Машина хўп яхши нарса-ю, унинг ҳам ўзига яраша нағмалари бор-да! Машина олган одамларнинг хотинлари ҳазил аралаш, бу машина эмас, кундошим, дейишар экан. Сабаби, эр ишдан келибоқ овқатга ҳам қарамай, машинасининг тагига кириб кетганича ярим кечада мойга қоришиб чиқар, азонлаб яна машинага уннаб кетаркан.
Ваҳобжон райводхозда техник. Унинг ҳам ўзига яраша кўримсизгина «Москвич»и бор. Ўзи ҳайдайди. Эски машина минган одам яхши шофёр ҳисобланади. Ҳадеб бузилавергандан кейин у ёғини ковлайди, бу ёғини ковлайди, хуллас, ичида нимаси бўлса, барини билиб олади. Яхшиямки, Ваҳобжон ҳали уйланмаган. Уйланганида, албатта, хотиии чидамасди, ё мени дейсан, ё машинани дейсан, деб туриб оларди. Ростда, у бўш қолди дегунча машинани ковлайди. Уни гуриллатавериб қўни-қўшниларнинг жонига тегди. Қўшнилар, шу Ваҳобжон уйлана қолсайди, ўзидаи тинчиб кетармиди, дейишади. Аммо Вахобжоининг ҳали-бери уйланадиган нияти йўққа ўхшайди. Ўзи мундоқ бирортасини топмайди, қариндош-уруғлар топганини ёқтирмайди. Кампир ойиси нолиб қолса, хазилга оладида, яна машина тагига кириб кетади. Охири жонидан безор бўлган қўшнилар кампирга ялинишади:
— Ўғлингиз машинани кечаси гаражга обориб қўйсин. Ухлатмаётибди.
Райводхознинг гаражи йўқ, қаёқда қолдиради. Ундан ташқари, ўзингизга маълум, Ваҳобжонга кечалари ҳам у ёқни сув уриб кетди, бу ёққа сув керак, деб раислар телефон қилиб туришади. Шофёр олайлик дейишса, қайси шофёр бунақа шалоқ мапшнага — бунақа безовта ишга кўнади. Битта-яримта янглишиб келиб қолган шофёрлар ҳам икки кунга чидамай ташлаб қочишади. Хуллас, 6у ишга Ваҳобжоннинг ўзидан бошқаси тўғри келмайди.
Мана шу Ваҳобжон баҳор тошқинида сув олиб кетиб, ҳалигача тузатилмаган канал тўғонини тузаттиришга бир ҳафтадан бери овора эди. Шу пайтгача раислар шох бостириб, бу ёғига шағал тўктириб эплаб келишаётган эди. Шу алпозда пахта суғориб бўладими, ким қанча сув олаётганини билиб бўлмаса! Раислар бай-байлаб водхоз масаласини бюрога қўйиб қолишди-ку. Ана водхоз бошлиғининг типирчилаб қолигаини кўринг. Икки кунда цемент хам топилди, бульдозер хам, бетон плиталар хам топилди. Кечасию кундузи иш. Колхозлар одам хам топиб беришди. Доротдел йўлга «ўтилмасин!» деган белги қўйиб, машина ва автобусларни вақтинча бошқа йўлдан қатнайдиган қилиб қўнди.
Соч-соқоли ўсиб кетган Вахобжон, прожектор енида турган монтёр болага бақиради, шағал тўкаётган самосвалга чирокни тўғрила, кабелни торт, сув тегмасин, деб қичқиради. Орқасига тисарилиб, шағалли машинага йўл кўрсатади. Иш қизигандан қизиб кетган. Ёз кечалари шунақа ишлашлик бўлади. Айникса, бу томонларнинг оқшомига ҳеч нарса тенг келолмайди. Дарё шовуллайди, тоғ орқасидан осмонга сут пуркагандек бўлиб, аввал ой шуъласи кўринади, кейин ўзи салмоқлаб осмонга кўтарилади-да, тоғ чўққисига айри миниб, туриб қолади. Бирам чиройли, бирам ёқимли шамол эсади. Саратон дазмолдек қиздирган тошларни шу шабада пуфлаб совутади. Ўт-ўланларни силкитади. Жўжаси ҳали учирма бўлмаган она ўрдакларнинг аллага ўхшаш ғалати ғақиллашини узоқлардан олиб келади. Каналнинг бетўсиқ бетўлқин суви ойдинда худди поёни йўқ яхлит ойпадек ялтирайди. Қулоқ бошида сув очаётган миробларнинг товуши эшитилиб қолади. Айниқса, биттаси эзиб-эзиб ашула айтади. Кечаси олисдан келган қўшиқ ғалати бўларкан. Одамнинг томир-томирига кириб кетаман дейди. Бетончи бола хам қўшиққа ишқивоз экан, овози бирам дўриллаган. Қўшиқ сўзларини пойма-пой қилиб хониш килиб қолади. Қурувчилар атайин УНИ майна қилиб «яна бўлсин», «дўст» деб қўйишади. Йигит ҳам уларнинг «илтимоси»ни ерда қолдир-май, ашулага ашулани улаб кетади:
Тошга ёмғир қор қилурми,
Муттасил ёққан билан…
— Дўст, бу Навоийданми?
— Йўғ-э, Машрабникидир. Қийқириқ, кулги.
Шу зайлда кулги билан, кўшиқ билан иш давом этади. Вахобжон у ёқдан-бу ёққа зир югуриб, ишни жадаллатади. Каттакон бак олдида чой дамланган тунука чойнакни чўкқа қўйиб ўтирган чолнинг ёнига тушиб кетаётган эди, узоқдан машина чироғини кўриб тўхтади. Ма-шина «ўтилмасин!» белгиси қўйилган муюлишдан ўтиб, тўппа-тўғри келаверди. Вахобжон ижрокомдан биров келаётган бўлса керак, деб ўйлади. Тикилиб қараса, тангадек зангори чироғи бор. Нечук такси машинаси бу томонларга ўтди экан, деб йўлга чикди-да, қўлини кўтариб уни тўхтатди.
— Мумкин эмас, белгини кўрмадингизми, қайтинг!
Шофёр кабинадан бош чиқариб, қўлини кўксига қўйиб, узр айтган бўлди.
— Кўктошга кетаётган бўлсанглар. Хонимобод томондан айланиб ўтасизлар.
Хонимободдан айланиб ўтиш учун ортиқча ўн тўққиз километр йўл юриш керак. Ҳар қандай одамга хам таксида бориш жабр бўлади!
Шофёр кабинадан тушди. Икки қўлини белига қўйиб, У ёқ-бу ёққа қарадида, ўтиб кетишнинг сира иложи йўқлигини билгандан кейин, ноилож орқа эшикни очиб, ичкарига қараб елкасини қисди.
— Иложи йўқ, опажон. Буёғи кўп қолмади. Пиёда йигирма минутда етасиз. Хонимободдан борсангиз қимматга тушади. Майли десангиз, яна ўзингиз биласиз. Менга бари бир.
Машинадан чамадон кўтарган бир аёл тушди. Ваҳобжон қоронғида унинг юзини аник кўролмади. Аёл шофёр билан анча вақтгача ниманидир гаплашиб туриб қолди. Кейин машина орқасига қайтди. Аёл битта-битта босиб Ваҳобжоннинг олдига келди. Кўктошга қайси томондан боришни сўради. Тавба, овози таниш. Қаерда эшитган бу товушни? Шу пайт шағал тўкиб бўлган самосвал кескин бурилган эди, унинг ўткир чироғида аёлнинг юзи бир дам ёришиб кетди.
Сочлари бошига чамбарак қилинган, лабларига билинар-билинмас қизил суртилган, йигирма-йигирма икки ёшлардаги келишган қиз. Ваҳобжон уни таниди. Бу қизни у бир марта, атиги бир марта кўрган. У билан ёнма-ён ўтириб чой ичган. Шу қизнинг ўзи унга чой қуйиб берган. Аммо Ваҳобжон, тўғрисини айтганда, у қуйиб берган чойни қийналиб ичган, нсгаки, бу кизнинг бир қўлида одамнинг калла суяги бор эди. Ваҳобжон ўтган йилнинг августида сиртки институтга имтиҳон топширгани Тошкентга тушган эди. Консультация ўтказадиган ўқитувчининг тоби қочиб қолиб, институтга келолмай қолибди. Декан Ваҳобжонга ўқитувчининг уйига боришни маслаҳат берган эди. Борди. У Чилонзордаги катта кўча бетидаги уйнинг иккинчи қаватида яшаркан. Кириб гаплашди. Билмаганларини сўраб олди. Ўқитувчи Ваҳобжонга имтихонга кирсангиз бўлади, деб маслаҳат берди. У хурсанд бўлиб чиқса, машинасининг бир ғилдираги шалпайиб ётибди, камеранинг золотнигини биров бураб олиб қўйибди. Асфальт йўлкада «босдимми» ўйнаётган қизчалар унга қараб туришарди. Уларнинг бири яқин кслиб шивирлади.
— Акбар миннарсангизни бураб олиб қўйди.
— Қанақа Акбар?
— Ҳу анави уйда туради. Ҳозир қочиб чиқиб кетди. Инобат опамларнинг укалари.
Ваҳобжоннинг жуда жаҳли чиқиб кетди. Бу қандай гап! Запас ғилдирак бўлганда ҳам бошқа гап эди.
Ваҳобжон бояги қиз кўрсатган уй эшигининг тугмасини босди. Жавоб бўлмади. Яна қўнғироқ тугмасини босган эди, аёл кишининг: «Ҳо Акбар, эшикни оч, биров келди» деган товуши эшитилди. Ҳадеганда эшик очилавермади. Анчадан кейин шиппак товуши яқинлашдида, эшик қарсиллаб очилди. Ваҳобжоннинг қаршисида одамнинг калла суягини ушлаган кўҳлик бир қиз турарди. Ваҳобжоннинг юраги орқасига тортиб кетди. Қиз қошларини кериб, кимда ишингиз бор эди, дегандек ҳайрон бўлиб турибди.
— Акбарда ишим бор эди. Чақириб берсангиз. Қиз эрмак қилаётгандек орқасига қараб қичқирди:
— Ҳой, Акбар, ўртоғинг келдилар, бу ёққа чиқ! Ичкаридан трусичан, олти ёшлардаги бир бола бур-
нини тортиб чикди. У Ваҳобжонни кўриши билан тўхтади. Кейин Ваҳобжоннинг ўртоғи бирдан орқасига тирақайлаб қочиб қолди. Қиз нима гаплигига тушуна олмай хайрон. Ваҳобжон бўлган гапни айтиб берди. Қиз хижолат бўлиб, ундан узр сўрадида, ҳозир ўша буюмни олиб бераман, деб орқасига бурилди. Кейин тўхтаб, қўлидаги калла суягини Ваҳобжоннинг қўлига тутқазди.
— Ҳозир, ҳозир олиб бсраман.
Акбар ваннахонани ичидан беркитиб олган экан. Қиз ялинди.
Охири Акбар эшикни очди. Ваҳобжон қараса, у ваннага сув тўлдириб, минг ямоқ бўлиб кетган автокамерага насос билан ел бераётган экан.
— Бу ўлгур чўмилишга керак-да. Сузишга ўрганаётганмиш. Қани, бер, ким ўргатди сенга бировнинг нарсасини олишни?!
— Магазинда йўқ-да, бўлмаса олармидим, — деди Акбар бурнини тортиб.
Шундай деди-ю, ваннадаги илма-тешик камера оғзидан золотникни чиқазиб берди. Ваҳобжон қизга раҳмат айтиб, ташқарига чиқди. Уст кийимини ечиб, машинага домкрат қўйиб, ғилдиракни кўтарди, уни чиқариб олиб, бошқатдан ел бера бошлади. То у ишини битказгунча кора терга тушиб кетди. Анча кеч бўлиб қолган эди. Унинг қийналаётганини балкондан кўриб турган қиз:
— Кириб ювиниб олинг, — деди.
Ваҳобжон бир сўз демай қайтиб кирди. Қиз елкасида сочиқ, қўлида совун билан уни кутиб турарди.
У юзига совун суртаётганида ҳам, оппоқ, крахмалланган сочиққа артинаётганида ҳам бир ўй калласидан кетмасди: «Қандай чиройли қиз-а, аммо қўлидаги одамнинг калла суяги нимаси».
— Чой дамлаб қўйдим, ичиб ола қолинг, қорнингиз ҳам очгандир.
Ваҳобжон узр айтса ҳам қиз қўймади. Чой қуйиб узатди. Бола бечора ичишни ҳам, ичмасликни ҳам билмай ҳайрон эди. Ичдию яна бояги каллани эслади. Охири, у қизга раҳмат айтиб кетар экан, Акбарга золотник келтириб беришга ваъда қилди.
Ана шу воқеадан кейин Ваҳобжон қизни учратмади. Уйига Акбарга ваъда қилган нарсани олиб борганда киз йўк экан. Мана, орадан бир йил ўтди. У ўша қизни эслаганида ниҳоятда кўҳлик бир қизнинг юзи, кўзи, кслишган гавдаси кўз олдига келарди-да, зум ўтмай, бу гўзаллик ўрнини тиржайган калла суяги эгаллаб оларди. Шунинг учун ҳам Ваҳобжон уни эсламасликка тиришарди.
Мана бугун дарс шовуллаган, шағаллар қалдираган тоғ оқшомида иккови яна бақамти келиб туришибди. Қиз уни танимаган бўлса керак. Негаки, Ваҳобжоннинг соч-соқоли ўсиб кетган, кийимлари чанг, тупроқ эди.
Уларнинг хар иккови бир-бирларига қараб анча туриб қолишгандан кейин Ваҳобжон гап бошлади:
— Кўктошга кетяпман денг. У ерда қариндошларингиз борми?
— Йўқ, — деди қиз. — Ишга шу ёққа тайин қилишди. Райздрав ихтиёрига…
Қизнинг овози бирам ёқимли, бирам жарангли. Ваҳобжон сесканиб кетди. Демак, бу қиз районга доктор бўлиб келяпти. У докторликни битирган. Одамнинг калла суягини бекорга кўтариб юрмаган экан у…
— Мени танияпсизми? — деди Ваҳобжон.
— Йўғ-а, — деди киз елкасини қисиб.
— Уйингизга боргандим. Акбарнинг орқасидан ваннага киргандим…
Ваҳобжоннинг гапи оғзида қолди.
— А-а-а, ўша сизмидингиз, буни қаранг-а, танимапман. Уйимизга яна бир келган экаисиз. Йўқлигимни қаранг-а.
Бульдозерчи Ваҳобжонни чақириб қолди. У қизга: «Ҳозир келаман» деб чопганича кетди.
Алламаҳал бўлиб қолган эди. Ваҳобжон прорабга топшириқларни бериб, қизнинг олдига қайтди.
— Қани, меҳмон, кетдик. Кўктошга ўзим обориб қўяман.
Қиз қаршилик қилмай, «Москвич» эшигини очди. Йўлга тушишди. Ой худди машина билан ёнма-ён кетаётганга ўхшайди. Соядек бўлиб кўринаётган тоғ тизмалари бирам ажойиб, бирам ажойиб.
Ваҳобжон руль бошқариб бораркан, ўй ўйларди:
«Қани эди шу қизга уйлансам, менга тегармикан? Тегмас, балки севгани бордир…»
Машина мотори бир-икки йўталиб ўчди. Ваҳобжон шошиб тушиб, копотни очди. Вентиляция тасмаси узилиб кетибди. Запаси йўқ. Энди нима бўлади? Шу ерда тунаб қолишдан бошқа илож йўқ! Уларнинг иккови ҳам ҳафсалалари пир бўлиб, тошга ўтиришди.
— Қизиқ бўлди-ку! — деди Ваҳобжон хижолат чекиб. Қиз индамади. У азамат тоғ тизмаларига, қоя учига жиға бўлиб қўниб турган балдокдек ойга жимгина қараб ўтирарди.
— Биласизми, мен ҳеч тоққа чиқмаганман. Буни қаранг, кечаси, айниқса, ойдинда жуда ғалати бўларкан. Бирам яхшики.
Кизнинг товушидан совуққотганлиги шундоққина билиниб турарди. Вахобжон машинани очиб, олд суянчиғини тушириб, кетидагисига ёндаштириб қўйди.
— Сиз кириб бир оз мизғиб олинг.
Қиз аввалига кўнмай турди. Кейин совукдан титраб ичкарига кириб кетди. Ваҳобжон радиони секинлаб бураб қўйди. Қиз тўнга ўраниб олди.
Тоғ ўнгирида ёқимли куй оқар, кичкинагина, кўримсиз машина ичида эса ҳуснда ягона бир қиз ухларди.
Ваҳобжон унинг атрофида папирос чекиб айланиб юрипти.
Бу ҳолат гердайган тоғ этагида туғилаётган янги достон, янги афсонага ўхшарди.
Ким билади, балки Ваҳобжон афсонавор бу оқшомда ўз бахтини, муҳаббатини қўриқлаётгандир.
Зора шундай бўлса!
1969 йил.