Ҳаётнинг топишмоғини ҳар ким ўзича ечади. Ер юзида қанча одам бўлса, шунча ҳаёт ва шунга яраша ҳикмати бор. Бобом бир сўзни кўп айтарди: От минган ҳам йўл сўрайдими?…
Бир сафар, унда бола эдик, момом мен билан амакимнинг ўғлини ёнига чақириб майиз, қанд-қурс бераркан, шундай деди:
— Кеча бобонгни хафа қилиб қўйдим. Бечора тонггача йиғлаб чиқди. Эрталаб ҳеч бало емади. Бориб қаранглар-чи, қаёқларга ғойиб бўлдийкан.
Биз югуриб кетамиз. Кўчада, Сафар бобонинг уйи олдида суҳбатлашиб ўтиришган экан.
— Бобо кеча йиғладингизми? — дедик.
Бобомнинг жавобини кутмасдан яна гапирдик. — Момом айтди, эрталабдан каёққадир ғойиб бўлган экансиз…
Ўшанда бобом бизга пул бериб шундай дегандилар:
— Бориб сақич олиб чайнанглар, зора оғизларинг бир оз ёпилса. Ҳа, кейин момонгга айтгин, ўладиган ахмоғи йўқ. Устига яна битта кампир олмасам, юрган эканман.
Кейин нима бўлди денг… Ўша оқшом бобом билан момом яраш оши қилишди.
— Сизларни соғинсам, кампиримга бир икки-мушт тушириб қўяман. Албатта, кўзга ташланмайдиган жойига. Шундай қилмасам, биттанг хабар олмайсанлар, — деганди бобом.
Момом унга жавобан:
— Сизларни ўйлаб ярашдим… бўлмаса…
Эрталаб шаҳарга қайтаётгандим, момом яна қурт, туршак, қанд-қурс берди.
— Бобонг кеча яна йиғлаб чиқди…
— Ҳалиям-а?..
Момом бошини эгди. Кўзидан икки томчи ёш юзига думалади.
—Тушундим. Ҳозир…
Кўчада бобомни учратдим…
— Кеча яна йиғлабсиз…
—Ма, яхши кўрган қизингга сақич олиб бер…
Бобом бир сиқим пул узатди. У гапиришга оғиз жуфтлаган эдики, маҳкам қучоқлаб олдим…
— Бобо, сизни яхши кўраман…
Биз катта кўчада узоқ суҳбатлашиб қолдик.
— Бундан анча йил бурун, онам оламдан ўтганида, кўниколмай бағримни ерга бериб ётганман. Ўшанда шу момонг бошимни кўксига олиб, онамдай менга эртаклар айтиб берган. Бугун ёшим бир жойга бориб шуларни ўйлар эканман, момонгни умри узоқ бўлсин, деб тангридан сўрайман, болам. Бизнинг урушишимиз, аслида меҳримиздан нишона. Биз мана шундай, урушиб, ярашиб эллик йил яшаб қўйдик. Агар билсанг ғиди-пиди қиб турмасак, урушмасак, худди бир-биримиздан кўнглимиз совугандек бўлиб қоламиз… Биз шунақамиз, болам…
Ўйлаб кўрсам, уларнинг ўзига хос турмуш ўйинлари бор экан. Биз ўзимиз билмаган ҳолда ўша ўйинлар таъсирида улғайдик. Ва бу ўйинлар яшашимиз керак бўлган ҳаётда асқотиши шубҳасиз. Ахир «От минган ҳам йўл сўрайдими», деган бобомнинг бу ҳикмати энди менга сир эмас. Йўлни сен топмасанг — от топади. Тўғрироғи, ҳикмат сенга йўл кўрсатади. Йигитга от қанча керак бўлса, ҳикмат ҳам шунча даркор.
Ўйинни фақат болалар ўйнамайди. Ҳар бир инсоннинг ўз ўйини бўлади, худди кўзи, қулоғи бўлгани каби. Ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз. Майли, нима бўлса бўлсин, фақат бобо-момоларимиз омон бўлсин ва уларни яраштириб қўядиган набиралар ҳам.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 16-сон