Саид Аҳмад. Хотин (ҳикоя)

Мунисхон эридан ажралиш ҳақидаги аризасини суд қабул қилгани тўғрисидаги хабар қоғози почтадан келганда ҳам, суд залида ўтириб эрининг ғамгин қиёфасини кўрганда ҳам бунчалик изтиробга тушмаган эди. У ҳозир айвон лабида ғижимланган газетага беҳуш қараб ўтирибди. Кампир ҳовлида ивирсиб гоҳ ошхонага, гоҳ уйга киради… Қизига бир нима дейишга тили бормайди. Нима ҳам дея оларди у. Олти ойдирки қизи Мунис ўз ёғига ўзи қоврилади. Севган, аҳди паймонлар билан теккан эрини ташлаб келди. Дарди ичида. На она, на ота унга ботиниб гапира олади. Нима бўлса ҳам, кўнгли яримта, деб яхши гапириб келишади. Она бўлса хилватда оҳ уриб: «Қўшгани билан қўшақарисин, ҳар қизки уйдан чиқдими, қайтиб келгулик қилмасин» деб пичирлайди.
Мунисхоннинг эридан ажралиб келганидан то шу кунгача чеҳрасида самимий кулгини на ота, на она кўрди. Унинг юзи заъфарон бўлди. Айниқса, бугун эрталаб почтальон ташлаб кетган газета нохуш хабар келтирди. Газетада эри Жўрабек тўғрисида каттагина фельетон босилиб чиқибди. Ў маиший бузуқликда, қурилиш материалларини талон-торож қилишда айбланган эди. Мунисхон бир неча бор ўқиган бу айбномага тикилар экан, ичидан келган кучли хўрсиниқни тўхтатолмай ўрнидан турди.
«Унинг шу аҳволга тушиб қолишига мен айбдорман. Нега уни ташлаб келдим, нега охиригача олишмадим? Нега уни шу йўлдан қайтаролмадим? Нега унинг бемаъни улфатларини қувмадим?..»
Мунисхон ана шундай изтиробли ўйлар билан ўзини ўзи койиркан, бирдан кўзига суд зали кўриниб кетди. Жўрабек соч-соқоли ўсиб бир ҳоли, бир сар қиёфада ўтирибди. У ҳар замон бунга ер остидан қараб кўяди. Унинг бевақт ажин тушган юзларида аллақандай тушуниб бўлмайдиган ифода. Мунисхон беш йил бирга яшаб унинг юзларини, кўзларини бунақа лоқайд, ифодасиз кўрмаганди. Ҳатто Жўрабек бирор нарсадан ғазабланганда ҳам кўзларида қандайдир табассумга ўхшаган бир ифода бўларди. Ҳозир-чи? Ў энди ҳамма нарса тамом бўлди, энди яшашнинг ҳам қизиғи қолмади, дегандек, курашда енгилган, нажот йўлини бутунлай йўқотган киши кепатасида ўтирарди. Мунисхон ўшанда ўрнидан туриб суд ҳайъатига: «Йўқ, эримни ташламайман, ахир мен уни яхши кўраман!» деб қичқиргиси келди. Қандайдир бир куч уни ўтирган жойига михлаб қўйгандек қимирлатмади. Уйқусиз кечалар, тунни тонгга улаб уни кутишлар, лаззатини, тинчини йўқотган жуфтлик ҳаёти, тентишлар, то ҳушни йўқотгунча ичишлар, таъналар — ҳаммаси, ҳаммаси бир бўлиб, эр-хотинни суд остонасига олиб келган эди. Мунисхондан ажралиш Жўрабекнинг хаёлига ҳам келмаган эди. Бу мудҳиш сўзни биринчи бўлиб Мунисхон баланд овоз билан айтди. Бу гапнинг даҳшатини Жўрабек дарров сезмади. Эрлик ғурури шундоқ гапни айтган хотинига тик қарашга, уни эламасликка мажбур қилди. У бемаҳал портлаган бу бомбанинг даҳшатини суд залида сезди. Сезди-ю, энди кечикканини, жафокаш, чинакам мунис дўстини йўқотганини англади. Унга шу топда бирдан ҳаётнинг маъноси йўқолгандек, яшашнинг қизиғи қолмагандек бўлди. То суд мажлиси тамом бўлгунча мурдадек жонсиз, ҳиссиз ўтирди. Саволларга нима деб жавоб берганини, хотини унга қандай таъналар қилганини худди туш кўраётгандек жуда хира, рангсиз, товушсиз, фақат имо-ишоралардангина сезаётгандек эди. Мунисхон эса ички дард, изтироб кучи билан, ҳам ғазаб, ҳам нафрат ёғилиб турган сўзлар билан уни айбларди. Ҳа, Мунисхон уни фақат, фақат айбларди. Бир умр ундан яхшилик кўрмагандек айбларди. Айбларди-ю, севган кишисидан, орзу-умидларидан, ниятларидан, бирга кечирган ойдин кечаларнинг ёрқин, аллақандай нурга, шуълага тўлган хотираларидан бир умр ажралаётганини сезмасди. Шундай бўлди. Беш йиллик умрдан фақат ўша суд қарори қолди, холос. Энди улар бир-бирларига бегона кишилар бўлиб қолишди.
Шундайми?
Мунисхон ўзига шундай савол берганда: «Дод!» деб юборгиси: «Йўқ!», «Йўқ!» деб қичқиргиси келарди. «Уни шу аҳволда ташлаб кетмаганимда бундай бўлмасди. Курашишим, бутун борлиғим билан курашишим, уни шу йўлга бошлаган ҳар қандай кучдан зўр келишим керак эди. Нега шундай қилмадим? Нега уни енгмадим? Нега ўзимни курашдан четга тортдим? Энг яқин кишимни ҳалокат ёқасига ташлаб, ўзимни олиб қочдим. Энди у бутунлай ҳалок бўлди. Пулига, мартабасига дўст бўлганлар, уни шу йўлга бошлаганлар аллақачон бегона бўлиб олдилар. Унга ҳамдард бўладиган, юпатадиган, кўнглига далда берадиган яқин кишиси қолмади. Энди уни чинакам шармандалик кутяпти».
Мунисхон ғижимланган газетага лоқайд термилиб, ана шундай хаёл сурарди.
Ҳовлига ҳассага таянган дадаси кирди. У ариқда шилдираб оқаётган сувда юзини ювиб, ҳўл бўлиб кетган соқолларини белбоғига артиб, супага ўтирди. Чол ҳассасининг учи билан ер чизиб, анча вақтгача жим ўтиргандан кейин, бошини кўтариб, қизига қаради.
— Мунис, қизим, баққа кел. Ҳамма гапни эшитдим. Жуда хунук иш бўпти. Хўш, энди нима қилмоқчисан?
Мунисхон ердан бош кўтармай, ҳамон ўшандай ўтирарди.
— Қизим, ота ҳеч қачон ўз фарзандига ёмонликни раво кўрмайди. Гапларимга астойдил қулоқ бер. Жўрабек етим бола. Сендан бошқа ҳеч кими йўқ эди. Авваламбор, ташлаб келганинг жўялик иш бўлмаган эди. Ҳали ҳам бўлса йўлга отлан. Одамнинг тафтини одам кўтаради. Енига бор. Шундай қилсанг чинакам одамлик қилган бўласан. Бор, унга ҳамдам бўл.
Эрталаб тонг отиши билан Мунисхон йўлга чиқди. Уни Тошкентга олиб кетаётган автобус ҳам, поезд ҳам, назарида, жуда секин юраётганга ўхшарди. Поезд ичи дим бўлганидан йўловчилар газета билан ўзларини елпирдилар. Бу томонларга почта бир кун кечикиб келарди. Кечаги газетанинг Жўрабек ҳақидаги фельетони йўловчиларнинг эрмаги бўлиб қолди. Мунисхон қаёққа қарамасин, ўша газета. Худди атайлаб қилгандек, газета тўрт букланганда ўша фельетон мана мен, деб кўриниб турарди. Йўловчилардек эрмакталаб халқ камдан-кам бўлади. То Тошкентга етиб келишгунча Жўрабекнинг достони оғизларидан тушмади. Ҳар ким ўз фикрини айтарди.
— Бу ярамасни албатта суд қилишади.
— Инсонлик қиёфасини йўқотганларнинг жазосини бериш керак.
Кела-келгунча одамларга орқасини ўгириб овқат еб келаётган, бўйни буқаникига ўхшаган бир киши товуқнинг оёғини лунжига тиқар экан, палағда товуш билан деди:
— Ахир, хотини талоқ, ғар бўл, ўғри бўл, инсофли бўл-да!
Унинг гапи Мунисхонга қаттиқ ботди. Бир нима де-йишга оғзи бормай, қошларини чимирди. Буқабўйин киши газетани «шарр» этиб йиртиб, худди фельетонли жойига лунжининг ёғини артиб, яна гап қотди:
— Қизи талоқ мухбирлар ҳам кўп ғаламис бўлишади-да. Ҳа, энди шундоқ бўлган экан, кўриб-кўрмасликка олиб кетавермайсанми. Ҳукуматнинг даргоҳи катта, омборнинг эшиги тор, туйнуги кенг. Озроқ олган билан ғазнаси тамом бўп қолармиди? Мунча ковлаштирасан, сийниталоқ, ўзваг бўлганингдан кейин ўзвагингга қайиш-да. Ҳукумат уни қамаб қўйса, нонинг иккита бўладими сенинг?
Ўтирганларнинг этагига ўт туташгандек баравар ўрниларидан туриб кетишди. Юқорида китоб ўқиб ётган ёшгина бир йигит «гуп» этиб ўзини пастга отди. Буқа-бўйиннинг ёқасидан олиб, йўлакка судради. Бошқаси унинг юкини йиғиштириб орқасидан ирғитди. Поезд дувараккина бир разъездга келиб қолган эди, буқабўйиннинг бай-байлашига карамай, уни вагондан тушириб юборишди. Поезд жойидан жилди ҳамки, ҳеч кимдан садо чиқмади: бу одам ҳаммани — ҳукуматни, ўзбекларни, мухбирларни — ҳамма, ҳаммани ҳақоратлаб кетган эди. Гўё кўкариб заҳарга тўлган чаён ковакдан чиқди-ю, бу ердагиларнинг танасидан ўрмалаб жамият ичига кирмоқ-чи, уларга ниш урмоқчи бўлгандек эди.
Мунисхоннинг кўзига эри Жўрабек кўриниб кетди. Наҳотки у ҳам чаён бўлса?! Наҳотки у ҳам одамларга ниш урмоқчи бўлса?
Бу асаби қайнаган йўловчилар учун Жўрабек билан бояги буқабўйиннинг қандай фарқи бор? Иккови ҳам бир эмасми?! Йўқ! Жўрабек адашган, у чаён эмас, чаён эмас…
Мунисхон минг азоб билан бир умр келмас бўлиб кетган уйининг остонасига қадам қўйди. Эрининг фарзандсиз бева аммаси уни жуда совуқ кутиб олди. Кўз қарашларидан: севинганингдан келдингми, унинг ҳолидан кулгани келдингми, деган маъно англашиларди. Мунисхон уйга кирди. Бир вақтлар ёғ тушса ялагудек топ-тоза уй ниҳоятда бесаранжом, файзсиз эди. Кулдон папирос қолдиқларига тўлиб кетибди. Каравотнинг бош томонида полга жуда кўп кул тўкилган. Кўп чекибди, кечаси ҳам чекадиган бўлиб қолибди, деб дилидан ўтказди Мунисхон.
У бир вақтлар ёшликнинг қайноқ муҳаббати ёритган уйда шу кўйи узоқ кезиб юрди. Оҳак чўткасининг деворд-ги билинар-билинмас излари унга шу уйда ўтирган келинлик дамларини, электр симларининг бурамалари шифтга қараб сурган ўйларини, ҳозир чанг босган рамка ичида жилмайиб турган қўнғир соч Жўрабекнинг сурати тўй олдидаги ваъдаларни эслатарди. Мунисхон уни қандоқ севарди! Қани у эҳтирослар, қани у эркаланишлар! Уни бу ерга на ёшлик хотиралари, на эҳтирос, на дилни эркаловчи ошиқона сўзлар бошлаб келди. Мунисхонни дўстлик, қадрдонлик, қолаверса унинг биринчи қалб ёлқинини олиб қолган, илк севгисини, сиру сеҳрга тўла қайноқ муҳаббатини бағрига яширган, бир вақтлар энг азиз, энг яқин, ҳозирда эса бегона бўлиб кетган кишисининг бошига тушган мусибатга ҳамдард бўлиш, одамлик қилиш ҳисси бошлаб келган эди. Ким билади, ўчган ўт қайта ёнарми-кин. Агар у кулга айланмаган бўлса, ёнмоғи мумкин.
Мунисхон хаёллар, хотираларга берилиб Жўрабекни кутди. У келмади. Иш вақти тугаганига ҳам бир соатдан ошди. Ҳамон ундан дарак йўқ эди. Мунисхонни ваҳима босиб, ҳовлига чиқди. Кампир ҳам безовталаниб, тиқ этса эшикка қарарди. Мунисхон кўчага югурди-ю, дуч келган «такси»ни тўхтатиб, Жўрабекнинг ишхонасига қараб кетди. Қурилиш майдонида одам кўп эди. Қандайдир йиғин бўляпти. Мунисхон одамларни оралаб ичкарига интилди.
Президиум столи атрофида ўтирганлар орасида Жўрабек кўринмасди. Мунисхоннинг юрак ўйноғи баттар ошди. Нафасини ростлаб ёнидаги йигитдан сўради:
— Мажлис бўляптими?
— Йўқ, ўртоқлик суди бўляпти. Бошлиғимизни суд қиляпмиз. Ҳу, анови чап томонда орқасини ўгириб ўтирган киши, ўзи яхши одам эди-ю, улфатлари расво қилишди-да, қозонга яқин юрсанг, қораси юқар, деб шуни айтадилар-да!..
Бирдан ғовур босилиб, майдон сув куйгандек жимиб қолди. Сўнгги сўз айбдорга берилган эди. Жўрабек бошини эгиб, халойиққа қарамай, оғир қадамлар билан стол олдига келди. Мунисхон титраб кетди. Эри анча озиб қопти. Кўзи ич-ичига ботиб кетибди. Жўрабек бир ютиниб олди-да, бошини кўтариб ғамгин юз билан гап бошлади:
— Мени ёмон улфатларга қўшилиб шундай бўлди, дединглар. Тўлаганнинг, Орифнинг гапига кирди, дединглар. Тўғри, шундай бўлди. Нега улар бошқа одамни йўлдан урмай, мени йўлдан уришди? Бўш дарахтни қурт ейди. Мен бўш дарахт эканман. Мустаҳкам чинорларга қуртларнинг тиши ўтмайди. Қуртларни йўқотишдан аввал қуртларга ем бўладиган дарахтни қирқиш керак. Менга қўйилган айбларнинг ҳаммасига иқрорман. Мен қилган иш хато эмас, жиноят. Хато тузатилади, жиноятчи жазоланади. Менга жазо беринглар. Мен бир марта жазоланган одамман, кўзим очилмаган. Севган хотиним ташлаб кетган. Шунда ҳам йўлимни топиб олмаганман. Энди менга каттароқ жазо беринглар.
Жўрабек бошқа гапирмади. Яна бошини эгиб, жойига бориб ўтирди. Суд ҳукмга кирди. Яна одамларнинг ғовур-ғувури бошланди. Мунисхон одамларга орқа ўгириб ўтирган эрининг елкасидан кўзини узмай, ҳамон тик турганича қимир этмасди. Суд ҳайъати яна минбарга чиқди. Раис ҳукмни ўқиди. Жиноятчини трест бошлиқлигидан бекор қилиб, бетончилар бригадаси ихтиёрига юбориш, ундан талон-тарож қилинган қурилиш материаллари учун саккиз минг етти юз сўм ундириб олиш ҳақидаги ҳукмни одамлар қарсаклар билан қарши олди.
Мунисхон беихтиёр билагидаги тилла соатини ушлади. Тўй куни эри совға қилган бриллиант кўзли узугини бармоғидан чиқазди.
Бирпасда майдон бўшаб қолди. Жўрабек ҳаммадан кейин ўрнидан турди. Ҳеч қаёққа қарамай аста-аста юриб майдончадан чиқди-да, худди маст одамдек гандираклаб кўчага бурилди. Мунисхон унга эргашди. Кеч кириб, атроф қоронғилашиб қолган эди. Жўрабек кран тепасидаги прожектор ёритиб турган ғишт уюми олдида тўхтаб, папирос тутатди. Мунисхон қадамини тезлатиб унга яқинлашди.
— Жўрака!
Жўрабек қулоғига чалинган таниш овоздан сесканиб кетди. Қўлида ёниб турган гугурт чўпини қаёққа ташлашни билмай эсанкиради. То Мунисхон етиб келгунча гугурт охиригача ёниб қўлини куйдирди. Мунисхон чидаб туролмади, югурганча келиб Жўрабекнинг бўйнига осилди. Жўрабек қалтирарди. Бу ҳаяжонданми, хўрликданми, билиш қийин эди.
Атрофни ларзага солиб келаётган бульдозернинг ўткир чироғи ҳар силкинганда уларнинг соясини гоҳ баланд иморатларнинг учига, гоҳ тош, шағал уюмларининг дўнгига улоқтирар, муюлишга келганда эса уларнинг жуфт сояларини атрофларида ярим доира қилиб айлантирарди…
1948 йил.