Саид Аҳмад. Муллажон (ҳажвия)

Кап-катта одам кўпчиликнинг ўртасида «ҳўнг-ҳўнг» йиғласа, жуда хунук бўлар экан.
— Қўйинг, Муллажон, астойдил севса, қайтиб келади. Муллажон тасалли бераётган кишига қараб, нимадир
демоқчи бўлди, аммо ўпкаси тўлиб, томоғидан гап ўтмай энтикди, мўйловининг кўз ёшидан ҳўл бўлмай қолган бир учи сал-пал қимирлади.
— Қайтиб келади, агар айб ўзида бўлса, албатта қайтиб келади.
Муллажон умидсиз бош чайқади.
Қўлига чамадон ушлаган ўрта ёшлардаги бир хотин келиб уйга кириб кетди. Бу Муллажоннинг хотини Башорат эди.
Муллажон ўрнидан туриб, хотинининг кетидан ҳовлига кирди.
— Ҳой, хотин, тавба қилдим, энди ичсам, бировдан пул олсам, гўримда тўнғиз қўпсин.
— Эски гап. Бу гапларни жуда кўп эшитганман. ЗАГС қоғози қани?
Муллажон биров човут солаётгандек, ён чўнтагини ўнг қўли билан ушлади.
— Эркак бошим билан оёғингга йиқиламан. Хотин юзини тескари ўгирди.
— Бир йилнинг ичида ўн бир марта оёғимга йиқилдингиз. Энди йиқилсангиз, пешонангизни қашқа қиласиз. Қўйинг энди, ЗАГС қоғозимни беринг.
Томга одам йиғилди. Бу маҳаллада Муллажоннинг ҳовлисига одам йиғилиши одат тусига кириб қолган эди. Кўчадан ўтган одам тинчлик бўлса ҳам «ғалва чиқмадимикин» деб албатта эҳтиёт шартидан уларнинг ҳовлисига кўз ташлаб ўтади. Бугунги шовқинга айниқса одам кўп йиғилди.
Ўлгудек ичиб, кўз ёши қилаётган Муллажон ҳовлидаги ерўчоққа оёғини осилтириб ўтирар, ҳадеб раҳми келармикин деган ўй билан бир кўзини сал қисиб, тилини чиқазиб йўталарди.
— Бермайсизми? — деди хотин унинг олдига келиб, қатьий товуш билан.
Муллажон унинг кўзига мўлтираб қаради. Бу қараш Башоратга сира-сира таъсир қилмади. У Муллажон билан етти йил турмуш қилган бўлса, ҳаммавақт Муллажон қилғуликни қилиб қўйиб, хотинининг кўзига мўлтираб қараб, гуноҳини енгиллатиб келарди.
Бу гал ҳам унинг мўлтираб қараши хотинида шафқат эмас, ғазаб қўзғатганига ишонмасди. Муллажоннинг кўриниши шу аҳволда бўлса ҳам кўнгли мутлақо хотиржам. У, «бир пов этиб ёнади-ю, ўчади, хотинларнинг жамийкиси шунақа бўлади» деб ўйлар эди.
Бугунги жанжал нимадан чиқди? Тўпланган одамлар бу можарони аввалгиларига сира ўхшамаслигини билиб қолишди.
— Ахир, мен ҳам одамман. Резинкани ҳам ҳадеб чўзаверсанг, охири узилади. Ҳа, турмуш бўлмай ўлсин бу! Наҳотки, етти йил яшаб, бир кун ҳузур-ҳаловат кўрмасам-а!
Башоратнинг гапини эшитган Муллажон ўчоқнинг четига тиралиб, ўрнидан турди.
Бунақанги ғовғалар жонига теккан қўшни хотин кўлини пахса қилиб, Муллажоннинг олдига келди.
— Менга қаранг, қўшни. Маҳалладан кўчиб кетсак, тинчиймизми, а? Бизники шунча жондан басир қилдингиз, тағин ҳам Башоратнинг жони пўлатдан экан.
— Сиз аралашманг, эр-хотиннинг ўртасига эси кетган тушади.
Гапга Башоратнинг ўзи аралашди:
— Артелда тўрт минг растрат қилди, оёғимга йиқилиб, мана шунақа кўзини мўлтиратиб туриб олди, ҳар нима қилса, эрим дедим, тилла соатимни сотиб тўладим. Аллақайси складда уч ой ишлаб, икки минг олти юз қарз бўлди, яна кўзини мўлтиратди, иложим қанча, шўрим қурсин, эрим экан, гиламимни сотдим. Атта ишлади, уч минг, батта ишлади, бир ярим минг қарз бўлди, бори-йўғимни сотиб битирдим. Бугун бир варакайига уч киши пул қистаб келса бўладими, хотиним беради, деб олаверибди. Шунча пулни қаердан оламан? Қилгиликни қилиб қўйиб, яна кўзини мўлтиратади-я. Унинг устига тилини чиқазиб, йўталадиган одат чиқазибди.
— Раҳми келармикин, дейди-да, — деди қўшни хотин.
Ҳамма хахолаб кулиб юборди.
— Сен гапга аралашма, — деди Муллажон. — Бош юваётганингда томдан қараганман, бўйниигда совун кўпирмас экан, сенга ким қўйибди гапга суқилишни?
Бу гапнинг хозир бўлаётган ғовғага нима алоқаси борлигини билмаган кишилар «эгри мўридан — эгри тутун» деб, индамай қўя қолишди.
— Ўзимни осаман! — деди Муллажон хотинига қараб. Башорат қарзга сотилиб кетган бузоқнинг шафтолига осиғлиқ арқонини олиб унинг олдига ташлади.
— Вой, бу нима қилганингиз, нақ ўзини осиб қўяди-я,— деди кимдир Башоратнинг қулоғига шивирлаб. Башорат унга «хотиржам бўлинг» дегандек қараб к$’йди.
Муллажон арқонни қўлига олиб, яна тилини чиқазиб йўталди. Кўзини сузиб хотинига қаради. Назарида хотин юмшамайдиган кўринди.
— Майлими? — деди Муллажон.
Хотин индамади. Муллажон белбоғининг қатидан носқовоғини олиб, кафтини тўлдириб нос отди, хотиржам юриб келиб айвоннинг даҳанига ўтирди.
— Гапнинг очиғини айтайми? Қўядиган хотиним йўқ! Менга қара, Башорат, мени охирги марта хижолатдан қутқар, атиги ўн бир юз сўм керак. Зирагингта харидор топдим. Шу қарздан узилай, ундан кейин гўшт дўконига ишга кираман, еганинг пешноб, кийганинг атлас бўлади.
Башорат, «эсиз одамгарчилик» дегандек унга бир ўқрайиб қаради-ю, тарс-турс юриб, ховлидан чиқиб кетди. Боядан бери ҳурпайиб, қулоғини қашиб ўтирган бароқ мушук Муллажонга «хайр» дегандек, қисқагина бир миёвлаб Башоратга эргашди.
Шу билан ҳикоя битди. Балки ўқувчи, Башорат-ку кетди, у ўтли-шудли хотин экан, ўзини эплаб кетади, бироқ Муллажон нима бўлди, тузалиб одам бўлиб кетдими, деб сўрар.
Кечаги дам олиш куни Муллажонни товуқ бозорида кўриб қолдим, чоғимда, уришадиган хўроз қидириб юрган эди, шекилли.
1956 йил.