Кун ботардан эсган шамол бир парча олачалпоқ булутни Бешбармоқота чўққилари томон ҳайдади. Кўп ўтмай тоғни қоплаган қалин туман қишлоқ томон ўрлади. Одамлар ғимирлаб қолишди. Сой бўйида ўтлаб юрган қўй-қўзилар қўраларга қамалди.
Катта кўчанинг шундоқ ёқасидаги уй олдида курсига чўкиб, тафтсиз қуёшга тобланиб ўтирган бобо ёнида тиззалаб олган етти ёшли набирасининг бошини сийпалаганча хира кўзларини тоғ тарафга тикди. Кўнглида: “Сел келадиганга ўхшайди. Ишқилиб бехатар ўтсин-да”, – деган ўй. Аввал ғувуллаган овоз, ортидан қўрқинч солиб, олдидан нимаики чиқса супуриб, қутуриб келган сел хавотир бежиз эмаслигини англатди. Каттаю кичик ғала-ғовур билан қизғалдоқ қоплаган томларга чиқиб, пўртанани кузата бошлади.
Катта тошқиндан ҳайратланган набира бобосини саволга тутди:
– Бобожон, бунча сув қаердан пайдо бўлди?
– Кўряпсан-ку, болам, тоққа жала ёғяпти. Ўшалар йиғилиб оқаяпти-да.
Болакайнинг ҳайратли нигоҳи қутуриб оқаётган сувдан узилмай туриб, эсига нимадир тушди-да, буткул бошқа гапни айтди:
– Бобожон, боя тош ташлаб анави Дуран қудуқ ичидаги девни ўлдирдик.
Бобо кўзларини сойдан олиб, набирасига боқди. Оппоқ соқолларини тутамлаб, ерга тегиб-тегмай турган тўнининг этакларини тиззасига тортди.
Гап сойга яқин бўлса-да, сел етиб бормайдиган, атрофдаги хонадонлардан чиқадиган жамики чиқит ташланадиган, негадир оғзини беркитиб ёки кўмиб ташлаш ҳеч кимнинг хаёлига келмайдиган, одамлар наздида бехосият бўлган, катталарнинг яқинлашманглар, тортиб кетади, деб минг бор уқтириши у қулоғидан кириб бу қулоғидан чиқиб кетадиган, хивчин олиб қувлаш ҳам, панд-насиҳат ҳам бир пулчалик таъсир этмайдиган тўполончи болаларнинг ўйин майдончасига айланган қудуқ ҳақида кетарди.
Бобо кеча оқшом болакайнинг катталар нега ёш болаларни қудуқ ёнига яқинлаштирмаслиги ҳақидаги саволига: “Қудуқ ичида дев бор, атрофида ўралашганларни тортиб кетади”, – деб жавоб қилганди.
– У ёмон жой дегандим-ку, болам. Палакат девга ҳеч нарса таъсир қилмайди. Ана, сел нимага келди десам, унинг жаҳлини чиқарган экансизлар-да. Яна шундай қилсанг, эртак айтиб бермай қўяман.
Болакай саволларни қалаштириб ташлади.
– Катта одамларга индамай, фақат болаларни тортиб кетадими? Кейин, нега ҳамманинг қудуғида дев йўқ, унда бор?
Бобо бир зум каловланиб: “Дев катталардан қўрқади. Иннайкейин, ўша қудуқни танлаган-да у бехосият”, – деб қўйди.
– Нега одамлар девни қудуқдан олиб чиқиб, ўлдириб ташламайди?
Бобо таслим бўлгандек жим қолди ва: “Катта бўлсанг ҳаммасини билиб оласан”, – деди.
Бобо ҳовлидаги қудуққа ташланган насос шлангидан ток жўякларига отилиб чиқаётган сувни сатилларга тўлдириб, уй атрофини чангбосди қилаётган кампирига боққанча тезроқ катта бўлиб қолишни, ана ўшанда қудуққа тушиб, девни судраб чиқиб ҳамманинг олдида таъзирини беришни ўйлаб, кўзлари порлаб турган шалпангқулоқ, бурнини тез-тез тортиб қўяётган болакайнинг пешонасини силаб, озғин, қалтироқ қўллари билан бағрига босди. Кўз олдида узоқ ўтмиш жонланди…
…Уч кампир ҳаллослаганча келарди. Ўн икки ёшлардаги бола бувиси қўшни кампир билан бирга сатилларидан сачраётган сувга парво қилмай ҳаккалаб келаётганини, қариб, боши қалтанглаган, етмишдан ошган бўлса-да, тетиккина Дуран кампирнинг улар ортидан қуваётганини кўриб ўзини тиёлмай қиқирлаб куларди. Дуранни инсофга чақириш кесакка гапириш билан тенглигини билиб, супада жимгина кузатиб турган бобоси унга ёв қараш қилганда, боланинг кулгичлари юзида қотди.
Уйга етай деганда кампирлар тенглашди. Шунча ялинишса ҳам қўймади, Дуран қўлида чангаллаб олган тупроқни сочиб юборди. Сатиллар чангга беланди…
Бобо улардан терс ўгирилиб, нигоҳини узоқларда осмонни ўпиб турган Бешбармоқота чўққиларига қадаганча: “Кечагина бутун бир эл сув ичган қудуққа эга ҳам чиқа бошлади”, – деб бошини сарак-сарак қилди. Бувисининг ўнг қўлидаги сатилнинг юзида лойқамтил сувда қорайиб турган, бир четига қатқалоқ лой ёпишган дарахт пўстлоғига қизиқиб боқиб турган набира бу сўзларга эътибор бермади.
“Оғзингдан қонинг келгурлар, бўкиб ўлгурлар, сув ичгунча балони ичмайсанларми”, – деган қарғишлар жон-жонидан ўтиб кетган, ифлосланган сувни тиндириб ишлатишдан бошқа чораси қолмаган, ёлғиз ўғли урушда, келини далада, набираси ҳафтанинг олти куни мактабда, уй ишлари биргина ўзининг зиммасида қолган момо кела солиб чолига арз қилишга тушди:
– Шу, бобоси, бир қудуқ қаздирсангиз бўлмайдими? Қишлоқда унча-мунча эркак бор-ку. Бутун қишлоқ сизнинг чизган чизиғингиздан чиқмаса… Раис бобо деган номингиз бўлса. Қачонгача бу Дуран билан ит-мушук ўйнаймиз?
– Сабр қил, момоси, кўклам келсин, қавм-қариндошларни тўплаб, ишга киришаман.
– Яхши бўларди-да, елкаларимиз кун кўрармиди. Вой бу хотин қурғур-ей… Икки-уч сатил сув олган билан камайиб қолармиди. Ердан қайнаб чиқиб ётган бўлса…
– Қўявер, унга ҳам инсоф кириб қолар…
– Букрини гўр тузатади. У ёққа борганда инсоф бермаса… Нимасига шунча ташвиш чекади? Ҳеч кими бўлмаса. Худо бекорга ҳар тарафдан қисиб қўймаган-да…
– Ундай дема, момоси, ундай дема. Тавба де. Гуноҳга ботма.
– Баъзан куйиб кетаман-да. Тўйганимдан гапираман. Бугунги қилиғини қаранг. Алам қиладигани уйгача келиб, қилиб кетган ишини айтмайсизми?
– Майли-да энди, момоси. Зоримиз бор-у зўримиз йўқ. Бир гап бўлар.
– Боғида ўриклари тўкилиб, чириб кетса кетадики, бирор болани оралатмайди. Қудуқни ҳам бутун қишлоқ қазиган-ку. Энди у эга чиқиб олган. Бунинг барини эртага орқалаб кетармиди?!
– Ҳеч кими йўқ-да унинг, момоси. Шу билан овунса, овуна қолсин. Бу инжиқлиги ҳам бекоргамас. Ёлғиз одамга осон тутма. Ҳеч кимнинг бошига бу кун тушмасин. Билсанг, бахтсизлик одамнинг феълини тор қилиб қўяди.
– Битта қудуқ қаздирмасангиз бўлмайди энди…
– Э, кўкламгача сабр қил.
– Шундай бўлсин, бобоси.
Орзиқиб кутилган кўклам ҳам келди. Тоғларда бодом гуллади. Қўриқ ерларда бойчечаклар унди. Аёллар сувни уч чақиримлар пастдаги қишлоқ қудуғидан ташишди.
Бир куни… Бобо қишлоқдошларни йиғди. Қудуқ қазишнинг маслаҳатини қилиш керак. Уч кундан бери тинимсиз ёққан ёмғир шу бугун тиниб, ҳаммани интиқ қилган қуёш булутлар орасидан мўралаган.
– Кенгашли тўй тарқамас, – деди у ҳамма йиғилгач. – Битта қудуқ қазимасак бўлмайди. Аёллар сувни узоқдан ташиб қийналиб кетди. Нима дейсизлар?
– Тўғри ўйлабсиз, раис бобо, – дейишди кўпчилик.
– Бу ишни тезроқ бошлаш керак, – деди подачи Ҳақберди ака. – Кўпдан қуён қочиб қутулмас. Ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқарсак бир ойга бормай янги қудуққа эга бўлиб турибмиз-да.
– Бунисига ҳам яна бирорта эга чиқади-да, – деди одамларнинг чакки-ю тухумини Самарқанд бозорига обориб пуллаб келадиган Норбўта. – Битгандан сўнг Дуранга ўхшаган…
– Ундай дема, Норбўта, – жаҳли чиқса-да, босиқ гапиришга уринди бобо. – Эл бир нарсага бош қўшганда айнитма. Дуран ҳам бир гуноҳкор банда-да. Нима дердик?
– Раис бобо, – деди Каримберди жувозкаш соқолини тутамлаб. – Уч кундан бери эътибор қиламан, Дуран кампирнинг уйида жимлик. Ҳовлисида қораси кўринмайди. Тинчликмикан? Касал-пасал бўлиб қолган бўлса… У ҳам одам. Энди иссиқ жон дегандай…
Жувозкаш Дуран кампир билан рўбарў туради. Қай бирининг ҳовлисида чумчуқ учса билишади. Бобонинг кўнгли нохушлик сезгандек беҳузур бўлди.
– Бормадингми?
– Биласиз-ку, раис бобо. Мени кўрса пашисни кўргандек тутақиб кетади. Арпасини хом ўрганманми унинг. Чаён чаққандек кўзларини олайтириб уйимда нима қилиб юрибсан, деб оламни бузиши аниқ. Шу… Андиша қилиб чиқмадим.
– Энди, оғайнилар, аввало Дурандан хабар олайлик. Замон нотинч, элчилик, бир-биримиздан бохабар бўлмасак яхшимас-да…
– Қўйинг уни, ёмон ўлармиди, раис бобо, – яна гап ташлади Норбўта. – Ундан кўра қазилажак қудуқнинг маслаҳатини қилайлик.
– Ювилмаган қошиқдек орага суқилаверма, сен бола, – тутақиб кетди биров билан гап талашиб қолса, тез жаҳли чиқиб жанжаллашиб кетадиган, орқаворотдан Қўянчиқ лақаби исмига қўшиб айтиладиган, урушдан бир қўлидан ажраб қайтган Абдували ака. – Мен нима дейман, қўбизим нима дейди, деб биттаси қўбизини бир уриб синдириб ташлаган экан. Ўша қўбизнинг ҳолига тушиб қолмайин, десанг валдирамай жим ўтир сендан катталар гапираётганда.
У билан гап талашиш ўзининг зарарига бўлишини билган Норбўта мум тишлади.
Раис бобо бошлиқ бутун қишлоқ Дуран кампирникига йўл олди.
Уч кун олдин… Кундузи бошланган ёмғир жалага айланган тунда… Дуран кампирнинг боғида, колхоз отхонасидан бўшалиб чиққан бўлса керак, икки-уч от курт-курт беда чайнарди. Чакка ўта бошлаган чайласининг боққа қараган томонидаги эшигидан боқиб турган кампирнинг кўзи қаттиқ чақмоқ чақиб атрофни ёритган пайтда ўша отларга тушди. Кўзларида ўт чақнаб, ташқарига отилди. Остонада қоқилиб, йиқилди. Белида бир нарса узилгандек бўлса-да, эътибор қилмади. Хаёлида отлар. Эшик рахига суёғлиқ, ҳасса қилиб юрадиган таёғини қўлига олди-ю боғ томон югурди. Жалада балчиқ бўлган, сув йиғилиб кўлмак ҳосил қилган ерда оёғи шилтага ботиб, калишлари лой орасида қолганини ҳам сезмади. Отлар шарпани сезиб, сергак тортишди. Бошларини кўтариб, бир-бирига қарашди. Бу пайтда кампир етиб келиб, бирини таёғи билан солди. От жойида пишқириб, орқа оёқларини кўтарди…
Кампир кўкрагига тушган зарбдан сувга тўлган беда полига учиб тушди. Кўзлари юлдуз санади. Зах танасига ўта бошлагач бироз ўзига келиб, ўрнидан турмоқчи бўлди. Қаддини тиклай олмади. Судралиб кўлмакдан чиқди. Чайласи томон эмаклаб, не бир азобда кириб борганда тепадан чакка шариллаб ўтарди. Тўшалган кўрпачага аранг етиб, бошини ёстиққа қўйди. Кийим-боши ивиб, совуққотиб бадани увушганидан кўрпача-ю, ёстиқнинг буткул ҳўл тортганини сезмади…
Одамлар чайлага кириб борганда томдан ўтган чаккадан йиғилган лойқа халқобда кўрпа-ю ёстиқларга чаплашиб, сувга бўккан кампирнинг танаси шишиб ётарди. Ҳамма ерга тикилди. Бу ҳолдан даҳшатга тушиб, ранги оқарганча эшикдан ортига қайтган ўсмирга ҳеч ким эътибор бермади…
Майитни қўйиб келишди. Унинг ўлимидан биров хурсанд ҳам, хафа ҳам бўлмади. Орадан кунлар ўтса-да, қудуқдан сув олишга ҳеч кимнинг оёғи тортмасди. Янгиси кавланиб, сув чиққунча пастдаги қишлоқ қудуғидан, уч чақирим наридан сув ташишди.
…Хотиралар қуршовида қолган бобо “Бобожон, қаранг, анави нарсани”, – дея ҳайрати вижудига сиғмай турган набирасига, сўнгра у қўлини бигиз қилиб кўрсатаётгани – оқиб кетаётган, танаси қучоққа сиғмаса-да йиллар сурони ичини емириб, ковак қилиб юборган, қуруқ қобиғини қутурган сув синдирган тут танасига боқиб, оғир хўрсинганча, бутунлай бошқа гапни айтди: “Бир пайтлар бутун бир эл сув ичган қудуққа битта тул хотин эга чиққан бўлса, энди ҳар бир хонадонда қудуқ кавланаяпти”.
Набира гоҳ қутурган сувга, гоҳ қирғоқларга чиқиб, бирор ёғочми, четга чиқиб қолган карахт балиқними тутиш илинжидаги одамларнинг бақир-чақирига, гоҳ пўртаналар ҳар томон улоқтириб, зарб билан уриб оқизаётган кундага маҳлиё бўлганидан, бу сўзларга парво қилмади…
“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 5-сон