(Пазанда маслаҳати)
Палов шарқ халқлари ўртасида кенг тарқалган овқат бўлиб, революциядан олдин уни қўл билан ейишган.
Бой-феодаллар меҳнаткаш халқни паловни тўғри истеъмол қилишдан маҳрум қилиб келганлар. Улар бир лаган ошни етти-саккиз кишининг ўртасига қўйиб, ким қанча ошам олишини ҳисобламаган ҳолда улар орасига низо солишга уринганлар. Ана шунинг натижасида ошатиш ва лаган тагида қолган ёққа фамил чой қуйиб ичиш каби ярамас одатлар вужудга келган. Паловни ўтмишда амалдорлар ва тўралар истеъмол қилганлар. Ана шунинг учун бўлса керак, эксплуататорлар паловга «Паловхонтўра» деб ном берганлар.
Мана шу ўтмиш сарқитини таг-томири билан қўпориб ташлаш мақсадида, паловдан тўғри қўлланиш тадбирлари изчиллик билан ишлаб чиқилди.
Ҳар бир кишига калкуляция бўйича, алоҳида коса ёқи тарелкада палов сузилади. Айрим ҳолларда лагани билан ўртага қўйиб, ҳар кишига биттадан тарелка берилади. Истеъмолчи ўртоқ кераклигини қошиқ билан олиб, ўз тарелкасига солади.
Шуни ҳам алоҳида қайд қилиб ўтиш керакки, ҳар қошиқ солганда иккитадан гўшт олишга чек қўйиш пайти келди.
Паловдан тўғри фойдалана билиш керак. Қазилик палов ёз ойларида зўрлик қилади. Баъзи ошхўр ўртоқларимиз ош устига иккитадан кабоб ейишга одатланиб қолганлар. Албатта, бунга чидаб бўлмайди. Девзира гуручдан дамланган паловга бодрингсиз, фақат оқпиёз, кўк қалампир, волгоградская деган помидордан қилинган салатни истеъмол қилиш энг маъқул тадбир деб ҳисобланади.
Шуни қайд қилиб ўтиш лозимки, девзира гуручнинг палови фамил чойни хуш кўрмайди, аксинча тўқсон бешинчи кўк чой унга энг муносиб чанқов бостидир. Кейинги пайтларда ошхўрчилигимизда яна битта ёмон хусусият сезилмоқда: Ош пайтида ароқ истеъмол қилиш. Ана шунинг пировард-оқибатида ёш ошхўрлар палов лаззатидан маҳрум бўлмоқдалар. Бу одатга қўлдан келганча барҳам бериш керак.
Кейинги суҳбатимизда чучварани қандай тугиш ва уни қозоннинг қайси тарафидан ташлаш ҳақида маслаҳат берамиз.