Кўхна Бухоронинг беқиёс ростгўй фуқароси Сангин Хамро тўғрисида ҳаддан ташқари рост ҳикоя.
Бу одамни мен ўн бир йил бурун Амир зиндонининг дарвозаси ёнида учратган эдим. У хонтахта устига жевачка, сигарет, бир шишада нос, шўрданак, қовурилган нўхот қўйиб, харидор кутиб ўтирарди.
Бир замонлар, яъни амир вақтида бу жой жуда гавжум бўлган дейишади. Энди зиндоннинг шарти кетиб, парти қопти. Илгарилари одамлар бу жойдан дамларини ичларига ютиб, оёқ учида юриб ўтар эканлар. Ҳозир унақа эмас. Зиндоннинг мутлақо обрўси кетган. Безори болалар унинг деворига бўр билан уч ҳарфли ўрисча сўз битиб кетибдилар. Хўл латта билан ўчирганнинг фойдаси йўқ. Куриганда яна ўша ёзув пайдо бўлади. Қириб ташлашнинг ҳам иложи йўқ. Шувоғи Некалайнинг сомонидан қорилган. Тош метин деяверинг. Амир Олимхоннинг зиндони ҳозир музей эмиш деб эшитгандим. Бу даъфа Бухоро сафаримда бир бориб, томоша қилишни ният қилдим.
Афсус. Зиндон ёпиқ экан. Бу жойга дунёнинг бари жойидан хорижликлар келарди. Шуларнинг жамисига тушунадиган қилиб ўрисча ёзиб қўйилган. «Зиндон закрыт, все ушли на хлопок».
Уруш йилларида жанг бўлаётган районларда ҳам райком идораси эшигига шунақа деб ёзиб қўйишарди.
Чол тилининг тагига бир отим нос ташлаб ўз ишларидан нолиб қолди.
— Ҳаминқадар яшаб зиндоннинг бундақчиқин беобрў бўлганини ман кўрмаган. Э, ака мулло, бачалар ҳозир пахтага, шаҳарга тўлка бобойлар қолди. У нокаслар жевачка чайнамайду, папирўс тутатмайду…
Чолнинг ёнига ўтириб гапга солдим.
— Ман амир замонида ҳам шу зиндонга қоровул бўлган. У пайтга зиндонмисан, зиндон эди. Ичига кирган одамнинг сира чиққиси келмасди. Бошларига қароқўл қалпоқ, белларига қилич таққанлар уёқдан буёққа савлат тўкиб юрар эдилар.
— Амир қанақа одам эди, кўрганмисиз? — деб сўрайман.
— Амирни ман кўп кўрган. Унинг когонли шоир дўсти бўлар эди. Ўзи зўр мерган, яъни овчи эди. Шиғрининг охирига Когон Овчи деб номини ҳам қўшиб кўяр эди.
Амирга чўлдан кийик уриб келарди. Амир эрталаб қирғовул гўштини, тушликка кийик гўштини, кечасиликка қора қўчқорнинг баъзи жойларини қайнаттириб шўрпосини ичарди. Когон овчи уни кўп марталаб Шофиркон томонларга қирғовул овига олиб борган. Кечка яқин бир олам қирғовул уриб келардилар. Шу десангиз-ки амир овчи дўстига бир яхшилик қилмоқчи бўлди. Овчининг ёлғизгина бачасини Маскопга ўқишга юборди. Илм олиб, ўрисчага ўрганиб, юрт кўриб келсин, деб шундай чиқин иш қилган-да!
Одам боласига яхшилик қилиб бўлмас экан. Маскопга бориб ўрисларга қўшилиб, ота-онасини унутди. Исталин билан жўра бўлиб катта ишларга кўтарилиб кетибди. Когон Овчиев дейишга Исталиннинг тили келишмай фомиласини ўзгартирипти. Яъни Когонович қилиб бошпурт берипти. Шўронинг жами оташ араваси, яъни пойизларига каттакон қилиб қўйипти. Каттакон ўзимиздан чиғди, энди урусларнинг ерини ҳам Бухорога қўшиб оламиз, деган гаплар тарқалди. Маскоп ҳам ўзимизники бўлади, деб ўрис пулини йиға бошладилар. Гапимнинг бошига одам боласи яхшиликни билмайди, девдим-ку: ўша Когон овчининг писари, яъни Каганович тўрт-бешта жўралари билан лак-лак шўро аскарларини эргаштириб келиб, муборак Минорайи Калонни аямай замбаракка тутди. Айрипилон билан амир ўрдасига бўмбалар ёғдирди. Уларнинг ичига Қўйгўшив деган бир бадтарини бор экан. Ҳеч бировни аямади. Бечора амир тилла тўла икки хуржунни фойтунга ортиб Авғонга қочди. Ситорайи Мохи хоссадаги амирнинг иккита тилла қуббали каловатининг биттасини Когон овчининг ўғли илдириб кетди. Биттасини Маскоп музейига қўйдилар.
Халойиқ орасига бир гап ғимирлаб қолди. Минорайи Калонни Маскопга кўчириб олиб кетар эмишлар. Бу гапга биров ишонди, биров ишонмади. Бу луқма ҳам ўзимиздан чиққан балонинг гапи экан. Ундан шундоқ чиқин калон минорни қандоқ олиб кетасан, деб сўрашса, у калтафаҳм элликта айвонча пойизни қатораси қўйиб устига минорани аста йиқитамиз, деган эмиш.
Бу гапдан хабар топкан Исталин, қўйгин, бунақа қилма, деб дилгиром юборипти. Яқинда Маскопнинг қоқ ўртасидаги бутхонани бузганмиз. Народ орасида яхши-ёмон гаплар юрипти. Минорани унинг ўрнига қўндирсак мусулмонлар устимизга ёпирилиб бостириб келиши мумкин деб, зўрға тўхтатипти.
Ўттиз еттинчи йилинда Бухоронинг пахтаси бўлмади. Яшнаб турган ғўзаларни гаримсел ялаб кетди. Ахир, бу худонинг иродаси билан бўлган кор, бандага нима айб? Нечукким Бухоро пахта пилонини тўлдирмайди, бу ишга душманнинг дасти бор, деб ўйлаган Исталин Қўйгўшев билан Когон овчининг ўғлини душманларни фош қилинглар, аямасдан жазоланглар, деб юборди. Бу нобакорлар одамларнинг уйидан кўрпа-ястуқларини тортиб олиб чнқнб пахтасини тўкдилар. Ўшанда ҳар бир райондан беш-олтитадан одам отилди. Лочиндек-лочиндек райкомлар, ордин таққан совлатли раислар ўққа учиб жувонмарг бўлиб кетди. Қамоқхоналар одамга тўлиб, мана шу .шпдонга ҳам элликтача одамни тиқдилар. Зиндон ўша пайтга ҳам бир обод бўлиб атрофи мелисага тўлган эди. Кағанович ўзимизники, одамларни қутқариб қолади, деб умпд қилганлар бармоқларини тишлаб қолишди. Кейин билсак иш боши шу Когон овчининг ўғли экан. Ўзингдан чпққан балога, қайга борай давога деган гап бор, бухоронинг халқига. Доно халқимизнинг айтканлари бўлди. Каганович Когон овчининг ўғли ҳам эмас, мусулмон ҳам эмас, деган гап чиғди.
Менинг қайнотам Бухоронинг катта ҳаммомига ходимгар эди. Ходимгарнинг нималигини биласизми? Бу мисоли ўрисларнинг массажи деган гап. Ҳар якшанбада Каганович шу ҳаммомга тушиб, ходими қилдирар эди. Одамлар қайнотамдан аниғини билиб беринг, у мусулмонми, йўқми, деб илтимос қилишди. У киши Каганович мусулмон, ўз кўзим билан кўрганман, деб шоҳидлик бердилар. Десангиз, бу гап йўққа чиқди.
Хотирим фаромуш бўлиб битта зарур гап ёдимдан чиғипти.
Амир қочгандан кейин канизларини битта-битталаб мажбурлаб эрга беришди. Мен ҳам умид билан очиртка ёзилдим. Пешонам қурсин, шўр экан, навбат менга келганда начайли мелиса биттасини бенавбат илиб кетдию, менга амирнинг канизларидан етмай қолди.
Ўртоқ Лелин халқимизга хизмат қилавериб охири Каллелин бўлиб қолдилар. У кишини мен кўрган. Бухорога курултой бўлиб у кишининг ўзлари келдилар, ўрисчалаб дакалат қилдилар. Мен театрувнинг саккизинчи қаторида ўтирганман. Силкинган сақоллари, ялтираган кўзойнакларини ўз кўзим билан кўрганман, яна бир дона гап памитимдан фаромуш бўлибдилар. Бухоро бонқасига бир тилмоч бор эди. Ўзи хўжалардан эди. Отлари Ниғматхон эди. Ўзларига Бухорий деб янгича от қўйиб олган эдилар. Ўрисчани шундоқ била эдилар, шундоқ била эдилар, гапирганларида ўрисларнинг оғзи очилиб қола эди. Бўш вақтларида Когонга бориб ўрисларга ўрисча ўргатар эдилар. Бухорога шундоқ чиқин одам борлигининг ҳидини билган Лелин Ниғматхонни зудлик билан Маскопга олдириб кетдилар. Гаплашиб кўрдилару ўша заҳоти ўзларига помишник қилиб олдилар. Бир куни Лелин бобо унга, сани ўзбекча отингни маскопликлар айтолмайдилар. Шунинг учун отинг Ниғматхон эмас, Николай бўлсин. Бухорий эмас Бухорин бўлсин, дедилар. Шундан кейин яна бир гап айтдилар. Агар мен ўлсам ўрнимга ўзинг ўтирасан, деб васиятга ўхшатиб гапирдилар. Бу гапни мўйловинг қирқилгур Исталин эшитиб турган эди. Алам қилди, унга. Бу жой зайнит, деди ўзига ўзи. Лелин бобо ўлишлари билан землякимиз Бухоринни қамаб отдириб ташладилар. Одами хўблар, яъний яхши одамлар Бухорога туғилади, Маскопга ўлади. Файзуллохон ҳам хўжалардан эди. Уни ҳам Исталин Маскопга чақириб отдириб ташлаган. Худо раҳмат қилсин Маскопда ўлган хўжаларни. Шунинг учун мен сира Маскопга бормайман. Исталин кўрсалар отдириб ташлатадилар, деб қўрқаман.
Маскопда беш-ўнта палид одам тўпланиб палидбўйра туздилар. Қиладиган ишларни ўзаро тахсимлашди. Исталинга одам қамашни, Бериё деганига одам отишни, Каллелин бобомизга ордин тарқатишни, ҳамюртимиз Кагановичга жаъми пойизларни юрғизишни топширишипти.
Шу десангиз, Маскопдан палид буйронинг суврати палокат бўлиб келди. Ҳаммамизга беш-ўнтадан бериб деворларга ёпиштиринглар, деб буюришти. Мен мелиса бошлиғига бу палокатни қайга урай, деб сўрадим-у балога қолдим. Мана шу зиндонга уч кун банди қилди. Нечуққим сен плакатни палокат дейсан, деб роса калтаклади. Тилим келишмаса қандоқ деяй дейман. Шу сўзни тўғри айтадиган бўлгунингча зиндонда моғор босиб ётаверасан, дейди. Калтакнинг зўридан палокат эмас пилокат дейдиган бўлдим. Истат ғарнинг эри ана шундан кейин мени зиндондан чиқарди.
Э, жўрам, бу бошга нималар тушмади, бу қизлар нималарни кўрмади. Ёлғизланиб қолдим. Бизнинг Бухородан «нависандайи халқий» яъни халқ ёзувчиси чиқди. Усто Аминнинг ўғли. Шунга бошимдан ўтканларни ёздириб юбордим. Китоб қилиб чиқар, писарим, дедим. Чиқса ақчасининг нимтаси, яъни палавинаси сеники бўлади, дедим. Зиндонга азоб чеккан бир бечора Сангин Хамро ҳам тарихга қолсин охи.
Чолнинг ичи тўла ғиж-ғиж гап экан. Зўрға қочиб қутилдим.
Кейин билсам Бухоронинг энг ростгўй одамига рўбарў келган эканман.
1998 йил.