Қобилжон директорнинг кабинетидан латтадек бўшашиб чиқди. У қабулхонада ўтирганларга лоқайд бир назар ташлади-ю, тез юриб коридорга бурилди.
— Сийлаганни сигир билмас, деб шуни айтади-да. Ишга янги келганда идоранинг пасти-баландини таништирган ким эди. Миш-миш гапларни қулоғига етказиб турган ким эди, шуни билмади-я. Уялмаганини қаранг, уни одам қилгунча қоққанда қозиғим, осганда чўмичим қолмади.
Қобилжон коридорнинг у бошидан-бу бошига ўзидан-ўзи ғўлдираб, шу тарзда бориб-келиб турарди.
Кадрлар бўлимининг эшиги очилиб, қўш кўзойнак таққан ўрта ёшли бир киши чиқди.
— Э, Қобилжон, нима қилиб юрибсиз, ҳужжатларингизни қачон расмийлаштирасиз?
— Қанақа ҳужжат? — чўчиб сўради Қобилжон.
— Ишдан бўшатишга буйруқ бўлди. Қобилжоннинг кўзларидан ўт чақнаб кетди. Директорнинг бояги «Ишни эплаёлмаётибсиз, бўшатишга тўғри келади» деган гаплари эсига тушди. «Еган ёғу гўштларинг кўр қилади ҳали сени, шунча совға-саломларни ҳам андиша қилмадинг!» — деб кўнглидан ўтказди-ю, кўзойнакли кишига қараб:
— Ҳар қалай, закон биладиган кишисиз, бир йўл кўрсатинг, — деди.
— Нима десам экан, қани баққа юринг-чи, буйруқда нима дейилган экан.
Улар бошлашиб, кабинетга киришди. Кўзойнакли киши стол устида уюлиб ётган қоғозлар орасидан буйруқни топиб, Қобилжоннинг қўлига берди. Қобилжон енгил титраб турган қўллари билан қоғозни тутиб, ўқий бошлади:
— «…Ишни эплай олмагани учун…» Ҳмм.
— Жуда хунук буйруқ бўпти-да, шу буйруқ мазмунини меҳнат дафтарчангизга ёзиб қўйишим керак. Закон шунақа, акаси.
Қобилжон бўшашиб, стулга ўтириб қолди. Жавдираб турган кўзларини шифтга тикиб, остки лабини тишлади.
— Бошқа иложи йўқмикин-а.
— Хўжайин билан дурустроқ бир гаплашиб кўринг-чи, балки буйруқни ўзгартар, жуда бўлмаса, «ўз аризасига биноан» деган мазмунда…
Қобилжон ўрнидан турди. Аста-аста юриб кўчага чиқди. У ўйлар эди: «Ишни эплолмагани учун… Меҳнат дафтарчаси… ўз аризасига биноан…»
Иш охирлаб қолганда Қобилжон яна қабулхонада пайдо бўлди. Котиба директорнинг бандлиги ва докладга тайёрланаётганлигини айтиб, уни ичкарига қўймади.
— Бўлмаса, мана шу қоғозни ўртоқ директорга бериб қўйсангиз.
Қобилжон букланган қоғозни котибага узатди. Кейин пальтосининг ён чўнтагидан қоғозга ўралган бир нарса чиқазди.
— Буни ҳам бериб қўясиз-да, жуда зарур нарса.
Соат бешдан сал ошганда ходимлар директор кабинетига йиғила бошлади. Кўпчилик қатори Қобилжон ҳам нчкари кирди.
Мажлис у қадар расмий вазиятда ўтмади, директор идорадаги меҳнат интизоми ва муассасалардан келаётган алоқа хатларига ўз вақтида жавоб берилмаётгани тўғрисида гапириб, план бўлими ходимларини қаттиқ танқид қилди.
— Ундан кейин, — деди директор сўзини якунлаб, — баъзи ходимларимиз ишга ўтакетган даражада масъулиятсизлик билан қарайдиган бўлиб қолишди.
— Кимлар? Мисоллар билан айтилсин! — деди унинг сўзини бўлиб бош бухгалтер.
Директор қошларини кериб, кулимсираб қўйди:
— Мен, энг аввал, менинг ўзим ишга масъулиятсиз қарайдиган бўлиб қолдим. Шу вақтгача ўртоқ Қобилжон Орифжоновга чора кўрмай, у билан муросасозлик қилиб келганман…
Қобилжоннинг тепа сочи тикка бўлиб кетди. Қандай қилиб ўрнидан туриб кетганини, томоғини бўғиб турган галстугини бир зарба билан бўшатиб юборганини ҳам билмай қолди.
— Ўртоқ директор менга туҳмат қиляптилар, саккиз йилдан бери шу идорада ишлайман. Шу саккиз йил ичида уч директор ўзгарди. Ҳаммаси билан жуда тотув ишладик, биронтаси менга на огоҳлантириш, на виговор берган! Одамнинг оласи ичида бўлади, деб шуни айтишади-да. Директорга қилган ёрдамларимнинг биронтасини бошқа кишига қилганимда, итининг туваги олтиндан бўлиб кетар эди, бу киши яхшиликни билмаяптилар. Уялиш керак, ўртоқ директор, мендай, мусичадек беозор кишини ранжитгани қандай кўнглингиз бўлди?
Ҳамма жим, директор тирноқлари билан столни чертиб, ҳамон илжайиб турарди. Қобилжон директорнинг бу кайфиятини кўриб, яна тутакди. Бу гаплар унга таъсир қилмаётганини кўргандан кейин, овозини пасайтириб, лўнда-лўнда қилиб гапира бошлади:
— Ўртоқ директор, сиз порахўрсиз!
Ўтирганлар ялт этиб бир-бирларига қараб олишди. Бош бухгалтер Қобилжоннинг сўзини бўлди:
— Кимдан, қачон, нима пора олган?
— Мендан, — деди Қобилжон, — ҳаммавақт пора олиб келганлар.
Бухгалтер афсуслангандай директорга қаради. Директор эса, ҳамон столни чертиб кулиб турарди. План бўлимининг бошлиғи ҳам жаҳл билан:
— Наҳотки шу гапларнинг бари тўғри-а, ўртоқ директор? — деди. — Наҳотки сиз…
— Тўғри, — деди директор жиддийлашиб, — бари тўғри. Ўртоқ Орифжонов жуда тўғри айтяптилар, давом этинг, ўртоқ Орифжонов.
Қобилжон дадиллашди. «Бу беномус порахўрнинг пўстагини энди қоқаман» деган қатъий фикр билан сўзини давом эттирди:
— Қачон ва қандай нарса олгани маълум, — у ён дафтарчасини варақлаб, ўқий бошлади. — Шу йилнинг ўн учинчи октябрида бир эчки боласи билан. Яна шу октябрнинг йигирма тўртинчисида тўрт кило колбаса, байрам арафасида икки литр ароқ, тўрт шиша «Марсела» виноси, тўрт кило сон гўшти, олти пачка «Казбек». Тунов куни бир керза этик, олти метр штапель… Э, айтган билан тамом бўлмайди!
Кабинет ичи сув қуйгандек жим. Бу жимликни директорнинг ўзи бузди. У ўрнидан туриб, бурчакдаги пўлат сандиқни очиб, бир даста қоғоз олди.
— Ўртоқ Орифжоновнинг гаплари тўппа-тўғри. Шу нарсаларнинг барини олганман. Бироқ, буларни Орифжоновнинг ўзи сўрамасам ҳам зўрлаб берган, бу нарсаларга ҳали ўзим қўл урганим йўқ. — У қўлидаги қоғозлардан бирини баланд кўтарди. — Соғин эчкини яслига бердим, мана акти. Ароқ, колбаса, гўшт, вино, папиросларга касаба уюшмаси раиси Каримов билан акт тузиб, магазинга топшириб юбордик. Керза этик билан штапелга ҳам акт қилинган. Касаба уюшмаси кенгашининг қарори билан этикни қоровул чол Ғани отага, штапелни уборшицамиз Хайри холага беришди.
Директор шкафни очиб, қоғозга ўралган нарсани олиб, стол устига кўйди.
— Бу нарса ҳам ўртоқ Орифжоновнинг совғаси, нима жанлигини ҳали билмайман, бугун олиб келган эди. Ўзларинг очиб кўринглар.
План бўлимининг бошлиғи ўрнидан туриб, қоғозни очди. Ундан тўртта лимон, икки юз эллик сўм пул чиқди. Устида бир варақ қоғоз ҳам бор эди.
— Ўқинг-чи, — деди директор.
План бўлимининг мудири ўқий бошлади:
«Мени ўз вазифамни эплолмади деб бўшатибсиз. Совға-саломлар ҳурмати, шу буйруқни ўз аризамга биноан деб ўзгартирсангиз, бундан буён яна хизматингиздаман… Қобилжон».
Ҳамма кулиб юборди. План бўлимининг бошлиғи қоғозни жойига қўйиб, Қобилжонга қаради: Хўш, энди нима дейсиз?
— Нима дер эдим, ўша айтган гапларимни антаман-да. Майли, бўлар иш бўлди, иккитагина илтимосим бор, бири — буйруқни ўзгартирилса, кейин мана шу икки юз эллик сўм пулни қайтариб берсанглар.
Яна гуриллаб кулги кўтарилди. Бош бухгалтер қўл кўтариб, ғовурни босди.
— Пул қайтиб берилмайди. Акт тузиб, давлат ҳисобига ўтказамиз, буйруқни ўзгартириш мумкин. Ишни эплай олмагани учун эмас, пора бергани учун деб ўзгартирилади.
Ҳамма бир оғиздан таклифни маъқуллади.
Қобилжон пора беришда айбланиб, ишдан ҳайдалгандан кейин, анча вақтгача кўринмай қолди. Биров Қобилжон райторг мудирининг сигирини урчитишга олиб кетаётганини, бошқаси артель раисининг ҳовлисида унинг эчкисига тушган канани ихлос билан тераётганини ўз кўзи билан кўрганини айтди. Ким билади, ростдир.
Яқинда Навоий кўчасидан кетаётиб, карнай-сурнайли тўйга дуч келиб қолдим. Тақачилик артелининг раиси уйланаётган экан, Қобилжон беқасам тўн кийиб, олдинда ўйнаб борар, ҳадеб куёвбола — раисга қараб муқом қилар эди.
1961 йил