Саид Аҳмад. Суянчиқ (ҳажвия)

Нима бало бўлдию Қумри холанинг Мозамбик деган юртни кўргиси келиб қолди. Аслида-ку у бунақа мамлакат борлигини билмасди. Қаёқдан невараси рангли телевизорни бураб қўйган экан, Мозамбикда пахта экишга ёрдамлашаётган ўзбек мутахассислари орасида қорақалпоғистонлик мусобақадоши Гулойим Ширимбетова экранда лоп этиб кўриниб қолса бўладими! Ие, Гулойим борган жойга мен боролмайманми, дедию ўша ёққа бориш ҳаракатига тушиб қолди.
— Ҳой, менга қара, — деди чоли Шодмон ота. — Ёшинг бир жойга бориб қолган кампир бўлсанг, узоқ юртларда бир бало бўлиб қолсанг, ҳаммага ташвиш бўласан-да. Бу ёғини ўйладингми?
Қумри хола шу одамга текканига эллик йил бўлган бўлса, эллик йилдан бери гапини ўтказиб келган.
— Бирон марта тўшакда чўзилиб ётганимни кўрганмисиз, йўқ, аввал айтинг, вой бошим, вой оёғим, вой белим, деганимни эшитганмисиз? Туғилганимдан буён градус даражам ўттиз олтию иккидан юқори чиқмаган бўлса, кўзим бир чақирим наридаги одам билагидаги соатнинг неча бўлганини кўрса, қулоғим ўша соатнинг чиқиллаганини эшитса, хўш, нега мен бир бало бўлиб одамларга ташвиш бўларканман?! Бунақа хом гапларни гапирманг.
— Билиб қўй, — деди Шодмон ота, — агар сен борадиган бўлсанг, мен ҳам бораман.
Қумри хола хандон ташлаб кулди:
— Вой тавба, сиз Мазамбайда нима қиласиз? Шодмон ота шартта унинг гапини бўлди:
— Мазамбаймас, Мозамбик. Аввал номини бил.
— Гапимни бўлманг, у томонларга монтёр керак, деб сизга ким айтди. Пахтакор керак, пахта экишни ўргатадиганлар керак. Шунинг учун бормоқчиман-да!
Чолнинг қовоқ-димоғи осилиб кетди.
— Йўқ, аввал менга бир айтиб кўйинг, қачонгача боладек орқамдан эргашиб юрасиз! Дастингиздан на курортга бороламан, на қурултойга. Тўй-пўйга борсам ҳам орқамдан бола киритасиз. Мажлисга борсам, деразанинг тўғрисида термосдан чой ҳўплаб ўтириб оласиз. Биламан, қизғанасиз. Рашк ўлсин, шунақа бўлса. Ёшим ўлгур етмишга етганда, қайси бели майишган чол мени опқочиб кетарди.
— Нега бўлмасам мажлисга борганингда ярим соат ойнага қараб пардоз қиласан?
— Ажин ўлгурни бекитай, дейман-да. Дурустроқ кўринсам, кимга яхши? Сизга яхши. Палончининг хотини ҳалиям ўзини олдирмапти, деса ёмонми?!
Бунақа ғиди-биди гаплар уларга ош билан қатиқдек бўлиб кетган. Икковлари рўзғор қуришганларидан бери мана ўн бир бола, ўгтиз икки невара кўрибдиларки, шу ғиди-биди тўхтамайди.
Бу ҳали ҳолва. Нақ ғалвалар бўлардики, кўни-қўшни ўртага тушарди. Хотинлар, келинчаклар, болалар томга чиқиб томоша қилишарди.
Шодмон ота унинг баланд пошнали туфлисини ўчоққа тиққанидан ҳам, бели бурма кўйлагига гугурт чақиб юборганидан ҳам бутун маҳалла хабардор эди.
Бир кун қоқ ярим кечаси дод-вой бўлиб қолди. Яна одам ёғилди.
Мўйловининг бир томони юлинган Шодмонбой амаки ич кўйлакда, сочи ёзилган Қумри холани ҳовлида қийқиртириб қувлаб юрипти. Ҳадеб, ўйнашингни кўрсат, дея бақиради.
Нима бўпти денг, Шодмонбой туш кўрса Қумриниса зоотехникнинг ўғли билан ўпишаётганмиш. Шодмонбой уйқу аралаш ёнида ётган хотинини кучининг борича шапалоқлаб юборипти. Чўчиб уйғонган Қумри аввалига нима бўлаётганини билолмай ҳанг-манг бўлиб турипти-да, жонҳолатда эрининг мўйловига ёпишипти. Мўйловининг бир пойини узиб опти. Ана энди томошани кўринг. Хотин-халаж, катта-кичик ўртага тушиб уларни аранг тинчитишган.
— Э, туш ўлсин, тушга нималар кирмайди. Эсинг жойидами, Шодмон?
— Дод, бу рашкчи эрнинг дастидан! На уйқумда ҳаловат бор, на ўнгимда.
Яна бир куни куппа-кундузи жанжал чиқиб қолди. Шодмонбой хотинининг жемперини боши устида айлантириб, дод устига дод соляпти:
— Мана кўриб қўй, халойиқ. Гапларимга ишонмасанглар, манави савил қолгурни бир ҳидлаб кўринглар.
Том-тошдагилар тапир-тупир ерга сакраб унинг қўлидаги жемперни ҳидлаб кўра бошлашди. Ҳақиқатан ҳам жемпердан гуп-гуп тамаки ҳиди келарди.
— Қайси кашанданинг қўйнидан чиқиб келдинг? Ҳозир айтасан. Айтмаганингга қўймайман.
— Айтаман. Айтганим бўлсин. Ҳой, одамлар, гувоҳ бўлинглар. Манави шарманданинг нодонлигига гувоҳ бўлинглар. Бугун правление мажлиси бўлди. Янги бухгалтер ўлгур орқамга ўтириб қопти. Шунақаям чекаркан-ки, асти чидаб бўлмайди. Чекканда ҳам кошки дурустроқ папирос чекса. Ғирт тамакининг ўзини газитга ўраб чекаркан. Одамзод экану тупркулоснинг микробига тегса тил торттирмай ўлдиради-я. Тутуни ўлгур жемперларимнинг орасидан ўтиб, вужуд-вужудимга сингиб кетди-я!
Бу ҳам ўтди. Қош қорайган маҳали яна бир жанжал чиқди.
— Пиянистасан. Қайси алкаш ошиғингнинг олдидан келдинг? Мана, тумонат олдида айт. Қани энди қўлга тушдингми?
— Э, боринг-э, — деганди ўшанда Қумрихон. — Кўзингиз кўрми, мана, лунжгинам шишиб ётганидан ҳам билмадингизми? Милкларим пилла бўлиб кетган. Дўхтирга бориб жағ тишимни олдирдим. Дўхтир милкимга спирт суртиб қўйган. Шунинг ҳиди бу.
Агар бу хонадондан эллик йил мобайнида бўлиб ўтган ғалваларни рақамлаб бир дафтарга ёзиб чиқилса, сони мингдан ошади, тахминан йигирмата обший дафтар тўлади.
Гап Қумри холанинг Мозамбикка кетиши масаласида бошланган эди. Ана энди шу гаплардан кейинги ғалвалардан эшитинг. Шодмон ота невараларини, келину куёвларини ўртага қўйиб уни сафардан қайтариш ҳаракатига тушди. Раисни ҳам, парткомни ҳам ўртага солди.
Албатта узоқ сафарга чиқадиган одам докторлар назоратидан ўтиши керак. Область касалхонасининг профессори Қумрихонни обдан текширди. Томир уришидан тортиб, нафас олишигача текширди. Кардиограмма қилди. Қон олди, ҳатто тупугини ҳам микроскопга солиб кўрди.
— Ёшингиз нечада, ўртоқ Ҳайитова?
— Олтмиш еттида.
— Қанақа касал бўлгансиз?
— Ҳеч қанақа.
— Қанақа дорилар ичгансиз?
— Умримда дори ичмаганман.
— Неча болангиз бор?
— Ўн бир болам бор. Невара-чевараларим қанчалиги эсимда йўқ.
— Чекканмисиз, ичганмисиз?
— Йўқ.
— Тишларингиз ясамами ё ўзингизникими?
— Ҳаммаси ўзимники, яқинда биттасини олдирдим. Олдирмасдиму тишимда ёнғоқ чаққандим. Дарз кетган экан, олдириб ташладим.
— Ё тавба! — деди профессор. — Бунақа соғлом одамни энди кўришим. Юрагингиз ҳам, томир уришингиз ҳам, ўпкангиз ҳам, борингки, бор вужудингиз ўн саккиз яшар қизники билан бир хил.
— Бунданам яхши бўлардиму амакингиз рашкчи-да, қийнагани-қийнаган.
Профессор қўлларини икки томонга ёзиб ширин жилмайди.
— Агар менинг ҳам шунақа хотиним бўлса борми, рашк қилиш нима экан, ҳатто кўчага чиқазмай уйга қамаб, эртадан-кечгача қўш кўзойнак билан жамолига тикилиб ўтирардим. Бунақа хотинни хотин дейилмайди, бебаҳо хазина дейилади. Бунчалик ёш, навқирон сақланишингизга нима сабаб?
Қумри хола жавоб тополмай ўйланиб қолди.
— Ким билади, дейсиз. Балки жисмоний мехнат билан шуғулланганимдандир, балки тез-тез ювиниб турганимдандир, балки бировларни иғво қилмаганимдандир, балки бўлар-бўлмасга куймаганимдандир, балки ҳаром емаганимдандир…
— Ана, ана, — деди профессор буюк бир янгилик кашф қилгандек кўзлари яшнаб. — Э, яшанг. ҳамма гап шунда. Агар шу хилда яшашни давом эттирсангиз, юз йил яшайсиз. Унча-мунча оралаган ажин чекинади. Юзларингиз нақш олмадек яна қизил тортади. Чет элга боришга рухсат қоғози ёзиб бераман.
Қумри хола профессор олдидан қайтиб чикса, чоли эшик олдидаги навбатчи билан чойхўрлик қилиб ўтирибди.
— Ҳа, нима бўлди? — деди унга.
— Бўлди, соппа-соғ эканман. Шодмон отанинг ичи зил кетди.
Эртасига райкомнинг биринчи котиби Қумри холани суҳбатга чақирди. Дунёда бўлаётган сиёсий воқеалардан сўради. Ҳаммасига яхшилаб жавоб берди. БАМда нима бўлаётганини, КАМазда нима бўлаётганини, қайси космонавт қачон учгани, қанча учганини сўради. Қумри хола қотириб жавоб берди.
Хуллас, Қумри хола пахтакорларга консультация бериш учун Мозамбикка икки ойга кетадиган бўлди.
Шодмон ота уни йўлдан қайтариш мақсадида минг хил баҳона қидирарди. Охири ўйлаб-ўйлаб жуда зўр баҳона топди: кўрпа-тўшак қилиб ётиб олди. Бир ҳафта ўрнидан турмади. Тинмай кечаю кундуз вой-войлайверди.
— Хотин, омонатга ўхшайман. Беш кунлигим борми, йўқми? У ёқларда юрганингда бир бало бўлиб қолсам, энгагимни ким бойлайди?
Қумри хола қўрқиб кетди. Ростанам чолининг мазаси йўқ. Овқат ҳам емай қўйди. Алаҳсираб нуқул ўлиб кетган онасини чақиради. Ҳатто васият ҳам қилди.
— Мени чиқараётганларингда орден-медалларимни битта ёстиққа эмас, ўн битта ёстиққа қадаб қўйинглар. Бегоналар кўтармасин. Урушда олган орденларимни ўғилларим, меҳнатдан олган орденларимни қизларим, медалларимни невараларим кўтарсин. Пенсия книжкамни собесга ўз қўлинг билан топшир. Янги уйланганимизда бирга тушган суратимизни катталаштириб ойнага солиб, ҳу анаву ерга илиб қўй. Хотин, сени жонимдан ҳам яхши кўрардим. Сенсиз бир минут ҳам туролмасдим. Сенсиз қаро гўрда қандоқ ётаман? Тез-тез бошимга бориб тур. Ғариб бўлиб ётмай…
Қумри хола фарёд уриб юборди. Ўша куниёқ Мозамбикка бормайман, деб жавоб қилди. Билетлар топширилди. Ҳужжатлар бекор қилинди.
Мана шу воқеадан кейин чол ўрнидан туриб кетди. Дард кўрмагандек яна дикиллаб юраверди.
Бу айёрликни сезган Қумри хола унга таъна қилмади. Ёнида шундоқ муҳаббатли, меҳрибон, қадрдон одами борлигидан кўнгли яйраб кетди. Ишдами, кўчадами юрганда лоп этиб кўзи олдига чоли келар, ички бир ҳаяжон билан дунёда шундай қадрдони, суянчиғи борлигидан энтикиб-энтикиб қўярди.
Тезроқ уйга боришга, чолининг оғзига ёқадиган бирон овқат пишириб беришга шошиларди.
О, муҳаббат, бир кун келиб сен буюк бир суянчиққа айланишингни ёшлар билишармикин?