Саида Зуннунова. Хотиралар уйғонганда (ҳикоя)

Сожидахон тандирдан нон узаёттанда Ваҳобжон кириб келди.
— Келдингизми! Саҳар хамир қориб кетган эдим. Ошиб кетибди, — у шундай деб тутаётган енгчасига косадаги сувдан сепиб ўчирди. Ўт тафтидан қизарган юзини рўмолининг учи билан артиб, саватни кўтарганича сўри томонга юрди. Сўри зинасида бир дўппи ўрик гулини тиззасига қўйиб олиб ипга чизиб ўтирган қизига деди:
— Тур ўрнингдан! Дадангга кўрпача ёз, чарчаб келдилар.
— Акамдан хат олдим, — деди Ваҳобжон бир оз ўйчанлик билан.
— А! Тинч эканларми?
— Тўйлари бўлиб қолибди.
— Шунақами? Қачонга?
— Кейинги якшанбага шекилли.
— Бир тушиб чиқсангиз бўлар экан. — Сожидахон шошмай ўчоқ ёнига борди. Чўнқайиб ўтириб, қозон тагидаги оловдан қумғон ёнига тортди. Ваҳобжон жомакорини ечиб, сўри устунидаги қозикқа илиб қўйди-да, ариқ лабига кетди. Тўлиб, кўпириб оқаётган малла ранг сувда тирсагигача ювинди. Қизи тутган сочиққа артинар экан, сўрига келиб ўтирди. Елкасига папкасини осганича ўғли мактабдан қайтди.
— Қорним очиб кетди!
— Берироқ келиб гапир! Дарвозанинг ёнига овқат элтиб бермас-ку, онанг.
— Ассалому алайкум, — у қозонга бўйлаб бир қараб қўйиб уйга кириб кетди.
Сожидахон овқат сузиб келди. Овқат устида суҳбат яна тўйга тақалди.
— Раисдан сўраб, шаҳарга бир тушиб чиқинг бўлмаса. Балки бирон камлари бордир, айтишар. Ҳар қалай тўйчилик. Эртадан кейин бозор. Таначами, қўйми олиб бориш керак.
Ваҳобжон жавоб бермади. У хомушроқ кўринарди.
Бу чарчаганиданми ёки бирон ўйи борлигиданми, Сожидахон билолмади. Лекин аёллик сезгирлиги билан эрининг юрагида қандайдир армонлар борлигини баъзан пайкаб қоларди.
Ваҳобжон ўрнидан турди.
— Мен идорага чиқиб келай-чи.
— Майли. Эрталикка сўранг, индинга бозор, — деб тайинлаб қолди Сожидахон.
Ваҳобжон эртаси куни биринчи автобус билан шаҳарга жўнаб кетди. Хотини ёпган нонидан, болаларга деб қурут, ёнғоқ, яна нималардир тугиб берди.
Осмон тиниқ. Офтоб чарақлаб турарди. Гуллаган боғлар орқада қолиб, шаҳар манзараси бошланди. Шанба бўлгани учунми, кўчаларда одам кўп, чойхоналар ҳам гавжум. Машиналар тинмай ўтиб турибди. Автобус тез-тез тўхтайди. Кимлардир тушади, кимлардир чиқади. Ваҳобжон автобус ойнасидан ўйчан қараб борар, китоб қўлтиқлаган ёш йигит-қизларни кўрганда ўзининг шу кўчаларда ўтказган ўспиринлик йилларини эсларди. У пайтларда Ваҳобжоннинг орзуларига дунё торлик қиларди. Бу орзулари куртак ёзмасданоқ қуриди, уларни ўзининг энг яқин, энг қадрдон кишиси топтади, яксон қилди. Ваҳобжон аста хўрсинди. Эсламасликка уринса ҳам хотиралар, нимагадир, айниқса, кечадан бери унинг ҳаёлини тортқиларди. Табиат гулга бурканган бу баҳор кезидаги тўй тараддудими, тўйга чорлаган нафис, қувончли хатми унинг юрагининг аллақаерига тегиб ўтгандир балки. Инсон ҳамма нарсага кўникади, лекин эсдан чиқармайди. Ҳудди шу баҳор кунларига ўхшаб бу хотиралар юрақда вақти-вақти билан бир ёниб ўчмай иложи йўқ.
Ваҳобжон жуда олов эди. Лекин яхши ўқирди. Шунинг учун бўлса керак, ўқитувчилари унинг кўп шўхликларини кечиришарди. Бир ўқиган, бир эшитган нарсаси ёд олгандек эсида қоларди. Айниқса, физика, математика фанларига қизиқар, ўзича ҳар хил ихтиролар ўйлаб топишни ҳаёл қилар, унинг дастидан на онасининг машинаси, на радио ўрнида турарди. Лекин ҳаммадан кўпроқ самолётга қизиқар, учишни, олисда милтираган юлдузларга қўнишни ҳаёл қиларди. Самолёт ўтиб қолгудек бўлса, фикри ҳам, гапирган гапи ҳам осмон-у учувчилар бўлиб қолар, тушларида бўлса ҳар куни учар, энг олисларда, энг юксакларда учарди. Унинг хаёлларини ўртоқлари ҳам билишарди. Ҳатто уни учувчи деб чақиришар, бу
Ваҳобжоннинг ғашига тегмас, аксинча, ёқарди. Фақат битта Зулайҳогина тегажоғлик қилибми ёки чинданми, унинг ҳаёлларини писанд қилмасди. Улар бир девор қўшни эдилар. Бунинг устига Зулайҳонинг дадаси физикадан дарс берарди. Уйларида Ваҳобжон нимани бузган бўлса, Зулайҳо ундан хабардор эди. Бир марта яшин қайтаргич ясаб томга ўрнатаман деганида ток уриб йиқилганидан ҳам унинг хабари бор, онаси бузуқ машинани кўтариб, Зулайҳоларникига чиққанини ҳам билади. Бошқалар учувчи дейишса, Зулайҳо, устабузармон, деб кун бермасди. Лекин Ваҳобжон Зулайҳога сира қаттиқ гапиролмасди. Нимагадир уни кўргиси келаверарди.
Таниш чойхона унинг ҳаёлини бўлди. Автобус тўхтаб турар, одамлар тушиб бўлишган эди. Сал бўлмаса ўтиб кетар экан. У шошиб автобусдан тушди. Магазин ойналарига осилган нарсаларни томоша қилганича аста юриб кетди. Катта иморатлар орқада қолиб, анҳор ёқалаган торроқ йўлдан эски маҳалла бошланди. Бу анҳор бир вақтлар Ваҳобжоннинг кўзига катта бир дарёдек кўринарди. Ёзнинг иссиқ кунларида неча марталаб чўмилар, кейинча ўспиринлик пайтларида кечқурунлари қирғоғида ўтириб хаёл суришни яхши кўрар, тол баргларининг шабадада шивирлаши ҳам аллақандай сеҳрли туюларди. Ўнг қўлдаги кичкина боши берк кўчага қайтарилганида кекса бир аёлга дуч кедди.
— Ваҳобжонмисан?
— Ассалому алайкум.
— Эсон-омон юрибсанми, болам! Бола-чақаларинг тинчми!
— Шукур, ўзингиз яхши юрибсизми?
— Юрибман, болам. Эрталабдан бери овқат емайди,— деди кампир дарвоза ёнида толбаргак сидириб ўтирган қизчага ишора қилиб, — онангдан балога қол-май, кир уйга энди.
Ваҳобжон қизга ялт этиб қаради-ю, тикилиб қолди.
— Танидингми? Зулайҳонинг қизи. Буни менга ташлаб саёҳатга кетди эри билан. Ҳеч гапимга қулоқ солмайди. Ваҳобжон қиздан кўзларини узолмасди.
— Аканг ҳам қизини чиқармоқчи.
— Эшитдим.
— Онанг раҳматлик кўрмади.
Қўшни дарвозадан уч ғилдиракли велосипед сургаб, ўн ёшлардаги бола чиқди. У Ваҳобжонни кўриши билан велосипедини қўйиб, унга отилди.
— Амаки! Амаким келдилар!
Ваҳобжон унинг қўлидан ушлаб ҳовлига кирди. Айвонда кўрпа қавиб ўтирган икки аёл ўринларидан туришди. Уйдан келинойиси югуриб чиқди.
— Вой, келинг. Эсон-омонмисизлар! Сожидахон қани?
— Тўйда келар.
— Олиб келавермабсиз-да.
Ваҳобжон аёллар билан сўрашиб уйга кирдй. Бир нафасдан кейин иш билан кўчага чиқйб кетган акаси ҳам келди. Ваҳобжонни кўриб суюниб кетди.
— Тўйлар муборак бўлсин!
— Қуллуқ. Ҳа, келин қани?
— Бориб, бир хабар олиб келинг, деб жўнатди. Бормайсизлар ҳам!
— Ҳеч қўл тегмайди дегин. Бир ёқда бу тўй ҳаракати. Ҳали у кам, ҳали бу кам, деб ҳеч тинч қўймайди бу келинойинг.
— Бизга ҳам айтаверинглар камларингни.
— Ўзинглар келсанглар бўлди, — деди келинойиси уларнинг олдига овқат қўйиб.
— Нега сиполик қиласиз! Айтаверинг энди. Барибир қуруқ келмайди-ку! Пахтани кўп терган, пулни ҳам кўп олгандир, — деб ҳазиллашган бўлди акаси.
— Қайси юзим билан айтаман? Бир марта бориб овсинимдан хабар ололмасам!
Ваҳобжон акасининг оқариб кетган сочлари, ажин тилган пешанасига тикилди. У ўқишни битирганидан бери битта заводда инженер бўлиб ишлайди. Хотини бўлса, неча йилдан бери ҳамширалик қилади. Болалар катта бўлган сайин ташвишлари ҳам кўпаяр экан. Ўзлари билан ўзлари овора. Жуда кам кўришишарди улар.
Ваҳобжон кечки пайт қайтиб кетди. Авжи экиш пайти, иш кўп, деб қолишга кўнмади. Кун ботай деб қолган, қишлоқ йўлига кирган автобус ойнасидан ҳайдалган, қорайиб кўпчиган ер уфққача чўзилиб ётар, тол барглари майин тебраниб баҳор нафасини уфураёттандай эди. Ваҳобжоннинг кўзига беихтиёр тол баргаги сидириб ўтирган ҳалиги қизча келди. Ҳудди ўзи-я. Бу қизча унинг эсига яна ёшлик йилларини солиб қўйган эди.
Қизларнинг сочидан тортиб кун бермайдиган Ваҳобжон Зулайҳонинг олдида мулойим бўлиб қоларди. Зулайҳонинг сочлари узун, учлари қўнғироқ эди. У доим
ўсма қўйиб юрарди. Ваҳобжон бир ўртоғиникига борганида отқулоқдек бўлиб ётган ўсмага кўзи тушганди.
— Ўсмангдан озроқ узиб бер! — деганди ўшанда.
— Опамдан сўра. Нима қиласан ўсмани?
— Синглимга. Яхши кўради.
— Синглинг йўқ-ку!
— Холамнинг қизи, жияним. Яхши кўради.
— Ҳа, майли, озроқ ола қол.
Ваҳобжон ўсмани ҳўл латтага ўраб, эрталабгача сақлади. Зулайҳонинг мактабга кетишини пойлаб туриб, у билан изма-из йўлга тушди.
— Зулайҳо!
Қиз тўхтаб, орқасига қаради.
— Сенга, — Ваҳобжон унга ўсмани узатди.
— Ҳовлимизда кўп-ку, нима қиламан буни? Вой, қаерда ўсибди бу? Қаердан олдинг? — деди кейин ўсманинг тўқ кўк йирик баргларига тикилиб.
— Ишинг бўлмасин.
— Раҳмат.
Эртаси куни Ваҳобжон Зулайҳонинг қошларига секин қараб қўйди. Қиз буни сезиб, кулди:
— Ўсманг қоракуядек қолса бўладими! Ўшандоқ келишга уялдим. Ювиб ташладим. Уруғидан оладиган экан.
Ваҳобжон унинг учун ҳовлисига ҳам ўсма экишга тайёр эди. Лекин опаси ҳам, синглиси ҳам йўқ, биттагина акаси бор эди. Онасининг бўлса пардоз-андоз билан иши йўқ, кўпинча нимадандир диққат бўлиб юрар, тез-тез кўрпа-ёстиқ қилиб ётиб оларди.
Ҳудди шунақа баҳор кунлари эди. Зулайҳонинг опасини тўй-томоша билан узатишди. Унга бунга қарашиб юрган Ваҳобжоннинг кўзи бўлса Зулайҳода. Ҳудди уларнинг тўйи бўлаётгандек ҳаяжонланар, нимадандир хурсанд эди. На бахтсизликни, на юзага чиқмай қолган орзуларни биларди у. Келинни олиб кетгани келишганда Ваҳобжоннинг жуда ҳаваси келиб кетдими, шундоқ ёнида турган Зулайҳога, бир куни мен ҳам сени шундай олиб чиқиб кетаман, деб юборди. Ўйин томоша қилиб турган Зулайҳо аввалига индамади, кейин сергакланиб унга қаради. Нимадир демоқчи бўлиб туриб кулиб юборди.
— Сени қара-ю, — деди кейин кулганича, — яна қанақа орзуларинг бор?!
Ваҳобжоннинг жаҳли чиқиб кетди. Уни ёш бола деб ўйлайдими бу қиз? Қанча ширин ҳаёллар суриб, тунни тонгга улайди. Зулайҳо бўлса унинг ўйларини писанд қилмайди. Ваҳобжоннинг қайсарлиги тутди:
— Тўғрисини айтяпман. Кўрасан, йўқ десанг, олиб қочиб кетаман.
— Бир девормиз. Қайтиб чиқиб олавераман.
— Мен самолётда олиб кетаман. Келолмайсан.
— Ҳа, айтмоқчи, учувчи бўлмоқчисан-ку! Майли, учувчи бўлсанг-у, самолётни ўзинг учириб олиб кетсанг индамайман. Лекин битта шартим бор: отангга ўхшаб бевафо бўлмасанг, — деди.
Тўйнинг ўйин-кулгиси ичида, ҳаяжон устида айтилган бу гаплардан кейин иккалалари ҳам анча вақтгача бир-бирларига гапиролмай юришди. Зулайҳо энди аввалгидек тегажоғлик қилмасди, унга зимдан қараб-қараб қўярди. Ваҳобжон бўлса, дадаси ҳақида эшитган гапини ўйлаб ҳайрон бўлар, лекин сўраёлмасди.
Ўрта мактабни тугатиш олдида эдилар. Ким ишга бормоқчи, ким ўқишга. Ҳулласи, мактаб ҳовлиси орзухона эди ўша кезлари. Ваҳобжоннинг бўлса қарори қатъий эди. Яхши баҳодан кўра аълоси кўп бўлган аттестатни кўтариб, қувончи ичига сиғмай уйига келса, онаси йиғлаб ўтирибди. Дадаси қамалган эмиш.
— Нимага? Нима учун? — деди у бақириб.
— Билмайман. Секинроқ гапир.
Дадаси шофёр эди. Қандайдир бир базанинг юк машинасини ҳайдарди.
— Ким айтди сизга?
— Хабар келди.
— Одам босибдими?
Онаси хўрсиниб, йўқ, деган маънода секин бошини қимирлатиб қўйди. Не умид-орзулар билан олиб келинган аттестат бир чеккада қолди. Уни қўлига олиб кўриб, қувонгувчи, унинг орзуларига қанот бергувчи одам бўлмади. Акаси ўша пайтда политехника институтида ўқир, имтиҳонлари билан жуда банд эди.
Улар отасининг судини кутишди. Бир куни онаси билан унга передача олиб боришди. Бола етаклаган ёшроқ бир жувон ҳам унинг дадасига нарса олиб келибди. Ваҳобжон ҳайронлик билан нотаниш аёлга қаради. Аёл чимирилди-ю, индамади. Ваҳобжон савол назари билан кейин онасига қаради. Онасининг юзидаги маъюсликни, дилидаги хасталикни ҳам шундагина тушунди. У жаҳл билан олиб борган нарсаларини онасининг оёғи остига қўйди-ю, чиқиб кетди. Мана, дадаси ким экан. У уйларига кўп вақт келмасди. Онаси иш билан бир жойга кетди, деб жавоб қиларди кўпинча. Унинг ҳаёллари остин-устун бўлиб кетди. Ҳаётнинг биринчи зарбаси унга ана шундай қаттиқ тушган эди.
Ваҳобжон хаёлпаришонлик билан кетаётса, кимдир чақиргандек бўлди. Музқаймоқ будкасининг ёнида Зулайҳо билан яна бир синфдоши турарди.
— Мунча қорайиб кетибсан? Қаердан келяпсан? — деди Зулайҳо. Кейин унга музқаймоқ узатди.
— Емайман.
— Ол, муздеккина. Ваҳобжон ночор уни олди.
— Мен ҳужжатларимни мединститутга топширдим. Бу чет тилларига берибди, — деди ёнидаги йигитга ишора қилиб, — сен нима қилдинг?
Ваҳобжон кўзларини пирпиратиб қўйди-ю, жавоб бермади. У онасини шу аҳволда ташлаб чиқиб кетганидан азобланар, орқасига қайтишни ўйлаб турарди.
— Ҳеч қаерга топширмадингми ҳали? — такрор сўради Зулайҳо.
— Бечора учувчи, — деди синфдоши унинг елкасига уриб ачинганнамо, — даданг ерда ҳам тўғри юролмабди. Сен бўлсанг, осмонда учаман, дейсан. Бошқа бирон ерга тошпиравер энди.
Ваҳобжоннинг бошига бир нарса урилгандек бўлди. Ўртоғига жаҳл билан бир тикилди-ю, лекин ҳеч нарса деёлмади. Шахт бурилиб юриб кетди. Қўлидаги музқаймоқни четга отди.
— Ваҳобжон! Қаёққа, — деди Зулайҳо. Лекин у қарамади. Онасининг оддига ҳам қайтиб бормади. У кейинги кунларда дадасининг ўғирлик мол билан қўлга тушганини одамларнинг шивир-шивиридан эшитиб юрарди. Нега ўғирлик қилади? Нима учун? Ким учун? Улар ҳеч қачон ошиб-тошиб яшаган эмас-ку! Акаси ҳам, Ваҳобжон ҳам ўз тенгларининг орасида бирон марта йилтираб кўчага чиқишган эмас. Отаси ўғирлик қилса, рўзғорларида сезилмасмиди. Балки миш-мишдир. Кейин аниқ бўлиб қолар, деб ўйлаб юрарди. Лекин бугун унга нарса олиб келган аёлни кўрганда ҳақиқатни тушунгандай бўлди. Қизиқ, нега онаси индамади? Нега болаларига бир оғиз шикоят қилмади, билинтирмади! Ўзи-чи, ўзи! Онасини ташлаб чиқиб кетиш ўрнига ўша хотиннинг қаншарига боплаб битта туширса бўлмасмиди! Нега шундай қилмади-а?!
Шу ўй Ваҳобжонни ҳушига келтирди. Қараса, автобус дала йўлида кетяпти. Шофёрга айтиб машинани тўхтатди-да, тушиб қолди. Қаёққа юришни билмасдан орқасига қайтди. Пахтазорни кесиб ўтган сўқмоқ йўл четида тўнкарилган мотоцикл ётар, ўн бир-ўн икки ёшлардаги бир бола тиззасини қучоқлаб йиғлаб ўтирарди.
— Ҳа, нима қидди?
— Йиқилиб тушдим.
— Ўзинг ҳайдадингми?
— Ҳим.
— Кимники бу мотоцикл?
— Акамники.
— Сўраганмидинг?
— Йўқ.
— Вой шоввоз-ей! Қани тур-чи! Боланинг бир оёғидан қон оқарди.
— Уйларинг узоқми?
— Ҳў ёқда.
Ваҳобжон болани мингаштириб, у кўрсатган томонга ҳайдаб кетди. Кўча юзида олазарак бўлиб турган бир йигит уларни кўриб, севиниб кетди. Кейин ҳайрон бўлиб Ваҳобжонга тикилди.
— Боришга борибди-ю, қайтолмай қопти, — деди бошини эгиб қўрқиб турган болага ишора қилиб.
Йигит укасига ўқрайиб бир қараб қўйди-да, Ваҳобжонга қўл узатди.
— Келинг, меҳмон. Яхши сиз учрабсиз. Бирон фалокат рўй берса, нима бўларди. Кир уйга, — деди кейин укасига қовоқ солиб, — оёғингни юв! Қани, меҳмон, бир пиёла чой ичмасдан кетмайсиз.
Ваҳобжонни қўярда-қўймай уйга судради. Бу содда, дилкаш йигит унга ёқиб қолди. У билан гўё туғилгандан бери бирга ўсгандек дил-дилидан бир яқинлик сезарди. Неча кундан бери биринчи марта кўнгли сал ёзилгандек, ўйларидаги даҳшатли кўнгилсизликлар сал нари кетгандек бўдди. Ваҳобжоннинг сира уйга қайтгиси йўқ. У одамларга, ўртоқларига, Зулайҳога қайси юзи билан қарайди! Гўё ҳамма унга қўлини бигиз қилиб, отаси ўғирлик мол билан кўлга тушибди. Отаси шу бўлгандан кейин боласи нима бўларди, деяётгандек туюларди. Йигит Ваҳобжонни кузатиб катта кўчага чиқди. Ҳадеганда автобус келавермади. Қоронғи туша бошлади.
— Бугун қолаверинг энди! Ё уйдагилар хавотир олади дейсизми?
Ваҳобжоннинг юзидаги иккиланишни кўрган йигит уни яна қўймасдан уйига олиб кедди. Йигитнинг онаси уларга баланд сўрига жой қилиб берди. Ваҳобжон юрагидаги дардни негадир шу йигитга айтишга эҳтиёж сезди. Айтди. Йигит унга тикилганича ўтириб қолди. Осмонда сариқ баркашдек ой ўрик шохлари орасидан мўралаб, улар ётган сўрининг панжарасидан сузиб кирган, Ваҳобжоннинг ҳаёлларига туташдек унинг нурлари ҳам ниҳоятда сокин, маъюс эди.
— Қолинг шу ерда! — деди бирданига йигит, — бирга ишлаймиз. Ўқиш бўлса, уни ҳам бирга ўқиймиз. Қишлоғимиз жуда чиройли.
Ваҳобжоннинг онасидан кўнгли тинмасди. У эртасига уйига қайтди. Лекин уч-тўрт кун ўтгач, қайтиб келди. Колхозга ишга кирди. Кейинча шу жойда уйланиб, бола-чақали бўлди.
Машина силкиниб тўхтади. Ваҳобжоннинг ҳаёли бўлинди. Ойнадан қараса келиб қолибди. Тушди. Қишлоқ марказидаги сартарошхонада уч-тўрт киши ўтирар, магазинчи дўконини қулфларди. У саломлашиб ўтиб кетди.
Қуёш қип-қизариб борлиққа анор суви пуркаётгандек бўлиб ботарди. Муздек шабада Ваҳобжоннинг юзларига майин урилар, мўрилардан осмонга ўрмалаётган тутун-лар янги кўтарилган ток поялари устида аста ёйилиб кетар, аллақаердан янги ёпилган ноннинг ҳиди келарди.
Ваҳобжоннинг руҳи енгил тортиб кетди. Ҳа, ростдан ҳам қишлоғи чиройли, баҳаво. У учувчи бўлолмади. Лекин мана шу уфққача туташган далага унинг пешона тери кўп тўкилган. У машинада терган пахталарни бир жойга тўпласа, ҳў ўша чироғи йилтираб кетаётган самолётга бемалол етарди.
– Дада!
Қизи унга қараб югуриб келарди. Ваҳобжон жилмайиб чўнқайди-да, қучоғини очди. Қизининг қўлида бир дўппи ялпиз бор эди…