Фарҳод Ширинни ҳеч кутилмаганда қадрдон боғда учратди. Ёнида ширингина қизалоқ. Шунда мўъжиза рўй берди: бир лаҳзада қалбининг тубига кўмиб ташлаган сирлари хаёлида жонланди, хотиралар кўз олдидан кино тасмасидек ўта бошлади.
…Улар бир-бирини университет ётоқхонасида топишди. Топганда ҳам бу учрашувдан роппа-роса икки йил ўтгандан кейингина топишди. Ўшанда баҳор эди. Ҳар томон яшилликка бурканган, ётоқхона ҳовлисида турфа гуллар очилиб, атроф ўзгача бир гўзал қиёфага кирган. Йигит-қизлар қалбида нафис туйғулар ўзини намоён эта бошлаган кунларнинг бири. Улар бир муддат ётоқхона олдидаги ўриндиқда ўтириб суҳбатлашишди. Йигит шундоққина ўриндиқ ёнидаги қийғос очилиб турган атиргуллардан бирини узиб, қизга тутди. Қиз ҳам жилмайиб қўлини узатди. Бир муддат суҳбатлашишди ҳам.
– Исмингиз нима, яхши қиз?
– Қайси қиз ўз исмини илк кўришганда айтаркан?
– Дўстона сўраяпман.
– Ширин.
– Ширин! Ростданми? Меники эса Фарҳод.
– Ҳазилни ҳам олар экансиз-да.
– Бу ҳазил эмас. Ростдан ҳам шундай. Мана, истаган одамингиздан сўрашингиз мумкин. Бу бир тасодиф, холос.
– …
Бу суҳбат кейингиларига йўл очди. Ушбу танишув ҳар иккисининг наздида тақдир иноятидек эди. Аввал дўст бўлиб юришди. Бу дўстлик муҳаббатга айланиб улгурганини улар мана шу икки йил ўтгандан кейингина билишди.
Фарҳод ва Ширин бошқа-бошқа вилоятдан, бошқа-бошқа университетда ўқир, ўшанда қиз ётоқхонага қариндошини кўргани келганди. Қариндош эса Фарҳоднинг ўртоғи бўлиб, бу барчасини шу ўриндиқ атрофига жамлаганди.
Бир куни Фарҳод унга севгисини билдирди. Бедор тунларнинг бирида дилидагини бир дунё қилиб SMSга жойлаб жўнатди. У тарафдан аниқ жавоб бўлмади. Лекин Фарҳод қизнинг ўзига мойиллигини яхши англарди. Жавобсиз SMS уларнинг яна ҳам тез-тез кўришишига сабаб бўлди. Борар манзил эса шаҳар марказидаги боғ, у ердаги ўриндиқлардан бири. Улар ҳар куни дарсдан кейин метро бекатидан чиққан жойда учрашишар, боғни айланишарди.
Фарҳод севгилисининг жавобини интиқ кутиб, ўзидан сўраб розини ололмай юрган кунларнинг бирида Ширин қўлига буклоғлик қоғоз тутди. Фақат ётоққа боргач очишини тайинлади. Фарҳод сўз берди-ю, ётоқхонага боришга сабри етмай таксидаёқ очди. Илк жумлалар уни ширин ҳислар қаърига улоқтирди. Хурсандлигидан бақириб юборди. Шофёр жинними бу дегандек бир-икки бор унга қараб қўйди. Хат эҳтирос билан бошланганди:
“Фарҳод ака, юрагимдаги бир дунё орзу-умидларимни сизга ишондим. Яна ишонганим – сиздан бошқа мени бахтли қила олмайди… Севгингизни изҳор қилган кечадан буён қалбимда бир сўз, бир гап: хўп, хўп, хўп…
Рости, ўзим ҳам бахтиёрман, чунки оппоқ, пок орзуларимни, ўзимни яхши бир инсоннинг қўлига, кўнглига топширяпман. Ўйлайманки, йиллар бўйи бир-биримизни ардоқлаб, асраб яшаймиз. Ўртадаги ишончимиз, самимиятимиз, муҳаббатимиз умримиз охиригача шундайлигича қолади. Бу қарорга келишим осон бўлмаганига ўзингиз ҳам гувоҳсиз. Лекин мен энди танладим, танлаганда ҳам ўзимга муносиб, хаёлларимда асраган, йиллар бўйи кутган инсонимни танладим. Бу танловдан, аввало, ўзим бахтиёрман…
Мениям сизники каби орзуларим кўп, бахтли бўлишни, бўлганда ҳеч кимникига ўхшамайдиган бахтим бўлишини, севикли ёрим билан ҳамиша ҳамдам, ёнма-ён, сирдош, дўст бўлишни истайман. Бу йўлда неки қийинчилик бўлса, барчасини енгиб ўта оламан, бунга иродам етади. Биласиз, бироз ўзига ишонган, ҳатто бино қўйган қизман. Мабодо, сизнинг ёнингизда ҳам шу қилиғимни қилиб қўйсам, мени кечиринг, тўғри тушунинг. Зеро, бу инжиқ кўнгилнинг нозлари, тантиқликлари менман, мен шу туйғулар билан борман. Менам романтикман, романтик бўлганда ҳам унча-бунчамас. Фақат ҳаёт менга ҳамиша бешафқат муносабатда бўлади, лекин мен унга жавобан ҳаммага, ҳамиша бахтлиман, дея уқтириб яшайман…
Оила – муқаддас даргоҳ, мен у ерга ёлғон ёки хиёнат билан кириб боришни истамайман. Мени жонимни, имонимни бутун қиладиган инсоннинг юзини ерга қаратишни истамайман. Шунинг учун қалбимни, тизгинсиз, осмонвор орзуларимни ҳеч кимга бермай келдим, юрагимни ўзгалардан, айниқса, йигитлардан қизғониб яшадим. Сизга туҳфа этаётганим, энг нафис чиннидан ҳам шаффофроқ, нафисроқ бўлган қалбимни асранг (ўзим уни ҳар доим ҳам асрай олмайман)… Шунда мен ҳам сизнинг кўнглингизни, орзуларингизни асрай оламан, ўзим истаган оиланинг бахтли бекаси бўла оламан. Сизни эса шу оиланинг шодумон беги бўлишингиз учун неки қийинчилик бўлса, барчасини енгиб ўтишга ҳаракат қиламан. Фақат сиздан бир илтимос, мени ҳеч қачон ёлғиз қолдирманг. Ёлғизликдан қўрқаман, ундан нафратланаман!
Ширин”
Шу дамда Фарҳод осмонларга учди. Атрофдаги ҳамма, йўлида учраган ким бўлсин – барчасига бахтиёрлигини айтмоқчи бўлар, Ширин рози бўлди, деб баланд овозда ҳайқиргиси келарди. Ўзига келганда, қандайдир нотаниш жойда эди. Таксидан ярим йўлда тушиб қолган экан. Бошқа машина тўхтатишга тўғри келди.
Шундан сўнг ҳақиқий севги, ҳақиқий учрашувлар бошланди. Адоғи йўқ SMS ёзишлар тунни тонгга уларди. Нима бўлганда ҳам йигит қизни ёлғиз қолдирмасликка интилди.
Кунларнинг бирида бир-бирига боқиб ўтиришганда Фарҳод қизнинг қўлидан тутиб, ўзига тортди. Ширин нима бўлганини англаёлмай қолди. Шошиб ўрнидан туриб кетди. Буғдойранг юзи қизил олмадек бўлди. Фарҳод ҳозир у аразлаб кетиб қолади, деб қўрққанди, бундай бўлмади. Ширин ёнидаги чинорга елкасини бериб, нигоҳини ердан узмай:
– Бунақа қиладиган бўлсангиз, бошқа келмайман, – деди.
– Хўп, хўп, кечир…
Улар қўл ушлашиб узоқ сайр қилишди. Бу каби учрашувлар ҳар куни канда бўлмай давом этар, қуёш ботай деганда, Фарҳод Ширинни гоҳ автобусга чиқариб, гоҳ ўзи таксида уйига ташлаб ортига қайтарди.
Тунлари SMSлар ёмғири икки қалбнинг туб-тубида ётган сўзларни бир-бири томон олиб учар, алангали муҳаббат тобора авж оларди:
“Шириним, мен сенга жуда-жуда муштоқман, мен сенга интиқман. Ҳозир сени, кулиб турган нигоҳингни, борлиғингни хонамдаги ҳар бир нуқтадан излаяпман. Девордаги сурат, стол устидаги чироқ, ўқиётган китобимдаги ҳар бир варақ… Қайда бўлмай сен кўринасан. Тутиб олай дейман-у, қўл узатсам қўлим фақат ўша совуқ жисмларга тегиб, хаёлларим чувалашади. Ҳозир ёнимда бўлиб қолсанг-у, кўзларингга узоқ тикилсам… ”
“Фарҳод ака, мен-да орзунинг покиза деворларига ҳар куни, ҳар лаҳза шаклсиз суратлар битаман, SMS лавҳалар ёзаман ва уларнинг барча-барчасини Сизга атайман. Биласизми, Сиз Ширинни эмас, унинг кўнглини, руҳини изланг, девонавор туйғуларини топинг, маҳкам ушлаб олинг. Шундагина саркаш бу қизнинг бори, борлиғи сизники бўлади”.
Кундузлари эса дарслардан сўнг уларни ўша қадрдон ўриндиқ қарши оларди. Уйқусизлик, дарслардаги чарчоқ билиниб турса-да, бир-бирини кўрганда барчаси ортга чекинарди. Шундай бахтли кунларнинг бирида худди шу жойда ўтиришарди. Бу пайтда баҳор ёзга ўрнини бўшатганди. Боғда, асосан, Европа дарахтлари бўй чўзган. Шундай дарахт бўлган ўрикнинг ҳар-ҳар жойда кўринаётган меваси пишган улар узиб олиб еб, унинг бошқача тахир таъми борлигини бир-бирига айтишарди. Елкалар бир-бирига тегиб турар, иккиси ҳам шодумон эди. Фарҳод гап жиловини бутунлай бошқа томонга бурди:
– Ширин, фарзандимиз кўп бўлади-а?
Қиз уялиб, ерга қаради.
– Нега фарзанд ҳақида гап очиб қолдингиз?
– Яхши ният, ҳаётим.
– Буёғини вақт кўрсатади.
– Биринчиси қиз бўлади. Ширингина қизалоқ. Ўзингга ўхшаган, Ширин.
– Йўқ, биринчиси ўғил бўлади.
– Йўқ, қиз.
– Ўғил.
– Майли, сен енгдинг. Ўғил бўлса исмини нима деб қўямиз.
– Сизга ёққан исмни қўямиз. Ўзи сизга қайси исм ёқади?
– Исм… Исм. Зафар бўла қолсин. Муҳаббатимизнинг зафар қучгани ва ўзи ҳам ҳамиша зафар қучиб юриши учун исми шундай бўлади. Аслида менга шу исм ёқади. Тўхта, қиз бўлса-чи?
– Раъно. Буни кўпдан ният қилганман. Қизим бўлса исмини Раъно қўяман деб.
– Раъно, жуда чиройли исм. Келишдик, қиз бўлса Раъно, ўғил бўлса Зафар. Билиб қўй, биринчиси, албатта, қиз бўлади.
– Қиз ё ўғил бўлсин – Худойим, аввало, берсин. Умри билан берсин. Ниятимизга етайлик.
– Айтганинг келсин.
Ширин диплом олганда, Фарҳод қип-қизил гулдаста ва иккита каттакон оппоқ ўйинчоқ айиқ сотиб олиб, бирини кўтариб борди. Мўъжазгина кафеда нишонлашди. Иккисининг ҳам шодлиги чексиз эди…
Фарҳод ҳам дипломини олди. Соҳаси бўйича пойтахтда ишга жойлашди. Ширинга совчи қўйди. Совчилар унинг амакисиникига гоҳ поезда, гоҳ енгил машинада икки-уч боришди. Шириннинг ота-онаси у ёшлигидаёқ автоҳалокатдан вафот этган, шу амакисиникида ўсганди. Етимнинг эгаси кўп бўлади, дерди отаси. Бу гапнинг мағзини Ширинга совчи қўйганда чақди. Чаққанда ҳам яхшигина чақди. Қизнинг уруғи мўл, эгалари кўп топилиб қолди. Бу қариндоши рози бўлса, буниси ўйлаб кўрамиз деди, буниси рози бўлса, учинчиси узоқ деди. Хуллас, ора йўлда қолишди. Совчилар ҳар сафар аниқ бир жавоб ололмасдан қайтишарди. Ширин агар ота-онам бўлганда, бундай бўлмасди, деб йиғлаб ҳам олди. Фарҳод ҳаммаси яхши бўлади деб уни юпатди. Лекин…
Бу орада Шириннинг амакиси Фарҳод билан суҳбатлашгани Тошкентга келди. Узоқ йўл босганини айтишни канда қилмади. Улар кафеда кўришишди. Бир пиёла чой устидаги суҳбат қисқа бўлди. Амаки савол берди:
– Келажакдаги режаларингиз қандай, ука?
– Танлаган соҳам бўйича кетаман. Мана, ишни ҳам бошладим.
– Яшаш қаерда, қандай бўлади?
– Бу йил отам уй олиб бермоқчи.
– Мабодо, Тошкентдан кетар бўлиб қолсангиз, нима бўлади?
– Дипломим бор. Борган жойимда ишимни топаман. Ҳеч бўлмаса қишлоғимга борсам, иш тайин.
Шу гапи амакига ёқмади. Юзи гезарди.
– Энди, ука, насиб деб гапириш керак. Ҳаракат қилса ҳамма нарса бўлади. Худо насиб қилса, шу ерда ўз ўрнимни топаман деб ният қилиб, шунга интилиш керак.
– Амаки, бор гапни айтдим-да, ҳеч ким келажагини олдиндан кўролмайди-ку.
– Ният қилинса, ҳаммаси бўлади.
– Тўғри айтасиз. Менинг ҳам ниятим – шу ерда қолиб ишлаш. Шундай ҳам бўляпти.
Улар хайрлашишди. Амаки нима қарорга келди – кўришишганда Ширин бу ҳақда индамади. Ўзи ҳам аввалгидек эмасди. Кўп ўйланарди. Сўраса, ҳаммаси жойида деб ўзини кулишга мажбур қиларди. Фарҳод буни сезар, бир кун яхшилаб гаплашиб олишни кўнглига тукканди.
Куз ҳукмини ўтказиб бўлган шундай кунларнинг бирида улар боғдан чиқиб, автобус бекати томон юришди. Йўлда кўп гапларни гаплашиб, бекатга етиб келганини билмай қолишди. Таниш рақамли автобус кўринди. Бу рақам Фарҳодга ёқмасди. Сабаби, бу рақамни асли ҳаётда ҳам ёқтирмасди, ҳам севиклисини олиб кетиб қоларди-да бу рақам. Автобус тўхтади. Қизнинг меҳри ийиб кетди. Айни дамда Фарҳодга шундай туюлди. Бу етти ухлаб тушига ҳам кирмас, чунки Ширин ҳеч қачон бундай қилмасди. Бу сафар шундай бўлди. Юзини чўзиб, йигитнинг юзига секингина лаб босиб, автобусга чопиб чиқиб кетди. Кетди. Сонияларда юз берган бу ҳолат Фарҳодни гангитди. Ҳозиргина севиклисининг лаблари теккан жойни бармоқлари билан сийпалаганча жилмайиб, автобус кўринмай кетгунча ортидан қараб қолди. Ичдан шодланди. У айни пайтда бу бўса, бу шодланиш охиргиси эканини билмасди. Ўзига келганда бу рақамли автобусдан яна бир нечаси ёнидан ўтиб улгурган, у эса кафти юзида ҳамон бекатда турарди. Кеча кечаси қариндошлари ё бизни де, ё ўшани, деган шартидан сўнг ора йўлда қолган Ширин бу гапни учрашувда севиклисига айта олмаган, бекатга етгач бўса ҳадя этиш билан чекланган, ўриндиққа ўтиргандан кейингина юм-юм йиғлаб кетганди. Унинг ҳолатини Фарҳод билган-да қай ҳолга тушарди. Буни тасвирлаш қийин. Жуда қийин. Ёзувчи учун ҳам жуда оғир. Шу орада…
Ҳаммаси телефон компаниясининг тугатилиши билан бошланди. Аксига олиб Фарҳод ҳам шу компания мижози эди. Телефони ишламай қолди. Бошқа компанияга уланишига эса вақти бўлмади. Уч кунча Ширинга телефон қилмади. Сонияда эслаб турадиган севгилисини уч кун йўқламади. Ҳар он хаёлида бўлса-да, сим қоқмади. Учрашишни таклиф қилмади. Битта бўлсин SMS ёзмади. Қани Ширинсиз қанча яшар эканман, деб ўзини синаб кўрмоқчи бўлди. Бу синов уч кундан ошмади. Охири ишхонасидаги телефондан сим қоқди. Шундан сўнг, улар учрашадиган бўлишди. Ўша боғда. Фарҳод юриб эмас, учиб борди. Шу жойда ҳаммаси аксига олди.
Шириннинг кайфияти бутунлай тескари эди. Фарҳод қўлидан тутмоқчи бўлди. Туни билан йиғлаб чиққанми, кўзлари шишиб кетган Ширин рўйхушлик бермади. Аксинча, хафа бўлганини баралла ошкор қилди.
– Нега телефон қилмайсиз?
– Номерим ишламаяпти, биласан-ку.
– Эътиборсизсиз.
– Унақамас. Янги номер олай.
– Яхши кўрсангиз, бундай қилмасдингиз. Гаплашишнинг иложини қилардингиз.
– Бу нима деганинг.
– Аввалги эътиборингиз йўқ. Мендан совугандексиз?
– Ундай дема.
– Худди шундай.
Фарҳоднинг жаҳли чиқиб кетди.
– Инжиқлик қилма.
– Ким инжиқлик қиляпти.
– Сен, ҳарқалай мен эмас.
– Шунақами? Ҳали мен инжиқ бўлдимми?
– Шунақага ўхшаяпти.
– Унда мени унутинг.
– Бу нима деганинг.
– Унутинг, вассалом.
– Бунақа дема.
– Нима дейин?!
Бу гаплардан сўнг орада кўринмас жарлик ҳам пайдо бўлгандек кўринди Фарҳодга. Қиз ортиқ бир сўз демай кўзда ёш билан ўз йўлида кетди. Бу пайтда қаҳратон қиш қадам қўйган, изғирин эсар учиб, йўлда туриб қолган сап-сариқ япроқларни Ширин этиги билан эзғилаб-эзғилаб кетиб борарди. Фарҳод ортидан маъюс тикилиб қолди. Елкаси кўтарилиб-тушиб бораётган Шириннинг борган сари қадами секинлади. Бир бор тўхтади ҳам. Кетиш ё ортга қайтишга иккиланаётгандек эди у. Биринчиси устунлик қилди. Фарҳод ортидан чопмоқчи бўлганда қиз таксига ўтириб бўлганди. У бир бор бўлсин ортига қарамади. Кетди.
Шу-шу бири-бирини кўришмади. Фарҳод кўп бор телефон қилди, тушолмади. Номерини алмаштирибди. Уйига, ишхонасига қидириб борди. Тополмади. Кейин билди… Билганда кеч бўлган Ширин асли ўзлари томондан бўлса-да, ушбу шаҳарда яшайдиган ўзга бир инсоннинг ёрига айланганди.
Шириннинг қариндошлари устун келди. Танловда Ширин уларни танлади. Шунга мажбур эди. Оқ сут бермаган эса-да, туз берган, тарбиялаган, ўқитган. Ширин буни асло унутадиган қизлардан эмасди. Уларни ҳам тушуниш керак, жигарларидан қолган биттаю битта омонатни узоққа ирғитгиси келмаяпти, деган хаёлга ҳам борди. Ўйлай-ўйлай охири шундай қилишга, яъни Фарҳоднинг олдига келаётганда бир қарорга келган, уни ортиқ умидвор қилгиси келмай, ранжитиб, ўзидан совутишни мақсад қилганди. Телефон қилмагани тайёр сабаб вазифасини ўтаб берганди. Йиғлаб ортига қайтиб севиклисининг кўксига бош қўйишга бир баҳя қолган, бу жойда яна озгина турса, аниқ шундай қилишини билиб ўзини мажбурлаган ҳолда илгарилаган таксига ўтиргачгина кўз ёшларига эрк берганди. Кейин… Кейин… Қанча-қанча кўз ёшлар дастрўмолини ивитди. Барчаси фойдасиз бўлди. Ўшандаёқ бошқа сабаблар қаторида Фарҳоднинг жавоби амакига ёқмаган, у киши бир қарорга келганди.
Йиллар ўтди. Фарҳод уйланди. Фарзандли бўлди. Ўғил. Исмини ўзи қўйди: Зафар. Бу исм Ширинни ҳар қадамда эслатиб туришини, зафар қучмаган муҳаббат азоби янгиланишини билса-да, нима бўлди билмайди, тилида шу исм айланаверди. Охири Зафар исми тилида жаранг сочди. Бу исм ҳаммага, келинга ҳам ёқди. Зафар улғайиб, бешга кирди. Бир куни…
Юртга яна нечанчидир баҳор меҳмон бўлган, атроф яшилликка бурканган, ҳовлиларда олчалар оппоқ гулга кирган пайт. Дам олиш кунларидан бири. Фарҳоднинг иккинчи фарзанди кутилаётган пайт. Хотини УЗИга тушганда, дўхтирлар қиз дейишибди. Келибоқ эркаланиб исмини нима деб қўямиз, деди эрига. Раъно жавобини олгач, жуда чиройли исм, мен ҳам шу исмни айтмоқчи эдим, қизимизнинг исми, албатта, Раъно бўлади, деб хурсанд бўлиб кетди.
Ҳозир у шифохонада. Шифокорнинг айтишича, бир-икки кун бор кўзи ёришига. Фарҳод ҳар куни бориб, хабар олади. Бугун ҳам бориб, ҳар эҳтимолга қарши ёнида қайнсинглисини қолдириб келди. Сўнг Зафарни етаклаб кўчага чиқди. Чиқди-ю, боғ томон юрганини билмай қолди. Авваллари оёғи тортмасди. Хотини бир-икки бор айтганда, у-бу нарсани баҳона қилиб унамади. Бугун эса…
Нима бўлди, билмайди, оёқлари ўзига бўйсунмаган ҳолда шу томон судради. Борди. Таниш жойлар. Хаёли минг бир кўчага ўрмалади. Ўша чинор. Ширин унинг панасига яшириниб, бошини чиқариб кулиб турган ҳолати. Илк бўса. Бу ҳамон кўз олдида. Унутмайди. Унутолмайди. Ёнида Зафар чинорнинг пўстлоқларини сийпалаб, биж-бижлаб ниманидир сўзларди. Ёлғизоёқ сўқмоқ. Ўрик, ҳа, ўша тахир таъмли ўрик гулга кирибди. Юрди, тўхтади. Юрди. Олдинда… Юраги беихтиёр дук-дук ура бошлади. Эътибор берди. Қаради. Қаради-ю қотиб қолди.
Бир пайтлардаги қадрдон ўриндиқда Ширин ўтирарди. Ҳа, ҳа, адашмаяпти: у – Ширин. Ширин ҳам ўрнидан туриб кетди. Бир-бирига қараганча қотиб қолишди. Узоқ туришди. Ўша нигоҳ, ўша ёндирувчи кўзлар. Фақат юзи озгина сўлғин. Ёнида ширингина қизалоқ. Кўзлар намланди. Ёш томчилади. Орадаги масофа икки одим. Икки одим-а. Икки одим ташлашса, бир бирига етади. Бир пайтлар етишарди. Энди-чи? Бу икки одим улар учун жуда узоқ манзил. Етиб бўлмас манзил. Минг уринишса-да, бунинг иложи йўқ.
Зафар жилмайиб уларнинг ёнига борди.
– Ассалом, опа.
Жимлик. У бунга эътибор бермади. Қизчага қараб жилмайди.
– Исминг нима?
– Раъно. Сеники-чи?
– Зафар. Дада, қаранг исми Раъно экан. Ойинг сенга Раъно деган сингил олиб келишга кетди дегандингиз. Бу ўша Раъноми, дада? Унда ойим қани?
– Йўқ, у-у…
Хурсанд бўлиб кетган Зафар Раънога гапирди:
– Менинг исмимни дадам қўйган.
– Меникини ойим. Менинг ҳам Зафар деган акам бор.
– Ростданми? Дада, Раънонинг Зафар деган акаси бор экан. Менга ҳам ойим Раъно деган ука олиб келади-а?
Зафар дадасидан жавоб бўлмагач, Раънога ўгирилди.
– Нечи ёшга кирдинг?
– Тўртга. Ўзинг-чи?
– Бешга. Дада, дадажон, Раъно мендан бир ёш кичкина экан.
Зафар аввал дадасига, сўнг Ширинга қараб туриб қолди. Унинг кўзидаги ёшни кўриб, ҳайрон ҳолда гапирди.
– И-е, нимага йиғлайсиз, опа. Ким сизни хафа қилди.
– Ҳеч ким, ўғлим, ҳеч ким.
– Унда нега йиғлаяпсиз?
– Ўзим, ўзим.
– Оналар йиғламайди, дейди, ойим, сиз ҳам Раънонинг ойисиз-а. Йиғламанг. Хўпми?
– Хўп, хўп.
Ширин кўзидан оқаётган ёшни чўнтагидан дастрўмол олиб шоша-пиша сидирди. Сўнг Зафарга қараб жилмайишга ҳаракат қилди.
– Мана, йиғламаяпман.
– Зафар, менинг котта, ўзимдек келадиган оппоқ айиғим бор, – дея Раъно Зафарга мақтанишга тушди.
– Меники ҳам бор. Истасанг, сенга бераман. Иккиси дўст бўлади.
Сўнг Фарҳодга ўгирилди.
– Дада, айиқни Раънога берсам бўладими?
– Ҳа, ҳа-а. Бўлади-бўлади, ўғлим…
– Ана, дадам ҳам рози бўлди. Бизникига борсанг уни сенга, албатта, бераман. Борасан-а?
– Ойим розилик бермайди. Ўзинг бизникига борақол.
Болалар бидиллашиб гаплашар, иккиси эса тош қотганча турар, ортга қадам ташлашнинг ҳам, бири бири томон юришнинг ҳам имкони йўқ эди…
– Дада, Раъноларникига олиб борасиз-а, айиқчамни унга бермоқчиман. Эшитяпсизми, дада? Сизга айтяпман, – дея Зафар бармоқларидан тортиб бир неча бор эркаланиб сўрагандан кейингина Фарҳод ўзига келди. Бу пайтда Ширин Раънони етаклаб катта кўчага чиқиб бўлганди. Фарҳод унинг такси тўхтатиб, кўздан пана бўлганча ортидан қараб қоларкан:
– Олиб бораман, ўғлим, айиқчангни, албатта, унга берасан, – дея Зафарни даст кўтариб, маҳкам бағрига босаркан ғўлдирарди:
“Ширин, мен сени асрай олмадим, пок севгингни асрай олмадим. Илк хатингда битганингдек, оппоқ орзуларингни, ўзингни менга, хаёлларингда асраган инсонингга топширгандинг. Мен эса иродасизлик қилдим, севгим ва бахтим учун интилишим, ҳаракат қилишим, охиригача курашишим керак эди. Тақдир экан, дея қўл силкиб қўя қолмаслигим керак эди. Нима бўлганда ҳам энди ғишт қолипдан кўчиб бўлди, Ширин. Сен билан ўзинг битганингдек ҳозир ҳамдам, ёнма-ён, сирдош бўлмасак-да, мендан узоқларда, жуда-жуда узоқ туман ичида бўлсанг-да, ҳаёт бу сафар иккимизга ҳам бешафқат муносабатда бўлган эса-да, сен ҳамон қалбимда, хаёлимдасан. Сенинг бахтли бўлишингни истайман. Қай ерда бўлма, ким билан яшама, ҳамиша бахтли бўл! Бугун билдим: мен каби фарзандларинг бор, Зафаринг, Раънонг бор. Демак, оиланг тинч. Бундан хурсандман. Жуда-жуда хурсандман. Эринг билан фақат ва фақат бахтли бўл, фарзандларингнинг бахтини кўр, мен сенга чин дилдан шуни тилайман. Яна бир бор айтаман: ёнимда бўлмасанг-да, сен ҳамиша қалбимда, хаёлларимда асраганимсан, Ширин, Шириним!”
Фарҳоднинг армонли ўйини телефоннинг овози бузди. Чўнтагидан олиб, қаради. Аёлидан SMS келибди. Шошиб тугмани босди:
“Дадаси, қаерлардасиз? Суюнчи билан келинг! Раънонгиз туғилди! Қизингиз шашқалоқ экан. Вақтини кутиб ўтирмади…”
«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 9-сон