— Велосипедми?
Манови қувладига қўшним, мироб, Қўриқда ери бор. Вей, қишлоқда мева-чева, экинлар тугул, одам сувсизликдан қуриб қолса ҳам, Қўриқда сув бўлади-да! Ўзи одамларам айёр бўлиб кетган. Ариқни йилда бир марта ковлаб қўйишмайди. Ҳозир сўраб кўрсанг, бирортаси ариқнинг охирги марта қачон ковланганини билмайди. Илгари бир чиройли даришана бўларди. Ариқ чоптига ичқмагани одам уяларди. Илгари хўкиз сўйиларди. Хашарга чиққан одамлар тамом қилиб юборарди, юз кило келадиган хўкизни. Қанақа ҳашарлар бўларди-ю! Қимирлаган жон борки, ҳашардан қолмасди. Билсанг, қишлоқни кўчасини кенгайтириб, асфальт қиламиз, автобус юритамиз, деб бир қишнинг ўзидан йигирма саккизта хўжаликнинг уйини бузиб, қайта қурганмиз. Одамлар маҳалланинг айтгани бўлсин деб, қишнинг чилласида ҳовлисини ҳашарчиларга бўшатиб бериб, уйи битгунча қўшисиникига ўтирган. Йўллар кенгайди, асфальт ҳам бўлди, автобус ҳам юрди…
— Велосипедни қўшнингиз Рўзимат?…
— Ҳа, қўшним Рўзиматни велосипедини сўраб… Уйда битта эмас, иккита велосипед бор. Ҳозир қишлоқнинг йўлларида велосипед миниб юриб бўлмай қолди-да: дўқи-дўқи, ўйдим-чуқур… Ўн беш метр юрмасингдан камер тешилади. Ҳозир қишлоқда машина олган одам кўп, йўлга қарайдиган одам йўқ. ўиз этиб у ёққа ўтишади, ғиз этиб бақа!.. Машинани бекорга олгандай, унча-мунча чуқурга парво ҳам қилишмайди. Шунча пул топибсан, машина олибсан, эшигингнинг тагини асфальт қилиб қўй. Сендан ибрат олиб қўшнинг қилади. Қарабсанки, қишлоқ асфальт бўлиб турибди-ю!
Шукур билан Юсуф, ҳалиям далатнинг плани бор экан, қишлоғимиз йўлини ўшанга киритишибди, барака топишсин. Яқин уч километр йўлга асфальт ётқизиларкан. Шунга келган қурувчиларга овқат-повқат қилиб бергани маҳалла бўлиб беш-ўн сўмдан йиғайлик, дейишибди. «Қурувчилар ойлик олади, нимага энди биз уларга овқат қилиб беришимиз керак экан, тошини терсин!» дебди мана шу машина миниб юрганларингнинг иккита-учтаси бурун жийириб. Вей сенга тайёр асфальтни олиб келиб, босиб бераётган бўлса, бир пиёла чой қўйиб бермайсанми, эшигингнинг олдига келган одамларга-я! Мусулмонмисан ўзи? Қишлоқнинг юзи йўқми?
Э, бугунги ёшларингда маҳалла-куй деган нарса қолмади. Кечаги кунги даришанага ўн бешта одам чиқибди. Яқин мингта хўжалик яшайдиган қишлоқдан-а! Уларниям ўнтаси хассасини зўрға кўтариб юрган чоллар! Машина миниб юрганлардан биттасини шартта тўсдим. «Даришана бўляпти?» дедим. Ёнидан бир сиқим пул чиқариб, «Бериб қўярсиз!» дейди. Вей, маҳалланинг уни пулига қараб қолган жойи борми? Буларга қолса, отасининг гўри атрофини ҳам бировга пул бериб тозалатса-да! Э-э-эҳ!
— Қўшнингиз Рўзимат велосипед сўраб?..
— Ҳа-а-а, велосипедини сўраб чиқовди. Ўғлим велосипедини бир ҳафтада уч марта тешиб келса-я! Обораман, яматиб келаман, обораман, яматиб келаман… Яқин жой бўлса экан… Шералининг ули камер ямайдиган устахона очганди. Унча иши юришмади шекилли, ёпиб қўйди. Ҳозирги ёшларингга бу ёқдан устахонани очса-ю, пул оқиб келверса-да! Бир-икки ой оғирликка чидайин, одамларни устахонамга ўргатайин, «Манови ерда устахона бор», деб эслайдиган бўлсин, дейиш йўқ. Кенжанинг ўғли ҳам ямоқчилик устахонаси очиб шунақа қилди. Абдулла қассобхонани қуриб қўйиб, битта ҳўкиз сўйиб-сотттими йўқми, бедарак кетди. Сабр деган нарса йўқ-да, ҳозирги ёшларингда. Энди хоналарига қулфни уриб қўйиб, юришларини қара! Бири икки бўлиб қолдими? Манови Сайдилло тегрмон қурди, Анжанданми, Ёзёвонданми бир жойдан олиб келди. Вей, уч ойгача биров қадам босмаса-я! Қўйқадаги тегирмонга қатнашади одамлар, ўрганиб қолишганда. Аммо Сайдиллага раҳмат, тегирмонини ёпиб қўймади. Биров бир кило буғдой торттирмаса ҳам, очиб ўтираверди. Майна энди қара, очирет, очирет… Қуйқадагилар ҳам келиб, шу ерда буғдойини ун қилдириб кетяпти.
— Қўшнингиз Рўзимат велосипед сўраб чиққанди?..
— Ҳа-а… Ўша миниб кетди. Қўштегирмонга бориб келмоқчи экан. Бўласи бор — Ҳошимжон, ўша тўй қиляпти экан. Шу совуқда тўйга бало борми? Тўйни баҳорда қил, ёзда қил… Бу ёқда сивет бўлмаса, газ бўлмаса… Шу газчиларда ҳам бир гап бор. Кечаги куни…