Саид Аҳмад. Товуқ тилини биладиган одам (ҳажвия)

Боққанингга яраша товуқ ўлгур кунда туғса-да. Дон чўқишига қараганда, кунига иккитадан гуғадиганга ўхшайди. Қақолаши дунёни бузади. Ҳар қақолаганида қўни-қўшниларга эшиттириб, ҳозир тухум туғаман, тухумимни кўриб ёқаларингни ушлайсизлар, дегандек ҳурпайиб сомонхонага кириб кетади. Шу кириб кетганича гор-шовда ўтирган боладек кўзларини жавдиратиб узоқ ўтиради.
Маҳбубахон ишлик одам. Эрталаб ишга кетганича кечқурун қайтади. Уйга келади-ю, болаларига овқат пиширишга уннаб кетади. Албатта сомонхонага кириб, товуқларнинг туққан-туғмаганлигидан хабар олади. Тавба, тухум йўқ. Шунақа ҳам ёлғончи товуқ бўладими? Ё мушук-пушук кириб, тухумни еб қўярмикан?
Ундоқ деса, сомонхонанинг эшиги берк туради. Ундан ташқари, ҳовлида каттакон ит бор. Мушук у ёқда турсин, чумолини ҳам йўлатмайди.
Кечаси телевизор кўриб ўтиришганларида Маҳбубахон товуқлардан нолиб қолди:
— Эгаси ўлгур безор бўлганидан сотган шекилли. Хитрий товуқ экан.
Эри Мансуржон бепарво жавоб берди:
— Э, хотин. Сен умуман чорвачилик, йўғ-е, паррандачиликдан бехабар одамсан. Қўйни биласан-а, янги келган уйда ем емайди. Ўрганиб кетгандан кейин шунақаям хўра бўлиб кетадики, асти қўяверасан.
Мансуржон шундай деярди-ку, кўзини яширишга уриниб, туппа-тузук ишлаб турган телевизорнинг мурватларини бурарди.
— Оббо, нима қиласиз бураб? Ана, бузиб қўйдингиз. Эртага товуқни сўйиб беринг, шўрва қиламиз.
— Ия, шундоқ товуқни-я. Қўй, хотин, бир иложини қиламиз, туғиб беради. Мени айтди дерсан, ҳар куни туғадиган қилиб бераман.
Хотин эрининг гапига ишонгандек бўлди. Эрталаб ишга кетаётганда, ўғлининг эски дўпписида дон опчиқиб сочди. Товуқ қақолаб дон чўқиди, яна борми, дегандек Маҳбубахонга бир-икки қаради-да, қақолаб сомонхонага қараб чопди. Бир оздан кейин Маҳбубахон унинг орқасидан бориб, ичкарига мўралади. Товуқ сомон тўлдирилган ғалвирга бағрини бериб, унга қараб кўзларини мўлтиратяпти.
— Билиб қўй, бугун тухум туғмасанг, кечқурун шўрва бўласан, — деб кулди. Товуқ унинг гапига тушунгандек «қуқу» деб қўйди.
Дарҳақиқат, Маҳбубахон кечқурун келса, товуқ ваъдасининг устидан чиқиб, муштумдек тухум туғиб қўйипти. У қойил қилибманми, дегандек айвон олдида гердайиб юрарди.
Маҳбубахон ҳайрон қолди. Унинг ҳайронлигидан фойдаланиб Мансуржон керилди:
— Шунақа, хотин, биз қуш тилини ҳам биламиз. Эрталаб товуққа, бугун туғмасанг, опанг хафа бўлади, деб тайинлаб кетган эдим. Одобли товуқ-да, гапимни ерда қолдирмади. Эртага ҳам шу, индин ҳам шу. Агар диққатимни оширсанг, тайинлаб қўяман, туғмай, қўяди. Аммо шуни билиб қўй, товуқ деган кунда туғса, бехосият бўлади. Тухуми ҳам майдалашиб қолади. Кунора туққани дуруст. Иккитасининг қуввати биттасига ўтиб, калорияси ошади. Тайинлаб қўяман, кунора туғсин. Маза бўлади. Энди сенга тухум сифатини ошириш масаласида ҳеч ким билмайдиган бир сирни айтиб қўяй. Илло бировга айтмасликка сўз берасан. Сир шуки, товуққа унча-мунча туз ялатиб туриш керак. Битта гугурт қутисига туз солиб, сомонхонага опкириб қўй. Ўзи хоҳлаганда чўқилаб туради. Ана шунда тухум жудаям хушхўр бўлиб кетади.
Содда хотин эрининг куйиб-пишиб айтган бу гапларига астойдил ишонди. Сирни бировга айтмасликка ваъда берди. Сомонхонага туз опкириб кўядиган бўлди.
Мансуржон товукка яхшилаб тайинлаб қўйган экан, айтганини қилиб, кунора тухум туғаверди. Гугурт қутисидаги туз бемалол беш кунга етаверди.
— Ҳой дадаси, гапингиз рост чиқди, тухуми борган сари хушхўр бўлиб кетаётганга ўхшайди.
— Ўхшайди деганинг нимаси? Росмана хушхўр бўпти. Кунора туғиш билан туз ялашда гап кўп дедим-ку!
Кунлар шу хил ўтаверди. Товуқ аҳдини бузмади. Нима бўлди-ю, Мансуржон бир ҳафтага аллақаёққа командировкага кетадиган бўлиб қолди. У чамадонини кўтариб, эшикка етганда, тўхтади.
— Хотин, бир гап айтиш эсимдан чиқипти. Товуққа тайинлаб қўйдим. Келгунимча ҳар куни туғиб туради. Тузни ҳам чўқилама, кунига тухум очадиган нарсасан, жавр бўлади, дедим.
Эрининг бу гапи ҳам тўғри чиқди. Гугурт қутичадаги туз сира ҳам камаймади. Ҳар куни тухум туғаверди. Маҳбубахон қўни-қўшниларга мақтанарди:
— Бир товуғимиз бор, ўлгур, одам тилини билади. Бало товуқ экан.
Маҳбубахоннинг қойил қолиши узоққа чўзилмади. Бир кун боши айланиб, ишдан вақтлироқ қайтди. Уйга келса, сомонхона очиқ. Нима бало бўлди, деб мўраласа, Мансуржон ярим шиша ароқ олиб, пиёлани тўлдирди. Сомонга бағрини бериб ётган товуқнинг қанотидан кўтариб улоқтирди-да, тухумини олиб, устунга уриб чақди. Кейин гугурт қутисидаги туздан сепиб закуска қилди.
Маҳбубахон ҳеч нарса билмагандек, оёқ учида юриб, айвонга ўтиб кетди. Бир оздан кейин Мансуржон лабини ялаб уйга кирди.
— Хотин, ишдан кепсан-ку. Айтганча, бугун товуқ тухум туғадиган кунми?
— Йўқ, бугун туғмайди, эртага туғади, — деди Маҳбуба.
— Ҳа, рост. Шундай деб тайинлаб қўйган эдим. Хотин эрига шундай қараш қилдики, эр кўзини яширолмай уйқуси келмаса ҳам эснади. Шу пайт кўнглидан, билиб юрган экан, деган ган ўтди.
— Хотин, товуққа яхшилаб тайинлаб кўяман, энди кунда туғадиган бўлади. Улай агар, кунда туғади. Агар хўп десанг, гапга тушунадиган шунақа товуқдан яна ўнта олиб келаман, йигирмата олиб келаман. Хотин тик унинг олдига келди-да:
— Қани, бир «ҳуҳ» деб юборинг! — деди.
— Мелисамисан, мен шофёрманми?
— Одамнинг ҳар нима бўлгани яхши? Яна ичибсиз! Юрагингиз яна ёмон бўлса, нима бўлади! Докторнинг гапи эсингиздан чиқдими?
Мансуржон аввалига бўйин эгиб турди-да, кейин баланд келди:
— Судга бер. Мелисачақир. Сомонхонага ўғри тушди, деб дод сол!
— Сизни нега судга берарканман? Сизни товуқлар суд қилишсин. Тилини биласиз-ку.
Эр-хотин хахолаб кулиб юборишди. Уларга қўшилиб, ҳовлида донлаб юрган товуқ ҳам қақолаб кулгандек бўлди.