— Расулқори акамлар билан тўйга бориб қолдик, мен доирада, у киши танбурда, — Олимжон ака ҳикоясини бошлайди. Эшитувчилар юзида сал кулги ўйнайди. Чунки машҳур ҳофиз Расул қори Мамадалиев ҳақидаги ҳикояларининг ҳаммаси ана шу сўзлар билан бошланади-да.
Мухторали амаким дарров луқма ташлайди:
— Олим ёлғон тополмай қолса, ҳар замонда рост ҳам гапириб туради!
Олимжон ака ўртоғининг гапига парво қилмай давом этади:
— Тўйхонада одам ҳеч қаерга сиғмайди. Расул қори акамларнинг кўзлари яхши кўрмайди, аммо буни тан олгилари келмайди. Тўйбошилар ўнгда қолиб, чап томонга қараб, қўллари кўксида, таъзим қилдилар: «Ассалому алайкум, тўйлар муборак бўлсин!» Устанинг қулоғига секин шивирладим: «Ака, тўйбошилар бу томонда». Қори акам, «Кўриб турибман!» деб жеркиб, ўнг томонга юрдилар.
У замонларда стол-стул деган нарсалар йўқ, одамлар шолчаларни ёзиб, кўрпачаларни солиб, чордонани қуриб, шавла еб ўтирган экан, Расулқори акам улар томонга, «Қимирламанглар, ўтираверинглар, кўришганимиз — сўрашганимиз», дея шаҳдам қадам ташлаб, товоқдаги шавлага ўнг оёқларини қўйдилар! «Уста, шавлани босдин-гиз!» дедим шоша-пиша. «Кўриб турибман!» дея қори акам чап оёқ-ларини иккинчи товоққа босдилар.
— Қори ака билмасдан шавлага оёқ қўйса, қўйгандир, аммо «кўриб турибман» деган сўзни ўзингдан қўшдинг, — дейди амаким жиддий. — Устангдан ҳам сенга фақат ана шу «кўриб турибман» юққан, холос.
Амакимнинг гапларида жон бор. Олимжон аканинг бирор нарса ўқиётганини (аммо бу воқеа ҳам жуда камдан-кам бўлади) кузатсангиз, чап кўзларини юмиб, ўнг кўзларини китобга шунақанги яқинлаштирадики, ҳарфларни киприклари билан пайпаслаб кўриб биляпти, дейсиз!
Ўзларининг таърифлари билан айтганда, бутун бошли мактабнинг бош мусиқа муаллими ҳисобланишади.
Амаким кулимсирайди: «Сендан бошқа мусиқа ўқитувчиси бўлмаса, бош бўлмай оёқ бўлармидинг?!»
Мактабнинг бир эмас, икки хонадан иборат меҳмонхонаси бор. Биринчи хонада шўрва пиширилса, иккинчида ичилади. Шўрва! Шу боисданми излаган ўқитувчингизни шу ердан топасиз. Хоналарнинг ўртасида битта эшик бор. Эшикни очиб-ёпиш учун ҳар икки томонига мих қоқиб, қайириб қўйилган. Михнинг қоқилганига неча йиллар бўлган, аммо унинг ўрнига ушлагич ўрнатиш ҳеч кимнинг эсига келмайди, кўникиб кетишган.
Амакимни излаб меҳмонхонага кирсам, худди ўша михларни суғуриб ташлаб, ушлагич ўрнатаётган экан.
— Ие, кел, кел! — деди у киши мен билан сўрашиб. — Ўтириб тур, ҳозир бирга шўрва ичамиз.
Амаким ишини тугаллаб чиқиб кетди-да, икки косада шўрва билан кириб келди. Ҳол-аҳвол сўрашиб, шўрва ичишни бошладик.
— Ие, ие, ие! Тошкентлик келибди-ю! — дея эшикдан Олимжон аканинг қораси кўринди. — Ўтиравер, кейин сўрашамиз! — у киши пальтосини «Шўрва навбати» рўйхати осилган мих устига илди. Ол-димдаги косани олиб, ташқарига юрди. Эшик олдида пайпасланиб, ниманидир қидиргандай бўлиб турди-да, ортига қайтиб, косани столга қўйди.
— Бу ўқитувчиларингдан ҳеч нарса қолмайди-да! Шуниям суғириб кетишибди-я! — деди амакимга юзланиб.
Амаким унинг сўзларини жавобсиз қолдириб, шўрвасини симириб-симириб ичди. Олимжон ака пальтосини олиб, стол устига ташлаб, михни суғирди. «Шўрва навбат» учиб, стол остига кириб кетди.
— Битта мих қанча туради, ахир ўйлагин! — куюниб жавраганча ташқарига чиқиб, қўлида болта билан ортига қайтди. Эшикни ёпиб, михни қоқа бошлади.
Амаким Олимжон акани менга кўзи билан имлаб, кулди.
Ака михни қоқиб бўлди. Болтани ташқарига қўйиб, олдимиздаги косани олди.
— Энди ким мана шу михни суғирса, болта билан калласига соламан! — деди қўлини силтаб. — Ушлагич-а, ушлагич у! — дея ташқарига юрди.
— Ҳов, кўриб турибман! — деди амаким унинг ортидан. — Ўша қоққан михингнинг бир қарич тепасига қара-чи, ушлагич бормикан?
Олимжон ака бутун диққатини эшикка қаратди, ушлагични кўрди, уни ушлаганча қийқириб кулди.
— Кўриб турибман, де! Кўриб турибман де, кўр! — амакимнинг кучли овози унинг кулгисини босиб кетди.