўша дамда ҳамма нарса ўзгарганди. Аниқ билмайман, лекин “Ўзбекистон мустақил бўлди” деган сўз қулоғимнинг остида жарангларди. Тавба, мустақиллик нима дегани экан? Йўқ, ўша лаҳзада бу савол мени ўйлантиргани йўқ. Аксинча, отам нима учун йиғлади? Мустақиллик дейди, у нима экан? Воҳ, бехосдан: у нима экан деган савол миямни чақмоқдек ёриб ўтди. Демак, мустақиллик мен тушунмайдиган, билмайдинган, лекин жуда улуғ, қандайдир буюк одам, ҳа мен ўшанда мустақилликни одам деб ўйлаганман. Уни кўришни жуда-жуда истардим.
Орадан маълум вақт ўтиб, отам акамни қўлидан ушлаганча қишлоқ кўчасидан кетиб борарди. Акам… Эгнида янги кийим. Отам… Ўша ҳолат ҳамон кўз ўнгимда, у бошини мағрур тутганча, виқор билан қадам ташларди. Ўшанда ёлғиз отам эмас, қишлоқда тағин бошқа оталар, боболар ҳам йиғлаган экан. Буни кечқурун болалар бир-бирига айтиб беришди…
* * *
…Ҳар ким ўз элида бекдир, тўрадир, Бек Алпомиш яратгандан сўради…
— Менга қара, сен мактабда ўқийсанми? — деб қолди бобом.
— Ҳали кичкинаман-ку…
— Шунақами… Ҳозир эшитганларингни бировга айтиб юрма.
— Нега? — дейман ҳайратланиб.
— Катта бўлсанг тушуниб оларсан…
Чуқур хўрсинади. Яна бир гапни кўп такрорларди:
— Ҳар бир ўзини ўзбекман деган одам Алпомишни ўқиши керак.
Бу сўзларни насиҳат десам насиҳатмас, ўгит десам ўгитмас, булар шунчаки бобомнинг мени ўз тенгдошидек билиб айтган сўзлари эди.
Бобом бирор жойда ўқимаган, аммо дунё кўрган билимдон одам эди. “Мендан эшитганларингни бировга айтиб юрма”, деганларининг сабабини ҳам, отамнинг йиғлаганининг сабабини ҳам сўнг англадим. Буни отам айтиб берди. Бобом илгари қўлдан келганча, ўзи айтганидек, томоқ етганча бахшичилик қилиб турар экан. Албатта, ном қозониш учунмас, шу дили яйраганда, ҳа, тоғнинг одами-да… Мен туғилмасимдан анча аввал бир сангардагининг тўйида қизиқ-қизиқ билан бобом уч-тўрт терма айтади. Кечқурун эса… уйга иккита одам келади. «Кишиларни эски ривояту афсоналар билан чалғитаяпсиз», деб айб қўяди ва… юзхотир қилиб, кечиришади. Хуллас, келганлар бобомдан икки энлик «Энди такрорламайман», деган мазмунда хат олиб кетишади. Бунга гувоҳ бўлган отамнинг қалби ўксийди. Отаси бировнинг олдида елка қисиб туриши… отамга қаттиқ ботади. Эҳтимол, шу боис отам бизни лол қолдириб, йиғлаб юборгандир. Ҳарҳолда, кап-катта одамнинг кузёш қилишига ҳам гоҳо етарлича сабаблар топилади…
* * *
Ҳар бир исмнинг ўз маъноси, тарихи бор. Масалан, Аваз… Она қорнида овоз бергани учун шундай исм берилади. Суннат, Мусурмон, Қудрат, Зиёдулло ва ҳоказо. Менинг исмим ҳам шунга ўхшаш.
Отам менга гувоҳнома олгани борганида, шу ҳужжатни берувчи масъул шахс кўнмаган.
— Ака, сизни танийман. Бир қишлоқнинг одамларимиз. Фақат илтимос, бу исм бўлмайди. Бошқа исм қўяйлик.
Отам зиёли, барчасини тушунган. Рози бўлишдан бошқа иложи йўқ. Исмим… асли Наврўз. Чунки 21 мартда туғилганман.
Бу яқин ўтмишнинг воқеаси. Орадан уч йил ўтиб, қишлоғимизда Наврўз исмлари кўпайиб қолди. Уларни кўрсам, қалбимда ифтихор ва шу билан бирга ўксиниш бўлади. Байрамнинг бунга нима алоқаси бор, денг? Қаттол шўролар -тузумининг хотирасини ўчириш, унинг маънавиятига заҳм етказишнинг ҳар қандай йўлларини қилишган экан-да.
Давр ўзгарди, инсоннинг тафаккури тиниқлашди. Барибир… бола тасаввурим ҳамон ўша. Ҳамон отамнинг ўша ҳолати кўз ўнгимда. Ватан ҳақида китоб ўқиганимда, қўшиқ эшитганимда ёки бирор бир юртдошим дунё саҳнасига чиққанида, умуман Ўзбекистон номини эшитганимда, беихтиёр отамни эслайман. Демак, ватан ота дегани эмасмикан? Болалилигимизда барчамизни отамиз елкасига миндириб: “Қара, дунёни бўйла болам”, демаганмиди? Шу овоз, шу ишонч юрак-юрагимизга кириб кетмаганмиди? Олманинг остига олма тушади. Қонида беклик бор халқ барибир бек бўлади. От айланиб қозиғини топгандек, вужудда кезиб юрган руҳ, оқиб турган қон барибир бир кун келиб кимлигини айтади. Айтди. Буни тарих исботлаб берди.
Саратоннинг сариқ чилласида йўл тортган бобом эмасмикан? Қаҳратоннинг қаҳрига қарамай шиддат билан йўлдаги йўловчи… У ҳам бобом эмасмикин? Боболарим эмасмикан? Уларнинг қалбидаги ташналик, кўксидаги олов истиқлол эмасми? Оловдай ловуллаб турган саҳро, бўрондай шовуллаб турган чексиз аёзлик, бу ўтган йилларнинг, ўтган боболаримнинг умрлари эмасми? Улар излаган манзил, улар интилган ёруғлик, саҳродаги қумлардан-да кўп машаққатлар, қаҳратондаги қордан-да кўп уқубатлардан ҳам азизроқ, буюкроқ мустақиллик эмасмиди? Уларнинг юрагида ниш урган куртак улкан дарахтга айланди. Улар қадаган ниҳол бугун чинорларга айланди. Бу кунлар осмондан тушгани йўқ, ердан ҳам униб чиққани йўқ. Бу куннинг ҳар бир лаҳзасида, ҳар бир нафасида қанчадан-қанча эркка, озодликка ташна ўтган боболаримнинг умрлари бор. Уларнинг шонли йўллари бор.
Мустақиллик майдонида фарғоналик бир отахон билан суҳбатлашиб қолдим. У “Мотамсаро она” ҳайкалига узоқ тикилиб қолди. Сўнгра менга бир гапни айтди:
— Бу менинг онам. Тўрт акамни урушга жўнатиб, иккитасини ярим жон ҳолида қучиб олган, иккитасининг қайтишини бир умр кутган онам бу. Бунча ўхшайди-я, — отахоннинг мижжалари ёшланди. Кейин менга “Бахтиёр она” ҳайкалини кўрсатиб гапида давом этди. Сенинг онанг ана. У Сенларнинг оналаринг шу бахти бутун она. Бор, онангнинг олдига бор. Лекин, менинг онамни ҳам унутма…
Мен ундан исмини, ёшини сўрамадим. Негаки, мен учун унинг исми ўзбек, ёши шу халқнинг ёши билан тенг. Ўзбек қанча қадимий бўлса, у ҳам шунча абадийдир. Мен унда бутун Ўзбекистонни кўргандай бўлдим…
Мустақилликни бир вақтлар одам деб тушунгандим. Ҳозир ҳам у мен учун энг буюк одам.
Эй, сен менинг буюкларимни қувончдан йиғлатган кун. Эй сен, мен суянганларим сенга суяниб, сенинг келишингни севинч ёшлари билан кутиб олаётган улуғ сана. Мен айни шу санада заминга томир ташладим, мангу илдизларимга туташдим гўё. Мен сенга топинаман! Саратонда совқотган, қаҳратоннинг қаҳрига қарам бўлмаган боболарим ҳаққи, мусича боласи учун қилган жасорати ҳаққи, неки онгсиз мавжудотлар ўз гўшаси учун курашганлари ҳаққи, отамнинг йиғлагани ҳаққи, энди доимо мангу бўл!
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 26-сонидан олинди.