Саид Аҳмад. Қайсар (ҳажвия)

Жума ота ўтган ҳафтада ўладиган эди. Бу гапни доктор кампирга айтаётганда эшитиб қолди.
— Энди, чидайсиз, кампир, отанинг бир-икки кунлик умри қопти, тайёргарлигингизни кўриб қўйинг.
Ота бу гапни эшитди. Ўзининг ўлимидан ҳам кампирига ачинди. Айниқса, докторнинг тайёргарлигингизни кўриб қўйинг, дегани ёмон таъсир қилди.
Тайёргарликнинг нималигини ота билади. Камбағал бўлсанг, кўчиб кўр, бой бўлсанг ўлиб кўр, деган гапни у жуда яхши тушунади.
Ўлиш осон гап эканми?
Ота йигирма кундан бери ана кетаман, мана кетаман деб ётган нарса эди. Докторнинг гапидан кейин бадани қизиб қон юришиб кетди. Ёстиқдан бошини кўтариб ўтириб олди. Хотинини чақирди.
— Хотин, докторнинг гапига ишонма. Мен ўлмайдиган бўлдим.
Унинг гапига кампир ҳайрон бўлди.
— Бу нима деганингиз?
— Э, хотин, мен ўлишдан қўрқмайман, ўлик кўмишдан қўрқаман. Токчадан чўтни ол. Сенга ўлик кўмишнинг харжини бир ҳисоблаб берай.
Кампир чўтни олиб берди. Чол чўтни тиззасига қўйиб, ҳисоблаб кетди.
— Хўш, ўлган куним унча ҳаражат бўлмайди. Ўлимлик пулимдан уч кило чой оласан, йигирма бешни гўрковга берасан, кафанлигим бор. Ҳар якшанба, пайшанба куни маҳалладан етти-саккиз киши кириб қуръон ўқиб, ош еб кетади. Еттимда ош дамлайсан, нон ёптирасан, йигирмамда қўй сўйиб, ош дамлайсан, етти маҳалланинг мачитидан одам келади. Ундан кейин қирқим бўлади. Бунда ҳам катта харж бўлади. Катта, кичик ҳайитим, ифторлигим, йиллигим, қорёғдим, гулисурхим бўлади… Хўш, шуларга бир ниманг борми?
Кампир кўзига ёш олди.
— Ахир рўзғордан орттириб, у-бу қилиб қўяй десам, жикиллаб қўймадингиз. Агар у ёқ-бу ёққа яширган пулингиз бўлмаса, менда ҳеч вақо йўқ.
— Ҳа, балли, — деди чол. Ана шунинг учун ҳам бу йилча ўлмай турадиган бўлдим.
Чол болалигидан бир сўзли эди. Бу гал ҳам гапидан қайтмайди. Мана, кўрарсиз, у ўлмайди!
Айтдим-ку, чол қайсар одам деб. Ўлмапти, кеча уни самоварда гап сотиб ўтирганини ўз кўзим билан кўрдим.