Унинг асли исми қанақалигини, ўзи қаерда ишлашини биров аниқ билмайди. Таниган ҳам, танимаган ҳам уни Қўлдошич, деб чақиради.
Шу Қўлдошич кўпдан бери қурилиш трестига қарашли тахта омборига суқилишни ният қилиб юрарди. Кўп уриниб кўрди, эплолмади. Трест бошлиғини танимаса, унга нима деб учрашади. Бир-икки марта юрак ютиб трестга борди. Қараса, бошлиқ қовоғи солиқ, гапни қисқа қиладиган одам. Ундан ёруғлик чиқишига ишонмаган Қўлдошич тарвузи қўлтиғидан тушиб қайтди. Барибир кўнгли ўлгур тахта омборида. Нима қилиш керак? Яна трестга борди. Бошлиқ келадиган пайтни мўлжаллаб туриб, унга қуюқ салом берди. Бошлиқ одати бўйича бошини кўтармай алик олиб, ўтиб кетди.
Мана шу хил боришларнинг бирида бошлиқ идорага кира туриб, ёнидан папирос чиқазди-ю, чўнтагини ковлаб гугурт истаб қолди. Қўлдошич шошиб гугурт ёқиб, унга тутди. Бошлиқ яна бошини кўтармай раҳмат айтиб, кириб кетди.
Бу қандоқ бўлди? Ким салом берганини, ким гугурт чаққанини билмади-я!
Қўлдошичнинг ҳафсаласи бутунлайига пир бўлди.
Орадан анчагина вақт ўтиб, бир воқеа унинг жонига оро кирди-ю, яна ғимирлаб қолди. Бошлиқ аллақаёқда командировкада эди, жияни ўлиб қолди. Қўлдошич унинг жияни қаерда туришини бировлардан суриштириб, азонлаб етиб борди. Ҳаммага бош-қош бўлиб, белини боғлаб, кўз ёши қилиб, келган-кетганларга патнис ташиб юрди. Кун ёйилмай, бошлиқ етиб келди. Унинг кўзида ёш, қадди анча букчайган эди. Қўлдошич унинг қорасини кўриши билан столдаги чойнакни олди. Кўзларини пирпиратди. Унгача бошлиқ ёнига яқинлашиб қолган, жиянининг жасади ётган уйга кирмоқчи бўлиб турган эди. Кўлдошич бир-икки марта тамшаниб, зўрға:
— Жиянчадан жудо бўлиб қолдик, — деёлди. Кейин қўлидаги чойнакни тушириб юборди-ю, оҳ деганича ўзини йўлнинг ўртасига ташлади. Кўнгли кетди.
Бошлиқ жиянини ҳам унутиб унга югурди. Уч кишилашиб кўтаришганча нариги уйга кўтариб кириб ётқизишди. Икки киши бараварига елпиша кетди. Бошлиқнинг ўзи унга қайноқ-қайноқ чой тутди. Жаноза тугаб, Қўлдошични бошлиқ машинасида уйига обориб қўйди. Бир ҳафтагача ҳар куни қатнаб ҳолидан хабар олиб турди…
Омборга мудир бўлишми, бе, шу ҳам ишми, ҳозир Қўлдошич трест бошлиғининг шахсан ўзига биринчи ўринбосар.