Саид Аҳмад. Отпуска (ҳажвия)

Абдураззоқ бугун отпускага чиқди. Хотини бу кунни қачондан бери кутарди.
— Мана, хотинжон, энди маза қилиб ўйнаймиз. Арслонбобга обориб, роса ўйнатаман. Бугун приказ бўлди, эртага отпуска пулини жарақлатиб оламизу ўзларининг қўлчаларига берамиз. Бойвачча бўлиб сарфлайверадилар.
Эр-хотин ўртага чўтни қўйиб, ундоқ қиламиз, бундоқ қиламиз, уни оламиз, буни оламиз, деб отпуска пулини тақсимлаб чиқишди.
Кечаси билан икковининг ҳам уйқуси қочиб ҳали тоғлар орасида, ҳали арчазорда бир-бирини қувган бўлиб, аранг ухлаб қолишди.
Абдураззоқ эрталаб ювиниб-тараниб, хотини айтган йўл анжомларини қайси магазиндан олиш кераклигини битта қоғозга ёзиб, уйдан чиқди. Идорага келди. Бош бухгалтер отпуска пулини ҳисоблаб, ёзиб кассага топширган экан. Абдураззоқ аллақайси куйни хуштак қилиб, касса туйнугига бошини суқди:
— Пешона тери томган пулни олсак бўладими? Кассир хотин негадир кулди.
— Бўлади, марҳамат.
У шундай деб ведомостни унинг олдига қўйди. Абдураззоқ ручкани сиёҳга ботириб ҳафсала билан худди сурат чизаётгандек қилиб имзо чекди. Мўлжалдагидек етмиш сўм экан.
Кассир у имзо чеккан ведомостни олиб қаради-да, пуфлаб сиёҳни қуритди, ҳафсала билан буклаб тортмага ташлади. Қўлини чўзиб касса туйнугининг эшигини ёпди. Абдураззоқ ҳайрон бўлди. Нега унақа қиляпти? Бирон уятли иши бўлса, битказиб олсин, деб бирпас индамай турди. Кейин аста эшикчани чертди.
Кассир эшикчани очди.
— Хизмат? — деди у ҳайрон бўлиб.
— Ҳазиллашяпсизми?
— Қанақа ҳазил? Бир нима дедимми? Пулни бермадингиз-ку.
— Қанақа пул?
— Отпуска пули-да.
— Пулни қайдан оламан?
— Жиннилик қилманг!
— Ўзингиз жиннилик қилманг, — деди зарда билан кассир хотин.
— Ростдан тоняпсизми? Ҳозир ведомостга имзо чекдим-ку. Пулни бермайсизми?
Кассир хотин бир нима эсига тушгандек илжайди. Ўрнидан туриб, пўлат сандиқдан бир даста қоғоз олди. Кўзойнагини тақиб, қоғозларни кўздан кечира бошлади. Кейин у туйнукка яқин келиб, ўша қоғозларни бирма-бир кўрсата бошлади:
— Директоримиз эллик ёшга тўлганда коллектив тилла соат такдим қилгани эсингиздами? Мана, ўн икки сўмга қўл қўйгансиз, тўғрими?
— Тўғри, — деди Абдураззоқ.
— Машинистка Робияхон турмушга чиққанда битта жемпер билан намозшам атлас тўёна қилганмиз. Ўн тўрт сўмга қўл қўйгансиз. Тўғрими?
— Тўғри, — деди Абдураззоқ.
— Экономисткамиз Ойша опа эгизак туққанда иккала болага каравот, одеял, чойшаб, у-бу, саккизта шампанское олиб борганмиз, Сиз тўққиз сўмга қўл қўйгансиз. Тўғрими?
— Тўғри, — деди Абдураззоқ.
— Қоровул амаки икки хонали янги уйга кўчганда коллектив бир диван билан олтита стул совға қилган. Ўшанда сиз ўн етти сўмга қўл қўйгансиз. Тўғрими?
— Тўғри, — деди Абдураззоқ.
— Мана шуларни бир чўтга солиб кўринг-чи, қанча бўларкин.
Кассир хотин чўтни шақиллатиб кетди.
— Мана, роппа-роса етмиш уч сўм бўларкан. Уч сўм қарз бўлиб қолдингиз. Тўлаб қўйсангиз бўларди.
— Йўғ-э, — деди Абдураззоқ. — Ёнимда йўқ эди-ку.
— Бўлмаса тилхат ёзинг. Эртага ревизия келса, бўйнимга тушиб қолмасин.
Абдураззоқ ноилож қолди. Охири уч сўмга тилхат ёзиб, кассирнинг ёнидан нари кетди. Коридорда бўшашиб келаётган эди, месткомнинг янги раиси олдидан чиқиб қолди.
— Қаёқда эдингиз, уйингизга икки марта телефон қилдим.
— Тинчликми? — деди Абдураззоқ шошиб.
— Тинчлик, тинчлик. Замдиректоримиз эллик ёшга тўлдилар. Индинга юбилейларини тантанали нишонламоқчимиз. Коллектив номидан битта тилла соат тақдим қилишни маслаҳатлашдик. Ўн уч сўмга қўй қўйинг, кейин маошдан ушлаб қоламиз.
Абдураззоқ имзо чекаман, деб рўйхатдан ўз фамилиясини тополмасди, шу топда у ўз фамилиясини ҳам эсидан чиқазиб қўйган эди.