Саид Аҳмад. Собиқ ўғри (ҳажвия)

Бўлиши мумкин ҳикоя

Хоҳ қаридир, хоқ ёшдир, оғзига эҳтиёт бўлиши керак экан. Ҳошимжон қизиқиб кетиб бир огиз гап айтди-ю, балога қолди.
– Болалик экан, ота-она йўқ, бозорда битта қовун ўғирлаб қўлга тушиб қолдим. Милицняда бир кун ўтирганман. Эсимга тушса, ҳали-ҳали хижолат бўламан. Шунга ҳам қирқ бир йил бўпти.
Бор-йўғи бўлган гап шу. Суҳбатдошлар орасида бир илмий ходим ўтирган экан. Қачон, қаерда, деб суриштириб қолди.
Ҳошимжон яқинда пенсияга чиққан. Ўттиз йил ўқитувчилик қилди. Ахир у унча-мунча ўқитувчи эмас, хизмат кўрсатган ўқитувчи. Энг камида икки-уч минг болани ўқктган. Унинг талабаларидан неча фан кандидати, нечалаб инженер, доктор чиққан.
Уч-тўрт кундан кейин Ҳошимжонникига ўша илмий ходим келди. Бола тарбияси ва қонун деган мавзуда эзилиб гаплашпб ўтиришди. Гап орасида у Ҳошимжондан:
– Милиция қўлига тушиб чиққанингиздан кейин ўзингизга қандай хулосалар чиқаргансиз? –  деб сўраб қолди.
Ҳошимжон нима дейишини билмай, бирпас чайналди. Кейин жавоб қилди:
– Бу гапга қирқ йилдан ошган. Ҳозир эсимда йўқ қанақа хулоса чиқарганим.
– Ҳар ҳолда, –  деди илмий ходкм.
– Ҳар ҳолдами? Ҳар ҳолда ўзимга тегишли хулоса чиқарган бўлишим керак. Ўшандан кейин қовун емайдиган бўлиб кетганман.
– Демак, милициянинг тарбиявий ролини инкор қилмайсиз?
Ҳошимжоннинг ғаши келди, шундоқ бўлса ҳам, ҳа, албатта, деди.
Шу билан гап тамом бўлди. Аммо орадан сал кун ўтиб, уйига бир таклифнома келди. Унда «Ҳурматли Ҳошимжон Олимжонов, билим юрти талабалари билан учрашувга келпшингизнк илтимос қиламиз» дейилганди.
Бунақа жойга, яна манавинақа таклифга йўқ деб бўлармиди. Ҳошимжон соқолиии қиртишлаб, яхши костюмини кийиб, етиб борди.
Билим юрти клубига одам сиғмайди. Эшикда «Телецентр» деб ёзилган автобус. Ичкарисида прожекторлар, кинооператорлар…
Ҳошимжонни минбарга таклиф қилишди. Қараса, тунов кунги илмий ходим юқорида ўтирибди. Бунга ҳам Ҳошимжон ҳайрон бўлмади, ўтирган бўлса, ўтиргандир-да, деб қўя қолди. Аммо у минбарга чиқиб, гап бошлаганда, ҳайронликдан оғзи очилиб қолди. Илмий ходим берилиб, овозини гоҳ баланд, гоҳ паст қилиб гапирарди:
– …Мана, қаршингизда собиқ жиноятчилар, йўлтўсарлар, майда ўғрилар…
Ҳошимжоннинг кўзи тиниб кетди. Гапнинг давомини эшита олмади. Чунки қулоғи шанғиллаб, боши айланиб кетганди. Илмий ходим давом этяпти:
– Аммо бу жиноятчилар бизнинг ёрдамимизда қайта тарбияланган, жамиятимизнинг онгли гражданларига айланган…
Ҳошимжон ҳолдан тойди. Қандай қилиб йиғин тугаганини, қандай қилиб уйига келганини билмайди.
Орадан уч кун ўтиб, телевизор кўриб ўтирса, бирдан тунов кунги илмий ходим чиқиб қолди. У яна ўша гапни қайтарар учрашувда олинган кинолентани қўйиб, «собиқ ўғрилар»нинг башарасини кўрсатарди.
Ҳошимжон ер ёрилмади-ю, ерга кириб кетмади. Чунки ёнида икки невараси, келини ўтирибди. Ундан ташқари, неча минглаб шогирдлари шу топда «собиқ ўғри» устозларини кўриб ўтиришгандир…
Шу гапдан буён орадан саккиз ой ўтди. Ўша илмий ходим фан кандидати деган илмий даражага сазовор бўлди.
Бу гаплардан уни кандидат қилган «собиқ ўғри»нинг хабари йўқ эди.