ИШТИРОК ЭТУВЧИЛАР
1. ЭРКАБОЙ – 60 ёшларда, қишлоқидан келган, аммо шаҳарнинг пасту баландини билган инсон.
2. ЙЎЛДОШ – 30 ёшларда. Эрканинг шогирди, содда йигит.
3. МИЛТИҚБОЙ – 50 ёшларда. Собиқ маҳалла нозири. Анчайин қув.
4. АРСЛОН – 75 ёшда. Янги бойлардан. Кўзи яхши кўрмайди. Қулоғи оғирроқ.
5. НОЗИГУЛ – 30 ёшда. Арслоннинг хотини, содда-ю, аммо ичидан пишган.
6. ХОЛИҚ – 50 ёшда. Бойлик бўлса ҳамма нарсага тайёр одам.
7. САЛТАНАТ – Арслоннинг қизи. Ўқимишли, ақл-идрокли. Битта айби тўладан келгани. 25 ёшда.
8. НУРИДДИН – 25 ёшда. Қилтириққина, аммо ўта “замонавий” йигит.
Воқеалар “қадим-яқин” замонларда, оддий хонадонда бўлиб ўтади.
Саҳнанинг ўнг томонида чала битган осмонўпар иморатнинг ярми
кўриниб турибди. Чап томонда кўча эшиги, данғиллама уй.
Юқоридаги уйнинг эшиги очиқ. Ўртада сўри.
Унинг устида эркакнинг шими, бир пой туфлиси, аёллар рўмоли ётибди.
Эшик қўнғироғи жиринглайди.
ЮҚОРИ УЙДАН ОВОЗ. Вой, эрим!.. Қўйворинг!
Қўнғироқ жиринглайди.
ОВОЗ (баралла). Ҳозир! (Шивирлаб) Қўйворинг деяпман! Қанақа одамсиз ўзи?!
Қўнғироқ жиринглайди.
ОВОЗ (баралла). Ҳозир дедим-ку! Ҳозир! (Шивирлаб) Яширининг, эрим! Сизни бу ерда кўрса соғ қўймайди!
Юқоридаги уйдан Нозигул халатининг тугмаларини қадаб, белбоғини боғлаб,
сочларини тартибга солганча чиқади. Сўридаги рўмолни олиб, бошига ўрайди.
Шим билан туфлини уйга отиб, кўча эшиги томон юради.
Уйдан ички кийимдаги Милтиқ чопиб чиқиб,
Нозигулни орқасидан қучоқлайди.
НОЗИГУЛ (Милтиқни силтаб ташлайди). Э, йўқол-э!
Милтиқнинг боши деворга урилади, гурсиллаб ерга қулайди.
НОЗИГУЛ. Яширининг! Эрим келди деяпман! Яширин!
Милтиқбой гандираклаб уйга кириб кетади. Нозигул эшикка қараб юради.
Милтиқ гарангсираб уйдан чиқиб, атрофга аланглайди. Сўридаги кўрпача остига яширинмоқчи бўлади. Оёғини ёпса боши очилиб қолади, бошини ёпса оёғи. Яна атрофга аланглайди. Юқоридаги, очиқ турган эшик орқасига беркинади.
НОЗИГУЛ (эшикка). Ким у?
Жимлик.
НОЗИГУЛ (зарда билан, бақириб). Ким деяпман?
ОВОЗ. Менман, хоним, менман! Аскарингизман, генералим!
НОЗИГУЛ. Уфф! (Эшикни очади).
Қўлида халталар билан Арслон киради.
АРСЛОН (пешонасидаги терларни рўмолчасига артиб). Ухлаётганмидингиз, азизам? Узр, узр!
НОЗИГУЛ (киноя билан). Роса кўзим учиб турганди-да.
АРСЛОН (унинг сўзларига парво қилмай). Бозор эрта битиб қолди. Уни устига арзон-гаров мардикор-усталар учраб турибди-да! Аммо тоғни урса талқон қиладиган паҳлавонларни бошлаб келдим! (Эшикка) Киринглар, йигитлар!
Қўлида халта билан Эрка, унинг ортидан Йўлдош киради.
Нозигул уларга беписанд кўз ташлайди, лабини буради.
АРСЛОН (чала битган иморатларга ишора қилади). Ошхонанинг чаласини битказишади. Кейин нимаки топшириғингиз бўлса, уларни ҳам сўзсиз бажаришади. Бозорликни ичкарига қўяқолай, а?
Арслон халталарни кўтариб, ўнг томонга ўтиб кетади.
Эрка атрофга аланглайди, қўйнидан вино олиб, ҳўплайди, шляпасини ҳидлайди. Нозигулнинг тикилиб турганини кўриб, жентельменлардай эгилиб, шляпасини қўлида силтаб, таъзим бажо этади. Нозигул лаб буриб, ўнг томонга юради. Шу пайт юқоридаги эшик “ғийқ” деган овоз чиқариб, ёпилиб қолади. Унинг ортида майка-турсида, солдатлардай икки қўлини ёнга тушириб турган Милтиқ кўзга ташланади. У кўзларини пирпиратиб, бироз туради-да, чопиб келиб Эрка билан Йўлдошнинг ўртасига туриб олади. Нозигул бош чайқаб, қўллари билан юзини беркитганча, сўрига ўтириб қолади. Йўлдош оғзини очганча олдин Милтиққа диққат билан разм солади, сўнг Эркага қош учиради. Эрка чап кўзини юмиб, бош қимирлатиб, “Парво қилма” дегандай ишора қилади. Арслон ортига қайтади.
АРСЛОН. Ҳамма масаллиқларни музхонага жойлаб қўйдим, хоним. Буларга бирор егулик тайёрлаб… (Милтиққа кўзи тушиб, ўйланиб қолади. Кўзойнагини ечиб, яна қарайди. Бармоқларини букиб, санаган бўлади. Милтиққа бошдан-оёқ разм солади). Ие, буниси қаёқдан пайдо бўлди? Осмондан тушдими, ердан чиқдими? Мен иккита мардикор бошлаб келгандим, шекилли?
НОЗИГУЛ (лаб буриб). Домулло, иккитасининг устига яна иккита кўзойнак тақиб олсангиз бўларкан.
АРСЛОН (ишора қилиб). Кўзойнагим ўзим-да, мана тақиб олганман.
НОЗИГУЛ (баланд овозда). Эй, ўша кўзойнагингизнинг устига яна иккита кўзойнак тақиб олсангиз бўларкан. Бошлаб келган сиз, мен қаёдан биламан?
АРСЛОН. Ҳа-а-а-а!
НОЗИГУЛ. Бунга гап тушунтургунча… (Қўл силтайди)
Арслон ҳайрон, кўзойнагини қўлига олиб, яна тақиб йигитларга қарайди.
Бармоқларини букиб, яна санайди.
НОЗИГУЛ (овозини баландлатиб, Арслоннинг енгидан тортиб). Ҳой, менга қаранг, домулло, қариб кўзингизга учта нарса иккита бўлиб кўринадиган бўлиб қолдими? Мановилардан сўранг, учта эди улар ўзи! (Йўлдошга қўлини ниқтаб) Учта эдиларинг-а?
ЙЎЛДОШ. Н-н-нима… б-б-б-биз… ҳалиги… Мен бу ерлик эмасман!
НОЗИГУЛ (Эркага). Уч киши эдиларинг-а?
ЭРКА (бепарво). Ҳа, уч киши эдик, чамамда, чоғимда, мўлжалимда! Бу укамизга домуллонинг кўзи тушмабди-да, бозорда. Ўзи укамиз четроқда юради. Спортга муккасидан кетган. Спорт билан шуғуллангани-шуғулланган. Жаҳон чемпиони бўлмоқчи, югуришдан. Биз иш топсак, ортимиздан чопиб келаверади.
НОЗИГУЛ. Ана, эшитдингизми?
АРСЛОН (Нозигулга юзланиб, бош чайқаб). Жаҳон чемпионатига боролмайман мен! Қанча ишим қалашиб ётибди.
НОЗИГУЛ. Уфф! Биров буни жаҳон чемпионатига боринг дедимикан! (Эркага Арслонни имлаб) Қулоқлари кетган. Овозингизга яна бир парда қўшиб юборасиз!
ЭРКА. Ҳа-а-а-а-а! Бозорда ҳам Али десам, Вали дейишаётганди, шунга экан-да! (Бемалол саҳнани айланиб, Милтиқни кўрсатиб, ҳар бир сўзини таъкидлаб, баланд овозда) Бу укамиз жаҳон чемпиони бўлмоқчи, югуришдан, домлажон!
АРСЛОН (қўли билан Милтиққа имлаб). Ҳа-а-а-а-а!
ЭРКА (Арслонга тақлид қилиб). Ҳа-а-а-а-а! Шунга ҳеч бекор турмайди. Югургани, югурган! Сиз борганда ҳам мардикор бозорининг атрофида югураётганди, кўрмабсиз! Автобусгаям, машинага ҳам чиқмайди. Биз иш топсак, ортимиздан чопиб келаверади. Мана кўряпсиз, етиб келиб турибди.
АРСЛОН. Ҳа-а-а-а! (Милтиқнинг қаршисига бориб, қўл узатади) Арслон (таъкидлаб) бой!
МИЛТИҚ (қалтираб қўл узатади). Милтиқ (таъкидлаб) вой!
АРСЛОН (Милтиққа). Чемпион бўлиш учун, югуришнинг ўзи камлик қилади. (Кўкрагига бармоғини ниқтаб) Бизга ўхшаган спонсорларнинг ортидан ҳам югуриш керак! Аммо сиз кўзимга иссиқроқ кўриняпсиз… Сизни қаердадир кўргандайман…
ЭРКА (Арслонни четга тортиб). Радиода, йў-ғе, телевизорда кўргансиз, Арслонбой ака, телевизорда кўргансиз… “Маҳалламиз маликалари”да чиққан! Машқларини охирига етказиб олсин, албатта сизнинг орқангиздан ҳам югуради. Ўзингиз спонсор бўласиз, Арслонбой ака! Ҳозир бизга ишни кўрсатинг, ишни. Вақт ўтяпти, пул кетяпти, чамамда, чоғимда, мўлжалимда.
АРСЛОН. Ҳа-а-а-а! (Кўрсатиб) Манови иморатни битказасизлар.
ЭРКА. Гап бўлиши мумкин эмас.
АРСЛОН. Цемент, қум, оҳак, ғишт ичкарида. Сифат деган нарса бўлмаса, пул бермайман. (Эшик томон юради)
НОЗИГУЛ (унинг ортидан). Мени кандидатскийим нима бўляпти?
АРСЛОН. Бўляпти. Зўр-зўр ҳимоячилар билан гаплашиб қўйганман, кўнглингиз тўқ бўлсин, азизам! Кўча кўрган йигитларданмиз, сизни ҳимоя қиламиз! Бугун ҳам университетга тушиб, ҳимоячиларнинг эсларига солиб қўяман!
ЭРКА (томошабинга). Ҳеҳ! Уйида ҳимоя қилолмай ўтирибди-ю, кўчада ҳимоя қилармиш! (Милтиққа ишора қилиб) Ўйинчилар ялло қилиб юрибди-ю стадионида!
АРСЛОН (Эркага). Бир нарса дедингизми, биродар?
ЭРКА. Яхши бориб, эртароқ келинг, дедим!
АРСЛОН. Раҳмат!
Арслон кўча эшикдан, Нозигул ўнг томонга чиқади.
Милтиқ остонада ётган шим билан туфлини олиб,
шошилиб юқоридаги уйга кириб кетади.
ЙЎЛДОШ (Милтиққа ишора қилиб, дудуқланиб). Б…бу п-п-палид осмондан тушдими, ердан ч-ч-ч-чиқдими?
ЭРКА (сўрига чиқиб, ёнбошлайди, сўмкасидан вино шишасини олиб, гап орасида бемалол ҳўплаб-ҳўплаб ичади). Сенга нима? Буям бизга ўхшаган мардикор экан, чамамда, чоғимда, мўлжалимда. (Кўча эшикка ишора қилиб) Поччамизнинг ўрнига ишлаётган эканлар. Ҳе-ҳе-ҳе! Аммо ишни битказмай туриб, ишларини бузиб қўйдигов! Хонимнинг қош-қовоғини кўрдинг-ку? Энди навбат бизга. (Нозигул томонга ишора қилиб) Бизниям рози қилмай кўрсин, дунёга жар солиб юбораман. “Учта эдик”, деб бекорга ёнини олганим йўқ. Аммо кетворган нарсамикан?
ЙЎЛДОШ (қўл силтаб). Э-э-э, а-ака, шунақа гапларни қўйинг! Бузуқи ишлар қилгани келибмизми, биз?! Ўзи бунақа палидларни мелисага топшириб юбориш керак.
ЭРКА (кулиб). Э, каллангга қойилман, мулла Йўлдошбой! Чақир, чақир бўлмаса мелисани. Ўзинг шапкали одамни кўрсанг, (урғулаб, шошмасдан) у военнийми, учувчими, ё бирор ерда қоровул – бошида шапкаси бўлса бас, олти бекат наридан юрасану, яна мелисага берармиш.
ЙЎЛДОШ (куюниб). Шунақа қилиб юриш менга ҳавасми, ака, ҳавасми?! Отам уйлайман деганига уч йил бўлди. Ўшаларга ёрдам бўлармикан, бир-икки танга топармиканман, деб юрибман бегоналарнинг эшигида сарғайиб. Ўғирлик қилмаганман, одам ўлдирмаганман, жиноятим – тинчгина, ҳалол меҳнат қилиб пул топаётганим. Э, мелисаларингиз бунга қарармиди?
ЭРКА. “Паспортингизни кўриб қўяйлик!” дедими, бу ёғи тамом!
ЙЎЛДОШ. Ўлманг! Паспортимни ушлашгани, мени ушлашгани! Қатор-қатор қарорлар, фармонлар чиқиб ётибди, булар умуман ўқишмайдими, эшитишмайдими, панага судрашади. Чўнтаклар, халталар қолмайди: тинтишади, топганингизни тортиб олишади.
ЭРКА. “Кимсан, паспортимни олишга, кўришга сени ҳаққинг борми ўзи? Аслида, сен “наряд”дан чиқиб келяпсанми ё “парад”дан?” деб сўрайдиган инсон йўқ!
ЙЎЛДОШ. “Наряд”данми, “парад”данми деб сўраш учун юрак бўлиши керакми? Бизда юракнинг ўзи йў-ғу! Аллақачон олиб қўйишган. Бўрига йўлиққан қуёндай қалтираб турасиз.
ЭРКА. Ўғри ушлаш ё жиноятчини топиш, қўлга олиш учун калла бўлиши керак! Нима қилишади? Улардаям бола-чақа бор, ушлаганини шилишади-да. (Кулади, винодан ҳўплаб, дўпписини ҳидлайди)
ЙЎЛДОШ. Паспортимга катта ҳарфлар билан, “Ушбу паспорт эгаси қонун ҳимоясида!” деб ёзиб ҳам қўйилган! Демак, мени қонунлари қўллайди. Шу юртда боболаримнинг, момоларимнинг гўри – қабри турибди! Биров уларни босиб ўтаман деса, мени ўлдириб, кейин ўтади! Аммо мен ўз юртимда мени ҳимоя қиладиган қонун ҳимоячиларидан қочиб юраман! Уят! Уят! Уят!
ЭРКА. Эй, кеча шаҳарга келиб, бугун менга маъруза ўқимагин, ука! Бунақа ишларни бугун кўраётганим йўқ. Гапирсам достон бўлади. Пул топиб уйланмоқчимисан, гап йўқ. Мен билан бирга бўлсанг кам бўлмайсан: ўзим сени онаси ўпмаганига ўйлантириб қўяман.
Юқоридаги уйдан мелиса кийимидаги Милтиқ чиқади. Йўлдош қўрқиб қочмоқчи бўлади, сўмкасига қоқилиб йиқилади. Эрка шошиб вино шишасини сўмкасига яширади, ўзини ўнглаб ўтиргач, Милтиққа синчиклаб қарайди, чаккасини қашлайди. Милтиқ Нозигул чиққан, Арслон кетган томонларга бир-бир қараб, туриб қолади. Эрка оғиз ва кўзларини бор бўйича очиб, киприкларини пирпиратади. Сўнг ўзига келиб, қўлларини бир-бирига ишқаганча,
Милтиқ томон юради.
ЭРКА. Ие, ие, ие, камандир, ўзингизми, ўзингизми? Боя кўзимга иссиқ кўрингандингиз-у, шу эслайман дейман, шу эслайман дейман, бу эс қурғурнинг ўзи қолмаган-да, эслолмайман-да! Барибир формада бўлмасангиз танимас эканман, вей, чамамда, чоғимда, мўлжалимда! Қўлни узатинг, ўғил бола! (Милтиқнинг қўлидан тутади, таъкид билан) Омон-мисиз, соғ-мисиз, бор-мисиз? Бола-чақалар тинчми? Участкаларни обход қили-и-иб юрган экансиз-да, а, чамамда, чоғимда, мўлжалимда?
МИЛТИҚ. Ҳа, энди, ака…
ЭРКА. Оббо, сиз-эй! Учрашган жойимизни, кунимизни, ҳолимизни қаранг! Кейинги пайтларда майка-турсида хизмат қиладиган бўлиб кетибсиз-да?
МИЛТИҚ. Биласизми, ака?..
ЭРКА (сўзини бўлиб). Биламан, ука, биламан. Сигаретдан олинг-э, гапни кўпайтирмасдан.
Йўлдош ёнбошлаганча оғиз ва кўзларини бор бўйича очиб, уларни кузатади.
Милтиқ Эркага сигарет узатади.
ЭРКА (сигаретани қутиси билан олиб). О! Тозасидан-у. Сигаретпурушлардан ўлжами дейман-а? Ҳа, бугун ўнг томоним билан турган эканман. (Ҳузур қилиб чекиб, қутисини чўнтагига солиб қўяди) Яна, “Сигаретдан бер”, деб сизни овора қилиб ётмай, чўнтагимда турақолсин, (кулади) ўлжанинг ўлжаси бўлиб! (Йўлдошга кўзи тушиб) Ие, ие, ие! Келавер, бу ёққа кел! Милтиқбой аканг – бу, қўрқма, ўзимиздан. (Милтиққа) Тўғрими, камандир?
МИЛТИҚ. Тўғри-ю… Энди, ака, бошқа куни гаплашсак… Бугун зарур ишларим бор эди… (эшик томон юради).
ЭРКА. Ҳов, камандир, қуённинг расмини чизмоқчимисиз? А? Жўнамоқчимисиз? Бизам ортингиздан бораверамиз бўлмаса. Мана, гувоҳимиз бор. (Йўлдошга) Эй, бу ёққа келсанг-чи, қалтирамасдан! Биқинимга ўтир! Мен борман, қўрқма! (кўрсатиб) Икковлашиб мелисахонага борамиз! Маҳаллаларда қандай, қанақа, қай ҳолатда хизмат қилиб юрганингизни бир бошда-а-ан айтиб берамиз бошлиғингизга.
МИЛТИҚ. Ака, ёмон кўнгилга борманг. Шундай ўтиб кетаётсам, (Нозигул кетган томонга ишора қилади) кўчага сув сепишаётган экан… Мени кўрмай қолиб, бир челак сувни устимга сепиб юборди. Кейин…
ЭРКА (қаҳ-қаҳ уриб, қотиб-қотиб кулади). Ишондим, камандир, ишондим. Кейин кирдингиз.“Уст-бошингизни дазмол қилиб бераман, ечининг!” деди, ечиндингиз-а?
МИЛТИҚ. Ҳа-а…
ЭРКА. Сиз суқсурдай йигитсиз, улар (Нозигул томонга ишора қилади) ўн гулидан бир гули ёпилай-ёпилай деб турган жонон. Гапни бир бор экан, бир йўқ экан, деб бошласангиз бўларди. Дазмол босиб ўтиришларингга кичкина бола ҳам ишонмаса керак?! (ишора қилиб) Шимингиз остонада ётганди-ю? Гапларингиз унча қовушмаяпти, камандир.
ЙЎЛДОШ. Қовуш… қовуш…
ЭРКА. Ҳа-а-а! (кулиб, аскияга буриб) Тўғри айтасан, булар энди қовушган экан, палакат босиб биз келиб қолибмиз, шунга гаплари қовушмаяпти.
МИЛТИҚ (ёнидан пул олиб, Эрканинг чўнтагига солади). Бунақа гапларни қўйинг, ака. Ундан кўра, мени дуо қилиб, икки юзтани отворинг.
ЭРКА. Ие, ие, камандир, гуноҳингиз иккита бўлиб қолаяпти-ю!
МИЛТИҚ. Гувоҳ?
ЭРКА. Гувоҳ эмас, гуноҳ! Майка-турсида, айни хизмат қилаётган пайтингизда қўлга тушдингиз чамамда, чоғимда, мўлжалимда! Бу – бир! Тўғрими?
МИЛТИҚ. Ака…
ЭРКА. Акаламай туринг! Қўйиб берсам сал туриб бувимлайсизам! (Арслон чиққан томонга ишора қилиб) У арслонннинг оғзидан (кўкрагига ниқтаб) нақ Эрка қиём акангиз, ғирт ёлғонни гапириб, “Телевизорда кўргансиз”, деб тортиб олди, чамамда, чоғимда, мўлжалимда!
МИЛТИҚ. Ака, йигитчилик деб қўйибди. Бир бўлди-да…
ЭРКА. Ие, вей, сизам йигитчиликни биласизми? Кўчага чиқсак, тиззамизнинг кўзи қалтираб туради, вей! “Дўппини чўнтакка уриб, рўмол ўраб юрсакмикан?” деган хаёллар ҳам ўтади калладан-эй! Кўзингиз тушиб қолса бўлди, “Нима қилиб юрибсан? Ҳиди келяптими?” деб идорангизга судрардингиз. “Ишлаб юрибмиз! Олти ой ишлаб, хўжайин банкрод бўлиб қолган экан, олти (таъкидлаб) минг сўмлик бўлдик! Аламига ичдик! Йигитчиликда бир бўлди-да”, деб минг таваллолар қилмайлик, пинагингизни бузмасдингиз, чамамда, чоғимда, мўлжалимда! Тўғрими, камандир?
МИЛТИҚ. Ҳа, энди хизматчилик…
ЭРКА. Яшанг! Энди бизам “хизматчилик” деб бир хуморбосди қиламиз.
МИЛТИҚ. “Хуморбосди?”
ЭРКА. Ҳа, хуморбосди. Бир кун қўлингизга тушиб қолсак, ўн беш кун тепамизда турволиб, ўлгудай ишлатардингиз. Ўтирган уйингизнинг бетонидан тортиб, шифери-ю сувоғигача қўлга тушган қасоскорлар – бизга ўхшаган текин ишчи-мардикорлар қурди, қуруқ нонни сувга бўктириб еб… Чамамда, чоғимда, мўлжалимда!
МИЛТИҚ. Текинга ишлатмаганман, пул ҳам берганман…
ЭРКА. Ҳа, ўн беш кун деганда ўлик-тириклигини бола-чақасига билдириб қўйсин деб пулам бергансиз! Ўзим бойваччалигингизнинг номер биринчи гувоҳи бўлганман-ку! Ўн беш кун ишлаганимдан кейин, яримтага яраша пул бергандингиз…
МИЛТИҚ. Йў-ғе?
ЭРКА. Ҳа-а-а! Уйингиздан чиқиб, чўнтак қуруқ, қишлоққа борволиш учун бирорта таниш излаб турсам, шеригингиз келиб ушлади. “Устайўқлов”, деб мени олиб бориб яна сизга топширди. “Ҳозир шу ердан ишлаб чиқдим!” деган гапимга парво ҳам қилмадиларинг. Қайтанга қўл ташлашиб, хо-холашиб устимдан кулдиларинг! Яна ўн беш кун қуллик қилдим, тўғрими? Мана замонлар ўзгариб, бизгаям кун туғиб қолибди, бир кун бўлсаям тепангизда турволиб, ишлашингизни томоша қили-и-иб, бир маза қилайлик, “Хизматчилик!” деб.
МИЛТИҚ. Жон, ака, бошқа сафар ҳар қандай ишингиз бўлса мен балогардон. Аммо ҳозир бормасам бўлмайди.
ЭРКА. Бормасангиз бўлмайдими?
МИЛТИҚ. Бўлмайди.
ЭРКА. Сираям иложи йўқми?
МИЛТИҚ. Сира иложи йўқ.
ЭРКА. Бўлмаса, қани, (қўли кўксида, эшикка ишора қилади) бошласинлар! Бизам мелисахонага бормасак бўлмайди. Сира иложи йўқ, ўзларидан бўлсин, юрсинлар.
МИЛТИҚ. Сиз мелисахонада нима қиласиз?
ЭРКА. Бошлиқларнинг оёғига бош уришингизни томоша қиламан.
МИЛТИҚ. Мен бош урарканманми?
ЭРКА. Албатта, сиз. Аввало, бугунги хизматларингизни бир бошдан ҳикоя қилиб берамиз ҳалол-пок инсон сифатида. Кейин (Милтиқнинг костюми енгидан ушлаб) мана бу формада яна хизмат қилиб юрганингизни айтамиз.
МИЛТИҚ. Бу формага нима қилибди?
ЭРКА. Устингиздан уч кишилашиб ечиб олишганди-ку!
МИЛТИҚ. Қачон?
ЭРКА (кулади). Ҳе-ҳе-ҳе! Ҳов, сиз бизни ҳеч нарсага ақли етмайдиган, фаросатсиз мол деб ўйлаяпсизми, мол?! Биздаям кўз бор кўрадиган. Бир эмас иккита қулоқ бор – эшитадиган!!! Эшитдик-да!
МИЛТИҚ. Нимани эшитдингиз?
ЭРКА. – Тўхтанг, ҳозир. (Йўлдошга) Нимага сен бир нарса қилиб қўйган боладай оғзингни очиб ўтирибсан? Бор ишингни бошлаб тур, ҳозир сенга ёрдамга чиқишади. Бор дедим!
ЙЎЛДОШ (қўли кўксида). Хўп, ака, хўп. (Чиқади)
ЭРКА (Милтиққа қўлларини силтаб). Олдин сиз менинг битта саволимга жавоб беринг. Милиция ходимининг асосий вазифаси нимадан иборат?
МИЛТИҚ. Халқнинг тинчлигини, хотиржамлигини сақлаш.
ЭРКА. Ўлманг. Энди ана шу вазифани сидқидилдан бажараман деб туну кун тиним билмаётган, керак бўлса бу йўлда азиз ҳаётини қурбон қилишга тайёр бўлган милиционерлар қанча?
МИЛТИҚ. Минглаб.
ЭРКА. Яшанг! Ана шундай улуғ, шарафли, савобли касбнинг эгаси, қонун ҳимоячиси бўла туриб қонунни бузган, ҳатто жиноят қилган ходимларни нима қилиш керак? А? (Кафтини қулоғига қўйиб) Эркавой акангизнинг қулоғи сизда, жавоб беринг. Ўзим жавоб берай бўлмаса. (Милтиқнинг формасидан ушлаб) Бундай муборак формага доғ туширган кимсаларни, формасини ечиб олиб, катта кўчага олиб чиқиб, кетига тепишади. Тўғрими?
МИЛТИҚ. Т-т-ўғри.
ЭРКА. Тўғри бўлса бу формада нима қилиб юрибсиз?! Сизни товламачилик билан пул ундираётганингизда қўлга олишганди. Эсингиздан чиқдими? Ўша куниёқ формангизни ечиб олиб, ишдан ҳайдашганди, кўчага олиб чиқиб кетингизга тепишганди чамамда, чоғимда, мўлжалимда. Форманинг иккинчисини топширмаган экансиз-да!
МИЛТИҚ. Ҳай… (Сўз тополмай чайналади)
ЭРКА. Жиноятингиз камдай яна формада юриб, мана бунақа ифлос ишларни қилаяпсиз! Сиздақаларнинг жойи қаерда эканлигини ҳам айтайми? Қамаш, менга қолса, сиздақаларни экскаватор билан чуқур ковлаб, кўмиб юбориш керак. Қамашса, тешик топиб чиқиб келаверасизлар-да! (жимлик) Хизматга борасизми, яна? Зарур ишингиз бордир балки?
Милтиқ жим. Нозигул киради. Уларга бир-бир кўз ташлайди.
НОЗИГУЛ (Милтиққа шивирлаб). Кетмадингизми?
ЭРКА. Э, қаёққа кетади, келин! (Сўмкасидан винони олиб ҳўплайди, кулиб) Сизнинг хизматингизни бажариб бўлган бўлса, энди бизнинг хизматни қилади. Сизнинг ишингиз битган бўлса, бизники энди бошланаяпти… Хех-хех-хех!
НОЗИГУЛ (жеркиб). Нималар деяпсиз?! Қаёқдаги тузсиз гапларни айтманг, энангизнинг уйида эмассиз.
ЭРКА. Бай-бай-бай! (Кулади) Қалампир ютганмисиз, тилингиз мунчаям ширин. Нон-чойнинг ўрнигами бу гаплар?
НОЗИГУЛ. Алжимасдан ишингизни бошланг!
Нозигул зарда билан чиқади.
ЭРКА (Нозигулнинг ортидан бошини чайқаб). Вой-бўй! Зардалари осмонни бузади-я! (Милтиққа) Эшитдингизми, камандир, ишни бошлайсиз экан. Боринг, келинга айтинг, поччамизнинг эскироқ уст-бошидан берсин, кийиб олинг, яна “покиза” формангиз ифлос бўлиб қолмасин! (Милтиқнинг қулоғига) Гап орамизда қолади, бировга миқ этмайман. Ўрага сичқон тушди, гулдур-гуп. Биз учун ҳам бир хизмат қилсангиз қилибсиз-да! (Кўз қисади)
Милтиқ қўл силтаб, Нозигулнинг ортидан чиқади. Эрка сўрига ёнбошлаб, виносидан ҳўплайди, закускасига Милтиқ берган пулларни чўнтагидан олиб, ҳидлайди.
Йўлдош четдан мўралайди, атрофга аланглайди. Эрканинг олдига боради.
ЙЎЛДОШ (ҳаяжонда). Вей, вей, ў-ў-ўзингизмисиз? Ў-ў-ўзингизмисиз?
ЭРКА (масхаралаб). Ў-ў-ўзимман, ў-ў-ўзимман! Ў-ў-ўзингга нима бўлди?
ЙЎЛДОШ. Б-б-биласиз-ку, ҳа-ҳа-ҳаяжонлансам т-т-тилимга к-к-калима келмай қ-қ- қолади. М-м-мелиса сизга п-п-пул бе-бердими, ака?
ЭРКА (пулларни санаб туриб, масхаралаб). Кў-кў-кўриб, кў-кў-кўриб т-т-турибсан-ку!
ЙЎЛДОШ. У-у-уларам бераркан-а, м-м-мен ф-ф-фақат олади деб юрардим.
ЭРКА. Беришади, беришади. Олгандан кейин бермаса бўлмайди-да! Фақат улар тузук-тузук (кўкрагига бармоғини ниқтаб, кучайиб) бизга ўхшаган катта-катта, обрўли одамларга беришади. Беш-олти йилдан буён шаҳарда бекорга юрганимиз йўқ, ука. Ошна-оғайни, беш-олтита узатадиганлардан орттириб қўйганмиз. Сенлар холос, қишлоқда, “Алкашсан, топганингни ичасан-а!” деб мени ерга урадиган!
ЙЎЛДОШ. Т-т-тан бердим, ака, тан бердим. Ҳ-ҳ-ҳозир мелисани ишлатамизми?
ЭРКА. Ишлатасан! Ишлаш мени обрўйимга тўғри келмайди. Сен ғишт урасан, командир лой қориб, ғишт узатиб туради. Бурнини ерга ишқаб, сўкиб-сўкиб ишлат. Мен бир дўконларни обход қилиб (шишага ишора қилиб) заправкани янгилаб, ошна-оғайниларни кўриб келаман.
Эрка эшик томонга юради. Йўлдош унинг йўлини тўсади.
ЙЎЛДОШ. Йў-йў-йўқ, ака. Одам жуда ғалати бўлиб кетяпти. (Ғишт уриш, кетмон чопишга ишоралар қилиб) Мен ғишт урсам, камандир лой қориб бериб турса!.. “Лойни қуюқ ёки суюқ қилибсан, яхши пишмабди!” деб дўқ ҳам урсам камига. Йўқ, умуман ҳақиқатга тўғри келмайди, ака. Улар фақат буйруқ беришга ўрганган одамлар бўлса…
ЭРКА. Нима бўпти? Уям одам – ишлайди-да!
ЙЎЛДОШ. Шошманг, ж-ж-жон ака, шошманг. Ҳалиям қалтироғим босилгани йўқ. Камандирни ишга солиб беринг, кейин кечгача айлансангиз, мана бу сўрида ёнбошлаб, ухлаб олсангиз ҳам майли.
ЭРКА. Уфф! Ҳўкиздай кучи бор, эшакдай ишлайдиган одам топиб берсам ҳам тинчимас эканман-да, мен! Бўпти, запаска ҳам қулоғини ушлаб кетаркан.
Эрка бўш шишани сўмкасига солиб, тўласини очиб, сўрига ёнбошлайди.
Эски уст-бошда, қовоқ-тумшуғи осилиб Милтиқ киради.
ЭРКА. Ў-ў-ў! Сарполар муборак бўлсин, камандир! Ярашибди, ярашибди, кўз тегмасин, тфу-тфу! Ишни тугатганингиздан кейин шунақаси қишлоққа олиб кетаверсам бўларкан, буғдой қўриқчиликка! (Қаҳ-қаҳ уриб кулади) Менга бунақа еб қўйгудай бўлиб қараманг, йигитчиликда бир бўлди-да, энди. Сойиб Хўжаев айтгандай, бир кунлик тўй ўтар-кетар. Йўлдошвойга лой қориб, ғишт узатиб турсангиз бўлди, қолганини ўзи қойил қилади. Қани, марҳамат.
Эрка битмаган иморатларга ишора қилади.
Йўлдош олдинда, Милтиқ орқада ўнг томонга юради.
ЭРКА. Ҳа, айтганча, камандир, келинимизга айтинг, гапингизга юради-ю, чой-нон, аччиққина закуска бўлса узатворсин, бу ёғи таталаб кетди. Бир тишлам нон еб олмасам, кечгача етолмайман!
Иккови чиқади. Эрка сўрига ёнбошлаб, винонинг қолганини кўтариб ичади.
Нозигул чойнак-пиёла олиб киради.
ЭРКА. Ие, ие, келин сизи овора қилиб қўйибмиз-ку! Узр.
Нозигул чойнак-пиёлани сўри устига зарда билан қўяди.
ЭРКА (томошабинга). Вой-бўй! Зардалари метрликми ё килолик? (Нозигулга) Чойга бекор уринибсиз, бир йўла муздайроғидан олиб чиқавермабсиз-да! Дастурхонни менга беринг, мен солақолай.
НОЗИГУЛ (жаҳл билан). Уриниб қолманг яна, ўзим соламан.
ЭРКА. Сиз учун (кўз қисиб, кулимсираб) бир уринсак-уринибмиз-да.
Иккови дастурхонни талашиб турганда, эшикдан Салтанат киради.
Уларга кўзи тушиб, лаб буради, зарда билан гурс-гурс қадам ташлаб,
ўнг томонга ўтиб кетади.
ЭРКА (унинг ортидан). Ҳов, бир пиёла чойимиз бор. (Нозигулга) Қарамади. Ноз-фироқ ҳам қадду қоматга қараб бўларкан-да, а?
Нозигул сал кулимсирайди.
ЭРКА. Аммангизми?
Нозигул бироз кулади.
ЭРКА. Холангизми?
Нозигул баралла кулади.
ЭРКА. Опангизми?
НОЗИГУЛ. Қизим!
ЭРКА. Нима? Ва-ҳа-ҳа! Аскияниям қотираркансиз, яшанг!
НОЗИГУЛ (жиддийлашиб). Бунинг нимаси аския? Ҳақиқатан ҳам қизим. Аниқроғи, поччангизнинг эркатой қизлари. Шу хонадонга келин бўлиб тушганимдан буён мана шунақа зарда, аччиқ-тирсиқ.
ЭРКА (нон ковшаб). Ўғил зарда қилса уйлаш, қиз зарда қилса эрга бериш керак, тамом-вассалом! Бирортасини топиб…
НОЗИГУЛ. Қани ўша бирортаси?! Шаҳарда қиз чиқариш – азоб. Биров бировни қўйинг, ҳатто қўшнисини ҳам танимайдиганлар бор! Сўраб-суриштириб, бормаган хонадоним, ўртага солмаган одамим қолмади. Бирига қизимиз ёқмаса, иккинчисига хонадонимиз… Боринг бўлай, йўғинг бўлай деб куёв томонни кўндирсак, келин қурғурга куёв ёқмайди. Бирини қирриқ дейди, бирини тирриқ.
ЭРКА. Ўх-хў! Сизниям дардингиз оғир экан. Аммо тешик мунчоқ кўчада ётмас, дейишади эскилар. Кўнгилни кенг қилаверинг, тенги чиқиб қолар. (Шишани қўйнига солиб, эшик томон юради). Энди мен бориб, би-ир ошна-оғайниларимдан хабар олиб келай.
Эшик қўнғироғи жиринглайди. Эрка чўчиб, ортига қайтади.
ЭРКА. Э, юракни туширди-ю! Келин, биров келди шекилли, ўзингиз қаранг. Яна пагонлилардан бўлмасин!
Эрка сўрига қайтади. Нозигул эшикдан чиқади.
НОЗИГУЛ (зардали овозда). Ҳа, нима дейсиз?
Жимлик. Эрка қўли билан қулоғини эшик томон буради.
НОЗИГУЛ (майин овозда). А? Нима? Ие, вой, шунақами?! Қадамларингга ҳасанот. Ассалому алайкум, жуда яхши-да, жуда яхши келибсизлар.
Нозигулнинг овози эшитилмай қолади. Эрка қулоғининг орқасига уриб-уриб
яна қулоғини эшик томон буради. Овоз эшитилмайди.
Қўл силтаб, қўйнидан шиша олиб, уни ҳўплайди. Ичимлик тушмагач, шишани яна қўйнига тиқади. Нозигул кириб, ҳаяжон билан ҳовлини айланиб юради.
НОЗИГУЛ. Вой, ўлмасам, вой, ўлмасам. Энди нима қилдим? Энди нима қилдим?
ЭРКА (ҳайрон). Тинчликми, келин? Ўт тушдими?
НОЗИГУЛ. Ҳа-а, ўт тушди, ўт тушди. Тушганда ҳам бемаҳалда тушди. Совчилар келибди, совчилар!
ЭРКА. Ие, ановини қаранг, бўрини гапирсанг қулоғи кўринади, деганлари шу-да! Қадамимиз ёқибди.
НОЗИГУЛ. Кўринмай кетсин, ёқмай ўлсин! Дадаси йўқ-ку, дадаси.
ЭРГАШ. Қўлларида телефон деган нарса бор, бир оғиз қўнғироқ қилинг, зумда етиб келади.
НОЗИГУЛ. Ҳа-я! (Шошиб юқоридаги уйга кириб кетади, дам ўтмай бўшашиб чиқади). Қариб, эсиям кирарли-чиқарли бўлиб қолди. Телефонини уйда қолдириб кетибди чол! (Қўлидаги телефони силтайди)
ЭРКА. Манзилини айтинг, бу ёғига эрисангиз, ўн минутда есть қиламиз.
НОЗИГУЛ. Э, савдогарда манзил нима қилади. Молга бориб келаман, деб юрганди, Қозоғистонга кеттими, ё Отчопарга Худо билади. Бу совчилар бир келибди, қайтиб келадими, йўқми?!
ЭРКА. Ўзингиз савол-жавоб қилиб юбораверинг, хотинларми ахир совчилар?
НОЗИГУЛ. Замоннинг тескарилигини кўриб турибсиз-ку, ака. Ҳозир йигит томон қолиб, қиз томон совчиликка боряпти. Аёллар ўғлини сандиққа беркитиб, қизлардан совчи кутяпти. Қиз томонга бирорта эсини еган эркак совчи бўлиб келмаса, хотинлар совчиликка умуман бормай қўйди. Хуллас, эсини еган эркаклардан биттаси қизимизга совчи бўлиб келибди.
ЭРКА. Бу ёғи шунақа бўлиб кетган денг! Бунчалигини билганимда шаҳарга кўчиб келиб, бирорта семизроқ жонондан совчи келса, жон-жон деб тегиб олардим. Ва-ҳа-ҳа!
НОЗИГУЛ. Кулманг. Ўзи буларни битта дугонам, “Кўкидан уч юз берсанг, уйингга совчи юбораман”, деган шарт билан топиб берганди.
ЭРКА. Ў-ў-ў! Бу ёғи доллорли совчилар денг. Аммо пулни бегона қилибсиз-да, биз арзонроққа ҳам топиб берардик совчиларни. Хонадонларда ишлаб юриб, нечта-нечта қари қиз, тул кампирларга эр, неча бева чолга хотин топиб бермадигу, савоб-да, савоб деб.
НОЗИГУЛ (бирдан жонланиб). Бўлди, бўлди, сиз дадаси бўласиз!
ЭРКА (сакраб тушади). Вой-эй! (шишани кўрсатиб) Манови виножонни мен ичдимми ёки сиз? Нималар деяпсиз?
НОЗИГУЛ. Йўқ, деманг, жон ака. Бунақа ишларни қилиб юрган экансиз, йўқ деманг. Гап-сўзидан совчи эримни умуман кўрмаган. Бир бора эрим бўлиб, шу совчиларни кўндириб беринг.
ЭРКА. Юз марта ҳам эрингиз бўлишим мумкин, аммо совчи масаласи… Тўғри совчи бўлганман, аммо… Эр ролини ҳечам бажармаганман. Милтиқбой бўлақолсин, ўзи биз келгунча…
НОЗИГУЛ. Э, у ёш-ку! Уни дадаси эканлигига совчини уриб ҳам ишонтириб бўлмайди.
ЭРКА. Бу ахир умр савдоси… Кейин биз эрингиз билан бунга даговор қилмаганмиз. Ғишт териш, сувоқ қилишга келишганмиз.
НОЗИГУЛ. Нима фарқи бор? Шу уйдаги ишларни бажарсангиз бўлди-да. Келинг, яхшиси янгидан шартнома тузамиз. Сиз эрим бўласиз. (ўнг томонга ишора қилиб) Анавиларнинг бири келиннинг тоғаси, иккинчиси амакиси бўлади. Кўплашиб совчини кўндириб берсаларинг, келишилган пулни оласизлар. Кўндиролмасанглар…
ЭРКА. Йўқ, йўқ, бу шартингиз бизга тўғри келмайди. Жуда нозик иш – бу. Совчиликда сигирни – амма, ҳўкизни – тоға дейишга тўғри келади. Мундоқ қиламиз: совчиларни кўндирсак, шартлашилган пулни икки баробар қилиб берасиз. Кўндиролмасак, ўша пулнинг ўзини оламиз. (таъкидлаб) Бизники кунбай-да!
НОЗИГУЛ. Ҳо-о! Сизга сих ҳам, кабоб ҳам куймас экан-да. Хўп, кўндиролсанглар пулни икки баробар қилиб бераман, кўндиролмасанглар келишилган пулнинг ярмини оласизлар.
Эрка бармоқларини букиб, санаб, пешонасини қашлаб, ўзича ҳисоб-китобни бошлайди. Нозигул юқоридаги уйга кириб кетади. Уйдан учта костюм-шим кўтариб чиқади.
ЭРКА. Жуда бошни қотириб қўйдингиз-вей! Мақташ керак, қизингизни билмасак нима деймиз?
НОЗИГУЛ. Мақтайверинг! Ниҳоятда мўмин-қобил денг, меҳнат деса ўзини томдан ташлайди денг! Кейин гапнинг келишимига қараб давом этаверасиз-да.
ЭРКА. Майли-ю, аммо мен (қўйнидан шиша олиб, кўрсатади) мановиндан ҳар замонда олиб турмасам, феълим чатоқ, кайфим тарқаса, тилимга гап келмай ўрисча гапирвораман! Чўрт побери! Чорт побери! Чорт побери! Ана бошланди!
НОЗИГУЛ. Ўзингиз ҳам чорт пебери экансиз-ку! Унданам бўлади. (Костюмлардан бирини узатиб) Манг, мановини кийиб, одамга ўхшаб олинг.
ЭРКА. Вой, вой, вой! Одамга ўхшамай нимага ўхшаймиз?! (Костюмни олиб) Ўҳ-ҳў, дунёга келиб эгнимизга илмаганимиздан-ку! Куёвлигимизда ҳам киймагандик бунақасини! Майли, кияман, аммо ёмон феълим бор: (таъкидлаб) кийган кийимим ўзи узилиб тушмагунча эгнимдан ечмайман мен, шунга рози бўлсангиз кияман.
НОЗИГУЛ. Уфф! Қандай бало одамга йўлиқдим-а? Бўпти, совчиларни кўндирсангиз – сизга сийлов. Манови уйга кириб, кийининг.
Эрка лаб буриб, уйга кириб кетади. Нозигул костюмларни кўтарганча ўнг томонга ўтади. Юқори уй эшигидан янги костюм-шим кийган Эрка кўринади. У томошабинга “Қалай?” ишорасини қилиб, кўздан йўқолади. Нозигул сўрига янги тўшаклар солади, яна чиқади. Эрка бўйнида олтин занжир, қўлларида тилла узуклар билан пайдо бўлади. Уларни бир-бир томошабинга мақтаган бўлади, яна кўздан йўқолади. Нозигул кўча эшик томон юради.
НОЗИГУЛ (эшикка). Вой, келаверсинлар, келаверсинлар!
ХОЛИҚ (томоқ қиради, овози). Бисмиллоҳир раҳмонир раҳийм!
НОЗИГУЛ (қўли кўксида, ичкарига имлаб). Келсинлар, келсинлар, қадамларингга ҳасанот.
ХОЛИҚ (қўлида тасбеҳ билан киради). Ассалому алайкум, яхшилар! (Атрофга аланглаб, ҳайрон қолади). Дадангиз бормилар ўзи? (Томоқ қиради)
НОЗИГУЛ. Шу ердалар, шу ердалар. Сўрига чиқиб туринг, ҳозир. (Юқоридаги уйга қараб). Ҳов, чиқақолинг, дадаси, меҳмонлар кутиб қолди.
Холиқ атрофга кўз югуртиради. Кошона иморатларга қараб “маъқул” дегандай тасбеҳ доналарини ўйнаб, томоқ қириб, қош учириб, бошини қимирлатади. Эрка бошида шляпа, бўйнида галстук билан осмонга қараганча гердайиб уйдан чиқади. Омонат остонанинг четини босгани боис, гандираклаб йиқилади. Холиқ оғзини очганча қотиб қолади. Нозигул Эрка томон чопади.
НОЗИГУЛ. Остонамиз нобоп-да, остонамиз нобоп.
ЭРКА (Нозигулга). Нобоп бўлса тузаттириб қўйсангиз ўласизми?
НОЗИГУЛ. Тузаттирамиз, дадаси, тузаттирамиз. Ишқилиб ёмон йиқилмадингизми, дадаси?
ЭРКА (белини уқалаб, кучайиб). Йиқилавериб, юмалайвериб кўникиб кетганмиз. Ҳатто Шоҳимардондаги бир юз саксонталик пиллапоядан ҳам йиқилиб, бир юз биринчисигача юмалаб тушганмиз, бунингиз нима бўлибди. Чорт побери! Чорт побери!
НОЗИГУЛ (Эркани уст-бошини қоқиб, сўрига бошлайди). Ҳозир, чорт побери ҳам бўлади, дадаси! Совчилар келди, совчилар!
ХОЛИҚ. Вей, аломат қизингиз бор экан-ку! Ишқилиб ўзи қиз болами?
ЭРКА (кулиб турган юзи бирдан тундлашади). И-ие! Бу билан нима демоқчисан, вей!? Нимага шаъма қиляпсан-эй!? Вой, палид-эй!
Эрка Холиққа яқинлашиб, ёқасидан ушлаб, бўға бошлайди.
МИЛТИҚ (ажратмоқчи бўлиб). Ҳой, нима қиляпсиз? Эсингиз жойидами ўзи?
ЭРКА. Сен аралашма! Бу синглингни ҳақорат қиляпти. «Қиз болами?» деяпти, юзимга қараб. Бу жувонми дегани-да! Солмайсанми юзига!
ХОЛИҚ. Йў, йў, сиз мени нотўғри тушундингиз…
ЭРКА. Қанақасига тушунишим керак эди? Гапингнинг маъноси ирғиб чиқиб турибди-ю, аблаҳ!
Милтиқ имо-ишора билан Эркани тинчлантиради.
ЭРКА (бирдан ўзига келиб, кулимсирайди). Деган экан биттаси. Гапингизни менинг том битган қулоқларим нотўғри эшитибди, чамамда, чоғимда, мўлжалимда. Бир нима дедингизми, тақсир?
ХОЛИҚ. Қиз боши билан хўроздек яшанг, хўроздай юринг, деган бўлса, эрга теккач, хотинлар фронтида инқилоб қилиб юборадими, демоқчиман.
ЭРКА (кулиб). Шундоқ деймайсизми. Ҳа, менам, «Қизим, олдин турмуш қуринг, ана ундан кейин бунақа гапларни сўйланг. Ҳали эрингиз сизни кўчага чиқарадими, йўқми?» дедим. «Турмушга чиққач, биринчи қиладиган ишим эримни уйлаш бўлади!» дейди.
ХОЛИҚ. Офарин-э! Эркакларнинг кўнглидаги қиз экан. Уни хотин-қизларга ўрнак қилиб, ишларини оммалаштириш лозим.
ЭРКА (Милтиққа ишора қилиб). Манови амакисини ҳам, «Битта хотин билан ўтиб кетаверасизми? Эркак бўлиб келдингизми – эркакдай юринг!» деб тергагани-тергаган. Бечора амакиси эркакдай юриш учун озиб-тўзиб, «дом»лар оралаб кезгани-кезган!
МИЛТИҚ (ғижиниб). Ҳов, яна ҳаддингиздан ошяпсиз!
ХОЛИҚ. Берган тарбиянгизга раҳмат.
ЭРКА. Бир ўзим тарбиялаганим йўқ, кўплашиб тарбияладик. Дадаси йўқлигида мана шу амакиси келиб оналарига тарбия бериб кетади, онаси қизларига…
Милтиқ жаҳл билан ўрнидан туриб кетади.
Эрка унинг этагидан тортади.
ЭРКА. Ҳаяжонланманг, амакиси, ҳаяжонланманг. Ўтиринг. (Холиққа) Бу кишининг дардлари бор, айбга қўшмайсиз: жиндай мақтасангиз бас, ўз-ўзидан эшилиб, рақсга тушиб кетаверади. (Милтиққа) Меҳмон бор, меҳмон. Кузатиб олайлик, кейин ҳаммасини битта қилиб боплаб рақсга тушиб берасиз.
ХОЛИҚ. Бўлди, бўлди. Кўрмасдан ҳам қизингизни келин қилишга розиман.
ЭРКА. Яшанг! Бешни ташанг! Қани, шу гапларингиз учун, олдик!
Иккови қўл ташлашади. Ароқ ичишади.
ЭРКА. Келин муборак, қуда!
ХОЛИҚ. Куёв муборак, қуда!
Иккови кучоқлашиб, ўпишади.
МИЛТИҚ (Эрканинг этагидан тортиб). Ҳов, қанақа отасиз ўзи? Қизингиз кўчада қолганми? Ақалли куёв ким, қаерда ишлайди, деб бир оғиз сўрамасдан қиз берасизми? Ҳатто исмини ҳам сўрамасдан фотиҳа қиласизми?
ЭРКА. Онасини кўриб, қизини ол, дейдилар. (Холиқни кўрсатиб) Қудамиз бу мақолга амал қилиб, оналарини кўрдилару, қизини олишга қарор қилдилар. Бу мақолнинг тескарисини қилсак, отасини кўриб – қизингни бер дегани бўлади-да. Мана, оталари бамаъни инсон эканлар, шу кишининг фарзандлари бўлгач, яхши йигит бўлади-да, нима дедингиз, қуда?
ХОЛИҚ. Ниҳоятда тўғри калом айтдингиз, қуда, тасанно.
МИЛТИҚ. Ҳов, менга қаранглар, турмуш қурадиганлар сизларми ёки ёшлар? Бир-бирини кўрсин, гаплашсин, кўнгли-кўнглига тўғри келса…
ЭРКА. Оббо! Гапни чувалаштирманг, камандир! У нарсалар эскилик сарқити. Ота рози – Худо рози, деган янги гаплар чиққан ҳозир.
МИЛТИҚ. Яшайдиган улар!
ЭРКА. Ҳалиям сиз яшамайсиз!
МИЛТИҚ. Икки кундан кейин ажрашиб турса…
ХОЛИҚ. Майли, укамизнинг гапида ҳам жон бор, қуда. Ёшлар бир-бирини кўришсин, бир зумлик иш-ку! Ўзим билан бирга олиб юрибман укамни.
ЭРКА. Лаббай!? «Укамни» дедиларми? Ўзи сиз кимдан совчи бўлиб келдингиз, вей?
ХОЛИҚ (эсанкираб). Ҳм, нима, ҳалиги.. Э-э-э! Худодан яширмаган, сиздан яшираманми? Гапнинг индаллоси, қўшнимнинг ўғлидан совчи бўлиб келдим. Отаси ўтиб кетган. Куёв бўлмиш, отасини кўриб, (пулга ишора қилиб, бош ва кўрсаткич бармоғини бир-бирига ишқайди) қизини оладиган йигитлар тўпидан!
ЭРКА. Ҳа, белида белбоғи бор йигитларни камайиб, айтганингиздай отасининг бойлигини кўриб қизини оладиган (шивирлаб) майда қадамлар кўпайиб кетяпти!
ХОЛИҚ. Онаси ўғлининг кўнглидаги отани топаман деб излайвериб оёғида оёқ қолмади. Шу бечорага жиндай ёрдам, савоб деб…
ЭРКА. Чамамда, мўлжалда ўзингизнинг ўғлингиз экан-ку!
ХОЛИҚ. Йўқ, қўшнимизнинг ўғиллари.
ЭРКА. Сизларда қўшничиликда сеники меникиси бўлмайди шекилли. Гапингизнинг мазмунидан…
ХОЛИҚ (Эрканинг қулоғига шивирлаб). Тўғриси, бу боланинг онаси ҳам бева, менам тул. Оғиз солсам, «Мана шу ўғлимни уйлаб олсам, кейин гапингиз қулоғимга киради», деяпти. Шунга…
ЭРКА. Мен айтган гапнинг ғирт ўзгинаси-да, чамамда, чоғимда, мўлжалимда. Бугун бўлмаса эртага ҳақиқий ўғлингиз бўларкан. Аммо, биродар, оғир шартни бўйнингизга илиб олибсиз! Хотин кишида бурд деган нарса бўлмайди. Шарт қўйдими, шоир акамиз айтгандай, бундай хотиндан машинангизни бир юз элликка босиб, бензини етган жойгача қочаверинг. Биринчи шартини бажардингизми, эртага иккинчиси чиқади. Индинига учинчи шартни қўяди. Ўзимга учрамабсиз-да, кўзим остига олиб қўйган жанон-жанон жувонлар бор эди. Келишиб қолсак, бирортаси билан таништириб қўярдим…
ХОЛИҚ. Бунақа ҳунарингиз ҳам борми?
ЭРКА. Ҳа, энди, чамамда, чоғимда, мўлжалимда тирикчиликнинг айби йўқ ҳозирги замонда. Йигит кишига қирқ ароқ, йўғе ҳунар оз дейдилар. Қолаверса, икки юз грамм савоб мана шу ҳунарда, мен сизга айтсам. Икки сўққабошни қовуштириб қўйишдан зўр иш борми бу дунёда. Уям хурсанд, буям хурсанд бўлади. Бирига хотин, иккинчисига эр топиб бериб, ҳожатларини чиқариб, атаб қўйган бир-икки тангасини олиш, гуноҳ бўлмаса керак, тақсир? Ўзлариям чамамда, чоғимда, мўлжалимда…
ХОЛИҚ. Чамангизда, чоғингизда, мўлжалингизда, жуда тўғри топдингиз.. Бизам шундай савобли ишнинг этагини тутиб, хонадонингиздамиз…
ЭРКА. Сиз қўшнингизнинг ҳожатини чиқаряпсиз экан, майли. Аммо ўғлини уйлаб олгандан кейин ҳам жувон яна шарт қўйса, у билан ади-бади айтишни бас қилинг! Ўзим сизга онаси ўпмаганидан топиб бераман!
ХОЛИҚ. Гап йўқ!
ЭРКА. Бир-икки сўм атаганингиз бўлса бериб қўйсангиз, бевалар рўйхатига ёзиб қўяман. (чўнтакларини ковлай кетади) Темир дафтарим қайда қолди?
МИЛТИҚ. Ҳов, олдин битта ишни охирига етказиб олинг.
ЭРКА (ҳайрон). Қанақа ишни?
МИЛТИҚ. Ие, офарин-э! Том аллақачон кетганми дейман-а? (Холиқни кўрсатиб). Бу киши совчи бўлиб келгандилар, чамангизда, чоғингизда, мўлжалингизда.
ЭРКА. Ие, ҳа, дарвоқе, ўғлингизни, то есть, укангизни олиб келинг унда, кўриштирайлик. Бизам кун кеч бўлмай пулни олиб, қишлоққа қайтайлик.
Эшик томон кетаётган Холиқ бирдан тўхтаб, ортига қайтади.
ХОЛИҚ. Бир ғалати калом айтдиларму, ё менинг қулоғим нотўғри эшитдими?
МИЛТИҚ (Эркани туртади). «Келин куёвга, куёв келинга маъқул келиб қолса, суюнчини олиб уйга қайтасиз, атаганим бор», деяптилар акамиз.
ХОЛИҚ. Ҳа-а, шундоқми? (Эшик томон юради, яна тўхтайди) Айтмоқчи, келинимизнинг исмлари нима эди, куёвболага айтиб қўйсам, гап бошлашлари осонроқ бўладими?
ЭРКА. Келинимизнинг… тоис, қизимизнинг исмлари?.. (Милтиққа юзланади)
МИЛТИҚ. Исмлари?.. Ҳа-а-а, Салтанатхон!
ЭРКА. Ҳа, ҳа, Салтанатхон! Шошганда лабга лаббай келмайди-я!
ХОЛИҚ (хурсанд). Ие, ановини қаранг, узукка кўз қўйгандай-ку бу ёғи, куёвники Нурик!
ЭРКА. Нурик? Ие! Нурик деган ҳам от бўладими? Миллатининг тайини борми? Ишқилиб бу ёғи суннат қилинганми?
ХОЛИҚ. Қилинган, қилинган. Барча суннатлар қилинган. Исмлари Нур… Нур… Нуриддин!
ЭРКА. Ундоқ бўлса дуруст! Обкелаверинг!
МИЛТИҚ (Эркага). Келинбола университетни тамомлаган, ўқиганга тегадиган, куёв қаерда ўқиган экан, бир оғиз сўранг!
ЭРКА. Уфф! Одамни хит қилиб юбордингиз-да, камандир! (Холиққа) Сўраганнинг айби йўқ, куёвбола қаерда ўқиганлар?
ХОЛИҚ. Бўлғуси куёвингизнинг ўқимаган жойлари қолмаган. (Ортига қайтиб, сўрига ўтириб, ароқдан қуйиб, ичади)
ЭРКА (Милтиққа). Ие, бу ёғи ўз-ўзига хизмат бўлиб кетдими?
ХОЛИҚ (парво қилмай). Дастлаб, онажонлари, ҳамма пул банкда деб иқтисод университетига мажбурлаб олиб кириб қўйишди. Бойланган ит овга ярамайди, деганларидай, укамизнинг сабрлари аранг уч ойга етди: «Бу ўқишни битириб, банкка ишга кириб, бировларнинг пулини ҳисоб-китоб қилиб ўтираманми?» деб ўқишни йиғиштиришди. Кейинги йили, «Кино юлдузи бўламан», деб артистлар тайёрлайдиган институтни танлашди. Шукр, оналари ҳам шу соҳадан чиққан…
ЭРКА. Яъни… Яъни…
ХОЛИҚ (бироз довдираб). Бир замонлар артистлар тайёрлайдиган институтда ўқишган. (Ширакайф, хаёлларга берилиб, тамшанади) Гўзалхон шунақанги рақсга тушардики… Ана қадду, ана қомат… Товусдай товланиб хиром этиб қолсалар… Аҳ-аҳ-аҳ, жонингдан! Ваҳ-ваҳ-ваҳ, жонингдан!
ЭРКА. Тўйларда пул қистирмаган одам қолмасди!
ХОЛИҚ. Ўлманг! Сизам пул қистирганларданмисиз дейман! Ҳа-ҳа-ҳа! (бирдан жиддийлашади) Ҳазил, ака, ҳазил!
ЭРКА. Ана ундан кейин тўйлардан, базмлардан қўллари бўшамай, чамамда, чоғимда, мўлжалимда, Гўзалхонингиз олти ойдаёқ ўқишни йиғиштиришди!
ХОЛИҚ. Энди бу ёғдан тўй, унинг ортидан пул қувиб тургандан кейин… Қайси бирига бўлсин! «Сиз бормасангиз, тўй бўлмайди!» «Сизсиз менга базм йўқ!» деб оҳ-воҳ қилувчиларнинг сафи саккиз қатор бўлгач, ўқишга бало борми! Нима дедингиз, ака?
ЭРКА. Яшанг, тўппа-тўғри айтдингиз!
ХОЛИҚ. Яшанг деган тилингиздан битта ўпай! Битта ўпай! (Эркани ўпади)
МИЛТИҚ. Сал лирик чекиниш қилиб юбормадингизми, «қуда бобо?»
ЭРКА (Милтиққа). Одам сал ўзига келиб, хаёлларга берилганда кайфининг белига тепасиз-а, камандир!
ХОЛИҚ (кўзларини пирпиратиб бир Эркага, бир Милтиққа қарайди. Бирдан бошини силтаб, ўзига келади). Санъатда ишқилиб, танишлари бор экан, ўғилларини ўқишга киритиб қўйишди. Укамиз қарашса, артистларниям топишида тайин йўқ… Ирғишлаб ўйнаб берай дейишса, эркакка ким ҳам пул қистирарди! Олти ойдаёқ юлдуз бўлишдан воз кечишди. Ундан кейин божхона, ирригация университетларида ҳам уч ой, тўрт ойдан ўқишди…
ЭРКА. Бўлди, бўлди… Бош суқмаган тешиклари қолмаган экан… Хайрият ҳам ўқув юртларидан унинг думини вақтида тугишибди. Бўлмаса…
ХОЛИҚ (маст бўлиб қолган). Ўқимаган жойлари қолмаган!
МИЛТИҚ. Ҳозир нима иш қилишади?
ХОЛИҚ (бармоқлари билан кўрсатиб). Оналарининг иккита супурмаркетлари, битта тўйхоналари бор… Бир кунда биласизми, (қўлини силтаб, Эрканинг қулоғига шивирлайди) қанча доллор оборот қиладилар!
МИЛТИҚ. Демак, бўлғуси куёв тўйхонани бошқаради?
ХОЛИҚ. Йўғ-э, калла борми, кам… кам… камандир? Тўйхонанинг бошқарувчиси бор. Ўша бошқарувчининг устидан бошқарувчилик қиладилар…
ЭРКА. Ярим кечаси улфатлари билан тўйхонага бориб-а! Ярим кечагача кайф-сафо… Бу ёғи қиз базм…
ХОЛИҚ. У кишининг улфатларига гап йўқ. Битта ўртоқлари ёғ-мой комбинати директорининг қизига, иккинчиси бозоркомнинг қизига уйланган! (Эркани имлаб) Ҳозир, (ҳар бир жумлани урғулаб) бўлғуси қайнотанинг бор-бисотини, кундалик топиши обдон суриштириб, билиб, қиз ол дейишяпти… Тушундингиз? Тушундингизми? Тушундингизми?
ЭРКА. Тушунгандайман! Ўзлариям бева жувонга (масхаралаб) суп… суп.. супермаркетлари учун уйланяпсиз, шекилли, чамамда чоғимда, мўлжалимда!
ХОЛИҚ (Эрканинг гапига тушунмайди). Сир бўлмаса жам… жам.. жамғармангизда қанча бор, қуда? Оборотга қанча қўйгансиз? Айтаверинг, қар… қар.. қариндош бўляпмиз, билиб қўйсак ёмон бўлмайди. Қўшма корхона очаман деётган экансиз, ростми? Неча миллион кредит олмоқчисиз? (ишора қилиб) Бу ҳовлига қизларидан бўлак яна кимлар меросхўр, қуда?
ЭРКА. Милтиқбой, бу совчи бўлиб келганми ё терговга?
МИЛТИҚ. Ака, кўчада юриб сиз ниманиям билардингиз. Ўн саккиз, йигирма ёшли қизлар олтмиш-етмиш ёшли бадавлат чолларга эрга тегиб оляпти… Қиз тегмайман деса, оталари амал деб, мол-дунё деб қизларини чолларнинг қучоғига отишяпти!
ЭРКА. Кейин бу қизларнинг ҳожатини сизга ўхшаган чиқаряпти-а?
ХОЛИҚ. Шу ердаям қитмирлигингиз қолмайди-да! Йигитлар ўртасида янги бойларнинг қизларига уйланиш модага айланиб кетяпти. У қиз ўттизга кирганми, қирққа кирганми, турмуши бузилиб қайтганми, ё эрга чиқмай болали бўлиб қолганми фарқи йўқ! Йигитлар қизига эмас, молу дунёсига уйланяпти…
ЭРКА. Буям (Холиққа имлаб) шунақа нусхаларнинг қуйиб-қўйгани, шекилли! Бунақалар билан гаплашмаганим бўлсин-а! Ўзингиз гаплашаверинг, камандир! (чиқади)
ХОЛИҚ (Эрканинг ортидан). Акагинам, йўл бўлсин? (Хиргойи қилиб) Кетма, баҳор, кетма-ей, бизнинг боғлардан!
Холиқ Эрканинг орқасидан бир-икки қадам ташлайди, гандираклайди. Милтиқ уни суяб, сўрига олиб боради. Холиқ сўрига ёнбошлайди-ю, пинакка кетади.
Милтиқ унга ҳайрон боққанча туриб қолади.
Бобиллаб жавраганча Нозигул, унинг ортидан Эрка киради.
НОЗИГУЛ. Нима бало қилиб қўйдингиз, нима бало қилиб қўйдингиз, ойда-йилда бир келган совчини!?
ЭРКА. Мен уни оғзидан мажбурлаб қуйибманми? Ўзи эртапишар – чилги ичувчилардан экан-да!
НОЗИГУЛ. Чорт побери, демай кетинг! Мана энди сизга чорт побери! Пишиб турган ишни расво қилдингиз!
ЭРКА. Бўғилаверманг, келин! Эртапишари эрта ўзига келади. Ҳозир, ҳозир! (пиёлага ароқ қуяди)
НОЗИГУЛ. Яна нимани бошлаяпсиз? Бурнидан отилиб чиқиши шартми?
ЭРКА. Аччиқни ачиқ кесар деган гапларни эшитган бўлсангиз керак. Ҳозир бир минут шошманг!
Эрка қўлидаги қадаҳни Холиқнинг бурнига тутади. Холиқ ароқни ҳидлагач, бошини силтайди. Эрка ароқни ундан узоқлаштиради. Холиқнинг боши қадаҳ ортидан интилади. Эрка қадаҳни бирдан боши устига кўтаради. Холиқ ўрнидан туриб кетади, кўзини очади, атрофга аланглаб, ҳайрон бўлиб туриб қолади.
МИЛТИҚ (кўзларини пирпиратиб). Қойилман-э! Мастни тирилтиришнинг бунақа усулини дунёга келиб кўрмагандим!
ЭРКА. Бундан кейин ҳам кўрмайсиз! Қуда бувани етакланг бир четга! Бошларидан бир челак сув қуйиб юборинг, сувга тушган балиқдай бўлиб қолишади.
МИЛТИҚ. Юринг, қуда бува, жиндай шамоллаб келамиз. (гаранг бўлиб турган Холиқни қўлидан етаклаб, олиб чиқиб кетади).
ЭРКА. Кўрдингизми, келин, эр бўлишнинг қанчалик машаққатли эканлигини!
НОЗИГУЛ (ароқ шишаларини ола бошлайди). Ҳаммасини расво қилган мана шу чорт поберингиз бўлади.
ЭРКА. Нима қиляпсиз, келин? Пишиб турган ошни итга бермоқчимисиз? (ароқ шишаларини Нозигулдан олиб, яна сўрига қўяди) Ишни пишитаётган шу бўлади.
ХОЛИҚ (қўлида тасбеҳ билан киради). Бисмиллоҳи раҳмони раҳим! Бизни андак шайтон йўлдан урубдур, урубдур!
НОЗИГУЛ. Бўптурадур, бўптурадур!
ХОЛИҚ (шишаларга ишора қилиб). Гумдон қилинг, гумдон қилинг, (юзини четга ўгиради) афтини ҳам кўрмайин шайтонни!
Эрка шишаларни сўри остида қўя бошлайди.
НОЗИГУЛ. Менга берақолинг, гумдон қилиб ташлайман!
ЭРКА. Сиз аралашманг, хоним, сиз аралашманг! Шайтонни хотин кишига ишониб бўладими! Хотин киши шайтоннинг яхши ёмонини қайдан билади! Нима дедингиз, тақсир?
ХОЛИҚ. Энди мен нима ҳам дердим, (тасбеҳ ўгириб) минг доно бўлсанг-да арилар суҳбатига бурун суқмагин, эру хотиннинг тортишувига зинҳор базинҳор, аралашмагин, деган уста Гулмат!
ЭРКА. Бали! Яшанг, мавлоно! (Нозигулга) Эшитдингизми? Арилар суҳбатига бурун суқмаганингиз маъқул! Яна, олмани узоққа отмагин, ароқни узоққа сочмагин, деганлар!
ХОЛИҚ. Ҳақ гап, бўтам, ҳақ гап! Уволи ёмон, уволи.
Нозигул лаб буриб, чиқади.
ЭРКА (Нозигулнинг ортидан) Айтганча, хоним, куёв кўрдини ўтказмоқчи эдик, қизимизни уч минутга бу ёққа олиб чиқасиз энди. (Холиққа) Тақсирим ҳам куёв бола бошлаб келмоқчи эдилар…
ХОЛИҚ. Қанақа куёв болани?
ЭРКА (кулиб, Милтиққа). Ҳеҳ, тақсирим ҳалиям ўзларига келмабди-ю! Қуйинг шайтондан!
МИЛТИҚ. Қўйинг, ака, ишларни бир ёқлик қилволайлик, кейин…
ХОЛИҚ. Хайрли ишни кейинга сурмаган маъқул.
ЭРКА. Бали! Эшитдингизми? Олинг, қуйинг.
ХОЛИҚ. Энди шуни қўйинглар…
ЭРКА. Ҳозир қуйишади, қуйишади. (Қуйилган ароқни олиб, Холиққа узатади) Шайтон (Нозигул томонга ишора қилади) узоққа кетганда, тақсир, ўзимизга келиб олайлик!
ХОЛИҚ (Нозигул кетган тамонга ишора қилиб). Шайтон?..
ЭРКА. У шайтон ичкарига кириб кетди, олдик!
Пиёлаларни чўқиштириб, ичишади.
ХОЛИҚ (ўрнидан қўзғалиб). Энди мен куёв болани бошлаб келақолай, а? (Эшик томон бир-икки қадам ташлаб ортига қайтади. Сўрида қолдирган тасбеҳини олади, кўча эшикка юради)
ЭРКА. Шундоқ қилинг, шундоқ қилинг! (Холиқ чиқади). Кўрдингизми, камандир, зумда каллалари ишлаб, оёқлари ҳам чаққон бўлиб қолди.
МИЛТИҚ. Ишқилиб охири бахайр бўлсин!
ЭРКА. Бахайр бўлади, ташвишланманг, бу ишнинг тепасида мен турибман! Келинни тезлатинг, келинни!
Милтиқ чиқади.
Холиқ қўлида гулдаста, кўзойнак таққан, бўйнида йўғон занжир, қўлида телефон, қулоғидаги кучайтиргичдан эшитилаётган мусиқага ирғишлаётган,
кийими, ўсиб, елкасига тушган сочларига қараб қиз ёки
йигит эканлигини ажратиб бўлмайдиган бир нусхани бошлаб киради.
ХОЛИҚ. Мана, куёв бола!
Эрка куёв боланинг атрофида айланиб, томоша қилади.
Холиқни четга тортади. Нурикнинг кўзи сўридаги ичимликларга тушиб, ўша томонга юради. Ичимликларни бир-бир қўлига олиб, мамнун бош қимирлатади.
ЭРКА. Тақсир, мабодо, ҳайвонот боғи томондан келмадингизми?
ХОЛИҚ (ҳайрон бўлиб). Йўқ! Нимага энди ҳайвонот боғи томондан келишим керак экан?
ЭРКА (Нурикка ишора қилиб). Адашиб бирорта маймунни кийинтириб келмадингизми, дейман-да!
ХОЛИҚ (кулиб). Йўқ, йўқ…
ЭРКА. Кийим-бошларидан йигитми ё қизлигини ажратолмай турибман!
ХОЛИҚ. Эй, ҳозирги ёшларни биласиз-ку! (ичимлик қуяётган Нурикка кўзи тушиб, у томонга чопади. Қўлидан пиёлани тортиб олади) Шошманг, шошманг, Нурик!
НУРИК. Что, бабай? Куда ты меня привел? Дурак штоли?
ХОЛИҚ. Нурик, сиз шошилманг, юқоридаги уйларни кўринг.
НУРИК. Зачем?
Холиқ иморатларга ишора қилиб Нурикка нималарнидир тушунтиради.
Эркани кўрсатиб, бош бармоғини кўрсаткич бармоғига ишқалаб пули кўп дея уқтиради.
Нурик юқоридаги уйга киради.
ЭРКА. Бу укамизнинг миллатини тайини борми?
ХОЛИҚ. Бор, бор. Ўзимизданлар, ўзимизданлар… Оналарига тортган. Оналари ҳам битта гапга тўртта ғайриддин сўздан қўшмасалар, гапиролмай дудуқ бўлиб қоладилар. Ўғилларига ҳам йўргакда теккан-да!
ЭРКА. Йўргакдан сал олдинроқ, аниқроғи, ўғилларининг туғилишидан тўққиз ой, тўққиз кун бурун оналарига юқмаганми бу касаллик, чамамда, чоғимда, мўлжалимда?
ХОЛИҚ. Йўқ, йўқ… Унақа хаёлларга борманг, биродар. Айб бўлади. (Уйдан чиққан Нурикка) Ну, как, пойдёт?
Нурик мусиқа оҳангига чайқалганча, сигаретини ёнига пуфлайди.
ХОЛИҚ. Яшанг, бор бўлинг. (Битмаган иморатларга ишора қилиб) Буларни тўйгача битказишаркан. (Сўрини кўрсатиб) Тўйда буни ўтин қилишиб, самоварга қалаб юборишар экан.
Нурик осмонга қараб тутун пуфлайди.
ЭРКА. Менга қаранг, биродар, бу укамиз қизкўрарга келганми ё уйкўрарга!
ХОЛИҚ. Ҳар жойга борсанг, мақсадинг қўшалоқ бўлсин, деган машойихлар! Уйкўрарни ҳам, қизкўрарни ҳам ўтказиб қўяқолганимиз яхши эмасми, биродар.
НУРИК (ўнг томонга қараб туриб, бирдан ўнг тиззасини ерга қўйиб, қўлларини икки томонга ёзади). О-о-о! Красавица! (Ўрнидан туради, Холиқнинг қўлидаги гулдастани олиб, яна ўша ҳолатда ерга тиззалайди)
Эрка билан Холиқ бир-бирларига маъноли қарашади. Нозигул киради.
НУРИК. О, красавица из красавиц! Я готов отдать своё сердце за вас!
Нозигул жойида тўхтаб қолади.
НУРИК. Я хочу поговорит свами в саду, геде никого нет…
Эрка билан Холиқ Нурикнинг олдига чопиб боришади.
ЭРКА. Нима қиляпсиз-эй?
ХОЛИҚ (Нурикни четга бошлаб). Бу келиннинг онаси, бўлғуси қайнонангиз бўладилар!
НУРИК (қувониб). Да-а! Ништяк нарсамикан, аммо, бобой? (Эркага қўл силтаб) Ну, бабай, ты молодец!
Нозигул чиқади. Салтанат киради.
ЭРКА (Нурикнинг юзини Салтанат томонга буради). Мана бўлғуси жуфтингиз!
Салтанат икки қўли белда, хўмрайиб куёвга қарайди.
САЛТАНАТ. Шу сўтакка мени тегади деб ўйлаяпсизларми? Эркакми ўзи бу ё…
Нурикнинг қўлидаги гулдаста ерга тушади.
ХОЛИҚ. Оналарининг иккита супермаркетлари, битта тўйхоналари бор…
САЛТАНАТ. Тўйхонасини бошимга ураманми? Супермаркетига эрга тегаманми? Манови супермаркетни қаранглар ундан кўра! (Нурикни ёқасидан ушлаб, тепага кўтаради) Бу дунёнинг одамига ўхшамайди-ю! Яна сирға тақиб олганини кўринг! (Нурикни четга отиб юборади) Қошингга ўсма, қўлингга хино ҳам қўйиб олгин, куёв (таъкидлаб) бача!
Нурик қалтираганча эшикка отилади.
Холиқ «ҳой-ҳой»лаганча унинг ортидан чопади.
ЭРКА (Нурикнинг ортидан). Ҳой, қаёққа? Қиз кўр қилгур, тўхта! Қайт. Бизниям тирикчиликдан қўймоқчимисан?!
Салтанат Эркага ўқрайиб қарайди, зарда билан ўнг томонга ўтиб кетади.
Эрка эшик оғзига етганда Арслон киради.
Эрка, унинг ортидан келаётган Милтиқ Арслонни кўриб ҳайкалдай қотади.
Арслон Эркани айланиб юриб, уни бошдан-оёқ кўрикдан ўтказади. Костюм-шимини, бўйнидаги галстугини, тилло буюмларини бир-бир ушлайди. Ажабланиб, елка қисади.
Милтиқнинг ҳам атрофида айланиб, кўрикдан ўтказади.
Чой кўтариб кираётган Йўлдош саҳна ўртасига етганда ҳайкалга айланади.
Арслон униям кўрикдан ўтказади, лаб буриб елка қисади. Буларни кўриб, эшикдан кириб келган Холиқ ҳам тошдай қотади. Нозигул киради, Арслонни кўриб андак
довдирайди, кўп ўтмай ўзини тутиб олади.
НОЗИГУЛ (Арслонга). Ие, вой, келинг, келинг, қўшни. Бир чиқибсиз-да, бир чиқибсиз. Бу ёққа юраверинг, қўшни! (Боши билан ўнг томонга имлайди)
АРСЛОН (лаб буриб). «Қўшни», ким қўшни?
НОЗИГУЛ. Сиз-да, қўшни. Ким бўларди, қўшни! (Зарда билан бу ёққа юр ишорасини қилади. Сўнг Холиққа юзланади) Ҳозир, биз ҳозир.
Нозигул Арслоннинг қўлидан тортқилаб, мажбуран ўнг томонга олиб ўтиб кетади.
Эрка юқори уйга, Милтиқ кўча томонга қараб чопади.
Кўзлари Арслон томонда бўлгани учун бир-бирига урилиб, қулашади.
Йўлдош чопиб чиқиб кетади. Нозигул киради.
НОЗИГУЛ (ағанаб ётганларнинг тепасига келиб). Аммо шу репетицияларинг ҳам жонимга тегиб кетди-да. Ҳар куни репетиция, ҳар куни репетиция… (Холиққа) Ҳозир чиққан қўшнимиз режиссёр бўлиб ишлайди. Булар, (ётганларни кўрсатиб) «Бизниям телевизорга чиқаринг», деб бошини қотирганми, «Ҳайкалга ўхшаб тошдек қотиб туришни ўргансаларинг, майли телевизорга чиқараман», деган эканлар. Шунга қўшнимиз кўриндими бас, ҳайкалдек қотишаверади. Айбга буюрмайсиз-да! Сўрига чиқиб, чойдан ичиб, мева-чевалардан олиб ўтиринг.
ХОЛИҚ (томоқ қиради). Шундоқ демайсизми, мен қандай бало одамлар ичига тушиб қолдим деб ҳайрон бўлиб тургандим.
Эрка ва Милтиқ бир-бирига маъноли қарашади.
НОЗИГУЛ. Шундоқ шундоқ. (Эркага) Қўшнига, «Репетицияни тўхтатиб туринг, совчилар бор, уларни кузатиб олайлик», деб айтдим. Рози бўлди. Келинг, акажон, келинг, сўрига чиқинглар.
Иккови ўрнидан туриб, сўрига яқинлашади.
ЭРКА (қўлларини бир-бирига ишқаб). Туя ҳаммомни орзу қилгандай, бизам бир телевизорга чиқайлик дегандик-да! Чамамда, чоғимда, мўлжалимда! Шунга…
ХОЛИҚ. Орзуга айб йўқ. Ўзи сизнинг қайси бир томонингиз, қайси бир артистнинг, қайси бир томонига ўхшаб кетаркан, биродар!
ЭРКА. Чамангизда, чоғингизда, мўлжалингизда-я! (Кулади, қўлини узатиб) Бешни ташланг, қариндош!
МИЛТИҚ. Ҳов, қариндошлар, чамаларингда, чоғларингда, мўлжалларингда келиннинг важоҳатини кўриб куёв боланинг юраги тушиб бўлди. Яхшиси унга юрак солди қилдиринглар!
ХОЛИҚ. Энди куёв келинни, келин куёвни биринчи бор кўрганда, уялади, ҳаяжонланади, қалтирайди… Бизам уялганмиз, қалтираганмиз… Келинимизни кўндирсаларинг…
ЭРКА. Қиз боланинг нози бўлади-да, биродар. Чамамда, чоғимда, мўлжалимда келин куёвга, куёв келинга узукка кўз қўйгандай мос! Мана шу қизимиз ўғлингизни одам қаторига қўшади, ҳақиқий эркакка айлантиради.
ХОЛИҚ. Баракалло, эрни эр қиладиган ҳам хотин, қаро ер қиладиган ҳам хотин, деб бежиз айтишмаган донолар!
Арслон виқор билан кириб келади. Сўрига чиқиб ўтиради.
Эрка ва Милтиқ яна ҳайкалга айланишади.
НОЗИГУЛ (Арслонга). Бу ерда умр савдоси бўлаётганди, қўшни, сиз аралашсангиз қандоқ бўларкан?..
ХОЛИҚ. Жуда яхши бўлади-да. Гувоҳли иш – гуноҳсиз иш, дейдилар. Умр савдоси бўлаётгани учун ҳам ўтирсинлар, гап-сўзимизга гувоҳ бўлсинлар.
Нозигул Эркани туртади.
ЭРКА (ўзига келиб). Майли, майли. Куёв болани кўндирадиган бўлсангиз, келин болани бизнинг хоним йўлга соларлар! Энди мана бу қўшнининг гувоҳлигида тўй харажатларини ҳам келишиб олайлик бўлмаса.
ХОЛИҚ. Маъқул, маъқул.
ЭРКА. Тўй куни бўладиган харажатларнинг ҳаммасини…
НОЗИГУЛ. Бекаму кўст бўйнимизга оламиз. Ҳаммаси биздан бўлади, қуда.
Эрка ажабланиб Нозигулга қарайди.
ЭРКА. Келинга бошдан-оёқ сарпо…
НОЗИГУЛ (гапини бўлиб). Тахт. Сизларни ҳечам уринтирмаймиз. Куёвга ҳам етти қават бошдан-оёқ сарпо қилиб, ёшлар бемалол яшашсин деб уч хонали уй ҳам олиб қўйганмиз. Чақирув куни куёвболага дадалари «Каптива» совға қилмоқчи.
Арслон қўли кўксида, тасдиқ ишорасини қилади. Холиқ ажабланиб унга қарайди.
ЭРКА (аччиқланиб). Э, шунчалик экан, қизни бегона қилиб нима қиласиз, пошшо, ўзимизда куёв бор эди!
ХОЛИҚ (шахд билан ўрнидан туриб кетади). Н-н-нималар деяпсиз? Сиз келиннинг отаси эмасмисиз?!
Нозигул Эркани чимчилайди.
ЭРКА (зарда билан Нозигулга). Э, бўлди-е! Жонимга тегди бу хизматингиз. (Холиққа) Мен қанақасига дадаси бўлай? Мен манови иморатларнинг чаласини битказгани келган мардикорман. Синглимизнинг илтимосига биноан (Арслонни кўрсатиб) бу кишимнинг ўрнига ота ролини ўйнаётгандим (Милтиқни кўрсатиб) Бу киши, бу киши…
Милтиқ шошиб ўнг томонга ўтиб кетади.
ЭРКА (қўл силтаб). Э, у кишиям хизматдаги одам эди. (Арслонни кўрсатиб) Мана, қизнинг ҳақиқий отаси.
ХОЛИҚ. Нима?! Мени майна, қилибсизлар-да!? Масхарабоз артист экансизлар-да, ҳаммаларинг! Одам ҳам шунақа одобсиз бўладими?! Мен буни шундай қўймайман. Артистлик қилиш қанақа бўлишини энди мендан кўрасизлар!
Холиқ зарда билан у ён, бу ён юради, қўл силтаб чиқиб кетади.
НОЗИГУЛ (Эркага). Э, одам бўлмай ҳар бало бўлинг, энди иш пишганда расво қилдингиз.
ЭРКА. Менга нимага бақирасиз-вей?! Манови эрингиз жиндай келмай турганда бир бало бўлиб қолармиди!? Ҳамма ишни бузган шу.
НОЗИГУЛ (Арслонга). Сиз ҳам бир нарсадан қуруқ қолгандай ҳовлиқиб кириб келдингиз-эй!.. Ўласизми, ҳар куни келадиган вақтингизда келаверсангиз.
АРСЛОН. Энди, хоним, усталардан хабар олайин, қийналиб қолмадингизми, деб келгандим-да, узр.
НОЗИГУЛ. Қилар ишни қилиб қўйиб, кечирим ҳам сўрайдилар. Бир бало қилиб тўйни келишиб олганимизда, иш пишарди, кейин сизни таништирардик… Нима бўлгандаям совчи кетди, иш бузилди. Уфф!
ЭРКА. Улар кетган бўлса, биз шу ердамиз!
АРСЛОН. Бу билан нима демоқчисиз? Менга куёв бўлмоқчимисиз?
ЭРКА. Йў-ғе! (Ичкарига ишора қилиб) Йўлдошали шогирдимни айтяпман!
АРСЛОН. Мардикор-а? Мардикорга қиз бераманми?
ЭРКА. Нима мардикор одам эмасми? Аслида, бу ҳаётда ҳаммамиз мардикормиз. Биз уй қургани келган мардикорлармиз. (Кўча эшикка ишора қилиб) Анови шилта қўшнисига мардикорчилик қилиб юрибди. Сизам (Нозигулга ишора қилиб) бу кишининг мардикорисиз.
НОЗИГУЛ. Аслини олганда (эшикка ишора қилиб) анови сўтакдан кўра бу акамизнинг шогирдлари менга кўпроқ маъқул бўлиб турибди. Қаранг, (ичкарига ишора қилиб) янги костюм-шимларда бинойидек куёвга ўхшаб қолибди.
ЭРКА. Яшанг, ойижониси!
ХОЛИҚ (шитоб билан киради). Бўлди, уйланадиган бўлди, ўғлимиз.
НОЗИГУЛ. Вой, қандай яхши, қудажон, қандай яхши. Ўтган гап-сўзларни кўнглингизга олмайсиз-да, қудажон.
ЭРКА (бошини чайқаб). Уфф! Энди иш юрганда пашша бўлди-ю, бу шилта. (Холиққа) Ҳов, ўғлингиз яна қочиб қолса, чимилдиққа одам излаб юрманг.
ХОЛИҚ. Одам изламаймиз. Қочиб қолса, (кўксига ниқтаб) мана биз бормиз. Олса харидорники, олмаса даллолники, дейдилар-ку, машойихлар.
ЭРКА. Вой, даллол бўлмай кеткур-эй! Синглимиз сенга молми, қўйми? Олса харидорники, олмаса даллолники дейсан! Инсон у, аблаҳ! Қариганингда кўнглинг қиз тусамай кетсин сени, шилта, хотинбоз, бузғунчи!
Эрка Холиққа ташланади. Ёқасидан бўғиб, тарсаки тортиб юборади.
ХОЛИҚ. Ёрдам беринглар, ўлдириб қўяди, ёрдам!
Эшикдан Нурик киради. Уришаётганларга ажабланиб қарайди.
Узоқдан туриб Эркани каратэ усулида тепган бўлади.
Эрка жавраб туриб, Холиқнинг юзига мушт туширади.
ХОЛИҚ. Милиция! Милиция! Ўлдиришаяпти! Милиция!
Милиция формасидаги Милтиқбой киради.
У муштлашаётганларни кўриб бирдан бўшашиб, қўл силтайди.
Арслон Милтиқни кўриб, ҳайкалга айланиб қолади.
ЭРКА (Холиқни силтаб ташлайди). Йўқол-э, палид! (Арслонни туртиб) Ие, дадажонимиз ҳам ҳайкалга айланиб қолибди-ю! (Милтиқни кўрсатиб) Қўрқманг, бу киши ўзимиздан, хизматда юрганлардан.
Салтанатнинг шодон кулгиси эшитилади.
Уни эшитиб ҳаммалари бир-бирларига маъноли қарашади, жойларида қотиб қолишади.
Яна кулги эшитилади. Дам ўтмай Салтанат билан
Йўлдош қўл ушлашиб киради.
ЭРКА. Ие, ие, шогирдимиз ҳам бало чиқиб қолди-ку!
ХОЛИҚ. Бизданам кўра отни илгарироқ қамчилаганлар бор экан-ку!
Салтанат олдин Арслонни, сўнг Нозигулни қучиб ўпади, эркаланади.
ЙЎЛДОШ (Эркага). Ака, бир кўришда муҳаббат деган нарсага ишонасизми?
ЭРКА. Энди…
ЙЎЛДОШ (сўзларни таъкидлаб). Ишонинг, ака, ишонинг, бир кўришда муҳаббат деганлари бор! Салтанатхоннинг зарда билан ичкарига кириб цементни, эллик кило келадиган қопни пар ёстиқдай четга улоқтирганларини кўрдим-у, юрагим «жиз» этди. «Йўлдош, излаганинг шу!» деган овоз эшитилди ғойибдан. Ака, мен бахтимни топдим!
ЭРКА. Баландроқ дорга осилиб юбормадиларми, укагинам?
ЙЎЛДОШ. Э, ака, ҳозир дорми, мозорми, ҳеч нарса кўзимга кўринмайди. (Эркани чўлпиллатиб ўпади) Борлигингизга раҳмат, ака! Мана шу хонадонга бошлаб келганингиз учун раҳмат!
Салтанат Йўлдош билан бирга Арслоннинг олдига келади.
САЛТАНАТ. Дада, биз Йўлдош акамлар билан аҳду паймон қилдик, фотиҳа беринг!
АРСЛОН (талмовсираб). Мен фотиҳа бераманми?
ЭРКА. Дадасимисиз ахир?
АРСЛОН. Бу тўполонда ўзимни ким эканлигимни ҳам билолмай қолдим.
ХОЛИҚ. Дадасисиз, фотиҳа беринг.
АРСЛОН. Нима дейман?
НОЗИГУЛ. Э, бу домлангиз нима ишни қойил қилгандики, фотиҳани эпласа. Пул санашдан бошқага ярамайди.
ЭРКА. Э, шунинг учун Милтиқбой хизматда юрган экан-да.
НОЗИГУЛ (Эркага). Эй, бунақа сассиқ гапларни йиғиштиринг энди, қуда. Ундан кўра дуо қилинг!
ЭРКА. Илоҳо омин, ўзларингдан кўпайиб, ували-жували, бахтли, битталаринг эмас, икковларинг умрбод бир-бирларингга мардикор, мададкор бўлинглар! Оллоҳу акбар!
ХОЛИҚ. Борган жойингизда тош қотиб, палак ёзиб, хомаклаб кетаверинг.
ЭРКА (Милтиққа). Ана шунда сизга ҳам йўллар равон, уйлар бемалол бўлади.
МИЛТИҚ. Ўчиринг-э, овозингизни!
ЭРКА (Арслонга). Энди, муллака, пулни бериб, бизгаям оқ фотиҳа беринг, кеч бўляпти йўлдан қолмайлик.
АРСЛОН. Ишларни бажармабсизлар-ку?
ЭРКА. Энг катта ва шарафли ишни бажардик!
МИЛТИҚ. Ака, энди, куёв сиз томондан, қариндош бўлиб қоляпсизлар, бу ишга пул аралашса уят бўлар.
ЭРКА. Аралашмаганингиз шу иш қолганди, камандир!
ХОЛИҚ. Иш учун пул олса уят бўлади, аммо суюнчи деб беришса, олса бўлаверади.
ЭРКА. Ўлма, ука, аммо сенам ёмон бола эмас экансан. (Арслонга). Қани, қариндош, суюнчисини чўзинг.
Арслон пул узатади. Эрка Нозигулга яқинлашади.
ЭРКА. Қани, қудахола, сизники табаррук, суюнчисини беринг.
НОЗИГУЛ. Мана шу кийиб турган уст-бошингиз сизга суюнчи!
ХОЛИҚ (Эркага яқинлашиб, чўнтагига пул тиқади). Ака, бизда бор, суюнчининг нақди.
ЭРКА. Зўр бола экансиз-ку, ука.
ХОЛИҚ (томоқ қиради, шивирлаб). Зўр-зўр жувонлар бор дегандингиз, биз учун ҳам хизматда бўласиз.
ЭРКА. Бўлди ука, мана шунақа қилиб хизматимни қилиб турсангиз, эртадан бошлаб хизматингиздамиз. Бугун мана бу хизматимизни охирига етказиб қўяйлик. Қани, ҳа! (қўшиқ бошлайди) Тўйлар муборак, тўйхона бўлсин! Йўлдошвой укам, уйлар муборак! Эркавой акангга костюм-шим муборак!
«Тўйлар муборак» қўшиғи таралади. Нозигул уйдан келинлар рўмолини олиб чиқиб, Салтанатнинг бошига ёпади, Йўлдошга дўппи кийдиради.
Нурик эшикдан рақсга тушиб кириб, ерда ётган гулдастани Салтанатга тутқазади. Эрканинг ортидан ҳаммалари ўйинга тушиб кетишади.
Тамом
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 11-12-сон