Бугун уч кун бўлди кампирдан дарак йўқ. Унга жуда ўрганиб қолган эдик. Ҳар гал у сутми, шафтолими олиб келганида, барагимизга кириб, у ёқ-бу ёқни синчиклаб қарарди-да, койишга тушиб кетарди. Идишларимиз ювуқсиз, ўринларимиз йиғиштирилмай қолганини у келгандагина сезардик… Тўғриси, унинг койишлари бизга ёқарди. Унинг товушини эшитганда ҳар ким қишлоқда қолган ўз онасини эслаб кетарди.
У кетганда куни билан жазирамада ишлаб чарчашимга қарамай уйимни, онамни, укаларимни ўйлаб, анча вақтгача ухлаёлмай ётардим. Саратон офтоби қовжиратган саҳро гиёҳлари кеч шабадада аллақандай ҳид чиқариб, бутун чўл бўйлаб айланиб юрарди. Осмон тўла юлдуз. Ой тепага келиб, қимирламай туриб олади. Дарё шовиллайди. Тўғон тепасида электрпайванд чақин чақади. Унинг ўкдек югурик кўкимтир нури тепамдан ўтиб, чўл қўйнига кириб кетади.
Бу манзара, бу ҳисларни кўпинча сезмай қолардим. Кампир келиб-кетган кунлардагина шунақа ҳислар вужудимни қамраб олади. Оламни кўраётгандек бўламан. Шу сокин оқшомда қаердадир, жуда олисда жанг кетаётганини, ўт чақинлари орасида кампирнинг ўғли гоҳ эмаклаб, гоҳ югуриб олдинга интилаётганини кўриб тургандек бўламан.
Орамизда оналик меҳрига тўймаган етим болалар ҳам бор эди. Улар кампир келганда атрофида гирдикапалак бўлишарди. Топган-тутганларини олдига тўкиб солишарди. Шундай бўлса ҳам у койишдан тинмасди. Ҳадеб бизни уришаверарди. Биламан, оналар шунақа бўлади. Болани, ҳатто у бола-чақалик бўлганда ҳам койийверишади.
Ким билсин, у ҳам ёлғизликдан ўртаниб, дилини ёзиш учун олдимизга келаётгандир. Ким билсин, у бизни кўрганда ўғлини кўргандек бўлар.
Уч кун бўлди уни кўрмаганимизга. Бугун иш зўр бўлди. Куни билан заводдан қайноқ цемент ташидим. Машинамнинг кабинаси жазирамада дазмолдек қизиб кетди. Ҳориб-чарчаб келарканман, кампир тўғон устида мени кутиб турарди.
— Неъматдан хат, ўқиб бер, болам.
Унинг қўлидан уч бурчак хатни олиб, табелчининг будкасига бошладим. Нарядчи қиз курсисини бўшатиб берди. Хатни ўқиётганимда кампир икки қўлини тиззасига тираб, жимгина қулоқ солиб ўтирди.
Ўғли соғ-саломатлигини айтиб, яраланиб госпиталга тушиб қолганини, яқинда уйига бутунлай жавоб тегишини айтган эди. Кампирнинг кўзлари бесаранжом бўлиб қолди. Қўлимдан хатни олиб орқа-ўнгини ағдариб қаради.
— Ҳаммасини ўқидингми? Бирон жойини ташлаб кетмадингми? Қаеридан яраланганини ўқиб бермадинг-ку!
Хатда Неъмат қаеридан яраланганини айтмаган эди. Кампир ташвишда қолди. Хат билан бўлиб, будкага қизлар киришганини, улар жим туриб суҳбатимизга қулоқ солишаётганини билмай қолибмиз.
Қизлар кампирни алаҳситиш учун бирдан чувиллаб юборишди.
— Холажон, ўғлингиз келганда мени келин қиласизми?
Кампир унга қараб кулиб юборди.
— Сеними? Аҳволингни қара, сочинг пахмоқ, бурнинг пучуқ.
— Ҳо, — деди гап қотган қиз, — яхшилаб қаранг, пардоз қилсам ойдек келин бўламан.
Ҳаммамиз қотиб-қотиб кулишдик. Кампир бирдан қизларни койиб кетди.
— Ўзларингга қарасангиз бўлмайдими, қиз бола деган ўзига қараб туради. Уйимга келинг, қатиқ ивитиб қўйганман, бош-мошларингни ювиб оласанлар. Ўсмам ҳам отқулоқ бўлиб ётибди.
Кампир кетди. У кетди-ю, қизларнинг кулгиларини ҳам ўзи билан олиб кетгандек бўлди. Бирданига ҳаммасининг уйи, онаси, онасининг беозор койишлари эсига тушиб кетди. Қозиқда дазмолланганича қолиб кетган атлас кўйлақдан тортиб, кўнгилни ром қилган йигитигача, ариқ бўйидаги ошрайҳондан тортиб, боламнинг насибаси деб едирмай, арига талатмай оналари сақлаб қўйган сўридаги узумгача шу онда будка ичига келиб қолгандек бўлди.
Шу-шу бўлди-ю, кампир барагимизга келмай қўйди. Уни гоҳ катта йўлда, дастурхонга тугилган пахтани бошига қўйиб, гоҳ челакда оҳак олиб кетаётганини кўриб қолардик.
Билиб турибмиз. У ўғлининг келишига тайёрланаётибди.
Унинг уйи бош тўғон тушаётган дўнгнинг нари ёғидаги ўрикзорда эди. Ҳовлисидаги бир туп азамат садақайрағоч узокдан кўриниб туради. Эри дарёда қайиқчилик қилган. Ислоҳот йиллари эрини душманлар дарёга чўктириб юборишган. Битта-ю битта ўғли фронтга кетган. Ҳувиллаб қолган катта ҳовлида бир ўзи яшайди. Кечқурунлари эшиги олдидаги супада ҳассасини ерга тираб, ўғлининг йўлига кўз тутиб ўтиради. Қоронғи тушгандагина кириб, алла-паллагача ухламай, тиқ этса эшикка қараб ётади. Диққати ошиб, дили қоронғи бўлиб кетган кезларда челакни шафтолига тўлдириб, ётоғимизга келиб қолади. Бизни койиб-койиб тафтини босиб кетади.
Ўзингиз биласиз, нимаики янги гап чиқса, аввал шофёр халқи билади. Бошлиғимизнинг машинасини ҳайдайдиган ҳамкасбим бир гап айтиб қолди. Эртадан дарёнинг эски йўли тўсилармиш. Сув кўтарилганда ўрикзорни сув босармиш. Уч-тўрт кундан кейин ўша ерда яшайдиганлар кўчирилармиш.
Шу гапни эшитдиму, юрагим жиз этиб кетди. Демак, кампир ҳам бошқа ёққа кўчирилади. Ахир, у ўғлининг келишига уй оқлаб, девор-тошларини тузатаётган эди-ку!
Ошнамнинг айтгани келди. Гаражда мажлис бўлиб, бизни ўрикзорликларни кўчиришга ажратишди. Кампирни кўчиришни ўзим сўраб олдим.
Эрта билан минг хижолатда машинамни кампирнинг уйига олиб бордим.
Кампир супада икки тиззасига қўлини тираб ўтирарди. Бош кўтариб менга қарамади. Атрофга разм солдим. Иморати анча нураб қолган бўлса ҳам, деворлари оқланиб, дераза ойналари артилиб, топ-тоза қилиб қўйилган эди. Ҳовли супурилган. Ариқ бўйида атиргул, қашқаргул очилиб ётибди. Девор ёнидаги икки туп шафтолининг шохлари эгилган. Супадан дарё, тўғондаги кранлар кўриниб турибди. Ҳовли ичи жимжит. Моторларнинг шовқини эшитилмайди.
Илгариги вақтларда хотинлар базм қилишганда, эркаклар эшитмасин деб дераза олдиларига сув тўла челакларни териб қўйишарди, деб эшитардим. Демак, сув овозни тўсар экан-да. Бўлмаса қулоқни битирадиган мотор товушлари эшитилмасмиди. Кампир бошини кўтармай, «келдингми?» деди.
Ним^а дейишимни билмай серрайиб туриб қолдим.
— Йўқ, уйимга ачинмайман. Ҳукуматдан аяйдиган жойим йўқ. Одамлар жонини аямаяпти-ку, шу кулбага ҳукуматдан пул оламанми?! Мен шунақа танти хотинман. Фақат Неъматгинам келганда мени тополмай сарсон бўлмасмикин, дейман.
Юрагим тўлқинланиб кетди. Кампир тиззасига тиралиб ўрнидан турди:
— Юкларни тугиб қўйганман. Машинангга олиб чиқавер. Менда нима ҳам бор, дейсан. Келинга атаган бисотимдан бошқа нарсам йўқ. Сигирни эртага ўзим етаклаб кетаман…
Юкларни ташиб бўлгунимча кампир ҳассасига таяниб, садақайрағочга тикилиб тураверди. Машина жойидан қўзғалганда унинг ўпкаси тўлиб хўрсинди. Йиғлармикин деган эдим. Йиғламади. Қайрилиб орқасига қарамади ҳам. Аммо мен бир киприк қоқсам тамом. Кўзларимдан ёш оқаман деб турибди.
Ахир бу хотин шу кулбада эллик йил умр кечириб, не кунларни кўрмаган. Очлигига ҳам, тўқлигига ҳам, бахтига ҳам, бахтсизлигига ҳам гувоҳ бўлган уй, унинг аламли кунларини сир қилиб сақлаган деворлар қолди.
То цемент заводи посёлкасига етгунимизча ундан садо чиқмади. Янги қурилган, ёнида чорбоғчаси бор уйга кўчларни туширдик. Кампир уйларини айланиб, чорбоғни кезиб чиқди. Унинг юзидан, кўзидан янги жойнинг ёққан-ёқмаганлигини билиб бўлмасди.
Кетаётганимизда кампир, мени ёлғизлатма, Неъматим келгунча шу ерда тура қол, ўғлимдек бўлиб қолдинг, Неъматимга қиёматлик ака бўл, деб ялинди. Икки кундан кейин кўчиб келаман, деб юпатдим. Йўлда ўзимдан-ўзим койиндим. Ахир нега икки кундан кейин дедим, бугуноқ келаман десам бўлмасмиди!
Назаримда кампир нотаниш уйда ғариб бўлиб ўтиргандек, мен йўғимда юм-юм йиғлаётгандек туюларди. Тўғонга кўтарилганимда кўзларим беихтиёр ўрикзордаги садақайрағочга тушаверди. Ишимни тугатдиму, кўрпа-тўшагимни кўтариб, кампирнинг уйига қараб кетдим. У эшик олдидаги харсангга ўтирганича завод қувуридан чиқаётган тутунга қараб хаёл сурарди. Уйга кирдик. Ҳали бўёқ ҳидлари келиб турган айвонда анча вақтгача гаплашиб ўтирдик. Кампир самовар қўйиб келди. Йигитлар дарёдан балиқ тутишган экан, иккитасини беришган эди, ювиб, тозалаб келдим. Кампир балиқ емаслигини айтди. Балиқ тозаланганича қолди. Нон-чой қилиб қўя қолдик.
Кампир жой солиб берди: Чироқни ўчириб, ичкари уйга кириб кетаётганида тўхтаб, балиқ емаслигининг сабабини айтиб берди.
— Раҳматлик отанг шу дарёга чўкиб кетган. Ким билади, уни шу балиқлар еганми…
Унинг овози титради. Қоронғи бўлганидан башарасини кўролмасдим, йиғлаётгандек бўлди. Қаттиқ чарчаган бўлишимга қарамай ухлаёлмадим. Кампир жуда барвақт уйғониб, ҳовли супурди, самовар қўйди. Худди ўз уйимда, ўз онам олдида юргандек роҳат қилардим. Ишга кетаётганда кампир эртароқ қайт, санғиб юрма, томоғинг совуб қолади, деб таъкидлади.
Ўша куни иш жуда кўп бўлди. Бутун самосваллар тош ташишга қўйилган эди. Дарёнинг эски йўли тўсиляпти. Тинмай кўприкдан тош ташлаб турибмиз. Дарё қутуради. Тошлар устидан сапчиб, эски йўлига отилади.
Сув ахир бўйин эгди. У тош тўсиқлардан ўтолмай майда тўлқинларни зарда билан орқага силкитди. Икки кун деганда дарё бутунлай тўсилиб, сув кўтарила бошлади. Тўғон дарвозаларидан фақат биттасигина очиқ. Сув ўрикзор томонга ўрмалай бошлади. Тўғон тепасида одам кўп. То қош қорайгунча оломон тарқамади. Бир маҳал қарасам, ёнимда кампир турибди. У қоронғида аранг кўриниб турган садақайрағочдан кўзини узмасди. Охири қоронғида ўрикзор кўринмай кетди. Эрталаб кампир мен билан яна тўғонга келди. Ўрикзор энди бутунлай сув остида қолиб кетган эди. Фақат садақайрағочнинг учи кўриниб турарди. Кампир ўша ёққа тикилиб туриб:
— Отанг раҳматлик эккан эди, — деб хўрсиниб қўйди.
Гараждан машина олиб чиқиб келаётганимда дўкон олдида бир тўда одам ўралашиб турганини кўриб қолдим. Яна келиб қарасам, кампир ерда ётибди. Бир хотин юзига сув сепяпти. Кабинадан сапчиб тушдим.
Неъматдан келган хатни қоровул олиб қўйган экан. Очиб кампирга ўқиб берибди. Хатда Неъмат госпиталда оёғини кесиб ташлашганини айтибди. Кампир ҳушидан кетиб қолибди.
Уни кабинага чиқариб, уйга олиб кетдим. Эртасига ҳам, индинига ҳам ишга чиқолмадим. Кампирнинг аҳволи оғир эди. У бир ойдан ортиқ ёстиқдан бош кўтармади. Фақат бир гапни айтарди:
— Болам, болагинам. Ўз қўлинг билан тупроққа қўй. Тўйингни ҳам кўра олмадим, ҳеч бўлмаса дийдорингни бир кўрай…
Йўқ, ўғлининг дийдорини кўриш унга насиб бўлмади. Ўғлига илҳақ бўлиб кўз юмди. Уни дафн қилишга анчагина одам йиғилган эди. Боласининг ўрнига бола бўлиб, тобутининг олдига тушдим. Йўл-йўлакай ёт, бегона кишилар маросимга қўшилаверди. Канал қазиётганлар ишни тўхтатиб, тобутни елкама-елка ўтказиб боришарди.
Катта йўлга чиққанимизда бир ҳарбий йигит юк халтасини ерга қўйиб, оқсоқлана-оқсоқлана тобутнинг бир қанотини елкасига олди. Ўн қадам ҳам юрмай оёғи қалтираб четга чиқди. Ниҳоят, маросим орқасидан анча вақтгача қараб турди-да, халтасини олиб, тўғон тарафга жадал юриб кетди.
Қайтиб келганимизда ўша ҳарбий йигитни уйда кўриб ҳайрон бўлдик. У ёғоч оёғини чиқазиб, айвон лабидаги устунга бошини тираб, қимирламай ўтирарди. Энди билдим: бу Неъмат эди. У онасининг бошқа уйга кўчганини билмай, ўрикзорга борган. Боя кимнинг тобутини кўтарганини ҳам билмай қолган…
Ҳар гал йўлим шу томонларга тушганда, поезд тўғонга яқинлашиши билан вагон ойнасини очиб, ўша ўрикзорга қарайман. Сув бетига чиқиб, барг ёзишдан тинмаган садақайрағочнинг кўм-кўк учларига тикиламан. Бу яшил новдалар менга жуда кўп воқеаларни эслатиб қўяди. Назаримда, дарёга чўккан қаҳрамон ота сувдан бош чиқазиб, атрофда чақнаган сонсиз чироқларга қараётгандек, азамат тўғондан қуйилаётган шаршара товушига қулоқ солаётгандек бўлади. Сув жимжималарига оқ тўшини уриб учаётган қалдирғочлар, орқасида айри из қолдириб сузаётган виқорли оппоқ ғозлар менга ўша суронли йилларда ҳаммага меҳрини баробар сочган мунис она чеҳрасини, унинг оппоқ пахтадек сочларини эслатади. Фронт йўлига илҳақ тикилган кўзларини эслатади. Қайноқ оналик туйғуларига тўймаган болани фикран қидираман. Қайси жабҳада экан у?
Шундай отанинг, шундай онанинг боласи ҳаётда ўз ўрнини топиб олганига ишонаман. Назаримда, у олдинда, ҳамманинг олдида шитоб билан олға кетаётгандек.
Хабар бер, хабар бер, қайдасан, ука!
1961 йил.