Саида Зуннунова. Буви (ҳикоя)

Наргис тўғнағичини лабига қистирганча ойна олдида соч тарар, унинг салгина буралган қалин сочлари нозик елкаларини ўраб турарди. У бошини енгилгина силкиб, юзига яқин сочларини орқага олди. Ҳозиргина кийган халатининг боғичларини қайта боғлар экан, кир тахлаб ўтирган Умринисо бувининг ёнига келди.
— Зерикмадингизми, бувижон? — деди у юмшоққина кулиб. — Қўйинг, ўзим қиламан.
— Бекор ҳам ўтирибман-да, болам. Чой қайнаяпти. Дамлаб берайми?
— Ўзим, — Наргис шундай деб ошхона томонга чиқиб кетди. Эрталабдан бери столга энгашиб олиб, алланарсаларни чизаётган Тўлқин бошини кўтарди. Била-гидаги соатига қараб қўйиб бир нафас ўйланиб тургач, пешанасини уқалаб бориб радиони буради. Охиригача буралган радиодан қандайдир бир куй гумбурлади. Умринисо бувининг қулоғи чиппа битиб қолгандай бўлди-ю, пастроқ қил, дегиси келмади. Чунки, Тўлқиннинг дарсига бу шовқин халақит бермаётгандай эди. У баъзан қўлларини белига тираганича қоғозга тикилиб турар экан, «па-па-пам, ля-ля-лям» деб музикага жўр ҳам бўлиб қўярди. Кириб-чиқиб юрган Наргиснинг ҳам юзида табассум, руҳининг енгиллиги кулгига мойил лабларидан шундоққина сезилиб турибди. У яқингинада ўқишдан қайтди. Тўлқин бўлса энди кетади.
Наргис жуда чаққон, меҳнаткаш қиз. Тўлқиннинг қилган савдоси онасига ёқмагани учун кўпинча бозор-ўчарга ҳам Наргиснинг ўзи борарди. Уйларни ҳам ярақлатиб тутади. Яна ярим кечагача ўтириб дарс қилади. Умринисо буви унинг тиниб-тинчимас, жонсараклигига қараб туриб ўзининг ёшлигини эслади.
Енгил қадамлар билан Наргис кирди.
—    Қани, чойга чиқинглар, буви! Бабуля!
Умринисо буви музика овозида унинг гапини эшитмади. Бошини қимирлатиб, бир қўлини қулоғининг орқасига олиб борди. Наргис радиони пасайтирди.
— Чой ичамиз.
Умринисо буви унинг кетидан бошқа уйга чиқди. Кетма-кет Тўлқин ҳам кирди. Товада жизиллаб турган гўшт билан картошкани Наргис ўртага қўяркан, бувисига қараб жилмайди:
— Раҳмат, бувижон. Қовуриб қўйган экансиз, иситдим. — У битта тақсимчада тўғралган пиёз билан редиска ҳам олиб келди-да, тортмадан вилка олиб уларнинг олдига қўйди.
Умринисо бувининг қорни очмаган бўлса ҳам болаларнинг кўнгли учун унча-мунча еб ўтирди. Тўлқин ҳеч кимга қарамасдан шошиб овқатланди-ю, қоғозларини ўраб дарсга кетди. Наргис Тўлқин ўтирган жойдаги нон ушоқлари, ғижимланган салфетка қоғозини йиғиштириб олар экан:
— Буни қаранг, доим кетидан йиғиштириб юрипшм керак. Бирам пала-партиш, — деди.
— Қўявер, ўғил бола.
— Дадам унақа эмаслар-ку! Уйланса, хотинининг ҳам жонига тегади бу! Бирам ғўдайган.
— Кўряпсан-ку, чизмакашлигидан бўшамаяпти. Чарчагандир бечора болам.
— Шунча болани қандай катта қилгансиз-а, буви? Наргис бувисини гапга солишни яхши кўради. Айниқса ёшлиги, болаларини қандай тарбия қилгани ҳақида кўп сўрайди. Ўзи кам гапиради. Ўзбекчани яхши тушунади-ю, қийналиброқ гапиради. У чой қуйиб узатар экан, бувисини яна сўроққа тутди:
— Дедушкам сизга қарашармиди?
— Қарашишга вақти йўқ эди, болам. У вақтларда докторлар кам, касал бўлса кўп эди.
— Чарчамасмидингиз-а?
— Аввал ёш эдим. Кейинроқ болаларнинг ўзлари қарашадиган бўлишди.
— Мана, сиз педагогикани билмайсиз-а, буви? Умринисо буви неварасига тикилди.
— Билмадим. Дарсингми у?
— Ҳа, дарс деса ҳам бўлади. Умуман тарбия, болаларнинг тарбияси ҳақида. Лекин болаларингизнинг ҳаммаси яхши.
Умринисо буви секин хўрсиниб қўйди:
— Мен уларнинг яхши томонларини ҳам, бошқага билинмайдиган камчиликларини ҳам биламан, болам.
— Мана, дадамни олайлик. Жуда маданиятли, тўғри, яна нима деса бўлади, — Наргис фикрини айтишга сўз тополмай қолди. — Ҳа, ҳалол одам. Уни сиз боққансиз. Лекин педагогикани билмайсиз. Қизиқ-а?
Умринисо буви кулиб қўйди. Кўзларига яна хаёл чўкди. У эри Отажонни эслаган эди.
Бир куни укол олиб юрган қўшниларидан бири қўярда-қўймай йигирма сўм пул ташлаб чиқиб кетди. Умринисо аввалига олмади. Кейин ўйланиб қолди. Ахир, до-ри-дармонни эри пулга сотиб олади-ку. Биронта камларига ярар. Болалар кўп. Бирининг эскисини бири кияди. Кичкинароқларига янги кийим олиб беришолмайди. Ана шу ўй билан пулни олиб қолди. Кечқурун Отажон ишдан қайтди. Овқатланиб бўлиб газета ўқиб ўтирган эди. Болаларнинг ҳам ҳаммаси уйда. Катталари дарс тайёрлашиб ўтиришарди. Умринисо ҳалиги пулни эрига айтди-ю, балога қолди, Отажоннинг ранги оқарди, лаблари пирпираб учди. Хотинига ҳеч қаттиқ гапирмаган одам газетани шалдиратиб силкиб ташлади.
— Уялмадингизми? Наҳотки уялмадингиз?! Қўшнингиз-а! Шарманда қилибсиз. Эрим бойиш учун, уйда пул топиш учун докторликка ўқиди, деяр экансиз-да?
Отасини ҳамма вақт оғир, сипо кўришга ўрганган болаларнинг ранги ўчиб, жавдираб туришарди. Отажон йигирма сўм пулни ўғли Шарифнинг қўлига тутқазди.
— Бор, олиб чиқиб бер!
Шариф бир дадасига, бир бошини эгиб турган онасига қарай-қарай пулни олиб чиқиб кетган эди. Ўша Шариф ҳозир Наргиснинг дадаси. Ана шу ҳаётда ўсган, ана шу муомалаларни ўз кўзи билан кўрган боланинг ҳалол бўлмаслиги борми?! Умринисо буви ана шуларни ўйларди-ю, неварасига қандай тушунтиришни билмасди.
Шарифни ўйлаганда она мамнунлик билан бир энтикиб олади. Унинг иши ғоят савобли иш. У газетада ишлайди, умри командировкада ўтади. У областнинг ҳамма бурчакларини билар, унинг қаламидан яхшилар элга танилса, ёмонлар шарманда бўларди. У ҳар кетганда қанчадан-қанча янги одамларнинг номини айтиб келар, яхши кишилар ҳақида тўлиб-тошиб, завқ муҳаббат билан гапириб берарди. Умринисо буви газета ушладими, кўзойнагини тутиб, ундан ўғлининг отини, фамилиясини қидирарди. Топиб олса кулимсираб, тикилиб қолар, қўли билан силаб ҳам қўярди. Ҳа, унинг ўғлини ҳамма билади. Танимаганлар ҳам барибир, номини эшитишган. Онанинг энг катта бахти мана шу эди.
Келини Султонхон ҳам жуда яхши аёл. У катта бир мактабнинг директори. Камтар, меҳнаткаш хотин. Шарифжонни жуда авайлаб туради. Шунинг учун ҳам Умринисо буви уни яхши кўради. Ўғлининг тинчлиги, хурсандчилиги хотинининг яхшилигидан-да. Болалари ҳам ёмон эмас. Фақат, баъзи нарсалар кекса онага ёқмайди. Бозорга Тўлқин бориши керак. Наргис эмас. Ҳар қалай эркак киши харажат қилишни ўрганиши керак-да. Юк кўтариш ҳам ўғил болага осонроқ. Ундан кейин бувилари бўлмаса Наргис укаси билан ўзбекча гапиришмайди. Наргис идишларни ювиб қўйиб уйга кирди.
— Нега ўйланиб қолдингиз? Дедушкам эсингизга тушиб кетдими? — деди ҳазиллашиб.
У тўғри айтаётган зди. Эртага пайшанба, уйига бориб чироғини ёқиб келмаса бўлмайди.
— Буви, кечқурунга нима овқат қилайлик?
— Билмадим, болам.
— Ҳали вақтли экан. Кирларга дазмол босиб қўяй, кейин қиларман.
— Овқатни мен қила қоларман.
— Йўқ, сиз дам олиб ўтираверинг. Кетаман демасангиз бўлгани. Эсизгина, карам олиб келганимда дўлма қилар эдик.
Наргис шипиллаганича тахлоғлиқ кирларни кўтариб чиқиб кетди. Бир нафасдан кейин унинг овози балкондан эшитилди.
— Буви, бу ёққа чиқинг! Ёнимда ўтиринг. Умринисо буви ўрнидан туриб рўмолини аста тузатар экан, невараси ёнига чиқди. У Наргисни яхши кўрар, ёлғиз ўзи қолганида зерикишини ҳам биларди. Наргис ҳам унга юрак сирларигача ишониб айтар, курсларидаги бир йигит уни яхши кўришини ҳам қизара-қизара гапирган эди. Ўзи ҳақида индамаган бўлса ҳам унинг ёниб, порлаб турган кўзларидан кўнгли мойиллигини кекса она пайқаган эди.
— Онаси бор. Дадаси урушдан қайтмаган экан, — деган эди ачиниб Наргис. — Амаллаб опасини узатишибди. Ўқишни тамомлаб озроқ ишласак, кейин тўй қиламиз, дейди. Унақа тўла-тўкис туришмайди, буви. Нима, айбми, ўзимиз ишлаб топиб олармиз. Мана, дадам билан ойим ҳам ҳамма нарсани ўзлари олишган. Тўғрими, буви?
Умринисо буви унинг елкасини меҳр билан силаб шундай деган эди:
—    Ким бой, биласанми?
Наргис елкасини қисди.
— Яхши кўришганлар, аҳил турганлар бой. Ким бахтсиз? Жанжалли уйда яшайдиганлар бахтсиз.
Наргас суюниб бувисини қучоклаб олган эди.
— Замонавий кампирсиз-да, буви. Шу замонда яшаб туриб ўн бешинчи асрда юрганлар ҳам бор.
— Ундай дема, болам. Ҳамма замонда ҳам яхшилар яшаган, ёмонлар ҳам. Дунёнинг тинчлиги яхшиларнинг шарофатидан.
— Шуни айтяпман-да. Лекин аямга ҳали айтмайман. Иши кўп. Ҳозирдан ўй ўйлатиб нима қиламан.
Кампир невараси ёнига ўтираётиб ана шуларни эслади. Наргис кирга сув пуркар экан, бувисининг ҳаёлини билиб тургандай шивирлади:
— Буви, биласизми, ойисини кўрдим.
Умринисо буви кимнинг ойиси ҳақида гап бораётганини дарров пайқади.
— Бирга кетишаётган экан. Узокдан кўриб қолдим. Яхши хотинга ўхшайди.
— Ўғли яхши бўлса, онаси ҳам яхши бўлади-да, болам.
— Менинг суратимни уйларига қўйиб қўйган эмиш. Суратим ёқибди. Ўзим ҳам ёқармиканман? — Наргис шундай деб шарақлаб кулиб юборди. Унинг юзларига қизиллик югурган эди.
— Ўзинг ҳам ёқасан, болам.
— Бувижон, сиз ҳамма вақт яхши гапларни гапирасиз.
Умринисо буви оёғи остида ётган бир варақ қоғозни энгашиб олиб ёзувига тикилди.
— Кўзим ўтмаяпти. Бу нима экан, ўқиб кўр. Дадангнинг хатига ўхшаяпти. Тағин керакли қоғози бўлмасин.
Наргис дазмолни қўйиб, қоғозни олди. Қошларини чимириб, унга кўз югуртирди-да, бувисига қайтариб бер-ди.
— Тушунмадим. Қишлоқ хўжалиги, даромад, яна нималардир ёзилган. Дадамнинг газетага ёзганларидан бўлса керак.
Умринисо бувининг юраги алланечук бўлиб кетди. Ҳа, дилини хира қилган нарсаларнинг бири мана шу эди. Лекин педагогика деган дарсида бу ҳақда айтилмаганмикан…
— Биласанми, — деди Умринисо буви ўйчанлик билан, — сен қайнонанга ёқмаслигинг ҳам мумкин. Дазмолни кўтар, куйдирасан!
Ҳангу манг бўлиб қолган Наргис шошиб дазмолни олди-да:
— Нега энди бирданига? — деди ҳайронлик билан.
— Сени ким боқиб катта қилди?          
Ҳеч нарсага тушунмаган Наргис:
— Дадам, аям, — деди кўзларини пирпиратиб.
— Қандай қилиб, нима билан боқишди?
— Бувижон, нима демоқчисиз ўзи?
— Жавоб бер!
— Ишлаб боқишди-да, албатта.
— Дадангнинг топиб келган нонини ейсан, олиб келган кўйлагини киясан. Лекин қандай қилиб бу пулларни топди, нималарни ёзди, унинг сенга қизиғи йўқ. Шундайми? Дадангнинг ёзган нарсасини ҳатто тушунмайсан, аммо пули яхши. Уялмайсанми, болам? Уканг бўлса сендан баттар.
— Вой, бувижон, умуман тушунаман, лекин қийин.
— Ўнта тилни билсанг ҳам майли, билавер. Лекин сени боқаётган тилни билмасанг, одаммисан сен? Агар қайнонанг менинг кўнглимдагидек хотин бўлса, боринг, болам, аввал онангизнинг тилини ўрганиб келинг, дейди.
Наргис гап тополмай нуқул: «Вой, бувижон» — деяр эди.
— Агар буванг тирик бўлганида 6у қилмишинг учун, билмадим, нима қилар эди. Болаларинг бўлса, ўзинг билмаган тилни уларга қандай ўргатасан? Мактабидан ўзбек тилидан икки олиб келадими?
Умринисо бувининг шундай жаҳли чиққан эдики, ҳатто Наргисни гапиришга ҳам қўймай, силтаб-силтаб ташлади. Наргис буни пайқади. У ғалати, ўнғайсиз аҳволда қолди. Севимли бувиси уни ҳеч қачон бунчалик уришмаган эди.
— Тавба қилдим, бувижон. Жуда ҳам унчалик тушунмайман эмас.
Кампир қоғозни силаб, текислаб икки буклади-да, унга тикила-тикила ўғлининг столига қўйиб чиқмоқ учун уйга кириб кетди. Қўнғироқ жиринглади. Наргис югуриб чиқиб эшикни очди. Бу Султонхон эди.
— Намунча қизариб кетибсан?
— Дазмол босаётган эдим.
Неварасига зимдан назар ташлаган Умринисо буви келинига юзланди:
— Келдингизми, болам?
— Зерикмай ўтирибсизми? Яхшиямки Наргис бор экан. Сиз бўлсангиз, Наргиснинг ҳам уйдан чиққиси келмайди.
— Энди уйга киргиси келмаса-чи?
— Нега? — Султонхон жавдираб иккалаларига қаради.
— Қўйсангиз-чи, бувижон. Ҳечам ундай эмас. — Наргис кулиб, балконга чиқиб кетди.
Ҳамон савол назари билан қараб турган келинига кампир:
— Озроқ уришдим, — деди кулиб. Султонхон ҳам кулимсираб қўйди.
Кечқурун овқат устида ҳам Наргис бувисига қараб-қараб қўяр, баъзан ҳаёл суриб қоларди. Унинг аҳволини Умринисо буви сезар, гапларини қаттиққина текканини ҳам пайқар эди. Тўлқин ҳам ўқишдан қайтди. Қўлларини ювиб столга ўтирар экан:
— Ужасно кушать хочу, — деди. Наргис жавдираб бувисига қаради.
— Чиқ, ошхонада ея қол. Юр, юр, деяпман сенга! Тўлқин эринибгина ўрнидан гурди.
—    Шарифжон қачон келаркан?
Султонхон қайнанасига чой узатар экан:
— Зерикиб қолдингизми, ойи? — деди кулиб. Султонхон қайнанасининг феълини яхши билиб қолган. Эртага ҳеч қандай куч уни бу ерда олиб қололмас-лигини ҳам билади. Умрини, меҳри, меҳнатини болаларига улашиб юрган бу кампир, нураган, жимжит уйи билан бир кунгина сирлашиб, ўчган хотираларга чироқ ёқиб келишни канда қилган эмас. Уни чарчашга қўймаган эътиқод ҳам, балки шудир.
Умринисо буви ҳозир шу ҳакда ўйларди. Ҳамма нарсага эътиқод керак. Эл-юртга ҳам, муҳаббат, рўзғорга ҳам, ҳатто тилга, сўзга ҳам. Эътиқод қўйилмаган нарса хароб бўлади. Неварасининг дилини оғритди. Лекин тушунтиролдимикан…
Ҳа, ҳеч ким ўз фарзандининг яхши, ёмон томонини онасичалик билмайди. Лекин она ҳаммага айтавермайди. Кўнгли тўлмаса, кўнглига ёқмаган нарсаларни тўғрилай олмаса, пинҳоний дард чекади. Умринисо буви ҳозир ана шундай аҳволда эди. У невараларини ниҳоятда яхши кўрар, бахтли бўлишларини, уларга ҳамма ҳавас билан қарашларини жуда-жуда истар эди.