Саид Анвар. Қизиқлар ва велосипед (ҳажвия)

Сарлавҳа дидингизга унча ўтиришмади-а? Аммо менга бу икки сўз негадир эгизакдай кўринади. Бу, ҳойнаҳой, велосипедини ўғирлатмаган қизиқчи бўлмаганини суриштириб билганим ва бул ҳақда қизиқчи бўлиш учун велосипед ўғирлатиш керак ё велосипед ўғирлатган одам қизиқчи бўлади, дея оламшумул хулоса чиқарганим сабаб бўлса керак.

Охунжон қизиқ янги велосипед олибди. Буни кўриб оғайнилари, “Ювайлик, ювайлик!” дейишиб, қизиқни ошхонага судрашибди. Хўп, “ювиб” қайтиб чиқишса, қизиқнинг яп-янги велосипеди ўрнида ғилдираклари қийшайиб кетган, эгари, қанотлари йўқ бир бало нарса турганмиш­да! Ҳатто уни миниб ҳам бўлмасмиш. Охунжон қизиқ уни етаклаб йўлга тушибди. Дам ўтмай:
— Ювайлик, ювайлик! — деган хитоблар эшитибди.
Қизиқ қўли кўксида, бошини тасдиқ ишораси қилиб қимирлатганча жавоб қилибди:
— Ювдик, ювдик. Савобталаблар бўлса, юраверсин, кўмгани кетяпман, кўмгани!

* * *

Теша қизиқнинг ҳам велосипедини ўғрилар уриб кетибди-да! Мелисахонага қатнашни бошлабди, велосипедимни топиб беринглар деб. Вей, сизларга ёлғон, менга рост, роса эллик марта мелисахонага борибди, натижа йўқ.
Бир куни одамлар қарашса, Теша қизиқ йўл бўйидаги қабристонда ўтирганмиш.
— Ҳа, Тешавой ака, қабристонда нима қилиб ўтирибсиз? — сўрашибди йўловчилар.
— Ўғрини ушлашларини кўрмоқчиман, — жавоб берибди қизиқ.
— Ие, ўғрини қабристонда ушлашадими? — одамлар ҳайрон бўлишибди.
— Бу мелисаларинг, ўғри ўлиб шу ерга келганда ушлашмаса, бошқа пайтда ушлашолмайди! — дермиш қизиқ.