Саид Аҳмад. Хазина (ҳикоя)

«Ҳунарни асрабон нетгумдир охир,
Олиб тупроққами кетгумдир охир.
Навоий

Ҳамроҳим «Темир кўприк»да қўниб ўтишимизга унча рўйхуш бермаган бўлса ҳам, автобусдан қўярда-қўймай олиб тушдим.
— Нима қиласиз вақтни бекорга ўтказиб, чой бўлса Чимқўрғонда ичардик-да.
— Битта дутор эшитиб кетайлик. Ажойиб бир машшоқ бор. «Танавор»ни ундан зўр чаладигани йўқ. Эшитиб ўзингиз ҳам қойил қоласиз.
Ҳамроҳимнинг пешанаси тиришиб ғалати қараш қилди.
— Э, суф сизга-е, ҳали шунга йўлдан қолиб ўтирибмизми?! Зап ғалати одатларингиз бор-да! Радиодан дутор эшитмаганмисиз?
Унинг мендан жуда ҳафсаласи пир бўлгани кўзидан билиниб турарди. Мен ҳам шундай завқсиз одамга йўлдош бўлганимдан койиниб, индамай кетавердим. Икковимиз шу кўйи бир-биримизга қарамай кўприкдан ўтиб, канал бўйидаги чойхона томонга бурилдик. Эндигина барг ёзган кекса толлар тагидаги сўриларда чойхўрлар унча кўп эмас эди. Олди чий билан тўсилган қатор ўчоқлар олдида шаҳардан чиққан ошхўрлар ивирсиб юришибди.
Канал бўйидаги сўрига ўтириб, дастёр болага кўк чой буюрдик. Ҳамроҳим ҳали ҳам чеҳраси очилмай сувнинг қирғоққа сапчиб урилишига бепарво қараб ўтирарди. Охири у ёнидан букланган газета олиб «Тамакининг зарари» деган каттагина бир мақолани ўқишга уннаб кетди.
Бу камгап, ғалати одамнинг кўнглини нима билан олишни билмай хижолат бўлиб қолдим. Бу ерга қўниб ўтишдан мақсад унга Уста Мақсуднинг дуторини эшиттириш, ҳордиқ чиқариш эди. Ўзим ҳам бу созанданинг машқларини бундан йигирма йил аввал эшитганман. Орадан шунча вақт ўтган бўлса ҳам, у чалган куйнинг оҳанглари ҳали-ҳали қулоғимдан нари кетмас эди. У вақтда Уста Мақсуд йигирма беш ёшлардаги, вужудидан куч ёғилиб турган бақувват йигит эди. Катта Фарғона канали қурилишида мухбирлик қилиб юриб, шу «Темир кўприк»ка ҳар келганимда алла-паллагача чой ичиб ўтириб, унинг машқларини эшитардим. Куни билан тупроқ қазиган қурувчилар то ярим кечагача чойхонада қолиб кетишар, оғир меҳнат чарчоғини ижро этилаётган куйнинг сеҳри билан унутишарди. Уста Мақсуд, айниқса, «танавор» йўлларини билар, уларни ажиб бир маҳорат билан ижро этарди. Бир куни кечаси редакцияга телефонда материал бериб, кечроқ чойхонага келсам, сўриларда жой қолмабди. Ҳамма жим. Ўртадаги сўрида Уста кўзларини чирт юмиб «Фарғона танавори»ни чаларди. Четроқдаги сўрида Йўлдош ота куй мақомига тебраниб ўтирибди. У ҳар замон тиззасига ориқ бармоқларини беозоргина уриб қўяр, кўзларини Устанинг тор чертаётган бармоқларига тикиб хаёл сурарди.
Мен азим туп толнинг бужур танасига суяниб, кексалар қалбида аллақачон ухлаган ёшликнинг қайноқ ҳисларини уйғотиб юборган, йигитлар кўксида йилт этган муҳаббат учқунини аланга олдираётган сеҳрли куй садоларига берилиб жимгина ўтирардим. Уста тор чертишдан тўхтаб, атрофга кулимсираб бир назар ташлади-да, дуторни эҳтиёт қилиб ёнига қўйди.
Одамлар уйқудан уйғониб кетгандек атрофга қараб олишди. Уста Мақсуд уларни худди қўлларидан ушлаб ёшлик кўчаларига етаклагандек: қара, ёшлигингга боқ, биринчи муҳаббатингни эсла, лола терган адирларингни, чўмилган сойларингни кўр, деяётгандек, ҳаёт машаққатларидан сен билан ёнма-ён туриб ўтган умр йўлдошингнинг кўксингга биринчи бор бош қўйиб ишқингга иқрор бўлган пайтидаги ҳаяжонини эсла, бу кунларга етолмай орзу-армонларини сенга ташлаб кетганларни унутма, дегандек бўларди.
Ҳамроҳим «Тамакининг зарари»ни ўқиб бўлгунича ўша унутилмас сирли тунни эсладим. Шу топда Уста Мақсуддан яна бир марта ўша куйни эшитгим келди. Атрофга аланглаб уни қидира бошладим. Қайрағоч тагидаги сўрида олдига чойнак қўйиб ёлғиз ўзи хаёл суриб ўтирган устани кўриб, ҳамроҳимни туртиб қўйдим.
— Ана шу киши Уста Мақсуд бўлади. Ҳозир илтимос қиламан, йўқ демайди. Одатини биламан.
Шу гапни айтдим-у, чойхоначи болага дутор келтиришни буюриб, ўзим устанинг олдига қараб кетдим. У бир қарашдаёқ мени таниди.
— Э, мухбир ука, бормисиз? Биз томонларга сира келмай кетдингиз.
Ҳол-аҳвол сўрашдик. Канал қурилишидаги қадрдонларни эсга олдик. Мен унга Ёзёвонга кета туриб, атайин у билан учрашгани «Темир кўприк»да тушиб қолганимни айтдим.
— Йўлдош отага чалиб берган машқингиз ҳали ҳам қулоғимдан нари кетмайди. Малол келмаса бир эшитиб кетсам. Жуда кўпдан бери орзу қиламан.
Уста бесаранжом бўлиб қолди. Сал фурсат ўтмай кўзларини бир нуқтага тикиб, оғир тин олди. Хижолат чекаётгандек ийманиб деди:
— Дутор ушламаганимга ўн беш йилча бўлиб қолди. Шунақа…
У гапини тугатмай тўнининг енгини билагигача шимарди. Кўзларимга ишонмай қолдим. Чап қўлининг тирсагидан пасти йўқ. Бир вақтлар торларни беқиёс чертган, санъатига кўпларни қойил қолдирган бармоқлар энди йўқ эди. Наҳотки…
— Дутор чаладиган қўлни уруш кесиб ташлаган. Нима дейишимни, нима қилишимни билмай эсанкираб қолдим. Торларни чертишга, пардалар устида йўрғалашга моҳир бўлган қўллар кези келганда милтиқ тепкисини босишга ҳам қодир эканлиги ҳақида сира ўйлаб кўрмаган эдим. Шу топда оддимда ўтирган кишининг севган санъатидан, касбидан ажралганини, унинг ажойиб маҳоратидан кишилар бенасиб бўлганини кўриб, бу уруш ёлғиз шаҳарларнигина вайрон қилмади, ёлғиз отани боладан, болани онадан жудо қилмади, балки омон қолганларнинг ҳам танасида жароҳат излари қолдириб кетганини кўриб турардим. Орага жуда ноқулай жимлик тушди. Уста оқ оралаб қолган мўйловининг учини бураганча ниманидир ўйлаб, ерда лип-лип ўчиб-ёниб ўйнаётган офтоб тангаларига тикилиб ўтирарди. Бу совуқ сукунатни чойхоначи бола бузди. У йўл-йўлакай чангини артиб келган дуторни тинғиллатиб бир чертиб, кўрпача устига қўйиб кетди.
Уста ҳайрон бўлиб бир менга, бир дуторга қараб кипригини пирпиратди. Менинг жуда ҳам мулзам бўлганимни сезган Уста Мақсуд ўрнидан туриб дуторни қўлига олди.
— Дутор эшитгингиз келаётган бўлса, баққа юринг!
Итоаткорлик билан унга эргашдим. Чойхонадан чиқмай туриб ҳамроҳим борлигини, агар малол келмаса уни ҳам борадиган жойимизга ола кетишимизни сўрадим. Уста рози бўлди. Аммо, ҳамроҳим энсаси қотгандек пешанасини тириштириб зўрға кўнди.
— Аслида ўзим кетаверсам бўларкан. Нега ҳам гапингизга кириб автобусдан тушиб қолдим-а!
Кўприкдан ўтганимиздан кейин Уста дуторни менга бериб, кўча бетидаги эшикка кириб кетди-да, ҳаял ўтмай яна қайтиб чиқди.
— Инобат олтинчининг ерида экан, ўшаққа борамиз. Инобат ким? Олтинчи бригаданинг даласида нима қиламиз? Бу тўғрида ундан сўрашга журъат қилмай орқасидан эргашиб кетавердик. Ҳамроҳим ҳар замон менга қараб бир хўмрайиб қўярди. «Нима, умрида дутор эшитмаган эканманми, намунча зарур бўлмаса» деб устага билдирмай минғиллар эди. Шудгор қилинган катта ердан айланиб ўтишимиз билан бирдан трактор шовқини эши-тилди. Тутзордан бир гала зағча қағ-қағ қилиб осмонга кўтарилди. Уста ҳамон чурқ этмасди. Дала шийпонига етиб келганимиздан кейингина унинг чеҳраси очилгандек бўлди. Бу ерда ўн чоғлик киши даланинг ҳар ер-ҳар ерида нима биландир машғул бўлиб юрарди. Шудгор қилинган даланинг у бошидан бу бошига сим тортилиб, трактор шу сим ёқалаб чигит қадаб келарди. Ҳали гулламаган ёввойи жийда тагидаги ерўчоққа ўт қалаб ўтирган хотин бир даста коса кўтариб ариқ томонга ўтди. Уста тепага келган қуёшга кўзини қисиб қараб: «Айни тушлик пайтида келибмиз», деди. Трактор ернинг нариги бошида тўхтаб, ундан конбинезон кийган ўрта яшар бир жувон тушди. У шийпон томонга қараб олдида ўлчов симига қозиқ коқаётган кишига нимадир деб қичқирди.
Бирин-кетин шийпонга одам йиғила бошлади. Тракторчи жувон Устани кўриб: «Ҳа, домлака, нима қилиб юрибсиз!» — деди унинг қўлидаги дуторга ҳайрон бўлиб қараркан.
— Меҳмон бошлаб келдим, қизим. Дуторингни эшитгани атайлаб узоқдан келишибди. Йўқ демай чалиб бер, Инобат қизим.
Инобат қорамой бўлиб кетган қўлларини латта билан артиб, дуторни олди. Тик турганича бир тиззасини сал букиб кўтарди-да, дутор пардаларини қулоғи яқинига олиб бориб созлай бошлади.
— Нимани чалиб берай? — деди у шийпон зинасига оёқ қўяр экан.
— Нимани чалиб берсин? — дея бизга юзланди Уста.
Мен ундан Уста аканинг Йўлдош отага чалиб берган «Фарғона танавори»ни чалишини илтимос қилдим.
Инобат кўрпача устига ўрнашиб ўтириб олгандан кейин дастрўмолини ҳўллаб, торларни артиб, устасининг салобати босаётгандек журъатсизлик билан куйни бошлади. Ер остидан ҳамроҳимга қарадим. У гўё ҳеч нарса бўлмагандек ўчокдан чиқаётган тутунга лоқайд қараб ўтирарди. Аввалига ҳиссиз, шунчаки бошланган куй бирданига ўтирганларнинг хаёлини олиб қўйди. Инобат кўзларини юмиб, ўзи чалаётган куйдан ўзи таъсирланиб тебранар, гоҳ кўзини очиб офтобда гулхандек ёнаётган адирдаги лолаларга қарар, гоҳ бошини сал орқага ташлаб шифтдаги қалдирғоч уясига тикилганича киприк қоқмай туриб қоларди. Қўллари пардалар устида эркин йўрғалар, гўё дутор дастасини эзиб ундан анвойи оҳангларни сиқиб олаётгандек, бармоқлари эса торларни худди қалбни тирнаётгандек тимдаларди. Одам қалбига тоғ ҳавосидек ёқадиган куй яратаётган мана шу қўллар бундан бир неча минут илгари оғир трактор мурватларини бошқарганига сира ишонгим келмасди. Бу куй менга ёшлигим, болалигимни яна қайтариб келди. Торларнинг гоҳ денгиз довулларидек шиддаткор, гоҳ саҳар елларидек юмшоқ садолари йиллар ўтиб қалб қаърида унутилиб кетган ажиб болалик ҳисларини туғёнга келтирди. Вужудимда ҳалигача ҳеч ким билмаган ва ҳеч ким қилолмайдиган аллақандай зўр, жуда ҳам зўр ишлар қила олишга қодир бир куч пайдо бўлаётгандек эди. Дуторига жўр бўлгим, атрофда мавж уриб турган баҳор манзараларини қўшиққа солиб куйлагим келарди. Ҳамроҳимга қарадим: унинг кўзида ёш йилтирарди. У иягини кафтлари орасига олиб жимгина ўтирар, елкаси тез-тез силкинаётганини сезмасди.
Негадир Уста Мақсуднинг юз-кўзида ҳаяжон сезмадим. У куйнинг одамларга таъсиридан кўра, ижрочининг торни қандай чертишига, пардаларни қандай босишига кўпроқ диққат қиларди. Устанинг кўз қарашларида, юз ифодаларида адашмасмикан, усулдан чиқиб кетмасмикан, деган ташвиш сезилиб турарди.
Назаримда, бу уста санъаткор узоқ йиллар меҳнат машаққат билан топган хазинасини эритиб, шогирдининг қалбига қуяётганга ўхшарди. Инобат эса бу санъат гавҳарининг устидаги чанг-ғуборни артиб, унга янги жило, янги сайқал бериб кишилар юрагига олиб кирарди.
1960 йил.