Бу воқеани ёшлигимда тушимда кўрганманми, ўнгимда кўрганманми, эсимда йўқ. Балки ёшлик пайтларимда ўз кўзим билан кўргандирман, ё бировдан эшитгандирман. Лекин айтиб берса арзигулик воқеа.
Маҳалламизда Мамажон лўмбоз деган девдек киши бўларди. Бўйи унчалик дароз эмасди-ку, аммо энига қаричлаб ўлчаса икки газдан ошиқ чиқарди. Ўтирганда думбаси қуймоққа ўхшаб ёйилиб кетиб уч газча доира ясарди. Қорни шу қадар осилиб кетгандики, ўтирганда ерга ёзса бир кўрпачалик жойга нари кетиб қоларди. Киндиги қичиганда қўли етмай, оташкурак билан қашларди.
Унинг фарзандлари эсли-ҳушли, топармон-тутармон, тўкис, ҳамиятли бўлишди. Ўлар ўз оталарини сира ўкситиб қўйишмасди. Ювинтириб, кийинтириб туришарди. Чол ўрнидан туролмас, ташқарига чиқолмасди. Шунинг учун ҳам болалари у ўтирган полнинг тагидан тешик очиб, пақир осиб қўйишганди. Чол ортиқча қийналмай, азият чекмай, ўтирган ерида ишини битқазаверарди.
Бир куни ҳовлига ўзбекча биладиган битта ўрис билан Абдуллажон деган биолог олим кириб келди. Чол билан қуюқ кўришиб, ортиқча чайналмай мақсадни айтиб қўяқолишди.
— Сизга бир илтимос билан ҳайвонот боғи маъмурияти номидан келдик. Африкадан олиб келган туяқушимиз овқатдан заҳарланиб, ўлиб қолди. Туяқушнинг бу хилидан дунёда атиги иккитагина қолганди. Макиён бизда, хўрози Буюк Британияда. Яқинда уни Лондонга обориб хўрозига бостириб келгандик. Раҳматлидан икки дона тухум қолган. Уларни бостириб чиқаришга биронта ўзига мос парранда йўқ. Шу ой ичи бостирмасак палағда бўлиб қолади. У ҳолда тарих бизни кечирмайди. Агар шу тухумларни йигирма кун босиб берсангиз, жаҳон фанига буюк ҳисса қўшган бўлардингиз. Номингиз тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзиларди. Балки бирон илмий марказ ҳовлисига ҳайкалингиз қўйилиши ҳам мумкин. Йўқ деманг, агар муваффақият билан очиб чиқарсангиз, сизни умрбод нафақа билан таъминлашни ёзма равишда расмийлаштирамиз.
Мамажон лўмбоз, кечирасизлар, Мамажон ота ўйланиб қолди. Нима деса экан? Модомики, иш шу даражага етган экан, шу арзимаган юмуш билан бутунлай йўқолиб кетаётган парранданинг наслини сақлаб қолар экан, йўқ, дейиш гуноҳ-ку. Йўқ, деса худонинг ғазабига учрамайдими? Чол ўзини у ёққа-бу ёққа ташламай, дарров хўп деди.
— Опке, туяқушинг тухумини, ўзим яхшилаб босиб, очиб чиқариб берганим бўлсин.
Ўша куни тушликка қолмай ҳайвонот боғидан усталар келиб уйларни оқлашди. Деразаларга оқ докалар тутишди. Полларни ярқиратиб ювиб чиқишди. Эшик ва дераза тутқичларини спирт билан артишди. «Хонага халатсиз кириш ман қилинади», деган ёзув осиб қўйишди.
Кечга яқин иккита пар ёстиққа эҳтиёт қилиб ётқизилган, ҳар бири Мирзачўлнинг қовунидек келадиган тухумларни усти очиқ «Волга»да мелиса қўриқчилигида олиб келишди.
Отахоннинг кўпчиган хамирдек килкиллаб турган қорнининг киндик томони тагига патнис тиқиб аста кўтаришди. Ўрис олим қорин тагига эмаклаб кириб иккита тухумни қўйиб чиқди.
Шундан кейин айвонга иккита йиғма каравот қўйилиб, устига оҳорли оппоқ ғилоф кийдирилган кўрпа-ёстиқлар тўшалди.
Мелисадан одам келиб, кўча бошига мошин киришини тақиқловчи белги билан «объезд» деган тахтача илиб қўйди.
— Отахон, — деди ўзбек олим. — Менинг фамилиям Абдуллаев. Манавунинг фамилияси Соколов, билиб қўйганингиз яхши.
Икки олим унинг атрофида гирдикапалак бўлиб айланишар, сув деса сув, ош деса ош, оғзидан чиқмай муҳайё қилишарди. Кунига уч-тўрт маҳал қўлтиғига филнинг иссиқлигини ўлчайдиган бир ярим газ келадиган ҳарорат ўлчагични қўйиб кўришарди. Йўталса иккови баб-баробар сакраб туришарди.
Шу алпозда йигирма икки кун ўтди. Ҳамон жўжадан дарак йўқ.
Бир куни Абдуллаев отага деди:
— Отахон, синглим қизини чиқазаётган эди. Бир кунга рухсат берасиз. Эрталабки ошни ўтқазаману орқамга қайтаман, сизга Соколов қараб туради.
— Боравер, болам, бемалол тўйингни ўтказиб келавер, — деб унга рухсат берди Мамажон ота.
Авжи саҳар пайти эди. Осмон тўла юлдузлар бирин-кетин кўз юма бошлаган фараҳли тонг палласида чолнинг киндиги тагида бир нима чирс этгандек бўлди. Сал ўтмай кетма-кет чирсиллаган товуш қайтарилаверди. Худди ўша ерида нимадир ғимирлаётганга ўхшади. Ўхшади эмас, росмана ғимирлади. Чол қўрқиб кетди. У ўрис тилини яхши тушунарди-ю, гапириши «твоя-моя» эди.
— Сакалўп, — деди у ташвишли бир товушда. — Моя живўт землетресения делает.
Соколов аввалига чол нима деяётганига тушунмай серрайиб турди. Кейин бирдан ўйинга тушиб кетди. Шу ўйнаганича кўчага чиқиб, икки йигитни бошлаб кирди.
— Ну-ка, патсани, бабайский живўт поднимим.
Икки йигит чолнинг қорнини кўрпанинг қатини очаётгандек қилиб кўтариб туришди. Соколов қорин тагига эмаклаб кириб кетди-ю, сал ўтмай иккита лўмбоздек жўжани кўтариб чиқди.
— Айда маладес, айда Мамаджан, — деб қичқирарди у. — Один петух, одна маржа, айда маладес.
Агар йўлингиз тушиб қолса, шаҳримиздаги ҳайвонот боғига бир киринг. Албатта, киринг. Паррандалар сақланадиган жой олдида бир дам тўхтанг. Тепасига «Мамажон отанинг фарзандлари», деган ёзув илинган катакка қаранг. Унда етти-саккизта туяқуш жўжаси диконглаб ўйнаб юрипти. Буни қарангки, гердайиб юрган битта жўжахўро-зини Наполеон Мамажонов деб чақиришар экан.
Ишонмадингиз-а? Майли, ихтиёр ўзингизда.