Саид Аҳмад. Тамом, давоми йўқ (ҳажвия)

Эр-хотин бахтиёр эди.
Хотин лампочкага боласининг пайпоғини кийдириб, тавонини ямаб ўтирарди. Эр диванга ёнбошлаб беозор мудрарди. Хотин эрининг мудрашини тарқатмоқчи бўлиб, бирон гап ўйлаб топаман дейди-ю, гап ўлгир кела қолмайди. У ўйлаб-ўйлаб охири бир гап топгандек бўлди.
— Ҳой, эр, мунча мудрайсиз? Мундоқ эркакларга ўхшаб қизиқ-қизиқ гаплардан айтиб кулдирсангиз-чи.
Эр бир кўзини аранг очиб эснади-да, эшик ғичиллаганга ўхшаш ғалати товушда пўнғиллади.
— Ҳа, қиз боламидинг-ки…
У шундай деди-ю, яна кўзини юмди.
— Шошманг, шошманг, кўзингизни очинг. Мабодо ўн саккиз яшар йигит бўлиб қолсангиз, нима қилардингиз? Яна ўзимга уйланармидингиз?
Эр энсаси қотгандек жойидан қўзғалди. Эринчоқлик билан диванга чордана қуриб олди-да, лабининг бир томони билан илжайди.
— Бу масалани дурустроқ ўйлаб кўриш керак бўлади. Қани энди ўша ўн саккиз ёшим қайтиб келса, ўзим билардим-а, ўзим билганим шуки, сенга уйланмасдим, Вообше, уйланмаслигим ҳам мумкин.
Эрнинг бирдан файласуфлиги тутиб кетди.
— Агар инсон боласига икки марта яшаш имконияти берилса, кўп хато ишлар тўғри бўлиб кетарди. Мана, ўпкамнинг мазаси йўқ, бу нимадан, папиросдан. Биринчидан, шу қуриб кетгурни чекмасдим. Мана, ошқозонимнинг мазаси йўқ. Нимадан, ичкиликдан. Иккинчидан, шу ароқ ўлгурни ичмасдим. Кўриб турибсанки, асабимнинг мазаси йўқ, бунинг нимаданлигини билмайсан-а, билмайсан. Бу сенинг жаврингдан. Ўн саккиз ёшга сирпаниб қайтиб тушиб қолсам, энг биринчи қиладиган ишим сенга уйланмаслик. Мабодо ўзингта уйланадиган бўлсам, олдингга қўядиган шартларимни битта обший дафтарга эринмай ёзиб чиқардим. Масалан, унда шунақа шартлар бўларди:
«Дазмол босишни биласизми, жоним? Пиёз тўғраган пичоқда қовун сўймайсизми? Тугма деган жониворни қадашни биласизми? (Вообше, тугманинг тешиги қаердалигини биласизми?) Телефоннинг қулоғи сиздан бўшайдими? Улама сочни уйдаям тақиб юрмайсизми? Бирон жойга меҳмонга борадиган бўлсак, вахлироқ кийиниб олиш қўлингаздан келадими? Бирон йили курорт деган жойдан қоласизми? Меҳмон келса ҳаммадан олдин тўрга чиқиб олиб, ишни менга ташлаб қўймайсизми? Ёпкан нонингиздан қил чиқмайдими? Мажлисдан, йўқ, вообше, кеч келганимда костюмимнинг ёқасини ҳидлаб кўрмайсизми? Хуллас, мени тинч қўясизми йўқми?..»
Мана шу шартларга кўнсанг ўзингга уйланардим. Бўлмаса кимга уйланишни, барака топкур, ўзимга қўйиб бер!
Хотин хандон ташлаб кулди. Унинг бу кулгисида алам билан заҳарханда аралашга ўхшарди. Эр яна тилга кирди.
— Хўш, энди сен айт. Мабодо, фалакнинг гардиши айланиб, сен ўн саккиз яшар қиз бола бўлиб қолсанг яна ўзимга тегармидинг? Биламан, албатта ўзимга тегардинг, мендақа тайёр эр, вообше, мендақа лақма эр космосда ҳам, ерда ҳам топилмайди. Энди хотин тилга кирди.
— Мабодо атом бомбасини бир елкамга, водород бомбасини бир елкамга осиб қўйиб, шу Сотимхўжага тегмасанг, ҳозир портлатвораман деса, портлатвор-е, жоним роҳат олади, дердим.
Эр икки кўзини соққадек дум-думалоқ қилиб, «вой-бўй» деб юборганини билмай қолди.
— Агар яхшиликчасига, шунга тегасанми, деб сўрашса олтита одамни гувоҳ қилиб, уч том китобга сиғадиган шартларни олдингизга кўндаланг қилиб қўярдим. Шартларим мана бундоқ бўларди:
«Синглингизга мени ёмонламайсизми? Кайф устида боғчадан ўзингизники қолиб бировнинг боласини етаклаб келмайсизми? Папирос кулини гиламга ташламайсизми? Эчки гўшти билан қўй гўштининг фарқини биласизми? Дугоналарим меҳмонга келганда тўрга чиқиб, суялиб ўтириб олмайсизми? Маст бўлиб қолиб, мени танимай, ўзимни ўзимга ёмонламайсизми? Тиш чўткаси билан брезент ботинкангизни тозаламайсизми? Саккизинчи мартнинг нима эканини биласизми? Мажлисдан келганингизда ён чўнтагингиздан иккита кино билети чиқмайдими? Маош олганда пайпоққа пул бекитмайсизми? Менсиз меҳмонга борганингизда галстугингизни тескари тақиб тонг отарга яқин келмайсизми?..»
Эр «войдод», деб ўрнидан туриб кетди. Хотин яна давом эттирмоқчи эди, эр қўлини кўксига қўйиб, тавба қилдим, деганга ўхшаш ғалати кўз сузди. Йўқ, хотин бўш келмади. Охир эр тиз чўкиб хотинининг этагини ўпди.
— Жон хотин, ўргилай хотин, энди бас қил. Ўн саккиз ёшга қайтиб тушмай мен ўлай. Вой-бў… ичингда шунча дардинг бормиди! Қўй энди, кечқурун мажлисга борадиган одамман, настроенамни бузма.
Хотин икки қўлини белига тираб энгашди:
— Нима, бугун дам олиш куни, қанақа мажлис бўлади?!
Эр нима дейишини билмай, кўзларини пирпиратиб туриб қолди.
(Тамом, давоми йўқ)