Одам деганлари хўп ажойиб маҳлуқ-да! Ундаги туйғуларнинг кўплигини айтинг. Улардан бири, масалан, мақтанчоқлик. Ажойиб дейсизми, ғаройиб дейсизми, ишқилиб бир туйғу-да. Ўзини одам деб атовчи жонзод борки, ҳаммасида ҳам бу туйғудан унча-мунча топилади. Бир нарсани еган, ичган, кийган, олган, минган, кўрган ва ҳоказо, янгилик бўлса бас, дарров атрофга аланглаймиз. «Ие! Шунақами!? Вой! Бай-бай-бай, эшитмай қолганимизни қаранг! А!? Қойил! Йў-ғе!» деган хитобларни шунақа яхши кўрамиз, уларни шунақанги маза қилиб эшитамиз, дунёда бундан ортиқ ҳузур йўқ!
Одам деб аталгани учун Оловиддин ака ҳам бу туйғудан бенасиб қолмаган.
Оловиддин ака ўзи яхши одам — яқинда қамоқдан чиқди! Аслида қамалмасдиям. Қўшниси Милтиқбойда ҳам бўлган мақтанчоқлик са-баб бўлди. Шаҳардан туман маданият уйига қатнаб ишловчи Чаманой отлиқ жонон бор эди. Оловиддин ака у билан «учрашиб» турарди. Буни Милтиқбой тушмагур тушида олтин топиб олган жиннидай, Чаманойнинг эрига суюнчилабди! Эри ўз навбатида Оловиддин акага кучайибди: «Палончибой мени акахоним бўладилар, у қилиб, бу қилиб юбораман!» Оловиддин акани «у, бу» қилишолмади, аммо «разбор»дан кейин Милтиқбойга қийин бўлди: ўнг оёғини силтаб босадиган, калласини ўйнатиб турадиган бўлиб қолди.
Оловиддин акага эса жин ҳам урмади. Тўғри икки йилми, уч йилми қамалиб чиқди, аммо кечаги куни машина олди. О! Ана машина! Дарвозасининг олдига чиқариб қўйиб роса уч соат ювди — мақтанчоқлик қамалса ҳам қолмас экан-да. Артди, ярим соат. Машина ярақлаб кетди. Аммо аканинг кўнгли тўлмади: «Во! Муборак бўлсин! Хўроз йигитлар машинаниям хўрозини минаркан-да!» деб юракдан айтиладиган гаплар қани?
Охорли костюм-шимини кийиб, гаслтукларини тақиб, рулга ўтирдилар. Қаламнинг тили бўлганда, «Машинанинг Оловиддин акага, у кишининг машинага ярашганини қаранг!» дер, буни қаҳрамонимиз ҳам эшитган бўларди, афсуски… Хўп қаламда забон йўқ экан, аммо одамларда-чи, одамларда, тиллари узилиб тушганми? Туман марказини кесиб у ёққа ўтишди, бу ёққа ўтишди бирор хитоб йўқ. Ақалли эътибор билан қарашиб, қойил дегандай қош ҳам қоқиб қўйишмайди!
Маданият уйининг олдида сигнал бериб тўхташди. Виқор билан машинадан тушиб, эшик томон юришди. Вей, бўлар экан-ку! Собиқ касбдошларидан тўрт-бештаси ўрнилардан туришиб, бўйлаб-бўйлаб қараша бошлашди. Мана ўша ҳайратлар-у, хитоблар: «Оҳ! Зўр нарса экан! Воҳ, ўлиб қоламан! Янгиси чиқибдими?!»
Оловиддин ака чексиз бир ҳузур билан қўлидаги калитни ўйнаганча уларга яқинлашди: «Ҳа, энди, мени биласизлар-ку!..»
Аммо касбдошлари унга парво ҳам қилишмади. Бўйлашиб, ҳамон ҳайратланишда давом этишарди: «Зўр нарса, жонингни берсанг арзиркан!»
Оловиддин ака ортига ўгрилди ва ҳамкасблари бўйлашаётган томонга боқиб қотиб қолди: машинасининг орқасидаги йўлакчадан, «Замон-замон, бизнинг замон» деган юриш билан, бир паризод лов-лов ёниб ўтиб борарди.
Э, мақтанчоқлик деганлари ёмон дард экан.
Оловиддин ака дардига эртасига даво топди. Зулукдай машинасида туман марказидан ўтиб бораркан,
«Оҳ! Қойил! Зўр экан!» деган ҳайқириқлар уни кузатиб қолди. Ёнида Сумакхон ўтиргани учун бу сўзлар унга қарата айтилаётганини сезса-да, Оловиддин ака ҳузурланарди. Майли-да! Бу ҳузурни ака кечгача давом эттирмоқчи эди, Сумакхон зумда режасини чиппакка чиқарди:
— Оловиддин ака, ҳов, анови бобойни кўряпсизми? — деди у йўл четида арава етаклаб кетаётган чолга ишора қилиб.
Қаради, таниди, отаси, хўп нима бўпти? Сумакхон жим кетаверса бўларди-ку, йўқ:
— Кечаги куни мана шу бобойнинг ҳам беш минг сўмини қуртдай санаб олдим! — дея мақтанди.
Сузиб кетаётган машина қўққис тўхтади. Оловиддин ака Сумакхонни зўрлаб машинадан туширди-да, гап-сўзсиз шитоб билан жўнаб қолди. Мана, мақтанчоқликнинг оқибати!
Бу воқеани Оловиддин аканинг ўзлари мақтаниш оҳангида сўзлаб берди.
— Нега энди машинадан тушириб юбордингиз? — сўрадим атай.
— Ие, туширмасанг бўладими!? — деди у кўзларини катта очиб. — Сумакхон энам бўлиб қолишига жиндай қолган экан-ку!